Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг машҳур «Саёҳатнома»сида шундай мисралар бор:
Қолмай шаҳарда тоқатим,
Қишлоқ чиқардим одатим,
Хоҳи яёв, бўлсун отим,
Гоҳ сайр ҳам даркор экан.
Дарвоқе, бу йил Торонтода ёз жуда жазирама бўлди. Ҳаво ҳарорати баъзан ўттиздан ҳам ошиб, қирқларга яқинлашиб қолди.
Бундай пайтда Муқимийнинг шеърида ёзилгани каби, соя-салқин гўшаларда «Гоҳ сайр ҳам даркор экан».
Биз ҳам шоирнинг доно угитларига амал қилиб, жума, шанба ва якшанба кунлари бир гуруҳ ватандошлар билан Торонтодан 200 километр узоқликдаги табиатнинг сўлим бир гўшасига бориб оилавий дам олдик.
Телефон ва интернетни ўчириб, ҳаёт ташвишларини унутиб, бир-ров бўлса-да, ғам, ташвишсиз яшашга қарор қилдик.
Уч кун дунё билан ишимиз бўлмади. Уч кун денгиз бўйида — боғлар бағридаги сўлим бир гўшада бор дунёни унутиб, мазза қилиб дам олдик.
Уч кун ўтиб, якшанба оқшомида яхши кайфият оғушида янги куч ва ғайрат билан Торонтога қайтиб келдик.
Уч кун ичида дунё ўша биз билган дунё эди. Фақат, Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганини, юзлаб одамлар ўлдирилганини, олти мингдан зиёд киши ҳибсга олинганини эшитиб, ажиб ҳайратларга ошно бўлдик…
Хуллас, биз яна Торонтодамиз, азиз мухлис.
Уч кун сайтни янгилаш имкони бўлмади. Уч кун Сизни соғинтириб яшагимиз келди.
Мана бугундан бошлаб яна Сизлар билан биргамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, «Дунё ўзбеклари»нинг ҳар бир ўқувчисига ўзимизнинг энг ширин ва эзгу ниятларимизни изҳор этамиз.