Исмат Хушев:
Украинадаги жасорат тимсоллари…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
(Надежда Савченко, Шавкат Муҳаммад ва Михаил Саакашвили ҳақида)
1.
Украинада содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораман.
Агар дунё ҳамжамияти бир бўлиб Путиннинг йўлига ғов солишмаганида, Европада Гитлер ва Напалеон типидаги янги бир ҳукмдор бош кўтариши мумкин эди.
Бугун Украинада нафақат украинларнинг, балки бутун Европа, қолаверса — Марказий Осиё, жумладан, Ўрта Осиёнинг ҳам тақдири ҳал бўлмоқда…
2.
Украинанинг жасоратли қизи Надежда Савченко номи бугун бутун дунё халқлари учун мардлик ва фидойилик тимсоли бўлиб қолди.
Ўз шахсий амбицияси ва урушқоқ сиёсатини оқлаш мақсадида Кремл салтанати томонидан тўқиб чиқарилган бу «жиноий иш» бугун бутун дунё афкор оммасининг диққат марказида турибди.
Путин ўз босқинчилик сиёсатини оқлаш учун ҳар қандай ёлғон ва мунофиқликдан ҳам қайтмаслигини кўрсатди бу тўқилган ва уюштирилган «жиноят иши»…
3.
«Майдан» Россияда албатта бўлади!» — деди маҳкамадаги ўзининг сўнгги сўзида Надежда Савченко. — «Путин одамларни куч билан бир умр мутеликда ушлаб туролмайди!»
Путинни энг катта хавотирга солган нарса ҳам аслида мана шу эди: Киевдаги «Майдан»нинг Москвага кўчишидан у қаттиқ хавотирда эди.
Нафақат Путин, балки бутун Марказий Осиё диктаторларини саросимага солиб қўйган эди Украинадаги «Майдан».
Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, бир неча ойлаб Киев марказий майдонида тунаган халқ алал оқибат ҳокимиятни куч билан қўлга киритди.
Хоин Президентни Россия: «Ҳали бизга керак бўласан!» деб ўз паноҳига олди…
4.
Воқеаларнинг бундай ривожланишидан ваҳимаган тушган Путин нима қилиб бўлса ҳам Украинадаги халқ ғалабасини обрўсизлантиришга уринди.
Киевдаги янги раҳбарларни ва давлат тузуми ўзгаришини: «Ҳокимиятни куч билан эгаллаш» ёки «Давлат тўнтариши» деб баҳолади.
Ўзининг бор қудрат ва имкониятини, давлат ресурсларини — ана шу ёлғон сафсатани россияликлар онгига сингдиришга уринди.
Асрлар давомида дўст ва биродар бўлиб келган икки буюк халқни бир бири билан ёв қилиб қўйди. Улар орасига низо ва нифоқ уруғларини солди.
Украинага қилинган босқинчилик уруши оқибатида минглаб одамлар нобуд бўлди, юз минглаб аҳоли бошпанасиз қолди.
Жасоратли Украин қизи Надежда Савченко Путиннинг ана шу манфур сиёсатини бутун дунё кўзи ўнгида шармандаи шармисор қилди…
5.
Дунё ҳали дунё бўлиб оддий бир қизалоқ учун Россия Президентига бу қадар кўп давлат раҳбарлари мурожаат этмаган, уни бу хатарли ва зарарли қадамдан тийилишини жиддий туриб талаб қилмаган эди.
Путин бугун ростдан ҳам саросимага тушиб қолди.
У бўйсунмас украин қизи учун бу қадар катта маломат ва лаънат гирдобида қолиб кетаман деб ўйламаган эди.
Қримни босиб олгани ва Украина дахлсизлигига зарар ва хавф солгани учун Россияни бутун дунё иҳоталаб қўйди, изолация қилди.
Унга эса, ҳурматини қилиб, тегинмай турган эдилар.
Надежда Савченко туфайли энди унинг ўзини ҳам «изолация» қилиб, Президент деган муборак номини ҳам — пес ва моховга чиқариб қўйишди…
6.
Агар Надежда Савченко — ёлғон ва бўҳтондан иборат маҳкама ҳукми ўқиб эшиттирилгунга қадар узоқ давом этган очликдан силласи қуриб, худо кўрсатмасин, ўлиб-нетиб қолмаса, Россия тутқунидан эсон омон қутулиб чиқса, Украинанинг ҳақиқий ва миллий қаҳрамонига айланади.
Ҳамроқул Асқар айтганидек: «Қани менинг ҳам унга ўхшаш синглим бўлса эди…»
Надянинг юзлаб ва минглаб, миллионлаб издошлари Россия ва Ўзбекистонда ҳам ҳам эрта бир кун Путин ва Каримовни ваҳимага солган, халқ озодлиги учун кураш тимсоли бўлган -«Майдан»ни уюштиришларига менинг заррача ҳам шубҳам йўқ!
7.
Дарвоқе, Ўзбекистон ва унинг Украинадаги сиёсати хусусида.
Каримов ҳам худди Путиндек Украина инқилобини ўзи учун жиддий хавф-хатар деб билди.
Шунинг учун ҳам расмий ўзбек матбуоти бу борада айнан Россия сиёсатини олиб борди ва олиб бормоқда. Одамларга Украинадан ўрнак олмаслик, улардан ҳазар қилиш сиёсати уқтирилди.
Ўзбек халқини қўлига қурол олиб, ўз эрки ва ҳуқуқи учун кураши туйғусидан тамомила узоқ тутиб туриш учун, Украина урушида иштирок этганларни жиноий жавобгарликка тортиш сафсатаси тўқиб чиқарилди.
Бу огоҳлантириш ва таҳдид ҳатто Украинадаги Ўзбекистон элчихонаси вебсаҳифасида ҳам эълон қилинди.
Расмий Тошкентнинг бу хавотирлари эса бежиз эмас эди…
8.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейинги чорак аср давомида ўзининг оддий ҳақ-ҳуқуқларидан ҳам тамомила айрилган, эркин ва озод жамиятни, демократия ва ҳур фикр шабадаларини соғинган одамлар, биринчи ўринда ёшлар — Украина инқилобига меҳр билан қарай бошлашди.
Уларнинг баъзилари ҳатто Киевга бориб, украин халқи билан бирга «Майдан»да туришни, инқилобга шахсан ҳисса қўшишни ўзи учун бахт ва шараф деб билди.
Жиззахда туғилиб ўсган, бир муддат Қозоғистон ва Россияда ўз бахтини излаган 33 ёшли оддий қурувчи йигит Шавкат — украинлар учун ҳам, ўзи учун ҳам чин маънодаги ҳуррият истаган ўзбек йигитларидан бири эди…
9.
Дунёдаги энг нуфузли ахборот воситаси бўлмиш — бутун жаҳон матбуот хизмати — ББСда эълон қилинган «Украинадаги ўзбек жангчиси» номли видео лавҳа бугун бутун дунё афкор оммасининг диққат эътиборини ўзига тортди.
Унда Ғаллаоролда туғилган ва бир муддат Қозоқистонда умргўзаронлик қилган сўнг тақдир тақозоси билан Киевга бориб, Украина инқилобига муносиб ҳисса қўшган ўзбек йигити ҳақида ҳикоя қилинади.
Шавкатни мен ғойибона танирдим. Бир икки бор интернетда гаплашганмиз. Ҳатто у билан «Дунё ўзбеклари» меҳмони» рукнида суҳбатлашганмиз.
Суҳбат матни нашримизда эълон ҳам қилинган.
Кейинчалик у билан алоқа узилди.
У бир муддат «Замондош» сайти билан ҳамкорлик қилди.
Бировларнинг таъсирига берилиб, «Дунё ўзбеклари» ва унинг Бош муҳарририга нисбатан носамимий ва носоғлом гап сўзлар айта бошлади.
Украинада ҳам, агар адашмасам, «Замондош»нинг ҳамкори сифатида фаолият олиб борди…
10.
Биз унинг Украинадаги ҳаёти ва фаолиятини диққат билан кузатиб бордик.
У аввал «Қизил Крест» жамияти билан ҳамкорлик қилди, сўнг «Айдар» ҳарбий кўнгиллилар баталони сафида Украина жанубида бўлгинчиларга қарши беомон жангга кирди. Жон олиб, жон берди, ўлим билан юзма юз туриб, Украина тупроғи ва яхлитлигини ҳимоя қилди.
Бир сўз билан айтганда, ўз ҳаётини — ёш йигит жонини хавф-хатарга қўйиб, Украина озодлиги учун курашди!
Матбуотда бу ҳақда талайгина мақола ва матнлар, видео ва аудио лавҳалар мавжуд…
11.
Шавкатнинг бу бетимсол мардлиги ва жасоратини эшитиб, унга нисбатан қалбимдаги гина кудуратлар бир пасда унутилди.
Мен унга чин дилдан ҳавас қила бошладим. Нафақат унга, ҳатто уни ўзига ижодий ҳамкор қила билган нашр ва унинг ноширу муҳаррирларига ҳам айрича кўз билан қарай бошладим.
Қани энди Шавкатга ўхшаган йигитларимиз кўпроқ бўлса деган пинҳон бир туйғу бор эди дилимда.
Мен бугун қалбимдаги шу пинҳон туғуни очиқ ойдин элга ошкор этгим келди.
Мақсадим: Шавкатга ўхшаган иродали йигитларимиз кўп бўлсин!
Улар кўп бўлсагина, ўзбек халқи ҳам ҳақиқий озодликка эришиб, рўшнолик кунларини кўриши мумкин…
Би-би-си Ўзбек хизмати тайёрлаган Шавкат Муҳаммад видеоҳикоясини BBC UZBEKнинг Youtubeдаги каналида томоша қилинг
[vsw id=»xpb2f6gCXgA» source=»youtube» width=»425″ height=»344″ autoplay=»n
12.
Ўз қўлига қурол олиб, ўз эрки ва ҳақ-ҳуқуқи учун муқаддас жангга кириш — бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Шунинг учун ҳам ўзбек ҳукумати Шавкатлардан қўрқади. Шунинг учун ҳам уларни «экстремистик ва террористик» гуруҳлар сафига қўшишни маъқул кўради.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбарияти ўз халқини Украина воқеаларидан узоқроқ ва йироқроқ туришини истайди.
Шунинг учун ҳам Шавкатга ўхшаган озодлик ва ҳуррият ошиқларини қамоқ билан қўрқитади.
Лекин ҳаёт барибир ҳаёт. У ўз мангу йўлидан шитоб билан кетаверади.
Шавкатлар, Украинадаги «Майдан» ва Инқилоблар миллион миллион эрксевар одамлар қалбини мафтун этиб, забт этиб бораверади.
Путин ва Каримовлар, диктатор ва ҳукмдорлар эса секин аста тарих ва ўтмиш қаърига сингиб кетаверади.
Ҳаёт давом этаверади…
13.
Ва ниҳоят бизнинг бугунги учинчи қаҳрамонимиз — Михаил Саакашвили ҳақида.
Мен у ҳақда кўп гапирмоқчи эмасман. Зотан, унинг номи ва жасорати ҳамма нарсани айтиб турибди.
Фақат юрагимда бир ҳадик бор: Уни ғанимлари йўқ қилиши мумкин деган бир ҳадик.
Агар Яратган Эгам унинг умрини узун қилиб, Украинада бошлаган улуғ ва муқаддас ишларини давом эттиришга ва ғалаба билан якунлашга изн берса, қўллаб қувватласа у коррупция ва порахўрликдан тамомила тозаланган янги ва муборак Украина давлатининг халоскори бўлиб тарихда қолади.
Мен бунга ишонаман!
Ана шунда Путин ўзининг сўнгги матбуот анжуманида уялмай нетмай: «Саакашвили — Украин халқининг юзига тупурилган тупук!»деган разиллиги, ҳасадгўйлиги ва иғвогарлиги учун нафақат рус ва украин халқининг, балки бутун дунё хақларининг абадий нафрат ва маломатига, лаънат ва надоматига дучор бўлади.
Агар Саакашвилини украин халқи соғ-омон асрай олса, шундай кунлар келади.
Мен бунга ҳам ишонаман…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
19 март, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
7 шарҳ
7 шарҳ
-
Ukrainadagi bugungi kunni juda sodda va samimiy qilib tushuntirib bergansiz, Ismat aka. Qani endi sizday jurnalistlar ko`prog bo`lsa. Putinning ham o`ziga hos bahosini beribsiz. Qalamingizga baraka, aka. Kam bo`lmang.
-
Балли Исмат ака.
Ўзбекистон катта қамоқхонани ўзгинаси. Мустақиллигимизни сўйъистимол қилган режим амалдорлари қилган жиноятлари учун албатта жавоб бериши керак. Бўлмаса келажак авлод олдида гунохкор бўлиб қоламиз.
“Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейинги чорак аср давомида ўзининг оддий ҳақ-ҳуқуқларидан ҳам тамомила айрилган, эркин ва озод жамиятни, демократия ва ҳур фикр шабадаларини соғинган одамлар, биринчи ўринда ёшлар – Украина инқилобига меҳр билан қарай бошлашди.”
Исмат Хушевнинг бу сўзлари жуда тўғри ва Украинадаги воқеалар Путин ва Каримов тузимларини жиддий хавотирга солиб қўйди. Украина инқилобини нима учун бу диктаторларни ҳалигача қабул қила олмаслиги яхши очиб берилган.
Талантли журналист акамизга яна бир бор офарин ва табрик.
Биз ҳаммамиз ўйалишимиз керак Ўзбек эркаклари бундай жасур, март аёллар қаршисида. Исмат ака сиз бизни кўзимизни очдингиз, менг раҳмат сиздек мағрур зотга. Ўшбу мақолани таъсирланиб ҳис ҳаёжон билан ўқидим. Нима учун руслар ва узбеклар хукумати Ураина инқилобидан бунчалар чўчишини энди тушундим. Яшасин Украина. Яшасин демократия. Яшасин дунё узбеклари.
Украинлар бизни бродарларимиз агарда улар Путин агрециясига тўриб бермаганда. Путин мамлакатимизни қонга бўлаган бўлар эди. Исмат ака жуда тўғри айтибсиз. Каримов Путиндан ҳам жоҳил ёвуз одам. Эркинлик душманларини Надежда Савченкога ўхшаган бир неча ўнтаси йўқ қилишини кўриб тўрибмиз.
Назаримда кучга тайанадиган Путин,Каримов бундай ахлоқсиз одамлар аламзада, тарбиясиз, ҳамма нарсани куч билан хал қилса бўлад деб ўйловчи, жоҳилликка мойил кишилар бўлади. Бу шахслар утмишда юзлари қора бўлиб қолиб халқ томондан ланатланади. Лекин украинадаги воқеларни содда қилиб тушунатрииб бергани учун Исмат акага катта рахмат. Бизди маёғимиз ва йўл кусатувимиз бу “Дуне ўзбеклари сайти.
“Жасоратли Украин қизи Надежда Савченко” – аёл булиб эрга тегса, бола тугиб уйда утирмай хали Ирокда, хали Донбассда урушда юриб нима бор. Эси жойида эмас бу хотиннинг, сизлар гарб пропагандасини куллайсизлар, у ерда яшаб албатта Путинни коралайсиз, Россия туфайли Урта Осиёда тинчлик сакланиб турибди, булмаса АКШ “демократия” экспорт килади ва миллионлар кирилиб кетишини хохлайсизми. Исмат ака кейинги пайтда ашаддий гарбпараст булдингиз, Россия ва Узбекистон хакида реал бахо беринг.
Ukrainadagi bugungi kunni juda sodda va samimiy qilib tushuntirib bergansiz, Ismat aka. Qani endi sizday jurnalistlar ko`prog bo`lsa. Putinning ham o`ziga hos bahosini beribsiz. Qalamingizga baraka, aka. Kam bo`lmang.
Балли Исмат ака.