• Пн. Мар 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўз мухбиримиздан: Кобулнинг ўзбекона қиёфаси…

Июл 31, 2012
Ўз мухбиримиздан: Кобулнинг ўзбекона қиёфаси…
Ўз мухбиримиздан: Кобулнинг ўзбекона қиёфаси…

Ҳар гал Кобул борсам, барча ўзбеклар каби Бобур қабрини зиёрат қиламан

Ўз мухбиримиздан: Кобулнинг ўзбекона қиёфаси…

Рустам Қобил
Би-би-си, Кобул — Лондон

Кобулнинг ўзбекона қиёфаси менинг назаримда шу пайтгача фақат Бобур боғи билан намоён бўларди. Буюк шоир ва саркардага сўнгги манзил бўлган бу гўша нега афғон тупроғида деган саволни ўзимга кўп берганман.

Аммо ўтган 10 йил бўйи бу мамлакатга бир неча бор келиб, фикрим қанчалик нотўғри эканлигига амин бўлдим.

Яна ушбу мавзуга оид

Тунги Кобул манзаралари — фоторепортаж
Катталарни боқаётган болалар

Кобулдаги Бобур боғи тасодиф эмас экан. Зотан Кобулда Бобурийлар тиклаган боғ ҳам ягона эмас экан.

Бугун эса Кобулнинг ўзбекча чеҳраси тарих билан эмас, ҳозирги кун ҳақиқатлари билан юз очмоқда. Афғонистон ўзбеклари илк бора Кобулни ўз пойтахтлари сифатида ҳис қилаётгандек туюлади. Шу пайтгача бу шаҳарда саноқли ўзбек оиласи бор эди.

Эндиликда Кобулда кўплаб ўзбек ёшларини учратиш, кўчаларда ўзбекча суҳбатларни эшитиш одатий ҳол. Пойтахтга келаётган шимоллик ўзбекларнинг мақсад ва тақдирлари турлича: кимдир ишсиз мардикор, кимдир бадавлат ишбилармон, бири зиёли, бошқаси сиёсатдон…

Шаҳардаги дўконлардан бирига сотувчини суҳбатга тортишга интилдим. Интилдиму, кўп ўтмай ўзимнинг форсчам тугаб қолди. Ана шунда дўкондор йигит «Туркигўймисиз?» — деди соф ўзбекчада. Билсам, асли фарёблик экан.

«Кобулда ёшлигимдан яшаймиз. Уйда ўзбекча гапириб, тилимизни сақлаб қолганмиз» — деди пойтахтликларга хос мулозамат билан бу йигит.
Дўкондан чиқиб, Кўчайи Гулфурушондан кетарканман, аравада Кобулникига ўхшамайдиган, Ўзбекистондаги каби патир нон сотиб ўтирган отахонга кўзим тушди. Ўзбекча нонни соғиниб кетгандим, бора солиб иккита олдим. Новвой отахон базўр қийналиб Форсча гапираркан, ўзбеклигини илғадим.

«Шимолликман, атрофларда иш йўқ, Кобулга келдим, нон ёпиб сотаман» — деди суҳбатдошим. Қарасам, бу кўчада у каби нон ва бошқа озиқ-овқат сотаётган ўзбеклар оз эмас эди.

Дарҳақиқат, Афғонистондаги қашшоқлик ва ишсизлик юз минглаб одамларни бугун пойтахт Кобулга олиб келган. Улар орасида шимоллик ўзбеклар ҳам кўп.

Кобулдаги бир тўй базмида ҳамроҳим билан ўзбекча гапирганимни кўриб, бир гуруҳ ёшлар ёнимга қизиқсиниб келишди. Самангонлик ўзбек йигитлар экан. Кобулда мардикорлик қилиб, уйга пул жўнатишаркан.

«Ҳаётимизда илк бора бир ўзбекистонликни кўриб турибмиз. Биз ҳам Ўзбекистондан фахраланмиз. Телевизорда кўрамиз, жуда обод, шундайми?» — дея савол сўрашга тушиб кетишди улар.

Камбағалга ҳам, бойга ҳам боққан шаҳар

Кобулдаги ўзбекча қиёфа биргина кўчадаги мардикорлар ё анъанавий дўкондорлар тимсолида намоён бўлаётгани йўқ.

Секин аста босавод тоифа, ёш миллат вакиллари, вазирлар етишиб чиқишмоқда. Банкдорлару йирик тожирлар пайдо бўлишаётир. Улар яшаб, ишлаётган жой эса — Кобул.

Ўзбеклар мавқеи кўпроқ телекўрсатув ва радиобарномаларда илғанади.
Бир неча миллий ва тижорий телеканаллар бугун ўзбекча кўрсатувлар тайёрлай бошлашган. «Ориёна», «Ойна», «Орзу-ТВ» ва Миллий Телканалларда мунтазам ўзбекча дастурлар бера бошлашган.

Кечқурун меҳмонхонадаги телевизор каналларини айлантириб, Тошкентга ўхшаш манзарага дуч келиб қолдим. Саси ҳам таниш. Ўзбекистонлик хонанда Шаҳзода уйнаган сўнгги Ўзбек фильмлардан бири кўрсатилаётганди.

Тўғри, келаси оқшом бу канални топа олмадим. Аммо бошқа каналдан хоразмлик ашулачилар айтаётган лапар берилаётган эди.

Ўзбекча фильмлару ашулалар ўзбекзабон Афғонистон шимолида одатий ҳолат. Амом Кобул учун янгилик эди.

Кобулнинг энг башанг ва қимматбаҳо бу меҳмонхонаси ресторанида таомлар қатор тизиб қўйиларкан, ҳар доим бир четда палов бўлади. Номи ҳам Ўзбеки ва ё Ўзбаки палов.

«Паловни тўйда ҳам, меҳмонхонада ҳам фақат ўзбек ошпазлар пиширишади. Бошқаларга ишонмаймиз» — дейишди у ердаги маъмурлар.

Шаҳарда аллақачон фақат палов ва сомса пиширадиган ошхоналар бор. У ерга кирсангиз, аксар хўрандалар ўзбекча гапираётганига гувоҳ бўласиз. Ҳатто Ўзбекистондан эканимни билишгач, эшик олдидаги текширувчи қўриқчилар ҳам «Ватандор экансиз, ўтаверинг» — деб ичкари олишарди.

Афғонистон ўзбеклари Ўзбекистонликларга ўзгача меҳр билан қарашади.
Мозори Шариф ҳаво қўналғасида асабий ҳолатда юкларни текшираётган йигит Ўзбекистон паспортимни кўрдию, чеҳраси ёришиб, «Ўзбекмисиз?» — деб қолди. Шу заҳоти 10 чоғли ҳамкасби югуриб келишди. Ҳаммаси ўзбеклар. Ана энди хушмуомала билан барча нарсамни кўтаришиб, тайёрага чиқариб қўйдилар.

Бу мулозамат Кобулда янада кучлироқ намоён бўлади.
Уч асрки пуштунлар, яъни афғонлар назоратида қолган Афғонистон ўзбеклари ўз тилларида деярли ўқий олишмаган, аксар ўзбеклар яшовчи Ўзбекистондан узилиб қолишган. Аммо тил ва урф одатларини сақлаганлар.

«Ўзбекистон Исломий Ҳаракати келиб-келиб, биз ўзбекларга шунча жабр-ситам кўрсатган Толибон қанотига кирди. Улар қандай ўзбеклар ахир?» — деб жаҳл билан сўраган афғон ўзбеклари жуда-жуда кўп эди.
Бир ўзбек танишим эса Амир Темурни Темурланг, деб атагани учун ўз дўсти билан шунчалик тортишибдики, сал қолса юз кўрмас бўлиб кетардик, дейди.

«Ниҳоят узр сўратдим» — деди у бироз кўнгли тинчигандек.
Ўзликни англаш

Миллий ўзликни англаш Афғон ўзбекларида дарҳақиқат кучли. Бугун шимолда ўзбекча мактаблар очилмоқда, ёшларни четга ўқишга юборишга уринишлар катта. Зиёлилар мактаб ва университетлар учун араб имлосидаги ўзбекчада дарсликлар, луғатлар ва бадиий асарлар чоп этишмоқда.

Аммо аксар суҳбатдошларим бу ҳали етарли эмаслигини айтишади. Қишлоқларда яшовчи ўзбекларнинг кўпчилиги бесавод ва камбағал. Шунингдек, у минтақалар Афғонистон андазалари бўйича ҳам ҳали ривожланмаган ва овлоқ.

«Жангу жадални ташлаб, аллақачон билим олиш, фарзандларимизни ўқитиш вақти келган» — дерди кўпчилик.

Айни дамда, Ўзбекистон билан маданий ва илмий жабҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилмагани Афғонистон ўзбекларининг илгари силжишлари йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири ҳамдир.

Афғонистонда давом этаётган нотинчликлар боис, бу икки мамлакат ўртасидаги борди-келди жуда чекланиб қолган.

Тинчлик ўрнатиш ҳаракатлари ўн йилдан бери тўлиқ амалга ошмаётгани боис, Афғонистоннинг ўзида ҳам одамларда келажакка ишонч кам.
Ҳозир эсаётган заиф эркинлик шабадалари боис ўзлигини англаб, ҳақ- ҳуқуқларини секин-аста қўлга киритишга интилаётган ўзбеклар Толибон билан муросага боришга ҳам, хорижий кучларнинг чиқиб кетишига ҳам катта хавотир билан қарашади. Сабаб — янги жангу жадаллар бошланиб кетгудек бўлса, ҳозиргача эришилган бор ютуқлар ҳам чиппакка чиқиб кетиши эҳтимоллари катта.

Ҳозир эса Кобулда секин-аста ўзбекона қиёфа шаклланмоқда. Пуштунлар, тожиклар ва ҳазоралар қаторида ўзбеклар ҳам Афғонистон пойтахтининг уйғун кўриниши сифатида намоён бўлишаётир.

Аммо бу жараён неқадар тўла юз очиши, шаксиз, бу ердаги тинчликка, сиёсий тузум ва Афғонистон тақдирида катта ўрин тутадиган минтақавий қўшнилар ва қудратли мамлакатлар истак-иродасига ҳам боғлиқ. Буни аксарият афғон ўзбеклари яхши тушунишади.

Манба: ББС радиоси

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *