Суратда: чапдан ўнгга — Муҳаммад Солиҳ, Улуғбек Ҳайдаров ва Исмат Хушев, Прага, 30 июнь, 2012 йил…
Исмат Хушев
Қурултой қатнашчиларининг умумий кайфияти баланд ва кўтаринки дедик. Бу бор гап.
Бу ҳаракат сафларида ёшларнинг кўплиги мени ҳайрон қолдирди.
“Озодлик”нинг “Қурултойи”даги савол жавобда Прага Қурултойининг энг ёш аъзоси, Стокголм университети студенти Султонмуроднинг иштирок этгани ҳақида олдинги қисмларда ҳикоя қилган эдим.
Мен у ва унга ўхшаган ёшлар нима сабабдан бу ҳаракатга эъзо бўлишяпти деган саволга жавоб топиш учун, уларнинг кўнглидагиларни билиш учун менга ажратилган алоҳида хонадан воз кечиб, ўша йигит билан бирга туришни ихтиёр этган эдим.
Уч кунлик ҳамхоналик даврида мен Султонмурод билан узоқ суҳбатлашдим.
Ўзи, ота онаси ва оила аъзолари ҳақида, нималар билан қизиқиши ва нималарни орзу қилиши ҳақида, Муҳаммад Солиҳ ва унинг ҳаракатига қандай қилиб қўшилиб қолгани ҳақида, кўнглидаги орзу умидлар тўғрисида кўп нарсаларни сўрашим керак эди…
Менинг бу ҳаракатга Сизни нима бошлаб келди?” деган саволимга у “Ислом Каримовнинг диктаторлиги” деб берган жавоб мана бугунга қадар менга тинчлик бермай келади…
— Ўзбекистонда мен оддий институтга ҳам ўқишга киролмасдим. Ота онамнинг топган пули биз болаларни боқишга етмасди. Институтларга кириш эса палон пул. Бундай шароитда ўғирлик қилишга мажбур бўлади одам. Жамият мажбур қилади ўғирлик қилиб болаларингизни боқишга, ўқишга киритишга, Исмат ака! Ўша сиз китобларингизда мақтаётган Ислом Каримов қурган жамият ва давлат ўғирлик билан, жиноят билан оила тебратишга, умргўзаронлик қилишга мажбурлайди одамни. Ахир бунга қандай қилиб чидаш мумкин?
Рости мен ҳамма гапни кутган бўлсам ҳам, лекин ёш бир ўспириндан бундай оғир ва аччиқ, лекин салмоқли ва одамни ўйлантириб қўядиган гапларни кутмаган эдим…
Ҳаракатнинг яна бир ёш аъзоси Сарвар Усмон билан ҳам мен Прагада танишдим.
Отаназар Ориповга жиян бўлган бу кўркам ва келишган йигит Эдмонтоннинг газ ва нефт соҳасидаги йирик ва нуфузли компанияларининг бирида хизмат қилади.
Инглиз тилини равон гапирар, оғир, босиқ ва камгап бўлиш билан бирга жуда билимли ва фикри доираси кенг, салоҳиятли ва истиқболли йигитлардан эди.
Биз Сарвар билан олдин ҳам телефонда бир икки гаплашган эканмиз. Хусусан, Отаназар Орипов Канадага келган пайтда бизга телефонни Сарвар улаб берган экан.
Аввал Шуҳрат Бобожоннинг уйида, сўнг «Қурултой» бошлангач, мўҳташам меҳмонхонада ўтган уч кун давомида Сарвар билан ҳам анча мавзуларни гаплашиб, гурунг қилдик.
Менга унинг ўта камтар ва мулоҳазалиги, айтаётган гапини айтишдан олдин ҳамиша тарозига солиб кўриши ва катталар даврасида гапиришдан кўра эшитишни афзал билиши жуда ёқди.
Қурултой тугаб, ҳамма ўз юртига кетишга ҳозирлик кўраркан, у секин олдимга келиб: «Исмат ака, менга оқ йўл тиланг, мен Туркияга бўлажак келинингизни кўргани кетяпман» деб қолди кулисираб.
— Насиб этса ҳали тўйда қатнашиб, даврага ўзингиз бош бўлишингизни истардим, — деди сўнг қизариб…
Кейин билсам, у яхши кўрган қиз туркияда яшар, Сарвар Қурултой баҳонасида унинг ёнига ҳам ўтиб, сўнг Канадага қайтишни режалаган экан…
Нима ҳам дердик?! Замонавий ёшларга нима ҳам дейиш мумкин? Во, ажаб!
Қаранг, куёв бўлмиш Канаданинг Эдмонтонида яшайди. Келин бўлмиш нозанин Туркияда. Прагадаги Қурултой баҳонасида бўлажак куёв ҳам ўзининг, ҳам сиёсий раҳбарининг, ҳам маънавий муридлари — ота онаси ва бўлажак қайнота ва қайноналарининг кўнглини олиб, сафар қилади.
Қандай яхши. Бизларнинг ёшлигимизда бунқанги гап сўзларни етти ухлаб, туш кўриб ҳам бўлмасди…
Бахли замонанинг ростдан ҳам бахтиёр Сарварига оқ йўл тилаб қоларканман, беихтиёр Эркин Воҳидовнинг «Ҳозирги ёшлар» шеъри ёдимга тушди:
Қари толга суяб ирғай асони,
Оқсоқол сўрига аста ёнбошлар.
Хаёлдан ўтказар кори дунёни,
Эҳ, ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар…
У аср тенгдоши, бутун умр энди
Кеча кўрган тушдай кўзи олдида.
Йигирма ёшида Амирни енгди,
Водийга сув очди ўттиз олтида…
Ёшлигини эслар, уф тортар секин
Салгина чимрилар оқ тушган қошлар.
Биз ҳам ёш бўлганмиз бир пайтлар, лекин
Бошқачароқ чиқди ҳозирги ёшлар…
Ўктамни ҳалтидан тинч қўймас қизлар,
Ярим тунда қайтар уйга ҳамиша.
Унда бўлмасак ҳам илмда бизлар,
Лекин кучли эди одоб, андиша.
Бировнинг қизига сал қараб қўйсак,
Бизлар аталардик шух ва бебошлар.
Баъзи киноларми бузмоқда андак,
Капалакмижозроқ ҳозирги ёшлар…
Энди буларга ҳам ҳар қалай оғир,
Замон шитоби тез, парвози тикка.
Кеча тили чиққан Наргиза ўқир,
Биринчи синфда математика.
Бизлар ҳафтиякдан бошлаган эдик,
Булар икс билан игрикдан бошлар.
Дуруст зеҳни ўткир, қадами тетик,
Ўзимизга тортда ҳозирги ёшлар…
Истеъдодли шоиримиз шеърининг шу парчасини талабалик хотирамда қандай қолган бўлса, шундайлигича қоғозга туширарканман, баъзи эсдан чиққан жойларида ўз «тўқималарим»ни ишлатган бўлсам, Эркин акадан ва у кишининг талабчан мухлисларидан узр сўрайман…
Бир томондан Ислом Каримов ўзи ва олиб бораётган қатағон сиёсати билан келишолмаган бутун бир авлодни муҳожирликка ҳайдаб тўғри қилди деб ўйлайман баъзан.
Агар Сарварнинг тоғаси — олим ва профессор Отаназар Орипов сиёсат билан шуғулланмай ўша политехника иститутида тинчгина кафедрасига мудирлик қилиб юрганида эди, унинг ўзи тугул жияни Сарвар ҳам бугун Ўзбекистон қабиғида ўз ташвиш ва ғамлари билан ўралашиб ҳамма қатори шўрлик ва бечора, пулга зор ҳолида қолиб кетган бўлишарди…
Бугун Отаназар Орипов кимсан «Эрк» партиясининг Бош котиби. Муҳаммад Солиҳнинг ўнг қўли. Бугун у билан ҳатто расмий Тошкент мулозимлари ҳам ўйлаб муомила қилишади, у билан ҳисоблашишга мажбур бўлишади.
Йўқса, Прагада ўтадиган бу Анжуманга иштирок этиш учун унга рухсат ва чиқиш визаси беришармиди…
Биз яна Ислом Каримов сиёсатини қатағон сиёсат деб танқид қиламиз. Уни диктаторликда, одамларни мамлакатдан чиқармай, ҳақ ҳуқуқларини оёқ ости қилиб, чет элдан иҳоталаб ушлаб туришликда айблаймиз…
Шунингдек у кишининг жияни Сарвар Усмон ҳам бугун Канададаги дунёга машҳур газ ва нефт шуъбасининг сиз билан бизнинг тушимизга ҳам кирмаган маошини оладиган истиқболли ходими бўлиб ишлармиди?
Йўқ, албатта!
Мен Ўзбекистон президентининг «репрессив» сиёсати боис хорижга кетиб, дунёнинг машҳур кишилари бўлиб қолган сиёсатчилар ва бизнесменлар, шоир ва ёзувчилар ҳақида ҳали алоҳида ҳикоя қилиш ниятидаман…
Майли, яна бугунги мавзуимизга қайтсак. Биз Прага Қурултойи боис Муҳаммад Солиҳ атрофидаги энг ёш ва садоқатли йигитлар, бир сўз билан айтганда унинг ишончли издошлари ҳақида ҳикоя қилаётган эдик.
Ана шундай йигитлардан яна бири жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров.
Мен Улуғбек ҳақида олдин эшитгандим, хусусан унинг Европа Иттифоқи давлатлари талаби билан ўзбек қамоқхонасидан озод қилиниб, сўнг Қозоғистон орқали Канадага етиб келганини билардим.
Кейин ҳам хабарлашиб, ёзишиб турдик. Лекин шунчаки, одамгарчилик нуқтаи назаридан, холос.
Мен уни Прагада учратиб, танидим. Уч кун ичида бир биримизни яхши билиб, қадрдонлашиб кетдик.
Ўрта бўйли, истарси иссиқ, оғир, босиқ ва энг муҳими ориятли йигит экан Улуғбек.
Улуғбекнинг менга ёққан яна бир жиҳати — бағри кенглиги ва кечирувчанлиги бўлди.
Прагада учрашган илк кунимизда у «Янги дунё» сайтида ўзи ҳақида танқидий материал чиққанини айтаркан, на уни ёзган Эгамназар Шаймановни, на уни эълон қилган сайт муҳаррири Юсуф Расулни, ҳеч кимни ёмонламади.
Аксинча, «улар менинг дўстларим эди» деб айтди, холос. Фақат: «бу ишларнинг бошида бизнинг ёши улуғ бир устозимиз турган бўлиши мумкин, бўлмаса Эгамназар буни ёзмасди» деб қўшиб қўйди…
«Қурултойда нима қилиб юрибсиз» деган саволимга
— Мухолифатда Муҳаммад Солиҳдан бошқа лидер йўқ, шунинг учун ҳам биз у билан биргамиз ва охиригача бирга бўламиз! — деб қисқа ва лўнда жавоб берди Улуғбек.
Мен унинг кўзларига боқиб, бу сўзларни юракдан айтаётганига ва у ўз сўзига амал қиладиган йигит эканига иймон келтирдим…
Йўлдошвой Очилов ҳақида ўтган қисмларда бир оз айтдим. Яна айтаман. Айтгим келаяпти.
Чунки ниҳоятда самимий ва дилкаш, кўнгли тонглар каби тоза ва бегидир бу йигит бир кўргандаёқ одамда яхши ва илиқ туйғулар қолдиради.
Йўлдошвой ҳам бошқалар каби Самарқанднинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғида тинчгина яшаб юрса бўларди. Лекин у бундай қилолмади.
Район милиция бўлимидагиларнинг адолатсизлиги, порахўр ва юлғичлиги уни ҳам ўз қишлоғи қабиғидан чиқиб, ҳаётга кенгроқ назар ташлашга, адолат ва диёнатни излашга мажбур қилди.
— Арзимаган нарса учун қамаб, сўнг пул талаб қилишди. Уриб, кўзимни то ҳануз ёшланадиган қилиб қўйишди. Ҳатто Швед хирурглари ҳам буни даволашнинг уддасидан чиқишаолмаяпти…
Йўлдошвой билан мен Шуҳрат Бобожоннинг уйида турган дастлабки кунларда ўша ҳовли атрофидаги дарё бўйларида сайр қилиб, кўп гаплашдик.
У тақдир тақозоси билан Муҳаммад Солиҳга учраганидан то ҳануз миннатдор.
— Москванинг вокзал ва аэропортларида, ўзбеклар ишлайдиган қурилиш ва корхоналарда эртадан кечгача “Эрк”ни тарқатиб, кун кечирардик, — деб хотирлайди Йўлдошвой.
Газеталарни қаердан олардинглар деган саволимга “Пирмат Туркиядан юборарди” деб жавоб берди.
Ҳозир Швецияда яшаётганини, аллақайси “благотворительний” жамоат ташкилотининг фермасида отбоқар бўлиб ишлашини айтаркан, “Биз томонларга бир келсангиз яхши отларим бор, мазза қилардингиз от миниб” деб майингина жилмайиб қўйди…
Самарқандликдан кўра кўпроқ Чироқчининг жонқовулларига ўхшаб кетадиган бу содда ва самимий йигит билан қадрдонлашиб қолганимдан мен ҳам мамнунман…
Муҳаммад Солиҳга садоқатли йигитлардан яна бири — Тўлқин Қораев.
Узун бўйли, қорачадан келган, камгап ва камтарин бу йигитни Сиз ҳам яхши танисангиз керак.
Қашқадарёда тинчгина юрганида бирор бир мактабда адабиётдан дарс берар ёки фермер хўжаликларидан бирига бошчилик қилган бўларди, эҳтимол..
Балки йиллар ўтиб, депутат ва ҳоким ҳам бўлиши мумкин эди. Шарт эмас, қайси ҳоким — районгами, вилоятгами. Энг муҳими раҳбарликка муносиб, оғир, босиқ ва мулоҳазали йигит.
Йўқ, қалбидаги адолатга бўлган ихлос, ҳақиқат учун кураш уни ҳам Ватанни тарк этиб, хориж эллар сари юз тутишига сабаб бўлди.
Лекин тақдир унга бошқа бир аччиқ қисматни раво кўрди…
Мен эрта бир кун Муҳаммад Солиҳ атрофидаги йигитлардан, агар лозим бўлиб қолса, айнан Тўлқинга ўхшаган оғир, босиқ ва мулоҳазали издошлари унинг ишини бемалол давом эттириб кетишига ишонаман.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ҳокимиятга замонавий ва демократик йўллар билан келишидан умидвор яна бир эъзоси – Қудрат Бобожонов.
У Муҳаммад Солиҳнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари бўйича энг яқин ёрдамчиси ҳам. “Туркистон ТВ”нинг мутасаддиси – бошловчи ва олиб борувчиси.
Шу билан бирга у Галимахоним муҳаррирлик қилаётган ва мухолифат сайтлари орасида энг кўп ўқилаётган “Узнюснет” сайтининг ўзбекча нашри муҳарририри ҳам.
Қудрат ҳам содда ва дилкаш йигит. Истеъдодли тележурналист. Ундаги бу истеъдод ҳали Хоразмдаёқ — акаси бошчилигида очилган биринчи мустақил телевиденияда шаклланган бўлса, не тонг!
Мустақилликнинг дастлабки йилларида бутун Хоразм ва Қорақалпоқ ҳудудларини ўзига “бўйсунидириб”, одамларни демократияга ўргатган, уларнинг “кўзини очишига” хизмат қилган бу мустақил телевидения довруғи Тошкентга ҳам етиб борган ва аллақачон ўзбек мулозимларининг ҳам юрагига қулғула солиб улгурган эди…
Бугун — бир пайтлар истеъдодли рассом Шуҳрат Бобожонов раҳбарлиги остида Хоразмда довруғ таратган мустақил телевидения ижодкорлар гуруҳининг аксарияти хорижда, муҳожирликда…
Биз бугун уларнинг истеъдодли бир вакили – Қудрат Бобожонов ҳақида ҳикоя қилдик, холос.
Швецияда яшаётган Йўлдошвой Очиловнинг менга Пирматжон ва унинг “Эрк” газетасини тарқатиш бўйича Туркияда қилган хайрли ва савобли ишлари ҳақида айтиб берган жўшқин ва сермазмун ҳикояси Муҳаммад Солиҳнинг атрофида ростдан ўз мақсади йўлида собитқадамлик билан тенгсиз курашга кирган фидойи ва қайтмас ёшлар борлигидан далолат берарди…
Ниҳоят мен уларни бу Ҳаракатга етаклаб келган нарса нима эканини англагандек бўлдим.
Бугун бу ёш инсонларни бу Ҳаракат ва унинг етакчиси атрофида тўплаган куч на моддий манфаат, на-да бирор бошка бир ғаразли нарса эди.
Улар Ўзбекистон тақдири учун чиндан хам куйинган, ўз эътиқодининг аскарлари эди.
Улар Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Ўзбекистон келажагига таъсир килишига инонган ёшлардир.
«Муҳаммад Солиҳнинг атрофида нега ёшлар кўп?» деган саволга Прага Қурултойи давомида мен топган жавоб эди бу…
Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ. экан.
Ўзбек мухолифатининг аксарияти Ўзбекистонда тезроқ раҳбар алмашиб, ўзгаришлар бўлса, биз Ватанга қайтсак дейди.
Ҳа, аксарияти шуни ўйлайди ва орзу қилади.
Биз бу ерда адашмадик: Орзу қилади, холос.
Лекин Муҳаммад Солиҳдан бошқа бирортаси бирор бир ҳаракат ва интилиш қилганини сезмадик.
Улар ҳам атрофига тўрт беш одамни тўплаб, ортидан эргаштириб, Прагадаги Қурултойни қўяверинг – уйида бўлса ҳам бир давра қуришни эплай олишмайдилару, лекин ваҳималари, иғволари дунёни бузади.
Муҳаммад Солиҳ ҳам уларга қарши, ҳам ҳукуматга қарши, ҳам юзсизлик ва ёлғонга, иккиюзламачиликка қарши тенгсиз ва беомон курашга кирган.
Лекин улар буни тушунишни исташмайди. Расмий Тошкентга ёқайлик деб унинг оёғидан олишга, уни чалишга, унинг йўлларига тўғаноқ бўлишга интилишади.
Расмий Тошкент эса уларни аллақачон ўз рўйхатидан аабадул абад ўчириб юборганини хаёлларига ҳам келтиришмайди…
Улар билмайдики, Ислом Каримов айнан мана шу қарама қаршиликлар ва сотқинликлар гирдобида қолгани учун ҳам қалбан ҳар доим Муҳаммад Солиҳнигина ҳақиқий рақиб ва ҳалол курашувчи мухолиф деб тан олади…
Бизнинг вазифамиз аслида бировнинг тарафини олиш ёки кимгадир хайрихоҳ бўлиш эмас эди.
Биз Муҳаммад Солиҳ ва унинг Халқ Ҳаракатига боғлиқ ва оид воқеаларни таҳлил қиларканмиз, ўз фикримизни АДОЛАТ мезонида тортиб айтишга ва унга муносабат билдиришга ҳаракат қилдик, холос.
Ўзбекистон Халқ ҳаракати бугун истайсизми-йўқми, ҳукуматнинг ҳам, мухолифатнинг ҳам энг кўп гапириб, муҳокама қиладиган мавзуси.
Хусусан, Прага Қурултойидан сўнг Ўзбекистон Президентининг ички Фармони билан мамлакат куч ишлатар ва хуфия тизимларидаги бир гуруҳ юқори лавозимли мулозимлар ўз вазифаларидан олинганликлари ҳақида хабарлар мавжуд.
Бизнинг назаримизда ишончли манбалардан олинган бу хабарларда жон бўлса керак.
Расмий Тошкент шу пайтга қадар давлат раҳбарини Муҳаммад Солиҳ тамом бўлган сиёсий мурда деб ишонтириб келган.
Лекин факт ва далиллар ўжар бўлади дейишганидек, Прагада бўлиб ўтган сиёсий машварат ва бу машварат ҳақида бизнинг ёритаётган очиқ ойдин эътироф ва лавҳаларимиз расмий Тошкент ва Ўзбекистон раҳбарларининг Муҳаммад Солиҳ сиймоси ва салоҳиятига сал бошқача кўз билан – ҳушёрроқ ва эҳтиёткорроқ бўлиб қарашга ундаётган бўлса, не тонг!
(давоми бор)