• Пт. Окт 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари Рафиқ Нишонов 90 ёшда!

Янв 17, 2016
Исмат Хушев: НИШОНОВГА АЙТГАНЛАРИМ ВА УЛАРДАН ҚАЙТГАНЛАРИМ 2-китоб, 13-боб

 

ИСМАТ ХУШЕВ
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб, 13 боб
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Мен ва Президент
Исмат Хушев (ўртада) Президент Ислом Каримов билан аэропортдаги матбуот анжуманида, Тошкент – 1994 йил.  
13-боб
 
НИШОНОВГА АЙТГАНЛАРИМ ВА УЛАРДАН ҚАЙТГАНЛАРИМ
Ёки  унга ёзилган очиқ хат тарихи
 
1.
Маълумки,Ўзбекистонда маҳаллий раҳбариятнинг нотўғри сиёсати туфайли Фарғонада, Паркент ва Бўка туманларида миллий низолар кучайиб кетади. Ҳатто қон тўкилади.
Бир сўз билан айтганда,Р.Н.Нишонов лаёқатсиз раҳбар эканини кўрсатади.
Ўзбекистон иқтисоди таназзулга юз тутади, ижтимоий ҳаёт издан чиқади. Ўшанда республикамизда фуқаролар уруши ҳам бошланиб кетиши мумкин эди.
Ўзбекистонни боши берк кўчага тиқиб қўйган Р.Нишонов Москвалик ҳомийлари ёрдамида СССР Олий Советида Миллатлар Кенгаши палатасига раис бўлиб олади ва сувдан қуруқ чиқиб кетади.
У ўзини иттифоқ сиёсий саҳнасида ишчан ва омилкор арбоб сифатида кўрсатишга беҳуда чираниб юради. Аммо СССР халқ депутатлари уни бир тийинга ҳам олишмасди.
Чунки субутсиз “ўйинчи” эканини ҳамма яхши биларди. Сиёсатчилар уни “Рафик Горбачёва”, яъни, Горбачёвнинг миниб юрган “Раф” машинаси деб масхаралашарди.
Ҳатто 1991 йилнинг 19-21 август кунлари давлат тўнтариши рўй берганда сайловчилар билан учрашувга ёки таътилга жўнаб кетган депутатлар жойлардан: “Рафик Нишонович,Москвада нима бўляпти?” деб сўрашса, у одати бўйича: “Ҳаммаси жойида, ҳамма хотиржам, ҳамма иш рисоладагидек давом этяпти”, деб жавоб беради.
Кейинчалик депутатлар унинг жавобларини эслатишиб: “Нишонов ҳам фитначиларга ҳамтовоқ эди!” деган даъвони илгари сурадилар…
 
2.
Энг ёмони шундаки, биринчидан, Р.Н.Нишонов ўзининг кулгили ҳатти-ҳаракатлари билан, масхарабозлиги билан ўзбек деган номга доғ тушираётган бўлса, иккинчидан, Ўзбекистоннинг қатьиятли, шижоатли раҳбариятини Марказий матбуотда бадном қилиш орқали обрў қозонмоқчи бўлади.
Боз устига, ҳуда-беҳуда Ислом Каримовнинг ҳар бир қадамидан айб топишга интиларди, имкон топилди дегунча уни М.С.Горбачёвга ёмонлар эди.
Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар Нишоновга тинчлик бермай қўяди.
“Минуточка” лақабли Раиснинг қутқиси билан Москвада – юқори доираларда Ислом Каримов тўғрисида, Ўзбекистон тўғрисида ёмон фикрлар пайдо бўлади.
Ўзбекистонга ва унинг раҳбариятига қарши уюштирилаётган бу кампанияга Р.Нишонов бош-қош бўлаётганини биз яхши билардик…
 
3.
Мен ҳам ўша пайтларда эндигина ҳокимиятга келган Ислом Каримов билан жуда яқин эдим.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро қарори билан ҳукумат журналига Бош муҳаррир этиб тайинланганимдан сўнг мен ҳам унинг янги командасидаги энг фаол аъзолардан бирига айланиб қолдим.
Табиийки, Рафиқ Нишоновнинг Москвадан туриб мен суйган, ишонган ва меҳр қўйган одамга қарши олиб бораётган бу фаолияти мени ҳам анчагина хавотирга солиб қўйди.
Бир-икки суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Ислом ака ҳам Москвада пайдо бўлаётган бу носоғлом ва носамимий муносабатлардан жиддий хафа экан.
У киши менга: “Нишоновга очиқ хат ёз, уни матбуотда уриб чиқ!” деб айтгани йўқ.
Лекин нолиб гапирганлари ҳануз ёдимда: “Ука, шу одам юртимизнинг вакили, аммо куткилайвериб ҳоли-жонимга қўймаяпти, ишлашим қийин бўляпти. Фақат менга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, чидаш мумкин, бироқ, охир-оқибат Ўзбекистон, ўзбек халқи зарар кўради-ку! Москва бизга ўгай кўз билан қарай бошласа, иқтисодни кўтариб бўлмайди, улар бизнинг қонимизни сўриб олишади!” дейди у киши куйиниб.
Ислом Каримовдек республика биринчи раҳбарининг мендек кечагина қишлоқдан келиб, кутилмаганда катта мансаб ва чексиз имтиёзлар оғушида қолган йигитга айтган бу гаплари энди мени жиддий хавотирга солиб қўйди…
 
4.
Ислом ака билан бўлган ўша суҳбатлардан кейин мен ҳам изтиробга тушиб қолдим.
Бир неча кун ўйланиб юриб, охири, Нишоновга очиқ хат ёзишга аҳд қилдим. Аста-секин у ҳақдаги фактларни тўплай бошладим.
У биздан СССР халқ депутатлигига сайланган эди ва халқимизнинг ишончи туфайли Миллатлар Кенгаши палатасига Раис бўлиб кетади.
“Независимая газета”да, “Московское новости” ва бошқа қатор марказий нашрларда Ўзбекистонга тош отиб ёзилган қатор мақолаларни айнан Нишонов уюштираётгани маълум бўлгач, мен унга очиқ хат ёздим.
Бу хатда кўнглимда чўкиб ётган фикр-мулоҳазаларимни яширмасдан, очиқ-ойдин баён этдим.
Демак, мақола билан танишамиз.
 
