• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: 1-январь – Йигирма йиллик вазир Элёр Ғаниев туғилган кун

Янв 1, 2016

Исмат Хушев: 1 январь – Каримовнинг йигирма йиллик вазири Элёр Ғаниев туғилган кун!
Яхши-суъратим1.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғанеев 1 январь куни 56 ёшга тўлди.
Элёр Ғаниев 1960 йил Сирдарёда туғилган.  Отаси Мажид Ғаниев йигирма йил Сирдарё вилоятидаги  Гулистон совхозининг  директори бўлиб ишлаган.
Мажид ака – Носир Маҳмудов обкомнинг биринчи секретари даврида Сирдарёнинг машҳур устунларидан бири эди.
Бугун энди унинг ўғли Элёр – Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Олий раҳбариятининг ишончли ва бақувват устунларидан бири.
МХХ га мансуб бўлган бу қудратли мулозимнинг раҳбарлик пиллапоясига чиқиб, Президент командасида ишлаётганига ҳам яқинда йигирма йил бўлади.
Бу давр мобайнида Ислом Каримов атрофидаги мулозимларнинг деярли ҳаммаси инқирозга юз тутди: Уларнинг аксарияти ҳибс ва хорижга, ишсизлик ва унутилишга маҳкум бўлди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган даврдан бўён унинг ёнида урилмай сурилмай, ҳам амали, ҳам жонини эсон омон сақлаб келаётган мулозимлар бугун саноқли қолди.
Георгий Крайнов (Президентнинг биринчи ёрдамчиси), Зелемхон Ҳайдаров (Президент Девони бошлиғи), Фазулла Муллажонова (Марказий Банк бошқарувчиси) ва Рустам Иноятов (МХХ раиси) лар шулар жумласидандир.
Элёр Ғаниевни ҳам бемалол ана шу бахтли ва омадли ёки аксинча – бахтсиз ва омадсиз мулозимлар сафига бемалол қўшишимиз мумкин.
Бу сифатимизнинг нечоғлиқ тўғри ёки нотўғри эканини эса вақт кўрсатади…
2.
Мен Элёр Ғаниевни Ислом Каримовга яқин бўлиб, гуриллаб юрган пайтларимда умуман кўрмаган ва эшитмаган эдим.
Чунки у пайтларда менинг важоҳатим ниҳоятда баланд: Элёр деган қандайдир вазирликдаги ўртамиёна бўлим ва ё бошқарма бошлиғига эътибор берадиган ҳолдан анча юқорироқ эди.
Лекин сиёсат ва шоҳга яқинлик шундай насиба эканки, сен бугун мулозимлик чўққисининг энг баланд – арши аълосида учиб юрган бўлсанг, эртага етти қават ернинг қатига кириб кетишинг ҳам ҳеч гап эмас экан.
Мен ҳам 1994 йилнинг 26 июлида ишдан олиниб, биринчи бор ҳибс этилганимдан сўнг то 1997 йилнинг декабрига қадар уч марта қамалиб чиқдим.
Учинчи маротаба машинамга наша ташлаб, қамаганларидан сўнг менга бўлаётган адолатсизликларга МХХ раиси Рустам Иноятов эътибор қаратади.
Чунки бу – мен Ўзбекистон Олий раҳбариятига яқин бўлиб юрганимда менсимай оёқ ости қилган маҳаллий раҳбарларнинг Исмат Хушевдан ўч олиш ўйини эканини МХХ фавқулодда англаб етади.
Орадан икки кун ўтмай мен – прокурор икки ойлик санкцияга имзо чекканига қарамай, Қаршидаги ҳибсхонадан озод этилиб, Тошкентга келдим.
Кечагина наркотик моддани сақлаганликда, наша чеккан ва сотганликда айбланган журналист (ҳолбуки мен умрим бўйи сигарет ҳам чекмаганман) бугун энди Президентнинг Давлат маслаҳатчиси томонидан қабул қилинади.
Ўзбекистон Олий раҳбариятида мамлакат куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи  Бахтиёр Ғуломов: “Президент мени иш билан таъминлаш” ҳақида кўрсатма берганини айтиб, “вертушка”дан кимгадир қўнғироқ қилди.
Сўнг рус тилида: “Элёр Маджидович, по поручению Президента Хушев должен работать у Вас” деб гапни қисқа қилди…
3.
Эртаси куни мен Бахтиёр Ҳисомович кўрсатмасига асосан “Ташқи  иқтисодий алоқалар” вазири Элёр Ғаниевга бориб учрашдим.
Вазирлик – бир пайтлар Элёр Ғаниев ўқиган Тошкент политехника институти филиали ўрнида жойлашган бинода экан.
Элёр Ғаниевнинг янги кўчиб ўтган вазирликдаги кабинети ниҳоятда  катта ва ваҳимали эди.
Қабулхонада тумонат одам бўлишига қарамай, мен борган заҳотим қабул қилиндим.
Элёр Ғаниев барваста, келишган, паҳлавонсифат одам экан.
Нигоҳларининг ўткирлиги – негадир кеча мени қабул қилиб, худди шундай синчковлик билан тикилган Бахтиёр Ғуломовни эслатди.
Кейинчалик МХХ мулозимларининг деярли ҳаммасида кузатиладиган бу ҳолат мен учун янгилик бўлмай қолди…
Элёр Ғаниев мени кўп ушламади. Ўзим, оилам ва ўтмишим ҳақида ҳам ҳеч нарса сўрамади.
Фақат: “Сиз ҳақингизда менга айтишди. Бирга ишлаймиз. Менинг вазирликдаги энг яқин одамим бўласиз” деб у ҳам гапни калта қилди…
4.
Ноҳақлик ва адолатсизлик қурбони бўлиб, кечагина ҳибсда ўтирган  журналист учун бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?
Умуман Ўзбекистондаги журналистика ва мутбуот тарихида менинг уч маротаба қамалиб, яна уч маротаба Бош муҳаррир этиб тайинланишим тарихи ва тадрижи ҳақида ҳали бафуржа айтилади ва ёзилади.
Ислом Каримов раҳбар бўлган давр  – Ўзбекистон тарихида шонли ва шавкатли саналар билан бирга – қонли ва ҳалокатли солномаларни ҳам ўз ичига олади.
Биринчиси ҳақида кўп ёзилди ва ёзиляпти. Иккинчиси ҳақида ҳали айтарли ҳеч нарса ёзилмади.
Лекин ёзилади…
Биз эса бугун мавзудан узоқлашмай, яна Элёр Ғаниевга қайтсак.
5.
Шу тариқа мен Элёр Ғаниев вазирлик қилаётган тизим нашри бўлмиш “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррири этиб тайинландим.
Уч мартаба ҳибс ва уч йиллик ишсизликдан сўнг яна амал пиллапояларига чиқиш, мулозимлик даврига қайтиш бу – ўзбек сиёсати тарихида камдан кам учрайдиган ноёб ва ажиб бир ҳолдир.
Алишер Азизхўжаев, Исмоил Жўрабековларгагина насиб этган бу бахт ва омад, не тонгки, журналист Исмат Хушевга ҳам насиб этганига оид  тафсилотлар “Оқланмаган ишонч қиссаси”да батафсил ёзилган ва яна ёзилади.
Эрта бир кун тарих ҳам Ислом Каримов даврига баҳо берганида бунга ўз муносабатини билдирар…
6.
Элёр Ғаниев вазирлиги аввал “Максим Горький” метроси ёнида – “Буюк Ипак йўли” кўчасидаги кўркам ва мўҳташам бинода жойлашган эди.
Вазирликнинг асосий бошқармалари “Инқилоб хиёбони” атрофидаги Политехника олий ўқув юрти биносини қайта таъмирлаб, унга кўчиб ўтганидан сўнг, аввалги бинода ташқи иқтисодий соҳага оид Компания ва Бирлашмалар қолган экан.
Вазирликнинг газета редакцияси ҳам ўша ерда эди.
Элёр Ғаниев бу ердаги ўз кабинетини менга берди. Хизмат машинамни янгилади. Таҳририят ходимлари сонини ва маошини ошириш ҳақидаги махсус Фармонларга имзо чекди…
