«Дунё ўзбеклари»дан
Ўзбекистон ички ишлар вазири жаноб Аҳмадбоев диққатига!
Ҳурматли Адҳамбек Акрамович!
Сизни ички ишлар вазири этиб тайинлаш ҳақида Фармон эълон қилинганида кўпчилик Ватандошларимиз қаторида биз ҳам қувониб, хурсанд бўлган эдик.
Вазирлик ходимлари томонидан шу пайтгача содир этилган ва этилаётган ўзбошимчалик, порахўрлик ва бошқа бедодликларга бундан кейин оз бўлса-да чек қўйилар, адолатсизликка учраган инсонларнинг шикоят ва аризаларига нисбатан тегишли чора тадбирлар кўрилар деб умид қилган эдик.
Сиз эндигина ишга тайинланган кезларда шундай бўла бошлади ҳам. Лекин сал ўтмай вазият яна олдингидан ҳам баттарлашди.
Бу ҳақда «Дунё ўзбеклари» бир қатор шикоят, ариза ва танқидий мақолалар эълон қилганидан хабарингиз бўлса керак.
Мана бугун «Озодлик» радиоси қонунбузарларни вақтинчалик сақлаш марказида ҳеч бир асоссиз 22 сутка қамоқда ушланиб, бу ҳам етмаганидек — яна 130 минг сўм тавон пули тўлашга мажбурланган 21 яшар Давроннинг арзи доди ва аудио ёзувини эълон қилди.
«Дунё ўзбеклари» бугун «Озодлик»нинг бу мақоласини яна бир бор Сизнинг эътиборингизга ҳавола этишни лозим топди.
Жиловидан чиққан, зулм отига минган ва бениҳоя ҳаддидан ошган бу ноинсоф милисалардан ҳисобот талаб этиб, ёш йигитдан тортиб олинган пулларни айбдорларнинг ўзларидан ундириб, адолатни тиклашда камарбаста бўласиз деган умидда ушбу хатни шахсан Сизнинг номингизга йўллашга қарор қилдик.
Милиция деган муқаддас номга доғ тушираётган бу қонунбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўллаб, одамларнинг қалбида адолат посбони деган шарафли ном нуфузини қайта тиклашда ўз вазирлик бурчингизни бажарасиз деб умид қиламиз.
Ҳурмат билан,
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
6 июль, 2016 йил.
Торонто шаҳри, Канада


Исмат ака, жуда зўр мавзуни кўтарибсиз. Панельний марказ эмас, дегани ИИВ ходимларининг томорқаси. Формадаги товламичиларга пул берсангиз қўйиб юборишади.Яна, ҳар кунига 13000 сўмдан овқат ва жой учун пул талаб қилиб сиртдан суд ҳам қилишади. Сўнг ижроичилар келиб, пулингиз бўлмаса телевизор, холодильникларни олиб кетади. ИИВ вазири буни билмаслиги мумкин эмас, билмаса демак у вазир эмас…