• Ср. Фев 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Давлат маслаҳатчисининг саройдаги сўнгги кунлари

Июл 28, 2016
 ИККИНЧИ КИТОБНИНГ СЎНГГИ БОБЛАРИ
Исмат Хушев
 
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Иккинчи китоб:  42-боб. 4 якуний қисм
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

IMG_1560

Суратда: Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Ислом Каримов ва Асқар Акаевлар учрашуви. Уларнинг орқасида тик турганлар: Ўнгдан биринчи – Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Медеткан Шеримкулов, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Олий Кенгаш раиси Эркин Халилов, Президентнинг давлат маслаҳатчилари Мавлон Умрзоқов, Тимур Алимов, Бош вазир ўринбосари Саидхмухтор Саидқосимов, Давлат маслаҳатчиси Алишер Азизхўжаевлар…
(Журналист Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу тарихий суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)

 

42-БОБ
Исмат ХУШЕВ: БАЙРАМДАН БОШҚА КУНЛАР…
ёки
Давлат маслаҳатчисининг саройдаги сўнгги кунлари

 

1.
Гўё ҳеч нарса бўлмагандек – ҳаёт бир маромда давом этарди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Мавлон аканинг ўзи ёлғиз бизникига келди. Наргис болаларни олиб қишлоққа кетганди. Эрталабки соат ўн ёки ўн бирлар эди.
Мавлон ака телефон телефон қилди:
– Уйда ким бор? – деб сўради.
– Ҳеч ким йўқ, – дедим.
– Бўпти, мен ҳозир бораман…
Мавлон ака келгач, диванга ёстиқларни баланд қилиб қўйиб бердим. У костюмини ечиб, стулнинг суянчиғига илиб қўйди. Мавлон ака анча пайтгача хаёл суриб ётди. Кайфияти ёмон эди.
– Ака, нима ичасиз? – деб сўрадим. Ароқми, коньякми?
– Раҳмат, ҳеч нарса ичмайман.
Унинг аҳволи ва руҳиятини кўриб, нимадир бўлганини сездим.
– Мавлон ака, нима гап? – деб сўрадим.
У киши асли сирдарёлик – қариндош уруғлари, ёру биродарлари ўша ерда яшайди.
– Сирдарёдан бир йигит келиб: “Ака, Сизни кузатиб юришибди, ҳушёр бўлинг!” – деди. У йигит СНБ да ишлайди. Мен уни роса сўкдим, иғво қилма дедим. Лекин у кетганидан сўнг, кўнглим хижил бўлиб қолди, – деди Мавлон ака хаёлга чўмиб…
Демак, СНБ нинг маҳаллий бўлимларига ҳам аллақачон топшириқ берилган эди.
– Бунақа гапларга эътибор берманг, ака, – дедим таскин бериб.
 Шундай дедим-у, лекин энди ўзимнинг ҳам юрагимга ғулғула тушди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Мавлон ака ҳам енгил тин олиб.
Бизникига келишдан аввал: “Катта сўраб қолса, мен фалон жойда бўламан”, деб Президентнинг ёрдамчиси Крайновга уйимизнинг телефонини бериб келган экан. Бирдан телефон жиринглаб қолди:
– Эшитаман! – деб трубкани кўтарсам, Крайнов салом алик йўқ: “Где Мавлян Бабаджанович? – деди расмий оҳангда.
Трубкани шошиб Мавлон акага бердим.
– Ислом ака Сизни сўраяпти, – деди Крайнов телефонда.
Мавлон ака ҳаяжонланиб, гараждан машина чақирди. Уйимиз “Оқ сарой”нинг атрофида бўлгани боис, беш дақиқа ҳам ўтмай шофер етиб келди.
Мавлон ака шошганича Президент девонига жўнаб кетди. Дастурхондаги ноз-неъматларга қўл ҳам урилмади. Биз турган “Дом”нинг тепамиздаги қаватида Баҳодир Ҳусанхўжаев деган немис тилини яхши биладиган қўшним турарди. Мавлон ака Ўзбекистон делегациясига раҳбар бўлиб Германияга расмий сафар билан борганида илтимосимга биноан у кишини ҳам таржимон қилиб, ўзи билан олиб кетган эди.
Ўшандан бери қўшним: “Мавлон ака уйингизга келса, бахабар қолмай!” деб юрарди. У киши ҳам тезда бир лаган  гўшт қовуриб тушганди. Лекин дастурхон тузалганча қолди. Мавлон ака шошилинч жўнаб кетди. Биз хавотирланиб қолавердик. Президент Мавлон акани нима учун чақирганини ҳеч ким билмасди.
Ажабки, орадан кўп вақт ўтмай, Мавлон ака қўнғироқ қилиб қолди:
– Исматжон, бизни кутиб турган дўстларимизга раҳмат айтинг. Президент билан ҳозир гаплашдим. “Меваузумсабзавот”нинг бошлиғини Сирдарёдаги бир туманга ҳоким этиб тайинлашимиз керак экан. Биз ҳозир Исмоил Жўрабеков билан ўша ёққа жўнаб кетяпмиз, – деди.
Мавлон аканинг товушида яна олдинги ишонч ва ўктамликни сезиб дилим таскин топди. “Демак, Ислом ака билан улар гаплашиб олишган” – деб ўйладим.
“Меваузумсабзавот”нинг бошлиғи Мавлон аканинг улоқ қариндоши эди…
Шундай қилиб улар Сирдарёга жўнаб кетишди. Биз Баҳодир ака билан ўзимизни ўзимиз меҳмон қилиб қолавердик…

 

2.
Кейин маълум бўлишича, Ислом ака атайлаб Мавлон Умрзоқовни Сирдарёга жўнатиб юборган экан.
Аслида аллақачон “ғишт қолипдан кўчган” эди. Ислом акага Умрзоқов ҳақида қандай хабар етгани менга номаълум, лекин унинг кутилмаганда ишдан олинишига бир оз ойдинлик киритиб ўтишим керак.
Қисқаси, Мавлон аканинг энг катта айби шундан иборатки, у тўрткўлликлик Аҳмад Отажоновни ўзига даставвал ёрдамчи қилиб олади, сўнг ўринбосар қилиб тайинлайди. Охир-оқибатда улар жуда яқинлашиб кетишади.
Одатда қуйи поғонадаги ходим ўз раҳбарига алоқадор бўлган нозик сирлардан воқиф бўлса – унинг ишончини суистеъмол қила бошлайди. Хусусан, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси  Мавлон Умрзоқов билан унинг биринчи ўринбосари Аҳмад Отажонов муносабати бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Буни шундай тушуниш керакки: Юқорида турган раҳбар – бошқарув жиловини қўлдан чиқариб юборади, қуйи поғонадаги ходим эса – ўз раҳбарига итоат этишни истамай қолади.
Ана шундай чигал ва мураккаб вазият рўй берган кунларнинг бирида Мавлон Умрзоқов – ҳаддидан ошган  ўринбосаридан нолиб, Президентга шикоят қилади: “Аҳмадқул ўзбошимчалик билан иш тутяпти, шаънимизга доғ туширяпти”, – дейди.  Хуллас, ўринбосарини айбдор қилиб кўрсатади.
– Агар Беруний туманида ҳоким ўрни бўшаб қолса, уни ўз юртига ишга юборсак, яхши бўларди, Ислом ака, – дейди Умрзоқов.
Ҳокимларнинг ўрнини бўшатиш эса уларнинг ўз қўлида эди. Президент Умрзоқовнинг таклифига рози бўлади…

 

3.
Президентнинг розилигини олган Умрзоқов “Нафси ҳакалак отган” бўйсунмас ва шаккок ўринбосарини ўз ҳузурига чақиради:
– Аҳмаджон, бу ерда қанча ишлашимизни худо билади. Бизга бу жойларни боғлаб бериб қўйгани йўқ. Ўзинг туғилиб ўсган туманда ҳокимлик ўрни бўшаяпти. Берунийга ҳоким бўлиб кетмайсанми? – деб дангал айтади.
Отажонов ҳам анойи йигитлардан эмас эди. У гапнинг йўналиши қаёққа қараб кетаётганини дарҳол тушунади. Демак, Навоий мисоли фахрий сургунга жўнатиламан деб ўйлайди. Умрзоқовдан ўйлаб кўриш учун муҳлаб олиб, хонасидан чиқади.
У вақтдан ютиш учунми, Миллий Хавфсизлик Хизматида ишлайдиган ҳамюртига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб беради:
– Берунийга ҳоким бўлиб кетишни таклиф қилаяпти…
– Йўқ, шошмай тур, сен бизга шу ерда кераксан, – дейди СНБ ходими.
Аҳмад Отажонов ҳам Тошкентдан узоқлаб кетишни сира истамасди.
– Кетасан! – дейди Умрзоқов.
– Кетмайман! – дейди Отажонов…
4.
Бир куни Мавлон ака мени ҳузурига чақириб:
– Анави лўттибозга айтинг, яхшиликча Берунийга ҳоким бўлиб кетсин, бўлмаса ўзига ёмон бўлади! – деди.
Мен Отажоновнинг олдига кириб:
– Аҳмаджон ака, Тошкентдан кетар экансиз, акс ҳолда яхши бўлмайди, Мавлон ака билан тортишув бефойда, ўзингиз яхши биласиз у кишини, – дедим.
– Исмат ака, ахир қайси айбим учун Тошкентдан бадарға бўлишим керак! – деди Отажонов йиғламсираб. – Мавлон акага айтинг, қизим бу йил ўнинчини битиряпти, уни ўқишга жойлашим керак. Ҳеч бўлмаса сентябргача вақт берсин…
Мавлон акага Отажоновнинг гапларини айтдим. У киши: “Қизини ўзимиз ўқишга киритиб берамиз. Лекин у Тошкентдан ҳозироқ кетиши керак. Менинг айтганимни ҳали ҳеч ким икки қилган эмас. Шуни унга айтинг. Ва яна айтингки, мен билан ўйнашмасин. Ўзига ёмон бўлади…” – деди Мавлон ака ғазаб билан…
5.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Маълумки, Ҳазрат Навоий замонида ҳам саройда ҳар хил фитналар, ўйинлар содир бўлиб турган. Ажабки, бизнинг замонамизга келиб, Президент саройида ҳам ақл бовар қилмайдиган “интрига”лар қойилмақом қилиб уюштирила бошланди.
Хусусан, айрим Давлат маслаҳатчилари зимдан Мавлон Умрзоқовга қарши кураш олиб боришади. Етти қават ернинг остида илон қимирласа биладиган маслаҳатчилардан биттаси Умрзоқов билан унинг ўринбосари ўртасидан қора мушук ўтганини дарҳол сезиб, Отажоновга “холис хизмат”ини таклиф қилади:
– Аҳмаджон, сенга ёрдам берайликми? – деб сўрайди Кампир ияк Давлат маслаҳатчиси.
– Жон ака, ёрдам беринг! – дейди А.Отажонов.
– Сенга – қадрингга етмаган ўша раҳбаринг ўрнини олиб берайликми?
– Олиб беринг, ака, бир умр хизматингизни қиламан!
Албатта, кадрлар сиёсати бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлишни ким ҳам истамайди дейсиз. Бунинг устига Аҳмад Отажонов – Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари. Шундай улуғ лавозимдан қандайдир бир чўл районига бор йўқлигини биров билмайдиган – ҳоким бўлиб кетиш бу бир умрлик инқироз ва мағлубият эмасми? Худо билади, Берунийга ҳоким бўлиб кетганидан кейин Умрзоқов унинг бошига яна нима балоларни солиши мумкин.
Хуллас, чўкаётган одам хасга ҳам тармашади деганларидек, Аҳмад Отажонов Кампир ияк Давлат маслаҳатчисининг этагига маҳкам ёпишиб олади.
Шу тариқа Отажонов – Президент девонида – Мавлон Умрзоқовга кучли рақобатда бўлган Тимур Алимов гуруҳи томонидан осонгина қўлга олинади:
– Бўлмаса гап бундай, Аҳмаджон! – деб А.Отажоновга зимдан разм солади бояги зот чаккасини қашлаб.
– Қулоғим Сизда, устоз!
– Мавлоннинг айбларини биласанми?
– Билганда қандоқ! Албатта биламан!
– Унинг айбларини рўй-рост айта оласанми?
– Айта оламан!
– Яхши… Жуда яхши… Демак, Мавлоннинг айбларидан Президентни хабардор қилишимиз керак бўлади…
Шундай қилиб, “Оқ сарой”даги олий мақом рақиблар Аҳмад Отажоновдан фойдаланиб, Мавлон Умрзоқовни Президентга ёмон отлиқ қилиш режасини тузадилар…
6.
Мавлон аканинг пайтавасига қурт тушиб қолади.
Бир куни мени зудлик билан ҳузурига чақириб: “Отажоновнинг уйига қўнғироқ қилинг, у Нукусга учиб кетиши керак эди, йигитлар топишолмаяпти, ҳеч қаерда йўқ” деди.
Сўнг олдимда Қорақалпоғистон Жуқори Кенгашининг раиси Уббиниёз Ашурбековга телефон қилиб:
– Отажонов етиб бордими? – деб сўради хавотир билан.
– Келмади-ку. Биз сессияда Аҳмад Отажонов қатнашади деб эълон қилиб қўйганмиз. Лекин ундан дарак йўқ! – деб жавоб беради Ашурбеков.
Мен яна Аҳмад Отажоновнинг уйига сим қоқдим.
– Аллақачон Нукусга учиб кетганлар, – деб жавоб беришди уйдагилари.
Биз ҳайрон бўлдик.  Мавлон ака яна асабийлаша бошлади.
Кейинчалик маълум бўлдики, Отажонов худди ўша дамларда Президент девонидаги шинамгина бир хонада беркиниб олиб, Кампир Ияк маслаҳатчи Тимур Алимов топшириғи асосида Президент учун Мавлон Умрзоқов қилмишлари тўғрисида батафсил “докладной” ёзаётган экан…
7.
Мавлон Умрзоқовнинг мулозимликдаги сўнгги кунлари ва ишдан бўшатилиш сабаблари ҳақида ўша даврда интернет тармоғида турли туман версия ва башоратлар ёритилди.
Шулардан бири – Мавлон Умрзоқов Сирдарёга жўнаб кетган пайтда Аҳмад Отажонов унинг хонасига кириб, тўғридан тўғри Президент билан боғловчи “ВЧ” ҳукумат телефонини кўтаради. Шунда Президент:
– Мавлоннинг хонасида юрган ким? – деб сўрайди.
– Ислом ака, бир қошиқ қонимдан кечинг! – дейди Отажонов. – Сизга айтадиган муҳим гапим бор эди. Агар ижозат берсангиз, ҳузурингизга кирсам…
– Мавлоннинг хонасида сенга пишириб қўйибдими?! Гапинг бўлса, Мавлонга айт! – дейди президент.
Дарвоқе, Аҳмад Отажонов бевосита Президентга мурожаат этишдан аввал Крайновдан Ислом аканинг қабулига кириш учун рухсат сўрайди. “Мумкин эмас, тартиб бўйича Президент ҳузурига бошлиғинг Мавлон Умрзоқов розилиги ва рухсати билан киришинг мумкин!” – дейди Президент ёрдамчиси Крайнов.
Шундан сўнг Аҳмад Отажонов Кампир Ияк бошчилигидаги ўзининг янги ҳомийлари маслаҳати асосида Мавлон аканинг хонасига кириб, бошлиғининг хизмат телефони орқали Ислом акага мурожаат қилади.
– Кечирасиз, Ислом ака, мен бу гапларни Умрзоқовга айтолмайман, – дейди Отажонов.
– Бўпти, олдимга кир! – дейди Президент.
Шахсан мен интернет тармоғига атайлаб сиздирилган бу версияга ишонмайман. Давлат маслаҳатчисининг хонасига кимдир кириб, Президент билан боғланиши – бу мутлақо мумкин бўлмаган нарса. Ислом акани, унинг нозик дид ва характерини, ўт-олов феълини яхши билганлар ҳам бунга ишонмаса керак.
Бу воқеанинг бошқа бир талқини эса қуйидагича:  Отажоновни Президент ҳузурига Кампир Ияк маслаҳатчи – Тимур Алимов олиб киради. Шахсан мен шу версияга кўпроқ ишонаман.
Хуллас, Отажонов Президент ҳузурига киргач:
– Ислом ака, мен Сизга садоқат билан хизмат қилдим. Сиздан бир умр миннатдорман! Мени Беруний туманига ҳоким қилиб юбормоқчи бўлдингиз. Бунинг учун ҳам Сизга минг раҳмат! Лекин кўнглимда тўпланиб қолган гапларим бор. Сиз ишонган бир кимсанинг – муборак ва улуғ номингизга доғ тушириб юрган кирдикорларини Сизга айтмай кетсам, Сизга нисбатан нонкўрлик қилган бўламан! – дейди у титраб қақшаб…
– Ўзинг фариштамисан? Айбинг йўқми?! – дейди Президент суҳбатдошининг кўзларига тикилиб.
– Айбим йўқ, Ислом ака! – дейди Отажонов бақрайиб.
– Текширтириб кўрамиз, агар…
– Қулингизман! – деб бошини эгади Отажонов.
Сўнг Мавлон Умрзоқовнинг айблари тўғрисида ёзилган “докладной”ни қўшқўллаб Президентга топширади. Бу чақувномада бошлиғининг ўзи билган ва  шахсан иштирок этган барча кирдикорлари батафсил тасвирланган эди…
8.
Албатта, Мавлон ака ғафлатда қолади.
У шоҳида юрибман деб ўйларди. Ваҳоланки, Президент девонида  – баргида юрадиган устаси фаранг кимсалар ҳам бор эди.
Хуллас, аллақачон ғишт қолипдан кўчган эди. Президент Умрзоқовни атайлаб Сирдарёга жўнатаркан, унинг масаласи ўзи учун аллақачон ҳал бўлганини яхши биларди.
Аслида нималар бўлаётганидан бехабар Мавлон Умрзоқов Исмоил Жўрабеков билан Сирдарё вилоятига – ташкилий масала кўриладиган сессияда иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Одатда, Исмоил Ҳакимович бирор жойга хизмат сафари билан борса, давлат дачаларидаги турли туман ўтириш ва зиёфатларда иштирок этмасди.
“Исмоил ака, бир пиёла чой ичиб кетайлик” деб Мавлон Умрзоқов шахсан илтмос қилса ҳам, Жўрабеков рози бўлмас эди. Маълумки, вилоят раҳбарлари Жўрабековдан ўлгудек қўрқишарди.
Бироқ улар Сирдарёга борганларида Жўрабековнинг ўзи: “Мавлонжон, бир пиёла чой ичиб кетсак, қандай бўлар экан?!” – деб таклиф қилади. Мавлон ака кутилмаган бу таклифдан ажабланади-ю, лекин рози бўлади. Жўрабеков ўша куни Тошкентга қайтишга ҳеч шошилмайди, вақтни чўзаверади.
Боз устига, одатда, ташкилий масалалар кўрилаётган вилоят сессияларида сўзга чиқадиган Жўрабеков ҳеч қачон Мавлон аканинг номини тилга олмас экан. Лекин бу сафар, дафъатан: “Мана, биз Мавлон Бобожонович билан биргаликда Президент топшириғига биноан Сирдарёга келдик”, – деб бир неча бор Умрзоқовнинг номини “эҳтиром” билан зикр этиб ўтади.
Жўрабековнинг оғзидан “Мавлон Бобожонович” деган сўзларни эшитган Умрзоқов раёсатда ўтирган жойида ўзини ёмон сеза бошлайди.
Кейинчалик қамалганимиздан кейин ҳибсхонада қисқа муддат бир камерада ўтирганимизда шахсан ўзи иқрор бўлган Мавлон ака: “Илгари ҳеч қачон бундай демасди, ўша гапдан кейин тамом бўлдим” деб давлат маслаҳатчиси мақомида Сирдарёга борган энг сўнгги сафари тафсилотларини ҳикоя қилиб берган эди.
– Нимадир бўлаётганини сессияда ўтиргандаёқ сезган эдим. “Бир пиёла чой ичайлик!” деганидан сўнг адойи тамом бўлдим. Тошкентга қайтишимиз чўзилиб – уч тўрт соат вақтимиз беҳуда кетди, – деб эслайди Мавлон ака ўша саройдаги сўнгги кунларини…
9.
Агар улар илгари бирор жойга биргаликда хизмат сафарига боришса, Тошкентга қайтганларидан кейин тўппа-тўғри Президентнинг қабулига киришар экан.
Амалга оширилган ишлар тўғрисида Президентга ахборот берганларидан сўнггина тарқалиб кетишаркан.
Бу гал эса Тошкентга яқинлашганларида ғалати ҳодиса рўй беради.
Исмоил Жўрабеков пойтахтга кираверишдаги ДАН постида кутиб турган ўз хизмат машинасига ўтиради-ю, Вазирлар Маҳкамасига жўнаб кетади.
– Президентнинг олдига бирга кирмаймизми? – деб сўрайди Умрзоқов.
– Йўқ, мазам қочиб турибди, кейин кирармиз… – дейди Жўрабеков.
Исмоил Ҳакимовичнинг ҳамма гапдан хабари бор эди.
Умрзоқов энди Президентнинг Давлат маслаҳатчиси эмаслигини ҳам у яхши биларди…
10.
 Президент девонига кираётган пайтида навбатчиликда турган махсус хизмат соқчилари Мавлон акага ғалати-ғалати қараб қўядилар.
Умрзоқов кабинетига киргач, Крайновга сим қоқиб:”Ислом ака борми?” – деб сўрайди. У Ислом аканинг борлигини биларди, лекин “Йўқ!” деган жавобни эшитади. Шундан сўнг ўзи шитоб билан олтинчи қаватга кўтарилади. Ислом аканинг олдига кирмоқчи бўлади.
– Мумкин эмас! – деб Мавлон аканинг йўлини тўсадилар.
Оёқ қўллари бўшашиб қолган Мавлон Умрзоқов шалвираб ўз кабинетига қайтиб тушади ва Исмоил Жўрабековга телефон қилади.
– Исмоил Ҳакимович, бир дақиқа вақтингиз борми? – деб сўрайди.
– Афсуски, ҳозир вақтим йўқ, шошилинч мажлис ўтказаяпман, – дейди Жўрабеков.
Шу пайт кабинетга махсус хизмат ходимларидан бири кириб, Мавлон Умрзоқовнинг вазифасидан бўшатилганини маълум қилади.
Мавлон ака тўхтовсиз равишда пиёдалаб Жўрабековнинг олдига жўнайди. Президент девони билан Ҳукумат уйи ёнма ён жойлашган – ораси бир қадам.
Исмоил Ҳакимович ҳеч қандай мажлис ўтказмаётган эди, хонасида қандайдир журнални варақлаб ўтирарди.
У кўзойнагининг устидан Мавлон Умрзоқовга бошдан оёқ разм солади-да, уни худди биринчи бор кўраётгандай совуқ ва хотиржам оҳангда:
– Мавлонжон, Сиз ҳақингизда шаънимизга тўғри келмайдиган гап сўзлар, мўмай пуллар ва ҳоказолар Каттага етиб борган. Мен бошқасини билмайман… – дейди. Сўнг қўшимча қилади: – Энди ўзингиз айтинг, хўш, қайси вазирга ўринбосар бўлишни истайсиз?
Мавлон ака энди ҳамма нарсага тушуниб етади. Тақдирга тан беради:
– Тошкентда бирорта вазирга ўринбосар бўлсам, қандай қилиб бош кўтариб юраман?! Ахир, шарманда бўламан-ку! Ундан кўра яхшиси Сирдарё вилояти хокимига ўринбосар қилиб юборинглар! – деб илтимос қилади.
Эндиликда собиқ давлат маслаҳатчисининг бу илтимоси Каттага етказилади. Катта рози бўлади.
Бу ерда ҳамма нарса тушунарли эди.
Лекин Умрзоқовни Ислом ака Жўрабеков билан атай Сирдарёга жўнатиб, уни ўша ерда узоқроқ ушлаб туришни топширганида, Президент ва МХХ нимани назарда тутгани ва шу чўзиб турилган тўрт–беш соат ичида улар Тошкентда нимани ҳал қилганлари менга қоронғу бўлиб қолди…
11.
Вазифасидан озод қилинган Умрзоқов айни пайтда барча имтиёзлардан ҳам мосуво қилинади – ундан ҳукумат дачалари ва хизмат машиналари тортиб олинади.
Ўша куни мен Мавлон аканинг олдида эдим. У рафиқаси Ҳалима опага қўнғиролқ қилиб: “Дачани бўшатиб қўйинглар!” – дейди.
У киши собиқ ТуркВО (Ҳозирги Мудофаа вазирлиги) қароргоҳи ёнидаги генералларга атаб қурилган оромижон коттежларнинг бирида истиқомат қиларди.
Биринчи коттежда – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, ундан кейин – Мавлон Умрзоқов, Мавлон акадан кейин – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов, Алимовдан кейин – Олий Кенгаш раиси Эркин Халилов, ундан кейин СНБ раисининг биринчи ўринбосари, махсус хизмат генерали Бахтиёр Ғуломовлар ёнма-ён яшашарди.
Ёдимда қолгани шулар. Мен Ўзбекистон Олий раҳбарияти яшайдиган, қатор-қатор ҳарбийлар постидан ўтиб бориладиган, кучли қўриқлаш тизимига эга бўлган  бу сўлим ва баҳаволи гўшага тез тез бориб турардим.
Кейинчалик Мавлон акага тегишли бўлган коттеж – Фавқулодда Вазиятлар вазири (МЧС) Баҳодир Қосимовга олиб берилади.
Ҳолбуки, Мавлон ака ўша коттежни хусусийлаштириб олганди. Лекин Умрзоқов қамалганидан кейин хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинади.
Бу коттежларни махсус соқчилар гуруҳи кечаю кундуз тинмай қўриқлар эди…
12.
Тошкентда яшин тезлигида: “Мавлон Умрзоқов ишдан олинибди!” деган шов шув тарқалади.
Мен бу хабарни биринчи бўлиб Дархондаги чойхонага кимнингдир наҳорги ошига борган пайтимда Мирзоулуғ Йўлчиевич Абдусаломовдан эшитганман. Кейинчалик у киши Олий Хўжалик суди ва Марказий Сайлов Комиссиясига раислик қилди.
Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкат Мирзиёев ва Олий Кенгаш раиси Эркин Халиловлар ҳам  Мирзоулуғ ака билан билан бирга эдилар.
Ўшанда мен уларнинг кўзларидаги ногоҳоний қувонч шуълаларини  кўриб, ҳайрон қолганман.
Негаки, уларнинг учалови ҳам Мавлон аканинг соясига салом берадиган, рўпарасида ҳамиша қўшқўллаб таъзимда турадиган энг яқин ва қадрдон мулозимлар эди.
Албатта, кадрлар сиёсати бўйича Президент Давлат маслаҳатчисининг ишдан олиниши Ўзбекистонда катта воқеа бўлади. Кимдир хурсанд бўлса, кимдир хафа бўлади.
Бу хабар бир пасда пойтахт Тошкентдан – республиканинг энг чекка шаҳар ва қишлоқларига ҳам етиб боради…
13.
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб қолди.
Истеъдодли шоир Мирзо Кенжабоев маълум муддат Президент девонида хизмат қилган эди.
Олти ой ишлар ишламас уни Мавлон ака негадир ишдан бўшатиб юборади.  Мирзо Кенжабоев эса ишдан кетишини истамайди ва: “Ҳеч бўлмаса, тўққиз ой ишлашим керак!” деб ҳукуматнинг биринчи касалхонасига бориб ётиб олади.
Уни ўшанда нега ишдан бўшатганлари ҳақида турли туман миш-мишлар бор. Уларнинг қайси бири ҳақиқатга яқин, менга қоронғу. Буни Мавлон Умрзоқов ва Ислом Каримовлар яхши билсалар керак.
Эмишки, Мирзо Президент девонида намоз ўқиш учун махсус хона ажратишларини талаб қилиб, жанжал кўтарган. Девон ҳожатхоналарида таҳорат қилиш учун шароит яратилишини, обдасталар қўйилишини талаб қилган ва ҳокозо.
Бир куни – ўзи ҳали ишдан бўшатилганидан бехабар Мирзони кўргани ва соғлигидан хабар олгани “Луначарский” мавзесидаги ҳукуматнинг  1-касалхонасига бордим.
Ўшанда Мирзо менга ғазаб билан: – Ҳали катта ўзгаришлар бўлади, – деди қатъий ишонч билан. – Ҳали Сизлар қилмишларинг учун жавоб берасизлар! – деб таъкидлади яна.
– Тушунмадим, – дедим ажабланиб. – Қанақа қилмишимни айтаяпсиз?
– Мавлон Умрзоқов жавоб беради. Унга қўшилиб Сиз ҳам жавоб берасиз! – деб таъкидлайди Мирзо Кенжабоев.
Бу гапларни шоир – Мавлон Умрзоқов ишдан кетишидан анча илгари айтган эди. У ўшандаёқ Президент девонида Мавлон Умрзоқовга қарши фитна бошланганини билган экан.
Кейинчалик Мирзо Кенжабоевдан:  – Ўшанда нега менга бирдан ташланиб қолган эдингиз? Ахир менинг айбим йўқ эди-ку! – деб сўраганман.
– Майли, бўтам, ўтган ишга саловат, – деб мужмал жавоб беради шоир ва тасбеҳ ўгирганча лабларини пичирлатиб аллақандай дуо сураларини ўқий бошлайди…
14.
Билдимки, Мирзонинг Мавлон Умрзоқовдан қаттиқ кўнгли қолган экан.
Бу албатта бежиз эмас эди. Мавлон ака нафақат Мирзо Кенжабоевни, балки Усмон Азимовни ҳам – йўқ айбларини бўйнига қўйиб, ишдан бўшатган эди.
Умуман, Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлашнинг ўзига хос  шарофат ва каҳкашони билан бирга, маломат ва дарду-фиғони ҳам етарли эди. Бу шу маънодаки, одамларни катта-катта лавозимга тавсия қилиш билан бирга, уларни бу вазифадан олиш ва бўшатишдек тавқи лаънат ҳам Умрзоқовнинг зиммасида эди.
Баъзан ишдан олиниши керак бўлган одамнинг – йўқ жойдан айбини топиш лозим. Ёки аксинча – жуда катта ва масъулиятли мансабга муносиб бўлмаса ҳам, уни шу улуғ вазифага тавсия қилиш керак бўлади.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси вазифасида ишлаб турган талантли ўзбек шоири Усмон Азимовни ишдан олишдек маломатли вазифа ҳам Мавлон аканинг зиммасига тушади. Мавлон акага “Президентнинг ўрнини кўзлаётган”   ўжар ва саркаш шоирнинг йўқ айбини топиш вазифаси юклатилади.
Президентнинг бу вазифаси ҳам шараф билан уддаланди.
Усмон Азимов Давлат маслаҳатчилигидан – Мавлон Умрзоқовнинг ўринбосари этиб тайинланади.
Сўнг кўп ўтмай бу ердан ҳам “қисқартирилади”…
Айтишим керакки, Усмон Азимовни ҳам, Мирзо Кенжабоевни ҳам ўз хизмат вазифасига кўра – шахсан Умрзоқов ишдан бўшатган эди. Шу ерда яна бир гапни ҳам айтишим керак бўлади: Мавлон ака ўзи яхши билган ва ишонган кадрларни махсус хизмат ва олий раҳбарият зуғумидан ҳимоя қилишни ҳам биларди.
Лекин Усмон Азим ва Мирзо Кенжабоевларни у негадир ҳимоя қилишни истамайди…
– Усмон вилоятларда юрган пайтида: “Мен “Ватан тараққиёти” партияси лидериман. Президент сайловида биз ҳам ўзимизнинг номзодимизни кўрсатамиз!” деяпти, – деган эди Мавлон ака бир икки марта.
– Ўзингиз аниқ эшитдингизми? – деб сўраганимда нариги идорадан хабар қилишди деб МХХ га ишора қилган эди…
15.
Шундай қилиб Мавлон Умрзоқовнинг Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги – ҳамма узоқ давом этади деб ўйлаган шонли ва суронли даври кутилмаганда якун топади.
Қизиғи шундаки, муқаддам Умрзоқовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган ёш ва умидли олим – Исмоил Шодмонқулов Тошкент шаҳар ҳокимининг фан, маданият ва социал таъминот масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётган эди. Лекин Умрзоқов ишдан бўшатилгач, икки кун ўтиб уни ҳам ишдан олишади.
Яъни кейинги вазифада у бор йўғи 36 кун ишлайди, холос.
Мавлон Умрзоқовнинг Авазбек исмли – узун бўйли, қорачадан келган, истараси иссиқ яна бир ёрдамчиси ҳам –  Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланган эди.
Мен унинг отаси вафот этганида Мавлон Умрзоқов илтимоси билан Андижонга таъзияга борганимда, оддий бир журнал Бош муҳарририни андижонлик мулозимлар жуда катта иззат-икром билан кутиб олишган эди.
Ўшанда мен Андижон вилоят ҳокими ўринбосарининг – бошқа вилоятдаги ҳамкасбларида бўлмаган чексиз имконият ва имтиёзларини кўриб, Президент Давлат маслаҳатчисининг ёрдамчиси лавозимидан – вилоят ҳокими ўринбосари бўлиб боришнинг истиқбол ва уфқлари нақадар кенг ва катта эканига шахсан гувоҳ бўлган эдим.
Авазбекнинг ўзи ҳам андижонлик эди.
Лекин Умрзоқов ишдан бўшатилганидан икки кун ўтиб, унинг Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги ўринбосари – Шодмонқуловни бўшатган бўлсалар, уч кун ўтиб эса – Андижон вилоят ҳокимлигидаги – Авазбекни  ҳам тўсатдан ишдан олишади.
Мен буни – Президент салтанатининг чорак асрдан бўён ўзбек мулозимлари юрагига ғулғула солиб келаётган – қўрқув ва қувғин, тазйиқ ва тергов орқали ишдан олинганларни интрига ва бадном қилишдек шармандали ва ноинсоний сиёсатининг аянчли маҳсули деб биламан…
16.
Мавлон аканинг ўрнига тайинланган кампир ияк Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов – Умрзоқовнинг раҳбарият тизимидаги барча кадрларини – энг охирги чанггига қадар супуриб, тозалаб, қоқиб ташлайди. Ҳатто у билан умрида бир бора қўл бериб самимий кўришган мулозимлар ҳам қирғин қилинади.
Президент девонида Умрзоқов раҳбарлик қилган Кадрлар сиёсати билан ишлаш Бош Бошқармаси тамомила янгиланди. Нафақат мулозимлар, ҳатто котиба ва ҳайдовчилардан тортиб, Умрзоқовга ҳар гал “честь” бериб, уни кутиб олиб, кузатиб қўювчи Девон соқчиларига қадар алмаштирилади.
Президент девони ва Вазирлар Маҳкамасидаги масъул лавозимларда ишлаётган элликка яқин Мавлон Умрзоқов “кадрлари” Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги бу юксак вазифалардан бадарға қилинади.
Бундан ташқари Тошкент шаҳрида “Фалончи ҳам Мавлон Умрзоқовнинг одами эди” деган баҳонада келажаги порлоқ жуда кўп кадрларни бирин кетин ишдан бўшатиш кампанияси авж олиб кетади.
Юнус Обод туман ҳокими (олдин райкомнинг биринчи секретари) Рустам Калонов, район прокурори Раҳим Жўраевлар ҳам Умрзоқовнинг яқин одамлари сифатида ишдан олиниб, тергов ва маҳкамага юз тутадилар.
Мен Рустам Калонов ва Раҳим Жўраевларни яхши танирдим.
Улар билан Умрзоқов иштирок этган ўтириш ва зиёфатларда бир неча бор бирга бўлганман. Прокурор Раҳим Жўраев мошенник ва лўттибоз одам эди.  Мен уни ёмон кўрардим.  Арчилган тухум пўстидай силлиқ юзли, сап-сариқ, беандиша ва уят латифалар устаси бўлган бу орсиз ва чиройсиз прокурор билан Мавлон акани нима боғлаб турар экан деб кўп ўйлардим, чексиз ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлардим.
Ажабки, бу лўттибоз прокурор нафақат Мавлон Умрзоқов билан, балки Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров билан ҳам жуда яхши ва яқин алоқада эди.
Юнус Обод туман ҳокими Рустам Калонов эса жуда камтар ва камсуқум, ҳалол ва диёнатли, имон-эътиқодли раҳбар эди. Қуръонни яхши билган, Ислом қадриятларини ниҳоятда эъзозловчи бу мулозимни – уни яқиндан билган ва бирга ишлаган барчамиз ҳурмат қилардик ва қадрлардик.
Боз устига мен айнан Юнус Обод райкоми тавсияси билан Тошкент вилояти Пленумида – обком аъзоси этиб сайланганман. Қолаверса. Ўзбекистон Компартиясининг қатор партия съездларига ҳам мени Юнус Обод райкоми делегат ва нотиқ қилиб сайлаган эди.
Чунки мен Бош муҳаррири бўлган иқтисод журнали редакцияси қароргоҳи ҳам айнан Юнус Обод тумани ҳудудидаги энг гўзал ва сўлим, хушманзара бир гўшада  жойлашганди…
17.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Умрзоқовнинг тагига сув қўйган хоразмлик шогирди Аҳмад Отажоновдан “Ур тўқмоқ!” сифатида фойдаланганлар, ажабки,  ўз ваъдаларига вафо ҳам қиладилар.
Агар эсингизда бўлса олдинги қисмларда Тимур Алимов Отажоновга: “Агар айтганимизни қилсанг, Мавлоннинг ўрнини олиб берамиз!” деганини ёзгандик.
Зеро, А.Отажонов Президент буйруғи билан жума куни “Давлат маслаҳатчиси вазифасини вақтинча бажарувчи” лавозимига тайинланади.
Душанба куни эса Президентнинг ўша буйруғи бекор қилиниб, А.Отажонов ишдан бўшатилади.
Ҳар қалай, жумадан душанбагача Отажонов бир умр ният қилган орзусига эришиб – Умрзоқовнинг ўрнига – Давлат маслаҳатчиси бўлиб ўтиради. Шанба ва якшанба кунлари давлат идоралари ишламаслигини ҳисобга олсак, у фақат бир кун – яъни жума куни Давлат маслаҳатчиси бўлади.
Душанба кундан эътиборан – Хоразм вилоят ҳокимлиги ихтиёрига жўнатилади. У ердан эса қайсидир бир туман ҳокимиятидаги пастроқ бир вазифага тайинланади.
Шундай қилиб А.Отажонов энди ростакамига “Астрободга сургун” қилинади.
Аҳмад Отажонов мавзусини якунлашдан олдин яна бир гапни айтиб ўтишим керак.
Бу орада Миллий Хавфсизлик Хизмати, Прокуратура ва Ички Ишлар тизими ходимларига “Мавлон Умрзоқов жиноий гуруҳи фаолияти синчиклаб ўрганилсин!” деган топшириқ берилади.
Президент томонидан “Ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилган ва ҳаддидан ошган” Мавлон Умрзоқов гуруҳини ҳибс этиш буйруғи берилганидан сўнг тезкор гуруҳ вакиллари биринчи бўлиб  – Аҳмад Отажоновни қамайдилар.
Сўнг – “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушевни.
Ва шундан кейингина Мавлон Умрзоқовнинг ўзини ҳибс этадилар.
Нега бундай бўлди? Нега аввал Умрзоқовни эмас, балки бизни қамашди. Аслида аксинча бўлиши керак эмасми?
Бизни олдин қамашгани сабаби – бизларни Умрзоқовнинг энг яқин одамлари, унинг бор ва йўқ айбларини ҳам яхши билишади деб ўйлашган. Лекин улар хато қилишган эди…
Биз “Подшо эркатойининг саргузаштлари” номли учинчи китобда  – ўз мулозимлик ҳаётимизни тамомила остин устун қилиб юборган бу даҳшатли ҳибслар, қон ва тер ҳиди анқиб турган ўзбек қамоқхоналаридаги фиғонли ва ҳижронлар кунларимиз – еган калтакларимиз ҳақида батафсил ҳикоя қилиш ниятидамиз…

 

 

18.
Лекин Мавлон Умрзоқовнинг ҳибсга олинишига ҳали бир оз вақт бор эди.
Ҳали у қамалганига қадар бир муддат Сирдарё вилояти ҳокимининг   ўринбосари бўлиб ишлаши керак. Чунки Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси қамалибди деган ваҳимадан кўра – вилоят ҳокимининг оддий бир муовини ҳибсга олинибди деган гап маъқулроқ эди.
Хуллас, лавозимидан олинган Мавлон Умрзоқов аразлаб қолган ёш болакайга ўхшаб, коттежига бориб ётиб олади.
Сирдарёга жўнаб кетишга шошилмайди.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач:
– Исматжон, мендан ҳеч ким хабар олмаяпти-ку! – деб менга телефон қилади. – Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, – дейди гинахонлик билан.
Ваҳоланки, Умрзоқовни – Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисида аллақачон Президент Фармони чиққан эди. Лекин Мавлон ака кимларгадир аччиқ қилиб, беш-ўн кунча коттежда ётаверади.
Мен одамгарчилик юзасидан Тошкентдаги уйида қамалиб ётган кунларида Мавлон акадан хабар олиб турдим. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Мен меҳр ва садоқат қўйган одамларимга нисбатан ҳамиша шундай йўл тутганман.
Агар адашмасам, орадан бир неча кун ўтиб Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев Мавлон акани Сирдарёга олиб бориб, ҳокимнинг муовини вазифасига қўйиб келади.
Чунки Умрзоқов айнан ижтимоий масалалар бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланган эди.
Муҳаммаджон Қорабоев ҳам Вазирлар Маҳкамасида ижтимоий масалалар билан шуғулланарди…
19.
Ажаб дунё экан бу дунё.
Кечагина Умрзоқовнинг соясига салом бериб юрган Вице премьер Муҳаммаджон Қорабоев бугун энди уни ишга қўйиб, фаолиятини назорат қилади.
Асли касби физик бўлган Муҳаммаджон Қорабоев – академик Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевнинг шогирди эди. Мен уларнинг ҳар иккаласи билан ҳам яхши ва яқин алоқада эдим.
Пўлат Ҳабибуллаев билан Қизил Майдоннинг шундоққина биқинидаги Хадича Сулаймонова 29 уйда – бир бинода ишлардик. У киши Фан ва техника Давлат Қўмитасини бошқарардилар. Мен эса “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналларини.
Муҳаммаджон Қорабоев Бош вазир ўринбосари сифатида Ўзбекистон  ҳукумат делегацияси раҳбари бўлиб Туркияга расмий сафар билан борганларида журналист Карим Баҳриев билан мен ҳам шу гуруҳ сафида эдик.
Республика олий ўқув юрти ректорлари, вазир ва унинг ўринбосарларини ўз ичига олган бу делегация Туркияга Президент Ислом Каримов топшириғи билан – Олий ўқув юртларига қабул тизимидаги – Тест синовларини ўрганиш учун борган эди.
Кейин ҳам биз Муҳаммаджон ака билан тез-тез кўришиб турдик. У киши ниҳоятда камтар ва камсуқум одам эдилар.
Шунинг учунми, билмадим, Бош вазир ўринбосари бўлиб кўп ишлолмадилар.
 Кейинчалик у кишини яна ўша – ўзлари келган Фарғона университетига ишга жўнатилганларини эшитдим…
20.
Муҳаммаджон Қорабоев Умрзоқовни Сирдарёга олиб бориб ҳокимиятдагиларга таништириб келганидан сўнг ҳам Мавлон ака анча пайтгача ишга чиқмай юрди.
Мен одатдагидай у кишидан ҳар куни хабар олиб турардим.
Ана шундай дилхун ва тушкун кунларнинг бирида Мавлон ака менга – ишдан кетиш ёмон бўлишини, мендан бошқа ҳеч ким у кишидан хабар олмай қўйганини айтиб, нолидилар:
– Исматжон, ахир менинг нима айбим бор? Нега мендан ҳеч ким хабар олмай қўйди? Нуралига айтинг, олдимга келиб турсин! – дедилар.
Мен ўшанда Нурали Қобулнинг уйига борганман. Шунда Нурали ака эшикни очиб: “Ука, иложи бўлса Сиз ҳам унинг олдига борманг! Учрашманг! У ифлос одам эди!”  – дейди пинак бузмай.
Мен турган жойимда қотиб қолдим. Негаки, Нурали Қобул Мавлон Умрзоқов билан жуда яхши ва яқин алоқада эди.  “Акажон!” деб доим хушомад қилар,  уйига чақириб, тез-тез зиёфат қилиб турарди.
Ўшандай зиёфатлардан бири ҳануз кўз ўнгимда турибди.
Ўшанда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва мен Нурали Қобулнинг уйида меҳмон бўлганмиз.
Айтмоқчи, ўша ўтиришда Адлия вазири Алишер Мардиев ҳам бор эди.
(Кейинчалик у Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланади).
Демак Нурали аканинг уйида беш киши ўтирган эканмиз. Шунда кайфи ошиб қолган Мавлон ака билан негадир гап талашиб, баҳслашиб қолгандик:
– Ака, кайфингиз ошиб қолди, энди дам олинг! – дегандим ўшанда.
– Сопляк! Ҳали сен менга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми? ! – деб пўписа қилади Мавлон ака.
– Ака, ўзингизни сал босиб олинг! – дегандим мен ҳам бўш келмай…
Ҳақиқатан ҳам ўшанда Мавлон аканинг кайфи ошиб қолганди. Ёнимда ўтирган Нурали ака бўлса, столнинг остидан оёғимга тепиб: “Оғир бўлинг!” деб пичирлайди.
Кейин мен жаҳл билан ошхонага чиқсам, рафиқалари Шаҳодат опа: “Исматжон, ҳозир уришиб қоласизлар, илтимос, Сиз битта гапдан қолинг! Ахир, Мавлон ака ҳазилакам одам эмас-ку!” деб менга ялиниб ёлворган эди…
Шунда Бўритош ака менинг кадрлар сиёсати бўйича Президентнинг  Давлат маслаҳатчисига қилаётган муомиламни кўриб, ҳайрон қолади.
Кейинчалик, Мавлон Умрзоқовни қамаш керак бўлганида унга қўшиб мени ҳам ҳибсга олишга қарор қилишганида, эҳтимол, Нурали аканинг уйидаги мана шу тўқнашувни ҳам назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.
Ким билади дейсиз, “Исмат Умрзоқовга танбеҳ бераяптими, демак унинг нозик сирларидан хабардор бўлса керак!” –  деб ўйлашган бўлишлари ҳам мумкин.
Мен эса ҳокимиятга Умрзоқов туфайли эмас, балки Ислом ака туфайли келганим учун ҳам ҳеч кимнинг олдида, жумладан Мавлон аканинг  олдида ҳам тилим қисиқ эмас эди.
Қолаверса, Мавлон ака айнан президентга яқинлигим учун ҳам мендан чўчиб турар, Исматжон у бу гап-сўзларни Ислом акага айтиб қўймасин деб доим чексиз бир меҳр ва эҳтиром билан муомила қиларди.
Бу гал у кишига нима бўлди, нима қўйди, такаллуфни ҳам унутиб, жеркиб ташлади. Ва шунга яраша жавобни ҳам ўша заҳотиёқ олди.
Бу ерда бошқа изоҳга ҳожат бўлмаса керак деб ўйлайман…

 

21.
Хуллас, Нурали Қобул ҳамиша Мавлон Умрзоқовни “Улуғ инсон!” деб кўкларга кўтариб юрарди.
У пайтларда Нурали ака “Чўлпон” нашриётининг директори эди. Лекин Рустам Шоғуломовнинг ўрнига Давлат Матбуот Қўмитасининг раиси бўлишни орзу қиларди. Мавлон Умрзоқов ҳам: “Мен Сизга ўша жойни олиб бераман!” деб ваъда қилган эди.
Шоғуломовни Нурали Қобул ўлгудай ёмон кўрарди. Унинг ўрнини олишни ўзининг энг олий ва улуғвор мақсади деб биларди.
Нафсиламбирини айтганда, Нурали Қобул бу ўринга муносиб ҳам эди. Унинг оғир, босиқ ва мулоҳазали экани, бошқа ёзувчиларга қараганда ҳар томонлама  улардан бир бош баланд туришини ҳамма билар ва тан ҳам оларди.
Ишнинг кўзини билиши, тажрибали ишбилармонлиги, пули кўп ва кўзи тўқлиги каби бошқа ўнлаб фазилатлари билан ҳам – Матбуот ва нашриёт вазири бўлиши унга жуда ярашар эди. Бир сўз билан айтганда – у шу лавозимга хос ва мос одам эди.
Лекин Мавлон Умрзоқов негадир ўзи ваъда қилган бу лавозимни Нурали акага олиб беролмади.
Менинг назаримда бу таклифга Президент қарши чиққан. Нурали Қобулнинг ҳеч нарсадан қайтмайдиган оташқалблиги, ўжар ва шаккоклигини яхши билган Умрзоқов Олий Кенгаш сессияларида Ислом акага ташланиб қолмасин деб, бу гапни Нурали акага айтолмаган.
Чунки Нурали ака Президент ва унинг ёнидагиларга: “Ака, ака!” деб хушомад қилиб юргани билан, министрлик курсига ўтирса, ўз билганидан қолмаслигини Ислом ака яхши билган.
Нурали Қобул, ростини тан олиб айтиш керак – таниқли ва истеъдодли одам эди.
Бундай мулозимлар ўша пайтлари Ислом Каримов атрофида жуда кўп эди. Лекин Нурали Қобул улардан фарқли ўлароқ – ҳур фикрли ҳам эди.
Президент эса ҳур фикрли одамларнинг Ўзбекистон Олий раҳбариятига келишини мутлақо истамасди…
22.
Хуллас, Мавлон ака Нурали Қобулга министрлик лавозимни олиб беролмай, ишдан кетгач, мен у киши ёлғиз қолди, бориб ҳолидан хабар оларкансиз, деб вазир бўлиш орзуси ушалмаган ёзувчининг уйига бордим.
Ўз уйининг остонасида турган Нурали ака:
– Исматжон, мен сенга айтсам, Мавлон аканг маньяк эди, алкаш эди.  У тасодифан раҳбарлик лавозимига чиқиб қолган эди! – дейди оташин бўлиб.
Мен ўшанда Нурали акани танимай қолганман.
Довдираб, нима дейишимни билмай, ўзимни тамомила йўқотиб қўйгандим…
23.
Шу ўринда Нурали Қобулга яна бир “штрих” бериб ўтиш лозим.
Норали ака билан биз Анҳор бўйидаги Герман Лопатин кўчасининг нари–берисида – “Оқ сарой”нинг шундоққина биқиндаги бир маҳаллада яшардик.
Оилавий борди келди қилардик.
Мавлон акадан кейин мен ҳам қамалганимдан сўнг келинингиз Наргис Нурали ака ва Шаҳодат опаларни қора тортиб, тонг саҳар уларникига йиғлаб боради, улардан ёрдам сўрайди:
– Эримни кечга яқин қўйиб юборамиз деб, олиб кетишган эди. Лекин кеча келмади, ҳамон ундан дарак йўқ. Нима бўлганини билолмаяпман. Наҳотки, қамаб қўйишган бўлса?! – дейди Наргис кўз ёш тўкиб.
Шунда мен доим яхши кўрган ва ҳурмат қилган Нурали ака:
– Ҳа, эрингизни қамаб қўйишди! – дейди. – Энди Сиз Исматни унутинг. Бола-чақангизни олиб, қишлоққа кетинг! – деб маслаҳат беради…
24.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Нурали Қобул оиламга ташқарида туриб ваҳима қилган бўлса, менга терговчилар ичкарида туриб: “Уйинг ва бола чақангни тамомила унут. Энди сен, агар ўлмай қолсанг, камида йигирма йил қамоқда бўласан!” деб дадил айтишарди.
– Давлатга, Президентга қарши бориш, бу жуда катта жиноят! Умрзоқовнинг ҳам, сенинг ҳам умринг энди турмада чирийди, – деб терговчиларнинг ваҳима қилиш ва ҳибсдаги шўрлик маҳбус юрагига абадий ғулғула солиш, уни тамомила синдириш санъатига қойил қолмай иложингиз йўқ, албатта.
Бугун энди Ўзбекистон ҳибсхона ва турмаларидаги  бу каби ноинсоний ва жиноий ҳатти ҳаракатларнинг, таъқиб ва тазйиқларнинг, шантаж ва қўрқитиш санъатининг кўлами ва миқдорини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Адолат ҳаққи ҳурмати билан айтганда, мен Нурали Қобулдан хафа эмасман.
Ўзбек жамиятида ҳукм сурган –  қўрқув ва ваҳима ўшанда ҳам, ҳозир ҳам, одамлардан шуни талаб қилган.
Президентнинг қаҳрига учраган ва қамалган “гуноҳкор”дан ўзини узоқроқ тутиш, унинг жиноятчи ва Ватан хоини эканига шак шубҳасиз имон келтириш – Ислом Каримов ҳукмдорлик қилиб келаётган чорак асрлик тарихимиз саҳифаларида қонли ва фиғонли ҳарфлар билан ёзиб қўйилганини бугун ҳамма яхши билади.
Шу маънода мен, рости, Нурали Қобулдан хафа бўлмадим. У жамиятдаги хуфия хизмат сарҳадлари ва имкон даражалари кўламини яхши билган, ҳушёрлик қилган.
Йўқса, уни ҳам ёнимизга олиб кириб қўйишлари ҳеч гап эмас эди…
25.
Дарвоқе, “Дунё ўзбеклари”да менинг “Подшо эркатойининг саргузаштлари” номли хотираларим эълон қилинаётганидан бўён мухлис ва ўқувчилар бир саволни кўп беришади:
“Нега Президентнинг қаҳрига учраган Умрзоқовнинг яқин одами сифатида Бош муҳаррир Исмат Хушев қамалди-ю, лекин шу даврада бўлган Ўзбекистон халқ депутатлари Нурали Қобул ва Карим Баҳриевлар қамалмади?” деб.
Биз бугун хорижда, муҳожирликнинг аччиқ нонини еб, Ўзбекистонда ўтган шонли ва армонли умримизни гоҳ ширин, гоҳ маҳзун хотиралар билан Канада бекатида туриб сарҳисоб қилар эканмиз, албатта, ўзимизнинг бахтсиз ва омадсизлигимиз учун аламзадалик билан Президентни айблашимиз турган гап.
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати билан айтганда, Нурали Қобулни ҳам, Карим Баҳриевни ҳам шахсан Ислом Каримов ҳибсдан сақлаб қолган.
Қамоқдан чиққанимдан кейин кўп йиллар ўтиб, ишончли манбалардан билдимки, ўшанда МХХ раиси Ғулом Алиев ва Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимовлар тузган ҳибсга олинувчилар рўйхатида мен билан бирга – Нурали Қобул ва Карим Баҳриевлар ҳам бўлган экан.
Юқорида айтиб ўтдик: Нурали Қобул Рустам Шоғуломов билан келишмасди. Шоғуломов эса Тимур Алимовнинг энг яқин ва ишончли одами эди.
Қолаверса, Тимур Алимов ҳам Нурали Қобулни ёқтирмасди, аниқроғи – ундан чўчирди. Нурали ака депутат сифатида Олий Кенгаш йиғилишларида истаган олий раҳбарият аъзосини олиб бориб, олиб келиши мумкин эди.
Боз устига – нутқи равон, фикри теран, тили бийрон нотиқ эди Нурали Қобул.
Карим Баҳриев эса табиатан хокисор ва андишали йигит, у Ўзбекистон Олий раҳбариятидагилар, хусусан Ғулом Алиев ва Тимур Алиевлар билан, мен каби сан-манга бормаган, уларни ранжитмаган.
Лекин адолат ва диёнат бобида, ҳур фикрлик масаласида  у ҳеч кимни, ҳатто Президентни ҳам аямасди. Шунинг учун уни ҳам “Қора рўйхат”га киритган бўлишлари мумкин.
Ўшандаги сессиялар – ҳозиргидай “ўйинчоқ ва қўғирчоқ” ҳолда ўтказилмасди.
Буни шундай тушуниш керакки, кейинги 25 йилда сессия йиғилишлари  – ўйинчоққа, депутат ва сенаторлар эса  – қўғирчоққа айлантирилди.
Айнан шунинг учун ҳам – ҳақиқий ва эркин сайловларда сайланган биринчи ва охирги парламент  – халқ ноибларининг ҳур фикрлик ва демократик тамоиллар анжумани бўлиб Ўзбекистон тарихида мангу яшаб қолади.
Нурали Қобул ва Карим Баҳриевлар эса айнан – ҳур фикрли депутат сифатида ҳам “Умрзоқов рўйхати”га киритилган бўлишлари мумкин.
Лекин Ислом Каримов уларни ҳибсга олишларига изн бермайди.
Мана шу ерда Исмат Хушевнинг Чироқчидан депутат этиб сайланмагани ҳам унга қаттиқ панд берган бўлиши мумкин.
Биз жоҳил ва қасоскор Президентни қанчалик ёмон кўрмайлик, буни тан олишимиз ва элга очиқ-ойдин айтишимиз керак!
Қолаверса, ўша пайтларда Ўзбекистон халқ депутатларини қамаш осон эмас эди.
Бугун энди бу нарса муаммо бўлмай қолди.
Масалан, Президент генерал Усмоновни Тошкент вилояти сессиясида танқид қилиб, ишдан олган заҳотиёқ Сенат “ҳайъати” уни ҳеч қандай йиғилишсиз бир овоздан сенаторлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, дахлсизлигини бекор қилди.
Яъни, қамашга тайёр қилиб қўйди…
Нурали Қобул ва Карим Баҳриевлар ўшанда ҳибсга олинмаганлари билан, лекин, депутатлик ваколатлари тугаганидан кейин ҳам, мана 25 йилдирки, ҳануз Умрзоқовнинг “Қора рўйхати”дан ўчирилганлари йўқ…

 

26.
Нурали Қобул ўшанда оиламга: “Энди бола-чақани олиб қишлоққа кетинг!” деб айтгани билан лекин қамалганимни эшитиб, юрагида нима дард пайдо бўлгани ёлғиз ўзига ва Яратган Эгамга аён.
Бундай дейишимга сабаб шуки, мен Нурали акани мукаммал ўрганганман, табиати ва характерини яхши биламан,  ҳалол ва диёнатли инсон сифатида ҳурмат қиламан.
Олдин ҳам шундай эди, оиламга: “Исматни унутинг!” деганидан кейин ҳам   шундай бўлиб қолди.
Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Кейинчалик, Ўзбекистон Олий суди ҳукми билан Умрзоқов бошлиқ гуруҳ аъзоларининг мендан бошқа ҳаммаси  турли муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.
Мен эса суд залидан озод этилиб, уйга – оилам ва бола чақам бағрига қайтдим.
Ўшанда мени кўргани келган Нурали аканинг кўзларидаги қувонч ва шукроналик ёшларини мен ҳеч қачон унутолмайман.
Орамиздаги ака-укачиликнинг меҳри ва сеҳри шу қадар эди.
У кишига нисбатан бундай эътиқод қўйишимнинг эса ўзига хос ва мос   тарихи бор.
Нурали Қобул – Тошкентга келиб, ўзлигимни топишда ва “Журналист Исмат Хушев” бўлиб шаклланишимда муҳим рол ўйнаган, менга катта яхшилик қилган ва беминнат ёрдам қўлини чўзган бағри кенг ва меҳри дарё устозларимдан бири.
Менинг мураккаб ва ғалвали ҳаёт йўлимда ёрдам қўлини чўзган, одам бўлиб жамиятда ўз ўрнимни топишимда кўмаклашган инсонларни ҳеч қачон унутмаганман ва бундан кейин ҳам унутмасам керак.
Чунки, раҳматли отам менга шундай деб тарбия берган, ҳаётда ёрдам қўлини чўзган одамларни худди отамдек азиз ва муқаддас деб билишимни доим уқтириб, насиҳат қилар эдилар…
27.
“Подшо эркатойи саргузаштлари”нинг биринчи китобидаги 13-бобда Нурали Қобул билан илк танишган кунлар ва у кишининг менга қилган яхшиликлари ҳақида шундай хотираларим бор.
Ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун уни айнан келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдим: :
1- китобнинг 13-бобидан кўчирма:
“Қашқадарёда ишларим юришмагач, Тошкенга келдим. Сирожиддин Саидов билан маcлаҳатлашиб, севимли ёзувчимиз Эркин Аъзамовга учрашдим.
Тошкентда ўқиб юрган йилларимда Эркин аканинг “Отойининг туғилган йили” номли қиссаси “Гулиcтон” журналида чоп этилиб, талаба-ёшлар ўртасида хийла шов-шувга cабаб бўлганди.
Қиссасининг бош қаҳрамони Aсқap ҳам қайсидир жиҳатлари билан менга ўхшаб кетарди. Ўйладимки, Асқардек курашчан қaҳpaмон тимсолиии яратган ёзувчи менинг аҳволимни тўғри тушунади.
Дарҳақиқат, Эркин ака билан самимий суҳбатлашдик. Муддаомни билгач, у бир қанча жойларга қўнғироқ қилди. Менга иш қидирди, ҳомий қидирди:
– Нурали Қобулга бир учрашинг-чи, – деди кейинги борганимда Эркин ака. ¬ Мен унга айтиб қўйдим.
Нурали Қобулга йўлиқдим. У “Санъат” журналида менинг бир иккита мақолаларимни чиқарган, улардан бири биринчи муҳаббатим “Кумуш” ҳақида эди. Чунки ТошДУ да ўқиб юрган пайтимда ҳам Сирожиддиннинг таклифи билан  практикамни “Caнъaт” журналида ўтаган эдим. Ишқилиб, Нурали Қобул менга таниш ва ҳайрихоҳ инсон эди.
– Устоз, қадамларига ҳасанот! – деб зўр мулозамат билан кутиб олди Нурали aка. – Эшитдим, Шолохов бобонинг қабрини зиёрат қилиб келибсиз. Раҳмат сизга! Шу баҳонада Дон казаклари ўзбек деган миллат борлигини эслаб юришади. Ўтган йили Анвар акангизни ҳам журнал номидан командировкага жўнатган эдим. Яхши қилган эканман, тирик пайтида Нобель мукофоти лауреати бўлган одамдан ўзбек журналистикаси тарихида биринчи марта ўзбек журналисти интервью олиб қайтди! Биз – ўзбеклар номини ҳеч бўлмаса шунақа йўллар билан дунёга танитиб туришимиз керак…
Нурали ака тўлқинланиб хийла гапирди, қаҳва дамлатди. Сўнг комсомол Марказқўмида масъул вазифада ишлайдиган Ҳакимжон Ҳамидов деган оғайнисига қўнғироқ қилди. Ҳ.Ҳамидов – ўқyв юртлари бўйича МарказҚўмда котиб экан. Ҳол-аҳвол сўрашгач:
– Исмат Хушев деган бир талантли йигит бор. Яқинда ҳарбий хизматдан чала коммунист бўлиб қайтди… Ўзи – Қашқадарёдан, Амир Темур бобомизнинг юртидан. Агар ўзига муносиб бир иш топиб берсак, бу дунё-ю у дунё биздан миннатдор бўлиб юрарди-да, дўстим! – деди Нурали ака ярим ҳазил-ярим чин оҳангида. –   Бўпти, ҳузурингизга шахсан ўзлари ташриф буюрадилар, карнай-сурнайлар билан кутиб оласиз… Яхшилигингизни биз ҳам унутмаймиз! Ҳакимжон, бўш пайт топиб бир келинг, гаплашайлик! Яна бир марта раҳмат, дўстим! – деб Нурали ака трубкани жойига қуйди.
– Раҳмат, ака! – дедим қувониб.
– Сизга раҳмат! Демак эшитдингиз, ўзига бир учрашинг, нима қилиш кераклигини айтади. Лекин шу билан қорангизни кўрсатмай кетманг, келиб туринг! – деб йўлаккача кузатиб чиқдилар.
Қизил Майдонда жойлашган Комсомол Марказқўмига бориб, Ҳакимжон Ҳамидовга учрашдим. У киши мени самимий кутиб олди. Хийла суҳбатлашдик:
– Исматжон, бирданига Марказқўмга ишга олиш қийин. Иложи бўлса, фаолиятингизни Қаршидан бошласангиз, яхши бўларди. Мен ҳозир Қашқадарёга қўнғироқ қиламан, – деди.
Мен рози бўлдим. У киши Қашқадарё область комсомол қўмитасига телефон қилди. Обкомда Cемёнов деган иккинчи котиб билан гаплашди.
Қисқаси Ҳакимжон Ҳамидовнинг тавсияси билан Қаршига бориб – Қашқадарё область комсомол қўмитасига учрадим. У ердаги масъул раҳбарлар мен билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказдилар. Сўнг мени “студент қурилиш отряди” (ССО) га комиссар лавозимига ишга олдилар.
Ўша пайтларда сутдент-қурилиш отрядлари ҳамма жойда (таътил пайтлари) фаолият кўрсатарди: уларни область комсомол қўмиталари назорат қилиб турарди. Обком комсомолда ССО фаолиятини назорат қилувчичи инструктор ҳам обком комсомолнинг масъул ходими ҳисобланарди.
Шу лавозимга мени ишга олдилар. Бу айнан менбоп вазифа эди. Зўр қувонч билан енг шимариб ишга киришдим. Зиммамга юклатилган вазифаларни ситқидилдан адо этиб юрдим.
Орадан икки ой ўтар¬ўтмас, менинг ҳатти-ҳаракатларимдан мамнун бўлган обком комсомол раҳбарлари каминани Қарши Давлат педагогика институти комсомол қўмитасининг биринчи секретари лавозимига тавсия этдилар.
Бу жойнинг раҳбари район комсомол қўмитасининг биринчи секретари ҳуқуқига эга эди: ўзи ёшларни комсомол сафига қабул қилиб, ўзи комсомолдан ўчириши ҳам мумкин экан.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Пахта терими пайти эди (биласиз, cовет даврида ўқувчи ва студентларнинг асосий вақти пахтазорда ўтарди). Ўша пайтлардаги институт ректори Муҳаммад Назарович Болтаевга учрашдим.
Асли бухоролик, оғир-вазмин, кўпни кўрган бу киши фан доктори, профессор эди.
Бу зотнинг номини ҳозиргача чексиз эҳтиром билан эслайман. Сабабини кейин айтаман. Мен туфайли бу одамнинг бошига кўп савдолар тyшди. Агар ўшанда, бир кун келиб бошига шунча кўп балолар ёғилишини, Бюро мажлисларида сочи оқаришини билганида, эҳтимол, мени ишга олмасмиди…
Қисқаси, институт ректори Муҳаммад Назарович мен билан бафуржа суҳбат қилди-да, охирида битта савол берди:
– Область комсомол қўмитасига сиз кимнинг тавсияси билан ишга келгансиз?
Ўша пайтларда ҳар қандай раҳбар янги ишга кираётган одамдан шу нарсани сўраб оларди. Яъни, “сен кимнинг одамисан? Орқангда ким турибди?” деган маънода…
Мен тўғрисини айтдим:
– Нурали Қобул тавсия қилди,  Ҳакимжон Ҳамидов – Қаршига юборди, – деб тўғрисини айтдим.
Нурали ака у пайтларда жуда машҳур одам бўлиб – ҳам ёзувчи, ҳам Шароф Рашидовнинг куёви сифатида ҳам ном қозонган эди.
Кейинчалик Шоира исмли бу аёлдан ажралиб, бошқа турмуш қилдилар.
Бу ҳақда ҳали бафуржа гаплашамиз”.
1-китобнинг 13-бобидан
http://dunyouzbeklari.com/archives/53897
Яна бир гап.
Нурали Қобул Бош муҳаррир бўлган “Санъат” журнали ўша давр ўзбек жамиятида катта обрў-эътибор қозонган эди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги оғриқ муаммолар асосан ана шу нашрда дадил кўтариб чиқиларди. Кейинчалик бу ролни Одил Ёқубов раҳбарлик қилган “Адабиёт” газетаси ўз зиммасига олди.
Бугун эса Мустақил Ўбекистонда бундай имконият қолмагани сабаб, уларнинг вазифасини Канадада нашр этилаётган “Дунё ўзбеклари”  ўз зиммасига олди.
Бу – шарафли вазифани  қай даражада уддалаётганимизга баҳо бериш эса – ўқувчи ва мухлислар ҳукмига ҳавола…