5.
БАЛАНДПАРВОЗ ВАЪДАЛАР СОЯСИДА
(СССР Олий Кенгаши Миллатлар палатаси раиси
Р.Н.Нишоновга очиқ хат)
Мана сал кам икки йилдирки, ҳурматли Рафиқ Нишонович, серқуёш Ўзбекистонимизнинг содда халқи йўлингизга интизор.
Биз аввалига Сизни ғурур ва ҳурмат билан кутдик. Чунки “ўзбеклар иши” ҳақидаги бошимизга тош бўлиб ёғилган қатор тўҳмат мақолалардан сўнг кутилмаган бир пайтда, яъни Советларнинг 1-съездида Сиздек ҳамюртимизнинг мамлакат олий даргоҳидаги муҳим лавозимлардан бирига сайланиши ҳазил гап эмас эди, ахир!
Машҳур “бир ликопча қулупнай” воқеасидан сўнг бу тўҳмат ва разолатдан гангиб қолган бўлсак-да, бир бирига қарама-қарши ўй-хаёллар, ғазаб ва маломатлар билан бўлса-да, барибир кутдик.
Бошқалар-ку майли, лекин айнан Сиз, Рафиқ Нишонович, қўлингизга депутатлик гувоҳномасини тантанали равишда тутқазган воҳада юз берган, барча мушфиқ халқлар вужудини ларзага солган даҳшатли биродаркушликнинг асл сабабини бутун дунёга Кремлдан туриб дадил ва очиқ-ойдин айтишингиз лозим эди, ахир!
Сайловолди йиғилишларида содда халққа жуда кўп ваъдалар бериб, ажабки, ҳанузга қадар бу ваъдаларнинг бирортасини ҳам бажаролмаган, ўз халқидан, унинг мунгли ва ўткир нигоҳидан ҳануз қочиб юрган СССР Олий Кенгаши депутати – Миллатлар палатаси раиси бўлмиш Сиз муҳтарам зотни улар ҳамон кутишмоқда.
Бир бор кўзингизга тик боқиш учун, нима иш қилганлигингизни, унинг қайси дардига малҳам бўлганингизни ўз оғзингиздан эшитиш учун, ажабки, ҳамон кутишмоқда.
Афсуски, уларнинг бу орзулари рўёбга чиқмаса, сароб бўлмаса деб қўрқаман.
Ахир, нима гуноҳ қилибмизки, рашидовчиликнинг энг фаол фош қилувчиларидан бири ҳисобланган, айнан ўша турғунлик даврининг қурбони сифатида иззат-ҳурмат топган киши бирдан бизга – ўз халқига орқа ўгирса.
Балки шу боис ҳам ҳамюртларингиз билан кўнгил очиб суҳбатлашишдан қочаётгандирсиз.
Эҳтимол, Сизнинг қалбингизда зарур пайтда қалқиб чиқадиган эски ва сийқаланган хотиралардан бошқа ўз халқингизга айтадиган гапларингиз ҳам қолмагандир.
Кўр-кўрона ишонишлар даври ўтди, Рафиқ Нишонович!
Сиёсий шовқинлардан бугун одамлар тўйган. Энди уларга аниқ ва равшан амалга ошиши муқаррар ишлар керак.  Республикада Сизнинг муборак номингиз билан боғлиқ хайрли ва савобли ишлар эса, афсуски, йўқ!
Ҳар қалай, мен уларни эслай олмадим.
Эҳтимол, бундай ишларни қилиш хаёлингизга ҳам келмагандир.
Эсда қоларли “жўшқин” фаолиятингиз – булар республика ҳукуматининг юқори поғонасидаги кўр-кўрона ва шошма-шошарлик билан амалга оширилган ўрин алмаштиришлар, “рашидовчилар”нинг ўрнига кўпроқ ўзингизга содиқ ва хайрихоҳ кишиларни тайинлашдан иборат бўлган, холос.
Йўқса, Ўзбекистон барча республикалар ичида энг биринчи бўлиб иқтисодий ва сиёсий жарликка тойиб кетмаган, на Фарғона, на Паркент фожеалари ва на шунга ўхшаш бошқа нохуш ҳоллар юз бермаган бўлур эди.
Ҳамма нарса қиёслашда билинади.
Ўша – Сиз мамлакат Олий Кенгашига тайинланган пайтда республикадаги оғир аҳволни кўрган киши Ўзбекистон энди бундан баттар аҳволга тушса керак, деб ўйларди.
Шунданми, билмадим, республикадан юксак малакали рус тилига мансуб мутахассислар халқ хўжалигининг у ёки бу соҳасини “яланғочлаб” кета бошлашди.
Худди шу пайтда бизга Иттифоқ ва хориждаги ҳамкор шерикларимиз ҳадик ва шубҳа билан қарай бошлашди.
Бу пайтга келиб “ўзбекистонлик” сўзи – “экстремист”,“қутурган оломон”,“миллатчи” каби бемаъни тушунчалар билан қоришиб кетган эди.
Лекин шукрки, ўрнингизга марказдан буюрилган ишни қилишга Сиз каби итоатгўй бўлмаган, муаммоларни ҳам Сиз каби моҳирона айланиб ўта олмаса-да, лекин ўз ҳаракат дастурига эга, бир оз қаттиққўл ва аччиқ ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган, бир оз чапани, лекин янги ва соғлом кучлар келди.
Ўша пайтларда Ўзбекистонда деярли бир миллион ишсиз борлиги ва Фарғона воқеалари ана шу муаммолар билан бевосита боғлиқлиги ҳақидаги адолатли ва тўғри гапларни бутун мамлакат карахтланиб, ҳайратланиб қабул қилгани ҳали-ҳануз ёдимда.
Бироқ, ғишт қолипдан кўчган эди. Иш энди оғизда эмас, балки амалда бажарила бошланди.
Ишсизликни бартараф этиш ва Ўрта Осиё халқларининг қадимдан мавжуд ҳунардманчилигини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли тадбир ишлаб чиқилди.
Агар ёдингизда бўлса, ўтган йилда марказий рўзномалар мамлакатимизда дастлабки учта хусусий корхона иш бошлагани ҳақида хабар берган эди.
Улардан иккитаси Тошкентда, биттаси Самарқандда эди.
Халққа ўз истеъдоди ва иқтидорини намойиш қилишга кенг йўл очиб берган “иш билан бандлик” дастурининг амалга оширилиши шундан бошланди.
Мулкчиликнинг ранг-баранглигига, марказий телевидения ва матбуот энг қолоқ деб атайдиган бизнинг республикамизда биринчи бўлиб йўл очиб берилиши билан фахрлансак арзийди.
Шу билан деярли бир вақтда “пахта мустақиллиги учун” шиори остида ўлкамизда амалга оширилган бебошликлардан бутун мамлакат воқиф этилди.
Бироқ, бу хабар шов-шув учун ўйлаб топилгани йўқ эди. Унинг ортида пахта якка ҳокимлигини йўқотиш тадбирлари турарди.
Ўзбекистон ССР Президентининг аҳолига шахсий фойдаланиш учун ер майдонлари ажратиб бериш тўғрисидаги Фармонлари чиқди.
Бу халқпарвар сиёсат меваларини бир мартагина колхоз бозорида бўлибоқ кўриш мумкин. У ерда ўзбек заминида нимаики битса, барчаси бор.
Шу билан бирга қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархини оширмаслик чора-тадбирлари кўриб чиқилмоқда.
Бутун мамлакатда ҳамма нарса,шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам оша бошлаган бир пайтда, нон ва нон маҳсулотлари нархини оширмаслик тўғрисида жумҳурият Президентининг Фармони чиқди.
Бошқа жумҳуриятлар билан таққослаганда ҳукуматимизнинг олиб бораётган бундай сиёсати барча аҳолининг ҳурматини қозонмоқда.
Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.
Йўқ, Рафиқ Нишонович, мен Сизни олдин Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиблигига, кейинроқ жумҳурият Президентлигига сайланган издошингиз билан таққосламоқчи эмасман.
Сизларнинг орангизда жуда катта фарқ бор.
Бироқ, ўша Рашидов томонидан қувғин қилинганлигингиз ҳақида ҳаммага гапириб юрганингизда, минбарлардан уялмай нутқ айтганингизда, ўз халқингиз дардига шерик бўлиш, амалда бирон хайрли иш қилишингизга нима халақит берганлигини билиш истаги менга тинчлик бермайди, холос.
Ўз ўзидан қалқиб чиқадиган жавоб ҳам нохуш. Сиз ва Усмонхўжаев “рашидовчи” деб атаган “функционер кадрлар”нинг тимсоли ўзингиз эдингиз ва шундайлигича қолдингиз.
Ёдингизда борми: “Биринчи”га ёқмай, жумҳуриятдан чиқарилиб элчиликнинг иссиқ ўриндиғида бир-неча йил ўтирганингиз ҳақида доимо гапирардингиз. Агар Рашидов шунчалик шафқатсиз бўлганида Сизни илиқ-иссиқ юртларга тинчгина кетишингизга йўл қўярмиди?
Йўқ, албатта!
Ҳокимият тепасига келиб эса Рашидов даврида катта-кичик раҳбарлик лавозимларида ишлаганларни ҳайдай бошладингиз. “Сафларни тозалаш” деб аталган бу фаолиятингизда Сиз ҳаммадан ўтиб тушдингиз.
Ваҳоланки, янги раҳбар ўз “команда”сини йиғиши керак деган мантиқингизга кўра Сиз билан бирга ишлаганлар бугун аллақачон ўз лавозимидан кетиши керак эди.
Сизнинг “командангиз” аъзолари эса янги “биринчи”нинг даврида ҳам, айтиш лозимки, самарали меҳнат қилишяпти.
Бугун Ўзбекистонда раҳбар кадрлар ва мутахассислар сиёсий қарашлари-ю, ҳамда “биринчи”га бўлган садоқатларига қараб танланаётганлари йўқ.
Ҳар бир ходим фақат ишда, ҳалолликда синаляпти,холос. Қайта қуриш талаби ҳам, янгича фикрлаш мезони ҳам аслида шу эмасми?
Бир вақтлар бутун мамлакат раҳбарларига хос нарса бўлса-да, Рашидов ва атрофидагиларнинг жуда бой ва ҳашаматли яшаши Сизни негадир жуда қийнарди.
Лекин бугунги кунда ўз оилангизнинг ўнлаб хоналари бўлган, Ўзбекистоннинг энг зўр усталари зеб берган икки қаватли кошонада “сиқилиб” яшаётганини қандай тушуниш мумкин?
Ёки Тошкентда уй-жой муаммоси тўла ҳал этилган ва ҳар бир оила Ўзбекистон коммунистлари собиқ раҳбарининг оиласи каби фаровон кун кечиряпти деб ўйлайсизми?
Рафиқ Нишонович, Сиз кўп маротаба телевизор экранида ўзингизнинг камтар ва камсуқумлигингиз, ошкораликка хайрихоҳлигингиз ҳақида ишонувчан телетомошабинларнинг раҳмини келтириб жуда кўп бор гапиргансиз.
Бироқ, бугун ўз уйингиз эшигида милиция пости қўйилгани қўни-қўшниларингизни ғалати, ноқулай аҳволга тушириб қўяётганлигини негадир ўйламайсиз.
Бу янгиланаётган Ўзбекистондаги ягона ўзига хос “ҳурмат белгиси”ми ёки ўзбек тупроғининг биринчи “демократи” тўғрисида кимлардир “ёмон фикрга бориб қолмаслигининг” олдини олувчи тадбирми, билмадим.
Сайловчилар ҳузурига келишга қўлингиз тегмай қолди.
Айни бир пайтда эса матбуот орқали Сизни очиқ-ойдин мазах қила бошлашди. Ҳамюртимиз у ёқда турсин, бошқа биров ҳақида ҳам бундай адолатли, лекин аччиқ гап-сўзларни ўқиш бизни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.
Афсуслар бўлсинким, бунақа гаплар ўзингиз фарзанд бўлган, томирингизда унинг қони оқаётган халқ орасида ҳам юрибди…
Мамлакат Олий Кенгаши сессияларида Сизга қараб туриб уялиб кетади киши – бу нотиқми ёки бирор марта ҳам муаммо қўймайдиган, қўйилганини ҳам дипломатик йўл билан айланиб ўтиб кетадиган (тажриба катта,ахир) уста “дикторми?” деган ўйга боради одам.
Ўзбекистонлик депутатлар ҳеч балони ўйламайди, нима десанг индамай қўл кўтараверишади ва шунинг учун ҳам бўйсунувчанларга ўхшайди деганда Сизни назарда тутишмасмикан баъзи ўртоқлар.
Майли, сайловчиларингиз ҳузурига келишга Сизнинг вақтингиз (бу ҳар биримизга ёмон таъсир қилса-да) йўқ ҳам дейлик, бироқ газета орқали уларга мурожаат қилиш имкони бордир, ахир.
Мамлакатда бебошлик ҳукм сурган шу кунларда “иттифоқ” бўлиши керакми ё йўқми” деган масалалар кун тартибида турган Бутуниттифоқ референдуми арафасида халқимизга сиздан бошқа ҳамма мурожаат қилди.
Газета ва журнал редакцияларига телефон қилаётган сайловчиларингизнинг “Нишонов Москвага бориб, ўз халқидан юз ўгирдими?” деган саволига жавоб бериш осон эмас.
Ишонинг, Фарғона водийсида бўлганда уларнинг кўзига қараш ва сиз учун ҳисобот бериш жуда қийин. Бугун ҳамма саволлар жавобини журналистлардан сўрашади.
Улар Сизнинг тўраларча “марҳамат” кўрсатишингизга ишонмай қўйишган.
Журналистлар эса ҳақиқатни гапиришга бурчли. Биз нима дейлик?
Рафиқ Нишонович баландпарвоз ваъдалар соясида ўзини вояга етказган халқдан юз ўгирди, уни унутди дейликми?
Ишни бажаролмаслик мумкин, ҳатто хато қилиш ҳам мумкин – ҳеч иш қилмаган хато ҳам қилмайди. Лекин, аслида қўлини совуқ сувга ҳам урмасдан ўзини қизғин фаолият билан банд қилиб кўрсатиш энди кетмайди!
Сизга ваколат бериб, кўпдан-кўп наказлар билан мамлакат олий парламентига юборишди.
Сиз эса бу халқни бутунлай унутяпсиз.
Бундай шароитда софдиллик қилиб, халқ ишончи ва ваколатидан воз кечган маъқул эмасми?!
Боз устига аллақачонлар бу ишонч намоён бўлмай ҳам қўйган…
Исмат ХУШЕВ,
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири.
(“Молодёжь Узбекистана” рўзномасининг 1991 йил, 26 март сони)
 
6.
Ростини айтсам, мен ҳеч қачон Рафиқ Нишонов билан учрашмаганман, у кишини шахсан танимасдим. Фақат телевизор орқали мажлислар олиб боришини кўрганман, холос.
Унинг “минуточка” деган иборасини эшитсам, бирдан қон босимим кўтарилиб кетарди. Хуллас, хатда нохуш ҳис-туйғуларимни ҳам яшириб ўтирмадим.
Билмадим, бу хат ҳозир қандай таассурот қолдиради-ю, аммо ўша пайтларда Ислом акага маъқул бўлган, шекилли.
Чунки, дастлаб “Молодёжь Узбекистана” газетасида эълон қилинган очиқ хатимни икки-уч кун ичида бирча республика газеталари кўчириб босди, ўзбекча нусхаси ҳам чоп этилди.
Очиқ хатим эълон қилинган еттита газета шахсий архивимда сақланиб қолган экан – “Халқ сўзи”, “Ёш ленинчи”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда”, “Постда”, “Тошкент оқшоми”, “Вечерный Ташкент” шулар жумласидандир.
Булар фақат менда сақланиб қолган марказий газеталар; кейин тармоқ газеталарда ҳам, вилоят ва район газеталарида ҳам эълон қилинганини биламан.
Мақола эълон қилинган пайтда мен Бош муҳаррир эдим…
 
7.
Қизиғи шундаки, агар менинг очиқ хатим 1991 йилнинг 26 март куни эълон қилинган бўлса, 1991 йилнинг 1 апрель куни, орадан роппа роса икки кун ўтаб, “Правда” газетасида “Чем громче льжешь…” (“Қанчалик бақириб алдасанг…”) номли раддиянома мақола босилади.
“Маҳаллий матбуотдаги шов-шув” рукни остида берилган бу мақола, албатта, энг камида, Миллатлар Кенгаши палатаси Раиси томонидан “буюртма” берилиб, берилмаса, қисқа муддатда “Правда” дек КПСС Марказий Комитетининг бош нашрида оддий бир мухбирнинг мақоласи бу қадар тез суратлар билан эълон қилиниши ақлга сиғмасди.
Назаримда,В.Артёменконинг ҳам ўша мақоласини, ҳеч бўлмаса ўзбекча нусхада келтириб ўтиш лозим кўринади.
 
8.
ҚАНЧА КЎП АЛДАСАНГ…
(Маҳаллий матбуотдаги шов-шув)
Республиканинг “Ўзбекистон ёшлари” газетаси биринчи саҳифада “Баландпарвоз ваъдалар ортида” номли катта ҳажмдаги очиқ хатни эълон қилди.
Хат СССР Олий Совети Миллатлар Кенгаши палатаси раиси Р.Нишоновга йўлланган эди. Унга “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналларининг бош муҳаррири И.Хушев мурожаат этганди.
Ошкоралик ва плюрализм вақтида бундай хат пайдо бўлишининг ўзи – одатдаги, оддий бир ҳол. Аммо мурожаатнинг ҳақоратомуз, жуда ўзбошимча оҳанги кишини ажаблантиради.
Қолаверса, Р.Нишоновнинг ҳаёт ва фаолиятини акс эттиришда ҳам муаллиф ҳақиқатдан йироқлашиб кетган.
Хатни ўқий туриб, фақат бир хулосага келасиз: Нишонов – бу шунчаки бир ишёқмас.
Аммо, ахир Рафиқ Нишонович миллионлаб совет кишиларининг доимо кўз ўнгида-ку. Биз уни СССР Олий Совети сессияларида кўрамиз, у мунтазам парламент топшириқлари билан чет эл сафарларига чиқади, Совет иттифоқининг қайноқ нуқталарида бўлади.
Матбуотдаги расмий хабарларда ўқиш ва телевизор экранларида кўриш мумкин бўлган ишлар доирасидан ташқари палата раисининг ишлари камми?
Яқинда Рафиқ Нишонов билан суҳбатлашиб, шунга ишонч ҳосил қилдим: унинг ишлари ошиб-тошиб ётибди.
У депутат бўлган Фарғона вилоятининг худди ўша сайловчилари ўзлари сайлаган одам бугун бутун совет халқи фаровонлиги учун масъулиятли парламаент топшириқларини бажаришига қаршими?
Хушев гўёки Нишоновнинг депутатлик фаолиятидан норози бўлган халққа бир неча бор мурожаат қилади. Аммо, қаерда қолди ўша фарғоналиклар овози?
Нега муаллиф ўз хатида биронта ҳам аниқ фикрни келтирмайди?
Охир-оқибат,нега у ҳолда газеталарга очиқ хат билан сайловчиларнинг ўзлари мурожаат этмайдилар?
Балким, худди шу норозиларнинг ўзи ҳам йўқдир?
Хушев ўз хатида Нишоновнинг кўп йиллик ҳаётини тасвирлаб ёзиб, ҳар қадамда унинг инсофсизлигига, нохолислигига, бехабарлигига таъна қилади. Ҳамма жойда ҳеч тап тортмай алдайди.
Мана, айтайлик, ўқувчиларни ҳайратда қолдирадиган далил завқ билан келтирилади: “Нега сизнинг оилангиз аввалгидек бир неча ўнта хонали икки қаватли уйда “тиқилиб яшаяпти?”…
Бу сатрларни ўқиб, мен худди ўша уйда бўлдим.
Йўқ, Нишонов ўз оиласи билан мана қарийб ўттиз йилки, икки қаватли уйнинг тенг ярмисида яшамоқда ва бор-йўғи… тўрттагина хонани эгаллайди.
Хушев ўз хатида Ш.Рашидовнинг ҳам ёнини олади. Нишоновнинг ўзи гўёки “энг ёмон кўринишларида рашидовчасига” амал қила туриб, “рашидовчиликни” фош этгани учун уни койийди.
Сўнг шундай таъна қилади: Шароф Рашидович Рафиқ Нишоновични “дуобад” билан денгизорти ўлкаларига қўйиб юборганида раҳмсизлик қилганмиди?
Йўқ, буни қарангки, у унга яхшилик қилганмиш.
Хўш, ниҳоят, хат оҳанги хусусида айтсам.
Бир эмас, иккита журнал муҳаррири, Тошкент обкомининг аъзоси ўзидан икки баравар ёши катта ҳамшаҳрига шундай сўзлар билан мурожжат қилади: “Мамлакат Олий Совети сессияси вақтида Сизга қараб туриб киши уялиб кетади – нотиқми бу ёинки қиёфаси нмаълум “конференсьеми”…
У ёғига янада қўполроқ ёзади: “Сиз аввал қандай бўлсангиз, ҳозир ҳам ўша “функционер кадр”нинг ёрқин тимсоли бўлиб қолгансиз. Афтидан, энди Хушев ҳам… “Нишонов учун” меҳнат қилишига тўғри келаётганмиш:
“Ишонинг,…сиз учун ҳисобот бериш осон эмас. Энди сизнинг баринчасига марҳаматингизга умид қилмай, журналистларни жавобга чақирмоқдалар…”
Хат муаллифи қатьий ва узил-кесил хулосага келади: “Жўшқин фаолият кўринишини яратиш ва қўлни совуқ сувга урмаслик – маъзур тутасиз-у, бунақаси кетмайди!
Бундай вазиятда ҳалол бўлиш ва халқ ишончидан воз кечиш яхшироқ эмасмикан? Бунинг устига, бу ишонч аллақачондан бўён намоён ҳам бўлмай қолган…”
Ана шундоқ – кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас.
Каттакон бир халқ учун, СССР Олий Совети учун ҳамма нарсани шахсан Хушевнинг ўзи ҳал этди-қўйди.
Муҳаррир ўз зиммасига ҳаддан зиёд оғир юкни олмадимикан?
В.АРТЕМЕНКО,
“Правда”нинг Ўзбекистондаги ўз мухбири.
(“Правда” газетасининг 1991 йил 1 апрель сони)
 
9.
“Правда” газетасида Иттифоқ бўйлаб чиққан мақола мени янада машҳур қилиб юборди.
У пайтларда – Совет Иттифоқи тақдири қил устида турган СССРнинг сўнги йилларида “Правда”да урилиб чиқилган одам, ажабки, халқнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўларди…
Лекин бундан сал олдинроқ эса «Правда»да урилган ва танқид қилинганлар партиядан ўчирилиб, сўзсиз ҳибсга олинган бўларди.
Мен «Правда»да урилган пайтга келиб эса, Ўзбекистонда Компартия ҳукмронлигига секин аста барҳам берилаётган эди…
 
10.
Рафиқ Нишонв сиёсий фаолиятига баҳо берилган бу мақола ва матнларнинг ёзилганига ҳам бугун сал кам чорак асар бўлиб қолибди.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ислом Каримовга яқин бўлиб юрган “от устидаги шаҳаншоҳ” даврларимдан қолган бу маҳзун хотираларни бугун муҳожирлик ҳаётимнинг аччиқ ва аламли, армонли суқмоқларида варақлаб кўрарканман, ажиб бир ҳақиқатни кашф этгандек бўлдим.
Дунё яралгандан бўён уни титратиб яшаган не не шоҳлар ва ҳукмдорлар беном ва бенишон ўтиб кетгани каби, одамнинг ҳаётидаги яхши ва ёмон ишлари ҳам бир кун келиб худди ўзи каби албатта унутилади.
Энг муҳими одам шу хатоларини англаб етолса, ўзидан кейинги ёш ва тажрибасиз авлодга унинг аччиқ ва аламли сабоқларини қолдира олса, шу ҳам катта гап экан…
Менинг орадан шунча йиллар ўтиб кетгандан кейинги бу ажабтовур хотираларимни ўқиганлар унга ана шу нуқтаи назардан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўлурди…
 
11.
Бу дунда эрта бир кун ўсиб улғайиб, раҳбар бўлишни орзу қилган ёшлар ким қанча.
Чунки ҳукумат ҳам, давлат ҳам шу халқнинг орасидан етишиб чиқади.
Кимдир каттароқ ва яна кимдир кичикроқ раҳбар бўлиши мумкин.
Менинг бугун эълон қилинаётган мазкур хотираларим ана шулар учун даструламал бўлиб хизмат қилишини истардим.
Улар ҳам мен каби эрта бир кун амал пиллапояларидан юқорилай бошласалар, мен йўл қўйган хатоларни такрорламасинлар дейман.
Мендек бировларнинг, хусусан ўзларига амал берган сиёсатчи ва ҳукмдорларнинг, мендек ишонувчан ва содда   югурдакларнинг ишончи ва умри  эвазига ўз салталанатларини  мустаҳкамламоқчи бўлган бераҳм шаҳаншоҳларнинг ноғораларига ўйнамасинлар дейман…
Яширмайман, баъзан Москвага бориб, ёшлик ва бебошликда қилган  гумроҳлигим учун, беодоблик ва шаккоклигим учун Рафиқ Нишоновдан узр сўрагим келади.
Ҳолбуки, мен унга очиқ хат ёзганимда Ислом Каримовга яхшилик қилишдан ҳам кўра кўпроқ ўз қалбимдаги   ҳис туйғуларнинг акс садоси ва иньикосини акс эттирганман ва бу барибир Нишоновнинг ўзбек халқи олдидаги гуноҳларини камайтиришга асос бўлолмайди…
 
 12.
Баъзан ўйлаб кетаман, наҳотки Нишонов Ислом Каримовнинг кимлигини билган бўлса деб.
У Ислом Каримовнинг кимлигина, унинг нималарга қодир эканини ҳаммамиздан ҳам кўпроқ ва яхшироқ биларди эҳтиимол.
Ва шу билгани учун ҳам, Ислом Каримов ҳокимиятга келган биринчи кунларданоқ унга қарши ҳатти ҳаракатини бошлаган бўлса, не ажаб!
Биз эса бундан бехабар адолат ва ҳақиқатни ҳимоя қилаяпмиз деб, Рафиқ Нишоновга қарши матуботдан маломат тошларини отишдан ор қилмадик.
Ислом Каримов ўша йилларда биз ёшлар учун адолат ва ҳақиқат тимсоли эди.
Бугун энди бу орзу умидларимиз рўёга эканини, саробга айланганини ниҳоят тушуниб етдик…
 13.
Ўша пайтда биз Ислом акага қаттиқ ишонганмиз.
Бизни янада қаттиқроқ ишонтириш учун Олий Фармонлар қабул қилинар эди. Матбуотда эълон қилинарди.
Бизни ҳаддан ташқари чалғитган ижтимоий сиёсий ҳаётдаги воқеалар  кўп эди. Сал пал бўлса ҳам майли. Бундай оламшумул ваъда ва воқеалар жуда кўп эди.
Масалан нонни олайлик. Худди кечагидек ёдимда. Ислом ака Олий Мажлис сессияларининг бирида ноннинг нархи умуман кўтарилмайди, агар августгача етиб олсак, ундан кейин ҳаётимиз «Во» бўлади деб, қўлларини  ҳавода мағрур силкитганлари ҳали ҳануз  кўз олдимда турибди.
Кейин ҳам биз бундай августларнинг йигирмадан зиёдини кўрдик. Ўшанда Ислом ака айнан қайси йилнинг августини аниқ айтмаганлари учун, то ҳануз ўша августни кутиб яшаймиз…
 
14.
Биз ноннинг нархини ўзгартирмаслик бўйича Ислом аканинг ваъдасини эсладик.
 Илгари, советлар даврида 15 тийин бўлган нон – мустақиллик йилларида 1000 сўмга чиқди.
Бугунги ноннинг умуман сифати йўқ. Еб бўлмайди. 400 грамм эди бир пайтлар унинг оғирлиги. Ҳозир ўша ҳам йўқ…
Ҳам нархидан, ҳам сифатидан, ҳам ҳажмидан айрилди шўрлик…
 
15.
Катталарга садоқат билан хизмат қилишда муккасидан кетган битта мен эмас эдим.
Совет комсомоли тарбиясини олган барча ёшлар қатори Исмат Хушев ҳам улардан қолишмаган ва ҳеч нарса билан улардан фарқ қилмасди.
Комсомол бизни партияга садоқатли бўлишга тайёрлаган бўлса, партия бизни ўз навбатида амалпарастликка  йўналтириб,  кўр кўрона уларнинг қулига айлантирар эди. 
Мен ҳам ана шу авлоднинг вакили эдим, албатта.
Хорижда – муҳожирликдаги Исмат Хушев, Ватанда  – қуллликдаги Исмат Хушевдан нимаси билан фарқ қилади?
Муҳожирлик  менга ва менинг яқинларимга беҳад азоб уқубат ва машаққатлар берган бўлса-да,  лекин шу билан бирга қулликда орттирган касаллигим – сўқирликдан халос бўлганимни тан олмай иложим йўқ…
 
16.
Майли, мавзуга қайтсак.
Биз Нишоновга ёзилган очиқ хат ҳақида гапираётган эдик.
Бу масалада Исмат Хушев ёлғиз эмас эди. Худди шундай хат бир гуруҳ фарғоналиклар томонидан ҳам уюштирилган эди.
“Ўзбекистонга тош отманг!” номи билан республика матбуотида ёритилган бу мурожаат ҳам Нишоновга отилган маломат тошларининг йиғиндисидан иборат.
Нишоновни қоралаб очиқ хат эълон қилган Исмат Хушев каби, ўша мурожаатномани ёзган фарғоналикларнинг ҳам елкасига  офтоб тегмади…
Биз ўша давр сиёсатининг маҳсули эдик.  Бировнинг овозини етказувчи эдик.
Бугун энди виждон овозига қулоқ солиб ўша давр воқеаларига баҳо беришга уринмоқ ҳам тавба тазаррунинг бир кўриниши бўлса, не ажаб…
 
17.
Бугун кўзим очилди деб айтишга ҳаққим бор.
Дунё кўрдим, одамларни танидим. Ва ҳатто олдин билган ва меҳр қўйган одамларимни қайтадан кашф қила бошладим.
Бугун ёзганларим ана шу янгича қарашларимнинг маҳсули десам хато бўлмас.
Назаримда бу сўқир кўзнинг очилишига ўхшайди.
Нишонов ҳақидаги ҳикояни якунлаб, яна шуни айтмоқчиманки, у шахсан менинг йўлимни кесгани йўқ. Лекин халқимга ҳам яхшилик қилгани йўқ.
Унинг даврида биз ўз сўзимизни айта олардик, матбуот эркин эди.
Бугун одамлар тазйиқ остида қолди. Матбуот ўлди. Халқ бўғилди.  Лекин Нишонов бу ҳақда йигирма беш йилдирки, бир оғиз бир жойда бирор гап айтмайди.
Назаримда у ҳануз Ўзбекистоннинг бирор бир марҳаматидан умидвордек.
Бўлмаса қанақанги баланд минбарга эга у. Бу одамнинг катта имкони бор. У ҳозир чексиз бир осмонда учиб юрган қуш. Россиянинг таниқли ва адроқли кишиси…
Ўзининг шахсий фаровонлиги, тинчлиги ва ҳузуридан бошқа нарсани ўйламас экан.
«Менинг қадримги етмадинглар, мана сенларга оқибат», – деса керак-да…

 рафик горби

Суратда: СССР Миллатлар Совети Раиси Рафик Нишонов КПСС Марказий Комитети Бош секретари Михаил Горбачев билан мажлис Президиумида

 

18.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Инсоф билан айтганда, Нишонов ёмон одам эмас эди.
Сал кам чорак асрлик умримизни саробга айлантирган Каримов билан  солиштирганда у бугун кўзимизга фаришта бўлиб кўринаётган бўлса бундан ҳайратланмаслик керак.
Тақдир ва қисмат бизнинг пешонамизга – шундай кўнгилчан, содда  ва самимий  одамнинг ўрнига  нега  Каримовдай – бемеҳр, мураккаб табиатли ва шафқатсиз одамни раво кўрганидан ҳайратланиш керак.
Биз  мустақиллик журналисти эканмиз деб бир умр очилмаган гулимизни, экилмаган дарахтимизни мақтаб,  фахрланиб келдик.
Бу орада бир неча авлод бу ёруғ дунёни тарк этиб ҳам кетишди. 
Мустақилликка етиб келганлар совет даврида ёзганларидан бошларини кўтаролмай юрган бир пайтда бизнинг мустақилликда айтган гапларимиз ундан-да бадтар бўлди.
Мен ҳам шу довуллар ичида қолдим. Бешафқат тақдир йўлларида адашдим.
Бугун ҳам Ватан ичида йўлини тополмай, ўша довулларни соғиниб яшаётганлар қанча…

 

 

 

19.
 Менинг авлодимнинг фожеаси шуки, биз бир умр сиёсатчилар қўлидаги қўғирчоқ бўлиб келдик.
 Янаям аниқроқ айтадиган айтадиган бўлсак – истаса истаган мақомга солиб чаладиган ҳуштаги бўлдик.
Хоҳласа чалади, хоҳламаса, итқитиб ташлайди.
Лекин нафсиламбирини айтганда, совет замони журналистларни нисбатан инсоф билан «ҳуштак қилиб чалган» бўлса, энг   муҳими – қорнимизни тўхлаб, устимизни бутлаб, текин таълим  ва текин бошпана берганлигини қайд этмаслик инсофдан эмас.
Биз туғилган ва яшаган совет даври  – мўл кўлчилик, иқтисодий бақувват даврга тўғри келди.
Шу боисми, билмадим, қорнимизни тўйғизиб, тилимизга усталик билан буров солишганини кеч билдик.
Шу билан бирга бугун хориж бекатида ўтган умримни сарҳисоб қилиб яхшилаб ўйлаб қарасам,  фақат қорнинг  тўйиб юриши ҳам бахт эмас экан…

 

 

 

20.
Ислом Каримов эълон қилган мустақиллик – аслида чиқиб бўлмас тубсиз бир ғор экан.
Биз ўша ғорни Ватан деб билдик.
Бугун Исмат Хушевнинг ўша ғордан чиққани рост,  лекин мустақилликнинг айрим қадамларини, унинг асл моҳиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслиги ҳам рост ва бор гап.
 Бунга менда шубҳа йўқ.
Мен унинг беқиёс фазилат ва неъматлари ҳақида минглаб қоғозларни қоралашим мумкин.
Лекин ҳозир бунинг ўрни эмас.
Афсуски, бизнинг Ватанимизда мустақиллик неъматларини куйлаш, унга ҳадеб ҳамду сано ўқиш – чексиз ва оламшумул масштабга айланиб кетди.
Назаримда, амалий ишга ўтиш ва халққа ҳақиқий мустақиллик бериш каби  муқаддас вазифалар секин аста унутилди.
Корруция, ишсизлик ва ундан ҳам оғирроқ бўлган – сирли ва сеҳрли «ошкоралик» етишмаслиги, давлат раҳбари ва Олий ҳукумат мулозимларининг фаолиятида  шаффофлик йўқлиги – даҳшатли фожеаларга айланиб кетди.
Шуларни ўйлаганда, совет даврининг фожеалари ҳам ҳолва экан деб айтгим келади…
 

 

 

21.
Шу сабаб, бугун Қашқадарёнинг Китобида туғилиб,  ўзини ўзи тебрата олмай турган ночор ватандошларимнинг фарзандлари энди палон пулга китоб сотиб олиб, мактабга бора олармикан?
Ўн миллионлик контракт пулларини тўлаб, олий таълим олишга қурби етармикан?
Аё, уни бир амаллаб, қарз ҳавола билан тугатгач, таги чириб битган шу жамиятда ўзига муносиб иш топа олармикан?
Ёки чўнтагида олий дипломи бўла туриб, Россиянинг беҳудуд гўшаларида ахлат ташиб, фаррошлик илмини ўзлаштиришга мажбур бўлармикан?

 

 

 

22.
Мен ҳали ҳануз совет даврида мутлақо барҳам топган бу ижтимоий фожеалар мустақиллик даврига келиб нега яна қайта  туғилганининг тагига етолмайман.
Айнан ана шу фожеаларни мушоҳада қилиб, таг томирига етиш, ўрганиш ва таҳлил қилиш – менинг журналистик касбим эди.
Мен-ку бугун Ватанимдан ўн минг километр узоқда бўлсам ҳам,  бу фожеларнинг оташин тафтида ёниб, кулга айланаман.
Бироқ, Ватаним ичидаги дўстларим, ҳамкасбларим – совет даврида анча мунча ижтимоий касофатларнинг олдини ола билган, илдизини оча билган журналистлар бугун қаёққа қараяпти экан деб ажабланаман.
Ажабо, наҳотки уларнинг ҳаммаси ҳам бугун бедаво гунг бўлсалар?
Ўз тажрибамдан яхши биламан, журналистнинг тилини кесиш ва гунг қилишдан осони йўқ. Уни матбуот майдонидан масуво қилсалар бас, гунглик қисмати ўз ўзидан бошланади.
Худди мана шундай аянчли бир қисмат бугун Ўзбекистонда оммавий ижтимоий дард эканлигини кўриб турибман.
Минг афсуски, биз яшаган давр ва умргўзаронлик қилган кунлар – ана шундай аччиқ ва аламли бир қисматни ўз ичига олади…

 

 

 

23.
Энди Нишонов мавзусини якунлар бўлсак, мен балки совет даврида ҳам бу аҳволга тушмасдим.
Боласи отасининг соқолидан тутамлаб унга ақл ўргатгандек йўл тутмасдим, албатта.
Бироқ, на чора, мен мустақилликни зор интизор кутган содда ва ишонувчан  журналист эдим.  Уни бизга ҳадя этган Президентни ҳимоя қилиш – менинг биринчи галдаги бурчим деб ўйлаганман. 
Овоз меники – «пуф-пуф» меники, бироқ, ғоя меники эмас эди…
Энг аянчли томонида шундаки, мустақилликнинг дастлабки йилларида менга ўхшаганлар нисбатан кам эди.
Бугун эса  бутун Ўзбекистон  оммавий ахборот воситалари – «пуф-пуф»чилардан иборат.
Мамлакатнинг тутуриқсиз ғояси эса  –  бир гуруҳ оёғи остидан нарини кўролмаётган калтабинлар қўлида қолди…
Бунинг оқибатида матбуот деб аталмиш асримизнинг улуғ ва муқаддас қуролини батамом ўлдириб   бўлдилар…  

 

 

 

24.
Матбуот – бу  бир муқаддас ва илоҳий соз. Бу сознинг ижодкори ҳам, яратувчиси ҳам – халқнинг ўзидир.
Биз журналистлар эса унинг доимий чолғувчисимиз, холос.
Биримиз ўқиганмиз, биримиз ўқимай чаламиз. Турли хил маҳоратларимиз ҳам ана шундан…
Матбуот нимаси билан муқаддас? 
 Матбуот –  бир гуруҳ менга ўхшаш “довдир” журналистлардан  иборат эмас.  
Унинг муқаддаслиги шундаки – ҳақиқий матбуот  халқнинг кўзи ва овозидир!
Ўзингиз ўйлаб кўринг – халқнинг кўзи ва сўзи ўлса, овози бўғилса, у сўқир ва гунгга айланса  –  у қандай халқ бўлади?
Унинг келажаги “буюк ва порлоқ”лиги ҳақида айтиб ҳам ўтирмайлик!

 

 

 

25.
Бугун ўзбек ҳукумати халқнинг кўзини ўйиб, овозини ўчириб, уни матбуот минбаридан мосуво қилиб, журналистларни ўз «уртўқмоғи» –  дубинкасига айлантириб олди.
Ҳукумат бу дубинкани бир пайтлар менинг ҳам қўлимга берган эди. Мен Нишоновни урдим.
Яна  биримиз – Усмонхўжаевни, бошқа биримиз эса – Мирсаидовнинг бошини ёрдик.
Ҳукуматга ишониб, отамизни ўлдирган шулар экан деб,  ўзимизни тўхтатолмай, ғазаб билан уларни  роса саваладик.
Савалаб, савалаб вазифамизни бажариб бўлгач, «энди йўлимизга ғов бўлиб, ўзимизни ҳам савалаб қолишмасин» деб, бизни итқитиб ташладилар…  
Оқибатда биримиз олис Канадада, яна биримиз Туркияда, бошқа биримиз эса Америкада жон сақлаб юрибмиз.
Истеъдодли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев каби қолган асосий ва катта қисми эса Ватан ичидаги эмигрантларга айлантирилди…
Афсус ва андуҳларим шундаки, ўшанда Нишоновга нисбатан айтганларим  – ўзимга тегишли эмас эди.
Бироқ, мана бугун олис Канадада туриб ўша сўзларимдан қайтганларим – мутлақо ўзиминикидир, виждоним амридир…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
16 январь, 2016 йил
Торонто шаҳри, Канада

 

Нишанов в Цейлоне

Суратда: Рафиқ Нишонов Ҳиндистон Бош вазири Индира Ганди хоним билан. Унинг ёнидаги кўзойнакли йигит эса — Нишоновнинг референти — ҳозирда эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

1 шарҳ

  1. Хурматли Исмат ака! Тарихнинг узи олий хакам, деган буюк хакикатни яна бир бор исботладингиз. Мард ва авлоди тоза инсонларгина тарихий хикматларга амал кила оладилар. Сиз яна бир хикматни, инкор этиб булмас даражада исбот килдингизки, бунинг учун сизга бош эгиб таъзим киламан. Машойихлар айтмиш; КАРИЙСАН, КАРТАСАН, УЗ НАСЛИНГГА ТОРТАСАН! ЁМОНДАН ЯХШИ ЧИКДИ ДЕБ КУВОНМА, ХУДДИ ШУНИНГДЕК ЯХШИДАН ЁМОН ЧИКДИ ДЕБ КУЙИНМА!ХАР ИККИСИДА ВАКТИ КЕЛИБ УЗ НАЗГИГА ТОРТАДИ! Офарин, койил колмасликка имкон колмади заррача!!!

  1. Hayroniy

    Нишонов энг муттаҳам одам, ўзбекни сотишга тайёр турган одам эди ва шундай бўлиб қолади ва Каримовдан баттар бўлиши мумкинлиги унинг ҳар қадамда бизни сотишга тайёр туришида кўринарди.

  2. Минг бор офарин Исмат ака! Хатоларини уз вактида англаб етиб, тан олган кишини мард дейишади. Хар бир инсон сиздек фикр килиб хатоларини тушуниб, хаётга узгача назар билан караганида халкимиз бугунги ахволга тушмаган булар эди. Ислом Абдуганиевич хам дардини сизга айтиб фойдаланган, бугунги кунда, миллионлаб кишидан биронтаси айтолмайдиган хакикатни айтишингизнинг узи кахрамонликдир. Адашган битта сиз эмас, хали довдираб юрганларимиз канча! Нишоновнинг бугунги айтаётган фикрини айтиб булдингиз. Сог булинг!

2 комментария к «Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари Рафиқ Нишонов 90 ёшда!»
  1. всё окей. только Индира Ганди никогда президентом Индии не была. Она была премьер — министром

    От редакции «Дунё узбеклари»: Спасибо, Марат ака, исправим…

  2. Тўғри айтасиз Исмат ака! Тақдир пешонамизга – шундай кўнгилчан, содда ва самимий инсоннинг ўрнига нега Каримовдай – ичи тор, мураккаб табиатли ва зўровон одамни раво кўрганидан ҳайратланиш керак. Ростдан ҳам Инсоф билан айтганда, Нишонов ёмон одам эмас эди. Бу одам чиндан ҳам қалби кенг, тоқатли бўлган у раҳбарлик қилганда митинг ва намойишларини тақиқлагани йўқ! Камчилиги ҳамма коммунестлардек СССРни ҳимоя қиларди. Каримов ҳам Ўзбекистонни алоҳида ажралиб чиқишига жон жаҳди билан қарши бўлган, ҳали одамлар трик буни унутгани йўқ! Ўйалмасдан юзини қаттиқ қилиб ўзидан суъний қаҳромон ясаб юрибди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *