• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

“Прага кундаликлари” туркумидан (12)

Июл 26, 2012
“Прага кундаликлари” туркумидан (12)
“Прага кундаликлари” туркумидан (12)

“Прага кундаликлари” туркумидан (12)

Исмат Хушев

Ниҳоят Қурултой бўладиган кун ҳам етиб келди.

30 июнь куни эрталаб нонушта қилиш учун ресторанга кирганимда, анжуман иштирокчиларидан деярли ҳеч кимни учратмадим.

Тонгга яқин уйқуга кетганим учун ҳам, мажлисга кеч қолган эдим.

Меҳмонхонанинг учинчи қаватидаги анжуманлар ўтадиган “Конференц зал”га тушганимда йиғилиш аллақачон бошланган экан.

Қурултойга таклиф қилинган меҳмонлар рўйхатидан ўтиб, ичкарига кирарканман залдаги одамларнинг кўплиги ва анжумандаги байрамона руҳ эътиборимни тортди.

Қурултой иштирокчилари гўё яқин кунларда Ўзбекистонда ҳукуматни қўлга киритиш аниқ бўлгандек кўтаринки руҳ ва шодон кайфият билан зални тўлдириб ўтиришарди.

Президиум столида Муҳаммад Солиҳ — икки ёнидаги икки ўринбосари – Намоз Нормўмин ва Муҳаммадсолиҳ Абутовлар билан қўр тўкиб ўтирарди.

Ушбу ҳолат менга беихтиёр Ўзбекистон Олий Мажлиси Президиумини ва унда ўтирган Ислом Каримов ва унинг икки ўринбосари — Шавкат Юлдошев билан Борис Бугровларни эслатди…

Даврада хизмат қилиб юрган соқолли йигитлардан бири мени кўриши биланоқ илдам олдимга келиб, исми шарифим ёзиб қўйилган стол томон бошлаб бораркан: “Шу ер сизга аталган, Исмат афандим, буюринг!” деб ўзича менга илтифот кўрсатгандек бўлди.

Турк тилида сўзлаётган бу йигитни қаерда кўрган эканман деган ўй билан, у кўрсатган стулга ўтирарканман, анжумандагиларнинг нигоҳи менга қадалганини, Президиумдагилар ҳам мен томонга норизо қараб қўйганларини сездим…

Анжуман эрталаб бошланган бўлса, мен залга кириб келганимда соат аллақачон ўн бирларга яқинлашиб қолган эди.

Анжуман раҳбарларнинг норозилиги шундан бўлса керак деб ўйладим…

Зал одамга тўла эди.

Эътиборимни тортган нарса энг аввало “Озодлик” хизматининг ўзбек бўлими Алишер Сиддиқ бошчилигида тўлалигича Қурултойни ёритиш учун сафарбар этилгани бўлди.

Сарвар Усмон, Шуҳрат Бобожон, Меҳрибон Бакиева, Камолиддин Раббимов, Ҳурмат Бобожон, Фаррух Юсуфий, Улуғбек ва бошқа ходимларнинг деярли ҳаммаси шу ерда эди.

ББС ўзбек хизматининг Лондондан Прагага махсус хизмат сафарига жўнатилган Сирожиддин Ислом ҳам ўз хизмат вазифасини бажариш билан банд.

“Америка овози”нинг махсус мухбири Абдумалик Бобоев, «Олмон тўлқини» радиоси ва «Новая газета»нинг Қозоғистон ва Ўрта Осиё бўйича вакили Виталий Волков, “Ўзнюс.нет” ва “Туркистон ТВ” журналистлари Қудрат Бобожон ва Улуғбек Ҳайдаров, Прагадаги “Рус радиоси” журналисти Муҳаммад Мамедов, «Ал Жазира» ТВ си корресподенти, Ўрта Осиё ҳақидаги ҳужжатли филмлар муаллифи Майкл Андерсен ва яна биз номини сўраб олишга улугурмаган ўнлаб ҳамкасб дўстларимиз анжуманни ёритиш учун Прагага ташриф буюрган эдилар.

Туркиялик истеъдодли журналист ва ёзувчи Фаруқ Кўса ҳам шу ерда. У Туркиядаги нуфузли газета вакили бўлиш билан бирга мазкур Қурултой иштирокчиси ҳам эди.

