• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Олмахон Ҳайитованинг бемавруд ўлими… («Ёднома»)

Янв 1, 2016

Исмат Хушев: Олмахон Ҳайитованинг бемавруд ўлими…

Яхши-суъратим
Исмат Хушев: Олмахон Ҳайитованинг бемавруд ўлими…
Янги йилга бир неча дақиқалар қолганда Олмахон Ҳайитова ҳаёт билан видолашди
Буюк санъаткор юрагидаги чандиқлар
Олмахон Ҳайитованинг ўлими муносабати билан Туркманистон ва Тожикистонда мотам эълон қилинди.
Ўзбекистонда эса “Янги йилда одамларнинг кайфиятини бузмаслик” баҳонасида лом мим дейилмади…
1.
Элимизнинг машҳур санъаткорларидан бири – Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова   янги йил киришидан бир неча соатлар олдин қўққисдан бу ёруғ дунёни тарк этди…
Оилавий режада олдиндан белгиланмаган бўлса-да, 31 декабрь куни Олмахон опа кутилмаганда Урганчга учиб боради.
Бу унинг сал кам 50 йил – ярим асрдан бўён қатнайдиган Тошкент – Урганч маршрутидаги энг сўнгги сафари эди…

 

 

2.
Вилоятдан келиб пойтахтда умргўзаронлик қилаётганлар каби бу оиланинг ҳам ярми ўз ватани – Хоразмда эди.
Шу боисдан оилавий режага кўра Рустам ака – Урганчда, Олмахон опа – Тошкентда фарзандлар қуршовида янги йилни кутишга  келишиб олишади.
Лекин Олмахон опа 31 декабрь куни эрталаб қўққисдан билет олиб, Урганчга учади.
Аэропортдан турмуш ўртоғи Рустам акага телефон қилади:
– Рустамжон, ўйлаб қарасам, 50 йил янги йилни бирга кутган эканмиз. Мен бугун ҳам сенсиз Тошкентда қололмаслигимни билдим. Йўлга чиқяпман. Йўлимни қайтарма. Сени кўргим келаяпти…
Олмахон Ҳайитованинг турмуш ўртоғи Рустам ака – милиция полковниги. Узоқ йиллар ички ишлар вазирлигида, сўнг Хоразм вилоят ички ишлар бўлимида биринчи ўринбосар бўлиб ишлаган. Кўпни кўрган, кайвони одам.
Турмуш ўртоғининг кутилмаган бу ташрифидан ажабланган бўлса-да, Рустам ака ноилож   Олмахон опани кутиб олишдан ўзга чораси қолмади…

 

 

3.
Ўлим барҳақ.
Лекин айрим инсонларга бу жуда олдиндан маълум бўлади деган бир ташбеҳ бор.
Олмахон опа ҳам бугун ён атрофидаги одамларга ана шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлаб кетди.
У ўлимини олдиндан билган кўринади…

 

 

4.
Ўша куни у аэропортдан уйга эмас, ўзи учун кичкинагина қилиб, камтарона ҳозирлаб қўйилган қабр сағанасидан хабар олиб келиш зарурлигини пеш қилиб, қабристонга боради.
Эрини ҳам боришга қўймай, ўзим ўтиб келаман деб кетади.
Сағанани тозалаб, супириб-сийириб, сўнг уни кузатиб қўйган қабристон масъулига: “Бу ёғи оз қолди…” деб хайрлашади…
Йўл йўлакай янги йил арафасида “оқ йўл” бериш ниятида уни орзиқиб кутаётган санъаткор шогирдлари бўлмиш Эшчоновлар хонадонига ташриф буюради.
Шу ерда мазаси қочиб, кутилмаганда қон босими чексиз даражада ошиб кетади.
Бундан чўчиб кетган хонадон соҳиблари тез ёрдам чақиришади. Ва уни касалхонага олиб боришади.
У ерда қон босимини укол билан туширадилар.
Лекин бугун малакаси ўз даражасида қолган шифокорлар қайтиб қон босимини маромига келтира олишмайди.
Бир соат нари берисида туркий оламга машҳур буюк санъаткор бу ёруғ дунёдан кўз юмади…
Бутун Хоразм унинг қўшиқлари остида янги йил оқшомини кутиб олаётган муборак бир пайтда Олмахон Ҳайитова бу ёруғ дунёни тарк этган эди.
Ва унинг хонадонига бемавруд ўлим ана шундай даҳшатли кўринишда кириб келади.
Янги йил киришига эса бир неча соат қолган эди…

 

 

5.
Инсоннинг қон босими нимадан ошади?
Умуман юракдаги чандиқлар, инфарктлар қандай пайдо бўлади?
Олмахон Ҳайитованинг ўлимида биз журналистларнинг ҳам яхшигина айбимиз бор.
Буюк санъаткор опамизнинг юрагидаги энг катта чандиқ 1960 йилларда – у санъат оламига эндигина гуруллаб кириб келган бир пайтда пойтахтда оёғидан чалганларида илк маротаба пайдо бўлган  эди.
Устози Комилжон Отаниёзов раҳбарлигида ўз бетакрор овози билан санъат оламига ёрқин ва чароғон юлдуздай кириб келган Олмахон Ҳайитова ҳақида  Ўзбекистоннинг энг машҳур ва оммабоп газетаси “Қизил Ўзбекистон”да ярим бетлик фелъетон эълон қилинди.
Фелъетонни – унинг ўзи жўшиб, фарёд билан айтадиган ўз қўшиғидаги ўтли сатрлар билан: “Шарманда бўлдим, найлайин?” деб номлашади…
Унинг муаллифи – ўзбек журналистлари орасида қалами билан эмас, аксинча… алкашлиги билан машҳур бўлган журналист Воси Маҳкамов эди.
Беҳаёларча, бешафқатларча, беюзлик ва беномуслик билан ёзилган ушбу фелъетон аслида ҳеч бир фактларга асосланмаган, истеъдодли санъаткор боши узра мағзава ағдаришдан иборат эди, холос.
Журналистикада бир гуруҳ бор: бундай ярамаслар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор.
Улар таниқли ва буюк шахсларга лой чаплаш ва мағзава тўкиш билан одамлар эътиборига тушаман, шу билан тарихда қоламан деб ўйлашади.
Воси Маҳкамов ҳам ана шундай шўрлик кимсаларнинг бири эди.
Ҳақиқатдан ҳам у тарихда қолди.
Биринчидан: Олмахон Ҳайитовадек буюк санъаткорнинг юрагига  солинган илк чандиқнинг муаллифи сифатида.
Иккинчидан: Буюк санъаткор аёлга беҳаёларча берилган ташбеҳлари билан…

 

 

6.
Ўзининг бетакор овози ва қўлда тори билан қўшиқ айтишни республика аёллари орасида биринчи бўлиб бошлаб берган машҳур хонанда Олмахон опа Комижон Отаниёзов гуруҳидан чиққан, халққа танилган довруғли санъаткор эди.
Воси Маҳкамовнинг танқидий мақоласидан бир неча кун муқаддам Олмахон Ҳайитованинг қўлидан тутиб, катта санъат оламига олиб кирган устози  Комилжон Отаниёзовнинг ўзи ҳам  “Муштум” журналида фелъетон қилинади.
Шу тариқа худо берган истеъдод соҳиблари бўлмиш хоразмлик устоз ва шогирднинг бошига Тошкентда бирин кетин  гурзи билан уришади.
Бу гурзини, ажабки, ёзувчи Саид Аҳмад урган эди…

 

 

7.
1960 йилларда санъат оламидаги икки порлоқ юлдуз, икки беқиёс ва бетакрор истеъдодга урилган бу гурзиларнинг бошида ким турган бўлиши мумкин?
Олмахон Ҳайитова ҳар ҳолда ёш эди, бу ҳақорат  ва тўҳматларни енгиб кетди.
Лекин ёши бир жойга бориб қолган Комилжон ака фелъетон боис орттирган паралличдан қайтиб ўзига келолмади.
Умрининг охиригача бир қўл ва бир оёғидан ажралиб, саҳнада судралиб қолди…
Халқнинг бу икки булбулига бўлган ҳужум ортида Саид Аҳмад бошлиқ бир гуруҳ пойтахтлик  сирли тўда турганлиги ҳануз айтилса-да, аслида бу икки нохуш ва шармандали воқеа – Шароф Рашидов замонидан ювиб бўлмайдиган доғ бўлиб қолди.
Буни  Рашидовнинг ўзи ҳам Комилжон Отаниёзовга афсус ва надомат билдириб айтганлигини кўпчилик яхши билади.
Кейин бу гуноҳни “Ўзбекистон халқ ҳофизи” унвони билан ювмоқчи бўлишади.
Лекин Комилжон аканинг соғлиги ўзига келмади…

 

 

8.
Олмахон Ҳайитованинг вафотини эшитган Туркманистон ва Тожикистон ўша куниёқ янги йилнинг биринчи кунини мотам куни деб эълон қилишди.
Ўзбекистонда эса “Янги йилда одамларнинг кайфиятини бузмаслик” баҳонасида бўлса керак, бу ҳақда лом мим дейилмади.
Эллик йил беминнат хизмат қилган ўз Ватанида Олмахон Ҳайитовага икки сатр таъзиянома билдиришни ҳам лозим топмадилар.
Чунки улар ҳеч қачон ўлмайдилар…

 

 

9.
Мустақиллик йилларида Олмахон Ҳайитовага “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилган бўлса-да, лекин кейинги ўн беш  – йигирма йил  жисмонан тирик бўлса-да, маънавий ўлдирилган эди.
Олмахон Ҳайитова ҳам Таваккал Кодиров, Фахриддин Умаров, Шерали Жўраев, Дадахон Хасанов, Бобомурод Ҳамдамов, Фарруҳ Зокиров, Нуриддин Ҳамроқулов, Камолиддин Раҳимов, Юлдуз Усмонова каби бир гуруҳ “совет даврининг машҳур қўшиқчилари” сифатида теле экран ва радио тўлқинларидан маҳрум қилинган эди ,
Санъаткор учун бу жисмоний ўлимдан ҳам оғирроқ эканлигини санъат аҳлигина яхши билади….

 

 

10.
Олмахон Ҳайитова бандаликни бажо келтирди.
Ўлим барҳақ.
Лекин буюк санъаткорнинг иккинчи умри бошланди.
Мана неча кундирки, Тошкентнинг  Луначарский мавзесидаги Олмахон Ҳайитова хонадонидан халқнинг оёғи узилмайди.
18 январь шанба куни  эрталаб  пойтахтнинг энг гўзал тўйхоналаридан бири “Саёҳат” мажмуасида Олмахон опанинг хотирасига бағишланган  маърака (йигирмаси) белгиланган.
Ўзбекистоннинг барча нуқталаридан Тошкентга оқиб келаётган халқнинг чеки йўқ.
“Саёҳат”даги шанба кунги маърака кечгача давом этса ажаб эмас…

 

 

11.
Маъракани оила аъзолари ўтказаяпти.
Ажабо, Ўзбекистон халқ артисти, миллатнинг ифтихори, шундай буюк қўшиқчи маъракаси тепасида давлат туриши керак эмасми?
Қолаверса, Олмахон Ҳайитовадек буюк санъаткорнинг 50, 60 ва ниҳоят 70 йиллиги ўзбек халқининг умум байрамига айланиши керак эмасмиди?
Ушбу саналар мустақиллик йилларига тўғри келди.
Бироқ – мустақилликни орзиқиб кутган, жўшиб куйлаган Олмахон опанинг кўксига мустақиллик шабадаси тегди деб айтиш адолатдан бўлармикан?

 

 

12.
Мана беш – ўн йилдирки, Тошкентнинг қоқ марказида қурилган, осмон билан бўйлашадиган  “Анжуманлар саройи”  сўппайиб,  бўм бўш турибди.
Бу ерда Тошкентнинг 2200 йиллиги  нишонлангандан кейин бирор бир тадбир ўтказилмади.
Яна бир қанча саройлар қурилди. Саройлар устига саройлар қуриляпти. Лекин саройларни безайдиган тадбирлардан ҳануз дарак йўқ.
Шу саройларда Олмахон Ҳайитова куйласа, Шерали, Юлдуз, Дадахон ва Фаррухлар қўшиқ айтса, уларнинг бетакрор овозлари улкан гумбазлар остида ўктам жарангласа, бу кошоналарнинг қадри ошмасмиди?

 

 

13.
Хуллас, Олмахон Ҳайитова ўз даврини – ўзининг буюк ва бетакрор, ҳеч кимга ўхшамаган улуғвор овози билан безаб, гўзаллаштириб, сайқал бериб ўтди.
Унинг йўлига ғов бўлганлар, унга тош отганлар, мағзава тўкканлар аллақачон халқ ёдидан унут бўлди.
Олмахон Ҳайитова эса халқ ёдида абадий қолади!
Шу муносабат билан замон пешволарига айтадиган икки оғиз мурожаат сўзимиз бор:
Халқнинг меҳри билан ўйнашманг! Халқнинг қалбига чўп солманг!
Акс ҳолда тарих олдида майна бўласиз!
Яқинда қулоғимга чалинган бир латифа ёдимга тушди: Мустақиллик йилларида дунёга келган бир ёш ўспирин аллақайси китобдан Горбачевнинг фамилиясини ўқиб, отасидан сўрабди: “Ота, Горбачев дегани ким бўлган?”
Отаси ҳам зуко одам экан, лўнда қилиб жавоб қилибди: “Ким бўлар эди. Пугачева замонида Горбачев деган бир сарой қўриқчиси бўлган…”

 

 

14.
Биз ҳам шундай таърифларга дучор бўлмайлик, буюк шахслар билан замондош бўлиб қолайлик десак, уларнинг тириклигида  қадрига етайлик ва улар билан ҳамдард ва ҳамнафас бўлиб яшайлик.
Худо берган ноёб санъат ва истеъдод  – бу биринчи навбатда халқнинг мулки эканлигини қачон тушуниб етамиз?
Халқни ундан бебаҳра қилиш, худо олдида ҳам кечирилмас гуноҳ эмасми?

 

 

15.
Олмахон Ҳайитова бандаликни бажо келтирди.
Ўлим барҳақ.
Лекин буюк санъаткорнинг иккинчи умри бошланди.
Мана неча кундирки, Тошкентнинг  Луначарский мавзесидаги Олмахон Ҳайитова хонадонидан халқнинг оёғи узилмайди.
18 январь шанба куни  эрталаб  пойтахтнинг энг гўзал ва мўҳташам  тўйхоналаридан бири “Саёҳат” мажмуасида Олмахон опанинг хотирасига бағишланган  маърака (йигирмаси) белгиланган.
Ўзбекистоннинг барча нуқталаридан Тошкентга оқиб келаётган халқнинг чеки йўқ.
“Саёҳат”даги шанба кунги маърака кечгача давом этса ажаб эмас…
 
Олма опа олқиши
15 январь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада…
http://dunyouzbeklari.com/
2 шарҳ
  1. Шароф Убайдуллаев – журналист

    Бевафо дунёси қурсин,
    Олмахон опадек буюк санъаткор орамизда йўқлигига ишонгиси келмайди одамнинг. Лекин уни “йўқотиш”да биз журналистларнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан юрагимда оғир дард сезаман: “Шарманда бўлдим, найлайин?” деб аталган шармандали фелъетонни чоп этган газетада стажёр-практикант эдим, кейнчалик тақдир менга шу газетани бошқаришни раво кўрди ва бу қора ўтмиш бизнинг авлод учун бутун умрлик сабоқ бўлди десам арзийди. Жойингиз жаннатдан бўлсин, опажон

  2. Sanjar
    Alloh utganlarni rahmatiga olsin. Bolaligimda qishlog’imizdagi bir tuyga kelgandilar
  1. fahriddin

    Olmahon onamizni joylari jannatdan bolsin!
    Bundoq chuqurroq oylab korsak, insonni har bir joyda narhi bor ekan. Horazmda bir narh, Qashqadaryoda ikkinchi narh, Vodiyda, Toshkentda yana boshqa narh. Rossiya, Evropa, Amerikani gapirmasa ham boladi. Aslida halq davlatdan hech narsani kutmay yashashga organdi. Bu yil Shayh hazratlari olamda koz umganlarida, halq qanday kuchga ega ekanligini korsatdi. Hech kim e’lon qilmadi va janazada olamon bosib ketdi. Davlatdagi odamlarni narh bir pul ekanligini korsatdi.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *