• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Алвидо, устоз! («Ўтганлар ёди» туркумидан)

Мар 20, 2016

«Дунё ўзбеклари»дан:
Умр оқар дарё деганлари рост. Меҳрибон устозим, адабиётшунос олим Маҳмуд Сатторов вафот этганига ҳадемай бир йил бўлади.
1 март куни унинг туғилган куни эди. Шу куни унинг Себзордаги хонадонида устозлари, дўстлари ва шогирдлари тўпланиб, Маҳмуд акани хотирлаш маросими ўтказишибди.
Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, узоқ йиллар «Ўқитувчи» ва «Фан» нашриётларини бошқарган тажрибали ношир Наримон Ҳотамов, Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Тошкент Қишлоқ хўжалиги унверситети профессори Абдухалил Қаюмов, таниқли журналистлар Икром Ўтбосаров, Ҳаким Сатторов, Азамат Суюнов, Китобдан келган меҳмонлар ва Маҳмуд аканинг куёвлари иштирок этишди.
Маҳмуд Сатторовнинг энг яқин сафдоши ва устози Наримон Ҳотатовнинг «Маҳмуджон, мен сени соғиндим!» номли марсияси ўқилганда даврада йиғламаган одам қолмади.
Ҳатто ошхонада куймаланиб юрган Мунаввар янгам ва қизлари Наргиза-ю, Сурайёлар ҳам Маҳмуд акамни қўмсаб, соғиниб, ёд этиб — уввос солиб йиғлаб юборишди.
Хотирлаш кечаси сўнггида 16 март, шанба куни Тошкентдаги -«Лабзак» (Олдинги «Сайёд») ресторанида Маҳмуд Сатторов хотирасини ёд этиш кечаси ўтказишга келишиб олишди.
Биз эса олис Канада тупроғида устозимиз хотирасини — у киши ҳақида ёзилган ёдномалар билан ёд этиб, у кишига Яратган Эгамдан жаннатнинг тинч ва сукунатли гўшаю, боғлари макон бўлишини тилашдан ўзга иложимиз йўқ…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
13 март, Якшанба…

 

Исмат Хушев Махмуд Сатторов билан
Суратда: Камтар ва камсуқум устозим, ажойиб инсон, истеъдодли олим Маҳмуд Сатторов билан бирга тушган ушбу сурат энди менга абадий ёдгорлик бўлиб қолди…
Исмат ХУШЕВ:
БУГУН ҚАНОТИМГА ЎҚ КЕЛИБ ТЕГДИ
(1-мақола)

“Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобимга сўз боши ёзган устозим, таниқли адабиётшунос олим Маҳмуд Сатторов вафот этди

 

1. 

Бу дунё бевафо деганлари рост.
Ҳаёт бир маромда давом этиб турган ажойиб кунларнинг бирида  электрон манзилимга келиб тушган бир нохуш хабар мени тамомила эсанкиратиб қўйди:
“Исмат ака, балким хабарингиз бордир-йўқдир, бугун Махмуд Сатторов оламдан ўтдилар, деган хабар келди. Эртага тонгда соат тўртда бомдодда Бодомзор масжидида жанозалари ўқилади. Устоз китобингизга сўзбоши ёзган эдилар… К.Б.”
Маҳмуд аканинг  вафоти ҳақидаги бу машъум хабарни эшитиб, юрагимдан нимадир узилгандай бўлди. Томоғимга аччиқ бир нарса келиб тиқилди-ю, кўзларимдан шашқатор ёш отила бошлади.
Неъмат акам 42 ёшида автомобиль ҳалокатига учраб, бевақт ўлим топганида, орадан  икки  ой ўтар ўтмай, унинг ҳажрида куйиб кул бўлган онаизорим ҳам инфаркт бўлиб, бизларни мангуга ташлаб кетганида, акам ва онам ўлимидан беш йил ўтиб, отам ҳам вафот этиб, тамомила етиб бўлиб қолганимда шундай бўлган эди.
Бугун яна шундай фожеага учрадим. Бугун яна бир энг яқин одамим – акам ва устозимдан ажрадим…
2. 
Маҳмуд ака менга – акам ўрнида акамдек қадрдон, отам ўрнида отамдек меҳрибон бир инсон эди.
Маҳмуд аканинг муқаддас номи мен учун  – юрагимда мангуга муҳрланиб қолган болалигим ва мактаб давридаги ўқувчилик йилларим билан чамбарчас боғлиқ.
У киши мени Китобдаги ўрта мактабда адабиётдан ўқитган, шеърият ва журналистика дунёсига олиб кирган биринчи ўқитувчим, биринчи устозим эди.
Бу дунё шунақа бевафо ва золим экан.
Энди мени йўқлаб, ука дейдиган, хато қилсам, танбеҳ бериб йўл кўрсатадиган, бошимни силаб, кўнглимни оладиган яқин ва меҳрибон одамларим қолмади ҳисоб…
 3.
Маҳмуд ака Китобдаги Алишер Навоий номли 1-ўрта мактабда мени ўқитган, адабиётдан сабоқ бергандилар.
Сўнг Тошкентга кетиб, ажойиб инсон Наримон Ҳотамов директор бўлган “Ўқитувчи” нашриётида ишладилар. Маҳмуд ака –  нашриётнинг аадабий ходимлигидан  – “Педагогика” бўлими мудирлигига кўтарилган истеъдодли олим, Педагогика фанлари номзоди эдилар.
Ўша пайтларда нашриёт ва редакция ходимлари, ижодкорларга яхшигина қалам ҳақи бериларди.
Мен Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларимда, Тошкентга ҳар келганимда менга отамдан ташқари Маҳмуд акам ҳам 40-50 сўм пул бериб юборардилар. Энг кам ойлик маош 60 сўм бўлган бир пайтда устозимнинг бу саҳовати менга  жуда катта иқтисодий имкониятлар яратиб берарди.
Бунинг эвазига мен ҳам ҳар гал Тошкентга келганимда Маҳмуд акамнинг яккаю ягона ўғиллари Дурбек учун ҳали Ўзбекистонда русм бўлмаган Москванинг энг яхши ва қимматбаҳо ўйинчоқларидан, ўзи юрадиган катта катта самокат ва машиналардан совға қилиб олиб келардим.
Ана ўшандай дамларда Маҳмуд акам ва Мунаввар янгамнинг қувончларини бир кўрсангиз эди…
4. 
Кейин йиллар ўтиб ўзим уйландим.
Ўғлим Исломбекка яқинларимдан кимдир каттароқ бир ўйинчоқ ва ё ўзи юрар бирор нарса совға қилса, беихтиёр Маҳмуд акамнинг ўғли Дурбекка Москвадан олиб келган совғаларим ёдга тушади.
Талабалик йилларимнинг — устозим Маҳмуд ака билан боғлиқ ажойиб ва унутилмас хотиралари оғушида бир дам ширин ва армонли ҳисларга ошно бўламан…
5. 
Ислом Каримов ҳокимият тепасига келиб, менга ҳам амалдор бўлиш бахти насиб этди.
Кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов халқ таълими соҳаси раҳбарлигига номзод излаганида мен устозим  Маҳмуд Сатторовни тавсия қилган эдим. Лекин у кишининг номзоди тасдиқдан ўтмади.
Мавлон аканинг энг яқин икки ёрдамчиси бор эди: Бири Шароф Убайдуллаев – Девонда, иккинчиси Ҳалима Худойбердиева – уйда. Ўшалар устозимни бўш ва кўнгилчан, бу лавозимга қаттиққўл ва принципиал одам керак дейишибди. Ҳолбуки, Ҳалима опа Маҳмуд Сатторов билан бирга ўқиган, курсдош эдилар. У кишининг қандайлигини улуғ шоирамиз яхши билардилар…
Кўнгли чўкмасин деб, устозимни  ўзим раҳбар бўлган нашрга Бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари лавозимига ишга тайинладим. (Сурат берилади)
Ажабки, бу тайинловдан кўп ўтмай у кишининг ўзлари ҳам Полвонзода бош бўлган Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” нашриётига директор бўлиб кўтарилиб кетдилар.
Кечагина “бўш ва кўнгилчан” лиги боис Олий мақом Девон тасдиғидан ўтолмаган устозим “Адолат” нашриётига узоқ йиллар қойилмақом  раҳбарлик қилдилар.
Маҳмуд ака қаерда ким бўлиб ишламасин, ҳамиша ижодий жамоанинг энг обрў-эътиборли кишиси бўлиб қолардилар. У кишидаги камтарлик ва камсуқумлик, бетакрор таҳрир санъати, билим ва истеъдод ҳамиша одамларнинг ҳайрат ва ҳурматига, эҳтиромига сазовор бўларди…
6. 
Шу билан бирга Маҳмуд Сатторов адабиётимизда қатор изланиш ва илмий тадқиқотлар олиб борди.
У кишини адабиёт аҳли — Миркарим Осим, Озод Шарофутдинов ва Асил Рашидовлар ҳаёти ва ижоди билимдони сифатида яхши билади ва ҳурмат қилади.
Маҳмуд Сатторовнинг “Олтин зангламас” номли илмий тадқиқоти  ўз даврида катта шов шувларга сабаб бўлган эди. Озод Шарофутдиновга бағишланган “Озод фикр шарафи” номли ёдномаси эса ҳанузга қадар адабиёт мухлисларининг энг суюкли асарларидан бири сифатида эъзозланади.
Мен бугун устозимнинг бу асарини яна бир карра варақлаб чиқдим.  Озод Шарофутдиновнинг ҳаётдаги энг сўнгги дақиқалари ҳақидаги лавҳаларни ўқиб, беихтиёр Маҳмуд аканинг ўзларининг энг сўнгги дамлари ва лаҳзалари ҳақида ўйладим. Ана шундай бир пайтда устозимнинг ёнида бўлолмаганимдан, уни энг сўнгги йўлга кузатолмаганимдан қаттиқ афсусландим,  хижолат чекдим.
Энди Маҳмуд Сатторовнинг яна бир садоқатли шогирди, менинг қадрдон  дўстим, истеъдодли журналист  Азамат Суюновдан устознинг сўнгги дамлари ҳақида бирор нарса ёзиб беришини илтимос қилмоқчиман.
Таниқли мунаққид ва адабиётшунос Иброҳим Ғофуровга бағишланган “Миркарим Осимнинг “иси” номли таҳлилий асари эса бугунга қадар Иброҳим Ғофуровга бағишланган илмий тадқиқотларнинг энг сара ва мумтоз асарларидан бири сифатида ўзбек адабиёти ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланиб улгурди…
7. 
Маҳмуд Сатторовнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ТошДунинг журналистика факультетида бизга сабоқ берган азиз домламиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Сайди Умировнинг “Сўзни улуғлаган инсон” номли ажойиб мақоласи тўйёна сифатида чоп этилган эди.
Бу мақолада Сайди Умиров Маҳмуд Сатторовни ношир ва адабиётчи сифатида ўзбек тили ва равнақига қўшган  улуғ ва заҳматли хизматлари ҳақида мароқ билан ҳикоя қилган.
Ҳа, Маҳмуд Сатторовнинг ўзбек адабиётшунослиги ва педагогикаси ривожида ўзига муносиб нуфузли ўрни бор эди.
Энди бу ўрин бўшаб қолди.
Энди орамизда Маҳмуд Сатторов йўқ…
8. 
Одамнинг ёши ўтиб, умр шоми кўриниб қолса, кўнгли бўшаб, ҳар нарсага ҳам тез таъсирланадиган бўлиб қоларкан.
Ушбу сатрларни ёзарканман, кўзларим тўла ёш. Гўё менинг ҳам умрим шоми келиб, азроил эшигим олдида тургандек, юрагим қоп қора ва қоронғу бўлиб қолди.
Боягина кўзларимга дунё ранг баранг ва фусункор бўлиб кўринарди. Келажакка ишонч, яхши ва ёруғ кунлар умидидан руҳим шод, дилим нурафшон ва обод эди.
Олис олислардан етиб келган бир оғиз шум хабар мени яна адои тамом қилди.
Инсон учун яшаш ва тинч-омон  умргўзаронлик қилиш ҳам аслида улуғ бир неъмат, қутлуғ бир мўъжиза экан.
Тириклик ҳам биз учун бир ҳикмат экан аслида…
9. 
Хорижда туриб  энг яқин одаминг вафотини эшитиш қанчалар оғир ва азобли эканини мен бугун сездим.
Ҳолбуки, мен шу пайтга қадар ўз яқинини йўқотган муҳожиротдаги жуда кўп мухолифат аъзоларига кўнгил сўраб таъзия билдирганман.
АҚШда яшаган Сулаймон Муроднинг аввал ўғли авария бўлиб, сўнг ўзи вафот этди. Абдуманноп Пўлатов оғир касалликдан сўнг бу дунёни бевақт ташлаб кетди. Баҳром Эгамбердиевнинг гулдай қизи кутилмаганда ота онасини айрилиқ доғида қолдириб кетди. Матлуба Азаматова аввал навқирон акасидан, сўнг суюкли онасидан айрилиб қолди. Худди шунингдек Насрулло Саййиднинг  ҳам аввал акаси, сўнг онаси олис Бухорода вафот этишди.
Мен уларнинг ҳаммасига таъзия билдириб, имкон қадар кўнглини кўтаришга уриндим. Лекин барибир ўшанда бу фожеаларнинг ижтимоий, маънавий ва руҳий оқибатларини, аламли ва армонли асоратларини бугунгидек чуқур  англаб етолмаган эдим…
10.
Юсуф Жуманинг онаси вафотини эшитиб, болаларим кўриб қолмасин деб, ижодхонамга беркиниб олиб ўксиб ўксиб йиғлаганман.
Қамоқдан чиққан шоир ўғлини кўролмай, доғда қолган онаизор вафоти мен бир куйдирса, бевафо юрт ва давлатнинг жоҳил сиёсати икки карра куйдирарди шикаста ва шўрлик дилимни.
Матлуба Азаматова ҳам,  Насрулло Саййид ҳам, Юсуф Жума ҳам ўз жигаргўшаларини дафн этиш ва энг сўнгги йўлга кузатиб қўйиш  учун Ватанига боролмадилар.
Яқинлари вафот этган фарзанд ва фуқароларини жанозада иштирок  этиш учун ўз юртига қўймайдиган, Ватан дарвозаларини очмайдиган бошқа яна қайси давлат бор экан бу дунёда?
Узоқларни қўяверайлик, атрофимиздаги бирорта ҳам давлатда бунақа эмас.
Қозоқда бирорта ёзувчи ё журналистнинг бирор юртга қочиб кетганини эшитганим йўқ.
Қозоғистон бирорта ҳам журналист ва ё ёзувчисини, зиёлисини  хорижга ҳайдамаган, қувғин қилмаган…
11.
Юқорида номлари келтирилган Ватандошларим учун ўз яқинларини йўқотиш нақадар оғир ва азобли бўлганини бугун – устозим Маҳмуд Сатторов ўлимидан кейингина ич-ичимдан, юрак юрагимдан аниқ ҳис этдим.
Яқин қариндош уруғнинг жанозасида иштирок этолмай, бир умрлик доғда қолиш азоби қанчалар оғир эканини мен бугун сездим.
Муҳаммад Солиҳ ўз ёрини бегона юртларга кўмди. Фожеанинг бу томони ҳам бор. Ўз юртининг асл ва фидойи фарзандлари Ватандан бадарға қилиниб, уларнинг хоки пойи ёт элларда қолиб кетиш фожеаси…
Мен бу ноҳақлик ва адолатсизликлар абадий давом этмаслигин яхши биламан.
Ҳолбуки, бу фожеалар ўз ўзидан кўпайиб кетгани йўқ.
Буни атай кўпайтираётган мулозимлар бор Ўзбекистонда. Улар шу йўл билан бошқаларга сабоқ бермоқчи бўладилар. Улар бизнинг ҳаммамизни хорижда, ёт элларда абадий қолиб кетишимизни истайдилар.
Лекин уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмайди. Биз ҳали Ватанга қайтамиз.
Бизни қувғин қилганлар эса — бизнинг ўрнимизни эгаллайдилар.
Мен бунга ишонаман!
12. 
Мен тушимда кўпинча осмонларда парвоз этиб юрган бўламан.
Ўнгимда ҳам хаёлан тез тез парвоз этиб тураман. Самоларга, осмонларга учгим келаверади. Негаки, фазолар — кенг ва беҳудуд.
Чегаралар пастда – тўсиқлар, чекловлар ва тазйиқлар, виза ва паспорт маш-машалари  – бари ерда, заминда…
Осмонга чиққанда мен дунёнинг дахлсиз ва чегарасизлигидан хурсанд бўламан.
Кўпинча Ўзбекистон узра учиб юрган бўламан. Яна бир қанот қоқсам, шоир таърифлаган: “Ҳисор тоғларининг нақ этагида”ги «Шаҳри Китобим»га учиб боргандайман.
Бугун ҳам мен Канада узра осмонга кўтарилиб, Ўзбекистон сари юзланганимда ногоҳ қанотимга ўқ келиб тегди…
13. 
Алвидо, Маҳмуд ака!
Маҳмуд акамнинг оиласи – Мунаввар янгамга, ўғли Дурбек, қизлари Наргиз ва Сурайёга мен бугун олис олис муҳожирликдан туриб таъзия билдирарканман, айни пайтда улар учун шундай  аламли, ғамли ва мотамли бир дамда ёнларида бўлолмаганим учун, устозимни энг сўнгги йўлга кузатиб қўёлмаганим учун кўзда ёшу, дилда армон билан узр сўрайман.
Мени кечиринг, янга.
Тақдир ва бугунги сиёсий тузум бизни шу куйга солди.
Устоз-ку энди ўлиб, қутулгандир бу бевафо дунёнинг ғам-ташвишидан. Лекин биз тириклар бу улуғ инсонсиз қандай қилиб яшаймиз энди?
Бугун қанотимга ўқ келиб тегди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
1 май, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада.

 

Маҳмуд Сатторов билан
Суратда:  “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Сатторов (ўнгдан – иккинчи), Бош муҳаррир Исмат Хушев (ўнгдан – учинчи), адабий ходим Суюн Қораев (ўнгдан – биринчи), адабий ходим Азамат Суюнов (чапдан биринчи), Бош муҳаррир ўринбосари Алишер Таксанов (орқа планда – чапдан биринчи),  Бобир Раҳимов (учинчи) директор – ишлар бошқарувчиси, Шуҳрат Соҳибов – масъул котиб ва Дилшод Қосимов (таржимон, адабий ходим) лар Бош муҳаррир кабинетида.
6 шарҳ
  1. Shavkatbek

    Alloh Raxmatiga olsin Ustozingizni ! Yaqinlariga, sizga Sabri-Jamiyl bersin.. Uztozni Oqil kishilar xurmat-extiromlaydi… Men xam erkak bolib yiglagan emasdim ammo Yurt soginchi, Jigarlar diydorini soginib yiglaydigan bolib qoldim… Butun bir mamlakatni uz tomorqasiga aylantirgan, shu Yurtni sevadigan, ardoqlaydigan kishilarini uz Vataniga kirgizmaydigan Allohning yeri-mulkiga xujayinlik qilayotgan zolimlarga Allohning Uzi kifoya qilsin .Senlarga xam boqqan balo bordur. Oyning 15 qorongu bolsa 15 yorug

  2. Рустам (АКШ.Юрист)

    Чукур кайгу билан изхор этган таъзиямни кабул этинг Исматжон! Оллох Рахматига олсин Устозингизни.

  3. Shogird degani shunday bulishi kerak.

  4. Хурматли Исмат ака! Билдираётган таъзиямни кабул килинг. Устозингизнинг жойлари жаннатдан булсин. Биз у кишининг хотираси олдида бош эгиб таъзим киламиз. Сиздек шогирдни тарбиялаб БУТУН ДУНЁ УЗБЕКЛАРИ хизматида куриб кунгиллари тулгандир. Бизнинг казолар эса бутун бир миллатни издан чикара олишмайди. Уларнинг фикрича, буюк олим ва соф виждонли халкимиз урнига чет эллардан кадрлар келиб ишлар эмиш. Бу охирги марра КАПИТУЛЯЦИЯ! БИЗНИНГ ОТА БОБОЛАРИМИЗДАН УЛАР УРГАНИШГАН ЭДИ. Энди биз улардан ўрганамизми? Ўз ақлли ва фидойи зиёлиларини хорижга сургун қилиб, ақлсиз ва сотқинларини олиб қолган Ватан шундай ҳолга тушишиб қолдими? Ватан хоинлари туфайли ушбу азоблар! Наҳот шуни Президент билмаса?

  5. Кунгилни чуктирманг Исмат ака! Биз ҳақмиз, бровдан тилимиз қисиқ жойимиз йўқ! Мамлакатимизда бир оз эркинлик шабадалари тўрса. Албатта очиқ юз билан қайтамиз, мўхожиратдаги барча мўхолиф қарашдагилар билан биргаликда. Ёпиқ жамият тарафдорлари, юраги тор, амалдорларни барча қилмишлари очилгай. Буларга ёмон ният тиламаймиз. Лекин адолат ҳаққи жавоб беришига тўғри келади. Кўпчилик ҳаққини талон тарож қлиш, ўғирлаш, хиёнат билан баробардир.

  6. Малик

    Бандалик, Исмат Ака Устозингизни Аллох рахматига олган булсин. Сизга сабр берсин.
    Узингизни олдирманг, худо хохласа еруг кунлар хам бор. Албатта кийинчиликдан кейин енгиллик келади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *