Исмат ХУШЕВ:
ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИ ВА МАХСУС ХИЗМАТЛАР ФАОЛИЯТИ
Ёки Ўзбекистон Президентининг ўз мухолифларига нисбатан тоқатсиз муносабати хусусида
Мухолифатнинг туғилиши ва бўғилиши
Хориждаги ўзбек мухолифати ва Ўзбекистон ичидаги эмигрантлар
Махсус хизматлар ва мажруҳ мухолифат
1.
Қадим-қадим замонлардан бўён ҳар бир салтанатнинг ўз ҳукмдорлари ва мухолифлари бўлган.
Подшолик ва хонлик замонидаги зиндон ва ертўлалар Ленин ва Сталин даврига келиб – ҳибсхона ва турмаларга, Брежнев ва Горбачев фаслидаги – камера ва қамоқхоналарга айланди.
Лекин замон ва тузум қанақа бўлишидан қатъий назар, ҳукмдор ва ночорлар – шоҳ ва мухолифлар ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши тайин.
Подшолик салтанатида ҳам, совет мамлакатида ҳам, мустақил ва озод давлатларда ҳам.
Ўзбекистонда Ислом Каримов ҳукмдорлик қилаётган чорак асрлик давр бизнинг бу борадаги мубоҳаса ва фаразларимизга, мулоҳаза ва қарашларимизга яхшигина асос ва озуқа бериши мумкин…
2.
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин бизда мухолифат аъзоларига нисбатан ноинсоний ва шафқатсиз тарздаги тазйиқ ва таҳқирлар бошланди. Зулм ва золимлик мисли кўрилмаган даражага чиқди.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек мухолифати –туғилди-ю, бўғилди.
Хўш, Ўзбекистон давлати ва ҳукуматининг ўзбек мухолифатига нисбатан олиб бораётган бу репрессив сиёсатининг асосини нималарда кўришимиз мумкин?
Муқобил сайловларда қайта сайланиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олганидан кейин, Ислом ака узоқ ҳукмронлик қилган дунё диктаторларининг ўз халқини қўрқув ва таҳликада ушлаб турувчи тоталитар сиёсатини – Сталиндан Пол Потга қадар – тўлиқ ва мукаммал ўқиб ўрганди.
Бу борада ўзбек махсус хизматлари Президентга яхшигина ҳамкор ва ҳаммаслак бўлганига, турли туман қоида ва дастуриламал яратиб берганига менда бугун заррача ҳам шубҳа йўқ.
Мухолиф фикрли кишилар рўйхатини тузиш, уларнинг ҳар бир ҳаракатини назоратга олиб, туну кун кузатиш, ўзъаро суҳбат ва сўзлашувларини хуфёна тинглаш, кези келганда матбуот орқали ёмонотлиқ қилиш, бу ҳам иш бермаса – кўча куйда калтаклаб кетиш – кейинги 25 йиллик мустақиллик тарихида ўзбек махсус хизматларининг энг асосий вазифасига айланиб қолди.
Одатда, миллий хавфсизлик идораси, махсус ва хуфия хизматлари мамлакат ва давлат хавфсизлиги, разведка ва контразведка, террорга қарши кураш масалалари билан шуғулланиши керак. Лекин ўзбек махсус хизматлари ҳеч иккиланмай мухолифатни ҳам террорчи ва ваҳҳобийлар сафига қўшгани учун, ўз курашларини асосан мухолифат билан олиб боришаётгани ҳам бугун ҳаммага маълум.
Бу борада Ўзбекистон махсус хизматлари ва куч ишлатар тизимлари биргаликда ҳаракат қилиб, маълум ютуқларни қўлга киритишди.
Алал оқибат бугун Ўзбекистонда ҳеч ким ва ҳеч қандай куч мавжуд тузумга нисбатан танқидий фикр билдириш ва қарши чиқиш имконига эга бўлмай қолди…
3.
Ўзбек мухолифати 25 йилдан бўён асосан ҳибс ва хорижда ушлаб турилибди.
Бир пайтлар Каримовга қарши чиққан Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсуновларнинг тўқсонинчи йиллардаги сирли ва синоатли ўлимлари, Бош вазир Шукрилла Мирсаидовнинг таъқиб ва тазйиққа олиниши, Ўзбек мухолифати лидери, Ўзбекистон халқ депутати Муҳаммад Солиҳ, “Бирлик” халқ ҳаракати раиси, техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатов, Олий Кенгаш қошидаги Ошкоралик Қўмитаси аъзоси, журналист Жаҳонгир Маматов, Олдин Олий Суд раиси ва Адлия вазири бўлган, сўнг Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган Муҳаммад Бобир Маликов ва бошқа таниқли мулозим ва мухолифат фаолларининг Ватанни тарк этишга мажбур бўлиши – мавжуд тузумнинг давлат ва ҳукумат арконларидаги ўз позициясини мустаҳкамлабгина қолмай, балки уларнинг 25 йилдан бўён ҳокимиятда қолишига яхшигина асос ва замин ҳам яратди.
Бу орада мамлакатда Ислом Каримовга, унинг “бутун дунё ҳавас қиладиган инсонпарварлик сиёсати”га ҳурмат ва меҳр муҳаббат, Президент мухолифлари бўлмиш – Ватан хоинларига эса – нафрат ва ҳақорат руҳида ўсиб улғайган каттакон бир авлод вояга етди, камол топди.
Боғчадан то қабрга қадар – порахўрлик ва кўзбўямачилик урф бўлган, қип-қизил ёлғон ва алдовлар устига қурилган – қўрқитиш салтанати барпо этилди. “Усти ялтироқ ва ичи қалтироқ” – “Келажаги буюк давлат” ташкил топди.
Эл-у, юртнинг ойдинлари, тўғри сўз ва ҳур фикрли бўғинлари – зиёли ва ҳаёлилар таъқиб ва тазйиққа учраб, жиноят оламига алоқадор бўлган ўғри ва муттаҳамлар, риёли ва ҳаёсизлар давлат ва ҳокимият рутбаларини эгаллаб олишди.
Эркин матубот бўғилди – кўзлари ўйилиб, тиллари кесилди.
Бу фожеларнинг ҳаммаси – мамлакатда соғлом ва нуфузли мухолифат йўқлигидан, унинг туғилган заҳоти – бўғилганидан далолат эди…
4.
Ўз мухолифларини шафқатсизлик билан таъқиб ва тазйиқ этиш, уларни зиндон ва зулмга сургун қилиб, умрини ҳибс ва хорижда – муҳожирликда хазон этиш санъатини Ислом ака ниҳоятда пухта ва мукаммал ўрганиб олганига менда бугун заррача ҳам шубҳа қолмади.
Негаки, собиқ Иттифоқ ва Мустақил ҳамдўстлик давлатларининг бирортасида ҳам – сиёсий тузумнинг ўз мухолифларига нисбатан биздагидай золимона ва ваҳшиёна муносабати кузатилмайди.
Ёлғон бўлмасин, кейинги пайтларда Россия Президенти Путин ўз мухолифларига нисбатан олиб бораётган қатағон сиёсат менга қайсидир маънода Ислом Каримовнинг ўзбек мухолифатига қаратилган зулм ва хўрлик, ҳукм ва зўрлик сиёсатини эслатиб туради.
Айни соҳадаги ҳар икки давлат махфий хизматларининг бу борада ўз фуқароларига нисбатан олиб бораётган ноинсоний таъқиб ва тазйиқ амалларидан тортиб – мухолифларини жисмоний маҳв этиш ва сиёсий қотиллик йўли билан йўқ қилиш каби ўта оғир жиноятлар – ўз кўлами ва миқёси билан барча таниқли давлат ва ҳукумат раҳбарларини, дунё мамлакатларини тамомила ортда қолдириб кетди.
Путин Россия давлати раҳбари этиб тайинланган кейинги ўн беш йил ичида отиб ўлдирилган журналист ва зиёлилар, мухолифат намоёндалари ва сиёсатчилар рўйхати – бутун дунё афкор оммасини ниҳоятда сергак ва ҳуркак қилиб қўйди.
Омманинг бу ҳушёрлиги илк бор 2000 йилнинг 20 февраль куни Путинни Санкт Петербург Мэриясига – ҳокимиятга етаклаб келган устози Анатолий Собчакнинг кутилмаган ўлими билан бошланди.
Эндигина ҳокимиятга келган Путин томонидан “табиий юрак хуружи” деб баҳоланган бу ўлим – журналист Аркадий Ваксберг олиб борган жиддий суриштирувдан сўнг “Заҳарлаб ўлдирилган” деган хулосани берган. Бу ҳақдаги ўз тахмин ва хулосасини эълон қилганидан сўнг, журналистнинг машинаси портлатилган.
Владимир Путиннинг ўз устози ва рақибларини заҳарлаб ўлдиришга бўлган иштиёқмандлиги, ўчлиги эндиликда бутун дунёга маълум. Россия махсус хизмат (ФСБ) зобити Александр Литвиненконинг полоний билан заҳарлаб ўлдирилганидан сўнг бунга ҳеч қандай шак- шубҳа қолмади.
Павел Хлебников (2004), Анна Политковская (2006), Александр Литвиненко (2006), Борис Березовский (2013) ларнинг сирли ва синоатли ўлимлари – Россияни бутун дунё назарида энг хавфли ва ҳалокатли давлатлар сирасига тиркаб қўйди.
Путиннинг шундоққина кўзи ўнгида – Кремль остонасида отиб ўлдирилган мухолифат лидери Борис Немцов ўлимидан кейин Россия Президентининг кимлиги аён бўлди, унинг асл башараси очилди…
5.
Хўш, биз каби – Ислом Каримов ишончига сазовор бўлиб, маълум муддат унинг пошшолигига аралашиб юрган, унга чексиз меҳр ва муҳаббат қўйган журналист ва муҳаррир учун шоҳлик ва маддоҳлик, бедодлик ва гумроҳлик, ҳукмдорлик ва дилозорлик, ўз рақибларига нисбатан ҳибс ва ҳақорат, фитна ва хунта, садоқат ва жаҳолат орасидаги фарқ қачон аён бўлди?
Ислом ака Қашқадарёдан олиб келиб, Ўзбекистон МХХ раиси этиб тайинлаган Ғулом Алиев билан яхши ва яқин муносабатда эканимни у кишининг сиёсий портретига бағишланган «Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар (2-26)» номли бобда батафсил ёзганман: http://dunyouzbeklari.com/archives/89054
Мустақилликнинг дастлабки йилларида айнан мухолифатга бўлган муносабат бобида Ғулом Алиев билан Ислом Каримов орасидаги зиддиятдан хабардор эдим.
Ғулом ака табиатан юмшоқ кўнгил, самимий ва меҳр оқбатли, иймон эътиқодли инсон эди. Махфий хизмат салтанати эса ўз йўналиши ва табиатига кўра одатда бундай одамшанаванлик ва инсонпарварлик фазилатларини ҳазм қилаолмас экан.
Шукрилла Мирсаидов, Муҳаммад Солиҳ, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев ва бошқаларга нисбатан қўлланилган ўта шафқатсиз муносабат боис Президент билан МХХ раиси орасида келишмовчилик келиб чиққанини ўша йилларда Ислом Каримов командасига яқин бўлган бошқа мулозимлар ҳам яхши билсалар керак.
Нима бўлганда ҳам 1995 йилдан эътиборан кутилмаганда Ғулом Алиев ўрнига МХХ раиси этиб Рустам Иноятов тайинланади.
(Биз МХХ раиси Рустам Иноятов сиёсий портретига шарҳ берганда унинг шахси, у шаклланган муҳит ва ижтимоий келиб чиқиши ҳақида батафсил тўхталамиз. Бугун эса 21 йилдан бўён у бевосита раҳбарлик қилиб келаётган хуфия хизмати ҳақида сўз юритсак)
Ўшандан бўён мана салкам йигирма йилдирки, ўзбек мухолифати Ўзбекистон сиёсатидан тамомила супуриб ташланди.
Унинг илдизлари тугул, тирноқлари ҳам мустақилликнинг зиндон ва турмаларида таг-томири билан суғуриб олинди…
6.
Рустам Иноятов раҳбарлигидаги Ўзбекистон махсус хизматлари – ўзбек мухолифатини – дунёдаги энг ёвуз ва қора кучлар тимсолига айлантириб улгурди.
Хуфия идораси ходимларининг сиёсий мухолифатга нисбатан олиб бораётган бу фаолиятининг тарихи эса узоқ-узоқларга бориб тақалади.
Тарихдан маълумки – Сталин, Гитлер, Муссолини, Мао Цзе-Дун, Пиночет ва ҳатто Зимбабвенинг 30 йиллик бугунги барҳаёт диктатори Мугабелар ҳам ўз сиёсий рақиблари бўлмиш – мухолифат аъзоларини ҳамиша ва ҳар доим – бузғунчилик ва қўпорувчилик фаолияти билан шуғулланаётган – “қора куч”ларга, Ғарб махсус хизматларининг топшириғини бажараётган – Ватан хоинларига қиёслаб келишган.
Ўтмишда ҳам шундай эди, бугун ҳам худди шундай.
Фикримизнинг исботи сифатида диққатингизни бир пайтлар ирод этилган қуйидаги бир жумла нутққа қаратмоқчимиз:
“Ўзларини ҳур фикрли демократлар деб билувчи мухолифларимиз чет элдаги ҳомийлари бошчилигида бизни ва Ватанимизни танқид қилиб, қоп-қора балчиққа ботирмоқдалар. Аламзадалик, кўролмаслик ва ичи қоралик ҳис-туйғулари билан йўғрилган бу бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини улар ўша -чет эллик ҳомийлари бераётган ҳаром пуллар эвазига амалга оширмоқдалар. Бу “Ватанпарвар оппозиционерлар” – АҚШ маблағи ҳисобида яшаётгани, денгиз ортидаги хўжайинлари бераётган ақчаларни оқлаш учун ҳар қандай иғвогарлик ва бузғунчиликдан қайтмаслиги ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас. Негаки, улар ўша ҳаром пуллар эвазига яшайдилар ва уни оқлаш учун Ватанимиз ва халқимизга нисбатан ҳар қанақанги хоинлик ва сотқинлик қилишдан ҳам қайтмайдилар!”
Хўш, Сизнингча, бу оташин нутқ кимга тааллуқли бўлиши мумкин?
Кимдир буни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Мустақиллик байрамида, Конституциямиз қабул қилинган сана ва ё Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тантанали анжуманларда сўзлаган нутқи деб ўйлаши мумкин.
Яна кимдир МХХ раиси, Бош прокурор ва ё Ички Ишлар вазирининг ўз касб байрамини нишонлаш тантанасида ўқиган маърўзасидан олинди деб фараз қилар.
Йўқ, бу нутқ – Германиядаги фашизм ғояларининг байроқдори ва Адольф Гитлернинг идеология сардори бўлган – Йозеф Геббельсга тааллуқли.
Фюрернинг идеология воизи этиб тайинланган 35 ёшли Геббельс ўзининг бу тарихий маърўзасини 1933 йил 12 март куни – Германияда янги ташкил этилган Ахборот ва Пропаганда вазирлигининг тантанали очилиш маросимида ирод этган эди…
7.
Дарвоқе, Йозеф Геббельс ҳақида.
Тарихчи олимлар ва соҳа мутахассисларининг фикрича, агар Геббельс бўлмаганида Гитлер қисқа фурсатда халқ орасида бу қадар катта олқиш ва муваффақиятга эриша олмас эди. Бу одам идеология соҳасида ҳақиқатдан ҳам туғма ва бетакрор истеъдод соҳиби эди.
Бунақа вазирлик нацистларга қадар йўқ эди, улардан кейин ҳам бўлмади. Умуман, нафақат уларда, балки бутун дунёда ҳам бунақа довруғли вазирлик бошқа яратилмади. Бу вазирликни Гитлер ўйлаб топганмиди ва ё Геббельсми, бу бизга қоронғу. Лекин унинг қисқа муддат ичида немис халқ онгида амалга оширган инқилобий фаолияти ҳақида ҳанузга қадар турли миш-миш ва афсоналар, ҳайрат ва ривоятлар мавжуд.
Ҳамма нарса Геббельс ва у бошқараётган Идеология вазирлиги обрў эътибори ва нуфузини кўтаришга қаратилган эди. Унинг шахси – биринчи навбатда, немис аёлларининг ва умуман оддий одамларнинг чексиз меҳру муҳаббатига сазовор бўлган – тақлид қилса арзигулик, кўп болали оила бошлиғи ва меҳрибон ота тимсоли – Геббельснинг қисқа фурсат ичида машҳур ва довруғли идеология вазирига айлантириб қўяди.
Шу билан бирга у немис халқини Гитлер ва унинг дунё ҳукмронлигига даъво қилувчи ҳукмдорлик ғояси атрофида бир ёқадан бош чиқариб, жипслашувида муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнаган. Геббельснинг: “Немис халқи дунёда ягона ва энг олий ирқ, ер юзидаги бошқа барча миллат ва элатлар унга хизмат қилиши лозим!” деган фалсафаси – бутун нацистлар Германиясини бир тану бир жон қилиб, бирлаштириб қўйган эди.
Алал оқибат Гитлер доирасидаги бирорта ҳам юқори даражали мулозим Геббельс каби маълум ва машҳур эмас эди. На Гимлер ва на Геринг.
Ўз мухолифларига нисбатан ўта шафқатсизлик бобида ҳам Геббельснинг олдига тушадигани йўқ эди. Гитлер амри ва фармони билан ташкил этилган хуфия идораси Гестапо – мухолиф фикрдагиларга нисбатан қўллаган ўта шафқатсиз ва ноинсоний қийноқлар билан барчага маълум ва машҳур бўлган.
Гестапонинг асосий вазифаси – Геббельс олиб бораётган идеология сиёсатининг барқарор ва яшовчанлигини таъминлашдан иборат эди.
Бугун Ўзбекистонда ҳам ҳеч ким Рустам Иноятов каби Ислом Каримовнинг энг яқин ва ишонган одамига айлана олмади: На Шавкат Мирзиёев ва на Рустам Азимов…
Юртимизда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар, ҳукуматнинг мухолифатга нисбатан олиб бораётган фашистик сиёсати ҳам – Гитлер Германиясининг ўша Гестапоси олиб борган қийноқ ва қўрқитиш сиёсатининг айни ўзидир…
8.
Умуман, дунё диктаторларининг ўз мухолифларига бўлган қонли ва қатағон сиёсати азал аввалдан маълум бир ясама айблов ва беаёв репрессияларга асосланган. Олдин ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай.
Сталин ўз мухолифлари – Троцкий ва Бухаринларга нисбатан қандай йўл тутган бўлса, Пиночет ҳам – социалистлар ва коммунистларга нисбатан, Муссолини ҳам – ўз рақиблари бўлмиш мухолифатга нисбатан худди шундай тазйиқ ва таъқиб йўлини танлаган эди.
Дарвоқе, Италия диктатори Муссолинининг 1937 йил 16 августда айтган мана бу нутқига ҳам бир эътибор қаратсак:
«Италия халқи худди мен каби Ғарбни ёмон кўради, ундан нафратланади. Чунки, улар бизга руҳан ва маънан мутлоқ бегона. Бизнинг халқимиз – олий ва бетакрор умуминсоний қадриятларга эга. Буюк италия халқининг бу илоҳий эъзоз ва қадриятларини тобора чириб ва тугаб бораётган Ғарб либерализми ҳеч қачон тушунмайди. Шунинг учун ҳам биз ўз мухолифларимизнинг Ғарбга сажда қилиб, жосуслик ва хоинлик йўлига ўтишларига жим қараб туролмаймиз!»
Инсоф билан айтганда асли касби журналист бўлган муссолини Бош муҳаррирлик қилган йиллар Италия давлати ва жамияти ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.Оддий бир журналистнинг қисқа фурсат ичида қозонган улкан ва буюк ғалабасини Италия тарихида ҳали ҳеч бир сиёсатчи қўлга кирита олмаган эди. Муссолини Италияда биринчи бўлиб фашистик ғояларга асос солди. Ҳокимиятни ҳам фашистлар ёрдамида қон ва қурол билан қўлга киритди. Мухолифатга нисбатан сиёсий қотилликлар билан курашишни одат қилган Бенито Муссолини кўп ўтмай Италия Қироли томонидан Бош вазир этиб тайинланади – давлат раҳбари даражасига кўтарилади.
Бугун ҳам дунё ҳукмдорлари, Президентлар унинг тутган тузуми ва мухолифат ҳақидаги шафқатсиз ақида-ю, шиорларини ўзлари учун байроқ қилиб олишгани бежиз эмас.
Ер юзининг катта кичик барча диктаторлари, барча сиёсий тузумлар – ўз сиёсий рақиб ва мухолифларини худди Геббельс ва Муссолини каби «Халқ душманлари», «Ватан хоинлари» ва «Ғарб малайлари» деб аташган. Бу стандарт айбловлар мана неча йиллардан бўён яшаб, ҳануз ғалаба қилиб келаяпти.
Давлат ва ҳукуматларнинг махсус ва хуфия хизматлари томонидан сиёсий мухолифатга нисбатан амалга ошириб келинаётган бу қатағон сиёсатнинг энг асосий мақсади – мухолифатчи ва оппозиционерларни – халқнинг кўз ўнгида максимал даражада обрўсизлантириш, уларни ташқи душман билан тил топишганликда айблаб, одамларнинг ғазаб ва нафратини оширишдан иборат…
9.
Фашизм ғояларининг асосчилари Геббельс ва Муссолинининг юқорида келтирилган нутқ ва маърўзалари, не тонгки, бугун ҳам амалда.
Бу сўзлар бугун ҳам давлат ва ҳукумат раҳбарларининг тилидан тушгани йўқ. Улар бугун ҳам авторитар диктаторларнинг энг суюкли шиори ва идеология курашидаги ўткир қуролидир.
Россияда ҳам худди шундай, Ўрта Осиё республикалари дохил – она Ватанимиз Ўзбекистонда ҳам.
Ўзбекистон махсус хизматлари – Гиббельс ва Муссолини тарихда асос солган ўша оташин нутқ ва ғояларни ўзбек мухолифатига нисбатан кураш борасида ўзларининг энг олий ва муқаддас шоирларига айлантириб олишган.
Ана шу қатағон сиёсат натижаси ўлароқ бугун одамлар ўзбек мухолифати деганда – ваҳҳобий ва исломчиларни, қўпорувчи ва террорчиларни – ўз халқини зулм ва жаҳолатга йўналтирувчи “қора кучлар”ни, бир сўз билан айтганда – Ғарбга сотилган, унинг ҳаром пулларига эвазига кун кўрувчи Ватан хоинларини тушунадиган бўлиб қолишди.
Мисолларга мурожаат қилсак.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов диктатурасига қарши бош кўтарган энг биринчи исён ва тўқнашув – Вице Президент Шукрилла Мирсаидов номи ва Олий Кенгаш 7- сессияси фаолияти билан боғлиқ. Биз бу воқеаларга ҳали кўп бор тўхталамиз.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ички Ишлар вазири Зокир Алматов зиндонида қийнаб ўлдирилган Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродовнинг фожеали ўлими ҳам – Ислом Каримов ҳокимиятда қолиши учун жоҳиллик ва қотилликнинг ҳар қанақанги фашистик кўринишидан ҳам қайтмаслигини яққол кўрсатиб берди.
Мирсаидовдан кейин Президентга қарши чиққани учун ҳибсга олинган Олий Кенгаш депутатлари Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраев, биринчи хусусий банк соҳиби Рустам Банклар – йигирма йилдан ошди ҳамки, ҳануз ҳибсда қолмоқдалар.
Хорижга сургун қилинган мухолифат фаоллари учун ҳам, йигирма йилдан бўён Ватан дарвозалари очилмади, аксинча янада қаттиқроқ ва маҳкамроқ – зичроқ қилиб ёпилди.
Ана шундай бир вазиятда мухолифатчи бўлиш, мавжуд сиёсий тузум олиб бораётган ҳатти ҳаракатларга нисбатан танқидий фикр билдириш мутлақо имконсиз ва мумкин бўлмаган ишга айланди.
2015 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон аҳолисининг 90 фозидан кўпи бешинчи маротаба – яна Ислом Каримовни қўллаб овоз берганининг асл сабабларини – мамлакатдаги мана шу сиёсий жараён ва қатағонлардан келиб чиқиб баҳоласа, кўп нарсалар ойдинлашади…
10.
Бизни Президентга нисбатан нохолисликда айбламасликлари учун яна бир гапни ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Ислом Каримов ҳокимиятга келган тўқсонинчи йиллар бошида – бир муддат мухолифат билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Буни мухолифат истамади эмас, аксинча, Каримов ўз фели хўйига кўра мухолифатга тоқат қиладиган одам эмас эди…
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг ўзи табиатан асли мухолиф характерли одам эди. Бу шу маънодаки, Ислом аканинг ўзи ҳамиша ўзини мавжуд тузумга нисбатан мухолиф фикрли қилиб кўрсатишга уринар ва буни қайсидир маънода қойилмақом қилиб эпларди ҳам.
Ислом ака билан у Минфинда министр ва ё Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлганида бирга ишлаганлар яхши билишади. Ислом Каримов ҳамиша мавжуд тузумга нисбатан норози қиёфада бўлган ёки ўзини атай шундай қилиб кўрсатган бўлиши мумкин.
(Ислом ака билан Москвада тушган сурат берилади)
Суратда: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси махсус мухбири Исмат Хушев (чапдан биринчи), Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов (ўртада) бир гуруҳ СССР халқ депутатлари билан Москвада, 1989 йил, 30 май…
Масалан, мен Ислом ака билан 1989 йилнинг май ойида Москвада – СССР халқ депутатларининг 1-съездида – «Россия» меҳмонхонасида – икки ҳафта давомида бир дастурхон атрофида бирга ўтириб, улфатчилик қилганман, даврадош бўлганман ва дардлашганман. Ўзбекистон раҳбарияти ҳақида у кишидан фақат ёмон гап эшитганман.
Бу ҳақда Иккинчи китобнинг дастлабки бобларида батафсил ёзилган бўлса ҳам, яна такрорлайман: Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи ва иккинчи секретарлари Нишонов ва Анишчевлар билан ҳамиша «ит мушук» бўлиб, солишиб келган. ВУЗ городокда қашқадарёлик талабаларнинг тўполони боис Ислом Каримовни Марказқўм Бюроси йиғилишдан: «Бориб бу жўжахўрозларингизни тинчиб келинг, йўқса масалангизни Бюрода муҳокама қиламиз!» деб чиқариб юборишганлари ҳақида муқаддам ёзгандим.
Шундан сўнг Ислом ака Абдулла Орипов ҳамроҳлигида ТошДУга бориб, Маданият саройида йиғилиш ўтказадилар. Таниқли шоир ёрдамида исёнкор талабаларни бир фқадар тинчитиб, МарказҚўм раҳбарлари ғазабидан қутулиб қоладилар.
Бу воқеани Ислом ака менга «Россия» меҳмонхонасининг ўзи яшайдиган «Люкс» хонасида ажиб бир кўнгилчанлик билан ҳикоя қилиб берганида, мен Ислом аканинг ҳам раҳбариятдаги умри ҳадемай тугаса керак деб ўйлагандим.
Лекин кўрганингиздек, ундай бўлиб чиқмади.
Аксинча, ўша биз Ислом ака билан бир дастурхон атрофида ўтириб, икки ҳафта меҳмон бўлган Москвадаги анжумандан бор йўғи бир ой ўтар ўтмас, у киши ҳаммани доғда қолдириб, Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланган эдилар…
11.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби Ислом Каримовнинг ўжар табиати ва бунтар характери эса ниҳоятда мураккаб ва бежилов эди. У киши бир пасда ёниб, оловга айланиши, ёки аксинча, бир лаҳзада 180 даражада ўзгариб, суҳбатдошини ажиб бир меҳр ва муҳаббат билан ўз мафтунига айлантириб олиши ҳам мумкин.
Тан олиш керак: Ислом акада ажиб бир самимият ҳам бор эди. Лекин кейинчалик йиллар ўтиб, ҳукмдорлик шон шуҳратига қанча кўп буркангани сайин, самимият ҳам у кишидан узоқлаша бошлади.
Шу билан бирга у кишида жиззакилик, ўз рақибларига нисбатан бетоқатлик, бераҳм ва шафқатсизлик қусурлари ҳам мавжуд бўлиб, бундай феъл атворга эга бўлиш – давлат раҳбари учун жуда зарарли эди.
Ўша Москвадаги суҳбатларимизда Ислом ака ўзбек мухолифатидаги бир гуруҳ таниқли ижодкорлар, хусусан, Муҳаммад Солиҳ ва Усмон Азимов ҳақида сўраб суриштирганларини, уларни ҳурмат қилишларини ўз хотираларимда муқаддам ёзгандим.
Ўзи кечагина мухолифат ҳақида яхши ва илиқ фикрда бўлган, қолаверса, ўзи ҳам мавжуд тузумга нисбатан аслида мухолиф бўлган мулозимларнинг аксарияти кейинчалик энг уччига чиққан сиёсий лўттивоз ва ашаддий диктатор бўлиб етишганларини тарихда кўп кўрганмиз.
Ленин, Сталин, Ельцин, Путин…
Бу рўйхатни собиқ иттифоқ ва ҳамдўстлик давлатларидан тортиб дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатлари, Марказий Осиё, Европа Иттифоқи, Америка қитъаси ва Африка региони миқёсида яна истаганча давом эттириш мумкин.
Ислом Каримовнинг 27 йиллик Президентлик бошқаруви – бу тарихий ҳақиқатни яна бир марта исботлади десам, адашмасам ва ё муболаға қилмасам керак…
12.
Ислом Каримов Мирсаидов бошчилигида ўзига қарши бош кўтарган Ўзбекистон Олий Мажлисининг 7 сессиясидан сўнг ўз мухолифларини шафқатсизлик билан таъқиб ва тазйиқ этиш йўлига ўтди.
Аввал Мирсаидов кўчага улоқтирилди. Шахсан Ислом Каримов топшириғи асосида ўзининг биринчи матбуот котиби бўлиб ишлаган Шароф Убайдуллаев томонидан «ГКЧПдан чиққан Қаҳрамон» номли фелъетон ёзилиб, барча расмий газеталарида унинг муборак номи – қораланди, ўзи – ёмон отлиқ қилинди.
У кишининг бошига тушган бу мусибатлар ҳақида Шукрилла Раҳматовичнинг сиёсий портретига бағишланган 19-бобда батафсил ҳикоя қилинган:
(Ш.Р.МИРСАИДОВ: “ТИЗ ЧЎКИБ ЯШАГАНДАН КЎРА, ТИК ТУРИБ ЎЛМОҚ АФЗАЛ!”)
http://dunyouzbeklari.com/archives/77099)
Алал оқибат – Ўзбекистоннинг ўз сўзи ва юзига эга бўлган биринчи ва охирги Вице Президенти, мустақил фикрли биринчи ва энг сўнгги Премьер Министри – мавжуд сиёсий тузумнинг йигирма йилдан зиёд давом этган ноинсоний таъқиб ва тазйиқлардан сўнг хорлик ва хўрликда, ғариб ва шўрлик бир ҳолатда бу номард дунёни тарк этиб кетди…
13.
Сўнг ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг ўзига ҳам навбат келди.
Биринчи ҳибсдан сўнг, Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бу вақтинчалик чекиниш деб ўйлади. Бир оздан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, ҳокимиятни қўлга киритаман деган қатъий бир ишончи бор эди унинг.
Лекин, мана – 27 йилдирки, Муҳаммад Солиҳ ҳали ҳануз Туркияда – Ўрта ер денгизининг ўзи каби саркаш ва ўжар, бўйсунмас тўлқинларига маҳлиё бўлиб, умргузаронлик қилиб юрибди…
Биз Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги мухтасар сўзимизни унинг сиёсий портретига бағишланган «Биринчи ва охирги жангчи» номли махсус бобда батафсил айтганимиз учун ҳам, у ҳақдаги фикримизни шу ерда якунлаймиз.
(Унга бағишланган қисм эса – эрта индин эълон қилинади)
Шукрилла Мирсаидов ва Муҳаммад Солиҳлар ўзбек сиёсий саҳнасини тарк этганларидан сўнг – Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Бобир Маликов Америка Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлди.
Ўзбекистон Олий Судининг собиқ раиси, биринчи Президент Йўлдош Охунбобоевнинг набираси – Муҳаммад Бобир Маликов хориждаги ўзбек мухолифатининг нуфузли ва тан олинган лидери бўлиши мумкин эди.
Бунинг учун унда барча «асослар» бор ва етарли эди. Лекин минг афсуски, бундай бўлмади…
Муҳаммад Бобир Маликов – бугун АҚШ Давлат Департаментида талабаларга сиёсат ва ҳаёт ҳақида маърўзалар ўқийди. Оиласи ва фарзандлари билан 20 йилдан бўён Вашингтон атрофидаги мўъжаз бир ҳовлида умргўзаронлик қилиб келяпти.
У «система»нинг имконият ва иқтидоридан яхши хабардор инсон сифатида расмий Тошкентнинг норасмий қўли қаерларга етишини яхши билади, шекилли, 20 йилдан бўён Президент ва махсус хизматларнинг жиғига тегмай, уммон ортида «жим» яшаб келяпти.
Онда сонда ғарб журналистларига бераётган суҳбат ва интервьюларида айтаётган гап сўзлари эса ҳали бирор маротаба ҳам Ўзбекистон режимини жаҳлини чиқарган ва ё ғазаб отига миндирган эмас.
У ҳам Муҳаммад Солиҳ каби – тўрт беш йил деб ўйлаган уммон орти «сафари» – 20 йил давом этишини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган эди…
14.
Шукрилла Мирсаидов, Муҳаммад Солиҳ ва Бобир Маликов дохил ўзбек мухолифати фаолларининг таъқиб ва тазйиққа олиниши ўзига хос тарихга эга. Бу тарих эса – Каримов умумхалқ сайловида Президент этиб сайланган муборак санадан бошланади.
Ислом Каримов 1991 йилги Президентлик сайловида – муқобиллик асосида муҳим ғалабани қўлга киритганидан сўнг, секин аста сайловдаги ўз рақиби Муҳаммад Солиҳ тарафдорларини сиёсий саҳнадан бирин кетин супуриб ташлай бошлади.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутатлари Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Абдувоҳид Паттаевлар ҳам бирин кетин чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлишди.
Қолган 500 нафар Ўзбекистон Олий Кенгаши аъзоларининг тақдири ҳам, беш – ўнтасини ҳисобга олмаганда, асосан фожеали якун топди. Эркин Воҳидов, Шерали Жўраев, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Нурали Қобул, Юлдуз Усмонова, Карим Баҳриевлар учун йигирма йилдан бўён ўзбек матбуоти, телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилди. Бир сўз билан айтганда – улар Ватан ичидаги эмигрантларга айлантирилди.
Бунга чидай олмаганлар депутат ва мулозимлар, сиёсий мухолифлар бирин кетин Ўзбекистонни тарк эта бошлашди.
Фарғона вилояти прокурори ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган халқ ноиби Авазхон Мухторов, Дон маҳсулотлари вазири Олим Отаев, Ўзбекистоннинг туркманистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдурашид Қодировлар ҳам Ислом Каримовнинг тазйиқ ва таъқибларидан чўчиб, хориждан сиёсий бошпана олган собиқ ўзбек мулозимларидандир.
Лекин уларнинг бирортаси ҳам бугунга қадар ўзини ўзбек мухолифати лидери деб эълон қилишни истамади ёки бунга ҳаракат ҳам қилмади.
Бирлик партияси лидери, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатов, таниқли дипломат Тошпўлат Йўлдошев, машҳур имом Обидхон қори Назаров, ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов, тадбиркор ва бизнесмен Санжар Умаров, исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума, «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари Мўътабар Тожибоева, СССР Олий Советининг собиқ депутати Пўлат Охунов ва «Бирдамлик» ҳалқ ҳаракати раиси Баҳодир Чориевларни ҳам бугун қайсидир маънода ўзбек мухолифатининг таниқли лидерлари қаторида тилга олиб ўтиш мумкин.
Уларнинг ҳаммаси ҳам мухолифат орасида обрў-эътиборга эга бўлган, ўз соҳасининг кўзга кўринган, таниқли ва билимли кишиларидир…
15.
Шу ўринда Мўътабар Тожибоева ҳақида қуйидаги маълумот ва гап-сўзларни алоҳида эътироф этиб ўтишни истардим.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги бир неча халқаро мукофотлар совриндори Мўътабар Тожибоева “Жасоратли аёл” мукофотини 2009 йилда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва АҚШ Биринчи аёли Мишель Обама қўлидан олган эди.
Мўътабар Тожибоевага “Жасоратли аёл” мукофотининг берилиши ўшанда Тошкент билан Вашингтон ўртасида жиддий мунозараларга сабаб бўлган эди.
Бу ҳақда
WikiLeaks сайти эълон қилган АҚШ махфий депешаларида ҳам айтилган.
2009 йил март ойи охирида Вашингтонга юборган каблограммада айтилишича, 18 март куни бўлиб ўтган учрашув пайтида президент Ислом Каримов элчи Норландга “Жасоратли аёл” мукофотининг Тожибоевага берилиши ортида ўзига қарши қаратилган сиёсий мақсадлар борлигини таъкидлаган.
Бу ҳодисани ўзига нисбатан “уятли”, дея баҳолаган Ислом Каримов, шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳудуди орқали ноҳарбий юкларни Афғонистонга транзит қилиш бўйича генерал Дэвид Петерус билан муҳокама қилинган келишув кучда қолишини таъкидлади, дейилади депешада.
“Каримов гапни элчидан “жасоратли аёл” мукофотини топшириш маросими нима экани ва бундай юқори даражадаги маросимда Тожибоевага мукофотнинг топширилиши нимани англатишини тушунтириб беришни сўрашдан бошлади. Элчи мазкур тадбир инсон ҳуқуқлари қадриятларини халқаро миқёсда тарғиб қилган аёлларни эътироф этишга қаратилгани, давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Биринчи аёл Обама шахсан катта эътибор қаратувчи ҳамда АҚШ сиёсатида устувор аҳамиятга эга бўлган маросим эканини тушинтирди. Бу АҚШнинг Марказий Осиё ёки Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш маҳсули ёҳуд биз бирор бир мухолифат гуруҳини қўллаб қувватлашимизни англатмайди. Аксинча, деди элчи, Тожибоева ҳар доим инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун санкциялар ва изоляциядан кўра, (Ўзбекистон) расмийлари билан мулоқот қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаб келган аёлдир, бунинг учун у баъзи маҳаллий ва хорижий инсон ҳуқуқлари фаолларининг танқидига учраган”, дейилади махфий каблограммада.
WikiLeaks эълон қилган депешаларда айтилишича, Каримов элчининг бу изоҳларини “юзаки” ва “эскича фикрлаш”нинг бир кўриниши, дея атаган. 11 март кунги тадбир (“Жасоратли аёл” мукофотини топшириш маросими) ўзининг юқори даражадаги пиар жиҳати билан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ишончга путур етказди, дея таъкидлаган Каримов элчига қарата.
Ўзбекистон президенти Тожибоевани бундай тарзда эътироф этиш хато бўлганини таъкидлаб, уни “товламачи” дея атаган. Бундан ташқари, Каримов “Тожибоевани ички ишлар вазирлиги расмийси билан дон олишиб юрганлик ва бошқа фаолларни сотганлик”да айблаган.
Бундан ташқари, Тожибоеванинг ўзига қарама-қарши қўйилаётган сиёсий бир фигура сифатида кўрилаётгани Каримовнинг айниқса ғашини келтирган кўринади, дея хулоса қилган элчи Норланд.
Бунга жавобан АҚШ дипломати мазкур тадбир дунё бўйлаб аёлларни рағбатлантиришга қаратилгани ва уни АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатининг асоси, деб қараш хато бўлишини айтган.
Шундан кейин бироз юмшаган Каримов минтақа хавфсизлигига оид масалаларни муҳокама қила кетган, дейилади WikiLeaks эълон қилган махфий ҳужжатларда…
http://www.ozodlik.org/content/article/2331178.html
Манба: Озодлик» радиоси
Ана шундан кейин АҚШнинг нуфузли мукофотига сазовор бўлган Тожибоевага қарши МХХ ижтимоий тармоқлар орқали “информацион уруш” – “қоралаш” компаниясини бошлаб юборади. Тан олишимиз керак, бу мақолаларнинг баъзилари – “Дунё ўзбеклари”да ҳам эълон қилинган эди…
16.
Бугун хориждаги ўзбек мухолифати фаоллари сафига Ёдгор Обид, Ёдгор Турлибеков, Алибек Йўляхшиев, Абдулла Абдураззоқ, Абдуфаттоҳ Маннопов, Исмоил Дадажонов, Ботир Норбоев, Анвар Усмонов, Тоғбой Раззоқ, Ҳайит Ғафур, Исоқжон Зокиров, Худойназар Дўстназаров, Баҳром Ҳамроев, Усмон Баратов, Намоз Нормўмин, Ҳазратқул Ҳудойбердиев, Акбарали Орипов, Анвар Каримов, Ризо Обид, Шуҳрат Аҳмаджонов, ака-ука Бобожоновлар, Юсуф Расул, Тўлқин Қораев, Қурбоной, Сафар Бекжон, Мақсуд Бекжон, Саломат Бойматова, Абдужалил Бойматов, Алишер Таксанов, Ғофур Йўлдошев, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Нигора Ҳидоятова, Камолиддин Раббимов, Умида Ниёзова, Надежда Атаева, Эгамназар Шайманов, Матлуба Азаматова, Моҳира Ортиқова, Қаюм Ортиқов, Муҳаммадёқуб Ҳамроев, Диля Эркинзода, Улуғбек Ҳайдаров, Улуғбек Бакировларни ҳам бемалол киритиш мумкин.
(Мен асосан хориж матбуотида фаоллик кўрсатаётган мухолифат аъзоларини эътиборга оляпман. Агар кимнингдир исмини унутган бўлсам, узр. )
Улардан ташқари Ўзбекистон ичкарисида ҳам йигирма йилдан бўён ишсиз қолган ва давлатнинг «Қора рўйхат»ларига тикланган, яна бир гуруҳ борки, уларни ҳам ҳақли равишда ўзбек мухолифатининг фаол вакиллари қаторига қўшиш мумкин.
Уларнинг аксарияти бугунги жуда оғир ва таҳликали шароитда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаётган фидойи инсонлардир.
Гулчеҳра Нуруллаева, Мамадали Маҳмудов, Дадахон Ҳасан, Марат Зоҳидов, Отаназар Орипов, Холиқназар Ғаниев, Шуҳрат Рустамов, Абдулла Тожибой ўғли, Абдусалом Эргашев, Баҳодир Мусаев, Васила Иноятова, Сурат Икромов, Носир Зокир, Елена Урлаева, Абдулазиз Маҳмудов, Дилором Исҳоқова, Нодира Ҳидоятова, Исроил Ризаев, Баҳодир Элбоев, Расул Тожибоев, Саиджаҳон Зайнобитдиновлар узоқ йиллардан бўён расмий Тошкентнинг энг кучли ва ҳақоратли тазйиқ ва таъқибларига дучор бўлиб келаётган метин иродали, жасоратли ва иймон-эътиқодли вакилларидир.
Кейинги йилларда уларнинг сафига Гулбаҳор Эшонқулова, Ўктам Пардаев, Гулбаҳор Тўраева, Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Абдураҳмон Ташанов каби жасоратли ва фидойи бир гуруҳ инсон ҳуқуқи ҳимоячилари келиб қўшилди. Бу фаолияти учун Ўзбекистонда уларнинг бошига тушаётган таъқиб ва тазйиқ кўламидан яхши хабардормиз.
Ўзбекистондек тоталитар тузум ҳукмрон бўлган давлатда ҳақ сўзни айтиш, инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланиш бугун нечоқлик оғир ва азобли эканини ҳаммамиз ҳам яхши биламиз.
Бунинг эса ўзига хос сабаблари бор. Бу сабабларнинг бир учи, биз истаймизми, йўқми, давлат тузуми ва режимига, унинг репрессив ва аксилинсоний сиёсатига олиб боради. Мухолифат сафларига ўтганларни куч ишлатиш ва турли ноқонуний йўллар билан таъқиб ва тазйиқ қилиш методларига бориб тақалади…
Тарихда мисоллар жуда кўп бунга…
17.
Дарвоқе, ўзбек мухолифати тарихи ҳақида гап кетганда яна бир баҳсталаб мавзу борки, биз бугун бунга ҳам ўз холис муносабатимизни билдириб ўтишимиз керак бўлади. Бу – ўзбек мухолифати тарихига оид то ҳануз жавобсиз қолаётган баъзи бир ўринли саволлар билан боғлиқ.
Биз бугун бу савол ва унинг жавобларини ҳам «Дунё ўзбеклари» ўқувчилари ҳукмига ҳавола этишимиз керак. Ким ҳақ ва ё ким ноҳақ эканини ажрим қилиш – зукко ўқувчиларнинг ўзига, доно фикрига ҳавола.
Бу савол шундан иборатки, нега мухолиф кучлар тўқсонинчи йиллар бошидан бўён то ҳозирга қадар Ислом Каримов диктатурасига қарши курашда бир тану, бир жон бўлиб бирлашмади?
Бир сўз билан айтганда, нега ўзбек мухолифати Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан бўён, то ҳозирга қадар ўзбек жамияти талабларига жавоб бера олмади?
Нега ўзбек мухолифати кейинги 25 йил ичида бирлашиб, кучли ва қудратли тўқинга айланиш ўрнига, аксинча, бўлиниб, майдаланиб, йўқ бўлиб кетди?
Қуйида биз ана шу саволларга баҳоли қудрат жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Маълумки, тўқсонинчи йиллар бошида бир гуруҳ зиёлилар Муҳаммад Солиҳ тузган «Эрк» партияси атрофида Ислом Каримов сиёсий тузумига нисбатан мухолиф кучлар ядросини ташкил этиш ниятида эдилар. Уларнинг орасида Жадидлар ҳаракати ҳақидаги ширин орзуларга берилганлари ҳам бор эди.
Шукрилла Мирсаидов вазифасидан олиниб, унга қарши кенг кўламли таъқиб ва тазйиқ машинаси ишга тушганидан кейин, унинг тарафдорлари Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги «Эрк» партияси тимсолида ҳукуматга қарши ва мухолиф бўлган ягона кучлар ядросини ташкил этишга киришадилар.
Улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев, Олий суд раиси Содиқжон Йигиталиев, профессор Шоди Каримов, дипломат Тошпўлат Йўлдошев ва Самандар Искандаров дохил Рафиқ Нишонов ён атрофида ишлаган бир қанча юқори мартабали мулозимлар, олим ва журналистлар, катта катта корхона раҳбарлари ва инженер техник ходимлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари бор эди.
Бу кучларнинг Муҳаммад Солиҳ ва «Эрк» партияси атрофида бирлашишга бўлган уринишининг энг асосий сабабларидан бири – бу партия ҳукумат томонидан расмий рўйхатга олинган бўлиб, ўзбек мухолифатига давлатни қонуний йўллар билан ўзгартириш ва ҳокимиятга келиш имконини берар эди.
Лекин мухолиф кучларнинг бир байроқ остида бирлашуви, минг афсуски, амалга ошмади. Бунинг ўрнига мухолифат иккига бўлиниб, парчаланиб кетди.
Ўзбек мухолифатининг бу муваффақиятсизлигини икки сабаб билан изоҳлашади. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, бу мағлубиятни – мухолифатнинг икки лидери ва уларнинг ўзъаро низоси билан боғлашади.
Бу лидерларнинг бири – шоир Муҳаммад Солиҳ, иккинчиси – техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатовдир.
Сабаблар ҳам иккита.
Биринчи сабаб – Муҳаммад Солиҳ «Бирлик»ни, яъни мухолифатни бўлди, «Эрк» партиясини тузиб, ўзбек мухолифатини парчалаб, уни парокандалик ва мағлубият сари етаклади дейишади.
Иккинчи сабаб сифатида эса – бу муваффақиятсизлик ва мағлубиятларни Абдураҳим Пўлатов номи билан боғлашади.
Балки, ростдан ҳам шундайдир.
Лекин мен бу масалада ҳакамлик қилишга ожизман, бунга менинг маънавий ҳаққим йўқ. Шунинг учун ҳам бу масалага изоҳ беришдан тийинаман…
Буни «Бирлик» ва «Эрк»нинг ўша пайтдаги фаоллари, Марказий Кенгаш аъзолари ҳал қилиши керак, биз эмас.
Биз фақат ўша давр воқеа ва ҳодисаларига ўз билганимизча шарҳ ва изоҳ бериб ўтишимиз мумкин, холос…
Шу ўринда яна бир гап.
Модомики, ўзбек мухолифати нега ҳанузгача бир тану бир жон бўлиб бирлашмагани ҳақидаги савол ўртага чиқар экан, мен бу ўринда икки лидердан кўра кўпроқ – МХХнинг ўзбек мухолифатига нисбатан 25 йилдан бўён кечаю кундуз олиб бораётган қатағон сиёсатини – энг асосий сабаб қилиб кўрсатган бўлар эдим…
18.
Демак, эндиги икки оғиз сўз – ўзбек мухолифатига нисбатан республика махсус хизматлари олиб бораётган “информацион уруш” ҳақида.
Ўзбекистон махсус хизматларининг айнан ана шу фаолиятлари боис ҳам, бугун ўзбек мухолифати майиб, мажруҳ ва мағлубдир.
Мухолифат шуни англаб етсагина, МХХнинг ўзларига нисбатан олиб бораётган мана шу кураш услубини таҳлил ва тадқиқ қилиб, ўрганиб, тегишли хулосалар чиқарсагина – Ўзбекистонга қайтиб, ҳукуматни қўлга олиш борасида маълум ютуқларга эришиши мумкин.
Бугун мен ўз ўқувчиларимга бир нарсани очиқ ойдин айтиб ўтишим керак.
Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида ёритилаётган ўзбек мухолифати ҳақидаги танқидий материалларнинг қарийб юз фойизи – махсус хизматлар ижодидан иборат.
Фикримиз исботи сифатида биз “Дунё ўзбеклари”да кейинги йилларда эълон қилинган ўзбек мухолифати ҳақидаги танқидий материалларнинг деярли ҳаммаси МХХ идорасидан келганлигини бугун очиқ ойдин халққа айтишимиз керак.
Маълум муддат бу идора билан ижодий ҳамкорлик қилишга қарор берганимизнинг ҳам энг асосий сабаби – биз МХХ психологиясини, унинг мухолифатга нисбатан олиб бораётган информацион кураш усуллари ва тактикасини яқиндан билиш ва ўрганишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик.
Бугун биз бу борада маълум тажрибага ҳам эгамиз. Мавруди келганида “Дунё ўзбеклари” ўқувчиларини бу – ўта муҳим ва қимматли тажрибамизнинг “Сиру асрор”ларидан вақти вақти билан хабардор этиб бориш ниятидамиз…
19.
МХХда ўзбек мухолифати билан шуғулланувчи махсус Бошқарма ташкил этилган бўлиб, унинг штатида юзга яқин ходим хизмат қилади.
Улар орасида – бир пайтлар республика матбуотида, радио ва телевидениясида ишлаган, куч ишлатар тизимларида хизмат қилган, кейинчалик эса махсус хизмат идорасига ишга олинган ижодкор журналистлар, терговчи ва изқуварлар кўпчиликни ташкил қилади.
Шу билан бирга инсон шахси ва психологияси, ижтимоий келиб чиқишини ўрганувчи руҳшунослар олимлар, одамнинг дастхати, сурати ва ёзганларига қараб, унинг феъл атворини кўра олувчи соҳа мутахассислари – почерковед, психолог, графолог, фотограф, кинолог ва филологлар ҳам МХХ да етарли даражада.
Чет тилларни яхши ва мукаммал ўзлаштирган “Востоковед”лар ҳам талайгина…
Уларнинг асосий вазифаси – кечаю кундуз мухолифат сайтлари ва нашрларини ўқиб бориш, мониторинг қилиш, адабий тил билан айтганда хориждаги ўзбек мухолифатининг “қон босими ва юрак уриши”ни аниқлаб, унга аниқ тиниқ “диагноз” қўйиб боришдан иборат.
Қайси мухолифат фаоли хорижда нима иш билан машғул, кимлар билан алоқада, қандай мазмундаги мақолалар ёзади ва ҳокозо.
МХХдаги мазкур Бошқарма алоҳида алоҳида таҳлилий гуруҳларга бўлинган. Улар ўқиган мақолалар ҳақида ўз фикр ва хулосаларини умумлаштириб, вақти вақти билан раҳбарият учун ахборот тайёрлашади. Айни пайтда ўша мақолалар остига бошқалар номидан ёки турли тахаллуслар билан изоҳлар ёзиш ва муносабат билдириш ҳам уларнинг асосий вазифасига киради.
Улар ўзларининг бу изоҳ ва комментларида Ўзбекистонда “бахтли-саодатли умр кечираётган, ўз ҳаётидан ниҳоятда мамнун бўлган халқ” номидан хориждаги мухолифат аъзоларини террорчи, экстремист ва Ватан хоинлари деб эълон қилишади, “кўрпа тўшакларини титкилаб” ўйдирма мақолалар ёзишади, ҳақоратлашади ва иззат нафсига тегишади.
Уларни ўзъаро гиж-гижлашади, иғво бўҳтон ёғдириб, бирини бошқаси билан ёвлашишига, ғанимга айланиб, ит мушук бўлишига яхшигина замин яратишади. Айтиш мумкинки, аксар ҳолларда бу “рол”ни улар қойилмақом қилиб эплашади ҳам.
Лекин уларнинг мухолифатга нисбатан амалга ошираётган энг асосий провокацияси – мақола ёзиш ва уни интернетда тарқатишдан иборат. Рус ва ўзбек тилларида ёзилаётган бундай мақолалар ҳар сафар янги ва тўқима номлар, бетакрор тахаллуслар билан эълон қилинади.
Ўзбекистондаги “Бахтли саодатли, тўкин ва фаровон ҳаёт”дан миннатдор бўлган, ўз маоши ва мукофот пулларини вақтида олиб турган, газ, свет ва иссиқ сувдан ҳеч қачон “узиб қўйилмаган”, пахта йиғим теримига ҳам “ўз ихтиёри” билан чиқаётган “ўқитувчи”, “шифокор”, “журналист” ва ё “олим” номидан эълон қилинган бундай мақолалар ўқувчиларимизга яхши таниш бўлса керак.
Уларнинг аксариятини “Дунё ўзбеклари” ҳам ўз саҳифаларида мунтазам эълон қилиб келди…
20.
Дарвоқе, “Дунё ўзбеклари” эълон қилинган ана шу мақолалар ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтиб ўтмасак инсофдан бўлмас.
Олдин бу мақолалар асосан Галима Бухарбоева раҳбарлик қилган “Узнюснет” сайти ҳақида эди. Кейинги пайтларда бу мақолаларнинг асосий қисми “Озодлик” радиоси фаолиятига бағишланадиган бўлди.
Бунинг сабаби шуки, олдин хориждаги ўзбек мухолифати орасида Галима ёзган ва ўз сайтида эълон қилган мақолалар, расмий Тошкентнинг жиғига тегиб, асабини зор қақшатса, энди унинг ўрнини “Озодлик” радиоси эгаллади.
Улар “Дунё ўзбеклари” ёрдамида Галимани янчиб, сайтини “тор-мор” қилиб, тамомила бадном этишга эришдилар.
Энди навбат “Озодлик” радиосига келди.
Лекин биз энди уларнинг бу фитна ва провакацияларини сезиб қолдик. Энди улар бизнинг қўлимиз билан “Озодлик”ни ҳам синдиргач, сўнг ўзимизга нисбатан ҳужум қилишларини ҳам яхши биламиз.
Шунинг учун агар зукко ўқувчиларимиз эътибор қилаётган бўлсалар, кейинги уч тўрт ойдан бўён “Дунё ўзбеклари”да “Озодлик”ни бадном қиладиган мақолалар деярли ёритилмайдиган бўлди.
Бунинг тарихи эса – “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг МХХ ташаббуси ва Президент розилиги билан 2012 йилнинг январь ойида она юрти, суюкли ва дилбар Ватани – Ўзбекистонга бориб келиши билан боғлиқ.
Биз бу тарихий, айтиш мумкинки – сирли ва синоатли сафарнинг тўла тафсилотини МХХ нинг “Дунё ўзбеклари” ва унинг муҳарририга, қолаверса – ўзбек мухолифатига нисбатан олиб бораётган репрессия йўналиши ва кайфиятига қараб, агар лозим топсак, албатта элга ошкор қилиш ниятидамиз…
21.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, фикримизда давом этсак.
Хориждаги мухолифат аъзоларини – Ўзбекистонда яшайдиган қариндош уруғлари ҳаётига хавф солиш билан қўрқитиш, айни пайтда уларнинг оиласи ва фарзандларини интернетда маънан бадном қиладиган – ахлоқий мавзудаги тўқима ва бўҳтон мақолалар тарқатиш – ўзбек махсус хизматларининг кейинги йиллардаги энг асосий ва суюкли машғулотига айланиб қолди.
Муҳаммад Солиҳ, Ойдин Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов, Санжар Умаров, Намоз Нормўмин, Жаҳонгир Маматов, Юсуф Жума, ака ука Бобожоновлар, Сафар Бекжон, Баҳодир Чориев, Мўътабар Тожибоева, Галима Бухарбаева, Умида Ниёзова, Надежда Атаева, Башорат Эшова, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Улуғбек Ҳайдаров, Қаюм Ортиқов, Мирраҳмат Мўминов, Улуғбек Бакиров ва бошқа мухолифат фаоллари ҳақида МХХ ёзган бундай жирканч ва бўҳтон материаллар “Дунё ўзбеклари” архивида эълон қилинмай то ҳануз сақланиб қолган ва улар эрта бир кун мустақиллик йилларидаги ўзбек махсус хизматларининг асл башарасини очиш учун муҳим ва қимматли даструламал бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас.
Фикримизнинг исботи сифатида даставвал “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” ва “Дунё ўзбеклари”га келган, лекин биз эълон қилмаганимиздан сўнг интернет ижтимоий тармоғига чиқарилган ана шундай мақолалардан бири ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Бошдан охирига қадар иғва ва бўҳтондан иборат бўлган бу тўҳмат ва ҳақоратли мақола исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жуманинг оила аъзоларини бадном қилиш мақсадида ёзилган. Унинг ёзилишида Бухоро вилоят хуфия хизмати ходимларининг иштироки яққол сезилиб турибди.
Исёнкор ўзбек шоири оила аъзолари ўқиган қишлоқ ва таҳсил олган ўрта мактаб номи, келтирилган синфдошларининг исми шарифи, улар ҳақидаги аниқ ва тиниқ характеристикалар буларнинг баридан – фуқароларнинг шахси ва таржимаи ҳолига доир – ёпиқ маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлган – махсус хизмат идорасининг ҳиди келиб турганини матнларни бир ўқиганданоқ сезиш мумкин.
Бизга бу ифлос мақолани йўллаганлар ўзларининг асл ном ва манбаларини яшириб, бошқа манзилдан юборган бўлсалар-да, лекин биз бу разиллик ва пасткашлик қайси идорада туриб ижод қилинганини дарҳол сездик. Ва ўша заҳотиёқ уларга қуйидаги хатни ёзиб жўнатдик:
“Бу ифлос мақола қаерда ва кимлар томонидан ёзилганини яхши биламан. Махсус хизматлар қачондан бўён одамларнинг тўшагини титиб, кун кўрадиган бўлиб қолди? Мен ҳурмат қилган ва қадрлаган бу идора наҳот шунчалик майдалашиб, тубанлашиб қолган бўлса? Бу ҳам етмаганидек, бу пасткашликни “Дунё ўзбеклари” орқали амалга оширмоқчи бўлдингларми? Юсуф Жуманинг кимлигини ўзбек халқи яхши билади. Обрўларинг борида ўзларингни йиғштириб олларинг. Шу иғвогарликдан кўра юртимиздаги порахўрлик ва коррупцияга қарши курашсанглар бўлмайдими? Эрта бир кун шу ёзишмаларни матбуотга эълон қилишимдан наҳот қўрқмасанглар?! Садқаи чекист кетларинг! Эссиз, идора! Эссиз МХХ!!!”
Мақола бошқа тармоқларда эълон қилинганидан сўнг қоракўллик бир танишимга телефон қилиб, фикрини сўрадим. У Юсуф Жума ва унинг оила аъзоларини яхши билишини, улар нафақат ўз қишлоғи ва районида, балки бутун Бухоро вилояти бўйлаб беқиёс обрў эътибор ва ҳурмат иззатга эга эканликларини яшириб ўтирмади.
Мақолада келтирилган гап сўзлар қип қизил тўҳмат эканини, бухороликлар бунга икки дунёда ҳам ишонмасликларини ҳам қўшимча қилди. Худди шундай фикрни Юсуф Жума ва унинг оила аъзоларини яхши билган, АҚШда улар билан бир шаҳарда яшайдиган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам қайта ва қайта таъкидлаб ўтди.
Бу борада улар минг карра ҳақлигига менда заррача ҳам шубҳа йўқ, албатта. Лекин ўз шеърларида адолат ва ҳақиқат тантанаси учун курашган, халқи ва миллатига рўшнолик – ёруғлик истаган, шу мақсадда оила аъзолари билан давлат раҳбари истеъфосини талаб қилиб балога қолган истеъдодли шоир бу ифлос мақолани ўқиб, қандай ҳолга тушиши мумкин!?
Бу мақола Юсуф Жумани эшитган, лекин унинг ўзини кўрмаган ва билмаган одамларга мўлжаллаб ёзилган. Улар шу йўл билан “Адолат тарафдори” бўлган исёнкор шоирни, унинг оила аъзоларини беобрў қилиш, инсоний қадр ва қимматини ерга уриш баробарида – ораларига адоват ва нифоқ уруғини сепмоқчи бўлганлар…
22.
Юсуф Жума ва унинг оиласига нисбатан қилинган бундай жиноят ва жаҳолат шу билан тугамади.
Бу разилликнинг бошқа бир кўриниши яна бир мухолифат фаоли Намоз Нормўминга нисбатан ҳам амалга оширилди. Ясама видеомонтаж шаклида уюштирилган бу шармандали фитна ҳам ўша нуфузли идоранинг нуфузсиз маҳсули эканини биз яхши биламиз.
Ўч олиш ва инсон шаънини ерга урувчи бундай қора ва дилпора фитналар фақат мухолифат намоёндаларига эмас, балки “ашуласи айтиб бўлинган” давлат ва ҳукумат мулозимларига нисбатан ҳам амалга оширилмоқда.
Яқинда интернет ижтимоий тармоғида амалдаги Бош вазир оила аъзолари, хусусан, қизларини ёмонотлик қилувчи мақола ва видеолавҳалар тарқатилди.
Биз бу тубанлик ҳам айнан ўша идоранинг иши деб ҳукм айтолмаймиз. Лекин рус тилида ёзилган мақола билан “Дунё ўзбеклари”га олдин келган худди шу йўналишдаги бошқа мақолаларни бир бири билан ўзъаро солиштириб кўрилса, таққосланса – кўп нарсалар ўз ўзидан ойдинлашиши мумкин…
23.
Ўз сиёсий рақибларидан ўч олишнинг бундай разил ва қабиҳ йўлини танлаганларни ким деб аташ мумкин!?
Бундай пасткаш иғвогарлар албатта элга ошкор этилиши лозим!
Халқ уларнинг кимлигини, қайси нуфузли идорадан туриб бу ифлос ишларни амалга ошираётганини албатта билиши шарт!
Бировларнинг пок ва муқаддас номига доғ тушириб, уларнинг инсоний шаъни ва қадр қимматини оёқ ости қилаётган бундай ғараз ва хусуматчилар, мараз ва тўҳматчилар албатта элга ва жамоатчиликка ошкор этилиши ва жазоланиши керак!
Шундай разил ва ифлос йўл билан ўз сиёсий рақибларидан ўч олмоқчи бўлаётган ожиз ва мунофиқ кимсалар, махсус хизмат тизимига тасодифан келиб қолган калтабин мулозимлар, узоқни кўра олмайдиган, ўғри ва муттаҳам тузум воизлари – бу қора ишлари билан узоққа бора олмасликларини, уларнинг асл башарасини элга ошкор қилувчи тоза кучлар ҳам жамиятда борлигини албатта билишлари лозим!
Бир сўз билан айтганда махсус хизмат идорасини қайта ислоҳ қилиш лозим. Биз бугун қаламга олган иллат ва жиноятлардан халос қилиш керак бу идорани. Унга олдинги улуғ ва нуфузли номини қайтариб бериш учун ҳамма – ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам бир ёқадан бош чиқариб, курашиши лозим!
Мен бу борада ҳаммани – «МХХни қўли қонга ботган жиноятчилардан тозалаш ва янгилаш!» шиори остидаги улуғ ва муқаддас курашга чорлайман!!!
24.
МХХнинг ана шунақанги жирканч ва ярамас ишлари боис ҳам хориждаги ўзбек мухолифати ҳали ҳануз тарқоқ ва якка, ёлғиз ва мажруҳ.
Ўзбек мухолифатининг энг катта хатоси шуки, улар Ўзбекистонда-ку, майли, чет элда ҳам – бир ёқадан бош чиқариб, бирика олмадилар, бирлашмадилар.
Умуман, чет эллардаги мухолифат аъзоларининг тарқоқ ва ожизлигини, майда- майда бўлакларга бўлиниб, парчаланиб кетганини мен сира тушунолмадим, ҳазм қилолмадим.
Ўзбекистонда бундай ҳолни тушунса бўлади. У ерда ҳукуматнинг “Қора рўйхати”га тушган одам – одам ўрнида кўрилмайди. Лекин чет элда, хорижда, муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрган мухолифатчилар нега бир тану бир жон бўлиб бирлашмайдилар?
Ўзбекистон ўз диктатураси билан мухолифатнинг бошига гурзи билан уриб турганида, бирика олмаслигини тушуниш мумкин эди.
Лекин чет элда, озод ва ҳур, обод ва фаровон мамлакатларда умргўзаронлик қилаётган ўзбек мухолифати аъзолари, фаоллари, сафдошлари ҳам ниҳоятда тарқоқ ва ожиз, якка ва ёлғиз қолишган.
Бунинг устига улар бир бирларидан ҳадиксираб юришади. Бирови бошқасининг ютуқларини кўролмайди. Хорижда ҳам иғво, миш-миш ва майда чуйда гаплардан нарига ўтолмайдилар.
Нега шундай, бунинг сабаблари нимада бўлиши мумкин, деган тубсиз ва туганмас саволлар менга ҳануз тинчлик бермай келади.
Ўзбек махсус хизматларининг энг асосий вазифаси эса, хориждаги ўзбек мухолифатини худди шундай – яккаланган ва парчаланган ҳолда ушлаб туришдан иборат. Худди Ўзбекистондаги каби.
МХХ нинг Ватан ичкариси ва ташқарсида туну- кун, кечаю -кундуз тиним билмай олиб бораётган ҳаракатининг – беаёв ва беомон “информацион уруш” фаолиятининг маҳсули бу.
Улар бу ютуқларга қандай йўллар билан эришаётганини эса, юқорида қисман айтиб ўтдик.
Ҳали яна айтамиз. Бу борада айтадиган гапларимиз эса жуда кўп…
25.
Хориждаги ўзбек мухолифати ўзининг қатор интернет нашрларига эга.
Мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ асос солган олдинги “Эркинюрт”, бугунги “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” , “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлатовга тегишли бўлган “Ҳаракат”, Санжар Умаровнинг “Диалог”, Жаҳонгир Маматовнинг “Туронзамин”, Ризо Обиднинг “Замондош”, Юсуф Расулнинг “Янги дунё.орг” сайтлари бугунги ўзбек мухолифатининг узоқ йиллардан бўён фаолият юритиб келаётган асосий интернет нашрлари ҳисобланади.
Шунингдек Толиб Ёқубов, Абдужалил Бойматов, Муҳаммадсолиҳ Абутов ва Улуғбек Бакировлар асос солган вебсаҳифа ва радио эшиттиришлар ҳам борки, уларни ҳам ҳақли равишда ўзбек мухолифати нашрлари деб аташ мумкин.
Булар қаторига мустақил журналист Исмат Хушевнинг бундан атиги уч йил бурун ташкил этган “Дунё ўзбеклари” нашрини ҳам қўшиш мумкиндир эҳтимол.
Уларнинг деярли ҳаммаси ўз мухлиси, ўқувчиси ва маълум аудиториясига эга. Ўзбек махсус хизматлари бу сайтларни кеча-ю, кундуз тинимсиз кузатишади, унда эълон қилинаётган мақола ва матнларни, савол-жавоб ва изоҳларни синчковлик билан ўқиб боришади.
“Матбуот – жамиятнинг барометри” деганларидек, мазкур нашрлар орқали МХХ хориждаги ўзбек мухолифатининг кайфият ва руҳиятини аниқлаб олади. Бир сўз билан айтганда, “қон босими”ни текшириб, “нафас олиши” ни кузатиб туради.
Мухолифат сайтларидаги мақола ва матнлар моҳиятидан МХХ кимни кимга қайраш, кимга қарши навбатдаги “компромат”ни ташлаш, кимни интернетда бадном қилиш ва ким ҳақида ўша яшаб турган давлат хавфсизлик кучларига огоҳлик “сигнал”и юбориш каби навбатдаги “муҳим” ва “жангговор” вазифаларни белгилаб олади.
Хориждаги ўзбеклар ҳаёти билан бир қаторда имкон қадар Ўзбекистондаги адолатсизликлар ҳақида ҳам ҳикоя қилувчи чет эл интернет нашрлари сирасига “Озодлик”, ББС ва “Америка овози” каби радио хизматларини ҳам киритиш даркор.
Бугун Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати учун хориждаги энг катта хавф – бу Муҳаммад Солиҳ билан “Озодлик” радиоси!
Шунинг учун ҳам улар бу икки манбани доим ўз нишон (прицел) ларида ушлаб туришади.
“Дунё ўзбеклари”да шу пайтга қадар “Озодлик” ҳақида жуда кўп танқидий мақолалар эълон қилинди. Унинг деярли ҳар бир эшиттириши ҳақида расмий Тошкент МХХ идорасидаги “журналист”лар орқали раддия бериб келишни одат қилиб олди.
МХХ даги “ҳамксбларимиз” идора ҳурматини – ожизликка, андишанинг отини – қўрқоқликка йўя бошлаган заҳоти – биз улар билан бу “ижодий” ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилдик.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, улар бизга Ватан дарвозасини бир маротаба очиб, муттаҳам қилиб олдик деб ўйлашди, шекилли – ҳаддан зиёд чегарадан чиқиб кета бошладилар.
Биз эса – ҳар бир нарсанинг ҳам ўз меъёр ва чегараси бўлишини истайдиган, ҳеч кимдан қарздор ва муттаҳам бўлмаган содда ва самимий, лекин ўжар ва чўрткесар бир журналистмиз. Яхшими, ёмонми – ўз фикрига эга бўлган журналист.
Бировга, у яхши бўлса – яхшилигини, ёмон бўлса – ёмонлигини юзинг кўзинг демай дадил айтувчи дангал одаммиз. У Президент бўладими, Бош вазир ва ё МХХ раиси бўладими – бунинг фарқи йўқ. Ҳалол ва иймон эътиқодли журналистик бурч ва маъсулият – биздан шуни талаб қилади.
Муҳаммад Солиҳга келадиган бўлсак – унинг ҳаётига қилинган ҳамла ва суиқасдлар ҳамма нарсани айтиб ва англатиб турибди.
Бу ерда изоҳ ортиқча…
26.
Биз бугун модомики ўзбек мухолифати ҳақида сўз очган эканмиз, яна бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда — хориждаги мухолифатдан фақли ўлароқ яна бир мухолифат яратилди.
Бу мухолифат – бир пайтлар Президент билан бирга ишлаган, унинг командасида садоқат билан хизмат қилган собиқ мулозимлар, давлат ва жамоат арбобларидан иборат.
Бунинг сабаби шуки, кейинги пайтда Президент уларнинг бир пайтлар азалий ва муштарак бўлган орзу-ўйлари, ғоя ва йўналишларига бегона бўлиб қолди. Олдингидан фарқли ўлароқ, бошқача ҳис-туйғуларга, масалан – моддий ғояларга берилиб кетди.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш жоизки, Ислом ака ҳам бир пайтлар кўпчилик қатори компартия таълимини олгани билан, лекин моддий ғоя ва молпарастликдан тамомила узоқ эди.
Ҳалол ва тоза, инсоф-диёнатли инсон эди.
Шу билан бирга у кишида — бетакрор бир самимият ҳам бор эди. Ҳамма қатори оддий одамлар билан — халқ билан овқатланарди. Уларнинг орзу умидлари ва дарду ташвишларидан яхши хабардор эди.
Ана шундай самимий ва табиий раҳбар ўз атрофидаги мулозимларни, ўзига бир умр фидойи бўлган одамларни ҳам кейинчалик мухолифатга, ғоявий душманга айлантирди.
Масалан, Исмоил Жўрабеков ва Бахтиёр Ғуломовлар қанақанги тоза одамлар эди. Ҳозирги — унинг атрофидагилар мутлақо дўст эмас Президентга.
Наҳот у киши шуларни билмаса?
Истеъдодли ўзбек журналистлари Шароф Убайдуллаев, Аъло Хўжаев, Сергей Ежков, Алексей Волосевич, Виктор Крымзалов ва Карим Баҳриевлар узоқ йиллардан бўён расмий матбуотдан четлатилган. Радио ва телевидения эшиклари улар учун ёпиб қўйилган.
Шерали Жўраев, Дадахон Хасан, Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Севара, Обид Асомов ва Моҳира Асадовалар учун концерт берадиган санъат даргоҳлари — берк, расмий саҳна ва микрафонлар – ёпиқ, ўчирилган.
Яқинда ўн йиллик айрилиқдан сўнг Ўзбекистонга борганимда, улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов: «Ука, сен чет элда яшаётган эмигрант бўлсанг, мен — ўз юртимдаги эмигрантман» — деган эди.
Ўшанда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири бўлмиш эл суйган шоирнинг бу сўзларига унчалик эътибор бермаган эдим.
Кейин билдим у киши бу билан аслида нима демоқчи бўлганларини…
27.
Агар Ўзбекистон раҳбарларида, Ватан дарвозаси эгалари бўлмиш – махсус хизмат идораси бошлиқларида ўз халқига нисбатан заррача меҳр ва муҳаббат бўлганида эди, улар ер юзига тариқдек сочилиб кетган ўзбек халқини бу қадар хор-зор қилиб қўймас эдилар.
Уларнинг — ваҳҳобий ва террорчиларни қайтиб ватанга киритмаслигини тушуниш мумкиндир эҳтимол.
Лекин ўз юртининг озод ва обод бўлишини истайдиган, қалби бунёдкорлик ишқи билан тўлиб тошган ватанпарвар ватандошларга нега юрт дарвозаларини очиш мумкин эмас?!
Нега уларнинг ҳаммасини чет элларда ўлиб- йитиб кетишини кутиб ўтириш керак?!
Узоқ йиллар СССРнинг Ироқ, Сурия, Судан ва Иордания элчиликларида таржимонлик қилган, дипломат сифатида фаолият юритган ажойиб ва тажрибали инсон Тошпўлат Йўлдошев юртга қайтиб, Ўзбекистон ташқи Ишлар вазирлигида маслаҳатчилик қилса, бунинг нимаси ёмон?!
Математика муаллими бўлган донишманд мўйсафид Толиб Ёқубов Тошкентга бориб Президент Аппарати қошидаги Давлат ва Жамият Академиясида таҳсил олаётган бўлажак мулозимларга Ўзбекистон давлати ва жамияти асосларидан, сиёсатдан сабоқ берса, маърўза ўқиса – кимга зарари тегади?
Тадбиркор Санжар Умаров, муросакор Пўлат Охуновлар ўз малака ва маҳоратларини Ўзбекистон сиёсати ва иқтисоди равнақи учун сарфлашни истасалар, орзу қилсалар – нега уларнинг йўлини тўсамиз?
Узоқ йиллар сердаромад мармар заводига раҳбарлик қилиб юзлаб одамларни иш ва маош билан таъминлаган, қўли ва дили пок ватанпарвар Мамаёқуб Ҳамроев талон тарож қилинган Лангарни ўз меҳнатим ва маблағим эвазига тиклаб бераман деса, нега унга қаршилик қилишимиз керак?
Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб юрган даврим ҳамкасбларим Аъло Хўжаев ва Миракмал Акромовлар билан бирга расмий сафар билан Исроил давлатига борган эдик. Ўшанда Тел Авивдаги “Совершенно секретно” мақомидаги самолет ва вертолет ишлаб чиқариладиган заводда кўрган кечирганларимиз ҳануз ёдимда.
У ерда асосан Совет Иттифоқидан катта пул ва маблағ эвазига контрак йўли билан чақириб олинган тажрибали мутахассислар ишлар экан.
Исроил давлати раҳбарлари билан учрашганимизда эса улар бизга ер юзининг қаерида Исроилга келиб, унинг равнақига ҳисса қўшдиган ватандош бўлса, уни ўша заҳотиёқ ҳурмат иззат билан, катта пул тўкиб бўлса-да, юртга чақириб олишларини айтишганида, биз уч Бош муҳаррир Исроил давлатининг ўз равнақи йўлидаги бу олтин тажрибасига қойил қолган эдик.
Эҳтимол шунинг учун ҳам Исроил бугун дунёнинг энг пешқадам, иқтисоди тез суръатлар билан ривожланаётган илғор давлатлари қаторида бўлса, не ажаб…
28.
Ўзбекистон раҳбарлари эса хориждаги “олтин каллалар”ни Ватанга юртга таклиф қилиб, улардан эл-юрт фаровонлиги йўлида фойдаланиш у ёқда турсин, Ўзбекистонда халқ учун яратилган бор имкониятларни ҳам йўқ қилиш пайидалар.
Абдулла Орипов АҚШда даволанаётганида деярли ҳар куни VAYFAY орқали боғланиб турардик. VAYFAY – алоқа хизматининг энг қулайи. Бунинг устига – бепул.
Тошкентга қайтганларидан бўён гаплашиш муаммо бўлиб қолди. VAYFAY муаммоси.
Юртимиздаги “Skype”, Viber , WhatsApp, VAYFAY (Wifi) нинг ҳам ҳолига маймунлар йиғлайди. Буларнинг бари Ўзбекистонда МХХ ташаббуси билан “давлат хавфсизлигига хавф туғдирувчи” алоқа воситалари сифатида атайлаб узиб ва бузиб қўйилган экан.
Интернет тезлиги ҳам бизда – Ўрта Осиё республикалари ичида энг паст ва сифатсизи.
Газ, сув, свет ва ошкоралик, эркин сўз ва матбуот, доллар ва қора бозор, порахўрлик ва коррупция муаммосини-ку айтиб ўтирмаса ҳам бўлаверади.
Бу ҳам етмаганидек, ҳукумат энди ўз халқининг чет элга чиқиб кетган қисмини Ватанга киритмасликнинг янги ва антиқа йўлини – биометрик паспортлар ўйинини ўйлаб топди.
Бир сўз билан айтганда нима қилиб бўлса ҳам шўрлик ва бечора ўзбекни қийнаш, унинг қон босимини ошириб, шўрини қуритиш керак. Токи у ҳеч қачон тинч ва осойишта, шод ва хуррам яшамасин. Истаган пайтда хорижга бориб айланиб келмасин. Бунинг учун ойлаб ва йиллаб виза олишни кутсин. СПИДга қон топширсин.
Хотин қизлар хориждан қайтганидан кейин албатта қаерда ва кимлар билан, неча марта бирга бўлганини, ётиб турганини махсус хизмат ва куч ишлатар тизими ходимларига батафсил ҳикоя қилиб берсин. Акс ҳолда бузуқчилик, фоҳишалик ва қўшмачиликда айблансин…
Туркияга бориш учун аёлларга эрининг рухсати керак. Акс ҳолда қиз бола бўлиши шарт! Қайтганидан кейин ҳам яна бир маротаба албатта СПИДга қон топширсин. Шахсий ҳаётига ҳам давлат хўжайин. Мустақил мамлакатнинг қонун қоидаси бу. Эркин ва озод яшамасин. Маҳалла Қўмитаси доим уни назорат қилиб турсин.
Интернет билан дўстлашмасин. Акс ҳолда Муҳаммад Солиҳ, Тошпўлат Йўлдошев, Юсуф Жума ва ё Исмат Хушевларнинг ёзганларини ўқиб, ақли-ҳуши кириб қолиши мумкин.
Хуллас, ҳаддидан ошган ваҳшийлашган жамиятнинг кўзига ойна тутиб турувчи мухолифат йўқлигининг касофати бу…
29.
Миллий Хавфсизлик Хизмати – мухолифатга нисбатан ўзининг биринчи ва энг асосий вазифасини шараф билан адо этганига анча бўлди.
Бу вазифа – Ислом Каримовга ва унинг тузумига мухолиф қарашдаги кишиларни битта қолдирмай топиш, аниқлаш ва ҳибс ё хорижга сургун қилишдан иборат эди.
Буни МХХ шараф билан адо этди!
Уларнинг иккинчи вазифаси – хориждаги ўзбек мухолифатини ўз уясида чип-парчин қилиб, парчалаб, тамомила тор-мор қилишдан иборат эди.
Улар буни ҳам шараф билан бажардилар.
МХХнинг бугунги энг асосий вазифаси – хориждаги ўзбек мухолифатини Ватан дарвозаларига яқинлаштирмасликдан иборат.
Мен Тошкентга борганимда ўша идорага алоқадор бўлган бир акахонимиз ўзъаро суҳбатларнинг бирида: “Яна Сизга ҳавас қилиб, мухолифат ёппасига Ўзбекистонга қайтиб қолмасин, унда худо уради бизни…” – деганини ҳали ҳануз унутолмайман.
Ўшанда мен унинг кўзларидаги саросимадан — ростдан ҳам шунақа бўлиб қолса, бу идора қандай ҳолга тушишини кўриб, ичимда ажиб бир масрурлик ва ғолиблик ҳиссини туйган эдим.
Мухолифат аъзолари чет элларда бирор баҳона сабаб билан ўлиб кетса, ўққа учса, “авария” бўлса ёки вақти соати етиб бандаликни бажо келтирса — уларга шунча яхши.
Бу билан улар юрт ичидаги ўзбек халқига — “Мана, ўз Ватанини сотган, унга хоинлик қилган ватангадоларнинг қисмати ҳамиша шундай аччиқ ва аянчли тугайди!” деб, одамларни янада кўпроқ қўрқув ва ваҳимада ушлаб турмоқчи бўладилар.
Шунинг учун ҳам Ислом Каримов вилоятдаги учрашувларнинг бирида “Хориждаги мухолифат аъзолари энди ҳеч қачон Ўзбекистонга қайтиб келолмайдилар, Ватан дарвозаси энди уларга мутлақо очилмайди!” — деб ўзича башорат қилгандай бўлди.
Лекин халқимизда: “Жўжанинг тухумини кузда санайдилар!” ёки “Дарё кўрмай – этик ечма!” деган яхши нақллар ҳам борлигини Президент жаноблари унутган кўринадилар.
Ўз фарзандлари учун дарвозани очмасликка қарор қилган ота – отами?
Қолаверса, чорак асрдан бўён ўзининг ҳурфикр ва ўгай фарзандлари учун қулф калитли бўлиб турган бу залворли дарвозалар, ажойиб кунларнинг бирида — дунёда эсаётган тоза ва озода насимлар шарофати билан ўз-ўзидан — «карточный дом» каби — бузилиб, кишан ва қулфлари- узилиб кетиши ҳам мумкин.
Бундай саодатли кунлар эса — узоқ эмас…
30.
Хуллас, Президент Ислом Каримов ва МХХ раиси Рустам Иноятовнинг хуфия хизмати билан ўзбек мухолифати орасидаги 25 йиллик шонли ва қонли тарих – сиёсатчи ва олимлар, тарихчилар, давлат ва жамият қурилиши билимдонлари, соҳа мутахассислари томонидан чуқур ва мукаммал ўрганилиши, таҳлил ва тадқиқ этилиши керак.
Шундай кунлар тез орада албатта келишига мен шахсан — ишонаман!
Хўш, ўшанда ўзбек мухолифати деганда авлодлар кўз ўнгида энг аввало кимлар намоён бўлади? Кимларнинг муборак номини энг биринчи бўлиб тилга олади келажак авлод?
Улардан бири – Ўзбекистоннинг энг биринчи ва охирги Вице президенти Шукрилла Мирсаидов бўлса, иккинчиси – ўзбек мухолифати лидери, шоир Муҳаммад Солиҳдир!
Биз Шукрилла Раҳматович Мирсаидов сиёсий портретига бағишланган «Биринчи ва охирги Вице Президент» номли бобни «Дунё ўзбеклари»да эълон қилганмиз.
Энди навбат — Ислом Каримовга қарши 25 йилдан бўён тинимсиз кураш олиб бораётган, унинг 1991 йилги умумхалқ сайловларида расмий рақиби бўлиб сиёсий майдонга чиққан «Эрк» партияси асосчиси Муҳаммад Солиҳга келди.
Муҳаммад Солиҳ бошқа мухолифат аъзоларидан фарқли ўлароқ, 25 йилдан бўён ўзини ўзбек мухолифати фидойиси ва лидери сифатида тақдим этиб келади.
Биров ўзини ва ўз номини лидерликка тақдим этиши мумкин, бунинг айби йўқ, лекин ҳамма гап — уни жамоатчилик тан ола билишида. Муҳаммад Солиҳни, ажабки, бутун дунёда ўзбек мухолифати лидери сифатида яхши билишади ва тан олишади.
Бунга эҳтимол, унинг биринчи Президентлик сайловида Ислом Каримовга муқобил номзод сифатида рўйхатга олингани ва бу тенгсиз ва имконсиз сайловда расмий тан олинган — 12 фойиздан зиёд овоз олиши ҳам асосий рол ўйнаган бўлиши мумкин.
Унинг ўшанда олган норасмий овозлари сони бундан бир неча баробар кўп бўлган эди деган гап сўзлар ҳам йўқ эмас.
Нима бўлганда ҳам хориждаги ўзбек мухолифатининг аламли ва ғамли, аччиқ ва ситамли тақдири, чорак асрдан бўён, Муҳаммад Солиҳ номи билан чамбарчас боғлиқ.
МХХ нишони ва мўлжалида туриб — ўзбек мухолифати лидери деган номни матонат билан баланд кўтариб юришнинг ўзи бўладими?
Не-не суиқасд ва ўлимларни доғда қолдириб, ўз жаллодларига қасдма қасд яшаб юришнинг ўзи бир жасорат эмасми?!
Ана шуларни ҳисобга олиб, биз энди ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий портретига баҳоли қудрат шарҳ беришга ҳаракат қиламиз.
Демак энди навбат “Биринчи ва охирги жангчи” номли бобга…
Сўнгсўз ўрнида:
Бизнинг бу дилрозларимизни ўқиб, Исмат Хушев энди ҳукуматдан юз ўгириб, мухолифатнинг кўнглини овламоқчи бўлибди-да, деб ўйламаслик керак.
Йўқ, биз мухолифатнинг кўнглини олмоқчи эмасмиз, аксинча, унинг ҳануз уйқудаги кўзини очмоқчимиз. Ким унга дўст, ким душман эканини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз, холос.
Агар ростини айтсак, биз хориждаги майда сўз ва аламзада, бир-бирини кўролмайдиган ўзбек мухолифатининг бир тийинга қиммат эканини ҳам яхши биламиз. Биз бу мухолифатдан кўра ўзимизга, сўзимизга, ўз интилиш ва имконимизга кўпроқ ишонамиз.
Биз фақат Муҳаммад Солиҳни ҳурмат қиламиз, холос. Унинг самимий ва ростгўйлигини, одил ва олийжаноблигини, софдил ва фидойилигини, ўзини минг марта ранжитган одам бўлса ҳам, бошига оғир кун тушганда, гина кудуратни унутиб, унга ўша заҳотиёқ ёрдам қўлини чўзишдаги мардлигини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз.
Яширмайман, яқинда МХХ менга нисбатан номардлик қилганида – орқадан пичоқ урганида — Муҳаммад Солиҳ ўша заҳотиёқ ёрдам қўлини чўзди.
Бунинг қисқача тарихи эса қуйидагича:
Ёзда оиламнинг эндигина 35 га тўлган укаси – қайноғам кутилмаганда вафот этди. Унинг маъракасида иштирок этиш учун Наргиз Тошкентга жўнаб кетди. Бу – МХХ раиси ҳақидаги танқидий мақоламнинг биринчи қисми эндигина эълон қилинган таҳликали дамлар эди.
Мен оиламга ҳозир Тошкентга боришнинг мавриди эмас деб айтолмадим, уни – энг яқин жигари — укасининг таъзиясидан қайтариб қололмадим.
Агар ўқувчилар сезган бўлсалар, ёз ва куз ойларида — уч-тўрт ой “Дунё ўзбеклари”да Ўзбекистон ҳақида бирорта ҳам танқидий мақола эълон қилинмади.
Бундан ўзларича хулоса ясаган МХХ мулозимлари оиламни Тошкентда “асир” қилиб, “гаров”га олиб қолишни, шу билан “Дунё ўзбеклари” ва унинг Бош муҳаррири жиловини ўз қўлларида ушлаб туришни мақсад қилганлар, шекилли, Наргиз паспортини янгилаш учун Ички Ишлар тизимига мурожаат қилганида унга “хорижга чиқиш” визасини бермасликка қарор қилдилар.
Ана шундай оғир бир пайтда Муҳаммад Солиҳнинг бир оғиз илтимоси билан қўшни давлат раҳбарлари ёрдамида оилам ва болаларим эсон омон Канадага қайтиб келишди. Бор гап шу.
Шунинг учун ҳам мен Муҳаммад Солиҳни ҳурмат қиламан, унинг бу яхшилигини ҳеч қачон унутолмайман.
Миллий Хавфсизлик Хизмати тизимидаги институт ва Академияларда бошқа фанлар қаторида «Интрига ва шантаж асослари» деган фан ҳам ўқитилади.
Биз бугун Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг хориждаги ўзбек мухолифатига нисбатан олиб бораётган ноинсоний сиёсати — интрига ва шантаж санъати ҳақида суҳбатлашдик.
МХХ ҳақидаги бундай очиқ ойдин суҳбат ва машваратларимиз эса “Дунё ўзбеклари”да давом этаверади. Токи Ўзбекистонда ҳеч ким ва ҳеч қайси идора — у Президент Маҳкамаси бўладими, Миллий Хавфсизлик ва ё Хуфия Хизматими, бундан қатъий назар, “танқиддан холи” ва “дахлсиз зона” бўлиб қолмаслиги керак…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
30 январь, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Бечора сўргин қилинган,ҳақоратланган,ўлим тўрмаларига ташланган мухолифатни айблайдиган хом каллалар қанча.Гўёки бўлар айбдор, ҳақ гапни айтгани учун. Каримбой ўзини бир ёқлама ялонғоч тарғиботи билан Ўзбекларни оломонга айлантириб бўлди. Исмат ака сизга қойил! Бу ҳокимятни асил юзини очиб,ўз жойини кўрсатиб қўйибсиз.
Хозирги мазкур режим бутун бошлиқ авлодни маънавий мажрухга айлантирди. Бутун мамлакатда мозор даҳшатли тинчлиги ўрнатилган. Буни одатда барқарорлик дейишади ақли калта бефаросатлар. Зулимни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди ҳаттоки фарован ҳаёт келтирса ҳам.
Исмат ака, мен сизни бунчалик деб ўйламаган эдим. Ҳақиқат ва фақат ҳақиқатни оддий млнларга тушинарли қилиб ёзибсиз. Муҳолифдагилар ҳам Каримов режимини асил моҳиятини очиб бериши мумкин. Лекин Исмат ака режимни ичидан билган одам сифатида бошқача моҳирлик билан дектатурани шармандасини чиқариб жонли кўрсатиб бераяпти.
Олим Отаев-порахур, унинг системасида коровулликка хам пора бериш керак, яхшиси мининстр булгани учун канча берган шуни айтсин. Маликов эса соткин, элчимиз булиб бизни шарманда килди. Путин тугрисида тула гарб таъсиридасиз Исмат ака, гарбпараст булса демократ хисобланади, булмаса диктатор шундайми.
Нуртой жаноблари. Уша Путинингиз эртага Ватанимизга нисбатан тажовуз килса унинг ёнини оласизми? Товба, бу рус пропагандаси таъсирида одамлар канака думбуллашганлигини тасаввур килишга куркади одам. Урис империяси хеч качон дуст булмайди бизнинг юртимизга. Уша Путинингиз максади урис империясини тиклаш билиб куйинг. Ватанга хоинлик килманг.
Чорак асирда фикр доираси бир қолипга мослаштирилган, мажрух, бутун бошли бир қурқоқ авлод пайдо бўлди. Бу авлод порахўрлик ва кўзбўямачиликни бир урф одат, қонуният деб қабул қилди. Жамият қадриятга тайаниб эмас, балки тушинча, қурқувга асосланиб яшашга махкум қилинди. Исмат ака, сиз бизнинг энг ишонган ва суянган тоғимиз, осмонимиз ва душманларни ер билан яксон қилувчи посбонимизсиз.
Ey xudoyim nima deb yozishni bilmayapman Ismat aka tug’ri suziz uchun raxmat Nahotki bu suzlariz xaqiqat bulmaganda edi, prezidentimiz biz ishongan katta umid bn qaragan Karimov bulganda edi, men raxmat aytaman tinchligimiz uchun, ammo lekin bu etmaydi, xalq, yurt uchun tinchlikni uzi kamlik qilarkan, insof bersin, insof bersin sizlarga hoy xalq ishongan xukumat egalari .
Бизда СНБ эмас СНО булганига анча йиллар булди.СЛУЖБА НАЦИОНАЛЬНОЕ ОПАСНОСТИ!
МВД ЭСА-МИНИСТЕРСТВО ВОРОВСКИХ ДЕЛ.
ПРОКУРАТУРА-ПОРАКУРАТУРА.
СУД-САМИ УБЬЕМ ДОКОНЦА.
ОКСАРОЙ-ОХСАРОЙ.
БУЛАР БОFЧАГАЧА ХАМ,ДАЖЕ ЯРАТИЛИШИНИНГ БИРИНЧИ КЕЧАСИДАЁК ОЛДИН ПУЛИ ТУЛАНИБ КЕЙИН ЯСАЛГАН.ТАРИХЧИЛАР ХАЛИ БИРМА-БИР НОММА НОМ ЁЗАСИЗЛАР БУ КАТТАЛАР ХАКИДА.СИЗНИНГ ЁЗГАНЛАРИНГИЗ БИЗ МУХЛИСЛАР УЧУН КАТТА БАЙРАМ ВА ТАРИХИЙ ХАКИКАТ.ХАЛКИМИЗ СИЗДАН МИННАТДОР ТАРИХИЙ ВА УМИДЛИ АСАРЛАРИНГИЗ УЧУН.РАХМАТ СОГ БУЛИНГ ДОИМО.
“Бу орада мамлакатда Ислом Каримовга, унинг “бутун дунё ҳавас қиладиган инсонпарварлик сиёсати”га ҳурмат ва меҳр муҳаббат, Президент мухолифлари бўлмиш – Ватан хоинларига эса – нафрат ва ҳақорат руҳида ўсиб улғайган каттакон бир авлод вояга етди, камол топди”.
Manabu ham inkor qilish imkonsiz bulgan tarixiy haqiqat bulibdi.
9
Мухолифатдагиларни нихоятда парчаланиб кетганлигини асосий сабаби нафақат МХХ туфайли, ундан ташқари миллатимизни характери яъни бир бирига шубха гумон билан караш, куролмаслик иллатларига хам бориб такалади. Хамма жойда, мансабдорлар ичида, ташкарига чиқиб кетган ишчи ва гастербайтерлар орасида хам ахвол бир хил. Хали халк булиб шакиланганимиз йуқ! Лекин булардан кати назар Исмат Хушев тилга олган воқеалар юз пойиз тўғрилигини юрагим сезиб турибди. Бугундан бошлаб сизнинг энг ашаддий мухлисингизман, Исмат ака.
Қанийди млнлаб ўзбеклар бу мақолани ўқиса, нима учун бахтсиз ва эрксиз эканини тушунса…
Сизнинг мухолифат ҳақида ёзганларингиз ҳаммаси тўғри. Биз сизга ишонамиз. Лекин нега сиз мақолада тилга олган мухолифатчилар жим. СНБ уларнинг юрагини олиб қўйган. Сизда эса отнинг калласидай юрак бор экан. Респект сизга Исмат ака. Таъзим сизга!!!
Ismat aka qoyile, 2012 yil vatanga qaytganda siz bir uq bilan bir necha quyonni urgan ekansiz! Uzoqni kurish hislatingizga ishondim. Ijodingizga baraka, Alloh uzi havfu hatardan doim omonda saqlasin.
Галима Бухорбоева ўзи туфайли касодга учраганини ёзаяпти Исмат Хушев! Шунчаар катта айбини яна қайси бир ижодкор шахсан ўз ташаббуси билан ошкора тан олган?
Бунақасини бундан 500 йил аввал Заҳириддин Муҳаммад Бобур тан олган эди. Ўз хатоларини ва айбларини ошкора тан олган эди. 500 йилдан кейин бу ишни Исмат Хушев қиляпти.
Исмат Хушев ҳеч кимни: на Президентни, на МХХни ва на ўзини аямаяпти. Бунақаси ҳали бўлмаган. Одатда ижодкорлар ёзувларида ўзларини фариштадай, қўй оғзидан чўп олмагандай кўрсатишади. Исмат Хушев эса… бу Исмат ХУШЕВ!!
Баракалла, Исмат ХУШЕВ!!!
Сизга минг раҳмат Исмат ХУШЕВ!!!
Зўр қизиқиш ва ҳаяжон билан ўқиб чиқиб, давомини интизорлик билан кутяпмиз. Бунақаси ўзбек журналистикаси ва сиёсатида ҳали бўлмаган. Бунинг учун “Дунё ўзбеклари” ва Исмат Хушевга минг раҳмат! Юрагимизда 25 йилдан бўён кўмилиб келаётган дарду фиғонларимизни ниҳоят сиз орқали қоғозга тушаётганидан беҳад қувондим, кўзларимда ёш пайдо бўлди. Бугун биринчи марта журналист эканимдан қувондим…
Исмат, сизга минг офарин! Агар элнинг зиёлилари бир мушт бўлиб бир ёқадан бош чиқазсалар, диктаторнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Жуда, хайрли бир иш бошлабсиз.Ўзбек миллатига фақат зиёлиларининг бирлиги етмай турувди. Зиёлилар бош бўлса, бу миллат тоғни толқон қилади. Биз, энди ўзимизга келяпмиз. Ўзимизни айбларимизни хаспўшлаш учун халқнинг бошидан мағзава тўкканмиз, энди етар. Умрингиз узоқ, бошингиз тошдан бўлсин, дўстим! Бу қутлуғ йўлда сизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!