Ургутлик ёлғиз бўри (Карим Баҳриевнинг сиёсий портретига шарҳ)
(2-32)
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ИККИНЧИ КИТОБ
Суратда: Журналист Карим Баҳриев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан Олий Кенгаш сессияси президиумида, 1991 йил, Тошкент…
32 боб
УРГУТЛИК ЁЛҒИЗ БЎРИ – БЎРИЛАРНИНГ ЗЎРИ
(Ўзбекистонлик таниқли журналист Карим Баҳриевнинг сиёсий портретига чизгилар)
Муқаддима
1.
Кимнинг бўри бўлгиси келмайди?
Бу бизга аждодларимиздан қолган азалий одатдир. Эҳтимол шунинг учун ҳам туркий боболаримиз байроғида бўрилар рамзи бўлса, ажаб эмас. Бу одат то ҳануз авлоддан авлодга ўтиб, давом этиб келмоқда.
Шу маънода Карим ўзини Ургутнинг бўриси дейишни хуш кўради. Аслини олганда ижод аҳлининг ҳаммаси ўз маконида ўзини ижодкор қавмининг бўрисиман деб билади.
Бироқ Пойтахтга – Марказга келганда кўпгина бўриларнинг шоқолга айланиб қолиши ҳам бор гап.
Лекин менинг дўстим Каримжон пойтахтда бўрилар ичида бўри бўлиб қолмай, балки бўриларнинг зўрига айланди десам, ҳақиқатни айтган бўламан…
2.
Минг афсуски, Ўзбекистонда яшаш ва умргузаронлик қилиш – тулкиларга осон-у, бўриларга доим қийин бўлиб келган.
Мен буни кўп марта айтдим ва ёздим.
Боз устига бўри ёлғиз бўлса, бунинг устига – қайсар ва ўжар, ўз сўзи ва йўлидан қайтмайдиган бўлса…
Шу боисдан ҳам Каримга осон бўлгани йўқ.
Чунки бўрилар ўз табиатига кўра ҳеч кимга бўйин эгмайдиган, рақиблари билан доим ёлғиз ва беомон, тенгма тенг курашадиган жонзот…
3.
Баъзан унинг саҳифасида ажабтовур бўриларнинг турли туман суратларига кўзим тушади.
Бу расмларни у аллақаерлардан топиб қўяди, баъзиларини ўзи чизади, рассомлик одати ҳам борлигини биламан.
Яна шуни яхши биламанки, унинг бўрилар билан тиллашадиган тили бўлса ҳам ажаб эмас.
У руҳан бўрилар ичида яшайди.
Ўйлайманки унга ортиқча баҳонинг кераги йўқ…
Танишув
Каримжон ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр уни биринчи маротаба учратган кезларим ёдимга тушади.
Ўшанда “Саодат” журналидаги танқидий мақолам учун қувғинга учраб, эзилиб юрган дилтанг кунларим эди. Ҳамкасбларим бўлмиш дўст-у, биродарларим ҳам мендан ўзларини олиб қочарди.
Ана шундай ёлғиз ва фаромуш кунларимнинг бирида мен танимайдиган бўйчангина, озғин бир йигит қўлимни самимий сиқиб: “Исмат ака, сиз тўғри йўлдасиз, чунки яхши ва ҳалол, лекин суянчиғи йўқ одамларни ҳимоя қиляпсиз. Ёзувчини амалдор ҳеч қачон яхши кўрган эмас. Машрабни осганлар, Фурқатни Ёркентга қувганлар. Бизнинг мансабдорлар ҳам шундай. Хафа бўлманг”, – деб далда берди.
У пайтлар республикамизда Усмонхўжаевнинг ҳукмронлик даври эди. Бу самимий, таскин сўзларни эса ўша пайтда дадил айта олган дўст – Карим Баҳриев бўлди…
Депутатликка номзод
Кейин йиллар ўтиб, Ўзбекистонда ҳукмдорлар бирин-кетин алмашди. Усмонхўжаевнинг ўрнига Нишонов, ундан кейин Каримов ҳокимиятга келди.
Парвоз ва инқироз, қувонч ва ташвишларимиз билан биргалашиб биз ҳам ўсиб, улғайдик.
Михаил Горбачёвнинг СССР раҳбарлигига келиши баробарида бепоён советлар юрти узра кеза бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик шабадалари бошқа республикалар қатори Ўзбекистонга ҳам кириб кела бошлади.
Шак-шубҳасиз Каримжон ҳам талантли йигит эди. Самарқанднинг Ургут туманида туғилиб ўсган бу ўткир ва ҳур фикрли журналистни ҳамюртлари ишонч билдириб Олий Кенгаш депутатлигига номзод қилиб кўрсатишди.
Негаки, унинг ўзбек матбуотида, айтиш мумкинки, сиёсатида ҳам ўз муносиб ўрни бор.
Лекин менга ўхшаб ғўрлиги, сиёсий жиҳатдан пишиб етилмагани боис узоқ йиллар қоқилиб юради.
Биз бугун истеъдодли журналистнинг ана шу жўшқин фаолияти, бир сўз билан айтганда унинг ўзбек матбуоти ва сиёсатида ўтган нурли ва бетакрор кунлари ҳақида баҳоли-қудрат ҳикоя қилишни ихтиёр этдик.
Карим Баҳриев Ўзбекистон ва унинг Мустақиллигига, Озодлик ва Демократияга содиқ йигит. Мулоҳазали ва талантли журналист.
Тўқсонинчи йилларда, унинг номзоди депутатликка қўйилганда, ўзининг айтишича, энг яхши мақолани мен ёзган эканман.
Мана ўша мақола…
Суратда: Ҳали ҳеч ким танимаган ва билмаган икки ўзбек журналисти Исмат Хушев ва Карим Баҳриев, 1990 йил, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон…
ИШОНЧГА САЗОВОР ЖУРНАЛИСТ
(Ёш, истеъдодли журналист Карим Баҳриев Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатилди)
Биз журналистлар кўпинча дунёдан нолиб, жиғибийрон бўлиб юрамиз-да, сўнг: “Бизни ўзи ким ҳам тушунарди. Амалдорни инсофга чақирсанг, қулоқ солмаса, халқни уйғотмоқчи бўлсанг, уйғонмаса. Биров бизни билармиди?”, – деб қўл силтаб қўямиз.
Йўқ, халқ билар экан! Яқинда ургутликлар 327-Қўйи қишлоқ сайлов округидан Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига Карим Баҳриев номзодини кўрсатишди. Уни, айниқса, ёшлар қўллаб-қувватлашди. Чунки у ВЛКСМ аъзоси, жумҳурият Ёшлар ташкилоти Қўмитаси аъзоси, бевосита ёшларнинг дилидагини билади.
Тақдир тақозоси билан мен Каримжон билан бир газетада ишлаганман. 1987- йил эди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида шаҳрисабзлик ўн етти ёшли бокира қизгинанинг номусига тажовуз қилган бир гала жиноятчилар ҳақида “Номус ўғрилари” номли суд очерки эълон қилганимда, аксарият ҳамюртларим мендан “Юзимизни ерга қаратдинг” деб нолишди. Ҳамкасбларим орасида эса биринчи бўлиб мени самимий қутлаган ва муваффақият тилаган Карим Баҳриев бўлди.
Ўшанда у менга шундай деган эди: “Энг аввало ўз халқининг ютуғини ҳам, камчилигини ҳам (ҳеч ким фаришта эмас) ўша элнинг ўз вакили айтиши керак. Бунга унинг маънавий ҳаққи бор. Ўз туғилган ерингдаги ташвиш ва камчиликни кўра туриб сукут сақлаш бу икки баробар катта жиноятдир. Шу маънода мен Сизнинг қашқадарёлик бўла туриб Қашқадарёдаги қонунсизлик ва адолатсизликлар ҳақидаги мақолаларингизни қўллаб-қувватлайман…”
1988-йил. Биз Карим Баҳриев билан бирга бир гуруҳ ёш ижодкорлар сафида Германия ва Польшага сафар қилдик. Сафардошларимизнинг аксарияти асосий вақтларини хориж магазинларида ўтказганларида ҳам мен Каримжонни ўз фотоаппарати билан Веймардаги Гёте уй-музейида, Врослав ибодатхоналарида ёлғиз хаёл суриб юрганини кўп бор кузатганман.
Ўтган йили Шаҳрисабздаги Мироқи қишлоғида ўтказилган ёш ижодкорлар семинарига ҳам Каримжон билан бирга бордик. Бир куни мен уни Китобга – ота-онам уйига таклиф этдим. Ўшанда у менинг аксарият дўстларим ҳайиқиб, тортиниб турадиган – уруш сочларини жуда эрта оқартирган кекса отам билан тезда тил топишиб, то тонггача суҳбат қурганини эслаб ҳамон ҳайратланаман. Ундаги ўз ёшига нисбатан эрта уйғонган бу фазилат, бу фозиллик қаердан пайдо бўлган деб ўйлаб қоламан.
Кунларнинг бирида шунга ўхшаш фикрларимни адабиёт газетасида бизни кўпроқ “суяб” юрувчи Маъмуд Саъдий билан Иброҳим Ғофуровларга айтганимда “У ҳам Москвада ўқиган” деб жавоб қилишган эди. Ахир, Москвада мен ҳам ўқиганман. Мен ҳам ўзимни унча-бунчадан кам ҳисобламаслигим мумкин. Лекин Каримжонни негадир барибир ўзимдан юқорироқ қўйгим келади. Унинг рус тилида ҳам хатосиз, эркин ёзишларини, оддий бир мақолани ҳам дилдан, самимий ва содда тилда ўқувчига етказа олишларини ўйлаб, уни ўзимдан устун қўйиб хато қилмаётганимга яна бир бор амин бўламан.
Мен масалани бу тарзда таҳлил этаётганим баъзилар учун эриш туюлиши мумкин. Негаки, Каримжон билан биз деярли тенгдошмиз. Икковимиз ҳам бирин-кетин Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битирдик. Бирин-кетин адабиёт газетасига ишга келдик. Бирин-кетин ўттиз ёшлилар сафига бориб қўшилдик.
Одатда ўттиз ёшли балоғат ва камолот пиллапоясидан туриб ўз тенгдошинг ижодини кузатсанг, кўпинча киши сезмаган ҳолда бировдан кўра ўзининг ютуқларини кўпроқ излаб қолади. Шунинг учун ҳам мен бугун шу пайтга қадар Карим Баҳриев ҳақида ўйлаб юрганларимни ҳеч бир бўёқсиз, қўшиб-чатмай, қандай бўлса шундайлигича қоғозга туширишга жазм этдим.
Токи бизнинг авлодимиз ҳам ўз сафидаги етук ва баркамол фикрловчи тенгдошларини , дўстларини ҳеч бир ҳадик ва ҳасадсиз тан оладиган бўлсин. Уларни жумҳурият олий органларига берашк-у, беҳасад чин дил билан йўллай олсин. Ахир “фалончи депутатликка ўтиб кетибди, менинг ундан қаерим кам” деб айюҳаннос солаётганлар, ўз манфаати йўлида қайта қуриш сиёсатини ҳам, партия обрўйини ҳам қурбон қилиб, ўзини “янги давр арбоби” дея эълон қилаётганлар озми сафимизда.
Мен яқинда “Московские новости” газетасида ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Аппарат ўйинлари” номли мақоласини ўқиб қолдим. Муаллиф фикрича гўё Ўзбекистонда бу йил ҳам ўтган йиллардагидек сайлов ўйинлари, партия ташкилотларининг лўттибозликлари давом этаётган эмиш. Бунга мисол қилиб Темур Пўлатов адабиёт, санъат ва илм-фан оламининг вакиллари ҳеч қаердан номзод қилиб кўрсатилмади, деган бемаъни ғояни илгари суради.
Темур Пўлатов нима мақсадда бундай бўҳтон сўзларни айтганини мен билмайман. Лекин мен Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Солиҳ, Шерали Жўраев, Пиримқул Қодиров, Абдусаид Кўчимов, Олмахон Ҳайитова, Турсуной Содиқова, Тошпўлат Аҳмедов, Жаҳонгир Маматов ва Карим Баҳриев каби неча ўнлаб шоир, ёзувчи, ҳофиз ва журналистларнинг Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига номзод қилиб рўйхатга олинганини яхши биламан.
Жумҳуриятимиз тарихида ҳеч бир даврда, ҳеч бир сайловда бу қадар кўп адабиёт ва санъат вакилларига депутат бўлиш учун эркинлик ва имконият яратилмаган эди. Биз буни тан олмасак нонкўрлик бўлади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, етмиш йилдан бўён миллий классик қўшиқларимиз ижрочиларидан бирортаси ҳам жумҳурият олий органларига депутат қилиб кўрсатилмаган экан. Фақат Ҳалима Носировагина СССР Олий Советига депутат бўлган, холос. Темур Пўлатов айблаётган бу йилги сайловдаги халқчиллик ва адолат туфайли Шерали Жўраев номзоди жумҳурият халқ депутатлигига кўрсатилди ва рўйхатга олинди.
Биз ёзувчилар икки хил қаламга, икки хил сиёсатга ўрганмаслигимиз керак. Ҳамиша ўз бемаъни манфаатимизни халқ манфаатидан, жумҳурият манфаатидан устунлик қилишини жиловлаб туришимиз лозим.
Ёш ва умидли журналист Карим Баҳриев номзодининг Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига кўрсатилиши ва рўйхатга олиниши ҳам менинг назаримда қайта қуришнинг, жумҳурият партия Марказий Комитетига ишга келган янги ва одил раҳбариятнинг олиб бораётган оқил сиёсати натижасидир.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир! Авваллари шундай жасур ва журъатли журналистларни номзод қилишга қўйишармиди? Ургутликлар уни сайлашадими, йўқми, билмадим, лекин барибир номзод сифатида яхши одамни танлаганларидан хурсандман. Негаки, энди ясама, гўл депутатларнинг пайти ўтди. Бир дўстим бошлиқлар бева бир аёлни паранжисини олиб, ялиниб депутат қилганликларини, Тошкентга сессияга ҳар гал қайнотасидан ижозат сўраб зўрға олиб келганларини ҳикоя қилиб берган эди. Хайрият, одамлар бундай қўғирчоқ депутатлар керак эмаслигини бугун англаб етмоқдалар.
Мен бугун Карим Баҳриевнинг ўткир публицистик мақолаларини, матбуот саҳифаларидаги қатор дадил чиқишларини тилга олмадим. Мен унинг ҳақида ўзим ёнида юриб кузатган, хаёлимдан кечган фикр-ўйларимни қандоқ бўлса, шундайлигича ёзишга қарор қилдим, холос. Бу ихлос ва эҳтиромга мен табиийки унинг қадди қомати учун эмас, балки ёзганлари учун, адолатсевар ва курашчанлиги учун ихтиёр сездим.
Мен унда депутатликка муносиб нималарни кўраман? Биринчидан, унда уйғоқ қалб, фикрловчи тафаккур бор. Адабиёт газетасига бош уриб келган жабрдийда одамларнинг арзини олиб гоҳ Сурхондарёда, гоҳ Хоразмда, гоҳ Бухорода юради.
Бир куни ўғли армияда ҳалок бўлган ғаллаороллик отадан редакцияга хат келди. Бош муҳаррир уни “Карим ёки Исмат бориб келсин” деб хатлар бўлимига ўтказибди. Эрта борарман, индин борарман деган ўй билан хатни бир ҳафтага яқин столим устида сақлаб юрдим. Бир куни уни излаб тополмадим. Бўлим мудиримиз Муҳаббат Туробова хатни Карим олиб Ғаллаоролга жўнаб кетганини айтиб қолди. Рости, жаҳлим чиқди. Мавзу яхши эди. Кўпчиликнинг ичидаги дард эди. Ўзим ёзмоқчи эдим…
Уч кун ўтиб Каримжон қайтди. Очилиб сўрашмадим. Яна уч кун ўтиб қўлимга бир мақола тутқазди, кўриб беринг деб. Ҳам алам, ҳам носамимийлик билан ўқий бошладим. Ўқий бошладим-у, Каримни барибир ёмон кўра олмаслигимни, у мақолани мендан ҳам яхши ёза олишини беихтиёр тан олгим келди. Карим мақолани йиғлаб ёзган эди. Мен ҳам уни йиғлаб ўқидим. Уни, балки Сиз ҳам, муҳтарам дўст, йиғлаб ўқигандирсиз. У “Ой бориб омон қайтмаган болам” номли мақола эди…
Каримда иқтисодий билим бор – у “Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь” журналлари таҳрир ҳайъатининг аъзоси. Унинг жумҳуриятни хўжалик ҳисобига ўтказиш борасида ўз режалари борлигини яхши биламан. Самарқанд вилоятини мева-савзовотчиликка ихтисослаштиришга, Зарафшон дарёсининг тозалигини асраш учун Самарқанд-Навоий-Бухоро ҳаракати уюштиришга доир мулоҳазаларни излаб юрганидан хабардорман.
У бир куни менга дабдурустдан “Исмат ака, амалдорлар биз ёзган билан пора олишни бас қилмайдилар, келинг, халққа: “Одамлар, пора берманг!” дея мурожаат қилайлик” – деган эди. Агар депутат бўлса, энди бу борада ҳам аёвсиз курашиши аниқ.
Карим Баҳриев ҳар сафар Ургутга бориб келгач, “Халқ жуда сабрли-да, Испанзанинг ичкари йўлларидан бронетранспортёр ҳам юролмайди, Қуйи қишлоқда мактаб қуриш керак, Жайрада болалар боғчаси йўқ, ёшлар ишсиз – саноат корхоналари қуриш лозим, тамакининг аччиғини айтмайсизми?!
Ай, бу ургутликларни асраш керак”, деб фиғони фалакка чиқарди. Агар депутат бўлса, ўзи шу ишларни қилади, албатта. Ўзи ўша жойларда туғилган, билади…
Исмат ХУШЕВ,
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь” журналлари
Бош муҳаррири вазифасини бажарувчи.
(“Ёш ленинчи” газетаси 1990-йил, 13- февраль, №30)
Суратда: Уч журналист – Дадахон Ёқубов, Исмат Хушев ва Карим Баҳриев Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияси залларида. 1990 йил, Тошкент шаҳри.
Масъул котибликка тайинлов
Хуллас, Каримжон Ургутдан депутатликка сайланди. Қувончимизнинг чеки йўқ эди. Сўнг кўп ўтмай Ўзбекистон Халқ депутатларининг биринчи сессияси иш бошлади.
Унинг номзодини бошқалар билан бир қаторда “Миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият” қўмитаси масъул котиблигига тавсия қилишган экан.
Лекин Қўмита раиси Пиримқул Қодиров Каримжонни тасдиқлашни негадир анча пайт пайсалга солиб келибди. Бу ўринга у бошқа номзодни кўзлагани маълум бўлгач, Каримжонга ёрдам бермоқчи бўлдим.
Сессия давом этаётган кунларнинг бири эди. Залнинг охирида танаффус пайти катталар дам оладиган жой ва буфет бор. Олий Кенгаш раиси, унинг муовинлари ва Ислом ака ўша ерда енгил тамадди қилиб олишарди. У ерга баъзан мен ҳам кириб қолардим.
Қулай пайт топиб, Каримжонга: “Катталар дам оладиган хонанинг эшигига яқинроқ бориб туринг”, дедим.
Каримжон табиатан жуда тортинчоқ, катталарга яқинлашмайдиган, андишалик йигит эди: “Керак эмас, Исмат ака, тайинламаса, тайинламас, Ислом ака ҳам нотўғри тушунишлари мумкин” деб истиҳола қилди.
Лекин мен «ҳақни талаб қилиш керак бўлган пайтда одам андишани ҳам бир оз унутиб, ҳаракат қилиши керак” деган ақидага амал қиладиган ўжар йигит эдим, кўнмадим.
Ўзим Ислом аканинг ёнига бориб: “Ака, сессия зўр бўляпти, раҳмат Сизга!”, – дедим.
У пайтларда Олий Кенгашда мухолифатнинг вакиллари ҳам бор эди, сессиялар тўполон билан ўтарди. Лекин ўша куни “тўполончилар” жим, у кишининг кайфияти яхши эди.
– Ислом ака, битта ўртоғим бор, уни Сизга таништиришим керак, – дедим яна.
Гарчи Ислом ака шошилиб турган бўлса-да, лекин “йўқ” демади. Мен Каримни имлаб чақирдим. У югуриб олдимизга келди.
Худди кечагидек ёдимда: Ўшанда Ислом Абдуғаниевич Карим Баҳриевга синовчан назар билан, ҳеч гап айтмай узоқ тикилиб турдилар. У кишининг ўткир нигоҳларига дош беролмай Каримжон ҳам ҳаяжонда ер чизиб турарди.
Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим. Кейин билсам, Ислом ака одамнинг кўзига тик қараб, унинг кўнглида нималар борлигини, ўзи қандай инсон эканлигини англаб олиш фазилатига эга зукко инсон экан.
Умуман, у кишининг нигоҳлари жуда ўткир, ҳар қандай одамни ҳам саросимага солиб қўярди. Каримжон ҳам худди шундай аҳволда қолди.
– Бу йигит Карим Баҳриев бўлади, – дедим ниҳоят сукунатни бузиб. Ислом Абдуғаниевич жим эди.
– Самарқанднинг Ургут районидан… – менинг бу сўзим ҳам у кишига заррача таъсир қилмади. Ўткир нигоҳлари билан Каримни ўрганишда давом этар, кулимсираб унга қараб турар эдилар.
– Жуда зўр журналист, яхши мақолалар ёзади, – дедим яна. – Яқинда депутат бўлди…
Бундоқ разм солсам – Ислом ака ва Карим бир-бирларини зимдан кузатишар, ўрганишар, мен эса орадаги унғайсизликни тўлдириш учун тинмай “аргумент”ларни қалаштираётган эдим.
Бу дастлабки учрашувдан сўнг уларнинг йўллари ҳали кўп бор учрашиши ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди, албатта.
Кейинчалик, Мустақиллик декларацияси қабул қилинадиган куни – 1990-йилнинг 20-июнида улар узоқ баҳслашадилар. 1991-йилнинг 7-июнида Карим Баҳриевнинг адабиёт газетасида “Уйғониш машаққати” номли мақоласи чиққанда Ислом ака жиддий хафа бўладилар.
1991-йилги “Август путчи” пайти улар қўшма Президиум мажлисида яна бир бор ташлашиб оладилар.
Кейин, Карим Баҳриев бир чеккада ишсиз юрган пайтда Ислом ака уни АҚШга – у ернинг матбуоти билан танишиб келиш учун расмий сафарга жўнатади.
Суратда: Ўзбекистон халқ депутати Карим Баҳриев АҚШ сафарида
“Ҳуррият” газетаси ташкил бўлаётганда газета Бош муҳаррири номзоди сифатида тақдим этилган Хуршид Дўстмуҳаммад, Ёқубжон Хўжамбердиев, Шуҳрат Жабборов, Аҳмад Аъзам, Хуршид Даврон сингари талантли беш журналист номзодини четга суриб, яна шу “жанжалкаш” Каримни топиб келтиради.
1996-йилнинг 19-декабрида Президент билан бўлиб ўтган тўрт соатлик суҳбатдан сўнг Карим Баҳриев Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мустақил газетаси “Ҳуррият”нинг Бош муҳаррири бўлиб, янги газетани ташкил этади. Буларнинг бари кейин бўлади.
Ҳозирча эса мен Ислом ака билан Каримжонни ўзъаро таништираётган эдим, улар бир-бирларига термулиб, бир-бирларини ўрганиб, мени тинглашмоқда эди…
Атрофда Олий Кенгаш Президиуми раҳбарлари сессия ишини бошлаш учун Ислом аканинг бўшашини кутиб туришар, лекин Ислом ака гўё ҳеч қанақа мажлис йўқдек, бамайлихотир Каримни ўрганишда давом этардилар.
– Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган, – дедим яна фавқулодда яхши “аргумент” топилганидан қувониб. Ислом ака Каримнинг кўзларига тикилиб нималарнидир излар ва яна қайсидир саволлари жавобсиз шекилли, ҳануз сукут сақлар эдилар.
– Жуда яхши нарсалар ёзади. Яқинда “Ой бориб, омон қайтмаган болам” номли мақоласи эълон қилинди…
Ниҳоят, Ислом Абдуғаниевич Каримжон ҳақида бир фикрга келдилар, шекилли “Мақолангизни ўқидим, фақат суратини бериб бекор қилибсизлар” дедилар. Дарҳақиқат, мақоланинг ичида суд-медицина экспертизасидан сўнг танаси ёрилган аскар йигитнинг суърати ҳам эълон қилинган эди…
– Шу сурат ноўрин берилган, лекин мақола яхши ёзилган. Хўш, хизмат? – деди Ислом ака ниҳоят менга юзланиб.
Менга бироз жон киргандек бўлди. Карим ҳам нимадир деб каловланди. Фурсатдан фойдаланиб уни “Миллатлараро муносабатлар” қўмитаси котиблигига тайинлаш масаласини Ислом акага эслатдим.
Атрофимизда ўралашиб юрган Марказқўмнинг ўша пайтдаги идеология бўлими мудири Шаҳобиддин Зиёмовни Ислом ака имо қилиб ёнларига чақирдилар:
– Айтинг, яхши йигит экан, котибликка тайинлашсин!
Биз – бир тоғнинг икки ёнидаги – бири китоблик, бири ургутлик икки дўст Марказий Комитетнинг Президиум аъзолари танаффус чоғи тўпланадиган сокин ва шинам хонасидан сессия залига қанот бойлаб учиб чиқдик.
Бу – Карим Баҳриевнинг Ислом Каримов билан дастлабки учрашуви эди.
Таъбир жоиз бўлса, ўша куни Каримжон Ўзбекистон парламентининг имтиёзли лавозимларидан бирига ҳам учиб ўтган куни эди: қўмита котибининг хизмат машинаси, кабинети, ҳукумат телефони ва бошқа талай имтиёзлари ҳам бор эди…
“Уйғониш машаққати”…
Шундай қилиб энди биз Каримжон билан ҳукуматнинг турли йиғин ва анжуманларида, Олий Кенгаш сессияларида биргаликда қатнашадиган бўлдик.
У пайтларда Каримжон жуда ёш, ҳали уйланмаган эди. Биласиз, депутатлар орасида ўша пайтда мухолиф руҳдаги одамлар бўлиб, улар Президентга қарши гуруҳ тузадилар. Ўша гуруҳ таъсирига тушиб қолдими, у ёғини аниқ билмайман, аммо Карим Баҳриев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Уйғониш машаққати” номли бир мақола эълон қилади.
Бу орада мен уни Президент билан таништирганимга бир йилча бўлиб қолганди. Ислом ака сессия ва йиғинларда учрашиб қолса, Каримжон билан сўрашиб ўтардилар. Депутатлар бу вақт ичида ўзларини анчагина тутиб олишган эди.
Қисқаси, Карим Баҳриевнинг ўша мақоласида: “Ўзбекистонда демократия яна ёпила бошлади. Яқинда Ислом Каримовнинг Фармони билан нафас олиш ҳам жорий этилса ажаб эмас”, деган гаплар бор эди.
Албатта, бу гаплар “халқ қачон уйғонади, уйғониш шу қадар машаққатлими?” деган маънода айтилади.
Бундай гапларни у пайтда бемалол айтиш мумкин эди, аммо пичинг қилмасдан, бировга оғир ботмайдиган тарзда, одоб билан айтилганда олам гулистон бўларди.
Бироқ, Каримжон ҳам менга ўхшаб қовун туширади…
Уйланиш
Ўша мақола эълон қилинган пайтларда дўстимнинг тўйи яқин, у Элмира Раҳматиллаева деган қизга уйланаётган эди.
Келин бўлмиш телевиденияда ишлар, “Бу мунис лаҳзалар” номли ажойиб кўрсатувни олиб борарди. Ўзи ҳам ажойиб ва мунис қиз эди.
Суратда: Карим Баҳриевнинг уйланиш куни – никоҳ (ЗАГС) лаҳзалари. Келин билан куёвнинг ўнг томонида журналист Исмат Хушев. 1990 йил.
Мақола жума куни чиққан бўлса, шанба куни кафеда уларнинг тўйлари бўлиши керак эди. “ЗАГС”га бориш учун мен хизмат машинамни бердим.
Ажабки, «куёвжўралар»га хизмат қиладиган Олий Кенгашнинг давлат машиналари қорасини ҳам кўрсатмайди, раҳбарлар ҳам бирдан йўқолиб қолишади. Тўйда фақат менинг “13-58 ТНВ” рақамли “Волга” машинам хизмат қилади, холос…
Маълум бўлишича, мақола чиқиши билан бирдан шов-шув бўлган. Уни Ислом ака ҳам ўқиган. Ўша куни пешиндан кейин “СовМин”нинг мажлислар залида республика миқёсида жуда катта анжуман бўлади.
Йиғилиш пайти Ислом ака кутилмаганда нутқидан тўхтаб: “Баҳриев деган бир муттаҳам менга ақл ўргатмоқчи бўлибди!” дейди жаҳл билан залга қараб…
Тўй…
Қарабсизки, ўша гапдан кейин тўйга келадиган мартабали меҳмонлардан дарак бўлмайди. Тўй куни раҳбарлардан ҳеч ким қатнашмайди.
Битта ўзим куёвнинг ёнида сўппайиб ўтирдим. Ҳар ҳолда, тўй инсоннинг ҳаётида бир марта бўлади, “совуққина ўтгани” унчалик ўтиришмади…
Албатта, бу мансабдорларсиз ўтган тўй эди. Ургутдан келган Карим Баҳриевнинг қишлоқдошлари, содда ва самимий, оддий кишилар ҳеч нарсани, эҳтимол, сезмагандирлар.
Аммо ўзи ҳамма гапни билиб турарди. Ташвишли, омадсиз кунларда одамлар ўзини олиб қочишини мен ҳам жуда кўп кўрдим. Жуда яхши биламан бундай тушкун ва дилтанг дамларни.
Бу – унинг ҳаётидаги илк бор дўстларини саралайдиган кунларидан бири эди…
Суратда: Куёв бўлмиш – Карим Баҳриев, келин бўлмиш – Илмира Рахматуллаева билан асал ойида…
Тўғри, кейинчалик, биз Мавлон Умрзоқов билан қамалганда, у қамалмай қолган бўлса-да,сиёсатдан “кўчага ситиб” чиқарилди.
Кейин “Ҳуррият”дан кетганда яна ёлғиз қолди. Оғир пайтда “дўстлар” ўзини олиб қочишини кўп кўрди, ўрганди, балки, кўникди…
Карим Баҳриев тошкентлик қизга уйланган. Совчилар эса – Мавлон Умрзоқов (Ўша пайтларда Президентинг Давлат маслаҳатчиси), Хайрулла Жўраев (Президент девонининг юқори мартабали мулозими, кейин -Ўзбекистон маданият ишлари вазири), Абдуқаҳҳор Иброҳимов (ёзувчи) ва мен эдим.
Тошкентдан қиз олиш учун уч-тўрт борганимиз, тошкентлик бўлган Абдуқаҳҳор акани ишга солганимиз ҳануз ёдимда. Тўй оқшомида эса… на Мавлон Умрзоқов, на-да Хайрулла Жўраев кўринди.
Мавлон ака Сирдарёга борганда номақбул овқат еб, қориноғриқ бўлганини айтганди. Унинг оила аъзолари-чи?! Улар нега келмади унда? Ахир Ҳалима опа Каримни жуда ҳурмат қиларди-ку! Тўйда – Карим ва менинг устозимиз, бизни “Адабиёт” газетасига ишга олиб, одам қилган отахонимиз Одил Ёқубов иштирок этиб, сўзладилар, холос…
Ислом аканинг ғазаби…
Хуллас, бир мақола ўша пайтда ана шунақанги ажабтовур “акс-садо” берган эди.
Аслида «Адабиёт» газетаси Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев Каримжоннинг бу мақоласини жума куни эълон қилиш баробарида, эрта – шанба куни бўлиши мўлжалланган унинг тўйига муносиб тўёна бўлади деб яхши ният қилгани, табиий.
Лекин Ислом аканинг мажлисдаги биргина ғазабнок “нутқи” билан ҳамма нарса остин устин бўлиб, тескари айланиб кетади. Ўшанда янглишмасам, Вазирлар Маҳкамасида ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлади. Жой етмагани учунми, биз Карим икковимиз битта стулда ўтириб қоламиз.
Ислом ака Каримга ўқрайиб қараб турибди. Мен ўзимни қўярга жой тополмайман. Қанийди иложи бўлса-ю, залдан қочиб чиқиб кетсам!
Ислом ака менга ўқрайиб боқаркан, худди “Таништирган ўртоғингнинг падарига лаънат!” деяётгандек эди.
Ниҳоятда мулзам бўлдим.
Танаффус пайтида, Ислом аканинг бу қадар ғазабланишини кутмаган Каримжон қаёққадир йўқолиб қолди. У пайтлари Шукрилла Мирсаидов “СовМин”нинг раиси эди. Йиғилишни Шукур ака бошқарарди, Ислом ака унинг ўнг томонида ўтирарди.
Олтинчи қаватдаги ўша зал деразаларининг рафида электр самоварларда шақиллаб қайнаган чойлар дамланган турарди. Чунки Мирсаидов жуда кўп чой ичарди.
Танаффус пайтида югуриб уларнинг ёнига бордим. Ислом ака менга ўқрайиб қараб қўйди. Шунда Шукрилла Раҳматович:
– Лўттибоз ўртоғинг хол қўйибди-ку! – деди зардаси қайнаб.
Мен бусиз ҳам Ислом аканинг қаршисида баттар типирчилаб турардим.
Улар сўрамаса-да, қўлларим қалтираб, аввал Ислом акага, сўнг Мирсаидовга чой қўйиб узатдим. Ислом ака чой ичиб, сал ўзига келди.
Атрофдан ҳамма қочиб кетган, фақат “СовМин”нинг иш бошқарувчиси Хайрулла Исматиллаев бир четда бизни кузатиб турар, лекин у ҳам яқинлашиб, чой қўйиб узатишга ботинолмасди.
Мен бунақа вазиятлардан чиқиб кетишга жуда уста эдим. Катталар сўка бошлаган пайтда бирданига чой қўйиб хушомад қилишни ўрнига қўярдим.
Улар тик турганча чой ича бошладилар. Одамлар олисроқдан бизларни кузатиб туришибди. Шунда Ислом ака:
– Кимни менга тавсия қилган эдингиз? – дедилар сал ўзларини босиб.
– Ўзим ҳам билмай қолдим, Ислом ака, – дедим талмовсираб.
– Муттаҳам бола экан-ку, жўжахўроз! Менга ақл ўргатмоқчи бўлади-я…
“Ғафлатдаги дўстга”…
Мен Ислом аканинг кўзларига қараб, Каримжоннинг бу шаккоклигига нима биландир жавоб бериш лозимлигини англаб етдим.
– Ислом ака, тушундим. Мен хатоимни тўғрилайман, – дедим нима учундир.
Нима учун шундай деганимни ҳануз билмайман. Ислом аканинг ўткир нигоҳларига боқиб кўнглим сездики, мен Карим Баҳриевнинг ўша чиқишига жавоб ёзишим керак эди.
Бу пайтга келиб Ўзбекистон матбуотида Рафиқ Нишоновга бағишланган “Очиқ хат”им эълон қилинган, у кишини ёқлаб Москванинг “Правда” газетасида эса менга қарши мақола ҳам чоп этилган, анча мунча машҳур бўлиб қолган эдим…
Хуллас, Ислом ака қаттиқ – хафа, мен эса – мулзам бўлдим. Карим ҳам қайтиб қорасини кўрсатмади. Энди йиғилишда ўтиришдан маъно қолмади.
Уйга бориб ўша заҳотиёқ Каримга очиқ хат ёзишга киришдим. У “Уйғониш машаққати” деб мақола ёзган бўлса, мен “Ғафлатдаги дўстга” деб унга жавоб ёздим.
Бу хатни, рости, эзилиб, қийналиб ёздим. Бир томондан уни яхши кўрсам, дўстим деб билсам, бошқа томондан у мени Ислом аканинг олдида изза қилди, хижолатга қўйди деган бир ўкинч ва алам бор эди кўнглимда.
У аслида тўғри гапларни ёзгани билан эса ишим йўқ эди. Мени у Президент олдида хижолатга қўйди, бу гапларни бошқалар айтса ҳам, Карим айтмаслиги керак эди деб ўйлардим.
Эълон қилинмаган очиқ хат…
Бу орада, бошқа мулозимлар қочиб қолгани боис, кечқурун унинг тўйини ўтказиб, ўзимни мажбурлаб бўлса-да, ёнида “куёвжўралик” қилиб турдим.
Тўйдан сўнг орадан роппа-роса уч кун ўтиб, навбатдаги Сессия ўз ишини бошлади. Мен одатда Зелемхон Ҳайдаров, Георгий Крайнов, Исмоил Жўрабеков, Зокиржон Алматов, Жаҳонгир Ҳамидов ва Мавлон Умрзоқовлар билан биринчи қаторда – Ислом аканинг шундоққина рўпарасида ўтирардим.
Сессия ишида иштирок этаётган журналистларга раҳбар этиб тайинланган “Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррири Анвар Жўрабоев мени эгаллаб турган лавозимим бўйича белгиланган жойда ўтиришга даъват этса-да, лекин мен ҳар гал ўша юқорида номлари келтирилган мулозимлар билан бирга ўтиришни истардим.
Хуллас, ўша куни ҳам биринчи қаторда ўтирганимда Ислом ака менга шундай нигоҳ ташладики, беихтиёр шитоб ўрнимдан туриб у кишининг ёнига бордим.
– Ислом ака, мана, мен Каримга очиқ хат ёздим, мени кечиринг…- дедим.
Товба! Бугун, орадан шунча йиллар ўтиб, ўша пайтларда Ислом аканинг кўзига қараб, унинг дилидан нималар кечганини англаб қилган ҳатти-ҳаракатларимдан ҳайратга тушаман.
Каттакон бир мамлакатнинг Олий Кенгаш сессияси бўлаётган бир пайтда мажлис шоҳсупасида ўтирган Президент чақирмаса ҳам, унинг нигоҳига боқиб, дадил ўрнимдан туриб, олдига борганларимни эсаб, ўша пайтда у киши мени залдан ҳайдаб чиқарса нима бўларди деб ўз-ўзимга қайта қайта савол бераман.
Лекин у киши мени ҳеч қачон ҳайдаб солмаган, нега биринчи қаторда ўтирибди бу валломат деб қўриқчилари-ю, хизматкорларига имо қилмаган.
Ўша куни ҳам шундай бўлди. Сессия давом этаётган пайтда дадил ўрнимдан туриб, у кишининг олдига бордим. Очиқ хатни Ислом акага бериб, жойимга қайтиб келиб ўтирдим.
Етти бетлик хатни Ислом ака қайта-қайта ўқиди. Сўнг менга ўйчан бир ҳолатда қараб, бош чайқаб қўйди. Юрагим “шув” этиб кетди. “Ёқмабди!” деган фикр келди дастлаб кўнглимга.
Танаффус бўлган заҳоти Ислом ака қўли билан ишора қилиб мени чақирди. Учиб у кишининг ёнига бордим. Ислом ака менинг елкамга меҳрибонларча қўл ташлаб парда орқасига бошлаб кетдилар. Бутун зал бизни кўриб турибди. Парданинг орқасига ўтганимиздан кейин Ислом ака хатни қўлимга қайтариб бериб:
– Ўқидим, – дедилар. – Жуда яқин оғайни экансизлар. Бу хатни ўқиб мен ҳам эзилиб кетдим. Лекин буни архивга ташлаб қўйинг, эрта бир кун хотираларни ёзганда, фойдаланарсиз, – деб хулоса қилдилар самимий оҳангда.
Ислом Каримов ана шунақа одам! У киши сиёсат учун, ҳатто ўзининг фойдаси учун бўлса-да, икки дўстнинг юз кўрмас бўлиб кетишини истамади, мардлик қилди!
Мана бугун, орадан йиллар ўтиб, Ислом ака эълон қилмай Каримжон билан менинг дўстлигимни асраб қолган ўша тарихий хатни энди китобимда эълон қилаяпман.
Ҳозир биламанки, агар ўша пайтда бу хат матбуотда эълон қилинганда ниҳоятда ноқулай иш бўларди. Ислом аканинг донишмандлигига ўшанда тан берган бўлсам, шу тобда, орадан йиллар ўтиб, яна бир марта у кишининг узоқни кўра олганига қойил қоляпман!
Кейин орадан маълум вақт ўтгач, Жаҳонгир Маматовга ёзган очиқ хатим матбуотда эълон қилинди. Бу хат ўз вақтида Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётида катта воқеа бўлган эди.
Ислом Каримов Жаҳонгирга ёзилган бу хатнинг эълон қилинишига ҳам даставвал қарши эди. Лекин кейинчалик унинг эълон қилинишига билиб ё билмай имконият яратади.
Бугун ўша воқеаларга холислик билан ёндашиб, фикр юритадиган бўлсак, Жаҳонгирга бағишланган мақоланинг ҳам эълон қилиниши аслида нотўғри бўлган.
Хуллас, Каримга бағишлаб ёзган очиқ хатим эълон қилинмайди. Ислом ака бағри кенглик қилиб, уни ўзимга қайтариб берадилар.
Бугун ушбу сатрларни ёзар эканман, “агар Ислом ака бу мақолани ўша пайтда эълон қилганида нима бўлар эди?” деб ўз ўзимга савол бераман. “Даҳшат бўлар эди!” деган жавоб келади ғойибдан. Мен Каримнинг кўзларига қандай қилиб қарардим кейин…
Каримжон ҳозиргача “Ўша хатни бир ўқиб кўрай”, деб кўп бор илтимос қилган, аммо хатни беролмаганман, ўқитишга уялганман.
Дўстим Каримжон!
Мана, ўша Сизга неча йиллардан бўён ўқитолмай юрган «Очиқ хат»ни энди китобимда чоп этишга қарор қилдим.
Ишончим комилки, ушбу довдир туйғуларга қоришган нодон кўнгилнинг номасини ўқиб, буни чоп этишга ҳожат йўқ деб бизнинг дўстлигимизни сақлаб қолган Ислом акага Сиз ҳам раҳмат айтсангиз не ажаб!
ҒАФЛАТ УЙҚУСИДАГИ ДЎСТГА
(Ўзбекистон халқ депутати Карим Баҳриевнинг “Уйғониш машаққати” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991-йил, 7-июнь, 23-сони) номли мақоласини ўқиб)
Каримжон!
Шунча йил Сиз билан дўст тутиниб, куни кеча никоҳ тўйингизда иштирок этиб, бугун эса Сизга матбуот орқали мурожаат қиламан деб сира ўйламаган эдим. Мен адабиёт газетасида яқинда эълон қилинган “Уйғониш машаққати” номли мақолангизни назарда тутаётганимни сезгандирсиз.
Тўғри, биз Сиз билан олдин бугунги янги кун, республикада Президент бошчилигида олиб борилаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий янгиликлар, воқеа ва ҳодисалар хусусида жуда кўп маротаба баҳслашган ва узоқ тортишувлардан сўнг бўлса-да, аксарият ҳолларда умумий ва хайрихоҳ бир фикрларга кела олган эдик. Лекин бу гал мен сўнгги мақолангизни ўқиб, рости, Сиздан қаттиқ ранжидим.
“Депутат бўлгач, менинг ниятим битта эди, – деб ёзгансиз мақола бошида, – энди бу маъмурий буйруқбозлик тузумининг куни битган, уни ўзгартириш керак!”
Йўқ, Каримжон!
Бу қутлуғ ният Сиз депутат бўлгунга қадар республика тепасига келган янги раҳбариятнинг ҳам қалбида бор эди. Ва бу соғлом, ҳалол ва мард раҳбарият бугунга қадар ушбу хайрли ниятни оғишмай амалга ошириб келяпти. Сиз эса ижобий ўзгаришларни кўра-била туриб: “…биз “демократлар” деб ном олдик. Жамиятни қайта қурамиз деб ишондик, алданганимизни кечроқ сездик”, – деб мискин бир хулоса ясайсиз.
Наҳотки, йигирма миллионли каттакон ва қудратли республикадан сайланган 500 нафар халқ депутати орасидан фақат Сиз ва ўзларини норасмийлар деб атаётган уч-тўрт кишигина “демократлар” ҳисобланиб, қолганлар “консерваторлар” бўлса?!
Наҳотки СССР деб аталмиш бутун бир мамлакатда тартибсизлик, очлик ва ур-тўполон ҳукм суриб турган бир пайтда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан энг мўтаъдил ҳисобланган бизнинг республикамизда жамият қайта қурилмаётган бўлса?
Каримжон!
Мен Сизни анча билимли ва мулоҳазали йигит деб билардим.
Номзодингиз халқ депутатлигига қўйилганда “Ёш ленинчи” газетасида мен тилга олган не-не фазилатли Карим Баҳриев билан бугунги Ўзбекистон халқ депутати Карим Баҳриев орасида катта фарқ борлиги мени таажжублантиради.
Бошқа бировни билмадим-у, лекин Сиз халқ депутати сифатида, Ўзбекистон Олий Кенгаши Комитети котиби сифатида бугунги ҳукумат ва раҳбарият томонидан олиб борилаётган кенг кўламли хайрли ва савобли ишларни наҳот кўрмаётган бўлсангиз?
Ҳатто ўзингиз шу эзгу ниятли Қонунларни қабул қилишда иштирок эта туриб ҳам, халқни алдамоқчи бўласиз, уни чалғитишга уринасиз.
Мен бу ўринда Сизнинг мақолада келтирилган “Ҳукуматнинг режали иқтисодий сиёсати йўқлиги аниқ” деган сўзларингизни назарда тутяпман.
Мен эса Ўрта Осиёда яккаю-ягона ҳисобланган Ўзбекистон иқтисодий журналининг раҳбари сифатида Сизнинг бу “кашфиётларингиз”дан ҳайратланаман ва Сизни шу журнал таҳрир ҳайъати таркибига тавсия этганимдан номус қиламан!
Агар ҳукумат тепасидаги ўртоқлар иқтисоддан бутунлай йироқ, уларнинг иқтисодий дастури истиқболсиз бўлганида эди, Сизни тушунса бўларди.
Лекин Ўзбекистон Президентининг ҳам, Вице-президентнинг ҳам кучли ва ўз қарашларига эга иқтисодчилар эканини бугун нафақат республикада, балки Марказда ҳам яққол сезишяпти.
Бири фан номзоди, яна бири фан доктори бўлган бу қайсар ва довюрак арбобларни чалғитиш Москвадаги кўплаб “ҳомийлар” учун қийин бўляпти.
Сиз ҳам буни яхши биласиз, ҳатто ўзингиз ҳам уларнинг билимдон ва нуфузли эканликларини жуда кўп бор тилга олгансиз, қувонгансиз. Лекин бугун эса ҳеч тортинмай, мушоҳада қилмай, кечаю-кундуз эл-юрт ташвишида юрган ҳукуматни – ўз ҳамкасбларингиз бўлмиш депутатлар корпусини қоралаб, барча эзгу ишлар юзига қора қалам тортишга ҳаракат қилгансиз.
Агар инсоф билан айтадиган бўлсак, Каримжон, бугунги ҳукуматдан, бугунги сиёсатдан нолишга Сизнинг маънавий ҳаққингиз йўқ эди.
Сиз ва Сизнинг маслакдошларингиз республика чегараларида қолиб кетди деб айтаётган қайта қуриш ва ошкоралик Ўзбекистонда бўлмаганида эди, Сиз ва ўша ҳамфикрларингиз ҳеч қачон халқ депутати қилиб сайланмаган бўлардингиз.
Сиз қайта қурмоқчи бўлган жамият адолатли бўлгани боис ҳам Сиз – Ургут тоғлари бағрида туғилиб ўсган кечаги ёшгина йигит ҳали уйланмай туриб пойтахтдаги ўзингиз ёзгандек “ҳукуматнинг гиламли кабинет”ларидаги масъул лавозимда виқор билан иш бошладингиз.
Лекин бу қутлуғ даргоҳда Сизга қадар ҳам “этигида чанги бор деҳқонлар” арзини тинглашган, улар Сизгача ҳам бемалол арзу-шикоятлар билан Олий Кенгашнинг бу мўҳташам залларига бемалол кириб чиқар эдилар.
Негаки, бу даргоҳда Сизга қадар ҳам яхши ва халқпарвар одамлар ишлаб келганлар.
Сиз – Ўзбекистон халқ депутати – Олий Кенгаш сессияларининг барчасида иштирок этаётган тафаккурли йигит “ўқувчиларга берилаётган бир пиёла сут ва бир тишлам нон” “ғамхўрлик” деб мақталмоқда деб гумроҳлик қиласиз.
Ҳолбуки, Сиз учун “раҳмат”га ҳам арзимайдиган мана шу савоб ишни амалга ошириш учун, Президентимизнинг мана шу хайрли Фармонини бажариш учун 1 миллиард 600 миллион сўм керак бўлишини ва бу маблағ марказдан эмас, балки республика бюджетидан олинишини Сиз депутат бўла туриб наҳот билмасангиз?
Нон ва ун маҳсулотлари нархини оширмаслик ҳақидаги Фармон учун 1 миллиард 900 миллион сўм пул кераклигини-чи?
Сиз қўшни Қозоғистонда бир килограмм ун 1 сўм 41 тийин, бир бўлка нон 1 сўм эканини эҳтимол билмассиз. Лекин бизнинг ўзбек диёрида бир кило ун 41 тийин, бир бўлка нон 34 тийин эканини яхши биласиз-ку!
Яхши биласиз-у, лекин негадир билмаганликка оласиз. Ўзингизни ақлли кўрсатиб, эрта-индин “нафас олишимиз” учун ҳам Президент Фармон қабул қилади деб шаккоклик қиласиз.
…Сиз билан дўстлигимиз боис менга ҳам шубҳа билан қарай бошлашди.
Мақолангиз эълон қилинган жума куннинг эртасига – шанба кунида Сиз уйландингиз. Эрталаб келин билан “ЗАГС”дан ўтдинглар.
Мен бу маросимларнинг барчасида иштирок этдим. Қишлоқдан келган дўст деб, Москвада бирин-кетин бирга ўқиган университетдош деб, Адабиёт газетасида бирга ишлаган ҳамкасб деб ўша куни баҳоли-қудрат тўйда хизмат қилдим.
Тунда – Министрлар Советининг мўҳташам зиёфатхонасида тўй энг авжига чиққан масрур онингизда мени ёнингизга имлаб нега Марказқўм ва Президент маҳкамасидан тўйга таклиф қилинган мулозимлар йўқлигини сўрадингиз.
Мен сукут сақлагач эса “улар кечаги мақоламнинг шов-шувидан қўрқиб келишмаган” деб ўзингизча фалсафа қилдингиз.
Мен ўша оқшом қишлоқдан чиққан камбағал бир йигит Ўзбекистон пойтахтидаги энг доврўғли ҳукумат зиёфатхонасида никоҳ оқшомини нишонлаётган масрур ва мағрур дамларида дили ранжимасин деб Сизга қаттиқ гапиролмадим.
Ҳолбуки, тўйга келмаган раҳбар ўртоқлар мақолада танқид қилинган республика раҳбарияти тазйиғидан қўрқиб эмас, балки ўзлари меҳр қўйган иймон ва эътиқодига ишониб ҳурмат қила бошлаган ургутлик депутат укалари битта мақоласи билан Ўзбекистондаги барча хайрли ишларни йўққа чиқарганидан қаттиқ ранжиганлари боис тўйга боролмасликларини менга айтишган эди.
Мен эса ўша шукуҳли оқшомда бу гапларни Сизга айтиб, дилингизни сиёҳ этгим келмаган эди.
Қизиқ, Сиз келин-куёвларга берилган имтиёзлар ҳақида ҳамма матбуот бонг уради-ю, лекин кейинги қисқа давр ичида бир неча маротаба қимматлашган никоҳ узуги ҳақида ҳеч қайси газета ёзмайди деб нолийсиз.
Ҳукуматга, унинг олиб бораётган ажойиб ишларига беписандлик билан қарайсиз-у, Президент яратаётган бу имтиёзларни кўр-кўрона қоралайсиз-у, лекин ўзингиз ҳеч уялмай ўша Президент имтиёзидан бемалол фойдаланишдан ор қилмайсиз!
Мақоладаги Сизнинг ана шу одобсизлик билан ёзган сатрларингизни ўқидим-у, беихтиёр тўйдан бир кун олдин уйингизга борганимда янги олинган мебель-гарнитурларни кўрсатиб, “Президент Фармонидан биз ҳам фойдаландик, анча пул ёнга қолди” деган сўзларингиз қулоқларим остида ҳануз жаранглаб турибди.
Каримжон! Депутатлик ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган шарафли сийлов. Уни ҳалол ва виждонан, элу-юрт фаровонлиги йўлидаги оғир ва машаққатли меҳнат билан оқлаш керак.
Республикада Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган оламшумул ва инқилобий ўзгаришларни, хайрли ва савобли ишларни Сизга мен эмас, балки менга, минглаб сайловчиларингизга, бутун Ўзбекистон халқига ноиб сифатида Сиз тушунтириб беришингизни истар эдим.
Мактубимнинг сўнггида Сизни ва Сизга ўхшаш баъзи “демократ”ларни ранжитаётган яна бир масала хусусида ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим. Сизларга аксарият ҳолларда республика раҳбари олиб бораётган изчил ва принципиал, қаттиққўллик сиёсати ёқмаётгани менга маълум.
Мен ҳукумат вакили бўлмасам-да, оддий коммунист сифатида шуни айтмоқчиман: Ўзбекистоннинг бугунги барқарор ҳаётини нотинч қилиш, уни митингвозлик ва гуруҳвозлик сари йўналтириш энди ҳеч қачон ҳеч кимга насиб этмайди!
Ўзбек халқи газета ва журнал, радио ва телевидения таҳририятларига, партия ва совет идораларига ёзаётган минглаб мактубларида Президентдан худди ана шу тинч ва осуда ҳаётни талаб қилишяпти.
Бошидан жуда кўп жафоларни кечирган бу халқ Ўзбекистонда ўз раҳбарига, ўз партиясига ишонади. Бу раҳбар – Президентимиз Ислом Каримов! Бу партия – Ўзбекистон Компартияси!
Мақолангизни эълон қилган газета Бош муҳаррири таҳририят номидан ёзган сўнгсўзида республика раҳбариятини норасмий ташкилотлар фаолиятига бефарқликда, уларнинг шаклланиши учун матбуот органлари яратилмаганликда айблашга ҳаракат қилган ва шу баробарида бугунги сиёсий курашлар даврида Сизга ўхшаш фикрловчи депутатлар кераклигини ҳам эслатиб ўтади.
Мен бунга қарши эмасман. Лекин фикрловчи депутатлар эл фикрини айтиши лозим. Бир гуруҳ амал илинжида юрган, ўз шахсий манфаатини эл-юрт манфаатидан устун қўйган сиёсий лўттибозлар фикрини эмас!
Мен бу гапларни бутун масъулиятни ҳис этган ҳолда Сизга ва Сиз орқали мени ўз эътиқодидан чекиниб ҳукуматга сотилганликда айблаётган барча мухолифларимга ҳам айтмоқчиман.
Одам ўз она юртининг бугунги тинч ва осойишта даврида шу тинч ва барқарор ҳаётни яратиб бераётган партияга, раҳбариятга ва унинг сардорига хизмат қилмай, сиёсий лўттибозлик йўлини тутса, бундай одам ё нодон ва ё ўз халқига, элига душман бўлиши керак!
Сизга ва Сизнинг барча ҳамфикр ва маслакдошларингизга оташин коммунистик салом билан собиқ дўстингиз;
Исмат ХУШЕВ,
«Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика»
журналлари Бош муҳаррири
Эҳтимол, шу воқеа боисми, Каримжон кейинчалик Ислом акага қарши чиққан гуруҳларга қўшилмади. Эълон қилинмаган “очиқ хат” Каримжонга яхши сабоқ бўлган бўлса, эҳтимол.
Сўнг, Ислом Каримов билан Карим Баҳриевнинг оралари яхши бўлиб кетди. Мен ўзимча хурсанд бўлиб юрдим.
Чамаси, 1991-йилда Ислом Каримовнинг Фармони билан Карим Баҳриев Ўзбекистон телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланади.
У пайтларда Эркин Ҳайитбоев телерадио компания раиси эди.
Каримжонни вазир ўринбосари вазифасига тайинланганини шу пайтгача Ислом ака, Мавлон Умрзоқов, Эркин Ҳайитбоев, мен, Каримжон ва бизнинг рафиқаларимиз билишарди. Бошқа ҳеч ким билмасди.
Мана, энди очиқ айтаяпман.
Ислом ака Фармонга имзо чекишдан аввал Каримжон билан икки-уч соатча юзма-юз суҳбатлашади. Мен Мавлон аканинг кабинетида кутиб ўтирганман. Кейин биргалашиб бизникига кетганмиз.
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўртада) журналистлар Исмат Хушев (ўнгда) ва Карим Баҳриев (чапда) лар билан Девондаги кабинетида
Ўшанда Каримжоннинг рафиқаси Элмирани телефонда аввал мен табрикладим, сўнг Мавлон ака:
– Энди Сиз вазир ўринбосарининг оиласи бўлдингиз! – деб табриклайди.
Ўша оқшом бизникида ўтириб роса ичдик.
Эртаси куни Каримжонни янги ишхонасига обориб таништиришлари керак эди. Лекин бундан хабар топган Эркин Ҳайитбоев бирдан тўнини тескари кийиб олади.
У бир гуруҳ одамларни гиж-гижлаб: “Агар Баҳриев телевиденияга келса, тўполон бўлиб кетади!” деб Крайнов орқали Президентга шикоят қиладилар.
Миллий Хавфсизлик Хизматининг раиси Ғулом Алиев ҳам уларни қўллаб-қувватлайди. Назаримда, бир-иккита фактлар ҳам берилган бўлса керак.
Эртаси куни Карим Баҳриевни янги ишхона коллективига таништирмайдилар, Фармон бекор қилинади…
Кадрлар сиёсатининг “парда ортида” қолиб келадиган ана шунақанги томонлари ҳам бўлишини мен бугун муҳтарам ўқувчиларга билдириб қўймоқчиман, холос.
Кейин бу лавозимга Жаҳонгир Маматов тайинланади.
Каримжон телевиденияга раҳбар бўлиб бормайман деб бироз оёқ тирагани менга маълум эди.
У Ислом акага: “Телевидения – анчайин қаллобликларга тўлиб кетган жой. Биринчидан, у ерда пул айланади. Иккинчидан, ойнаи жаҳонда чиқиш илинжида кўз-қошини бўяган жувонлар эшикнинг тагида қатор туради, аёлларга боғлиқ провакациялар кўнгилни эзади. Учинчидан, мафиянинг манфаатлари бор. Бормайман!” – деганда Ислом ака: “Айнан шу нарсаларни тугатиш учун ҳам борасиз!” – деб жўнатганди.
Телевидениянинг тимсолида жуда кучли одамларнинг манфаатлари кесишганини билган Каримжоннинг тайинланаётганда юраги така-пука бўлганини тушунса бўлади.
Чунки у қаллобларча ишлай олмайди. Ҳалол ишлаш эса оғир.
Каримни тайинлаш ҳақидаги Фармоннинг бир кечалик “умри” хавотирларнинг кучли заминини кўрсатди.
Каримнинг бормаганидан кейин “қанот боғлаб учган” Жаҳонгир Маматовнинг “фаолияти” бир ойга ҳам етмади – йигирма икки кунда тугади.
Карим Баҳриевнинг хавотирлари асосли экани амалда ўз исботини топган эди…
“Ҳуррият”га раҳбарлик ёки Ўзбекистонни титратган беш сон…
Кейин биз қамалиб кетдик, лекин Каримжон қамалмади. Ҳолбуки, биз бир давра одами эдик. Назаримда, ўта оғир босиқ ва вазминлиги, менга нисбатан ўйлаб иш қилиши туфайли у қамалмай қолди.
Агар менга ўхшаб Мавлон аканинг айтганини қилиб, тўғри келган одамга кўр-кўрона ташланиб, ҳамла қилиб юрганида эди, шак-шубҳасиз, у ҳам қамалиб кетган бўларди.
Каримжонинг мулоҳазали йигитлиги шу ерда қўл келди…
Ислом ака кейин ҳам Карим Баҳриевни назардан қочирмайди. 1996-йилда у бевосита Ислом аканинг тавсияси билан республикадаги биринчи мустақил газета – “Ҳуррият”га Бош муҳаррир этиб тайинланади.
Бу вазифага тайинлашдан аввал Ислом ака уни Аҳмаджон Мелибоев, Рўзмат Сафоев ва Амирқул Каримовлар билан бирга қабул қилади. Улар билан узоқ суҳбатлашади.
Ўша суҳбатдан сўнг Аҳмаджон Мелибоев – “Матбуотни қўллаб-қувватлаш ва демократиялаштириш” Фондининг ҳамраиси, Рўзмат Сафоев – ижрочи директори, Амирқул Каримов эса – “Миллий Матбуот Маркази”нинг бошлиғи этиб тайинланадилар.
Афсуски, Каримжон “Ҳуррият”га фақат бир ойча Бош муҳаррир бўлиб, яна ишдан кетади. Сўнгра “Хўжалик ва Ҳуқуқ” журналида Бош муҳаррир бўлиб ишлайди, кейин уни муовин қиладилар. Охир-оқибат у ердан ҳам ишдан бўшаб кетади…
Мен ҳибсдан озодликка чиққанимдан сўнг ҳам узоқ вақт ҳеч нарсам ҳеч қаерда чоп этилмай юрди.
Айнан Каримжон мени чақириб: “Ҳуррият”га бир мақола ёзиб беринг”, деган, мен мақолани ёзган кеча цехга бориб, ярим тунгача газета чоп этилишини кутган, охирги лаҳзагача ишонмаган, ҳозир кимдир тўхтатади, номимни олий ташлайди, деган хавотирда юрган эдим.
Кўп йиллардан бери илк бор ўз исму-фамилиямни чоп этилган ҳолда “Ҳуррият”нинг биринчи саҳифасида кўриб қувонганим ҳануз ёдимда.
Албатта, Карим мени чоп қилиш баробарида ўзига ҳам: “Мана, мен керак бўлса, урилиб кетган одамнинг мақоласини ҳам чоп эта оламан!” – деб ниманидир исботлаши, ўзининг дадиллигини синовдан ўтказиши керак бўлгандир.
Зеро, у кўп эътирозлар қатори мени чоп этгани учун ҳам гап эшитгани аниқ. Умуман, у гап эшитишдан, ўзини ўтга-чўққа уришдан завқ ҳам туйса, эҳтимол. Бу ҳам бир характер-да.
Президентнинг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўстнинг ташаббуси билан “Халқ сўзи” газетасида “Муттаҳамнинг парвози” деб фельетон қилинган Исмат Хушев деган исмнинг ҳамма интиқлик билан кутиб турган янги мустақил газетанинг нишона сонида муаллиф сифатида пайдо бўлиши – унинг ишдан кетишини тезлаштирган бўлиши ҳам мумкин.
Президент бундай нарсаларни кечирмаслигини мен яхши биламан…
Истеъфо…
Хуллас, Карим Баҳриев ниҳоятда талантли йигит, виждонли қаламкаш, дилбар шоир.
Лекин у ҳам сиёсат саҳнасида менга ўхшаб кўп қоқилди. Тажрибали йигит бўлса ҳам раҳбарлик лавозимларида узоқ ишлай олмади.
Энг ҳайратланарлиси, у ҳеч қачон ўзини раҳбар деб ҳис қилмайди. Бир мисол. Беш йил Олий хўжалик судининг нашри “Хўжалик ва ҳуқуқ” – “Хозяйство и право” журналига Бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Бир куни ундан иш сўраб келган бир журналист қиз хонасини кўриб ҳайратланади. Хонада унинг ўзи ўтирадиган курсидан бошқа бирорта ҳам стул йўқ эди. “Мажлис, летучкаларни қаерда ўтказасиз?” – деган саволга Карим: “Қанақа мажлис?! Мен ҳали бирор марта мажлис қилган эмасман”, – дейди. Ва бу ростдир.
Унинг жамоасида субординация, катта-кичик деган масофа сақлашлар бўлмаган. Беш йил давомида бирор киши ишдан бўшаб кетмаган. Журнал эса яхши чиққанини мутахассислар ҳам, мухлис-у муштарийлар ҳам тан олишади.
Карим ўзида раҳбарлик истеъдоди йўқлигини , уни ташкилотчи деб эмас, фикрловчи бир одам деб билишларини истайди.
У яхши ва истеъдодли раҳбар бўлиши мумкин эди. Буни истамадилар, унга йўл бермадилар.
Мен-ку ўз худбинлигим ва андишасизлигим билан Ислом акадан амални сўраб олдим ва озми кўпми, яхшими ёмонми – раҳбарлик қилдим. Унинг имтиёз ва имкониятларидан максимал даражада фойдаландим.
Мен бу бефаво дунёда “қизғалдоқ баргидек” бир лаҳзада учиб ўтган ўз умримга эмас, Каримжонга ўхшаш не-не истеъдодли ва ҳалол йигитларнинг зое кетган умрига ачинаман…
– Бу дунёда одамзот фақат бир марта яшайди. Шу қисқа ва ғалвали умримизда демократияни кўрмай ўтиб кетиш кишига алам қиларкан, Исмат ака, – деган эди суҳбатларимизнинг бирида Каримжон.
Мен ўшанда унинг бу гапига у қадар эътибор бермаган эдим. Чунки мен учун демократия бор эди ва мен амалдор эдим.
Амалдан айрилган кун менга ажратилган демократия ҳам тугашини, уни ҳам мансаб билан қўшиб тортиб олишларини ҳали билмасдим.
Кейин билдим. Каримжоннинг ҳам гаплари нечоғлик тўғри эканини кейин англаб етдим.
Менга Каримнинг ана шу армони бугун Канадада ҳам то ҳануз тинчлик бермай, қийнаб келади…
Муносабат…
…Мен Ислом Каримов подшолигига дахлдор бўлган ўзимнинг бу ғамгин хотираларимни “Деловой партнёр Узбекистана” газетасида Бош муҳаррир бўлиб юрган 2002-йилларда қоғозга тушира бошлаган эдим.
2004-йилда уни ёзиб тугатганимдан сўнг биринчилардан бўлиб ўқиб, фикрини айтиш учун қўлёзма нусхасини Каримжонга берган эдим.
Лекин бу қўлёзмада Каримжонга бағишланган бугунги боб ҳали йўқ эди. Уни кейин ёздим. Каримжоннинг қўлёзмамни ўқиб, ёзган мана бу сўзларидан кейин бугунги бобни ёзган эдим:
“1. Зўр китоб – самимий, максимал даражада иқрорнома (исповедь).
2. Ҳам бир шахс тақдирини, ҳам бир мамлакат тарихини кўрсатади.
3. Муаллифнинг бошқаларга ҳам, ўзига ҳам шафқат билмай ошкора муносабатига қойил!”
Унинг бу гапларини ўқиб, Каримжонга аталган қисмда ҳам ҳамма гапни рўй рост айтишим кераклигини тушундим.
Ва бу бобда бир пайтлар нодонлик қилиб унга бағишланган “очиқ хат”ни ҳам қандай ёзилган бўлса шундайлигича эълон қилиш керак деган қарорга келдим…
Бугун бу матнларнинг ёзилганинига ҳам анча йиллар бўлиб қолди. Ўтган бу йиллар Каримжоннинг нечоғлиқ ҳақ, менинг эса нечоғлик ноҳақ бўлганимни исботлади…
Отам билан сирдошлик…
Мазкур бобнинг аввалида Карим бизникига – Китобга меҳмонга келганида отам билан тезда тил топишиб, то тонггача суҳбат қурганлари ҳақида ёзган ерим бор эди.
Эҳтимолки, мен отам билан бу қадар узоқ суҳбатлашишга сабр ҳам, вақт ҳам, имкон ҳам топа олмагандирман. Карим билан отам, ёшларидаги ярим асрлик фарққа қарамай, сирдош эдилар.
Онамнинг вафотидан кейин отам ёлғизликдан ториқиб, уйланиш фикрига борганлари рост.
Ҳаётда кейин ҳам, олдин ҳам кўп учратганман – эри ўлган аёллар ярим асрлаб бошқа эр қилмай яшайверадилар.
Раҳматли Неъмат акамнинг латофатли аёли – Муҳаббат янгамнинг ҳаёти бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Лекин юзга кирган эркак ҳам хотини ўлгандан сўнг албатта уйланиш тараддудига тушади.
Отам Нурали Қобулнинг оталари вафот қилганда Тошкентда берилган маъракада Карим билан яна ўтиришиб қоладилар.
Тадбир бошланмасидан бошланган гурунг ҳамма кетгач ҳам давом этади. Улар ўртасида тахминан шундай суҳбат бўлган:
“Каримжон, болам, Ислом Каримовга чиқа оласанми?!”
“Билмадим, Маҳмуд ака, мажлис-у, йиғинларнинг орасида кўришиб ҳам қоламиз. . .”
“Бир гапни айтиб қўйсанг, шу бева хотинларнинг пенсиясини йўқ қилсайди”.
.
“Нега?”
“Авваллари эри ўлган аёллар қийналиб қолганидан эрга теккан. Ислом динида ҳам боши очиқ аёл юради, туради, деган гумонлардан йироқ бўлиш учун ярим йил-бир йил идда тутиб, кейин эрга теккан. Эй, бу давлат катта нафақа бериб турса, улар эрга тегмайди-да”.
“Маҳмуд ака, тегадигани топилар”.
“Болам, шу Исмат жўрангга айтсанг, биргалашиб мени уйлантириб қўйсанглар. Бизни Китоб, Шаҳрисабз томонларнинг аёллари бўлмайди. Шаҳар кўрган. Чўл тарафларнинг аёллари содда, тоза бўлади. Ёшлари бўлмайди, гап-сўз кўпаяди. Салгина ёши ўтганроғи, мўминроғи бўлса. . .”
Шундан сўнг Карим менга икки-уч марта: “Исмат ака, отангизни ўйлантириб қўйинг. Эркак кишига қийин. Танимаҳрам бир аёл ҳовлига кириб чиқиб юргани маъқул. Қизларининг ҳар бир ўз рўзғори, ўз оиласи билан овора. Қариганда иш буюрса, келинларга ҳам малол келади”, – дегандай гапларни қилди.
Бу менга жуда малол келган.
Бир гал унга зарда қилиб: “Каримжон, онам мени туғди, катта қилди, тарбиялади ва ўлиб кетди. Мен қандай қилиб бошқа аёлни “Она” дейман?!” – деганман.
“Опа”, – дерсиз. Индамай қўярсиз. Сизга эмас, отангизга тегади у”, – деган Карим.
Унамаганман.
Қаранг, мендан ёш бўлса ҳам, ақллироқ экан у.
Отам мендан хафа бўлиб ўлиб кетди…
Бугун, орадан йиллар ўтиб, нега ўшанда дўстимнинг гапларини жиддий ўйлаб кўрмаган эканман деб армон қиламан…
Таъзия…
Биз Каримжон билан энг қийин пайтда ҳам далда бўладиган, кулгили ва аския гаплар қилганмиз.
Орадан кўп ўтмай, 1993 йилнинг декабрида Каримнинг ҳам оналари Қумри ая вафот қилдилар.
Ўша пайти Ургут тумани меъморчилик бўйича Навоий мукофотига қўйилган эди.
Каримжон Давлат мукофотлари қўмитаси аъзоси ва ўша жойлик депутат сифатида Қўмита аъзолари билан эрталаб Ургутга учиши керак эди.
Қўмита раиси Пиримқул Қодиров, халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов, олим Азиз Қаюмов, драмматург Шароф Бошбеков ва бир қанча буюк зотлар қатори мен ва Карим ҳам Ургутга самолётга чиқишимиз керак эди.
Каримга эрта тонгда онасининг вафоти ҳақида айтишади.
Самолёт энг тез олиб бориши туфайли у биз билан учди, аммо ҳеч биримизга айтмади.
Биз Ургутда объектларни бироз кўриб, ҳоким муқаррар қиладиган зиёфатлар-у, совға-саломлар нашидасида уйнаб-кулиб кетавердик.
Карим ўриндиқда хомуш эди.
Самолёт Самарқандга қўнганда бизни вилоят раҳбарлари билан Ургутнинг ўша пайтдаги довруғли «биринчи» одами – Ўлмас Маҳматмуродов кутиб олди.
Аэропортдаги депутатларга хизмат қиладиган вип-залдаёқ зиёфат бўлди.
Кейин Ургутда у ер-бу ерни кўрдик ва яна бедана ҳамда каклик гўштидан таомлар едик. Бўкиб ичдик.
Орамизда нимагадир Карим йўқ эди.
У самолётдан туша солиб, ўша пайтдаги туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ўткир аканинг сиренали машинасида Ургутга жўнаган экан.
Бизга маст ҳолдалигимизда Каримнинг оналари вафот этганини айтишди.
Шу ҳолда жанозага келганмиз.
Мастлик-ростлик деган гап бор ва маст одам йиғлашга мойил бўлиши ҳам рост.
Ғўс қишлоғидаги Ўртагузар маҳалласига кираверишдаёқ тумонат одам. Мен, Шароф Бошбеков, бир неча ёзувчилар Каримни кўргандаёқ, ўкириб-ўкириб, гўёки дунёни ер ютаётгандек аюҳаннос солиб, ёқаларимиз ҳўл бўлиб йиғлашга тушдик.
Бизни биров юпатолмас эди.
Карим ҳам: “Буларга менинг онам шунчалик қадрли бўлган экан-да”, – деб ҳайрон бўлган бўлса керак.
Аслида бизнинг ҳар биримизнинг ўз дардимиз ичимизда етарли эди.
Мен яқинда акамдан ва онамдан айрилган эдим.
Ҳамроҳларимнинг ҳам ҳар бири киминидир аллақачон йўқотган, мотам ва жаноза нима эканини аллақачон ўз бошида кўриб улгурган эди.
Хуллас, биз сармаст меҳмонлар бу бевафо дунёдан ўкиниб ва ўксиниб, сархушларча, телбаларча йиғлар эдик.
Каримни йиғлаганча қучоқлай туриб, менга қилган “насиҳатлари” эсимга тушиб қолди. Девоналик ва шаккокликни қаранг, йиғлаб туриб: “Каримжон, энди сиз отангизни ўйлантириб қўярсиз”, – деб юборибман.
Каримжон ўшанда: “Хўп-хўп” – деб қўя қолди…
Юрагимни қийнаган армон…
Кейинчалик отасини икки марта уйлантириб ҳам қўйди.
Бир ёшроғи кетиб қолди, иккинчисини келинлар билан гапи қочдими, у ҳам турмади.
Отаси кейин умрининг охирги йилларида болаларининг дуосида бўлди: Элликка яқин достонни, икки юзтача эртакни, саксонга яқин ривоятни ёддан айтиб берадиган Ҳаким ота уруш пайтида ўн бир ёшлигида компартияга кирганди, аммо олти ёшлигидан то охирги кунгача намозни канда қилмай ўқиди.
Суратда: Каримжон оталари Ҳаким ака билан…
Каримдан рози ўтган бўлса керак, деб ишонаман.
Хўш, менинг шўрлик отам-чи?
Мендек бир худбин ўғлига гапи ўтмай, “Исматга айтинглар, мени уйлантириб қўйсин!” деб, кўрган одамига ялиниб, ёлвориб, дарди ичида, не-не армон ва алам билан тарк этдийкин бу ёруғ оламни?
Умр бўйи бир сўзли бўлиб, ҳалол ва адолатли инсон сифатида ном чиқариб, “Ҳаётимнинг бир куни қолган бўлса ҳам уйланаман!” деб онт ичган одамнинг уйланолмай бу куҳна дунёни тарк этишидек оғир бир азоб ва оғир бир гуноҳ бор менинг елкамда…
Қонуният ёки Нурали Қобул англаб етган фалсафа…
Дарвоқе, Каримжоннинг онаси вафот қилганда Ургутга Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов, Адлия вазири Алишер Мардиев, Олий таълим вазири Оқил Умурзоқович Салимов (Каримжон у кишининг олдига Москвада қамоқдалигида борган, интервью олган, озод этилишида қатнашган, аммо тафсилотларни матбуотда ёритмаган эди), ўша пайтда Тошкентдаги Қуйбишев тумани раҳбари бўлган Шавкат Мизиёевлар унинг қишлоғига фотиҳага келишган эди.
Нурали Қобул бир гал менга: “Исматжон, сизнинг онангиз вафот қилди, менинг отам вафот қилди – Мавлон акангиз на Китобга, на Бахмалга бормади. Бахмал яқин жой эди. Биз унга уйимизда йиллар давомида қанча гўшт пишириб, қанча ароқ қуйиб бердик. Карим бир марта уйига таклиф қилган ҳам бўлмаса керак уни. Биз ўзимизни Мавлон акага урамиз, у Каримга талпинади», – деб ўксиган эди.
Ҳар ҳолда, бу ерда бир қонуният бор.
Каримжон бир гал Имом Бухорийдан нақл этиб, бир ҳадисни келтирган эди: “Хайрул уламо – шаръил умаро, хайрул умаро – дорул умаро”.
Хатоси учун узр сўрайман, хотирамда шу тахлит қолган.
Каримжоннинг шарҳига кўра, “Олимнинг яхшиси шоҳдан қочади, шоҳнинг яхшиси олимни излайди- истайди”, – дегани бу.
У яна Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Шоҳнинг эшигига борган олим нақадар хунукдир, олимнинг эшигига келган шоҳ қандай гўзалдир”, – деган гапларини ҳам айтиб юради.
Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам у ўзини саройдан тортиб юрган бўлса, не ажаб!
Мен Мавлон акага яқин юрганимдан қамалдим, айбсиз эдим аслида.
Каримга тегишмади. Чунки у аввал ҳам, охир ҳам ўзини улардан тортиб юрарди. У балким охирини биларди.
Кейин Мавлон ака қамалиб чиққач, улар дўстлашишди. Чунки Каримжон доим урилган, эзилган ва хўрланганларнинг тарафида туради.
Мавлон ака қамоқдалигида шеърлар ёзган, аммо уларни хотини – халқ шоираси Ҳалима опага кўрсатмаган, Каримжон ана шу – ҳали чоп этилмаган, ўзининг таъбирича “хайёмона, қуйма” шеърларга муҳаррирлик қилиб, сўз боши ёзиб берганини биламан.
Ҳозир Президент ва унинг даври, сиёсати ҳақида, Ислом аканинг ютуқлари, хато ва камчиликлари хусусида, деярли ҳеч ким ҳеч нарса ёзмаяпти. Ёзганлари ҳам эълон қилинмаяпти.
Бугунги хотиралар бундан мустасно, албатта.
Ҳали шундай пайтлар келадики, Ислом ака билан бирга ишлаган ва урилган, Президентдан кўнгли қолган, лекин буни ҳеч кимга айтолмай, давр ва сиёсат ўзгаришини кутиб юрган не-не собиқ мулозимларнинг хотиралари, бугунги кун ҳақидаги гувоҳликлари эълон қилинади.
Мавлон аканинг қамоқхонада ёзган шеърлари каби, хотиралари ҳам эрта бир кун қаердадир эълон қилинса, ажабланмайман…
Адолат йўлида ёки Кремлга мурожаат…
Карим Баҳриевнинг дадиллигига, пайти келганда бирдан жасоратли ишлар қилишига халқимиз бир неча бор гувоҳ бўлган.
Унинг “Ой бориб, омон қайтмаган болам” номли мақоласи ҳақида юқорида айтдим.
Биласиз, ўша йиллари бир муддат Россия ҳарбий қисмларида бошқа миллат, хусусан, ўзбек йигитларининг фожеали ҳалок бўлиш ҳоллари кенг авж олган эди.
Каримжоннинг ўзбек аскарлари ҳимояси учун Кремлга боргани, Рижковга учрашгани, кейин, СССР Мудофаа вазири Устиновга кирганини биламиз.
Ҳар бир мақоласи тўполон бўлганини, унинг ёзгани туфайли Бухорода, Жиззахда раҳбарлар, прокурорлар ишдан кетганини, уни қаматиш учун бир неча бор уринишлар бўлганини яхши эслаймиз.
Мен Каримжоннинг ўзим ёнида юриб кузатган, шоҳиди бўлган шахсий ҳаётимдаги жасоратларидан айтаяпман (идеаллаштириб юбораётганимдан хавотирланмайман, камчиликлари ҳам бор, албатта…)
Қирқ ёш ҳам келди-ю, қўлимдан тутди…
Яқин дўст ва биродарларимиз яхши билишадики, мен қирқ ёшимда Тошкентнинг “Боғи Эрам” гўшасидаги сўлим зиёфатхонада юбилей тўйи қилганман.
Ҳамма кулган ва деярли ҳеч ким тушунмаган.
«Юбилей етмишда, олтмишда, нари борса, эллик ёшда бўлади. Бу ман-манлик», – дейишган.
.
Бу гапларда, қисман жон бор.
Лекин қирқ ёшда юбилей қилишим учун асос ҳам бор эди.
1994-йилнинг 26-августида биринчи маротаба қамалганимдан сўнг, 1995-йил иккинчи маротаба ва 1997-йилнинг декабрида учинчи маротаба яна қамашгани ҳақида “Подшо эркатойининг саргузаштлари» номли сиёсий хотираларнинг навбатдаги учинчи китобида батафсил ҳикоя қилинади.
Учинчи марта наша билан қамашганларидан сўнг Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг шахсан аралашуви ва мамлакат президент Ислом Каримовнинг топшириғи билан мен қамоқдан озод қилиниб, 1998-йилдан эътиборан яна “Бош муҳаррир” лавозимига тикланган эдим.
Нокамтарлик бўлса ҳам шу ерда шуни айтиб ўтишим керакки, ҳали ўзбек журналистикаси тарихида ҳеч ким уч марта қамалган ва судланганига қарамай яна “Бош муҳаррир” лавозимига қайта тикланмаган.
Шунча ҳибс ва ҳақоратлардан, азоб ва уқубатлардан сўнг яна Президент ишончига сазовор бўлиш, республика миқёсидаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган “Деловой партнёр Узбекистана” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинланиш ҳақидаги фармонлар менинг қирқ ёшимга тўғри келган ва айнан шунинг учун ҳам мен “қора” кунларим энди ортда қолгани рост бўлсин деб, қирқ ёшимни нишонлашга қарор қилган эдим.
Карим ўша юбилейда сўз айтган, хотирамда қолганлари шулар (видеотасмада бор): “Биродарлар, биров саксон-юз йил яшайди, аммо ҳаётида эслайдиган бир нарса юз бермаган бўлади.
Исмат аканинг ҳаёти мазмунли ва чуқур. У бирор ерда узоқ ишламаган. Ҳаёти тўполону-саргузаштларга тўла.
Бундай ҳаётнинг қирқ йили ҳам юз йилга тенг”, – деганди…
Тўйдаги нутқ…
Кейинчалик у бу гапни Тошкентда, қизгинам Ҳулкарнинг тўйи (2010 йил) да эслайди.
Дарвоқе, тўй ҳақида.
Мен Канадада турганда қизимнинг Тошкентда тўйи бўлди, бошида бўлолмадим.
Оилам аъзолари муносиб, гўзал тўй қилишди.
Озодбек ва Гулсанамдан тортиб ҳамма юлдузлар хизматда бўлишди, аммо хотиним ва болаларим, опа-сингилларим барибир менинг ўрнимни сезишган, ўзларидан ўтганини фақат ўзлари билишган.
Шу тўйга барча дўстларни айтдим.
Бир нечалари келишди.
Аммо баъзи яқин дўстларим келишмади.
Мавлон ака ва Ҳалима опа, Нурали Қобуллар ўсмир ўғилларини жўнатишди.
Яна бировларининг хотинлари келишибди, холос.
Балким ишлари кўп бўлгандир, балким кузатув борлигидан қўрқишгандир, тушунаман.
Аммо Каримжон келди. Нафақат қўр тўкиб ўтирди, балким сўз олди ва гапирди:
“Дўстлар, – деди у – Исмат ака қирқ ёшда юбилей қилганда, тушунмаганмиз.
Аммо у эллик ёшини бу ерда нишонлай олмаслигини, ғурбат юртларда ўтказишини билгандай ўшанда…
Мен Исмат ака юртига келадиган, мана шу кўчаларда шаҳдам юрадиган кунларни орзу қиламан”.
“Ҳулкарга бахт ва оилавий ҳаётда сабр тилайман.
Куёвга ва келинга бир-бирига нисбатан кечиримли ва кенг бўлишларини тилайман.
Ҳаётнинг сири кенг бўлишда, бағрикенгликда.
Қаттиқ тишлар тўкилади, юмшоқ тил умр сўнгигача туради.
Юмшоқ бўлинглар.
Биз қаттиқ бўлдик ва тўкилиб бораётирмиз…”
Ҳижрон ва фахр…
Оҳ, қанчалар ўксиб-ўксиб йиғлаганман Каримнинг шу сўзлари ёзилган видео тасмаларни кўриб.
Кўнглим ўсмайдими менинг йўқлигимдан фиғон қилиб, мени йўқлаб, мени қўмсаб шундай нутқ ирод эта олган дўстимнинг дил сўзидан?!
Одатда дўст ва биродарлар одам амалда турганида атрофида парвона бўлишади, меҳр ва муҳаббатларини билдириб туришади.
Амалдан урилиб, бунинг устига, худо кўрсатмасин, сиёсий бошпана олиб, хориж эллар сари юз тутган бўлсанг, тамом, ўзинг тугул, номингни эшитишдан ҳам чўчиб туришади.
Бошқа жойни билмадим, лекин Ўзбекистонда айнан шундай!
Гўё бизлар Ўзбекистон халқига, унинг Президентига ашаддий душмандек биздан қўрқишади ёки шундай деб одамларни атай қўрқитишади…
Лекин Карим Баҳриев бунақанги бемаъни сафсаталарга эътибор бермайдиган, фаросатли, фозил йигит, садоқатли ва жасоратли дўст.
Биламан, бу садоқат ва бу жасорат унга жуда қимматга тушиши ҳам мумкин баъзан.
Қимматга тушаётгандир ҳам.
Лекин у буни айтмайди, билдирмайди, табиатан феъли шунақа…
Мен Каримжоннинг уйланиш тўйида иштирок этиб, ёнида куёвжўралик қилиб, подшога яқин юрган ўша суронли ва шуҳратли кунларимда эрта бир кун бу Ватанни тарк этаман деб ўйламаган эдим.
Биз бир умр амалда бўламиз ва бизни кўролмаганлар ҳамиша измимизда ва хизматимизда бўлишади деб ўйлаганман.
Бош фарзандим тўй бўлганда менинг ўрнимда Карим сўз айтади, мен эса бу пайтда олис ва совуқ диёрларда сиёсий сургунда бўламан деб ҳаёлимга ҳам келмаган.
Хусусан, Ислом ака ҳукмдор бўлиб турган бир пайтда айнан шундай бўлиши етти ухлаб, тушимга ҳам кирмаган эди.
Эҳ, Каримжон, болаларинг ёш бўлганда майли-ку, лекин улар балоғатга етганда хориж ва муҳожир юртларда яшаш қанчалар оғир эканини ўғли ё қизини тўй қилиш тараддудига тушган одамчалик ҳеч ким билмаса керак…
Ватан ва юрт қадрини ҳам ана шунда англаб етаркан киши…
Карим ва Каримов…
Карим ва Каримов, Карим ва мухолифат борасида ҳам гоҳида ўйлайман.
Карим на Каримовга ва на мухолифатга жуда яқинлашиб келмади.
Биз ҳар иккисини ҳам кўрдик ва куйдик.
Карим ва Каримов уч марта узоқ суҳбат қурганларини, бир гал 1992- йилда ўн уч кун мобайнида Малайзия, Жанубий Қурия ва Индонезия сафарида бирга бўлганларини, экваторни кесиб ўта туриб, Гоби саҳросининг устида учганда самолётда ҳам узоқ суҳбатлашганларини биламан.
Лекин бу суҳбатларнинг тафсилотларини Карим жуда ҳам ошкор қилмайди. Ўзи ёзар қачондир, балким ёзгандир.
Унинг Ислом Абдуғаниевич билан суҳбатлари ҳар гал тўрт-беш соатлаб чўзилган.
Уларда мухолифатликнинг фазилати, қудрати, сирлари ва мухолифат етакчилари (М.Солиҳ, А.Пўлатов, М.Маҳмудов ва бошқалар)нинг салоҳияти, манфий-мусбат қирралари ҳақида ҳам сўз борган.
Макиавеллининг “Ҳукмдор” асари, сиёсатда куч ва адолатнинг нисбати, мафия ва оддий халқнинг манфаатларини уйғунлаштириш борасида гап кетган Президент билан бўлган бу суҳбатларда.
Ва бу масалада уларнинг фикрлари турлича бўлган.
Сўз эркинлиги борасида баҳслашилган.
Фикрлар бир ердан чиқмаган.
Мен атай, “фикрлар бир ердан чиқмаган” деб айтаяпман. Ва бу ростдир.
Тасаввур қилиб кўринг-чи, подшоҳ билан оддий фуқаронинг узоқ чўзилган ўзъаро суҳбати шоҳга таъзим, тамомила унга қўшилиш ва қўллаб қувватлаш ўрнига, аксинча, айри-айри хулосалар билан якунланса…
Эҳтимол, Ислом аканинг подшолик ҳаётида у билан суҳбатлашиб, унинг фикрига қўшилмай, ўз тушунчасида собит қолган суҳбатдошлари кам бўлгандир, агар бўлган бўлса.
Карим Баҳриев ана шундай ўз фикрида муқим қололган ва бунга Президентни ҳам одоб, ҳам зеҳни билан рози қилолган кам сонли суҳбатдошларидан биридир.
Мен бу ўринда чет эллик ҳукумат раҳбарларини эмас, балки, Ўзбекистонда яшаётган ва Президент билан ҳамсуҳбат бўлиш шарафига эга бўлган кам сонли бахтли одамларни назарда тутяпман…
Ислом ака ўша парвоз чоғи Каримжонга ўзи ишдан кетганда ёнидагилар ўзини қандай тутишини ҳам гапирган. Сўнг: «Мендан кейин бугун тилёғмалик қилаётганлар мени кўп ёмонлашади. Сен амалдалигимда бир оғиз яхши гап ёзмадинг. Кетсам ҳам ноҳақдан ёмонламайсан, борича ёзасан, деб умид қиламан», – деган.
Ислом ака ўша суҳбат давомида анча фикрларини Карим билан очиқ ойдин ўртоқлашган, сирлашган.
– Тўрт ярим соат мобайнида уларнинг олдига биров кирмади, – деб эслашган кейин унинг самолётда бирга учган сафардошлари.
Бу гапларнинг конкрет тафсилотини Карим ҳеч кимга айтмаган ва айтмайди.
Ислом Каримов ҳатто Каримнинг ўйланиш масаласига ҳам қизиққан ва Каримнинг совчилари Президент девонидаги икки маслаҳатчи ҳамда икки масъул ходим бўлгани ҳақида мен аввалроқ эслаган эдим.
Агар мазкур бобнинг аввалида ёзганимдек, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Каримнинг ўша Ислом акани мувозанатдан чиқариб юборган танқидий мақоласи бир кун олдин чиқмаганда эди, унинг тўйида Президентдан бошқа Ўзбекистон ҳукумати ва давлатининг барча мулозимлари иштирок этган бўларди…
Президент билан баҳс ёки мустақиллик декларацияси…
Карим билан Ислом Каримовнинг қизғин баҳс-у, мубоҳасаларга сабаб бўлган, ўзим кўрган ўзъаро суҳбатлари ҳақида ҳам айтиб ўтишим керак. Негаки, уларнинг бу мунозаралари ва унинг тафсилотлари ҳақида ҳанузга қадар деярли ҳеч нарса маълум эмас.
Уларнинг мен таништириб қўйгандан кейинги биринчи жиддий тортишувлари 1990- йил 20-июнда ҳамманинг кўз ўнгида – Олий Кенгаш мажлиси пайтида Президиумда кечади.
Маълумки, Ўзбекистон Мустақиллиги декларацияси шу куни қабул қилинган ва мустақиллигимиз солномасини шу кундан бошлаш ҳақли бўлади. Чунки ўшанда СССР жойида турганди ва бу дадил қадам эди.
Ундан бир кун олдин, 19-июнда бир гуруҳ Карим сингари эркин депутатлар – Муҳаммад Солиҳ, Тойиба Тўлаганова, Ойгул Маматова каби “бирлик” ва “эрк” аъзолари мустақиллик декларацияси матнини тайёрлаб, 32 депутатнинг имзосини олиб кун тартибига киргизиша олмагандилар.
Тунда меҳмонхонада депутатлар билан суҳбатлашиб, 150 чамаси имзо тўпланади.
Аммо бу масала 20- июнда ҳам кун тартибига қўйилмайди.
Шунда Каримжон кичик бир хат ёзади. Хатни котибият орқали Президентга етказолмаслигини билган Каримжон танаффус пайтида секин Ислом ака ўтирадиган жойга бориб, унинг қоғозлари орасига қўяди.
Ўша пайтлар бу осон эди, бу қадар текшириш ва тансоқчилар йўқ эди.
Ўзимиз ҳам кўп гаплашганмиз Президент билан.
Хатда шундай сўзлар бўлган: “Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич! Сизни Президент этиб беш юз депутатдан 420 таси сайлади. Менга ургутлик 32 минг сайловчи овоз берган. Менинг ваколатим сиздан 76 карра кўпроқ легитимроқдир. Агар 150 мендай депутат имзо чеккан Мустақиллик декларацияси кун тартибига кирмаса, сиз менинг Президентим эмассиз! Карим Баҳриев, 327- сайлов округи”.
Танаффус тугагач, Ислом Каримов жойига ўтиради ва ҳужжатларни кўздан кечиради.
Минбарда қайсидир масалаларда кимлардир маъруза қилиб ётарди…
Олий Мажлис Президиумидаги тортишув…
Каримовнинг кўзи хатга тушади.
Ранги оқаради, жаҳли чиқади ва танаффусни кутиб турмай, залдан Каримни излайди.
У еттинчи қаторда ўтирарди.
Бир гал минбарга чиқиб: “Етти қадам ердан етти кундан бери микрофонга етолмаймиз”, – дегани ҳам ҳаммани кулдирган ва ҳозиргача хотирамизда сақланиб қолган.
Каримов Каримни кўз билан топади ва тепага чақиради.
Каримнинг секин-аста, оҳиста қадамлар билан раҳбарият томон бораётган вазмин ҳолати ҳануз кўз ўнгимда сақланиб қолган.
Ислом ака аввал уни койийди, кейин ниманидир тушунтиради.
Кейин Карим узоқ гапиради ва Каримов уни тинглайди.
Одатда ҳамма суратларда ва тасмаларда Ислом Каримов гапиради, бошқалар конспект қилади. Бу жиззаки тортишув то ялпи мажлис сўнгигача давом этади.
Ўша пайтда залда юрган сураткаш Абдуғани Жумаев Президиумда ногоҳоний пайдо бўлган бу суҳбатни, бу тортишувни обдон суратга туширган (Сурат берилади).
Мен одатдагидек, Мавлон Умрзоқов, Исмоил Жўрабек, Зокиржон Алматов ва Зелемхон Ҳайдаровлар билан биринчи қаторда ўтирардим.
Каримни Ислом ака жаҳл билан ёнларига чақирганларида Мавлон ака негадир типирчилиб қолди. Ўша пайтлар ё мен ва ё Карим у ёки бу масалада “қовун туширсак”, одатда Мавлон ака гап эшитарди.
Биз Ислом аканинг рўпарасида ўтирганимиз билан уларнинг айнан нима ҳақда гаплашаётганлари эшитмасак-да, лекин баҳс Мустақиллик декларацияси ҳақида кетаётганини ҳаммамиз сезиб турардик.
Кечаси то тонгга қадар депутатлар яшайдиган меҳмонхоналарда бўлиб ўтган гап сўзлардан Президент ҳам, ёнимда ўтирган у кишининг мулозимлари ҳам яхши хабардор эдилар…
Тарихий сурат…
Орадан бир йил ўтгач, 20-июнь кунги ўша суҳбатни суратга олган Абдуғани ака Каримдан ҳукумат поликлиникасидан аёлигами, болалари учунми, билмадим, ўша пайтда ноёб бўлган «Реомакродекс» деган дорини олиб беришни сўрайди.
Карим бир эмас, иккита идиш дори олиб беради. Каримнинг бу саҳийлигидан миннатдор сураткаш эвазига ўша бир йил аввал Президиумдаги тортишув пайти олинган суратларни Каримга совға қилади.
Бу суратларда Ислом Каримовнинг ҳам, Каримнинг ҳам сочлари қоп-қора эди, ҳали ҳаётда уларни жуда кўп ташвиш ва қувончлар кутарди.
Ҳар иккаласининг ҳам юзида ўзига ишонч ва куч-қудрат уфуриб турарди.
Ҳали Ўзбекистонда Президент билан бемалол учрашиб, суҳбатлашиш, у кишининг фикрларига қўшилмаслик ва ё эътироз билдириш, бир сўз билан айтганда – баҳслашиш мумкин эди.
Ҳали парламентда халқ ноибининг қўлига кишан солиб қамашмаган, ҳали Муҳаммад Солиҳ иложсизликдан ўз ихтиёри билан депутатлик ваколатидан воз кечмаган ва ҳали мамлакатда бир одамнинг диктатураси бошланмаган ажойиб ва осойишта, ҳавас қилса арзигулик бетакрор ва бебаҳо дамлар эди.
Бугун Ислом аканинг ҳам, Каримнинг ҳам сочлари оппоқ…
Ўша суратларни Карим бировга кўрсатмайди. Фақат Ургутдаги ота уйида бир донаси деворда осилганча туради. Уни отаси Ҳаким ота олиб кетган ва осиб қўйган.
Умуман Карим Олий Советда ишлаганда ҳам барча кабинетларда Президент сурати осилиб турган бир пайтда, у ўз кабинетида Навоийнинг каттартирилган расмини осиб қўйганди.
У шахсга сиғиниш одатларидан йироқ.
Эҳтимол, у яхши кўрган ва ҳурмат қилган одамига бўлган эҳтиромини элга ошкор қилишдан кўра, кўнглида яширин сақлашни афзал билгандир.
Мен эса тамомила бунинг акси эдим.
Мен Ислом Каримовга телбаларча меҳр қўйган, у билан яқинликни, у билан суҳбатдошликни фахр деб билган, унга сиғинган, унга ихлос қўйган, буни элга ошкор қилишни шараф деб билган соддда ва самимий бир муҳиб эдим.
Карим ишхонасида Навоийнинг суратини осиб қўйган бўлса, мен ўзимнинг ваҳимали, кенг ва узун кабинетим (Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев менга ўз кабинетини берган эди)да Президент билан тушган каттакон суратимни баланд қилиб тепага илиб қўйгандим.
Ҳузуримга кирган ходимларим, турли шикоят ва арз билан қабулимга келган, у ёки бу масалада менга эътироз билдирмоқчи ва ё баҳслашмоқчи бўлганлар бу сурат қаршисида ажиб бир мутелик ҳолига тушар ва менинг рўпарамда бош эгиб, сукут сақлаб туришдан бошқа илож тополмасдилар…
Одамлардаги бу қўрқув ва бу тобелик менга ёқар ва мен Президент билан тушган суратим билан фахрланиш ва мақтаниш ҳиссини мулозимлик ҳаётимнинг мазмун ва моҳиятига айлантириб юборган эдим…
Камтар ва фикри уйғоқ Карим Баҳриев билан нокамтар ва мақтанчоқ Исмат Хушев орасидаги фарқ айни мана шу ҳолатларда ҳам янада яққолроқ ва кенгроқ бўй кўрсатса, аён бўлса, бундан ажабланмаслик керак…
Қисқа ва сермазмун ҳаётим давомида шунга амин бўлдимки, Каримга ўхшаш ориятли ва камсуқим, узоқни кўра оладиган ҳушёр ва илғор фикрли одамлар ҳам бор экан бу кўҳна дунёда.
Лекин бу номард дунё уларни тириклигида қарига етмас экан.
Шунинг учун ҳам улар ҳақида вақтида халққа билдириш, эслатиб туриш керак, назаримда.
Менга ўхшаш бировга ишонса ва меҳр қўйса, кўр-кўрона ўшанга эргашадиган ва умр бўйи итдек садоқат билан хизмат қиладиган ашаддий фанатлар эса жуда кам экан…
Мунозара давоми…
Биз 1990-йил 20-июнь куни Олий Кенгашда содир бўлган оламшумул воқеа тафсилотлари хусусида гаплашаётган эдик.
Шу ўринда Ислом Каримовнинг дадиллигини ҳам айтишим керак.
Декларацияни киритмасликка Каримни ундай олмаган Ислом ака унга “СССР қонунлари билан Ўзбекистон Республикаси қонунлари бир-бирига зид келса, Ўзбекистон Республикаси қонунлари амал қилади”, – деган бир модда қўшишни таклиф қилади.
(Карим танаффус пайтида бу таклифни айтганда Муҳаммад Солиҳ қарши бўлади: “Бу декларация минг йиллар, балким абадий қолади. Унда “СССР” деган мудҳиш сўзнинг турмагани яхши”, – дейди. Аммо матнда Ислом ака айтган шу модда сақланган).
Бу – золим шўро салтанати ҳали куч-қудратда бўлган бир пайтда жасоратли иш эди, албатта.
Ислом Каримов Министрлар Совети раиси Шукрулло Мирсаидовни чақириб: “Бир комиссия тузинглар, шу Карим-у, Солиларга керак бўлса, қабул қила қолинглар декларацияни” – дейди.
Мирсаидов муҳокама пайти минбарга чиқиб: “Керак эмас мустақиллик. Эртага Россия бензин бермаса, кўчаларда машиналаримиз тақа-тақ тўхтайди. Иқтисодий асоси бўлмаган сиёсий мустақиллик нега керак?” – деган гапларни айтади.
Карим ва унга сафдош депутатлар: “Оч қолсак ҳам, мустақил бўламиз. Пахтамиз ва тилломизга бензин оламиз. Бозор иқтисодида пул бўлса, бензинини сотаверади. Руслар сотмаса, бошқалардан оламиз”, – дейишган.
Ўша тарихий кунларда Олий Совет Кенгашида бўлиб ўтган бу гап- сўзларнинг ипидан игнасигача батафсил ҳикоя қилишимга сабаб, мен воқеалар силсиласининг марказида – Олий Мажлис йиғинларида ҳамиша биринчи қаторда ўтирганим ва Президентга жуда яқин бўлганим билан боғлиқ.
Хуллас, Декларация қабул қилинади. Депутатлар қувонишади.
Бухоролик оташқалб депутат Насрулло Саидов байроқ кўтариб минбарда чопганини ҳам эслаймиз…
Мен англаб етган фалсафа…
Дунёнинг ишлари ростдан қизиқ.
Мен умр бўйи Президент тарафида турдим, уни имкон қадар қўллаб қувватлаб келдим, оқибат топганим хориж ва муҳожирлик бўлди ва йиллар ўтиб бугунги давр солномаси таҳлил қилинганда, эҳтимол, ҳеч ким мени эсламаса ҳам керак.
Лекин Насрулло Саидов шу биргина байроқ кўтариб, минбарга отилгани билан, Жаҳонгир Маматов Президентга қарата айтган ўша – “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми?” деган бир оғиз сўзи билан, Тойиба Тўлаганова, Шовриқ Рўзимуродов, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев ва Шуҳрат Нусратовлар Президент диктатурасига қарши гапирган оташин нутқлари билан, Муҳаммад Солиҳ депутатлик гувоҳномасини Олий Кенгаш Президиумига улоқтиргани билан, Каримжон ўша биз юқорида келтирган биттагина мақоласи ва ундаги “Президент ҳадемай нафас олишни ҳам Фармон билан жорий этса керак” деган башорати билан бир умр тарихда қолдиган иш қилишди.
Эҳтимол, уларнинг ўзи буни билмас, тушунмас. Йиллар ўтиб, бу ҳатти-ҳаракатларнинг таъсири ва қиймати тобора ойдинроқ ва ёрқинроқ бўлиб кўрина бошларкан…
Кейинчалик – бошқа қўшнилар ҳам мустақиллигини эълон қила бошлаганидан сўнг, 1991-йил 31-августда, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қонун орқали эълон қилганида залда шов-шув ва ҳаяжон аввалгидай бўлмагани ҳам рост…
1991-йил ноябрида Каримов ва Карим иккинчи бор учрашишади.
Шунда Ислом ака Каримга: “Ўшанда декларацияни қабул қилиб тўғри қилган эканмиз. Бўлмаса, итнинг орқа оёғи бўлиб қолардик. Кейин ҳамма қабул қилди”, – деб алқаган.
Сўнг бошқа кўп масалалар, жумладан олдинда турган Муҳаммад Солиҳ билан бўладиган сайловлар борасида ҳам Карим билан фикрлашган.
Уларнинг кейинги суҳбати сафар пайтида кечган.
Ўзбекистон Президенти билан таниқли ўзбек журналистининг эсда қоларли яна бир суҳбати 1996-йил 16-декабрда, Карим биринчи мустақил газета бўлган “Ҳуррият”ни ташкил этганда бўлган ва тўрт соат давом этган.
Бу суҳбат пайтида олинган сурат Ислом Каримов ташаббуси билан 2000-йил Туркияда чоп этилган Ўзбекистон ҳақидаги суъратли альбомнинг 327-бетида бор.
Унда улар юзма-юз суҳбатлашишади.
Аввал Каримовга тўрда жой қилинган, узун столнинг бир тарафида мулозимлар, иккинчи томонида Карим ва унинг сафдошлари ўтириши керак эди. Ислом ака кўришиб чиқилгач, “Бу тепа ва пастнинг суҳбати эмас, тенгларнинг суҳбати бўлади, мен Каримнинг тўғрисида ўтираман”, – деган.
Каримов билан бўлган мана шу суҳбатдошлик, йиллар бўйича чўзилган сирдошлик уни бугунгача юртда, соғ-омонликда ушлаб турган бўлса ажаб эмас!
Бугун, орадан шунча йиллар ўтиб, хорижнинг тинч ва осойишта гўшаларида яшаб Ўзбекистонда ўтган шонли ва суронли кунларимни таҳлил қиларканман, бир нарсани англаб етгандек бўлдим.
Биринчидан, Карим ростдан ҳам бизга қараганда узоқни кўра биладиган, донишманд йигит экан: У Ислом Каримов тузуми Ўзбекистонда ҳали узоқ йиллар яшаб қолишини яхши билган. Шунинг учун ҳам не-не хориж ташкилотлари унга четга чиқиб кетишини таклиф қилганида ҳам, унамаган.
Иккинчидан, Ислом ака, юқорида айтганимиздек, Каримни барибир ҳурмат қиларкан. Йўқса, уни Ватанда эканини яхши билади.
Ёқтирмаганида, бир кечада топтириб, ҳибс этган ва ё хорижга чиқариб юборган бўларди.
Уни кузатиб юрган махсус хизмат ходимлари, матбуот агентлиги, хавфсизлик кенгашидагилар бир неча бор Каримни қатағон қилиш, қамаш ҳақида таклиф ва “факт”лар билан Президентнинг олдига киришганини ҳам биламан.
Аммо Ислом ака унга тегишга изн бермай келади.
Каримни амалсиз қолдиришса-да, шунга ҳам шукр деб Ўзбекистонда яшаб қолди.
Мен эса амалимни тортиб олишганига жаҳл қилиб, ”ҳали сенларга кўрсатиб қўяман!” деб Ўзбекистонни ҳам ташлаб, хориж эллар сари юз тутдим.
Ўйладимки, бу ерларда ҳаёт яхши деб! Ўйладимки, бу элларда Ватансиз ҳам яшаш мумкин деб!
Ўйладимки, ҳали менинг чет элга кетганимни билиб, Президент бунга алоқадор ва айбдор мулозимларни шак-шубҳасиз жазолайди деб.
Лекин ҳеч ким жазоланмади…
Ўйладимки, менинг муҳожирлик сари юз тутганимдан сўнг ”Оқ сарой”да ажиб ҳангомалар бошланади деб.
Лекин ҳеч нарса бўлмади…
Шундагина биз ўзимизни Ўзбекистон ва унинг Президенти олдида ҳеч ким ва ҳеч нарса эмаслигимизни, унинг қаҳри ва сиёсати олдида чивинчалик ҳам таъсиримиз йўқлигини фавқулодда тушуниб етдик.
Ўзбекистонда бизсиз ҳам ҳаёт давом этаверишини, бизсиз ҳам одамлар бахтли яшаши мумкинлигини кейин тушундик.
Ўзимизга шу қадар бино қўйган худбин ва мақтанчоқ, баландпарвоз ва аҳмоқ бўлган эканмиз, ажаб.
Каримжон Ватансиз яшай олмаслигини – Ватандаёқ билган бўлса, биз нонкўрлар бу оддий ҳақиқатни муҳожирликнинг аччиқ нонини егандан сўнггина – хорижда англаб етдик.
Ақлли Карим Баҳриев билан ақлсиз Исмат Хушев орасидаги асосий фарқ ҳам айнан шунда бўлса, не тонг!
Карим ва мухолифат…
Карим ва мухолифат масаласига келсак, унинг обрўси мухолифат орасида ҳам баланд.
Биламан, улар Каримнинг майдонга отилиб чиқмаслигидан, уларнинг сафида турмаганидан хафа бўлишади.
Унинг тимсолида толмас курашчини кўришни исташади.
Аммо Карим бизга ўхшаган аскар эмас, у фикрловчи инсон, тафаккур эгасидир.
Мухолифатга унинг заковати ёрдам қилиши мумкин эди.
Аммо у мухолифатдагиларга ҳам тўла ишонмаса керак деб ўйлайман.
Мен у билан бир-икки бор суҳбатлашганман бу ҳақда.
У менга шундай деган: “Исмат ака, булар на умумий ғаним олдида, на бир миллат тақдири борасидаги буюк мақсад атрофида бирлашади.
Ҳеч бири бошқасини тан олмайди.
Ўзига маҳлиёлик, ўзининг фикридан бошқаси нотўғри деб билиш бўртиб туради”.
Кейин: “Мен ёлғиз бўриман, ўзим учун ўзим жавоб бераман ва ёлғиз курашаман”, – деган…
Хайрлашув…
Чет элга кетиш олдидан мен унинг олдига кирганман.
“Интерньюс” деган ерда ишларди. Унга биргаликда бир партия тузишни маслаҳат солдим. У чўрткесарлик билан: “Бу фикрни астойдил айтмаяпсиз, бу бир менинг кўнглимга разведка қилиш учун бўлса керак”, – деган ва мен хафа бўлганман.
Кейин четга кетишимни айтганимда, кетмасликка ундаган: “Шу юрт – юртимиз, шу халқ – халқимиз, бутун камчиликлари билан бизники.
У ерда узоқ азиз бўлмайсиз.
Беш-тўрт кун кескин интервью берасиз, “Би-Би-Си” ва “Озодлик”ка мавзу бўласиз.
Кейин узоқ тинкақуритар мусофирлик бошланади.
Бегона маданият, бегона тил, бегона ҳаво ва бегона сув…
Ҳали ҳаммасининг қадри ўтади.
У халқ учун сиз абориген, ёввойи бўлиб қолаверасиз.
Мусулмон ва насроний ўртасидаги асосий алғов-далғов ўша томонга кўчади.
Чунки асосий халқи ислом динига эътиқод қиладиган ерларда дин танлашда дилемма йўқ.
У ерда ҳали туб жой аҳолиси уйғонади.
Тинчлик бўлмайди.
Яқин юз-икки юз йилда Европа-ю Американгиз нотинчлик буҳронида юради. Юртдан кетманг”, – деди.
Кейин: “Мабодо кетсангиз, сиёсатдан йироқ бўлинг. Тил ўрганинг, иш ўрганинг. Беш-ўн танга топиб қайтсангиз, ер оласиз, уй қурасиз. Ўзбек давлати сизга қарши бўлмаса керак”, – деди.
Бугун, орадан йиллар ўтиб, унинг бу башоратлари исбот топганидан ҳайратланаман, унинг ростдан ҳам узоқни кўра биладиган, донишманд йигит эканига ич-ичимдан, қайта ва қайта иймон келтираман…
Мухолифатдагиларга ўзига ишонгандек ишонганда Карим уларнинг олдинги сафида турарди.
Эҳтимолки, йиллар ўтиб бирлашган ва ягона ўзбек мухолифатининг тан олинган салоҳиятли раҳбарларидан бири ҳам бўлиши мумкин эди…
Аччиқ сабоқлар…
Афсуски, халқимизнинг бошига буюк сиёсатчилар битмаган экан.
Ва халқ ҳам ўзининг Каримдек фарзандларини қадрлай олмас экан…
Баъзан ўйлаб қоламан, нималарни орзу қилган эдим-у, нималарга эришдим деб.
Каримжондан фарқли ўлароқ, Президентга айрича меҳр қўйдим, унинг хато ва камчиликларини элга ошкор қилишдан кўра, унга ҳамфикр ва мададкор бўлишни ихтиёр этдим.
Ўйладимки, ҳали Ислом акани кўролмайдиганлар, уни танқид қилиб енгил обрў олмоқчи бўлганлар пушаймон қилади деб.
Ўйладимки, бизлар ҳали яхши яшаймиз, бутун дунё ўзбекларга ҳавас қилади деб.
Ҳатто бу борада Каримжонга иддао қилиб, машҳур мақоласи боис “очиқ хат” ёзиб, уни ҳам ўз йўлимга солмоқчи бўлдим.
Охир-оқибат, бугун, Ўзбекистондан олис бир диёрда Ватан соғинчи боис кўзда ёшу – армон билан, шикаста бир виждон билан, қўлда мағлуб байроқ билан, дилда ўксик фироқ билан, мажруҳ дил ва синиқ кўнгил билан яшаб юрибман…
Каримжон-чи? У нима қилаётган экан ҳозир Ўзбекистонда? Унинг руҳи, кайфияти қанақа экан?
Бир пайтлар ўзи айтган гаплари, қилган башоратлари бугунга келиб мутлақ исботини топгани учун “Нега ўша пайтлар йўлдан қайтардингиз, Исмат ака?” деб менга ғойибдан маломат тошларини отмаяптимикан?
Ёки ҳамиша қаерда ва кимнинг байроғи остида яшашни, доим тўқ ва фаровон ҳаётга ошно бўлишликни Исмат акадан ўрганиш керак экан деб пинҳона ҳаваслар қилаяптимикан?
Билмадим, ҳар қалай у ҳозир ҳам ўша мен билган Каримжон бўлса, менга ҳавас қилмаётгани аниқ.
Чунки у муҳожирлик нони қанчалар аччиқ ва тахир эканини яхши биладиган, муҳожир инсоннинг шикаста ва ҳижронзада кўнгли (Юрт ва Ватан соғинчи боис) кемтик ва яғир эканини тасаввур қила оладиган донишманд ва заковатли йигит.
Шунинг учун ҳам у Ўзбекистонда яшаб қолди.
Подшо салтанатидаги худбин ва очкўз мансабдорлар талаб, хонавайрон қилган, хазинаси бўшаб қолган шўрлик Ўзбекистонни бизлар каби хотиржам ва бемалол ташлаб кета олмади.
Шунинг учун ҳам у Ўзбекистонда яшаб қолди.
Карим табиатан ўзини Ўзбекистонсиз тасаввур қилолмасди. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон ҳам Каримсиз ҳувиллаб қоларди.
Карим Баҳриевнинг Ватанда алоҳида ўз ўрни борлигига шубҳа йўқ!
Ўн йилдан кейинги учрашув…
Карим – ўта инжиқ , мураккаб табиатли бўлиши билан бирга, ниҳоятда ҳушёр бола.
Лекин табиатидаги бу қусурлардан қатъий назар, талантли йигитлар ҳамиша ҳурмат эътиборда бўлиши керак.
Айнан шунинг учун ҳам мен Каримни ҳаддан зиёд идеаллаштириб юборган бўлсам, буни ҳам тўғри тушунишларингизни истардим.
Биз Карим билан, ҳар қалай, оз эмас, кўп эмас – ўттиз йилдан бўён дўстмиз. Бир биримизни яхши биламиз, тўғри тушунамиз…
Яқинда Тошкентга борганимда ўн йиллик айрилиқдан сўнг Каримжон билан дийдор кўришдим.
“Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов кабинетидан туриб дўстларимни йўқлаб биринчи телефон қилганим – Карим бўлди. У овозимни эшитган заҳотиёқ, негадир:
– Тошкентдамисиз? – деб сўради. Ҳайрон қолдим. – Ҳа, Сафар аканинг хонасидан қўнғироқ қиляпман, – дедим. Олдинлари ҳар сафар Канададан туриб телефон қилганимда бундай деб сўрамаган дўстимнинг бу саволи мени ҳайрон қолдирди.
– Қаердан билдингиз? – деган саволимга: – Юрагим сезди… – деб сирли жавоб қилди…
Суратда: Исмат Хушев Карим Баҳриев билан Тошкентда – 2014…
Кўп ўтмай кўришдик. Ўтган ўн йил уни ниҳоятда ўзгартириб юборган – қадди қомати бир оз тўлишиб, ажиб бир салобат касб этган эди.
Шу билан бирга унинг ўйчан ва синчков нигоҳлари ниҳоятда азобли ва аламли эди. Мен унинг мовий кўзларининг тўрида ҳали ҳеч қачон кўрмаган ва учратмаган чуқур бир дард билан ҳасратни кўрдим.
Унинг ўта мунгли нигоҳларида абадул абад қотиб қолган бу ҳижрон, бу армон, бу фиғон – айрилиқ азоби бўлиб, яқинда у ўзининг суюкли фарзанди – Чаросидан айрилган эди…
“Кўкча” қабристонидаги юрагимни қийнаган ўйлар…
Сўнг икаламиз “Кўкча” қабристонига бордик.
Мен аччиқ ва аламли муҳожирлик қисматининг этагидан тутиб, олис эллар сари юз тутарканман, эрта бир кун Тошкентга қайтганимда ўзим яхши билган гўзал Чароснинг қабри устида тураман деб сира ўйламаган эдим.
Бу дунё бунчалар бевафо бўлмаса! Тақдир инсон бошига не не азоб уқубатлар солмайди дейсиз.
Гулларга бурканган, совуқ ва сукунатли қабр қалбимни бир эзса, титкиласа – қабр устида кўз ёшларини тиёлмай турган дўстимни кўриш – минг бора юрак бағримни ўйди десам ишонинг.
Чаросга бутун бир курс ошиқ бўлган экан. Унинг вафот топганини эшитганидан сўнг уларнинг уйларига келган курсдош йигитларнинг аччиқ кўз ёшларини кўриб, Карим ҳам, Илмира ҳам қандай ҳолга тушганларини, ич ичларидан нечоғлиқ дард ва азоб чекканларини тасаввур қилишнинг ўзи ҳам даҳшат!
Энг гуллаган ўн саккиз ёшида, ҳали келинлик либосини ҳам киймай, ҳатто келинлик нималигини ҳам билмай, бу ёруғ дунёдан ҳур кетган ойдек гўзал қизидан ажралиш мусибати ҳеч кимнинг бошига тушмасин экан.
Шу маънода мен кўрган олдинги Каримдан – ҳозир рўпарамда турган Карим тамомила фарқ қилар эди.
Дўстимнинг олдинги бургут қарашлари, ўзига, тақдирига ишонч ва умид ҳисси билган тўлган юриш туриши ва ҳатти ҳаракатларидан асар ҳам қолмаган.
Энди рўпарамда ўз хато ва жафо умрини деярли яшаб бўлган, азоб уқубат ва ҳаёт мағлубиятларига тамомила таслим бўлган, энг муҳими — чексиз дард ва алам ўз асирига айлантириб улгурган, сочлари қордек оппоқ бўлиб оқарган кекса бир мўйсафид тургандай эди…
Дўстимни шу алфозда кўриб, ич ичимдан зил кетдим, эзилдим.
Наҳотки ўзи бир пайтлар орзиқиб кутган ва чин маънода беомон жанг қилган – Мустақиллик йиллари Карим учун шунчалар оғир келган бўлса?
Нафсиламбирини айтганда, мен Каримнинг елкасини босиб турган – юкни, унинг сочларини оқартирган – дардни яхши биламан. Депутатлик йилларида ўзи курашиб, қанчалар дард алам чеккани ҳануз ёдимда.
Бир сўз билан айтганда, ўтган йигирма беш йиллик давр ва замоннинг дарди – Мустақилликнинг муаммо-ю, машаққатлари, ғалабаю, инқирозлари ўзининг бор залвори, муаммоси ва фожеаси билан унинг шу ожизгина елкасида турибди.
Бир пайтлари депутат бўлганда, Президент билан бақамти келганда ҳал қилолмаган дарду аламлар то ҳануз унинг юрагида борлигини яхши биламан.
Президент билан яккама якка суҳбатлари , баъзан бу “ширин суҳбат”лар фикрлар жанггига, демократия ва ҳақ сўзни айтиш курашига айланиб кетганини – унинг юрагидаги дард-у, аламларни яхши биламан ва ҳис қиламан. Булар охир оқибат Каримни оз мунча азобламадими?
Ўзи жон фидо қилиб курашган мустақиллик наҳотки Каримга шунча азоб уқубат келтирган бўлса?
Ҳатто оилавий фожеаларга ҳам баъзан одамнинг омадсизлиги сабаб бўлиши мумкин. Оилавий нотинчлик ҳам аслида замон нотинчлиги билан қоришиб кетган бўлади.
Бир сўз билан айтганда – дўстимни Ислом Каримовнинг Мустақиллик даври — Адолатсиз ва доғули замон қаритган эди…
Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”си ва Мўмин чол…
Дунёнинг ишларига қаранг. Мустақиллик учун жон олиб жон бериб курашган, ўз таъбири билан айтганда – ёлғиз бўри, бугун фарзандининг қабри тепасида мунғайибгина турибди.
Ўша дамда у менга беихтиёр Чингиз Айтматовнинг “Оқ кемаси”даги Мўмин чолни эслатди. Унинг шу мунгли ҳолатида қанчалар ҳикмат бор эди.
Ажабо, мустақиллик мағзини ҳатто чақиб ҳам кўрмаган Ўзбекистонннинг бугунги янги бойлари бемалол давру даврон сураётган бир замонда — мустақиллик учун беомон курашган Карим ва унга ўхшаган собиқ халқ депутатлари, адабиёт ва санъат, илм фан ва журналистика фахрийлари, давлат ва жамоат арбоблари нега бугун Ўзбекистоннинг энг сўнгги одамлари бўлиб қолишди?
“Кўкча” қабристонидаги Чароснинг қабри узра одамзотнинг чигал ва мураккаб умри ва ҳаёти ҳақида ўйларканман, беихтиёр Канада ва Америка қабристонлари билан Ўзбекистон мозорларини хаёлан қиёслаб кўрдим.
Бу ерларда қабристонлар турли туман гул-у, чечакларга тўлиб, оромижон боғ роғларга айлантирилган. Ҳар бир қабр қошида дам олиш ва ўтириб хаёл суриш учун юмшоқ креслоли ўриндиқлар қўйиб қўйилган.
Бир сўз билан айтганда бу ердаги қабристонлар қишин ёзин гул лолалар барқ уриб очилган улкан бир боғ.
Боғнинг энг сўлим ва кўримли ерида – дафн маросимлари ўтказувчи муҳташам кошона қад ростлаган. Уч тўрт қаватли бу кўркам саройда марҳум билан видолашиб, дуои фотиҳа қилувчи хоналаридан тортиб, у ҳақдаги видео ва аудио фильмларни томошо қилувчи кино залларигача, ҳатто унинг руҳини ёд этиб, турли хотирлаш маросимларини ўтказувчи емакхона, ошхона ва ресторанларгача муҳайё.
Албатта мен яшаётган давлатлардаги марҳумлар билан видолашиш ва уларни дафн этиш учун яратилган шарт шароит билан Ўзбекистондаги имкониятларни ўзъаро таққослаш мумкин эмас. Қабр ва мозорларни эса айтмаса ҳам бўлаверади.
Лекин шунга қарамай, “Кўкча” қабристонидаги ўзига хос тозалик ва саришталик менинг эътиборимни тортди. Ҳали вақт келиб, ўзбек қабристонлари ҳам қишин ёзин гуллаб яшнаётган чаманзорларга айланадиган кунларга етамиз.
Фақат ўн саккиз ёшида бу ёруғ оламни тарк этган Чарослар энди бу дунёга қайтиб келмаслиги менга алам қилади…
Ўзбекистондан Канадага жуда оғир хаёллар билан қайтдим.
Дўстимнинг ҳали ўн гулидан бири ҳам очилмаган дилбандидан ажралгани юрагимни бир эзса, не не орзу умидлар билан мустақиллик учун қилган зое ҳаракатлари, меҳнат ва курашлари, ғайрат ва жасоратлари саробга айланганидан яна бир эзилдим…
Каримнинг мактуби ва ёки сўнг сўз ўрнида…
…Яқинда Каримдан хат олдим.
Назаримда, бизнинг шу кичик умримизга, серғалва ҳаётимизга, унинг мазмун ва моҳиятига берилган ҳақиқий баҳо эди бу қисқа мактуб:
Исмат ака!
Имом Ғаззолий узлатнинг ўн фойдаси ҳақида
ёзганлар. Шулардан бири шуки, узлатдаги
одам ёлғон гапиришга, кимгадир ёқишга
интилишга мажбур эмас. Ким биландир
кўришсангиз, албатта, яхши гапирасиз, аҳмоқ
бўлса ҳам, зўрсиз, деймиз, Тамом бўлаётган
бўлса ҳам, кўринишингиз зўр, деймиз. Жамият
ҳам шу.
Умуман олганда, ёмон одам эмасмиз. Халқ
учун ҳам нимадир қилдик, ҳар ҳолда уриндик.
Қарасак, халқ кимни тепасига чиқарган
бўлса, кимга тоқат қилаётган бўлса, шу
кўргиликка муносиб экан. Муносиб бўлмаса,
бошқачасига ҳаракат қиларди.
Сиёсатдан чекиниб, энди абадийроқ нимадир
ишлар қилишимиз, бугуннинг ғурбатидан
юксакрок туйғулар, масалан, ишқимиз,
куйиб-ёнганимиз, ҳаммасининг ўткинчилиги
ва ҳоказолар ҳақида узоқроқ яшайдиган
асарлар ёзишимиз керак.
Юртни обод қилолмадик, энди ҳеч бўлмаса
битта ҳовли олиб ўшани обод қилсак, Халқни
бахтли қилолмадик, энди ҳеч бўлмаса шу
болаларимизни бахтли қилсак. Орзуларимиз
шу қадар торайди, кексайганда.
Бугун тўрт қатор шеър ёзгандек бўлдим:
Балким ҳали ёшман,
Гоҳо бебошман,
Балким, юксакларни
Кўзлар тилагим.
Ва лекин қариди –
тош эмас экан –
чирпанди, чарчади
бугун юрагим…
Ҳурмат билан,
К.Б.
Ажабки, мен бу хатни ўқиган пайтда, эрта бир кун Каримжон ҳақидаги бобни ҳам айнан шу мактуб билан тугаллаш мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Начора, юракни эзадиган ғамгин ва умидсиз, маъюс бир мактуб. Энг муҳими аччиқ ва аламли ҳақиқат бор унинг сатрларида.
Зотан, бизнинг “қизғалдоқ баргидек” бир лаҳзада учиб ўтган умримиз ҳам шу хат каби қисқа ва ситамли, аччиқ ва аламли эмасмиди?
Бир тоғнинг икки ёғидаги қишлоқда туғилиб ўсган икки йигитнинг икки хил тақдирли ажиб қисмати ана шундай ривож топди. Якун топди дейишга ҳали эрта. Негаки, уларнинг ҳали бу дунёдан умидлари бор…
…Виқорли Ҳисор тоғларининг Ургут ва Китоб номи билан аталмиш гўшаларида дунёга келган бу икки йигит уларнинг бири айтганидек, “ҳамфикр бўлишмаса-да, лекин ҳур фикрли” инсонлар эди.
Улар Ўзбекистонда демократия масаласида «ўзига хос ва ўзига мос» фарқларга эга бўлишларига қарамай, бир масалада яхлит ва комил ишончдалар:
Уларнинг икаласи ҳам Ўзбекистонда эрта бир кун адолат қуёши балқиб чиқишига муқаррар ишонадилар
Бу қуёш ёғдусида биз – ватандан айро тушган фарзандлар биринчи навбатда – она Ватанни ва Ўзбекистондаги Карим каби садоқатли дўстларимизни ажиб бир соғинч ва армон билан, энтикиш ва ҳаяжон билан маҳкам қучоғлаб, бағримизга босишимизни яққол кўриб турибмиз.
Бу нақадар унутилмас ва тарихий воқеа бўлади.
Бу кунлар эса узоқ эмас…
(тамом)
Торонто шаҳри, Канада
3 март, 2015 йил.
2 шарҳ
Карим БАҲРИЕВ: ЧАРОС МАРСИЯСИ (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
1.
Мен Аллоҳ ҳукмига бўларман таслим,
Борар жойинг бўлсин жаннати наим.
Чарос, Чаросгинам, менинг Чаросим,
Танинг ерга, ўзинг осмонга тушдинг,
Ўн саккизда ҳукми Раҳмонга тушдинг.
Дунёча орзулар қолди бир дафтар,
Учдинг у дунёга – оппоқ кабутар.
Ёзиб битмоқчийдинг боқий бир хатлар –
Ўзинг бугун хатми Қуръонга тушдинг,
Бобонг, бувинг кетган маконга тушдинг.
Бу олам боғида гул эдинг анбар,
Энг зўр гулни узар боққа кирганлар –
Кўп эди ҳуснингга ошиқ бўлганлар –
На Шер, на Диёр, на Давронга тушдинг,
Ҳурдай тоза ҳолда кафанга тушдинг.
Дейдилар, бу дунё – ожиза дунё,
У дунё – абадий мўъжиза дунё,
Ғамдану ғийбатдан покиза дунё.
Аллоҳ севганини чорлар бир пасда,
Хорлик, зорлик тўла ерда қўймасдан.
Ҳали биз кимларга бўлармиз ошна,
Турмуш деб борармиз эгилган бош-ла,
Совуқда изиллаб, иссиқда – ташна,
Қизим, сен абадий ризвонга тушдинг –
Иссиқ-совуқ ўтмас маконга тушдинг.
Чаросим, авжида узилган ғунчам,
Қалбимда хотиранг мангу тугунча,
Видо, охиратда юз кўришгунча –
Онангни юпатдим шундай деб, қизим,
Юпана олмасман, нетай, мен ўзим.
Аллоҳ ҳузурига кетдинг олдиндан,
Биз ҳам боражакмиз бешак ортингдан.
Умидимиз бордир Раҳми одилдан –
Бандаман чорасиз, обу гил аслим,
Қодир тақдирига турибман таслим.
Роббимнинг ҳукмига бўларман таслим,
Борар жойинг бўлсин жаннати наим.
Чарос, Чаросгинам, менинг Чаросим,
Танинг ерга, ўзинг осмонга тушдинг,
Ўн саккизда ҳукми Раҳмонга тушдинг.
2.
Гоҳида қайғуга тушсам бехосдан,
Ё эркалик қилиб дердим: “Болам-а,
Отангни авайла, юрагим – хаста,
Эҳтиёт қил, бирдан ўлиб қоламан…”
Қизим, сен эркалик қилмадинг сира,
Ва ё узун-узоқ ётмадинг хаста.
Жимгина яшадинг ва жим, оҳиста
Кетдинг бу дунёни ташлаб бехосдан…
3.
Ой ер теграсида айланар титраб,
Қуёш атрофида айланади ер.
Жаҳон айланади коинот ичра,
Барини англолмай бош айланадир.
Замон айланади, ўтар кун-кеча,
Мана, аста-секин тонг ҳам отибди.
Олам ёришди-ку, Чаросдай қизча
Қоронғуда,
ер тагида ётибди.
Ҳаёт ҳикмати шу – барглар ҳам хазон,
Хазонлар чирийдир – яна унадир.
Бинолар охири бир кун вайрондир,
Тупроғи ғишт бўлар, яна бинодир.
Секин-секин келар ана баҳор ҳам,
Кўкча қабристони гулга ботибди.
Ер юзин гул босди,
ернинг тагида
Чарос деган қизча абад ётибди.
Ҳамманинг манзили охири шу ер,
Ҳозирча ҳаётнинг оҳанги оқар.
Жаҳон айвонида ҳаёт ҳокимдир,
Майсалар қабрга кўк сирға тақар.
Булбул сайрар тинмай гулнинг шохида,
Ишқнинг мажлисида шамол котибдир.
Ернинг усти – шовқин,
пастда жимгина
Чарос деган қизча мангу ётибдир…
2010-2013
Шароф Убайдуллаев: Шоир йиғламасин («Чарос марсияси»ни ўқиб)
Шароф Убайдуллаев:
Шоир йиғламасин
(Карим Баҳриевнинг «Чарос марсияси»ни ўқиб)
Чаросим, авжида узилган ғунчам,
Қалбимда хотиранг мангу тугунча.
Видо, охиратда юз кўришгунча –
Онангни юпатдим шундай деб қизим.
Юпана олмасман, нетай, мен ўзим…
1966 йил Абдулла Орипов онажони Турди Карвон қизининг вафоти муносабат билан ёзган шеърида шундай қуйма сатрлар битган эди:
Мен азиз онамни тупроққа қўйдим,
Ҳали тинган эмас кўздаги ёшим.
Олис кечалари ҳижронда куйдим.
Энди қай сийнага қўйурман бошим…
деб шоир бехосдан, юрагидан ўқ еган шердек икки букилиб, ўкириб йиғлаганида, биз – олис Украинада ҳарбий хизматни ўтаётган юзлаб ўзбек солдатлари унинг китобчаси устида эгилиб кўз ёш тўккан эдик.
Орадан қарийб ярим аср вақт ўтибди-я.
Назаримда ўзбек шеърияти полигонида яна бир вулқон портлагандай бўлди: Бу вулқон зарбини бизга «Дунё ўзбеклари» етказиб берди.
Бу вулқон – шоир Карим Баҳриев юрагидан отилиб чиққан дарду-оҳ эди, ўт-олов эди.
Мана бугун ўн саккиз ёшида «тани ерга, ўзи осмонга» учган Чарос бизни яна бир бор қалбимизга вулқон солиб, ўз фарзандимиздай қалбимизга кўмилиб, бизни шоир отаси билан баб баровар йиғлатиб турибди.
Шоир йиғламасин экан.
Боз устига Карим Баҳриевдек «Ғич-ғич ақл», «Ғич ғич эҳтирос» га тўлиб тошган шоир йиғламасин.
У дунёни йиғлатиши мумкин.
Бу шеър – Карим Баҳриевнинг қалбини емирган ва кемирган вулқон бўлиши билан бирга, айни пайтда, бизнинг поэзия назариямизга ҳам бир дарслик каби хизмат қила олади.
«Шеър ўзи нима» деб шеърият туғилгандан бўён шаеърпарастлар баҳслашиб келадилар.
Шеърга бўлар бўлмас майда чуйдаларни дастак қилиб қулоғимизга турли туман «ўғитлар»ни солмоқчи бўладилар.
«Шеър ўзи нима?» деган абадий саволга лўнда ва мухтасар жавобни мана шу «Чарос марсияси»дан топиб олиш қийин эмас.
Карим Баҳриевнинг мана шу йиғисида, мана шу марсиясида шеър – бу юракнинг садоси, шеър – бу юракнинг эҳтироси, шеър – бу юракнинг дарди.
Шоир йиғламасин…
Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (6)
16. Карим Баҳриев билан
учрашув
“Тошкентга саёҳат” туркумидан
Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди,
Ўн йил қишлоғимдан юрибман узоқ.
Мен юрган йўлларда ўтлар унибди,
Кўмилиб бўлибди мен кезган сўқмоқ…
Ёшлик чоғим эди, шўхлигим тутиб,
Исмим ўйган эдим битта теракка.
У ҳам жароҳатдай кетибди битиб,
У ҳам юксалибди менсиз юксакка…
Бузилиб бўлибди аллақайси дам,
Ҳовли ортидаги омонат кўприк.
Бу ерда мен билган одамларнинг ҳам,
Баъзиси энди йўқ, баъзиси тирик…
Ҳайратга тушмасман бу ҳолдан сира,
Дунё бу қувғинди оҳудай елар.
Дунё бу энг оддий ҳукмига кўра,
Кимдир туғилади ва кимдир ўлар…
Лекин қалбни босди ногоҳ бир сукут,
Ногоҳ бир ҳаяжон эзди дилимни.
Умрим йўлларини босмаганми ўт.
Хазон кўммаганми ҳаёт йўлимни…
(Абдулла Ориповдан)
Суратда: Исмат Хушев Карим Баҳриев билан Тошкентнинг “Кўкча” қабристонида… 2014 йил, январь.
Каримжон билан Тошкентга борган кунимоқ телефонлашган эдик. Орадан икки кун ўтиб, ниҳоят кўришдик.
У бир неча йил муқаддам хатларининг бирида “Ойбек” метроси ёнидаги уйини сотиб, Кўкча тарафлардан мўъжазгина бир ҳовли олганини ёзган эди.
Ўша ҳовлисига бориб, ўтган йили 18 ёшида вафот этган қизи руҳига фотиҳа ўқидик. Сўнг Кўкча қабристонига келдик.
Шайх Зайниддин хоки ётган мақбара яқинида қўним топган фарзанди қабрини зиёрат қиларканмиз, бу ногоҳоний йўқотиш Каримжонга қанчалар кучли зарба бўлганини ич-ичимдан аниқ ҳис этиб турардим.
Бир пайтлар қоп-қора ва қалин сочларини силлиқ тараб, табассум билан майингина жилмайиб турадиган Каримжонни бешафқат ва золим ҳаёт энди анча улғайтириб қўйган эди.
Мунғайган қабр бошида фарзанд доғида тамомила ўзини олдириб қўйган, сочлари батамом оқарган мўйсафид бир йигит бош эгиб турарди.
Фарзанд доғи шунчалар аччиқ ва азобли эканини бундай фожеа бошига тушганлар яхши билишади.
Менинг ҳам қирқ икки ёшли навқирон акам автомобил ҳалокати туфайли бевақт вафот этганида отам билан онам ҳам бир кечанинг ўзидаёқ мункиллаб, адойи тамом бўлиб қолган эдилар.
Ҳатто фарзанд доғига чидай олмай, уч ой ўтар-ўтмас онагинам инфаркт бўлиб вафот этган эдилар…
Марҳума қизининг қабри бошида ҳануз маҳзун хаёл суриб турган Каримжонга қараб, шу нохуш хотиралар кўнглимдан ўтаркан, жигарбанди ҳажрида куйиб тамомила адо бўлган дўстимни нима деб овутишни билмасдим…
Бундай пайтда одатда гапирилмайди. Сўз бу ерда ортиқча.
Бир бирига қарама қарши ва сўнгсиз хаёллар билан бўлиб, қабристонда анча ўтирдик Сўнгра атрофдаги қабрларни кўздан кечирдик.
Бир пайтлар бизга ТошДУнинг журналистика факультетида сабоқ берган Тўғон Эрназаровнинг қабри ҳам шу ерда экан, уни ҳам зиёрат қилиб, домланинг руҳи покларига фотиҳа ўқидик.
Профессор Тўғон Эрназаровни, агар таъбир жойиз бўлса, Москва Давлат университетининг журналистика факультетига асос солган Ясен Николаевич Засурский билан қиёслаш мумкин.
Биз Каримжон билан олдинма кейин Москвадаги шу қутлуғ даргоҳда таҳсил олганмиз. Ўттиз йилдан бўён журналистика факультети Президенти бўлиб келаётган Ясен Николевич Засурскийни ҳам яхши биламиз…
Ўша куни Кўкчадаги қабристонни анча айландик. Истироҳат боғларидек тоза ва озода, ҳар бир қабр қошида ўтириш учун алоҳида ўриндиқлар қилинган, йўлаклари асфальтланган бу даргоҳ Европадаги тинч ва осуда, сўлим қабристонлардан сира қолишмасди…
Ўн йилдан кейин илк маротаба она Ватанга келиш қувончлари, ёру биродарлар билан дийдорлашув ҳаяжонлари бари босилиб, одамнинг кўнгли бўшаб, руҳи енгил бўлиб қоларкан қабристонда.
Бу фоний дунёни мангуга тарк этганлар қабрлари аро умр ўткинчилиги ҳақида ўйлаб, хаёл суриб сағаналар оралаб кезарканман, беихтиёр Муҳаммад Юсуфнинг ўлим ва айрилиқ ҳақидаги мана бу мискин шеърлари хаёлимга қуйилиб келаверади:
Ўлим – нима? Бу бир сирли сайр она,
Ўғлинг қаро ерга кетди, хайр она…
Ўша куни биз ҳам Каримжон билан Кўкча қабристонида анча вақтгача “сайр” қилиб юрдик…
Ҳаддан зиёд қувонсанг ёки керагидан зиёд азият чексанг, қабристонга бор деб бежиз айтишмаган экан машойихлар…
Торонто – Нью Йорк – Тошкент – Нью Йорк – Торонто
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
2 январь, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада
2 шарҳ
-
Haqiqiy dost ekanlar Ismat Xushev sizga Karimjon. Men sizga havas qildim. Ismat Xushevday talantli jurnalist bilan ogayni ekaningiz uchun. Men Sizni shu bugun qaytadan kashf qildim.
-
Ismat aka lol qoldim yana bir bor maxoratizga,ushbu bobdan olgan ta’ssurotimni suz bn tariflay olishim qiyin . Karim Bahrievdek insonlarga yaratgan egamni uzi xam havas qilsa ajabmas ,Ismat aka siz va dustiz qanday yul bosib utmangizlar xayotda ,boshqalar uchun urnak buladigan jixatlariz etarlicha deb uylayman
Biz uquvchilarni bahramand qilganiz uchun tashakkur.
Жуда ҳам ноқулай, чигал ҳолат бўлган экан. Тасаввур қилиб кўрдим.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам Карим Баҳриев бўриларнинг бўриси. У ўзининг ажойиб мақолари билан бир қаторда, журналистик эътиқодига содиқлиги, миллат манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйиб келаётганлиги сабабли ҳам қалбларимиз тўридан жой олган саноқли шоир ва журналистлардан биридир. Дўстимиз Исматжон таъкидлагандек, вилоятлардан бўриман деб келиб шоқолга, бургут парвозини орзу қилиб мусичага айланиб қолган ижодкорлар қанча. Мен, миллатимиз манглайига Карим Баҳриевга ўхшаган тили ва дили бир, қарорида собит турувчи юзта иқтодорли журналист битилган бўлса эди, Ўзбекистон ҳозирда дунёнинг йигирмата ривожланган мамлакатлари қаторидан ўрин олган бўлур эди, деб ўйлайман. Чунки журналистлар миллатнинг локомативларидир.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус