• Пт. Фев 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев – Туркияда (Анталияга саёҳат” туркумидан) 3-қисм

Июл 25, 2016
Яхши-суратимИсмат Хушев — Туркияда
(«Анталияга саёҳат» туркумидан)
1-қисм
Сўзбоши ўрнида
Туркияга бу галги сафарим 20-июндан олдин бўлиши керак эди.
Лекин туғилган кунни уйда, бола-чақам ва оилам бағрида ўтказиб, сўнг йўлга чиқишни лозим топдим.
Дарвоқе, туғилган кун ҳақида.
Тошкентда Пошшо эркатойи бўлиб юрган шонли ва суронли кунларимда, умуман ёш ва оташин, умидли ва истиқболли дамларимда туғилган кун нишонлашни ёқтирмасдим.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди, албатта.
Биринчидан, мансабидан фойдаланиб, зиёфату, тантаналарга берилган деб Президентга етказишларидан чўчиганман. Иккинчидан, ўз келажаги ва истиқболига ишонган одам туғилган кунларини нишонлаш билан ўзини овутиб юрмайди.
Қолаверса, раҳматли отам ҳам менга доим мансабидан фойдаланиб, туғилган кунини нишонлаш баҳонасида қўл остидаги ходимлар ва дўстларидан совға салом ўндирадиган амалдорларни ёмон кўришини яширмасди.
У мени доим ҳалол яшашга, жиддий ва оғир босиқ, камтар ва камсуқум бўлишга ундаб келди. Бугун энди отам ҳам, амалим ҳам, Ватаним ҳам йўқ. Амалсиз қолсанг — ҳалоллик,  ота онасиз қолсанг — камтарлик ва камсуқумлик, Ватансиз қолсанг эса — жиддийлик,  оғир босиқлик ўз ўзидан сенга ҳамроқ бўлиб қолавераркан…
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1998 йилда уч галги ҳибс ва ҳақорат, зулм ва жаҳолатдан сўнг яна Бош муҳаррир этиб тайинланган бахтли кунларимда биринчи маротаба туғилган кунимни Тошкентдаги «Тельман» номли истироҳат боғидаги сўлим бир ресторанда нишонлаган эдим.
Бу — мўъжаз умримнинг қирқ йиллик довони эди.
Даврани Наримон Ҳотамов ва Нормурод Нарзуллаевлар олиб боришган, Мавлуда Ойнақулова, Охунжон Мадалиев, Қурсия Эсонова ва Аҳроржон Усмоновлар  қўшиқ куйлаган, Сафар Остонов, Маҳмуд Сатторов, Жаббор Раззоқов, Анвар Абдувалиев, Аҳрор Аҳмедов, Қурбон Эшматов, Норқобил Жалил ва Карим Баҳриевлар мени қутлашган эди…
Орадан йиллар ўтиб, яна ишдан урилдим. Энди — тўртинчи гал қамашса, узоқ муддат ҳибсда қолишимни яхши билардим. Қолаверса, энди мени Ўзбекистонда боғлаб турадиган ота-онам, акам йўқ эди. Улар вафот этиб кетишган, етимликнинг бутун жабру жафоси ўзининг бор залвори билан нозик елкамга тушган эди.
Президентга аччиқ қилиб, Ватандан бош олиб, хорижга кетдим.
Муҳожирликда — ғурбатда ҳар гал имкон қадар туғилган кунимни нишонлашга ҳаракат қиламан. Чунки энди менинг ундан ортиқ ўзимга ва кўнглимга таскин ва тасалли берадиган умр байрамлари қолмади ҳисоб. Орзу умидларим саробга айланди. Келажак ва истиқболдан дарак йўқ. Аксинча улар ҳам секин аста худди ўзимдек ҳаёт шоми томон одимламоқда.
Умр якунига етмоқда…
20-июнь куни эрталаб уйқудан уйғониб, ювиниб тараниб, ижодхонамга кирсам, столим устида турган миттигина қутичага кўзим тушди. Очиб кўрсам яп-янги «Айфон-6» телефон аппарати экан.
Бу — ўғлим Исломбекнинг  оила аъзоларимиз номидан менга қилган таваллуд кун совғаси эди.
Шанба куни бўлса-да, ҳали ишга чиқишим керак. Сафарга тайёргарлик кўришим лозим. Хуллас, кун жуда тез ўтди. Ишдан келсам, Наргиз одатдагидек ажойиб дастурхон тузатибди. Тансиқ таомлар пиширибди. Мен яхши кўрадиган «Оливье» салатини тайёрлабди.
Туғилган кун баҳонасида оиланг ва фарзандларинг сани қутлаб, табриклашса, дил сўзлари изҳор этишса, кўнглинг кўтарилади, албатта. Лекин айни пайтда ҳаёт йўлинг поёнига етиб, умринг шоми яқинлашаётганидан қалбингда номсиз бир дард, исмсиз бир ҳасрат бош кўтаради. Бунинг номини армон ва надомат дейсизми, афсус ва таассуф дейсизми, бунинг энди аҳамияти ҳам, фарқи ҳам йўқ.
Минг афсуски, инсон ўз умрини ҳеч қачон ортга қайтара олмайди. Ҳаёт — шунинг учун ҳам ҳаёт. У инсонга фақат ва фақат бир маротабагина берилади. Уни Ватанда, ўз она халқинг билан бирга ўйнаб кулиб ўтказиш ўрнига сен хорижда, муҳожирликда юрсанг, бир дардингга ўн дард келиб қўшилади.
Муҳожиротдагиларнинг синиқ ва ўксик дилини фақат муҳожиротдагилар, ватансизлар  тушунади, холос…
Хуллас, 20-июнни уйда — бола чақам ва оила аъзоларим билан ўтказдим.
Тўнғич ўғлим Исломбек футбол ўйнашга кетиб, кечиккани боис, аэропортга мени Чарос қизим олиб чиқадиган бўлди. Кенг ва равон «Хайвей» йўлдан аэропорт томон машинани елдек учириб  бораётган қизимга қараб, унинг кўзга яқинлигидан, аллақачон гўзал бир қиз бўлиб улғайганидан қалбимда оталикнинг ажиб бир фахр ва ғурури бош кўтаради.
Аэропортга етиб хайрлашар эканмиз, Чарос юзларимдан ўпиб, «Туғилган кунингиз билан яна бир бор табриклайман, дада. Кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўрарсиз» — деб қўлимга пул қистирди. Ғалати бўлиб кетдим. Машина тўхташи мумкин бўлмаган жойда тўхтаганимиз учун ҳам, жомадонимни олдим-у, Чаросни тезда жўнатиб юбордим.
Қўлимни очиб қарасам — 200 доллар пул турибди. Кечагина боғча ва мактаб ёшидаги жажжигина қизалоғинг муҳожирликда ўсиб улғайиб, коллежда ўқиб, энди ўзи давлат корхонасида ишлаб, ойлик оладиган бўлгани яхши, албатта. Қизимнинг бу меҳри ва илтифотидан негадир кўнглим бузилиб, кўзим жиққа ёшга тўлди.
Одам ёши улғайиб,  орзу умидлари ушалмай саробга айланаверса, умр шиддат билан поёнига етаверса, кўнгли бўлар бўлмас нарсага ҳам бўшаб қоладиган бўлавераркан.
Ватанимдан, Президентимдан топмаган меҳру муҳаббатни энди фарзандларимдан, оиламдан топаётганимга Оллоҳга — Яратган Эгамга шукроналар айтиб яшашдан ўзга иложим йўқ, шекилли…
Ўша куни тунги 22.40 да Торонтодан Истанбулга учадиган «Туркиш авиалиния»сига қарашли учоққа чиқиб, эртаси куни эрталаб Истанбулга учиб келдим.
Дарвоқе, самодаги узоқ парвоз ва инсоннинг осмондаги ўн соатлик муаллақ ҳолатига оид оғир ва мураккаб мулоҳазалар ҳақида…

 

(Давоми бор)

 

 Истанбул
Истанбулнинг Осиё ва Европа қисмини  бирлаштириб турган афсонавий кўприк…

 

Исмат Хушев — Туркияда («Анталияга саёҳат» туркумидан)
2-қисм

 

1.
Умрим бўйи сафарларга кўп чиққанман, самоларда кўп учганман.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, бешинчи ё олтинчи синфда ўқиганимда бутуниттифоқ пионерлар лагери «Артек»ка бориш учун ҳаётимда биринчи маротаба Тошкентдан Симферополга самолётда учган эдим.
Бу мен учун чинакам байрам эди: Самоларга, Кенгликларга, Фазоларга парвоз байрами!
Кейин ҳам ҳаётимда бунақанги байрамлар жуда кўп бўлди. Бу нобакор ва бевафо дунёнинг пасту баландини кўриб, ёшим улғаявергани сайин, ердаги гуноҳлардан —  инсонларнинг тор ва майда қилиқлари-ю, худбинлик ва қитмирликларидан, иғво-ю, бўҳтонларидан,  миллатларни, давлатларни рамкага солиб, ажратиб турган чегара ва сарҳадлардан безиб, кўпроқ самоларни, осмондаги кенгликларни, фазоларни  қўмсайдиган бўлиб қолдим.
Чунки кўкда, парвозларда ердагидек майда гаплар ва ғийбатлар, ғаразлар ва маразлар йўқ: у ерларда эркинлик ва беҳудудлик, бепоёнлик ва ҳурлик — озодлик бор, холос…
Мустақил Туркия давлати асосчиси Мустафо Камол Ота Туркнинг Истанбул аэропорти пештоқига катта зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган: «Истиқлол кўклардадир» деган ҳикматли сўз маъносини ҳам уни илк ўқиган лаҳзада эмас, анча кейин — Ўзбекистон истиқлоли мен кутган натижани бермаганидан кейингина англаб етганман…

 

 

2.
Яна шуни англаб етдимки, умримнинг энг шонли ва суронли, нурли ва сурурли дамларида, яъни ҳаётимнинг маълум бир даврига қадар самоларда парвоз қилиш мен учун ҳақиқий байрам бўлиб келди.
Ёшим улғайиб, элликлардан ошиб, бу дунёда умр ҳам чекли ва чегарали эканини англаб етганимдан кейин — энди самоларда парвоз қилиш, мен учун байрамдан кўра кўпроқ айрилиқ ва мотамни, видолик ва жудоликни эслатадиган бўлиб қолди.
Бунга эҳтимол, кейинги пайтларда дунёдаги авиа ва учоқ манзилларида кетма кет содир бўлаётган турли туман фожеали парвозлар сабаб бўлган бўлса, не ажаб.
Шунгами, билмадим, ҳар ҳолда кейинги пайтларда самоларга парвоз қилишдан, учоқларда узоқ учишдан безадиган, юрак олдирадиган бўлиб қолдим…

 

 

3.
Олдинлари самолётга чиқсам, бу дунёнинг фақат бахт ила шодликдан, саодат ва ободликдан иборатлигини ўйласам, энди кўкка парвоз чоғи ўлим ва видолик, йўқлик ва жудолик ҳақида кўпроқ ўйлайман.
Бир сўз билан айтганда, энди сафарга чиқиш завқли-ю, фақат кўкка парвоз қилиш — хавфли бўлиб қолди мен учун.
Ҳар гал осмонга парвоз қилсам, самодаги инсон руҳиятини англашга, унинг ички кечинмаларини таҳлил қилишга уринаман.
Чексиз ва беҳудуд хаёллар оғушида самодаги парвоз ҳақида шоирлар битган сатрлар мағзини чақишга ҳаракат қиламан.
Олдинги сафар хотираларимда ҳам ёзганман, бугун яна ёзмоқчиман: Ҳар гал кўкка парвоз қилсам, энг аввало Абдулла Ориповнинг қуйидаги дилбар сатрлари беихтиёр ёдимга келади:

 

Чарх урар эрдим фазода, юлдузим йўлдош эди,
Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.
Дер эдим, жон юлдузим, васлингга бир етказ мани,
Ул деди: Кўк севмагай сендай гуноҳкор бандани…

 

Ростини айтсам, мен бу шеърга ерда юрганимда, заминда турганимда  унчалик эътибор бермаган, маъносини ҳам тўла англаб етмаган эдим.
Самога чиқиб, соатига минг километр тезлик билан чексиз ва беҳудуд осмон қаърига шиддат билан кириб борарканман, кутилмаганда бу тўрт қатор сатрнинг асл  маъносини англаб, беихтиёр даҳшатга тушдим…
Абдулла Ориповнинг мана бу сатрлари эса, инсоннинг кўкдаги руҳий ҳолатига юқоридаги шеърдан ҳам ўткирроқ ва чуқурроқ таъсир қилади:

 

Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
ёдга тушар дорнинг сиёғи.
Ажаб ҳикмат одам ўларкан,
узилганда ердан оёғи…

 

Албатта, бу билан шоир кўкка парвоз этган одамдан кўра кўпроқ — заминда туриб “оёғи ердан узилиб”, босар тусарини билмай қолганларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.
Лекин барибир бу бетакрор сатрлар самолётда учаётган одамни ҳам беҳис ва бехавотир қолдирмайди…

 

 

4.
Дардли ва ҳасратли шоир Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърида шундай жумлалар бор:

 

Ўлим нима — бу бир сирли сайр, она.
Ўғлинг қаро ерга кетди, хайр она…

 

Бу шеърни мен ерда ўқиганда бошқача, кўкда ўқиганда эса ундан ҳам бутунлай бошқача бўламан.
Хуллас, ўн соатдан зиёд осмону фалакда учиб юрсанг, самолётинг қай манзилга қачон бориб қўнишини билмасанг, мана шундай дилтанг ва умидсиз туйғуларга ошно бўлаверасан. Хаёлан яқинларинг, оиланг ва фарзандларингни бир бир кўз олдингга келтириб, ўтган умринг йўлларига яна бир бор армон билан сафар қиласан.
Хаёлан ўзингни ногаҳоний ўлимга ҳам тайёр қилиб қўясан, ҳатто.
Хуллас, юқорида айтганимдек, энди сафарга чиқиш завқли-ю, фақат кўкка парвоз қилиш — хавфли бўлиб қолди мен учун…

 

 

5.
Ҳар гал самолётга чиқарканман, ажиб бир табассум билан йўловчиларга елиб югуриб хизмат қилаётган парвоз бекалари («Стюардессалар») нинг миттигина юрагига қойил қоламан.
Уларнинг ойдай жамоли-ю, сокин ва хотиржам нигоҳларига боқиб, кўнглимда парвоз чоғидаги хавотирлар бекор эканига иймон келтираман.
Хуллас, 20 июнь тунги соат 22.40 Торонтодан кўкка парвоз қилган «Turkish Airlines» компаниясига тегишли бўлган улкан ҳаво кемаси 21 июннинг муборак тонгида Истанбул аэропортига эсон омон келиб қўнди.
Салом сенга она  Истанбул! Салом сенга ота Туркия!
Асли ўзбекистонлик бўлган, лекин тақдир тақозоси билан Канадани Ватан тутган кўнгли — яро, бахти — қаро журналист ва шоиртабиат ўғлингга қучоғингни оч.
Мен сени жуда ҳам соғиниб келдим.
Ўзбекистонга ҳам руҳан, ҳам қалбан яқин ва ҳамнафас бўлганинг учун, урфу одатларимиз айни ва ҳамоҳанг, тилимиз ва дилларимиз бир ва якдил экани  учун ҳам сенинг дийдорингга интизорлик билан талпиндим, ишон:

 

Менинг юрагимда ҳасратларим мўл.
Сен бу ғамларимга менга ҳамдард бўл!
Йўлим кўп, лекин энг  саодатлиси —
Мени Туркияга элтадиган йўл!

 

Истеъдодли ўзбек шоири Абдулла Орипов онасиз қолган ҳижронли онида борлиқдан бир таскин излаб: «Она бўлақолгин менга, Табиат!» деб илтижо қилган эди.
Бугун Ватансиз қолган ўзбек журналисти Исмат Хушев ярим ва ярадор, шикаста ва хаста юрагига малҳам топиш учун: Ватан бўлақолгин менга, Туркия!» деб пойингда тиз чўкиб, ялиниб ёлворса, унга бағрингни оч, уни ранжитма…

 

Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
25 июнь 2015 йил, Анталия.

 

(Давоми бор)

 

Анталия
Анталия – Туркиянинг энг гўзал ва хушманзара гўшаларидан бири…

 

Исмат Хушев – Туркияда (“Анталияга саёҳат” туркумидан)
3-қисм

 

 

1. 
Анталия – Истанбулдан 715 километр узоқликда бўлиб, самолётда жуда тез — 45-50 дақиқа (минут) даёқ етиб борасиз. 
Истанбулнинг  Мустафо Камол Ота Турк номидаги халқаро аэропортидан Анталия учоғига чиқиб, ўриндиқларга жойлашганингиз заҳоти дилбар ва соҳибжамол парвоз бекалари Сизга  турли туман ичимлик ва антиқа мева чеваларни то парвоз якунига етганига қадар сурункали таклиф қилиб туришади.
Уларнинг “Учоғимизга хуш галдингиз” деган ширин каломидан кўнглингиз тоғдек кўтарилиб, турк тили Сиз учун ҳам дилингизга яқин бўлган, азиз ва мўътабар, қадрдон тил эканини ҳис этасиз.  
Парвоз чоғи беихтиёр англаб етган бу қувончдан — қалбингизда ажиб бир фахр ва ифтихор ҳиссини туясиз…

 

 
2. 
Анталия аэропортидан ташқарига чиқишингиз биланоқ, қатор турган сон саноқсиз будкачаларга кўзингиз тушади.  
Мени лол ва ҳайрон қолдирган, ажиб бир қувончга ёр этган нарса шу бўлдики, бу ердагилар Сизга энг аввало турк ва ё инглиз тилида эмас, балки рус тилида мурожаат қилишар экан.  Шундан ҳам Анталияга одамлар асосан Россиядан ёки умуман Ҳамдўстлик давлатларидан келиб дам олишларини англаб етиш мумкин.  
Кутиб олувчиларнинг ёнидаги стол устида эса ранг-баранг гулдасталар ва турли туман шарбат ичимликлари турарди. Уларнинг атрофида эса нав-ниҳол йигит-қизлар қўр тўкиб ўтиришарди. Уларга бораётган дам олиш масканингиз номини ва сотиб олган саёҳатнома (“Путевка”) ни кўрсатишингиз биланоқ Сизни ким кутиб олишини ва қайси машинада манзилга етказишларини дарҳол айтиб беришади.  
Агар Сиз эркак киши бўлсангиз, шарбат сув ва турли туман ширинликларга, мабодо аёл киши бўлсангиз — яшнаб турган гўзал ва анвойи  гулдастага эга бўласиз. Бу ҳурмат ва эҳтиром замирида эса — Сиз айнан мана шу гўшага – Анталияга келишни ихтиёр этганингиз учун билдирилган ширин бир калом ётганини сезиш мумкин…

 

 

3. 
Мен борадиган “Nirvani” оромгоҳи Анталиядан 70-80 километр узоқликдаги бепоён денгиз ва сервиқор тоғлар бағрида экан. У ерга мени Марина исмли гўзал рус қизи олиб бориши маълум бўлди.

 

Марина
Танишдик. Марина – Россиянинг Екатеринбург шаҳридан бўлиб, Қозон Давлат Туризм Академиясида ўқиркан (Суратда).
Иккинчи курсга ўтганидан сўнг уни паркатика ўтиш учун 5 ойлик муддат билан Туркияга юборишибди. Ҳайдовчи йигит асли шу ерлик бўлиб, рус тилини ҳали яхши билмас экан.  
Эндигина йигирма ёшни қоралаган Марина Туркияга биринчи келишини, бу ерлар уни ўзига тамомила мафтун қилиб қўйганин ҳикоя қилиб чарчамасди. Ўз касби бўйича тажриба ўрганиш учун Россиядан келган талаба қизлар билан тоғ ёнбағридаги ётоқхонада туришини, ҳар куни дунёнинг турли бурчидан келган сайёҳларни аэропортда кутиб олиб, оромгоҳларга олиб бориб жойлаштириш унга чексиз завқ ва шавқ бағишлашини мароқ билан сўзлар эди. 
 “Туристик саёҳатларни ташкил қилиш ва уюштириш”  мавзуси бўйича ёзган биринчи мустақил курс ишидан сўнг уни Туркияга юборишга қарор қилишибди. Академияни тугатиб, шу мавзуда илмий иш қилиш нияти борлигини айтганида эндигина йигирмага тўлган бу ажойиб ва соҳибжамол навниҳол қизда шунча ёруғ ният ва тиниқ бир ҳайрат борлигидан кўнглим ўсди. 
Суҳбат давомида Марина ҳали анча ёш бўлса-да, лекин Россиянинг туристик салоҳияти етарли эмаслигини, бунинг сабаби эса ҳозирча у ўзидаги бор имкониятларни тўла сафарбар этаолмаётганини ҳикоя қилиб берганида, рости унга, унинг ёниқ туйғуларига жуда ҳавасим келди… 
Шунда беихтиёр Ўзбекистондаги Туризм соҳасига алоқадор бўлган олий даргоҳ ёшларини Марина билан хаёлан таққослагим келди.  Бизда “Ўзбектуризм” вазирлиги ва бу соҳада кадрлар етиштириб берадиган қатор олий ўқув юртлари борлигини яхши биламан. Вазирлик деб аталмаса-да, мен бу идорани атайлаб вазирлик идораси деб атагим келди.  
Чунки, Ўзбекистоннинг саёҳат ва туризм соҳасидаги имконият ва истиқболлари шу қадар кенг ва беқиёски, уларни тўлиқ ишга солиш ва бу соҳани давлат миқёсига олиб чиқиш вақти аллақачон келган. Ва айнан шунинг учун ҳам “Ўзбектуризм”га вазирлик даражасини бериб, унинг мақомини  бутун жаҳон сайёҳлари назарида турувчи муборак бир мақомга айлантириш лозим. 
Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хиванинг бетакрор жамоли, бир неча минг йиллик камоли – бу улуғ ва муборак қадамжо-ю, зиёратгоҳларнинг жаҳон аро таралган  шон шуҳрат ва довруғини ким билмайди дейсиз?  Шундай гўзал ва тарихий, бетакрор масканлари бўлган Ўзбекистон нега энди ўзининг энг яқин қўшниси бўлган Туркия давлати билан бу соҳада ҳамкорликни йўлга қўймагани менга тушунарсиз бўлиб қолди. 
Маринадан улар орасида ўзбекистонлик талабалар борми деб сўрадим. Йўқ деб жавоб берди. Кейин – уларнинг раҳбарлари билан бўлган учрашувда ҳам шуни сўраб суриштирдим. Минг афсуски, улардан ҳам ижобий жавоб ололмадим: Туризм ва саёҳат соҳасидаги бўлажак талабаларнинг ўзъаро тажриба алмашувига оид бундай давлатлараро шартномаларни  Ўзбекистон Туркия билан имзоламаганини айтишди…  

 

 

5. 
Анталия аэропортидан мен дам оладиган  “Nirvani” масканига бир соатлар атрофида етиб келдик. Марина мени оромгоҳ маъмурлари билан таништирди. Ҳужжатларимни расмийлаштириб, қўлимга яшайдиган хона калитини топшириб, мен билан самимий хайрлашди.
Унинг гўзал ва иболи нигоҳи, ширин такаллуфи ва  ахлоқ одоби, юксак муомила маданияти, ақлу заковотини кўриб, ўзбек қизлари ҳам эрта бир кун мана шундай юқори даража ва мақомда дунё сайёҳларини ўзларига мафтун этиб юришларини орзу қилдим… 

 

 

6. 
Мен шу пайтга қадар дунёнинг жуда кўп гўшаларида расмий ва ижодий сафарларда бўлганман, дам олганман. Лекин бирдан атмоқчиман: Уларнинг ҳаммаси бир бўлди-ю, Анталия бир бўлди… 
“Подшо эркатойи”нинг саргузаштлари”да ҳам ёзганимдек: Бош муҳаррирлик давримда Ўзбекистон давлат ва ҳукумат делегацияси таркибида Туркияга уч- тўрт маротаба расмий сафар билан келганман. Истанбул, Анқара ва бошқа гўзал масканларда бўлганман. Давлат мулозимлари, Туркия Олий раҳбарияти вакиллари, хусусан, Президент Турғут Озал ва Бош вазир Сулаймон Демерал жаноблари билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлганман. Турғут Озалнинг миттигина жуссаси ва пастак бўйи ёдимда қолган бўлса, Сулаймон Демералнинг кенг келбатли қомати билан ўзбекча лаҳзада чиройли сўзлаш фазилати шууримда то ҳануз сақланиб қолган.
Расмий сафар якунида улардан Ўзбекистон делегациясининг бошқа аъзолари — Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Содиқ Сафоев, академиклар Саидаҳрор Ғуломов, Эркин Шайхов, Неъматилло Иброҳимов, ёзувчи ва шоирлар Мирмуҳсин, Тўлипберган Қаипберганов, Омон Матжон, журналистлар Турсун Қоратоев, Карим Баҳриевлар қаторида қимматбаҳо совға саломлар олганман.
Сулаймон Демерал бизга ҳадя қилган — қўлга тақиладиган тилла соатни ўша шонли ва суронли йилларимдан ширин ва армонли бир эсдалик сифатида то ҳануз авайлаб асраб келяпман. Тилла суви юргизилган бу соат беш-ўн йилдан бўён ишламаса-да, лекин тарихий ва ноёб бир ёдгорлик сифатида у мен учун ҳануз қадрли…
Майли, мавзудан чалғимайлик. Хуллас, умрим бўйи қилган сайру саёҳатлар, кайфу сафоатлар бир бўлди-ю, Анталия бир бўлди… 

 

 

7. 
Мен бугун Анталиядаги бир ҳафталик жаннат мисол дам олишнинг сирли ва сеҳрли лаҳзаларига, нурли ва меҳрли жабҳаларига  алоҳида ва батафсил тўхталиб ўтирмайман. Ҳали сайтга қўйилажак расмлар ва видео лавҳаларни кўриб, ўзингиз фикр ва мулоҳаза қиласиз. 
Қолаверса, халқимизда: “Минг эшитгандан кўра, бир бора кўрган афзал” деган ажойиб бир мақол ҳам бор.  Шу маънода мен нафақат муҳожиротдаги ўзбекларни, балки Ўзбекистондаги Ватандошларимизни ҳам Анталиядек дунёнинг жаннат гўшаларида тез тез кўриб туришни истардим…

 

8.
Анталияда менга жуда таъсир қилган бошқа ҳоллар ҳам бўлдики, булар ҳақида ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ икки оғиз сўз айтиб, муносабат билдириб ўтмасам бўлмас.  
Аввало, эътиборимни тортган нарса шуки, “Nirvani” да ҳамма рус тилида гапиради. Кейин билсам, бутун Анталияда шундай экан.  Дам олиш масканидаги барча эслатма ва ёзувлар ҳам турк ва рус тилларида ёзиб қўйилган. Бу гўзал маъвони асосан Россиядан келган сайёҳлар ишғол қилишган. Олдин ҳам шундай экан, ҳозир ҳам шундай. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак деб ўйлайман.
Бу ерда ҳамма нарса инсон учун, унинг роҳати ва фароғати, дам олиш соати ва  саёҳати учун маҳайё қилиб қўйилган. Бешта ресторан, тунги бар ва кафелар дам олувчилар ихтиёрида. Алкоголь ва бошқа ичимликлар 24 соат меҳмонлар измида. Зилол сувли бассейнлар ва қирғоқ бўйларига ҳам истаган ичимликни ўша заҳотиёқ сизга етказиб беришади. Ҳар бир дам оладиган ва офтобда тобланадиган соябон остидаги столчада махсус тугмача бор. Уни боссангиз, ўша заҳотиёқ сон саноқсиз хизмакорлардан бири “Буюринг, Афандим!” деб олдингизга югуриб келади. 
Бу ерда дам олувчилар асосан икки қаватли “Виллалар”да яшашаркан. Оиласи ва болалари билан келганлар жуда кўп. Мен уларнинг кўплари билан танишиб, суҳбатлашдим. Дил сўзларини видео тасмага тушириб, ўзларини расмга олдим. Юқорида айтганимдек уларнинг аксарияти россияликлар эди. Қозоғистондан келган оилаларни ҳам кўп кўрдим. Қирғизистондан келганлар ҳам, кам бўлса-да, бор экан.  
Лекин менга алам қилгани шу бўлдики, Ўзбекистондан келган оила тугул, бирор бир кимсани ҳам учратмадим. Ҳолбуки, мен журналистик одатим бўйича эртадан кечгача одамлар орасида бўлдим. Улар билан танишиб, суҳбатлашдим. Баъзи бировлар каби қирғоқ ва ё бассейн бўйларида осмонга термулиб, хаёл суриб ётмадим. Бир ҳафта ичида юзлаб инсонлар билан танишдим. Уларнинг юртидаги сиёсий вазият, яшаш шароитлари ҳақида сўраб суриштирдим.  
Дам олишнинг биринчи куни уларга ўзимни “Канададан келдим” деб таништирган бўлсам, кейин ҳаммага атайлаб: “Ўзбекистондан келганман” деб айта бошладим. Бу ерда ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳам борлигини улар билиши, кўриши учун ва ўз юртларига ҳам шундай фикр билан қайтишлари учун атай ёлғон гапирдим.
Уларга ёлғон гапирдим-у, лекин қалбимнинг қаеридадир мен ҳануз ўзимни ўзбекистонлик деб юрганимдан ва бундан кейин ҳам абадул абад ўзбекистонлик бўлиб қолшимдан дилимда ажиб бир фахр ва ифтихор туйдим…

 

 

9.
Дарвоқе, Ўзбекистон ва у ердаги ўзбеклар ҳақида.
Тиниқ ва кўм кўк зилол сув бўйидаги юмшоқ ўриндиқда дунёнинг қаеридадир шундай дилбар гўшалар борлигини билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган, эртаю кеч даладан чиқмаган меҳнаткаш ва муштипар халқимиз ҳақида хаёл сурарканман, яна беихтиёр Абдулла Ориповнинг қуйидаги дилбар сатрлари хаёлимга қуйилиб келди:

 

Менинг она халқим, эй қадим, ҳалол
Ризқи она ерга сепилган халқим.
Ушоқ чигитни ҳам қилмай деб увол.
Миллион эгатларга эгилган халқим…

 

«Миллион эгатларга эгилган» бу шўрлик халқ қачон Анталия курортларини обод қиларкин?

 

 

10.
Ҳар куни эрта тонг — соат  3.45 да дам олиш масканига узоқ узоқлардан таралган ёқимли бир калом — муаззиннинг азон айтган муборак овози етиб келади. Бу нафақат “Nirvani”да, нафақат Анталияда, балки бутун Туркияда шундай. Бу ерларда инсонларнинг диний эътиқоди ниҳоятда мустаҳкам. Туркияликларнинг  деярли  ҳаммаси, айтиш мумкинки — аксарият қисми ислом динига ихлосманд. Беш вақт намоз ўқиб, айни кунларда эса — рўза тутишяпти. 
Мен ҳам ҳали намоз ўқишни бошламасам-да, лекин ҳар йили рўза тутардим. Бу йил эса дам олиш ва ижодий сафар боис рўза тутолмадим. Лекин дам олишнинг биринчи тонгидаёқ, қулоғимга чалинган ўша муаззин айтган азон товушини эшитиб, уйқуларим тамом учиб кетди.  Сокин тун қўйнида борлиқ узра таралаётган бу майин, айни пайтда ўктам ва қудратли овоз – хаёлимни беихтиёр узоқ ўтмишга – 1994 йилнинг МХХ подвалида ўтган бир ойлик ҳибс кунларига етаклаб кетди.  
Ҳаётимда илк маротаба намоз ўқишни менга МХХ ертўласида ҳибсда сақланаётган ТошМининг 5-курс талабаси бўлган покистонлик йигит ўргатган эди. Уни жосусликда — Карачи разведкаси учун Тошкентдан туриб маълумот йиғишда айблашган эдилар. Лекин у буни тан олмас, мен врач бўлишни орзу қилган йигитман, холос дерди менга сирли жилмайиб.
Ана шу “жосус” йигит нима қилса, мен ҳам шуни қилиб, турса – туриб, эгилса – эгилиб, чўк тушса – чўк тушиб, намоз ўқишни ўрганганман. 
Кроватнинг устидаги оқ чойшабли простина узра чўккала тушиб, у нима қилса мен ҳам шуни қилардим. Бу билан гўё Оллоҳга – Яратган эгамга сажда қилиб, аосан бу зиндондан тезроқ ва эсон омон чиқиб кетишни орзу қилардик…  
Мана энди орадан салкам йигирма йил вақт ўтиб, Анталиянинг гўзал ва хушманзара бир гўшасида – муаззин азон айтган муборак бир тонгда мен беихтиёр умримда илк бора намоз ўқиган ўша кунларимни эсладим… 

 

 

11.
Дарвоқе, Анталияда муаззиннинг тонгда қулоғимга келиб урилган бу ширин ва ёқимли каломи айни пайтда Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир нохуш хотирани ҳам ёдимга солди. Бу энди 1990 йилнинг бошларида – Тошкентнинг Қизил Майдонида рўй берган эди. 
Ҳали Мустақил бўлишимизга бир оз вақт бор, Ислом ака ҳали Президент эмас, балки Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари эдилар.   
Ҳозир аниқ эсимда йўқ, лекин аллақайси байрам арафасида Қизил Майдонда қандайдир тантана бўлиши керак эди. Ўзбекистон телевидениясининг бир гуруҳ телеоператор ва журналистлари сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев бошчилигида тонг ғира ширасида майдонга кириб келишди.
Орадан ўн дақиқа ўтар ўтмай Ислом ака ҳам етиб келдилар. Биз Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаровлар билан аллақачон шу ерда эдик. Ташкилий  масалалар асосан Ислом Каримовга яқин бўлган шу икки мулозим бўйнида эди.
Ислом ака галстугини тўғрилаб, энди микрафонга гапираман деб турганида узоқ узоқлардан таралган муаззин айтган азон овози қулоқларимизга келиб урилди. Бу ширали овоз худди Анталия оромгоҳидаги каби тун қўйнини секин аста ёриб ўтиб, ҳаммамизга аниқ тиниқ эшитила бошлади.  
Шунда Ислом ака ёнида куймаланиб юрган Тошкент шаҳар горисполкоми раисининг кўзларига азон овози келаётган томонни кўрсатиб, савол ва қаҳр назари билан шундай қарадиларки, у бечора қочишга жой тополмай қолди. Ҳамма ҳар томонга югуриб кетди.  
Беш дақиқа ўтар ўтмай Қизил Майдон узра таралган азон овози ҳам ўчди.
Шу воқеадан кўп ўтмай Горисполком раиси Шоабдураҳмонов яна ўша келган жойи – Метросига қайтариб юборилди.  Муаззин тонг чоғи айтган биргина азон – у кишининг горисполком раислиги карьерасига тамомила нуқта қўйди.
Мана йигирма беш йилдирки, Шоабдураҳмоновнинг ўша — муаззин бевақт азон айтгандаги саросимали ҳолати кўз ўнгимда абадий муҳрланиб қолган…

 

 

12. 
Майли, хотирага берилиш яхши, лекин мавзуга қайтиш ундан ҳам яхши.
“Nirvani” оромгоҳида  мен Қозоғистондан келган икки нафар ёш оилани – янги келин куёвларни ҳам учратдим. Улар опа сингил бўлиб, куёвлар ўзларининг  яқин қариндошлари экан. Улар тўйдан кейин ўзъаро келишиб, “Асал ойи” ни Анталияда ўтказишга қарор қилишибди. Қуда андалар пул йиғишиб, ёшларга йўлланма олиб беришибди.  
Худди янги уйланган Исмат Хушев ҳам куёвликнинг  “Асал ойи”ни 1986 йил Сочида ўтказгани каби… 

 

 

13. 
Анталияда мен эски қадрдоним Марат Зоҳидовни ҳам учратдим. Бу гал худди Дубайдаги каби тасодиий эмас, балки аввалдан келишиб олиб, кейин учрашдик. 
 У киши дам олаётган маскан – мен дам олаётган жойдан узоқ эмас экан.  
Гоҳ у кишининг оромгоҳида, гоҳ бизникида икки уч кун учрашиб, мириқиб суҳбатлашдик — ҳасратлашдик, дардлашдик ва юракдан дийдорлашдик.
Умуман, Марат Зоҳидов ҳақида мен шу пайтгача билган ва эшитган гап сўзлар, тасаввур ва таассуротлар ҳар гал бойиб, янада янги ва унутилмас, ўлмас ва ўчмас  хотиралар кашф этиб бормоқда. 
Масалан, Марат аканинг отаси Теша Зоҳидов – Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти бўлганини эшитган эдим, билардим. Лекин Марат ака ўспиринлик, яъни мактаб  давридаги ёзги таътилида отаси Президент бўлган Академия гаражида  хизмат машиналарни ювувчи бўлиб ишлаб, пул топганини, рости, билмасдим. 
Ёки бўлмаса, у кишининг йигитлик давридаги — таниқли ва машҳур шахсларнинг   қизлари билан бўлган ишқий ҳангомалари, Москва Давлат универститетидаги студентлик хотиралари, ВЛКСМ Марказий Комитетида ишлаган ва Чехословакиядаги 1968 йилги воқеаларга бевосита Марат аканинг ҳам алоқадорлиги ҳақидаги ҳикоялар менинг шууримда мангуга муҳрланиб қолди. 
Анталияга келишдан олдин эса Марат Зоҳидов Москвада халқаро анжуманда маърўза қилгани, Қирғизистоннинг собиқ президенти, академик Асқар Акаев билан уч кечаю кундуз бирга бўлгани – буларнинг бари ҳали нашримиз учун ёзилажак  мақолалар мавзусини ташкил этади.  Биз уларни секин аста эълон қиламиз.
Бу ва бунга ўхшаш қанчадан қанча дилбар хотиралар бор экан Марат аканинг қалбида. Мен уларни тинглаб, шу пайтгача билган ва ҳурмат қилган Марат Зоҳидовни янада яхшироқ ва чуқурроқ била бошладим…

 

 

14.
Марат ака бир куни кутилмаганда: “Эртага эрталаб Аланияга борамиз, у ерда Юсуф Расул бор” деб қолди. Сўнг ўзига телефон қилиб, трубкани менга берди.
— Ассалому алайкум Исмат ака, — трубкадан Юсуф Расулнинг менга таниш ва қадрдон овози янгради. Келсангизлар бошимиз осмонга етади. Оилам ва болаларим билан шу ердамиз. Ҳамма жойни кўрсатамиз, азиз меҳмонимиз бўласизлар… 
Юсуфжон худди Аланияда яшаётгандек сўзлар, унинг овозида меҳмондан кўра кўпроқ – мезбонлик ҳисси сезилиб турарди.
Ажабланганимни сезди шекилли: “Бу ерлар кўп гўзал жой экан. Биз ҳам энди шу ердан уй сотиб олдик” деб қўшимча қилди.
Рости,  Юсуф эмас, балки ўзим уй сотиб олгандек қувониб кетдим. Қувонмай бўладими?
Яқин ҳамкасб дўстинг ва қадрдонинг Туркиядек буюк бир давлатнинг энг гўзал ва хушманзара бир гўшасида яшаш учун уй сотиб олади-ю, қувонмай бўладими?  
Хуллас, эртаси куни мен Дубайга кетадиган билетимни яна чўздириб, Марат ака билан тонг саҳарлаб, Аланияга борадиган, Юсуфжоннинг икки қаватли янги “Вилла”сини ювадиган бўлдик.
Эраси куни эрталаб эса Германиядан – Марат Зоҳидов Вице-Президент бўлган МОПЧдан келган телефон қўнғироғи боис режалар ўзгариб кетди. Марат ака мен билан Аланияга – Юсуф Расул ҳузурига боролмайдиган бўлди.
Мен ҳам билетимни чўздирмай, олдиндан белгилаб қўйилган сафар режаларини бузмай, Анталиядан Истанбулга, у ердан эса – Дубайга учиб кетдим…
(Давоми бор)

 

2 комментария к «Исмат Хушев – Туркияда (Анталияга саёҳат” туркумидан) 3-қисм»
  1. Сизга Исмат ака қойил! Қандай қилиб бир вақтни ўзида саёҳат ҳам ижод қиласиз. Бунча ҳис ҳаёжон, энергияни қайдан оласиз.

  2. Истанбул ҳақида кўпроқ ёзинг ака! Мириқиб ўқияпмиз. Айниқса кейинги бўлган Туркиядаги воқеалардан кейин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *