Ундан ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган Зот, Оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳ таоло, мўминларнинг ҳидоят китоби бўлмиш Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“1. Албатта Биз уни Қадр кечасида нозил қилдик. 2. Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз? 3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. 4. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила барча ишлар билан тушурлар. 5. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир”(1)
Минг ойдан ҳам яхшироқ бўлган кеча “Минг ой” саксон уч йил, тўрт ой бўлар экан. Бундай узоқ бир умрда соғлом бир иймон билан қилинадиган солиҳ амалдан ҳам яхшироқ бўлган бир кеча… Бу ерда минг ойдан мурод, таркибида Қадр кечаси бўлмаган минг ойдир.
Шайхул-ислом Абу-Суъуднинг машҳур тафсирида ушбуларни ёзади: “Бу ифода Қуръон шаънининг нақадар юксак ва олий эканини билдирмоқда. Зеро Қуръоннинг замир ўлароқ ифода этилиши ҳам (“… УНИ Қадр кечасида нозил қилдик”) унинг сариҳ зикр этилишига эҳтиёж қолдирмайдиган даражада маълум ва машҳур бўлганини билдирмоқда. Гўёки Қуръон барча зеҳнларда мавжуддир, ва яна Қуръонни нозил этмоқ феълининг НУНга иснод этилиши (“БИЗ уни … нозил қилдик”) унинг ниҳоят даражада муҳимлигини билдирмоқда. Қуръоннинг нозил қилингани ЗАМОН ҳам “Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз?” ояти билан таъзимот-буюклик касб этмоқда. Зеро бу калима Қуръоннинг олий қадрини мушоҳада этмоқ махлуқот идроки доирасининг ташқари бўлганига, ва унинг моҳиятиниАлломул-ғуйуб (барча ғайбларни билгувчи) бўлган Аллоҳдан ўзга ҳеч ким идрок эта олмаслигига далолат қилмоқда. “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” ояти ҳам шу ҳақиқатни қувватламоқда. Зеро бу оятдан олдин Пайғамбаримиз с.а.в. идрок этмоққа ташвиқ этилмоқдалар ва бу кечанинг не эканлигининг билдирилишига ишорат қилинмоқда. Бу оят ҳам, ўз навбатида, унинг шаънини ижмолий ҳолда баён этмоқда”(2).
Қадр кечаси ҳақида манбаларда қуйидагилар баён этилади.
Ҳоким ва Ибн Абу Шайба, ибн Аббос р.а.нинг шундай деганини ривоят этади: “Қуръони карим тўлалигича (Қадр кечасида) Лавҳул-Маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул-Иззатга туширилди ва 23 йил мобайнида бу ердан Жаброил а.с. воситаси ила Муҳаммад с.а.в.га пайдар-пай нозил этилди”(3).
Ҳоким, Байҳақий ва Насоий, ибн Аббоснинг шундай деганини ривоят этганлар: “Қуръони карим аввал бир бутун ҳолда Қадр кечасида дунё осмонига, сўнгра 20 (ҳижрий – тарж.) йил мобайнида Расулуллоҳ с.а.в.га унинг парча-парча инзоли тамомланди”(4).
“Ал-Қадр: Ҳукм бермоқ маъносидадир. Аллоҳ таоло бу кечада бир йил ичида бўлажак нарсалар ҳақида ҳукм бергани учун бу кечага ушбу ном берилгандир”(5).
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“1. Ҳо, Мим. 2-3. Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз огоҳлантиргувчи бўлдик. 4. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)”(6).
“Муборак кеча”нинг аксар олимлар Қадр кечаси эканига иттифоқ қилганлар. Имом Фахруддин ар-Розий машҳур тафсирида бу кўришнинг далилларини шундай баён этгандир:
1. Аллоҳ таоло “Албатта Биз уни Қадр кечасида нозил қилдик” деган. Бу ерда ҳам “Биз уни бир муборак кечада нозил қилдик” демоқда. Шундай экан, бу ерда зикр этилган муборак кеча, оятлар орасида бирор ихтилоф йўқлиги сабабли, Қадр кечаси бўлиши керак.
2. Ҳақ таолонинг “Рамазон ойидирки, бу ойда (…) Қуръон нозил қилинган” оятидан, Қуръоннинг Рамазон ойида нозил этилганини англаймиз. Бу ерда эса “Биз уни бир муборак кечада нозил қилдик” дейилмоқда. Демак, бу баракотли кеча Рамазон ойида бўлиши керак. Бу муборак кечанинг Рамазон ойида эканини айтган ҳар ким бунинг Қадр кечаси эканини айтади. Шунинг учун бу муборак кечанинг Қадр кечаси экани тушунилади.
3. Аллоҳ таоло Қадр кечасини зикр этаркан: “Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила барча ишлар билан тушурлар. У то тонг отгунича тинчлик-омонликдир” дея марҳамат қилади. Бу оятда эса “У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур” дейилган. Бу ифода Қадр сурасидаги ифодага уйғунлик касб этади. Навбатдаги оятда “…Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир” (Духон:5) дейилса, Қадр сурасида эса “Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила барча ишлар билан…” дейилади. Яна кейинроқ “Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир” (Духон:6) дейилса, Қадр сурасида “У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир” дейилади. Бу васфлар бир-бири билан қиёсланганда, бу икки кечанинг айни кеча эканини англамоғимиз керак”(7).
Муборак Қадр кечаси Аллоҳ таолонинг: “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган”(8) дея юксак шаънини баён этгани Рамазон ойидаги бир кечадир. Бу муборак кечани ҳаққи ила иҳё этган муъмин-мусулмонларга “Раҳматан лил-Оламийн” Муҳаммад с.а.в. мағфират муждасини берганлар.
Абу Ҳурайра р.а. ривояти: Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Кимки Лайлат-ул-Қадр кечасининг ҳақлигига ишониб, Аллоҳдан савоб умидида ибодат қилса, ўтган гуноҳларининг ҳаммаси кечирилади”(9).
Ҳоҳ эркак, ҳоҳ аёл ҳар бир муъмин-мусулмон, Қадр кечасини тоатда, яъни итоат ва ибодатда ўтказгани тақдирда, Расулуллоҳ с.а.в. ваъда этгани мукофотга лойиқ бўлади. Яъни, Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини кечириб, ўзини эса мағфират этилган бандалари сафига киритади. Бу савобга ноил бўлиш ва бу мукофотни ҳақ эта олиш учун, иҳё этилган кечанинг Қадр кечаси эканлигида бирор шубҳа бўлмаслиги лозим. Бу шубҳани кетказмоқ учун эса, Рамазон ойи ҳилолини Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъйин этгани ўлчовга мувофиқ тасбит этиш керакдир. Рамазон ҳилолининг тўғри тасбит этилиши билан бошланган Рўза ойида, яна Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъйин этгани ўлчовга мувофиқ тарзда Қадр кечаси тасбит этилиши керак.
Бу мавзуда Аллома Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Фатҳул-Борий” асарида шундай дейди: “Қадр кечасини иҳё этиш билан Рамазонни иҳё этиш орасида боғлиқлик очиқ-ойдиндир. Чунки Қадр кечасини изламоқ алоҳида бир аҳамият ва бутун бир мужоҳадани талаб этади. Шу билан бирга киши Қадр кечасини топсин ё тополмасин, барибир Қадр кечасини излагани учун ажр-савобини олаверади. Мабодо, Қадр кечасини топса, ажри яна-да кўпроқ бўлади”(10).
Саҳиҳи-Муслим шарҳида бу мавзуда шулар баён этилгандир: “Қадр кечаси ҳақидаги ажр-савобга эришмоқ учун уламолардан баъзиларига кўра, бутун кечани ибодат-ла иҳё этиш шарт эмас. Хуфтоннинг фарзини ўқишнинг ўзиёқ бу кеча учун ваъда этилган ажр-савобига эришмоққа кифоядир. Фақат зоҳирга қаралса, бу кечанинг ажр-савобига эриша олмоқ учун, кечанинг тамомини тоат-ибодат билан ўтказмоқ шарт бўлади. Бу куннинг биргина қисмида ёки кўпроқ қисмида рўза тутиш билан киши рўза тутган саналмагани каби, Қадр кечасининг бир қисмида ибодат қилиш билан бирга, у кеча иҳё этилган саналмайди.
Бу ҳадисларнинг зоҳирига қаралса, мазкур ибодат сабабли, ўтган гуноҳларнинг барчаси, ҳам кабира, ҳам сағиралари авф этилади. Аллоҳ таолонинг фазлу-карами чексиздир. Шунга қарамай, ҳар икки тур гуноҳларнинг кечирилиши мумкин бўлса-да, бу каби ҳадислар хусусида уламои киромларнинг машҳур бўлган мазҳаби – фақат кичик гуноҳлар қасд этилганидир”(11).
Муборак Қадр кечасининг тўғри-саҳиҳ тасбити Рамазоннинг илк куни ҳилолини кўриш билан рўёбга чиқади. Агар Рамазон “руъятул-ҳилол”га кўра тасбит этилмасдан, хато эҳтимоли буюк бўлган бугунги тақвим ё ҳисобчиларнинг ҳисобига кўра эълон этиладиган бўлса, Расулуллоҳ с.а.в.нинг бергани ўлчовдан чекиниш ва залолат бўлади. Шундай қилиб, Рамазон рўзаси янглиш бошланган ва минг ойдан яхшироқ бўлган Қадр кечаси тасбит этилмаган, ва ваъда этилган ажру-савобларга эришолмаган бўлади. Қадр кечасининг тасбит этмоқ, Рамазон ойини Расулуллоҳ с.а.в.нинг баён этгани “Рамазон ҳилоли”ни кўриш билан бошлансагина саҳиҳ бир тасбит юзага келади…
Убода ибн Сомит р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлатул-Қадр қайси куни бўлишини хабар қилмоқ учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: “Мен сизларга Лайлат ул-Қадр бўладиган кунни хабар қилмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда фалончи билан фалончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди, Қадр Кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки йигирма бешинчи кунларида кутингиз!” дедилар”(12).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лайлатул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, рўзанинг тўққиз куни қолганда ёки етти куни қолганда ёҳуд беш куни қолганда кутингиз!» дер эдилар», дейдилар(13).
Оиша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунлари кутингиз, деб айтдилар», дейдилар(14).
Муовия ибн Абу Суфён р.а.дан: Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Қадр кечаси йигирма еттинчи кечадир”(15)
Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Убай ибн Каъбга дедим: «Биродаринг Ибн Масъуд, ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейди».
«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида у батаҳқиқ у(кеча)нинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини билган», деди.
Сўнгра, иншааллоҳ, демасдан қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканини айтди.
«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади», деди». (16)
Аллома ибн Ҳожар ал-Асқалоний Қадр кечасининг вақти ҳақидаги қарашларни нақл этаркан, шундай дейди: “Қадр кечасининг вақти ҳақида йигирма биринчи кўриш, бу кечанинг йигирма еттинчи кеча эканидир. Бу – Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ва (у кишидан ривоят этилганига кўра) Абу Ҳанифанинг кўришидир. Убай ибн Каъб бу кўришни қатъиян қабул қилиб, Саҳиҳи Муслимда келишича, бу ҳақда қасам ҳам ичганлар”.
Абу Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида Қадр кечасини зикр қилдик. Шунда у зот: “Қайси бирингиз ой чиққанини эслайди? Ўшанда у ликопчанинг ярмидек эди”, дедилар.”(17)
Абул-Ҳасан ал-Фарисий эса бунинг йигирма еттинчи кеча эканини айтган. Чунки ой йигирма еттинчи кечада бу шаклни олади.
Ибн-ал-Мунзир: “Қадр кечасини излаган киши йигирма еттинчи кеча изласин” деган.
Шофеийлардан “Ал-Ҳиля” номли асар муаллифи буни уламоларнинг кўпчилигидан нақл этгандир. Йигирма бешинчи кўриш: Қадр кечасини сўнгги 10 куннинг тоқ кечаларида эканинидир. Оиша р.а. ва бошқа саҳобаларнинг ривоятлари ҳам буни кўрсатмоқда. Бу энг кўп танланган кўришдир. Абу Савр, Музарий, Ибн Ҳузайма ва бошқа мазҳаблар олимлардан бир қисми бу кўришни қабул этган. Нақл этганимиз бу кўришларнинг барчаси 23-кечадан кейинги тоқ кечаларга тўғри келади. Бу кўришлар, Қадр кечасининг бу кечаларда эканини билдиргани каби, Қадр кечасини бу кунларга тўғри келишида ҳам иттифоқ қилгандир.
Ибн Арабий: “Тўғриси, бу кечанинг қайси кечада экани номаълумдир” деган. Бунга раддия сифатида Имом Нававий шундай деганлар: “Ҳадислар буни билиш мумкин эканини тасдиқлайди. Баъзи солиҳ кишилар бу ҳақда маълумот ҳам берганлар. Буни инкор этиб, қай кечада эканини билиш мумкин эмас, демоқ бемаъниликдир”(18).
Инсоният учун шоҳид ва васатан уммат, ҳаёт намуналари Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатида баён этилган ўзгармас ўлчовга кўра, “Рамазон Ҳилоли”ни кўриб, Рамазон рўзасини бошлагани тақдирда, Қадр кечаси вақтини тўғри тасбит эта олади, ҳамда бир умрга бадал бир муаззам кечанинг энг буюк хайрларга эриша олади. Тўғри тасбит-ла бу кеча насиб бўлганида эса, ушбу дуо ўқилади:
“Уммул-муъминин Оиша р.а.дан: “Агар Қадр кечасини топсам, қандай дуо қилишимни менга билдиринг” дедим. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳим, шубҳасиз, Сен авф этувчисан, авф этмоқни севасан, бас мени авф этгин!” дегин”(19).
Туркча “VUSLAT” нашридан Райҳона Абдулваҳҳоб таржимаси.
***
Манбалар
(1) Қадр сураси 1-5.
(2) Ислом. Абу Суъуд.
(3) Ас-Суютий, ал-Итқон фи улумил-Қуръон.
(4) Ас-Суютий, ал-Итқон фи улумил-Қуръон.
(5) ат-Табарий, Тафсирут-Табарий.
(6) ат-Табарий, Тафсирут-Табарий.
(7) Фахруддин ар-Розий, Тафсири Кабир – Мафотиҳул-Ғайб.
(8) Бақара сураси 185.
(9) Бухорий, Китобул-Иймон б.25, ҳадис 28.
(10) ал-Асқалоний, Фатҳул-Борий мухтасар.
(11) Муслим.
(12) Бухорий, Китобу сифатут-таровийҳ, б.5, ҳадис 14.
(13) Бухорий, Китобу сифатут-таровийҳ, б.4, ҳадис 12.
(14) Бухорий, Китобу сифатут-таровийҳ, б.4, ҳадис 9.
(15) Сунан Абу Довуд, Китобу шарҳи-Рамазон, б.6, ҳадис 1386.
(16) Муслим, Китобус-Сиям, б.40, ҳадис 220.
(17) Муслим, Китобус-Сиям, б.40, ҳадис 222.
(18) ал-Асқалоний, Фатҳул-Борий мухтасар.
(19) ибн Можа, Китобуд-Дуа, б.5, ҳадис 3850.
«Ўзбекистон Халқ Ҳаракати»