Қурултойда мени ҳайратлантирган нарса унинг иштирокчиларидаги ўз мақсадларига бўлган ишонч ва умид туйғулари эди.

Мен умрим давомида Ўзбекистон ҳукуматининг жуда кўп анжуман ва мажлисларида, халқ ноибларининг сессияси ва йиғинларида, пахтакорларнинг Қурултой ва бошқа йирик тадбирларида, тантанали кеча ва концертларида иштирок этганман.

У ерда ҳам шунақанги кўтаринки ҳолат, яхши кайфият ва албатта байрамона руҳ ҳукмрон бўларди.

Лекин одамларнинг юзида ва кўзида мен Прагада кўрган ўт ва оловни, ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кескин бир шижоатни, ишонч ва ўктамликни кўрмаган эдим…

Бунга эҳтимол уларнинг ҳукуматда эканлиги, Ислом Каримов аллақачон Президент этиб сайлангани боис хотиржам ва осойишта яшашга кўникиб қолганликлари сабабдир.

Лекин Прага анжумани иштирокчиларининг ўз ғалабаларига бўлган бу ишонч ва бу интилишнинг сабаби ва асоси нимада?

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда илк норасмий гуруҳларни тузиб, юз минг кишилик митинглари билан Нишонов ва Анишчев бошчилигидаги Компартия раҳбарлари юрагига ғулғула солганида уни энг аввало зиёлилар – адабиёт ва санъат намоёндалари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, олим ва талабалар қўллаб қувватлашган эди.

Муҳаммад Солиҳни ўшалар Муҳаммад Солиҳ қилиб бошларига кўтаришган эди!

Улар боис Муҳаммад Солиҳ Муҳаммад Солиҳ бўлиб танилган эди!

Хўш, бу воқеалардан йигирма — ўттиз йил ўтиб, Ўзбекистондан олис диёрларда яна ўз атрофига одамларни тўплаб, Тошкент томон ҳал қилувчи ва сўнгги юриш қилишни режалаётган Муҳаммад Солиҳни бугун кимлар қўллаб қувватлаяпти?

Прагадаги бу анжуман ва унда иштирок этаётган одамлар нимага ишониб Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашганлар?

Мен — Ўзбекистон тақдири ва келажагига бефарқ бўлмаган журналист сифатида ушбу муҳим ва ҳаётий саволларга жавоб топишни истардим.

Хуллас, ўз мухолифлари билан тоқатли муносабатни йўлга қўйишни билмаган Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам, Муҳаммад Солиҳни етарлича баҳолай олмаётган, унинг мавқеини кўролмаётган, қўлидан бир тийинлик иш келмаса ҳам аюҳаннос солиб, ваҳима қилишгагина уста бўлиб қолган баъзи қўрқоқ ва тарқоқ ўзбек мухолифати гуруҳлари учун ҳам ўйлаб кўрса арзигулик саволлар талайгина эди…

Қурултойда кўрганим яна бир ҳолат хотирамда қолди.

Анжуман айтиш мумкинки, ўзъаро фикр алмашув ва гурунг тарзида ўтди.

Мен бу ерда ўқилган узундан узоқ маърўзалар ва сўзланган нутқларнинг мазмунига тўхталмоқчи эмасман. Бу бизнинг вазифамизга кирмайди.

Мен бугун Қурултойнинг кўтаринки руҳи билан умумий хуш кайфиятини сизга етказмоқчиман, холос.

Доклад ва маърўзалар асносида пайдо бўлган савол ва мулоҳазаларга Президиум ўша заҳотиёқ жавоб беришга ҳаракат қиларди.

Бирор киши ёки Қурултойнинг бирор бир аъзоси анжуман сўнггигача Муҳаммад Солиҳга нисбатан ҳурматсизлик ва ё ишончсизлик билдирганини сезмадим.

Аксинча, у Президиумда жуда маҳкам ўтирар, унинг Қурултойдаги ўрни ҳам, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидаги мавқеи ҳам ниҳоятда салмоқли ва эътиборли эканлиги кўзга яққол ташланиб турарди…

Яна эътиборимни тортган нарса шуки, берилган саволларга жавоб беришдан олдин Намоз Нормўмин худди Ўзбекистон Олий Кенгаши раиси Шавкат Юлдошевдай “Раҳбаримиз Муҳаммад Солиҳга бир оғиз қўшимча учун сўз” деб аввал ундан изн олиб фикрини билар сўнг ўзи ва ё бошқалар берилган саволга батафсил жавоб қайтаришар эди.

Тошкентдаги Ислом Каримов иштирок этган мажлис ва анжуманларда ҳам айни ҳолатларни мен жуда кўп кузатган эдим. Авал Президентнинг фикрини билиб, рухсатини олиб, сўнг бошқалар сўзлаши мумкин эди.

Демоқчиманки, биринчи раҳбарга Прагада ҳам худди Ўзбекистондагидек эҳтиром ва қуллиқ қилиш айни ҳолда бекаму кўст йўлга қўйилган эди…

Иккинчи эътиборимни тортган нарса Қурултойнинг энг нуфузли меҳмонлари — россиялик атоқли сиёсатчи Гейдар Жамол, италиялик таниқли киноҳужжатчи Майкл Андерсен ва Ўзбекистондан Прагага етиб келган делегатлар бўлди.

Ва ниҳоят, Қурултойдаги ўша кўтаринки руҳ ва ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик шижоати ҳақида ўйлайман.

Демак, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати шу қисқа фурсат ичида катта куч бўлишга улгурибди.

Муҳаммад Солиҳ ўз сафдошлари қалбига умид ва ишонч туйғуларини индира олибди…

Демак, Ўзбекистон ҳукумати одамларга бўлган муносабати ва асосан қамоқхоналардаги қийноқ ва маҳбусларни азоблаш орқали нафақат ўз халқини, ҳатто чет эллардаги Ватандошларини ҳам ўзига, ўзининг йигирма уч йиллик сиёсатига қарши қилиб қўйишга улгурибди…

Муҳаммад Солиҳ ўзининг «Сафсатанинг ўлими» деб номлаган нутқида дунёда демократ сифатида танилган Нелсон Манделланинг Аппаертеидга қарши куролли курашдан бошқа услубнинг самарасиз кўриб, куролли курашни таргиб килгани хақда фактлар келтириб, Манделла харакати билан Ўзбекистон Халқ ҳаракати орасида параллел уткзагани баъзи тингловчиларни эсанкиратиб қўйди.

Муҳаммад Солиҳ «агар ҳукуматга фақат тинч ва сайлов йўллари билан келолмасак, сўнгги чора сифатида қурол ишлатиш машруъ бўлади” деган фикрни уқтиришга уринди.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Президентини 23 йилдан бери тинч йўллар билан фаолият юритаётган мухолифат учун қуролли курашдан бошқа бутун йўлларни ёпиб қўйганликда айблади.

Лекин шунга қарамай, унинг атрофида одамлар тўпланаётган, унга ишонишаётган экан, демак бу ерда бир гап бор.

Демак унинг дўстлари ва ғанимлари ҳам энди у билан ҳисоблашишлари ва унинг салоҳияти асосларини ўрганишлари керак бўлади…

“Муҳаммад Солиҳ ҳеч ким эмас, унинг бу ҳаракати ҳам йўқ нарса!” деганлар янглишибди, хато қилибди.

Ва уларнинг гапига ишониб, ўз рақиби салоҳиятини тўғри баҳолай олмаган Ўзбекистон хавфсизлигига дахлдор тизилма ва хуфия идораси ходимлари, Миллий Хавфсизлик Хизмати мулозимлари энди давлат раҳбари олдида ўзларини нима деб оқлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлайман…

Демак, расмий Тошкент йигирма йилдан бўён Муҳаммад Солиҳга қарши олиб бораётган репрессив сиёсат ва тинимсиз танқид бугун ўзининг қарши натижасини берибди, ажаб…

Демак энди одамларни исботсиз, қуруқ ва ваҳимали гаплар билан эмас, аниқ ва реал ҳужжатлар, далил ва исботлар билан ишонтириш керак бўлади.

(давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *