Ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаев оламдан ўтди. (1974 — 2016 йил…)
Июл 21, 2016
Ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаев оламдан ўтди. 1974 — 2016 йил.
Ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаев оламдан ўтди.
Бугун, 2016 йил 20 июль куни 42 ёшли Жаҳонгир оламдан ўтди.
Жаҳонгир Холмирзаев 1974 йил 7 августда Тошкент шаҳрида туғилганди. У Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг кенжа ўғли эди. Унинг 1996 йил “Фақат ҳаёт адабий”, “Ўтган кунларидан”, “Овчи”, “Абараген”, “Совға”, “ Ёзувчининг сўнгги кунлари”,”Орзу дарахти” ҳикоялари, “Хуш қол, сеҳрли диёр” қисса, “Йигирма йилдан сўнг”, “Сўнгги романтик портрети” эсселари адабиётшунослик яхши кутиб олди.
Жаҳонгир 2001 йилда Ўзбекистон Миллий университетида очилган “Олий адабиёт курси” тамомлаганди.
Жаҳонгир бир эссесини “Сўнгги романтик портрети” деб атаган эди. Чиндан сўнгги ўн йилликларда ижодкорнинг соғлиғи ёмонлашиб, кўзлари ҳиралашиб, ҳаракат қилиши қийинлашганди. Ва ҳатто сўнгги икки – уч йилликда аксар вақтини уйда тўшакда ўтказганди.
Жаҳонгирда отаси буюк Шукур Холмирзаевнинг қатъийлиги, шижоати ва ўзи таъкидлагандай романтиклиги бор эди. Ижодкор Тошкентда туғилган бўлсада, отасининг она юрти гўзал Бойсун тоғларига талпинарди. У барча Бойсун тоғ одамлари каби ҳамиша озодликка, романтикага интиларди. Кейинги даврларда у онаси таржимон Саида ая Холмирзаева билан Юнусободнинг ҳалқа йўли яқинидаги кўп қаватли уйларда яшарди.
Жаҳонгирнинг айниқса соғлиғи ёмонлашганидан сўнг матбуотда чоп этилган ҳикояларини китоб этиб чиқариш орзуси билан яшаётганди.
Бизга маълум бўлишича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хомийлигида Жаҳонгирнинг китоби босилаётган бўлиб, китоб яқин орада чиқиб қолиши керак экан.
Саида опанинг айтишича, Жаҳонгир китобини чиқишини жуда интиқлик билан кутган ва ҳатто онасига “ая, китобим чиқишига бир ҳафта қолганда, китобимни кўрмай ўлиб қолсам-а..” деган экан.
Мен Жаҳонгирнинг вафот этганини эшитганимдан сўнг бугун унинг жаназасига боришга аҳд қилдим. Менга телефон қилган дўстларимиз эртага бир оз одам сийраклашганидан сўнг боришни таклиф қилишди. Шукур аканинг катта қизлари филология фанлари номозоди Сайёра Холмирзаева дугонам бўлгани, қолаверса устоз Шукур Холмирзаевга бўлган ҳурматимиз учун Сайёранинг ёнида туриш учун Юнус ободнинг шаҳар четидаги кўп қаватли уйлар орасидан 74 уйни топиб бордим. Уй майдони олдида Ёзувчилар уюшмасидан келган ходимлар, устоз Муҳаммад Али, шоирлар Эшқобил Шукур, Ашурали Жўраев, Олим Тошевлар ва яна кўплаб ижодкорлар ва адабиёт мухлисларини кўрдим.
Қалбим ҳасратлардан тўлиб турган экан, кўз ёшларимни тўҳтата олмасдим. Деворларда ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаевнинг турли портретлари, Саида опанинг фотолари ёнида маюс қараб турарди.
Миллатнинг улуғ ёзувчисининг уйи оддий камтаргина, китоблар ва суръатлардан иборат экан. Эшиклар, сан узеллар, ошхона ва балконлар аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган эди. Шукур ака тириклигида адабий тадбирларда кўриб қоладиганимиз гўзал ва нурли Саида опа, гўё бу уй, деворлар, китоблар ва портретларга қўшилиб қаригандай эди.
Кейинги йилларда Саида опа умрини Жаҳонгирни қарашга, даволатишга, парваришлашга сарфлаган эди.
Мен орадан 15 йиллар ўтиб кетганинини йиллар бу уйлардан буюк ёзувчи билан тантаналар ва шодликни олиб кетганини, Саида опанинг юзидаги ажинлардан ва жимжит хоналардан англагандай бўлдим.
Хуллас, ҳали жуда навқирон кўкси орзуларга тўла, ўзбек халқининг буюк ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг ўғли Жаҳонгирни тобутга солиб олиб кетишди.
“Наҳотки, шу талъантли ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаевнинг биринчи ҳикояси чиқиши билан китобини чиқариш ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш мумкин эмас эди. Чунки у бундай мададга ҳаммадан ҳам мухтож эди. Чунки у дунёни кўрмас ва бунинг устига ҳаракатлана олмас эди”.
Назаримда ёзувчи ўз асарини бежизга “Сўнгги романтик портрети” деб атамаган, у чиндан дунёдан ва Ёзувчилар уюшмасидан нажот ва умид кутган…кўксида Сурҳоннинг озодлик олови бор.. ЭНГ СЎНГГИ РОМАНТИК ЭДИ.