Бош муҳаррир учун яна нима керак?
Ақл ва фаросат, ишга садоқат ва ташкилотчанлик бўлса, кифоя. Ҳар қандай нашрни ҳам оммавий ва машҳур қилиб юбориш мумкин…
7.
Вазирликда Элёр Ғаниевнинг Шаҳло Абдуллаева ва Муҳамедов Рауф Султонович деган ўринбосарлари бўларди.
Уларнинг бири (Рауф Муҳамедов) менинг кураторим бўлса, иккинчиси – иқтисодий ишлар бўйича вазир ўринбосар бўлиб, пул ва бухгалтерия унинг қўлида эди.
Элёр ака мени тез тез вазирлик номидан чет эл сафарларига ҳам юбориб турарди.
Ҳар гал  менга тўланиши лозим бўлган командировка харажатларини Шаҳло опа кескин камайтирар, фақат Элёр аканинг аралашуви билангина улар асл ҳоли қайтарилиб, баъзан оширилиб, менга тўланар эди.
Чунки ойликка яшайдиган одам учун яккаю ягона қўшимча пул манбаи -ҳар кварталда бериладиган пул мукофоти билан хизмат сафари “командировка”сидан келадиган даромад эканини “бюджет” ташкилотдагилар яхши билишади…
Рауф Муҳамедов билан биз сира келиша олмас эдик.
Мен урилганим, бир неча бор қамалганим боис ҳам – редакция фаолиятини назорат қилувчи вазир ўринбосарининг бу хурмача қилиқларига чидашга мажбур эдим.
Охири пичоқ суякка бориб тақалганидан сўнг, бир куни Элёр акага юрак юрдим.
Ёши анча кичик бўлса ҳам, мени ҳар гал қабулхонасида анча куттириб қўйишларини, қўпол ва асоссиз койишларини, тутуриқсиз раҳбарлик принципини – ҳаммасини Элёр акага очиқ айтдим.
Бу туришда ортиқ ишлай олмаслигимни, ҳатто ишдан бўшашга   розилигимни ҳам яшириб ўтирмадим.
Ажаб, кўп ўтмай Муҳамедовнинг ўзи кутилмаганда ишдан бўшатилди.
Ҳолбуки, у Олий раҳбариятдаги казо казоларнинг одами эди…
8.
Бир куни Элёр Ғаниев Президентнинг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст номига  “Исмат Хушевни ҳам вақт бевақт Ислом Каримовнинг чет эл сафарларига ҳамроқлик қиладиган журналистлар рўйхатига киритиш”ни сўраб хат ёзгани ҳануз ёдимда.
Жавоб бўлмаганидан сўнг, айни хатни Президент Девони бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров номига ҳам ёзган эди…
Элёр Ғаниев мени Ислом Каримов командасида яна олдингидай иззат икром топиб кетишимни чин юракдан истаган ва бунга ишонган соф кўнгилли, самимий ва меҳрибон раҳбар эди.
Лекин Олий раҳбариятдагилар Исмат Хушевни  ортиқ Президентга яқинлаштиришни исташмади, шекилли, Элёр Ғаниевнинг илтимослари бесамар кетди…
Лекин ўшанда ҳам у киши менга ўз муомиласини ўзгартирмади, аксинча, ҳамиша ўз имкон ва ваколати доирасида мени доим қўллаб қувватлаб келди…
9.
Элёр ака менга ҳамиша газетани аввал у кишига кўрсатиб, сўнг чоп этишим мумкинлигини ўқтирар эди.
Бир куни қабулига борсам, касал дейишди. Қайтиб кетаётганимда, қўлимга телефон қилиб, Элёр ака уйида мени кутаётганини айтишди.
У кишининг уйига бориш бу жуда катта ишонч эди.
Чунки вазирликда Элёр Ғаниевнинг обрў эътибори ва нуфузи ниҳоятда баланд бўлиб, у билан яқинлик худди Президент билан яқинликдай қадрланар ва шарафланарди.
Унинг уйига бориш ҳуқуқи ҳам камдан кам кишиларга бериларди.
Шофёрим билан аввал Олой бозорига кириб, мева-чева харид қилиб, сўнг Элёр аканинг уйига бордим.
Низомий пединститути атрофидаги  шинам ҳовлилардан бирида яшашаркан. Ўткир исмли шоёрларининг уйи ҳам шу атрофда эканини билардим.
Ҳовлига кириб, кўрганим – озода ва саришта саронжомлик мени қанчалик ҳайратлантирган бўлса, унинг оддий ва кўримсизлиги шунчалик лол қолдирди.
Мен Ислом Каримовнинг қудратли вазирларидан бири ҳовлисини мутлақо бошқача тасаввур қилган эдим.
Адашган эканман.
Болалигим ўтган Китобдаги раҳматли отамнинг оддий, лекин файзли ҳовлисига ўхшаб кетарди Элёр Ғаниевнинг ҳовлиси…
10.
Бугун икки қўлимни кўксимга қўйиб, адолат ҳаққи ҳурмати айтишим керакки, Элёр Ғаниев Ўзбекистон Олий раҳбариятида мен билган жуда кам сонли ҳалол ва адолатли мулозимлардан.
Ё МХХ га яқинлигими, ё Президентнинг ишончими, билмадим, ҳар қалай Элёр Ғаниев Ўзбекистон Олий раҳбариятидагилар орасида ўзини ва ҳалоллигини сақлаб қололган эди.
Элёр Ғаниев ўз туғилган кунини бошқа раҳбарлардек ошкор ва довруғли қилиб нишонлашни истамасди.
Қимматбаҳо совға салом қилинишига мутлақо изн бермасди. Бир оғиз ширин сўз, нари борса – бир даста гулга рухсат бериларди, холос.
Унинг энг яқин одамларигина буни билар, туғилган куни ҳар гал  ортиқча ваҳима-ю, дабдабаларсиз камтаргина нишонланар эди.
“АиФ” мухбирлари Ислом Каримов билан учрашиш учун Тошкентга келишганида (мен уларга Ислом аканинг топшириғи асосида ҳамроҳлик қилган эдим. Бу ҳақда ҳам “Оқланмаган ишонч қиссаси”да батафсил ҳикоя қилинган) менга чиройли бир кулдон совға қилишган эди.
Бир гал Элёр Ғаниевга нима совға қилишни билмай, гардишига “АиФ” сўзи ўйиб ёзилган ўша кулдонни олиб бордим.
Ҳар гал совға саломимизни ўзимиз билан бирга қайтариб юборадиган Элёр Ғаниев бу гал ажиб бир самимият билан совғани қабул қилди…
Билмадим, ҳозир ҳам бу кулдон унинг иш столида борми ё ўтган шафқатсиз йиллар силсиласида биз каби йўқолиб кетдими, билмадим.
Лекин менинг қалбимда у кишига нисбатан сақланиб қолган эҳтиром ва эътиқод ҳануз сўнмаган…
11.
Элёр Мажидович!
Гарчи мен Ўзбекистондан шахсан Сиз туфайли чиқб кетган бўлсам ҳам (Мен буни бугун биринчи маротаба элга ошкор этаяпман), бугун 1 январь оқшомида Сизни олис Канададан туриб худди ўтган кунларимдагидай табриклашни ихтиёр этдим.
Қиёслаш ва қадр  – йиллар ўтиши билан янада ойдинлашиб, тиниқлашади, маълум  фикр ва хулосага келинади деганлари рост экан.
Мен Сизнинг тимсолингизда Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги энг ишончли ва ўз ўрнига муносиб, иймон эътиқодли, ҳалол ва халқпарвар бир мулозимни кўргандек бўламан.
Биламан, шоҳга яқин бўлиш – ўткир қиличнинг дамида юришдек қийин ва фожеали иш.
Лекин мана йигирма йилдирки, Сиз бу муракаб ва оғир ишни уддалаб келяпсиз. Уддалаганда ҳам шараф билан, садоқат билан уддалаяпсиз.
Олий раҳбариятдагилар ҳам, Президент ҳам буни унумасликларини, бу садоқатнинг қадрига етишларини истар эдим.
Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан:
Исмат Хушев,
1 январь, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада.

 

элёр г

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

  1. Хурматли Исмат ака! Элъёр Ганиев тугрисида шу даражада чукур хурмат ва эъхтиром билан ёзгансизки, беихтиёр одамнинг кунглида бу инсонга чукур хурмат пайдо булади. Мустакиллик йилларида мен МХХ дан заррача озор курган эмасман, шунинг учун ёмон фикр билдиролмайман. Дуч келган пайтларим хам факат яхши гап ва маслахат эшитганман, халкимиз бутунлай издан чикиб, гадо булишининг олдини хам факат МХХ катта кийинчиликлар эвазига саклаб турган булса хам ажаб эмас. Худди сиз кандай ишонсангиз, мен хам ишонаман МХХга!

  2. Кодир

    Исмат ака. Элъёр Ганиев тўғрисида яхши гаплар ёзибсиз. Бу яхши. Балки ҳақиқатан ҳам яхши мулозимдир. Лекин бу киши янги Ўзбекистон раҳбарлигигиа мутлақо номуносиб инсон. Нимага? Сабаби, авваламбор, Ганиев МХХ тизимидан чиққан. Бу тизимдан чиққанларда қандайдир бир муҳим сифат етишмайдики, олий раҳбарликка номуносибдир. Бу тизимда ишлаш оқибатида, инсон ўзида муҳим сифатларини йўқотиб қўяди шекилли, биронтасида истараси иссиқ эмас. Халқ бу тизимдан чиққанларни умуман қабул қилмаса керак. Сабаби, халқнинг тарихий хотираси кучли. Айнан шу тизим (дастлаб НКВД, кейин КГБ) ходимлари халқни алоҳида қийратган, хору зор қилган. Шу сабабли халқ бу тизимдагиларни унчалик хушламайди. Балки бу хушламасликда асос ҳам бордир. Энг маъқул йўл бу тизимдагиларни фақат ўзининг тизимига қўйиш, бошқа соҳаларга умуман яқинлаштирмаслик керак. Агарда И.А.Каримовдан кейинги президент шу тизимдан бўлса, халқ яна умидсизликка тушади, чунки тарихдан маълумки бирон маротаба хавфсизлик тизимидан чиққанлар яхшиликка олиб келмаган. Нима бўлса ҳам президентимиз И.Каримовга ҳозир етадигани йўқ, соғ-омон бўлиб турсинлар, ислоҳотларни яна жонлантириб юборсинлар ва хавфсизлик тизимидагиларни фақат ва фақат хавфсизлик тизимига қўйсинлар, бошқа соҳаларга яқинлаштирмаганлари маъқул.

    1 шарҳ

    1. Kenjabiy

      Миллий давлатчилигимиз куч ишлатар тизимларидаги Элёр Ғаниевга ўхшаган инсофли, диёнатли, дунё сиёсати ва иқтисодиёти миқёсида тўғри фикр юрита олувчи тафаккури кенг халқпарвар қадрларимизнинг борлиги сабабли ҳам яшаб келаётганлиги сир эмас.
      Мақола жуда самимий ёзилган. Бу мақола бир мард йигитнинг иккинчи бир мард йигитга бўлган самимий эътирофи бўлиб туюлди менга.

Один комментарий к “Исмат Хушев: 1-январь – Йигирма йиллик вазир Элёр Ғаниев туғилган кун”
  1. Мақоладаги: «Ислом Каримов раҳбар бўлган давр – Ўзбекистон тарихида шонли ва шавкатли саналар билан бирга – қонли ва ҳалокатли солномаларни ҳам ўз ичига олади» сатрлари инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат бўлиб туюлди менга.
    Ўша қонли ва ҳалокатли салномалар, Каримовнинг диктаторлиги ўзбек ҳалқини араб баҳоридан асраган бўлса буни тарих кечиради. Мен буни Каримовдан энг кўп ноҳақ азият чеккан мужоҳирлардан бири сифатида, адолат ҳаққи айтаяпман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *