• Ср. Фев 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Пенсия пули – бу мукофот эмас… (Хориждаги журналист шарҳи)

Июл 15, 2016

Яхши-суратимИсмат Хушев: Пенсия пули – бу мукофот эмас…
 Бу давлатнинг Сизга қайтариши керак бўлган қарзи!
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Ўзбекистондан келаётган пенсияга оид ғазабнок хабарлар ушбу мақолани ёзишга ундади.
“Озодлик” радиосида эълон қилинган туркум мақолаларни ўқиб, ажиб бир ҳайрат ва ҳасратга дучор бўламиз.
Ўзбекистонлик  кексаларимиз ўз нафақасини олиш учун почта эшикларида ярим тундан навбатга туришаркан. Ўшанда ҳам олиш ва ё олмаслиги номаълум экан.
Пластик карточкаларга ўтказилаётган пулнинг 40 фойизини нақд бериш айтилган бўлса-да, аммо бу ҳануз қоғозда қолиб кетаяпти.
Вилоят ва қишлоқларимизда пенсияни ўз вақти тугул, олти ойдан бери ололмай, сарсон бўлиб юрганлар жуда кўп, уларнинг сон-саноғи йўқ.
Бу зилзала силсиласи, минг афсуски, пойтахтга ҳам етиб келди.
Бу ерда пенсия пулини бериш бир ой – ярим ойга кечикаяпти…
2.
Ана шундай шармандали бир вазиятда Фарғонадаги Нуронийлар Кенгаши раиси ойнаи жаҳонга чиқиб, ўзидан ҳам нурсиз бир тўда чолларни йиғиб,   пенсия пулини ўз вақтида олаяпмиз деб сафсата сотганига нима дейсиз.
Ҳаётнинг оқ қораси ва яхши ёмонини кўриб улгурган нуронийлар кенгашига – давримизнинг энг табаррук ва мўътабар кишиларига етакчилик қилаётган    нуройний оқсоқолда виждон ва иймон бўлмаса, арзингизни кимга айтасиз?
Мен бугун олис Канададан туриб, телевизор орқали ўз халқини алдаётган ўша етакчига айтмоқчиман:
Эй, оқсоқол! Ахир пенсия бу давлатнинг сизга бераётган мукофот пули эмас, уни олиб, ҳукуматга қайта қайта қуллуқ қилаверсангиз, раҳмат айтиб, мақтасангиз.
Бу ахир давлатнинг сизга бериши ва қайтариши лозим бўлган қарзи-ку! Нега буни бунча мақтаб гапирдингиз? Наҳот шуни билмасангиз, тушунмасангиз?
Сиз ўттиз – қирқ йил олдин давлатга ўтқазиб қўйган ўз пулингиз – сармоянгиз ку. Давлат ўз қарзини вақтида узолмаса, сиз шуни яхши била туриб,  муттаҳамлик кўчасига кирган давлатга қайта қайта қуллиқ қилаверсангиз, қани Сизда виждон, қани диёнат?
Наҳот халқни алдашдан, унинг кўзига куппа кундуз куни чўп тиқишдан уялмасангиз?
Қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаб, давлатга ҳамду сано айтиб юрамиз…
3.
Ўзбекистонда пенсия оладиган фахрийларнинг сони бугун бор-йўғи уч миллион киши атрофида экан.
Давлат  бу масалани ўз вақтида ҳал қилиш учун ҳукумат фондидан махсус лимит ажратиб берса бўлади-ку!
Кўпи билан ярим миллион, нари борса бир миллион доллар билан бу муаммони ҳал қилиш мумкин-ку!
Ё бунинг учун ҳам иқтисод фанлари доктори ва профессор бўлиш керакми?
Ёки Москвадаги Плеханов академиясидан бирорта номдор академик пойига бош уриб, уни таклиф қилишимиз керакми Ўзбекистонга?
Ахир ўша Плеханов академиясидан бир кунда диплом олиб қайтган, қайтиб келгандан бўён дипломи сейфдан чиқмаган Академикларимиз ҳам бор-ку ўзимизда…
4.
Хоразмлик милиция ходими ҳеч тап тортмай давлат банкидан бир варакайига 45 қоп пул ўғирлаб турган бир пайтда давлат ўз фуқароларига пенсия пулини бера олмаганига ажабланмасак ҳам бўлаверади.
Дунё дунё бўлиб, давлат давлат бўлиб, Ўзбекистонда ҳали ҳеч қачон бугунгидай бедодлик авжига чиқмаган, ўғирлик бу қадар ривожланмаган, адолат бу қадар оёқ ости қилинмаган эди.
Пенсияга ёшига етган табаррук кексаларимиз бу қадар хор ва зор бўлмаган эдилар ўз Ватанида…
5.
Президентнинг қизлари хорижнинг сирли ва сеҳрли гўшаларидан миллион миллион долларлик қаср ва саройлар сотиб олиб турган бир пайтда, Ватандаги фахрийларга, нафақадаги пенсионерларга лозим бўлган мисқол даражасидаги пенсия пули наҳот топилмаса?
Ана шундай уят ва шармандали бир вазиятда Ўзбекистон ўз фуқароларига пенсия пулини ўз вақтида бера олмаганидан, давлат хазинаси бўшаб қолганидан энди ажабланмаслик керак.
Давлат бугун жафокаш ота-оналаримизни, донишманд кексаларимизни, табаррук фахрийларимизни зор қақшатгани  – улар ўз фарзандларини кейинги 25 йил давомида сиёсий ҳушёр ва курашчан қилиб тарбияламаганининг энг аянчли оқибатидир. Балки уларнинг ўзи ҳам шунга тайёр эмасдир.
Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган, ўз эрки ва озодлиги учун жон фидо қиладиган авлод ўсиб улғайганида эди – ота оналаримиз кексайган ва куч-қувватдан қолган бир пайтда ҳеч қачон бугунгидай хор ва зор бўлиб қолмас эдилар.
Ана энди бунинг аччиқ мевасини тотишдан ўзга илож йўқ…
Сўнгсўз ўрнида
Бизнинг олис Канададан туриб айтаётган бу очиқ ва аччиқ гап сўзаларимиздан Ўзбекистондаги кексаларимиз, устозларимиз, фахрийларимиз ранжимаслиги керак.
Биз уларни давлатнинг бугунги ёлғон сиёсатига, “усти ялтироқ ва ичи қалтироқ” ҳаётига алданиб қолмасликларини истардик, холос.
Улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов айтганидек:
“Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон.
Шул ширин ёлғонга мендек, алданиб қолғон ёмон…”
 Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

 

Торонто шаҳри, Канада
28 апрель – 1 май  2016 йил.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

9 шарҳ

  1. Shuxrat Normurod

    Дахшатли бомба бўлибди мақола эмас! Ўзбек халқини ўйғонишида муносиб хисангиз бор. Халқимиз бахтига омон бўлинг! Исмат Хушев барибир Исмат Хушев! Унга қойил қолиш керак, тан бериш керак!

  2. O’zbekxon

    “Давлат бугун жафокаш ота-оналаримизни, донишманд кексаларимизни, табаррук фахрийларимизни зор қақшатгани – улар ўз фарзандларини кейинги 25 йил давомида сиёсий ҳушёр ва курашчан қилиб тарбияламаганининг энг аянчли оқибатидир. Балки уларнинг ўзи ҳам шунга тайёр эмасдир”.
    Айни ҳақиқатни ёзгансиз, Исмат ака, қарияларимиз ростдан ҳам ўз экканини ўрайапти. Содда ва тушунарли килиб баён қигансиз бугунги Ватандаги фожеани, унинг илдизларини яхши очиб бергансиз. Қани энди раҳбарла ҳам сиздай бўсайди.

  3. Tangrim dini – Turkiylar dini

    Joyida qoqib qo’ydiz bu dindor oqsoqollarni. Hammasi shunaqa oqni qora deydi qorani o’q deydi.

    • Узбек

      Исмат Хушев жамиятнинг энг огрикли нукталарини тугри топа билади ва диагнозни хам тугри куяди. Бу истедодли журналистни Каримов узидан узоклаштириб катта хато килган.

  4. Исмат Хушев жамиятнинг энг оғриқли муаммосини жуда содда ва самимий тил билан тушунтириб берган. Ўзбек мулозимларнинг аслида ким эканлигини, муттаҳам ҳукуматнинг бир тийинга қиммат эканини жуда ишонарли қилиб таърифлаган. Мана буни ҳақиқий журналистика деса бўлади. Исмат Хушевни ўз соҳасини профессионал эгаллаган ҳақиқий ва ўта маҳоратли журналист деб айтса бўлади. Отасига раҳмат! Биринчи марта мамлакатдаги бу ҳолатга бевосита ҳукумат ва президент айбдор экани очиқ ойдин кўрсатиб берилган. Бу йигит билан бемалол ўзбек халқи онгида инқилоб қилиш мумкин!

  5. Офарин сизга Ҳурматли Исмат ака!
    Бугунги кунимизнинг энг долзарб ва даҳшат мавзусини очиқ баён қилиб, унинг асл сабабларини ҳам юзинг-кўзинг демасдан ёзгансиз.
    Юқори эшелон ва унинг гумашталари 2000 йилларгача коррупцияга тиззасигача ботган бўлсалар, бугун қулоғигача ботибди.
    Ҳақ гапни ёзгансиз, соясидан ҳам қўрқадиган бир авлод чорак асрда вояга етди. Қизил империя давридаги бесоқоллар, бугун оқсоқол бўлди.
    Ўша касофатларнинг дастидан бугунимиз дарбадар, келажагимиз мутлоқ ҳавф остида қолди.
    Негрлар биздан обрўлироқ бугунги жаҳон айвонида.
    “Мамлакат солиқлар бирла ободдур”! Бу олтин сўзларга риоя қилган давлатлар ва уларнинг раҳбарлари аллақачонлар БУЮК КЕЛАЖАКГА ЕТИБ ОЛИШИБ, РОҲАТ ФАРОҒАТДА ЯШАШМОҚДА.
    ЯҚИНДА БИР ЖОЙГА БОРДИМ; 15 ЧОҒЛИК АНДИЖОНЛИКЛАР ИШЛАШАР ЭКАНЛАР, ЧОЙ ИЧИБ БЎЛИШГАЧ ЁШИ 60 ЛАРГА БОРГАНИ ДАСТУРХОНГА ОМИН ҚИЛИШНИ ЯРИМ СОАТГА ЧЎЗДИ;
    БИЗГА ШУНДАЙ ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИБ ҚЎЙГАНЛИГИГА МУҲТАРАМ ПРЕЗИДЕНТИМИЗГА МИНГ РАҲМАТ! ДУНЁ ТУРГУНЧА ТУРСИНЛАР, БОЛА ЧАҚАМИЗДАН ҲАВОТИР ОЛМАСДАН ИШЛАЙМИЗ…

     

  1. Uzbek

    Каримов исмат акани узидан адаштириб тугри киган бумаса хозир акани узлариям жа давлатни мактаб ёзавериб зериктирардилар. Хозир зато китобларини мазза киб укияпмиз…

  2. Oysha

    Исмат ака! Ўз вақтида бу долзарб муоммани кўтарибсиз. Агарда мамлакатимиз ичида ўшбу ёзганларингизни чиқса қий чув бўлиб кетарди. Хозир агар эркин сайловлар бўсайди, сиз мутлак ғалаба қозанган бўлардиз.

  3. vatanparvar

    Исмат аканинг бу мақоласи Каримов тузимининг юзига урилган яхши бир шапати бўлди. Тўғрисини айтиш керак миллатимиздаги хушомадгўйлик одатининг тарғибот даражасига чиқиши давлат миқёсидги пасликдир. Исмат ака шу пасликни жуда тўғнри кўрсатиб бердилар. Исмат ака нималарга қодир эканликларини ҳали бу мутаҳам хукуматга кўрсатиб қўяди. Мен бунга ишонаман!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *