”Ўзимни йўқотиб, ўзлигим топдим…“
Чорибой олти қиздан кейин тилаб топган ўғлини еру кўкка ишонмасди.
Қайга борса, ўғлини ўйлаб, дам ўтмай уйига қайтаверадиган одат чиқарган Чорибой аввалида кўпкаридан ҳам чиқиб кетди.
Кейинчалик эса, ўғли атак-чечак юриб, ”атта, атта“ деб тили чиққач, усиз уйдан бир қарич ҳам нарига ҳатламайдиган бўлди.
”Юрасизми болали хотиндай“ деб жаврарди аёли Чорибойга ҳар гал эри уйдан чиқаётиб ўғлини даст кўтариб эгарининг олдига мингаштираётган чоғ.
Шундай кунларнинг бирида, (бола 5 ёшга тўлиб қолганди) Чорибой ўғлини отига мингаштириб, қайси бир тўйдан қайтаётганди.
Кун иссиқ, ”оловдек чанг“… йўлда учрайдиган яккам-дуккам янтоқларни демаса, адир бутунлай қовжираб битганди.
Ниҳоят қандайдир дарахтнинг қуриб қолган улкан танаси олдидан ўтаётганларида, отасига чуғур-чуғур савол беравериб жимиб қолган, иссиқ элитиб, мулгий бошлаган кенжатой тўсатдан эгарнинг устида безовталаниб, қимир-қимир қила бошлади, сўнг бетоқатланиб, ўз-ўзидан ҳиқиллаб, инжиқланишга тушди.
— Ҳа, уғлим? Ҳа, ҳа, — эркалатди отаси.
— Даштга-а, даштга чиқама-а-а-н… — ғингшинди кўзларини зўрға очган бола. Ота ўғлини белидан ушлаб, ерга қўяр-қўймас, бола билқиллаган қайноқ тупроқни диконглаб, ялангоёқ кечганча ўша, қуриган дарахт томон чопқиллаб кетди. Дарахт от турган жойдан йигирма қадамлар нарида эди. Шунга қарамай бола иссиқнинг кўзида туриб сийгиси келмаганиданми, дарахтнинг олачалпоқ соясигача югуриб чаппа ўгирилгади-ю, икки оёғини кериб олганича тек қатда ва кулумсираб қараб турганди.
— Ота, қаранг, ота қаранг! — ҳовлиқиб, чақира қолди ўғли. Бола ҳадеб дарахтнинг танасига ишора қилар, тинимсиз ”вуй, вуй“ларди.
— Ота, қаранг чумчуқнинг боласи боракан, олай, ота, олай-ай, — инжиқлик билан ер тепинишга тушганди бола…
Шундагина отаси бошини кўтариб, дарахтнинг тепасига қаради. Ҳақиқатдан ҳам дарахтда қушнинг каттагина уяси бўлиб, бироқ у ерда ҳеч нарса йўғлиги кундай равшан эди.
— Ҳовпа қилинг ота, ўзим оламан, ўзим! — хархаша қила бошлади бола ҳатто нима учун келганини ҳам унутиб, тиззасига довур тушиб кетган иштонини апир-шатир қайта кияркан. Боласининг ҳар бир буйруғини атоаткор жиндек бажараверишга ўрганган ота уни елкасига олди. Бола қиқирлаб, товонлари билан отасининг кўкракларига гурс-гурс тепди.
— Ҳа, давай, давай! Чу, отим чу!
Бола уяга узалиб, бўйи етмади шекилли, ”ота, оёғимди маҳкам ушлаб туринг“, деди-да, Чорибойнинг яғринига ёпишиб турган думбасини ҳам кўтариб олди ва бирдан… отасининг елка, бўйинларини жизиллатиб сийиб юборди.
— Ҳай, уккағарди ули! Нима қилиқ, ў, аҳмоқ! — қоринларига довур оқаётган сийдикдан ижирғаниб, шартта болани елкасидан туширди-ю, якка-ю ёлғизининг икки қўли икки ёнига шалоплаб тушганидан сесканиб кетди.
Шошиб, болани ўзига қаратди. Боланинг боши шўлқиллаб чап елкаси устига қийшайиб тушган, кўзлари чақчайиб, оғзидан тили осилган ҳолда қотиб қолганди. Бола ўлик эди.
Биз Чорибойнинг бу фожиадан қай аҳволга тушганини тасвирламоқдан ожизмиз. Қурбимиздан келадиган ягона нарса шуки, бу кўргуликдан роппа-роса бир соат ўтгач, ўлик бўлиб гўрда йўқ, тирик юриб сонда йўққа айланиб қолган Чорибойнинг кўзи ёшлардан қатқалоқдек қотган қорачуғлари узоқдан оловдек ловуллаб ёниб келаётган чавандозни кўрди. Кўрди-ю, кўргуликдан сўқир тортган шуурига келган ягона фикр ўғлимдан жудо бўлганимни эшитиб қишлоқдан одам келаётир, деган мантиқсиз ўй бўлди ва янада баралла ”Вой ўғлим“лаб бўкира-бўкира йўловчи томон пешвоз юра бошлади. Бироқ қаршисидаги чавандознинг бутунлай бегона йигитлигини кўриб, бўзлашдан тўхтаса-да, бир сўз айтишга ожизлигини билдириб, пешонасига ура-ура ҳиқиллашга тушди.
— Ё оллоҳим! О, яратганим! Мен яна кечикдим! Кечикдим!!! — ҳўнграб юборди йигит ҳам. Чорибой гилам хуржунга ўралиб, эгарнинг олдига кўндалангига ётқизиб олгани ўғлининг майити оёқларини ўпиб-ўпиб йиғлаётган бу бегона йигитга энди фаросат билан зингил солди. Йигит бош адоқ қизил либос кийган, бошида ҳам қадимги қаландарларнинг кулоҳини эслатувчи қип-қизил қалпоқ бўлиб, ҳатто отининг эгар-жабдуқ, ёпқич-хуржунлари ҳам атайдан қилинганидек шу рангда эди… Одатда эркаклар қизил ранг кийишни хушламайди. Аммо бу хушсурат йигит учун дунёда бошқа ранглар мавжуд эмас чоғи.
— Сиз кимсиз? — ўғлининг ўлигини-да қизғангудек бўлиб сўради Чорибой бироз шубҳали, бироз таҳдидли товушда. Ҳамон болакайнинг очиқ қолган, ҳалигина ўзи кечиб чопқиллаган тупроқ гарди кетмаган оёқчаларини кўзёшлари билан селоб этган йигит оҳиста бошини кўтариб Чорибойга қаради ва ғалат чинқирганча кўзларини кафти билан беркитиб олди. Сўнг яна қаршисидаги йўловчига тикилди.
— Сиз, — сўради йигит қўлларини пахса қилганча, — Сиз илгари ҳам шунақамидингиз?
Хириллаб, шивирлаб берилган бу савол жавобсиз қолди. Тўғрироғи, Чорибой бу йигит айнан нимани назарда тутаётганини тушунмади.
— Сиз илгаридан песмидингиз? Қошу киприкларингиз маховга чалинганмиди? — табиблардек очиқ-ошкор, аммо истиҳола билан сўради йигит.
Чорибой гарангсираб, қўлларига қаради.
— Йўқ, — йигит кўрсаткич бармоғи билан Чорибойнинг бўйни, елкаларини нуқиб кўрсатди, — сизнинг шу ерларингизга қачон пес тушди? — ва қип-қизил хуржунидан суғуриб олган ойна парчасини узатди.
Тамоман лол бўлиб қолган Чорибой ойнадаги ўз турқига қараб, қотиб қолди. Сўнг, … сўнг айб иш қилган боладек катта-катта кафтлари билан бўйнини қоплаган доғларни ишқалашга тушди.
— Шошманг, — деди йигит, сўнг эгаридан энгашиб, унинг эгнини, бошини ҳидлади. — Бола устингизга сийганмиди?
— Ҳ… ҳ… –а-а… томоғи қуриб, зўрға жавоб берди Чорибой.
— Бу ўша! — ҳайқирди йигит қувонгандек — худди ўзи! — сўнг Чорибойга изоҳ берди. — Ўғлингизни қора ёл илон чаққан, бола оғриққа чидолмай сийиб юборган, шундайми? Қаранг, баданингизнинг фақат сийдик теккан жойларигагина пес тушган. Демак, бу аниқ ўша! Бу илоннинг заҳри шунчалар кучлики, бир вужуддан иккинчисига ўтса албатта пес қилади одамни. Ва сизнинг баданингиздаги бу нуқсон энди етти авлод суради, етти авлод!
Чорибой илон аврагандек карахт бўлиб қолганди…
Орадан қанча вақт ўтганини фақат Худога аёну, аммо қуёш энди одамнинг қоқ пешонасидан ловуллаб урарди. Чорибой отини етаклаганча ўша чавандоз йигитнинг гапларини бошини силкиб-силкиб эшитиб, ҳозиргина келган йўлдан орқага қайтарди.
— Мени бахши дейсизми, дамчими, ихтиёрингиз ўзингизда. Аммо етти йилки, мен мана шу қора ёл илоннинг изидан тушганман. Энди етдим деганимда, у менга чап бериб кетади, зим-зиё йўқолади-да, дунёнинг қайси бир бурчагида пайдо бўлганини эшитаман. Шу етти йил ичида уни енгиш мумкин бўлган ҳамма илму-амални ўргандим. Агар, уни шу гал ҳам қўлдан чиқарсам, тамом бўлганим шу! Ахир мен унинг дардида бу дунёнинг барча роҳатидан воз кечганман…
— Уни ўлдириш сенга нима учун шунча зарур? — ботиниб-ботинмай сўради Чорибой. Йигит қаҳ-қаҳ отиб кулди. Чорибой телевизордан кўрган: қадимги ҳукмдорлар ролини ижро этадиган қора қош артист шундай куларди.
— Гўл экансиз, ака! Сизни болангиздан жудо этган газандани нима учун ўлдирмай?
Йигитнинг қисқа тушунтиришдан сўнг, Чорибойнинг қорайиб дудга тўлган қалби фақат қора ёл илонга нисбатан нафрат билангина ловуллаб ёнарди.
— Мен уни ўқийман. Бу дунёда, ё мен қолишим керак ё у! Баччажиш ейдиган илон ҳақидаги эртакни эшитганмисиз? Шайтони лаъин тишлаб олган бир подшоҳнинг елкасидан қора илон ўсиб чиқади-да ”баччажи-ш-ш, баччажиш-ш-ш“ деб талаб қилаверади. Жони хатарда қолган подшоҳ мамлакатдаги барча болакайларни илонга емиш қилади, аммо уни тўйдиролмайди. Бу бир эртак, аммо қора ёл неча юз йиллардан буён яшайди ва фақат ёш болаларга даф қилади. Фақат у болаларнинг гўштини ейиш ўрнига, уларнинг қувватини сўриб олади. Шўрлик ота-оналар эса болаларини ё қўрқувдан юраги ёрилиб, ё Худонинг ажали билан ўлган деб, куйиб қолаверадилар. Чунки қора ёл боланинг баданига тишини ботирмайди. Аввал-авраб ўзига яқинлаштириб олади-да, бир ”ҳап“ билан унинг жонини ямлаб юборади…
— Шошма… агар у кетиб қолган бўлса-чи? — титраб сўради Чорибой кўзларини беш одим наридаги ўша мудҳиш қоқшол дарахтдан узмай шивирлаганча.
— Йўқ! Токи мен шу ерда эканман, у ҳеч қаёққа кетолмайди! У ғанимга чап бериши мумкин, аммо қўрқоқларча ташлаб қочмайди.
Йигит шу сўзларни айтгач, аллақандай дуоларни пичирлаб ўқиганча ерга кўндалангига учта чизиқ тортди ва қизил хуржунидан икки қулоч арқон олиб, бир учи билан ўзининг белига боғлади, иккинчи учини эса Чорибойга тутқазди.
— Ака, мен мана шу учинчи чизиқдан силжиб ўтиб кетмаслигим керак. Учинчи чизиққа силжиб ўта бошладимми, арқонни орқага тортинг, қўлингиздан келганча мени олиб қолинг…
— Агар — сўрамоқчи бўлди Чорибой.
— Агар… ўтиб кетсам, ҳалок бўламан.
— Мабодо?..
— Мабодо уни енголсам, мен пайғамбар, сиз эса саҳобам бўласиз! Қишлоқма қишлоқ — мен қилган мўъжизани одамларга айтиб юрасиз, ҳадсиз бойиб кетасиз, дуркунгина хотинга уйланасиз у эса сизга қўшша-қўшша ўғил туғиб беради!!!
Йигитнинг гапларидан истеҳзони англаган Чорибой миқ этмади ва ўзининг тайёрлигини билдириб, арқонни қаттиқ чангаллаб, бир қадам орқага чекинди. Арқон таранглашди. Йигит биринчи чизиқ қаршисига тиз чўкиб, кўзларини юмиб олди…
— ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛ-ЛОҲ… Атроф тош қотгандек сукутга чўккан, йигит кўзлари юмуқ, унсиз ҳолда дуо ўқирди. Орадан бир неча соатлар ўтиб кетди, йигитнинг вужудидан шар-шар терлар қуйилди. Ҳамон сукунат. Чорибойни мудроқ боса бошлади ва нохос кўзларини ярқ этиб очди-ю йигитнинг, титраб-қақшаб, ҳамон кўзлари юмуқ дуо ўгираётган йигитнинг нақ учинчи чизиқ устида ўтирганини кўриб қўрққанидан арқонни жон-жаҳди билан ўзига томон тортди-ю, дўмбалоқ ошганча орқага юмалаб тушди. Шунчалик пишиқ бўлишига қарамай арқон қоқ ўртасидан узилиб кетганди! Даҳшатдан бақириб юборган Чорибой ўз овозини эшитмади. Англагани шу бўлдики, дарахт тепасидан камон ўқидек отилиб қора ёллари ҳилпираб боши устидан учиб ўтган ўша улкан илон бўлди. Йигит гурсиллаб юз тубан қулади. Шўрлик Чорибой ҳамон даҳшат билан бақирар, аммо мутлақо овози эшитилмасди. Йигит қилт этмас, кулоҳ бошидан учиб кетган, қиз боланикидек узун сочлари тупроққа қоришиб қолганди. Шу топ орқадаги от қаттиқ кишнаб юборди. Ялт этиб ортига ўгирилган Чорибой ўғлининг мурдаси устида узала тушиб ётган, қалинлиги катта одамнинг болдирича келувчи, танаси ғадир-будир қоп-қора илонни кўрди-ю энди чинакамига бўкириб, қўлидаги узиқ арқонни таҳдидли айлантирганча ўша ёққа ташланди. Отига яқинлашди-ю, тахтадек қотиб қолди. Боланинг боши устида адл кўтарилиб турган илоннинг кўзи… йигитнинг кўзлари эди. Бу кўзлардан икки томчи ёш сизилиб боланинг бошига тушди.
— А-а-а-а-а-а-а-а-а!!!
Илон шўлқ этиб, пастга тушиб кетди ва таёқдек қотиб қолди. Оти эса гўёки ҳеч нарса содир бўлмагандек қовжираган ўтларни чидилаб ямларди. Шу чоғ ғалати ингроғ эшитилди. От устидаги ўралган хуржун жимирлади, сўнг…
— Ота, даштга чиқаман, даштга-а-а…
Чорибой ўғлининг овозини тушида эшитдими, ҳушидами, англолмай, бошидаги ёли жиз боланинг сочидек тупроқа қорилиб ётган илоннинг ўлигига тикилганча мадорсиз ўтириб қолди…
— Даштга чиққим келаяпти… — гапирди бола ўраб ташланган оёқ-қўлларини безовта типилатганча…
Сентябрь, Қумқўрғон
1998 йил