Исмат Хушев
Қурултой қатнашчиларининг умумий кайфияти баланд ва кўтаринки бўлгани билан, кўзлари ёниб тургани билан уларнинг аксарияти ҳукуматга тинч ва демократик йўллар билан ҳам келиш мумкинлигига ишонишмасди.
Баъзилари қуролли қўзғолон бўлса ҳам, ўз мақсадларига эришишни орзу қилишарди.
Муҳаммад Солиҳ ўз нутқида Ислом Каримов демократик йўллар билан курашга заррача имкон қолдирмаганини очиқ айтганидан сўнг сўз олган Муҳаммадсолиҳ Абутов Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аъзолари сафида ҳукуматга қуролли қўзғолон йўли билан ҳам келишга иштиёқмандлар борлигини, лекин улар унча кўп эмаслигини очиқ эътироф этди.
Шу ерда карталар очиб ташланди. Бу расмий Тошкент учун жиддий “сигнал” эди.
Абутовнинг эътирофига ўхшаган гаплар Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги ҳаракат аъзоларини мамлакатда халифатни ўрнатишга тайёргарлик кўраётган «террорчи ва диний радикал гуруҳлар» деб аташ учун дастак бўлиши турган гап эди.
Иккинчи томондан, бу иқрори учун уни айблашимиз ҳам нотўғри бўларди, у кўнглидаги гапни айтиб, тўғри қилди. Биз уларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишимиз керак. Шунга қараб ҳар ким ўз позициясини аниқлаб, ойдинлаштириб олиши лозим.
Хўш, Муҳаммадсолиҳ Абутов бу сўзларни очиқ ойдин айтиши билан нимани назарда тутди?
Расмий Тошкент у ҳақида Қурултой арафасида эълон қилган танқидий фильми учун ўч олмоқчи бўлдими ё бу ерда бошқа гап борми?
Мен шу ва шунга ўхшаш қатор эътирозлар учун ундан жавоб олиш илинжида эдим.
Қолаверса, Муҳаммад Солиҳ бошчилик қилаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини унинг рафиқлари ҳам, рақиблари ҳам асосан «терроризм ва қуролли қўзғолонга хайрихоҳликлари» учун тинмай танқид қилиб келишарди.
Гарчи Муҳаммад Солиҳ Қурултойда бу қуролли кураш — энг сўнгги чора ва кураш услуби эканинини урғулаган бўлса ҳам, барибир бу эътироф кўпчиликни эсанкиратиб қўйган эди.
Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг эҳтимолий “қуролли қўзғолон” ҳақидаги эътирофи “ўлганнинг устига тепган” бўлиб тушди.
Ниҳоят, ресторандаги кечки овқатланишдан сўнг биз Муҳаммадсолиҳ Абутов билан яккама якка суҳбат учун ёлғиз қолдик.
Яккама якка суҳбатга қадар мен Қурултойда икки маротаба сўз олиб, шахсан Абутов ва унга ўхшаш “соқолли лидерлар” боис Муҳаммад Солиҳ ва унинг ҳаракати ҳақида одамларда нотўғри тасаввур ва тушунча мавжуд эканини очиқ ойдин айтишга мажбур бўлдим.
Муҳаммадсолиҳ Абутов оғир, вазмин, мулоҳазали йигит. Фикрларини бирдан айтмай, аввал Сизни тоқат билан эшитадиган суҳбатдош.
Яккама якка суҳбатдан олдин биз у билан келишиб олдик: фақат рост ва очиқ ойдин гапларни гаплашамиз деб.
Мен у билан суҳбатни узоқдан Тоғбой Абдураззоқнинг Ҳаракат гимни учун ёзилган шеъридан бошлашга қарор қилдим.
Мен бу шеърни ҳам, Гимн учун танлаб олинган Абутовнинг шеърини ҳам ўқиганимни, Тоғбой аканинг матни Абутовникига қараганда бир оз устун эканини эътироф этишдан бошладим.
Лекин охир оқибат нега Абдураззоқовнинг матни эмас, балки Абутовнинг матни Ҳаракат гимни сифатида танлаб олинганлиги билан қизиқдим.
Яширмайман, менинг бу саволларим Абутовга кўпам хуш келмаётган эди.
У менга бу борада Ҳазратқул Худойбердиев таклифи билан Дилсора Фозилова ҳар иккала шеърни ҳам оммага ўқиб берганини, кўпчилик Абутовнинг матнини маъқуллаганини айтди.
“Сафларини буз, занжирларни уз!” каби кескин ҳаракатга чорловчи сатрлар кўпчиликка маъқул бўлмади шекилли, деб ўзини оқлашга ҳаракат қилди Абутов.
Унда Абутовнинг «кескин» эмас, яшин тезлигида қуролли қўзғолонга чорловчи нутқларини қандай тушуниш мумкин?
Абутов бу саволларга жавоб берадиган ҳолатда эмас эди…
Галима Бухарбоева билан унинг орасидаги ихтилофга оид бўлди иккинчи саволимиз.
«Нега Сиз Галимага беҳаё суратларни юбордингиз», деган саволимизга у “Бу расмларни менга биров юборган эди. Мен унга ишониб, ўша суратларни Галимага қайта йўлладим, холос. Мен ҳеч нарсани монтаж қилмаганман. Кейин билсам, менга келган расмлар монтаж қилинган экан. Мен ўша расмларни нега бундай ҳол юз берди, деб Галимага юбордим», деди ажиб бир ўйчанлик ва маҳзунлик билан Абутов.
Унинг бу сўзларини тинглаб, ўша бемаъни ҳатти ҳаракати учун ўзи пушайман қилаяптими ё йўқ, билиб бўлмасди.
Умуман, Абутов менга оғир, босиқ бўлиш билан бирга, ғазабнок ва қасоскор одам сифатида ҳам таассурот қолдирди.
Ниҳоят, Қурултойдаги нутқи ҳақида сўраганимда, унинг кўзларида биринчи кун Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатлашиб турганимизда кўрган ўша қасоскор бир ўт, милт этган учқун яна алангаланиб, совуқ ва нохуш бир из қолдиргандек бўлди…
Суҳбатимиз қизиб бораркан, бошларимиз ҳам, асабларимиз ҳам қизий бошлаган эди.
Мени саросимага солган Абутовнинг кўзларидаги совуқ ўт ҳануз сўнмаган эди…
Унинг кўзларига, кўзларидаги ғазаб ва нафрат ифодаланган совуқ шуълаларга хавотир билан боқарканман, беихтиёр Владимир Маяковскийнинг “Совет паспорти” ҳақидаги шеъридаги қуйидаги мисралар хаёлимга қуйилиб келаверди:
Бўридай ғажирдим бюрократизмни,
Ҳар хил мандатларга йўқ менда ихлос.
Қоғозбозликни йўқ кўргани кўзим,
Қуриб кетмайдими ҳар қандай қоғоз…
Лекин бу… купелар аро йўлакдан,
Амалдор аланглаб ташлайди одим.
Ҳужжат текширмоқда мен ҳам чўнтакдан,
Ёқут каби алвон дафтаим олдим.
Бировдан оларкан бужмайтар афтин,
Бировга шуни ҳам кўрмайди лозим.
Шер тамғали инглиз паспортин,
Оларкан амалдор қилади таъзим.
Бирдан бу жанобнинг буришди юзи.
Қайноқ сув оғзини куйдирди худди.
Жаноби амалдор менинг қип қизил,
Жилдли дафтаримни қўлига тутди…
Бу унга бомбадай кўринди гўё,
Портлайди қўлига олиши билан.
Гўё кирпитикан уткир устара,
Гўё аждарҳодек қирқ бошли илон…
Бир ҳаммол маънодор қисди кўзини,
Юкингизни бепул бергудай тошиб.
Жосус жандармга боқди сузилиб,
Жосус жандармга қаради шошиб..
Нақ қўйиб берсаю жандарм ҳузур қилиб,
Роса калтакласа мени ётқизиб.
Негаки қўлимда совет парспорти,
Ўроқ болғаси бор чўғдай қип қизил…
Назаримда Абутов ҳам мени ҳозир худди ўша миршаб (жандарм) каби ётқизиб, роса калтаклашни орзу қилаётгандек эди…
Фақат энди менинг қўлимда совет паспорти эмас, балки “Дунё ўзбеклари” деган мустақил газета бўлиб, бу нашрда мен у ўлим билан юзма юз келган “Жаслиқ” лагерига асос солган Президент ва давлат раҳбарига эҳтиром ва ҳурматимни вақти вақти билан элга ошкор этиб турардим.
Бу нашрда унинг эътиқодига, тушунча ва қарашларига ёт бўлган ўзгача фикр ва тасаввур мавжуд эди. Ва у мени ўзининг энг катта рақиби деб билар ва мендан нафратланишини, ҳазар қилишини яшириб ўтирмасди…
Агар мен Муҳаммад Солиҳ таклифи билан Прага келмаганимда эди, у мени, айтайлик бугунги муҳташам меҳмонхонада эмас, балки Афғонистоннинг олис ва сирли бир дарасида учратиб қолганида эди, аҳволимга маймунлар йиғларди, эҳтимол…
Нақ қўйиб берсаю Абутов ҳузур қилиб,
Роса калтакласа мени ётқизиб.
Тилларимни кесса хотиржам, кулиб
Қувонса оғзимдан қон чиқса сизиб…
Ким билади дейсиз, балки мен бироз маҳоват қилаётгандирман.
Лекин Абутовнинг ўша кунги қарашларида, саволларга берган жавобларида, кўзларимга боққан совуқ нигоҳларида мен шу ҳатти ҳаракатни кўргандек бўлдим…
Эҳтимол, уни ҳам тўғри тушуниш керакдир.
Саккиз йил борса келмас деб ном олган ўлим лагеридаги кўрган кечирганлари уни эҳтимол бу ҳукуматга ва уни тарафини олувчи нодонларга нисбатан шундай нафрат пайдо қилган бўлса, уни ҳам тушуниш керакдир, ахир…
Албатта, у мен билан бўлган ўша кунги суҳбатда замонавий бўлишга, тоқатли ва демократ сиёсатчи сифатида таассурот қолдиришга ҳаракат қилди.
Ҳокимиятга келса, биз каби сархуш ва хаёлпараст йигитларни ҳам тушунишга, шариатга асосланган халифалик давлати тарафдори бўлмаслигига, замонавий ва демократик давлат тарафида туришига алоҳида урғу берди.
Лекин унинг бу сўзлари ва бу урғулари негадир мени ўзига у кутган даражада ишонтира олмади…
Ҳа, Муҳаммад Солиҳга ростдан ҳам қийин экан.
Бир тарафдан ундан бошқа ҳеч ким йўқ Каримовга қарши очиқ ойдин жангга кирган.
Бошқа томондан унинг олдида ҳаммани радикал тоифадаги диндорларни ҳам, ўзгача фикрловчи гуруҳларни ҳам, миллатчиларни ҳам, демократларни ҳам бир даврага тўплаб, бир мушт қилиб Каримов режимига қарши йўналтиришдек ғоят мураккаб ва мушкул вазифа турарди.
Бугун хорижда мухолифатчиман, лидерман деган кўп.
Лекин тўрт кишини бир жойга йиғиш тугул, ҳатто ўз оиласига ҳам гапи ўтмайдиган “доҳий”ларни ҳам биламиз…
Уларнинг олдида Муҳаммад Солиҳ барибир ажралиб туради. Биз ҳали унинг иқтисодий томонларини ҳам «таҳлил ва тафтиш» қилишга ҳаракат қиламиз…
Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳақидаги бўлимни якунлаб, уни сайтга қўйишдан олдин «ёзганларим Абутовни одамлар кўзи олдида ҳаддан зиёд ваҳшийлаштириб юбормадимикан?, у ҳақдаги ҳақиқатга доғ туширмасмикан менинг бу фикрларим» деган бир ўй ўтди хаёлимдан.
Ким билади дейсиз, балки менга шундай кўрингандир Абутов.
Эҳтимол у одамлар ва унинг ҳаракатдаги сафдошлари айтаётгандай очиққўнгил ва раҳм шафқатли, меҳрибон бир йигитдир.
Одатда, илк ва дастлабки тасаввур ва таассуротлар алдамчи бўлади дейишади.
Қани энди мен ҳам алданган бўлсам.
Биринчи таассуротларим мени ҳам алдаганини, тўғри йўлдан чалғитганини жуда жуда истардим…
Тўғрисини айтиш керак: Муҳаммадсолиҳ Абутов бизга юрагини очмагани ва хушомад қилмагани учун эҳтимол ёқмагандир.
Лекин биз ҳар турли нуқтаи назардаги одамлар билан ҳам тил топишга, уларни тушунишга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳақиқий жодкор ва сиёсатчи шундай бўлиши керак!
У мен билан суҳбатлашганида, хаёлан: «Агар имкони бўлганида сени баъзи баъзида шароб ҳақида меҳр билан ёзганларинг учун, сархуш бўлиб шеър ўқиган лавҳаларни интернетга қўйганинг учун яхшилаб танобингни бериб қўярдим» дегандай бўлган бўлса буни ҳам тўғри тушуниш керак!
Бу унинг орзу армонлари бўлиши мумкин, холос. Шунга шунча ваҳима қилиш керакмиди деб ўйлаб қоламан баъзан.
У ҳали ҳукуматга келгани йўқ, келсин, кейин ваҳима қилармиз деб айтар балки кимдир…
Биз журналистларнинг вазифасига халқни беш-ўн йил олдин бўладиган воқеа ва ҳодисалардан огоҳлантириш ҳам киради.
Шу маънода менинг бу ваҳималаримни, бу субьектив фикрларимни қандай тушуниш ўзингизга — доно фикрингизга ҳавола…
Агар ошириб юборган бўлсак, керагидан зиёд ваҳшийлаштириб юборган бўлсак Абутовни — биз ундан узр сўрашга тайёрмиз.
Нима бўлганда ҳам мен шу гал хато қилган бўлай…
Муҳаммадсолиҳ Абутов биродаримизни, унинг туйғуларини, унинг дил розларини тўғри тушунмаган ва яхши англаб етмаган бўлай илоҳим…
yaxshi tahlil, yaxshi yuzilgan. bundan abutov hafa bo`lmasa kerak.
Абутовга ўхшаган тор доирада фикрловчи худбинларнинг М. Солиҳ атрофида ўралашиб юриши ҳаракатни ҳалокатга олиб келиши мумкин. Иложи бўлса ҳар икковини ҳам чеккароққа суриб, Тўлқин Қораевларга ўхшаш демократларга суяниб иш қилса ёмон бўлмайди . Абутовлар ҳам ютказмайди. Чунки М. Солиҳнинг ўзи етарли… Кераксиз икки «уламо» Солиҳ сиёсатини жаҳон жамоатчилигига «қизартириб» кўрсатади халос. Бу ўрмондаги ЙЎЛБАРСЛАРнинг ғашига тегишдан нарига ўтмайди.