• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

“Прага кундаликлари” туркумидан (16)

Авг 11, 2012
“Прага кундаликлари” туркумидан (16)
“Прага кундаликлари” туркумидан (16)

Суратда: Ҳайдар Жамол Мақсуд Бекчон билан Қурултойда…

“Прага кундаликлари” туркумидан (16)

Исмат Хушев

Хуллас, Ҳайдар Жамол “Яширин ҳукумат рўйхати”ни эълон қилишни талаб қилса ҳам, Муҳаммад Солиҳ уни ҳозирги вазиятда очиқлаш мақсадга мувофиқ эмас деб жавоб қилди.

Назаримда, жавоб ўринли ва асосли эди.

Қурултой Муҳаммад Солиҳнинг мутлақ ғалабаси билан, муваффақиятли якунланди.

Энди биз ҳам ўз хотира ва кундаликларимизга якун ясасак ярашади.

1. Хўш, Муҳаммад Солиҳ ўз олдига қўйган мақсадига эриша олдими? Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг эндиги мақсад ва вазифаси нималардан иборат?

2. Ўтган йилги — Берлин ва бу йилги — Прага Қурултойларини ўтказиш учун Муҳаммад Солиҳ маблағни қаердан оляпти? Ўзбек мухолифати лидерига ким ва қайси давлатлар молиявий кўмак бермоқда?

3. Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ютуқ ва камчиликлари, қувонч ва қайғулари нималардан иборат бўлди? Кимлар келиб, кимлар кетди унинг сафидан?

Биз энди журналист сифатида ана шу саволларга баҳоли қудрат жавоб топишга ҳаракат қиламиз?

Биринчи саволимизга ўзбек мухолифати лидери берган жавобларни эсдаликларимиз сўнггида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этамиз.

Демак, ҳозир иккинчи саволга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Қурултой катта матбуот анжумани билан якунланди.

Унда делегатлар, меҳмонлар ва журналистлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича очиқ ойдин фикр алмашдилар, истак ва эътирозларини баён қилдилар, саволларга жавоб бердилар.

Қурултой тушга яқин тугаган бўлса ҳам, ташкилотчилар меҳмонларни зудлик билан меҳмонхонадан чиқишларини талаб қилишмади.

Аксинча, ҳаммани кечқурунги хайрлашув зиёфатига таклиф этишди ва истаганлар меҳмонхонада эртага ҳам бемалол қолишлари мумкинлигини айтишди…

Бу мен учун жуда қизиқ ва ўрганишим зарур бўлган ҳолат эди.

Чунки шу пайтгача аксарият Муҳаммад Солиҳни қўлидан бир иш келмайдиган, обрўси йўқ, даври тугаган одам деб биларди. Аниқроғи унинг ғанимлари шундай деб одамларни ишонтириб келаётган эди.

Ҳукумат ҳам айни фикрни қўллаб қувватлаб келаётгани менга маълум эди…

Шунинг учун ҳам мен энг аввало Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг иқтисодий томонлари билан қизиқишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйган эдим.

Бу тушунарли бўлса керак. Зотан ҳеч ким ва ҳеч қайси сиёсий куч маблағ ва иқтисодий кўмаксиз ҳокимиятга келолмаслиги, ҳатто бир мушт бўлиб тугилмаслиги ҳам ойдек равшан эди.

Мен ўз суриштирувимни меҳмонхона манежери (иш юритувчи) билан суҳбатдан бошладим.

Ўзимни унга таништириб, мазкур Қурултойга Канададан мустақил журналист сифатида иштирок этаётганимни, анжуманга келган делегат ва меҳмонлар рўйхати, сони, улар турган хоналар нархи ва умумий харажатлар мени қизиқтиришини айтдим.

Ажаб, меҳмонхона мулозими шу заҳотиёқ ходимларини чақириб, менинг саволларимга аниқ ва муфассал жавоб беришларини буюрди…

Қурултойга таклиф қилинганлар, меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан ташқари жами 53 киши экани маълум бўлди.

Уларнинг ўртача турар жой нархлари 180 – 200 евро атрофида экан.

Анжуман ўтган зал арендаси, ресторандаги уч кунлик зиёфат нархи жами – 18 000 евро бўлибди.

53 кишининг турар жой нархлари бунга кирмайди.

Ўрта ҳисобда 53 кишининг ҳар бирига 200 евродан бир кунга тўланган бўлса, сал кам ўн минг евро бўлади. Буни уч кунга кўпайтирсак – 32 000 евро.

18 000 ни 32 000 га қўшсак 50 000 евро бўлади…

Бунга энди келган одамларнинг саолёт билети ва йўл кираларини ҳам қўшиш керак.

Шахсан менга Прагага жўнашдан олдин келган таклифномада билет пуллари ва йўл кира харажатлари қопланиши айтилган эди.

Уларнинг “Канадага билет пулларини юборамиз, адресингиз ва ё банкдаги ҳисоб рақамларини беринг!” деган таклифига мен: “Ўзим билет олиб бораман, борганда ҳисоблашамиз!” деб жавоб қилган эдим.

Мен харид қилган “Торонто – Амстердам – Прага – Нью Йорк” йўналиши бўйича бориб келиш чипта нархи ва “Шенген” визаси менга роппа роса 1500 долларга тушган эди.

Қурултой якунланиши арафасида Муҳаммад Солиҳнинг иқтисодий ишлар бўйича ёрдамчилари менга бу пулларни 1500 евро қилиб нақд қайтариб беришди.

Демак анжуманда иштирок этган 53 кишининг ҳар бирига ўрта ҳисобда шунга яқин пул берилган бўлса, Қурултой Муҳаммад Солиҳ учун неча пулга тушганлигини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.

Бир неча юз минг евро бўлади бу!

Кейинроқ, Қурултойда иштирок этганлар сони меҳмон ва матбуот ходимлари билан 53 та эмас, 63 киши эканлиги маълум бўлди.

Демак мен юқорида келтирган ҳисоб китобни яна ўн кишига кўпайтириш керак бўлади…

Яширмаймиз, биз Муҳаммад Солиҳнинг бу қадар катта иқтисодий имкониятлари ҳақида олдин ҳам эшитган эдик.

Хусусан, яқинда Ўзбекистондан четга чиққан мухолифат фаолларидан бири хориждаги танишларига Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядаги ҳисоб рақамларидан бирига бир неча миллион пул келиб тушганлигини хабар қилган эди…

Мен ўшанда бу гапларга у қадар ишонмаган, аниқроғи “ёлғон бўлса керак” деб эътибор бермаган эдим. Энди билсам, бу гапларда ҳам қайсидир маънода жон блр экан…

Ўқувчилар бир масалада бизни тўғри тушунишларини истардик. Биз ўзбек лидерининг чўнтагини текшириб, унинг пулларини санаш ва у бу пулларни қаердан оляпти деб аюҳаннос солиш фикридан йироқмиз.

Биз фақат Муҳаммад Солиҳнинг ортида турган давлат ва ҳукумат раҳбарлари ким эканини билишни, уларнинг ўзбек мухолифати лидерини қўллаш мезонларини ўрганишни истардик, холос…

Ҳар бир партия ва ҳаракат сиёсий саҳнага чиқаркан, у биринчи ўринда ўзининг иқтисодий ва молиявий кучларига таяниб ҳаракат қилади, оёққа туради ва охир оқибат ҳокимиятга келади.

Олдин ҳам шундай бўлган бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Муҳаммад Солиҳни шу кунгача пулсиз ва нуфузсиз деб келган одамлар ҳам ўзларини, ҳам ҳукуматни ва ҳам мухолифатни алдаб келганларини мен Прагага бориб билдим.

Муҳаммад Солиҳ кучли сиёсатчи ва кучли мухолифат лидерига айланибди ўтган йиллар давомида.

Унинг ўзини тутишидан мен унинг ортида кучли ва қудратли давлат турганини сездим.

Масалага геосиёсий нуқтаи назардан қараганимизда Ўзбекистонда сўз соҳиби бўлишни истаган учта буюк давлат бор: Америка, Хитой ва Русия.

Маълум тарихий бурилишларда ўзбек мухолифатининг хайрихоҳлигига эришиш истаги шароитга кўра кучайиб ёки сусайиб туриши бу учта давлатнинг ҳар бирида бўлиши табиийдир.

Биз ҳам кузатувларимизда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини дастаклаши мумкин бўлган давлатлар орасида шу учликдан биттаси турганига аминмиз…

(давоми бор)

3 комментария к «“Прага кундаликлари” туркумидан (16)»
  1. Kop izohlarga karab , Praga kundaliklari mavzusi holislikdan chikib, boshka tomonlarga burilib ketarmikin deb korkuvdik — yok , alhamdulilloh tinch tugata oldingiz . Bu hamma uchun yahshi boldi . Fazliddin Yokub . Amerikadan .

  2. «Америка, Хитой ва Русия.
    Биз ҳам кузатувларимизда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини дастаклаши мумкин бўлган давлатлар орасида шу учликдан биттаси турганига аминмиз…»

    Nega endi faqat bu uch davlat? boshqa hech kim yo’q ekanmi?
    Keyin, qanaqa kuzatuvlar? UHH faoliyati sizlarning kuzatuv doirangiz bilan cheklanib qolgan ekanmi?

  3. Америка Узбекистонни хам Ливия ва Сурия каби конга ботирмокчи.Кейин уларга гарбпараст ходимлар керак булади,шунинг учун 3-4 доллар бериб туради вакт-соати келгунча

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *