• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчисини эслаб…

Янв 25, 2016
 Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчисини эслаб…
Яхши-суъратим
Исмат Хушев
(“Ўзметроном”да чиққан мақолага шарҳ)
Султон Пирмухаммедов тўқсонинчи йилларнинг бошидан Ўзбекистонга элчи этиб тайинланган эди. Йигирма йил бўлибди унинг мамлакатимиздаги фаолиятига. Мана энди бугун “Ўзметроном”ни ўқиб, унинг ўз юртига чақириб олинаётганидан хабар топдим.
Аввал Сапармурод Ниёзовнинг, кейин Қурбангули Бердимуҳаммедовнинг сиёсатига садоқат билан хизмат қилган Султон ака билан мен яқин ва дўстона муносабатда эдим.
У киши билан “Ҳаёт ва иқтисод” “Экономика и жизнь” журналларига раҳбарлик қилган тўқсонинчи йилларда танишгандик. Ўшанда Президентнинг Дўрмондаги резиденциясида чет эллик дипломатларга берилган зиёфатда ёнма ён ўтириб қолдик.
Айлана столда ўтирган меҳмонлардан ким қандай ичимлик ичишини сўраб, сўнг уларнинг олдидаги қадаҳларни тўлдираётган официант қизларга беш юлдузли Арман конягини даврамизда фақат мен билан Султон ака буюртма берганидан кейин (бошқалар бошқа ичимликларни танлашган эди) у киши билан яқиндан танишиб олдик.

Зиёфат тугагандан сўнг ташқарига чиққанимизда, ҳайдовчиларимиз ҳам бир бирлари билан суҳбатлашиб турганини кўриб, Султон ака: “Оғайни бўлиш пешонамизга битилган экан, қаранг, ҳатто шофёрларимиз ҳам аллақачон танишиб олишибди” деб ҳазиллашган эдилар.
Кейин ҳам шунга ўхшаш турли қабул ва зиёфатларда тез тез кўришиб турдик.
1994 йилнинг 26 июлида мени президентнинг давлат маслаҳатчиси Малон Умрзоқов билан ҳибсга олишганидан кейин, олти ой қамоқда ўтирдим.
Президентнинг амнистицияси ва Ўзбекистон Олий суди Қарори асосида қамоқдан озод этилганимдан сўнг, анча пайтгача ишсиз юрдим. Султон ака мени ўша пайтларда қўлидан келганича қўллаб қувватлаб турди.
Бу орада яна икки марта қамалдим. Ва ниҳоят учинчи қамалишим баробарида яна Бош муҳаррир этиб тайинланганимдан сўнг энди мен ҳам ишсиз юрган пайтларимда менга кўрсатган кароматлари учун Султон аканинг кўнглини олишга астойдил ҳаракат қила бошладим.
Ўша пайтларда негадир Сапармурод Ниёзов Султон аканинг ишидан бир оз норози бўлган экан. Мен ўзбек, рус ва инглиз тилларида чиқадиган “Деловой партнер Узбекистана” газетасининг Бош муҳаррири эдим. “Шу газетада менинг Ўзбекистонда қилаётган ишларимни бир оз ёритсак, Туркманбошига юборардим…” деб қолди Султон ака. Бажонидил рози бўлдим.
У киши каттароқ бир мақола берадиган бўлди. Туркманистонда аҳоли учун сув, газ ва свет бепуллиги ҳақида ҳикоя қилувчи бу мақолани негадир “Ўзлит” ўтказмади. Комилов деган бир азроил бор эди. Ундан ҳамма муҳаррирлар чўчирди. Мен нима қилиб бўлса ҳам бу мақолани чиқаришим керак эди.
Охири Давлат Матбуот Қўмитаси бошлиғи Рустам Шоғуломовга мурожаат қилишга тўғри келди. Лекин у киши ҳам Комиловнинг тарафини олди. Кейин мен ўзимнинг бевосита бошлиғим Элёр Ғаниевнинг ҳузурига бориб, “Элёр ака, нима бўлса ҳам шу мақола чиқиши керак. Ёрдам беринг!” деб ростини айтиб, илтимос қилдим.
Кейин Элёр ака Шоғуломовга телефон қилдилар. Сўнг Президент девони билан боғландилар. Хуллас, мақола чиадиган бўлди. Лекин барибир Туркманистонда газ, сув ва светнинг бепуллиги ҳақида жумлаларни ўтказишмади…
Султон ака шунисига ҳам шукур деб жуда хурсанд бўлган, ҳатто редакциядаги қизларимизга деб бир сумка ичимлик ва ширинликлар кўтариб келган эди…
Умуман у киши қўли очиқ, яхши ва самимий одам эдилар. Оилалари ҳам ажойиб ва меҳмондўст, фаришта аёл эди.
Бугун энди бу воқеалар ҳам хотирага айланиб қолди. Ширин ва яхши хотирага…
Мен муҳаррирлик йилларимда топган ва менга кўп яхшиликлар қилган Султон Пирмуҳаммедовнинг Ўзбекистондан қайтганидан кейин Туркманистондаги фаолиятига олис Канададан туриб омадлар тилаб қоларканман, у киши ҳали ўз халқи бахт саодати ва давлатининг равнақи учун кўп савобли ишлар қилишига ишонгим келади.
Ўзбекистон билан Туркманистон халқлари ва давлатлари орасида Султон оға йигирма йилда қурган мустаҳкам кўприк ҳали узоқ йиллар бу иккала юрт равнақи учун самарали хизмат қилишини истардим…
Исмат Хушев, 
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада.
18 май, 2012  йил

Султон оға

Суратда: Элчи жаноблари Султон Пирмуҳаммедов…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
4 комментария к «Исмат Хушев: Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчисини эслаб…»
  1. Яхши инсонлар хакида укиш инсонга кандайдир хузур багишлайди. Тарихдан маълумки айрим элчилар жуда катта урушларнинг олдини олиб кола олишган.
    Юртимиздаги куплаб рахбарларнинг акл савияси чорак асрдан буён уз «мавкеини» мустахкам саклаб келмокда. Ва албатта уларнинг барчасига алохида орден ва медаллар таъсис килиш даври келди. Хар кайсинисининг касофатини алохида курсатган холда.
    Бутун халк билади, Эл огзига элак тутиб булмас. СУВ,ГАЗ,СВЕТ,ТУЗ кимда бепул эканлигини, узга халклар кандай яшаётганлигини…

  2. И.Хушев ҳақ, С.Пирмуҳаммедов Ўзбекистон тарихидаги энг узоқ ишлаган элчи бўлди. Президент Каримов С.Пирмуҳаммедовни яхши кўрарди. С.Пирмуҳаммедов ҳам уни телевизорларда роса мақтарди.
    Тошкентдаги Туркманистоннинг ҳозирги элчихонаси айнан С.Пирмухаммедовнинг сайт ҳаракатлари билан қурилган.

  3. Ҳамма замонларда давлат тепасида ким бўлишидан қатий назар (айниқса шарқда) амалдорлар ичида ҳам инсофли, ўз бурчини бажараётган халол инсонлар бўлган. Шу билан биргалида касофати, қорани оқ деб, оқим билан оқувчи юзсизлар ҳам етарли бўлган. Ҳаммани бирдай рамкага солиш тўғри эмас. Лекин нимаики қилиб бўлмасин порахўр, текинхўр, гадой мансабдорларни асил юзини очиб жазолаш керак! Токи бошқаларга катта мактаб бўлсин. Шу маънода Исмат аканинг бу хотираси биз учун ниҳоятда қимматлидир.

  4. Мен кўп жойлардан эшитганман. И.Хушев ҳам ўз хотираларида ёзган эди Элёр Ғаниевни ҳалол, одамгарчилиги бор шахс эканлигини. Мана шундай раҳбарларни баландга — юртбоши қилиб кўтариш керак. Ислом Каримдан чарчади халқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *