“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида
“Дунё ўзбеклари”дан:
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди
«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар, Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам «Дунё ўзбеклари»га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу — халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.
Суратда: «Дунё ўзбеклари Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да, 18-25 август, 2015 йил, Техас.
Исмат Хушев:
Абдулла Орипов Америка тупроғида –
Сафар таассуротлари
(6-қисм)
1.
Абдулла Орипов Хьюстон (АҚШ)га — юрак хасталиклари бўйича дунёнинг энг ноёб клиникасига давлат раҳбари ва ҳукумат раиси тавсияси ҳамда ғамхўрлиги оқибатида келиб даволанаётганини муқаддам айтиб ўтдик.
Энди шу фикримизга бир оз аниқлик ва ойдинлик киритиб ўтиш керакка ўхшаяпти.
Абдулла Ориповни назоратга олган ва сиҳат саломатлигини жиддий текширувдан ўтказаётган Хьюстондаги клиника дунёдаги энг қимматбаҳо клиникалардан бири. Асосий даволанувчи мижоз (клиент) лари — Президентлар ва давлат раҳбарлари бўлган мазкур клиникада бир маротаба қон топшириш ва уни текшириш – 500 АҚШ доллари, беш- ўн дақиқалик врач маслаҳати – 1000 АҚШ доллари, бир марта тапонография қилиш – 3.500 – 5000 АҚШ доллари атрофида.
Бошқа нарх наволарни эса айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ғамхўрлиги оқибатида ва унинг бевосита тавсияси билан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов учун АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги клиника ҳисобига маълум миқдорда пул маблағи ўтказган.
Биз бу маблағ миқдорини аниқ айтиш ҳуқуқига эга эмасмиз.
Бунга қўшимча равишда Абдулла Орипов ва унинг рафиқаси учун Тошкент-Истанбул – Вашингтон- Хьюстон йўналиши бўйича учадиган учоқдаги люкс (олий шароит) харажатларини ҳам ўзбек ҳукумати ўз зиммасига олган…
2.
Бир давлатнинг, бир Президентнинг истеъдодли ва ардоқли шоири тақдирига – соғлигига бўлган бу ғамхўрлик ва бу меҳр – таҳсин ва тасаннога минг бор лойиқ, албатта.
Лекин шундан кейин содир бўлган воқеалар бундан-да қизиқ ва ғаройиб тус олди.
Давлат раҳбари ва ҳукумат раиси ғамхўрлигидан боши осмонга етган содда ва “тартиб-интизомли” шоир узоқ АҚШ сафарига кетишдан олдин оддий “субъердинация”га амал қилиб, юқори мартабали ўзбек мулозимларидан бирига қўнғироқ қилади.
Қабулхона котибаси ким телефон қилаётганини билгач, “Хўжайин бандлар!” деб телефон гўшасини жойига қўйиб қўяди. Бундан ниҳоятда ҳайратланган шоир чексиз бир ҳасрат билан ўша тизимдаги ёш ва шоиртабиат йигитлардан бирига телефон қилади:
— Мен ҳозир Сиз билан гаплашаолмайман, вақтим йўқ… – деган жавоб олади улуғ ва бетакрор ўзбек шоири — адабиётга ҳали кириб келишга ҳам улгурмаган шоиртабиат ўспириндан…
3.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Давлат раҳбари ва ҳукумат раиси улуғ шоирга эътибор қилиб, соғлигини тиклаб олсин деб, оталарча ғамхўрлик қилишса. Бағрларини кенг очиб, дунёнинг энг нуфузли клиникасига бориб даволанишни маслаҳат беришса, тавсия қилишса.
Шу давлат ва шу ҳукуматнинг – ўша биринчи раҳбарлар қўл остида бўлган “Ўзи – хон, кўланкаси – майдон” мулозим шоир билан хайрлашиб, хатто унга оқ йўл тилашга ҳам ярамаса.
Унинг ва унга ўхшаганларнинг вазифаси аслида нима?
Биз бу саволларга жавоб беришдан олдин, Ислом Каримов билан Абдулла Орипов муносабатлари тарихига ҳам бир бор разм солиб ўтишни лозим кўрдик…
4.
— Ислом ака билан танишганимизга ҳам салкам қирқ йил бўлиб қолибди, ука, — деб хотирлайди Абдулла Орипов. — Мен Ислом акани биринчи маротаба Москвада — Ўзбекистон ваколатхонаси (постпредство) нинг дачасидаги расмий зиёфатда кўриб, танишган эдим.
— “Ўзбекистон – Ватаним маним” қасидаси билан “Биринчи муҳаббатим”ни Сиз ёзганмисиз? – деб сўраган эдилар ўшанда Ислом ака. – Ҳа, — деганимдан кейин қайтадан сўрашиб, қалинлашиб, дўст бўлиб қолдик. У киши мендан уч-тўрт ёш катта бўлиб, ўшанда Госпланда раис эдилар.
Сўнг кўп ўтмай Қашқадарё обкомининг биринчи секретари этиб тайинландилар.
Абдулла Ориповнинг шу сўзларини тинглаб, беихтиёр Ислом Каримов билан 1989 йилнинг май-июнь ойларида Москвада — СССР Халқ депутатларининг 1-съездида бўлиб ўтган суҳбат ёдимга тушди. Бу ҳақда “Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобида батафсил ёзилган.
Ўшанда Ислом ака менга “Вузгородок”да қашқадарёлик студент ёшлар тўполони боис, МарказҚўмнинг Бюро йиғилишида Нишонов ва Анишчевлардан қаттиқ гап эшитганларини, сўнг ТошДУ Маданият саройига бориб, талабалар билан учрашув ўтказганларини, бу учрашувда Абдулла Орипов ҳам қатнашиб, у кишига анча ёрдам қилганларини ҳикоя қилиб берган эдилар.
— Ўшанда талаба ёшлар бизнинг мунозарамиздан рози бўлиб, саройни тарк этдилар. Ростини айтишим керак, ўшанда Абдулла Орипов менга катта ёрдам берган эди. Лекин зални тарк этган ёшлардан қолган ярим мошин тош ҳануз кўз ўнгимда турибди… – деган эдилар менга ўшанда Ислом Абдуғаниевич.
Абдулла Ориповнинг Президент ҳақидаги хотираларини тинглаб, Ислом аканинг шоир ҳақидаги ўша иқрорларини устозга айтдим.
— Ҳа, шундай воқеа бўлган эди. Леки бунда ҳам асосан Ислом аканинг жасорати ва ақл билан иш тутиши яхши натижа берди, — деб камтарлик қилдилар устоз.
Шу воқеадан сўнг кўп ўтмай, тақдир тақозоси билан, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланади…
5.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповга ҳамиша айрича меҳр билан қаради. Унинг камёб истеъдоди ва ноёб ижодини ҳамиша юксак қадрлаб келди.
Бунинг оқибатида Абдулла Орипов Мустақиллик йилларида бир неча маротаба Олий Кенгаш депутати ва сенатор этиб сайланди. Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Давлат Мадҳияси (Гимни) муаллифи бўлишдек олий ва муборак бахт ҳам айнан унга насиб этди.
Шу билан бирга у узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият юритиб келди. Давлат ва жамоат арбоби ўлароқ республика ижтимоий – сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди.
Нафсиламбирини айтганда, Ислом Каримов бу борада ҳақиқат ва диёнат тарафида туриб, адолат ва жасорат билан иш юритди. Чунки Абдулла Орипов давлат ва ҳукуматнинг бу имтиёз ва нишонларига, бу мансаб ва увонларига ҳар томонлама муносиб эди.
У худо берган истеъдод эгаси, бетакор тафаккур соҳиби бўлиш билан бирга Ўзбекистон ва унинг Президентига, Мустақилликка чин маънода содиқ ва фидойи инсон эди…
6.
Лекин кейинги йилларда, хусусан, Ёзувчилар уюшмаси раислигини тарк этганидан сўнг Абдулла Орипов ижоди ва шахси атрофида турли туман гап сўз ва иғвогарликлар авж олди.
Аслини олганда бу ҳам табиий эди, албатта. Бетакрор истеъдод соҳиблари – ноёб талант эгаларига ҳеч қачон осон бўлмаган. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.
Алишер Навоийга Ҳиротда – ҳам шоир, ҳам вазир бўлиш осон кечмаган эди. Буни улуғ шоирнинг ўта дардли ва ҳасратли мисраларидан ҳам яққол сезса бўлади.
Муқимий ҳам умр бўйи яккаланган ва камситилган. Айни пайтда унинг замондоши бўлган – лекин четдан — Марвдан келган Муҳий сингари хушомадгўйлар эса, сарой лаззатидан баҳра олиб давру даврон суриб, яшаганлар.
Шул боис Муқимий дард ва алам билан шеър битган:
Мулки Ҳинду Марвдан келсам топардим эътибор,
Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман…
Шу ўринда яна бир гап.
Қўқон халқи азалдан ўзига тўқ бек ва хонлар юрти бўлган. Олдин ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай. Лекин ажабки ўша даврларда ёлғиз ва муштипар Муқимий учун бир коса гўжа берадиган одам топилмаган.
Ана шулардан таассуфланиб, куйиб кетган шўрлик Муқимийнинг бошқа бир замондоши ўша давр аъёнларига атаб қуйидаги лаънатини битган эди:
Эй Қўқон боёнлари — Сиздек нодонларга туф,
Талтайиб пойтунда сурган — давру давронларга туф…
Охир оқибат умр бўйи камситилган ва ҳақоратланган Муқимий қирқ ямоқли чопон билан, чексиз дарду армон билан бу ёруғ дунёни тарк этган.
Назаримда, бу тақдир маломатлари ҳануз бизнинг бўйнимизда тургандек. Шу маънодаки — Муқимий руҳи олдидаги қарздорлик ва бурчдорлик ҳисси — биз учун абадий мактаб ва аччиқ сабоқ бўлиши керак.
Муқимийнинг яна бир ноёб сатри эътиборга молик:
Бир куни бўлгай гулистон, гўристоним менинг
Айтишларича, у умрининг якунини сезиб, Қўқондаги Шайхон мозоридан ўзига қабр олиб қўймоқчи бўлган. Лекин унга жой беришмаган. Шунда у гўрков билан гаплашиб, ўзи учун бир лаҳатни ижарага олиб қўйган…
Фурқат ҳам Ёркентга бош олиб кетиб, муҳожирлик ва мусофирликнинг аччиқ нонини еб юришга маҳкум этилган.
Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар отилган, осилган…
7.
Хўш, Мустақилликнинг дастлабки ўн беш – йигирма йилида давлат ва ҳукуматнинг ҳурмат ва эҳтироми, иззат ва икромига ҳақли равишда муносиб бўлган шоир нега вазифасидан кетганидан кейин таъқиб ва тазйиқлар гирдобида қолди?
Фарзандлари – ўғли ва келини ишдан ҳайдалди. Ўзи учун матбуот эшиклари ёпиб қўйилди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳияси муаллифи учун бу кўргилик ҳақорат эмасми?
Нега бундай бўлди? Бу ерда қандай сир бор, қолаверса, бунга ким ва қайси ёвуз кучлар сабабчи бўлиши мумкин?
Бу кучлар кимлигини Абдулла ака яхши билади, шекилли. Лекин уларнинг кимлигини бизга айтишни истамади…
8.
Сир эмаски, бугун одамлар Абдулла Орипов ҳақида Америка тупроғидан — денгиз ортидан келаётган ҳар қандай хабар ва муждани интизорлик билан кутишяпти.
Мен Хьюстон (АҚШ) га бориб бемор шоир билан учрашгандан бўён нашримизга келаётган сон саноқсиз хат хабар ва мактублар оқими — бунинг ёрқин далилидир.
Қолаверса, менинг “Абдулла Орипов Америка тупроғида” номли сафар таассуротларим эълон қилина бошлаганидан бўён сайтимизга кирувчилар сони ҳам кескин ошганини кузатиш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси, бир сўз билан айтганда — Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов тақдири ва соғлигига ўзбек халқининг бефарқ эмаслигидан далолат беради…
9.
Ана шулардан келиб чиқиб, яна мавзуга қайтсак.
Хўш, улуғ ва бетакрор ўзбек шоири Абдулла Орипов вазифасидан олинганидан сўнг нега Муқимийдек яккалаб, камситилиб қўйилди.
Давлат раҳбарининг нигоҳи ва назаридан бир қадар узоқлашгани учун шундай бўлдими?
Ахир бу иллат — доимий равишда давом этиб келаётган қора ҳасаднинг яққол кўриниши эмасми?
Бундай шармандали ҳолатлар афсуски, бутун дунё тарихига ҳам хосдир.
Абдулла Ориповга Совет даврида ҳам осон бўлмаган. Бир пайтлар МарказҚўмга унинг устидан ва шеърларидан шикоят қилиб, иғво ёзган бир гуруҳ шўрлик ва тасодифий ҳамкасбларига атаб у қуйидаги ўлмас ва ҳаётий мисраларни ёзган эди:
Чўлтоқ ҳассасини ўқталиб ҳасад,
Илҳомнинг бошига туширди чунон:
— Сенга ким қўйибди парвозни, номард
Бизлар ер юзида юрсак саргардон…
10.
Совет даврида чўлтоқ ҳассаси билан истеъдодларга кун бермай келган нотавон каслар бугунги мустақиллик даврида ҳам ўз чўлтоқ қаламлари билан ўзбек адабиётига, ҳай-ҳай демаса, эгалик қилмоқчи бўладилар. Ўзларини адабиёт устуни деб фараз қиладилар.
Бунинг учун эса энг аввало, Абдулла Орипов сингари туғма истеъдодларни адабиёт тугул, ҳаётдан ҳам қувиб чиқармоқчи бўладилар.
Ажабо, улар ўзларининг кимлигини ва адабиётдаги ўз нархларининг асл баҳосини билармиканлар? Уларнинг улуғ шоирга бўлган муносабатларидаги мантиқсизликларига қараб ҳайрон қоласан киши.
Мана буни ҳақиқий томошо деса бўлади. Бугунги ўзбек адабиётидаги томошо! Аянчли томошо!
Эй, нодон, ўзинг кимсану, улуғ бир шоирга осиласан? Мантиқсизлик бундан ортиқ бўладими?
Шоир бошида тўпланган қора булутлар илдизини, баъзилар тўқиб чатигандек, давлат раҳбарининг сиёсий интригасидан эмас, балки ана шу ҳасад ва чўлтоқ қаламлар ташкил этаётган фитна ва хусуматлар манбаидан изласак адолатдан бўларди…
11.
Хўш, шундай ташвишли бир дамда биз — Орипов шеърияти мухлислари оддий томошабин бўлиб туришимиз инсофданми?
Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош кўтариб, шоирнинг пок ва муқаддас номини, улуғ ва бетакрор ижодини дадил туриб ҳимоя қилишимиз керак эмасми?!
“Дунё ўзбеклари” эса ўз ўрнида Абдулла Орипов бошида айланаётган бу қора ҳасад қутқулари ва уларнинг фитначи раҳнамолари ҳақида давлат раҳбари хабар топиши учун қўлидан келадиган барча расмий ва норасмий ишларни қилишга бел боғлайди.
Ўзбек адабиёти жонкуярлари ҳам бир четда турмай, бундан ҳамиша огоҳ бўлишлари, Оллоҳ Таоллоҳ томонидан пешоналарига битган Абдулла Ориповдай ёруғ ва мунаввар юлдузларни авайлаб асрашлари лозим.
Улуғ даҳоларнинг тириклигида қадрига етиш кераклигини ўзбек халқи ҳам ниҳоят ўрганиши керак…
12.
Абдулла Орипов билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳридаги учрашувларимиз бир ҳафта давом этди.
Бир ҳафта давомида биз устоз билан бирга бўлдик. Юракдан мириқиб суҳбатлашдик, дардлашиб, ҳасратлашдик.
Абдулла ака ва у кишининг хонадонига яқинлигим салкам қирқ йиллик тарихга эга эканини муқаддам айтиб ўтган эдим. Бугун яна айтмоқчиман: Абдулла Орипов мен учун туғишган акамдек қадрли ва азиз инсон.
Мен бугун у кишининг адабиётдаги ўрни, машҳурлиги ва буюклиги ҳақида гапирмоқчи эмасман. Зотан, бу менсиз ҳам ҳамма учун маълум ҳақиқат.
Мен бугун Абдулла Ориповнинг — худди ўз отамиз ва акамиздай оддий ва самимий, жонкуяр ва меҳрибон инсонлигини, гарчи Ўзбекистон Қаҳрамони бўлса-да, лекин у ҳам ҳануз кўплар қатори эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ўртасида хаёллари паришон ва сарсон саргардон бўлиб, азият ва заҳмат чекиб юрган бетакрор ўзбек шоири эканини алоҳида таъкидламоқчи эдим.
Дарвоқе, Абдулла Ориповнинг машҳурлиги ва буюклиги ҳақида…
13.
Ростини тан олиб айтишим керак: Мен аслида бахтли ва омадли йигитман!
Машҳурлик ва буюклик бобида Ўзбекистоннинг бу яқин юз йиллик тарихида ўзига хос ва мос тарзда ўрин қолдирган икки улуғ инсон бор. Булар Ислом Каримов ва Абдулла Ориповлардир.
Не бахт ва ё не кулфатки, мен ўзбек халқининг шу икки таниқли ва машҳур фарзандлари, пешонасига битган ёруғ ва мунаввар юлдузлари билан танишиш ва ҳамсуҳбат бўлиш бахтига муяссар бўлдим.
Алал оқибат уларнинг лутфу карами ва ишончу марҳаматига сазовор бўлишдек камдан кам одамларга насиб этган улуғ бир неъмат, қутлуғ бир бахт менга насиб этди.
Бу ёруғ дунёга келиб неки орттирган ва нени йўқотган бўлсам ҳам – шу икки улуғ ва буюк зот боис эканини яхши биламан…
14.
Ислом Каримов билан биринчи маротаба у киши Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлганида Нишонда танишиб, сўнг Москвада – СССР Халқ депутатларининг 1-съездида янада яқинлашиб, қадрдон бўлиб қолган эдик.
Бу ҳақда китобларимда батафсил ёзилган ва яна ёзилади.
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланганидан кейин менинг ҳаётимда ҳам шонли ва суронли кунлар бошлангани – бу фикримнинг ёрқин далилидир.
Лекин мен ҳали у пайтлар “Шоҳга яқинлик — сурурли ва шарафли бўлиш билан бирга – олмос тиғли қиличнинг дамига яқин бўлмоқдек хавфли ва хатарли эканини билмасдим.
Жуда камдан кам кишиларгина бу сарой ва салтанат шуҳратини кўтара олишларини ҳам анча кейин англаб етдим.
Уч бор ҳибс ва ҳақорат, зулм ва жаҳолатдан сўнггина, бошим тошга урилиб, кўзим очилди. Лекин энди кеч эди.
Мен энди Ўзбекистонда — шоҳ салтанатида эмас, балки Хорижистонда — Ватансиз ажнабийлар шайтанатида эдим…
15.
Бу ерда, хорижда, Канада ва Америка тупроғида ҳамма нарса бор: Эркинлик, озодлик, тенглик ва ободлик.
Еганингиз — олдингизда, емаганингиз – ортингизда. Очлик ва ночорлик ҳақида умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Кўчаларга чиқиб, истаганча митинг қилишингиз, бақириб, чақиришингиз, байроқ кўтариб у ёқдан бу ёққа чопишингиз мумкин. Бировнинг иши йўқ. Нега бундай қилаяпсан, нима истайсан деб сўрамайди ҳам.
Лекин Ўзбекистондаги инсоний меҳр ва муҳаббат, бир оний сеҳр ва саодатдан нишон ҳам йўқ бу ерларда.
Бу улуғ ва муқаддас туйғуларсиз эса ўзбекнинг яшаши жуда оғир экан.
Биз Ислом Каримов зулмидан, тузумидан қочиб, хорижнинг “бахтли ва фаровон” ҳаётини орзу қилгандик. Бу ерларда Ўзбекистондагидан минг карра бахтлироқ ва саодатлироқ яшасак керак деб ўйлаган эдик.
Лекин бизнинг бу содда ва ҳавойи орзу умидларимиз саробга айланди. Бу ёруғ дунёда — Ватансиз, Ўзбекистонсиз ҳеч қанақанги бахт ва саодат, тинчлик-омонлик ва фаровонликнинг бўлиши ҳам мумкин эмас экан, гар бўлса ҳам – у инсонга татимас экан.
Бахтли турмуш ва ширин ҳаётнинг, ҳақиқий бахт-саодатнинг асл манбаи она юртда — Ватанда — Ўзбекистонда эканини билмаган эканмиз. Ватансиз инсоннинг қалби доим ярим ва ҳижронзада бўларкан.
Ярадор ва хаста қалб билан эса ҳеч қаерда бахтли яшаш мумкин эмас экан…
16.
Майли, армон ва эҳтиросга берилиб, мавзудан узоқлашмайлик.
Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримов — бу менинг бахтим ва бахтсизлигим., шон шуҳратим ва ҳайратим, кулфатим ва дурду ҳасратимдир. Буни ким қандай тушунса – шундай тушунсин. Мен нимага эришган бўлсам, яширмоқ не ҳожат, Ислом Каримов туфайли эришдим.
Мен тақдирнинг бу ажиб ва мўҳташам тўҳфасидан, бу саодатидан қалбимда ҳамиша фахр ва ғурур туйганман.
Бугун энди бошимга савдолар тушиб, омад мендан юз ўгиргани учун Ислом Каримовни айбдор қилиш, номардлик ва нонкўрлик эмасми?
Бу учун мен кўпроқ ўзимни, ўзимнинг худбин ва бежилов ҳатти ҳаракатимни айбдор десам, ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак…
17.
Ҳаётимда, шу мўъжаз умримда ёрқин из қолдирган иккинчи сиймо, бу шубҳасиз — ўзбек халқининг улуғ ва бетакрор шоири Абдулла Орипов!
Мен Абдулла акадан ҳам жуда кўп яхшиликлар кўрдим. Кўп нарсани ўргандим.
У кишининг тавсияси билан ёзувчи Евгений Ефимович Березиков раҳбарлик қилган Шаҳрисабз шаҳар партия комитетида ўзимнинг илк мулозимлик ҳаётимни бошлаган бўлсам, Ислом Каримов Президент бўлганидан сўнг, “Госплан” нинг иқтисод журнали Бош муҳаррири сифатида бу фаолиятни энди республика миқёсида давом эттириш бахтига муяссар бўлдим.
Навқирон ўттиз ёшимнинг нари берисида — Тошкент обкомининг аъзоси, Ўзбекистон Компартияси съездларининг делегати сифатида олий минбарлардан сўз айтиш шарафига эришдим.
Мустақил Ўзбекистоннинг расмий ҳукумат делегациялари таркибида бир неча маротаба қатор хориж давлатларига бориб, ватаним номидан нутқ сўзлаш бахти ва масъулияти менга насиб этди.
Бугун энди булардан тонсам, ўз бахтсизлик ва омадсизлигимни Ислом Каримов ва Абдулла Ориповдан кўрсам, бу энди бориб турган нормардлик ва нонкўрлик, юзсизлик ва виждонсизлик эмасми?
18.
Хуллас, Абдулла ака билан Америка тупроғи – Хьюстондамиз.
Ўтган йиллар бизнинг тақдир ва қисматларимизни тамомила остин устун қилиб юборди.
Тақдир тақозоси билан энди мен Ўзбекистонда эмас, балки Шимолий Америкада – Канада давлатида истиқомат қиламан. Бу ерга сиҳатини мустаҳкамлаш илинжида Ўзбекистондан ташриф буюрган Абдулла Орипов ҳам энди олдингидек қудрати бор ва мансабдор шахс эмас.
Умрининг заъфарон дамларини ўзи бир пайтлар: “Сеҳрли диёр” деб куйлаган АҚШ уммони соҳилларида минг бир ҳайрат ва ҳасрат билан ўтказаётган – ўз юртида Муқимийдек яккаланган ва камситилган улуғ ва дили пора бир шоир.
Фақат Ислом ака ўша ўша – ҳануз Президент, ҳануз ҳукмрон. Ҳануз Ўзбекистон давлатининг ўттиз миллионли аҳолисига абадий йўлбошчи…
19.
Ҳаётимда ўчмас ва ёруғ из қолдирган бу икки улуғ инсон билан туташган тақдир ришталарини эслаш – менинг учун доим ишонч ва шараф, қувонч ва фараҳдир.
Шу билан бирга мен бугун бу икки улуғ инсон орасига нифоқ солувчиларни огоҳлантириб қўймоқчиман: Кўзингизни каттароқ очинг, олов билан ўйнашманг!
Сизлар эрта бир кун ўз қора ном ва юзингиз билан, фитна ва ҳасаддан иборат қилмишингиз билан бу дунёдан беном ва бенишон ўтиб кетасиз. Лекин Ислом Каримов билан Абдулла Ориповлар асрлар оша мангу яшаб қолажаклар!
Шу сабаб ҳам, ростини айтсам, менинг юрагимга туташ бўлган бу икки буюк инсоннинг ўртасини бузаман деганларни кўргани кўзим йўқ.
Нега бундай бўлди? Нега давримизнинг икки буюк сиймоси орасидан қора мушук оралади? Бу ерда қандай сир бор, қолаверса, бунга ким ва қайси ёвуз кучлар сабабчи бўлиши мумкин?
Буни Сиз билан биз билолмаймиз. Лекин бу ёвуз кучларнинг кимлиги — Абдулла аканинг ўзига ойдай равшан. Улар аслида Абдулла Ориповнинг рақиб ва ё ғанимлари эмас, балки — Ислом Каримовнинг душманларидир. Улар Ислом Каримов учун — Абдулла Ориповдек буюк шоирдан «душман» ясашни орзу қиладилар. Лекин уларнинг бу ҳавойи орзулари ҳеч қачон ушалмайди.
Абдулла аканинг Президентга бўлган садоқатига шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас.
Маълум ва муайян шароитда Абдулла Ориповнинг соғлиги ёмонлашуви туфайли унинг Уюшма раислигидан озод қилиниши ортида бу ёвуз кучлар Абдулла Ориповга ҳар қадамда тўғаноқ қўя бошладилар ва оқибатда — юқорида айтганимиздек — унинг ўзидан кейин яқинларига ҳам кутилмаган зарбалар берилди.
Бу воқеаларга мамлакат раҳбарининг мутлақо хабари ҳам, алоқаси ҳам йўқ эди!
Бу кучлар кимлигини Абдулла ака яхши билади, шекилли. Лекин уларнинг кимлигини бизга айтишни истамади…
20.
Айни пайтда, бу икки инсонни яхши билганим учун ҳам, тўла ишонч билан айта оламанки, уларнинг орасини бузиш ҳеч кимга насиб этмайди.
Вақтлар ўтади, кунлар келади, мунофиқларнинг ҳаммаси раҳнамоси билан бирга номма ном юзага чиқади. Юзлари қора, номлари шармисор бўлади.
Шундай кунлар узоқ эмас.
Мен бунга — эратага қуёшнинг чиқишидек, қуёш чиққанда эса, табиий равишда, зулматнинг чекинишидек — қаттиқ ишонаман…
21.
Менинг бу ўлмас ишончимга эса Абдулла Ориповнинг ҳали талабалик давримдаёқ менга атаб, донишмандлик ва меҳрибонлик билан битган ушбу дилбар сатрлари сабаб бўлса, не ажаб:
Менинг шеърларимни севибсан, Исмат
Шеърларим номидан сенга кўп раҳмат.
Сира кўрма алам, сира кўрма ғам,
Оламда қанотинг ёзиб юр, болам.
Доим ошно бўлгин самимиятга,
Шунда раҳмат деймиз биз ҳам Исматга.
Шу гапларни айтди таваккал, башанг,
Қашқа воҳасидан Абдулла аканг!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
6 сентябрь, 2015 йил, Якшанба.
Торонто шаҳри, Канада.
Суратда: «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан енгил машинада Хьюстон сайрида
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
1 шарҳ
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 30 август, 2015 йил
Суратда: «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да. 18-25 август, 2015 йил, Техас.
(Давоми бор)
1 шарҳ
-
Абдула Орипов партия Марказқўмини “Нажот қалъаси” деб атаган бўлса, Рауф Парфи “Нажот қалъаси – бу кўкрак қафаси” деб ёзганди. Адолат юзасидан бирор раҳбарга бағишлаб шеър ёзмаган, туркий халқларнинг ХХ асрдаги энг улуғ шоири Рауф Парфининг очдан ўлганлигини ҳам унутмаслик жоиз. Бир шоир Рауф Парфини хотирлаб бундай ёзган:
Боши йўқлар бошин асрай деб бошдан сарсон,
Қонлар ютди шоир, ўтди шодлик ҳўпламай,
Рауф Парфи ҳар кун тикка борди дор томон,
Битта бошин минг сиртмоққа тикмоқ учун шай!Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (5-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да
[vsw id=»qAhu_QZjk9M» source=»youtube» width=»425″ height=»344″ autoplay=»no»]
8 шарҳ
-
Абдулло ака шеърларингиз даҳшат!!! Сиз катта улуғ шоир сифатида бизга қизиқсиз. Бошқа томонларнгиз қизиқтирмайди. Соғ саломат бўлинг юзга киринг!!!
-
Исмат акага муносабатим ўзгарди у кишини душманлари айтаётган иғво, гап сўзлар заррача хам асосга эга эмас экан. Қаранга! Инсонгарчилик бўлса шунча бўладида! Биргина Абдулла Орипов хакидаги маколаси учун у кишига, у кишининг журналистик истеъдодига тан бериш керак. Кам бўлманг! Минга киринг Исмат ака!
-
Жамиятимиз оғир маънавий инқирозни кўринишларини бошидан ўтказмоқда ҳамма пулни мол дунёни орқасидан кетган. Яхши ҳам “дунё ўзбеклари” бор экан кўп нарсадан хабардор бўлдик жумладан А.Орипов атрофидаги оғир ва таассуфли вазиятдан ҳам. Пайтдан пойдаланиб, Абдулла акага айтмокчиман, Устоз, Сиз асло укинманг. Миллионлаб узбек халқи қалбидасиз ва абадий шундай булиб колади. Умрингиз узоқ булсин. Тезроқ соғайиб, Ўзбекистонга қайтишингизни Оллоҳ ҳаммамизга насиб айласин. Омин!
-
Абдулла Орипов сингари туғма истеъдодларни адабиёт тугул, ҳаётдан ҳам қувиб чиқармоқчи кимсалар шунчалик савиялари пастки, улар тушинармикан, ҳар қандай вазиятда ҳам у кишини ўрнини олабилмаслигини. Марҳамат шеърият майдони кенг ўзингизни кўрсатинг, ўз сўзингиз овозингиз билан чиқинг! Йўқ бу йўлни булар танламайди. Уни ўрнига шумлик, ичи қоралик қилади. Исмат Хушевнинг адабиёт олдидаги буюк хизмати шундаки, у Абдулла Орипов атрофидаги иғво ва бухтонлардан бутун дунёни огоҳ этди.
-
Қачон Ўзбеклар ўз улуғларини асраш ва қадрлашни ўрганади? Наҳотки тарихдаги айанчли зиёлийларга бўлган қараш такрорланса, наҳотки инсон ўз хатоларидан хулоса чиқармаса. Яхшиям бу дунёда Исмат Хушев бор экан. Йўқса, биз Озодликка хам Абдулла аканинг узи интервью берган деб юрардик. Юзсизлар. Улардан энди тамомила кунгил колди. Исмат Хушевнинг Абдулла Орипов ҳақидаги хотиралари узбек жорналистикасида мисли кўрилмаган воқеа булди. Дунё узбекларига, унинг талантли редакторига минг рахмат.
-
Менг бор раҳмат сизга Исмат Хушев! Бизни писанд қилмайдиганларга Абдулла Ориповни қайтариб бердингиз.
-
Ҳеч ҳам укинманг Абдулла ака! Сиз билмасангиз ҳам сизни ўткир руҳли шеърларингизни ўқиб ҳар куни, улкан маънавий завқ оламиз. Биз фаҳрланамиз юз йилларда камдан кам туғиладиган, сизга ўхшаган такрорланмас истеъдод вакили билан замондош бўлганимиз билан. Шеърият адабиётни тушинган одам сизга бефарқ бўлиши мумкин эмас. Замонлар ўтади, авлодлар алмашади, сизни доимо халқимиз бошига кўтаради. Илои ўзоқ умир кўринг! Бахтимизга соғ саломат бўлинг!
-
Абдулло Ориповни писанд қилмай уни менсимаятган амалдор ғаламислар маънавияти саёз ва айниган, нафс ва шон шухрат гадоларидир. Булар бир икки йилда кўчага чиқиб қоладиган ўзидан ном нишон қолмайдиган худбинлардир. Исмат ака жуда туғри айтгансиз, улар ўзларини ким деб ўйлашаяпти. Во, ажаб. Ана томошаю мана томошо.
«Дунё ўзбеклари»
-
Абдулла Орипов камдан кам бир неча юз йилларда тўғиладиган туғма талантли донишманд шоир. Унинг шеърлари оддийлиги, осон ўқилиши, ёрқинлиги, фавқулодда ўткир руҳ анқиб тўриши, айниқса фалсафий ўлмас руҳиятининг устунлиги билан ажралиб туради. Булар бари шундан далолатки – унинг шеърлари нафақат ўн йиллар, асрлар оша ҳам келажак авлодлар томонидан ўқилажак.
4 шарҳ
Бу ерда, хорижда, Канада ва Америка тупроғида ҳамма нарса бор: Эркинлик, озодлик, тенглик ва ободлик.
Еганингиз – олдингизда, емаганингиз – ортингизда. Очлик ва ночорлик ҳақида умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Кўчаларга чиқиб, истаганча митинг қилишингиз, бақириб, чақиришингиз, байроқ кўтариб у ёқдан бу ёққа чопишингиз мумкин. Бировнинг иши йўқ. Нега бундай қилаяпсан, нима истайсан деб сўрамайди ҳам.
Лекин Ўзбекистондаги инсоний меҳр ва муҳаббат, бир оний сеҳр ва саодатдан нишон ҳам йўқ бу ер…
Исмат ака хак гапни ёзганлар. Узга юртда хамма нарса бору Ватандагидай мехру мурувват йук…
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккиси бир бирин еб тугатгунча,
Ўртада бу дунё адо бўлади.
Бу тўртлик Абдулла акага тегишли шекилли.
Абдулла аканинг душманлари ижодкорлар, шоирлар. Маънавият, маънавият, маърифат тепасида турган Хайриддин Султонов бошчилигидаги бир гуруҳ ичи қора, кўнгри кир, нияти ифлос кимсалардир…
Исмат Хушев жуда тарбияли ва маданиятли инсон экан. Мен бунчалик деб ўйламаган эдим. Биронта ўзбекни топиш қийин, бир неча минг км жойга устози соғлигини сўраб борадиган. Тангрим умир берса Абдулла ака ҳали юз йил яшайди. Биз оддий одамларни умиридан халқга, ватанга унча фойда йўқ! Адулла Орипов тарихий буюк ва ихтидорли шахс бўлиб, ҳали кўп шеърий асарлар орқали оммага, қолаверса келажак авлодларга хизмат қилиши мумкин. Исмат Хушевни мана шу хайирли ва улуғ иши учун хам тарих унутмайди.
Истеъдодли одамни душмани истеъдодсиз кимса бўлади, нима қилсин бундай паст номардлар қўйнига ичи қоралигидан тош олиб юрмай. Мана шунинг учун А.Орипов душманлари ҳамманикидан кўп. Абдулла ака соғ саломат бўлинг узоқ яшанг, оқибатда рақибларингиз аламидан ёрилиб ўлсин.