 

28.
Майли, яна мавзуга қайтсак.
Кейин ҳам Нурали ака менга кўп яхшилик қилдилар, имкон қадар қўллаб қувватладилар.
Президентнинг қудаси Абдурауф Мақсудий билан ҳам  мени биринчи маротаба Нурали ака таништирган эдилар. Аввал бизникига, сўнг Мақсудий яшайдиган – Президентнинг Дўрмон резиденциясидаги ҳовлисига оилавий меҳмон бўлиб борганимиз ҳануз ёдимда.
Шу билан бирга Нурали ака ишонган одамларига садоқатли, оғир кунларида ҳамиша ёрдам берадиган – қўли очиқ ва кўзи тўқ инсон.
Бир гал Президент девонида ишлайдиган яқин танишларимдан бири мендан пул сўради. Унга зудлик билан шу пулни топиб бериш керак эди. Бу пайтда мен энди урилган ва қамалиб чиққан – ишсиз юрган пайтларим эди.
Нурали акага мурожаат қилдим.
У киши ҳеч ўйланиб турмай: «Девондаги одамларга пул бериш мумкин, лекин улардан қайтиб олиш жуда қийин. Агар  Сиз учун шу жуда зарур бўлса, майли, мен пул бераман. Лекин Сизга ишонганим учун бераман» – деб айтилган маблағни кимдандир қарз олиб, топиб бердилар…
29.
Бугун энди Нурали Қобул ҳам, Карим Баҳриев ҳам – мунис, маҳзун ва мунгли Ўзбекистонда қолиб кетишди.
Мен эса олис ва рутубатли Канададан қўним ва таскин топдим. Улар Президентнинг бағри кенглигига, эрта бир кун уларни яна эсга олишига, эътибор беришига ишонишди. Мен эса ишонмадим.
Ўзига шу қадар содиқ ва садоқатли бўлган, фанатик мухлис ва муҳибдек меҳр ва муҳаббат қўйган Исмат Хушевга нисбатан расмий Тошкент ҳукуматининг қилган таъқиб ва тазйиқларидан ниҳоятда ранжиб – хориж диёрларга юз тутдим, бегона ва ёт элларни ихтиёр этдим.
Улар эса Ўзбекистонда қолишди.
Ўзбек жамияти ҳали – улуғ ва адолатли жамият бўлади деб ишонишди.    Президентнинг эрта бир кун қутлуғ ва саҳоватли бўлиб қолишига  – заррача ҳам шубҳа қилишмади.
Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, вақт – энг олий ҳакам деб, ўзларига таскин ва тасалли беришди. Яхши ва ёруғ, янги ва муборак кунлардан умид қилишди.
Лекин бу  умид – йигирма йилдан бўён ҳеч ушалай демайди…

 

30.
Ҳа, улар 20 йилдан бўён ишсиз ва эътиборсиз қолдилар, расмий матбуот ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдан тамомила узиб қўйилдилар.
Оммавий ахборот воситалари – радио, телевидения, газета ва журнал идоралари уларга ёпиқ – микрафон ва камералар улар учун абадий ўчирилган.
Бир сўз билан айтганда – ўзбек жамиятидан тамомила улоқтириб ташландилар,
Ижодкор учун бу – ўлим билан тенг бўлган энг оғир ва шафқатсиз жазо эмасми?
Ҳолбуки, иккови ҳам – ўзбек адабиёти ва журналистикасининг энг ёруғ ва  мунаввар юлдузи, бетакрор ва истеъдодли ижодкори эди.
Қачонлардир подшонинг ўнг қўл вазирига яқин бўлганлари учун – ўзбек жамиятининг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидан тамомила улоқтириб ташланган бу икки улуғ инсоннинг йигирма йиллик зое кетган, заҳар-заққум бўлган ва саробга айланган умри учун ким жавоб беради?
Қолаверса, давлат раҳбарининг юксак ишончини қозониб, Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Мавлон Умрзоқовнинг ўзи ҳам йигирма йилдирки, ишсиз ва эътиборсиз қолди.
Бир пайтлар подшонинг ўнг қўли бўлишдек муборак рутбага лойиқ кўрилган билимли ва тажрибали, яхши бир арбобнинг шунча вақтдан бўён унутилиб, кўчада қолишини қандай тушуниш мумкин?
Шундай беҳис ва бераҳм жамиятни – қутлуғ ва адолатли деб бўладими?
Шундай бемеҳр ва қасоскор Президентни – улуғ ва саҳоватли дейиш мумкинми?
31.
 Агар улар оддий ва талантсиз – фикри уйғоқ эмас, аксинчи мудроқ бўлганида, элу-юртнинг назарига тушмаганларида  эди – бу азоб уқубатларга ҳам учрамас эдилар.
Ҳушёр ва ҳур фикрли одамларни жамиятдан узоқлаштириш эвазига яшаб турган салтанат – қум устига қурилган қоғоз картон уйга ўхшайди. Бу уй – бўрон тугул, оддий шамол эсиб қолса ҳам, ўз-ўзидан парчаланиб кетиши мумкин.
Шунинг учун мухолифатга кун йўқ Ўзбекистонда.
Шунинг учун мулозимлар – хориждаги ойдинларнинг юртга қайтишидан чўчишади.
Ватандаги зўрлик ва хўрлик исканжасида қолган шўрлик халқнинг аҳволи эса ўзингизга маълум.
Дастурхони тўкин, ризқи бутун, қорни тўқ оломон – энди ўзининг сиёсий ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб кўчаларга чиқиш мумкин.
Шунинг учун ҳам уларни газсиз, светсиз, интернетсиз – оч қолдириб, рўзғор ташвишлари – бола чақани боқиш муаммолари билан андармон қилиб қўйиш керак.
Токи улар шу кунига ҳам шукур қилиб яшасинлар.
Йўқса,  Украина ва Сириядаги уруш – бу халқнинг ҳам бошига тушиши мумкин деб қўрқитиш керак.
Россияни, унинг урушқоқ ва босқинчилик сиёсатини, жоҳил ва қотил Президентини кўр-кўрона мақташ зарур.
Анна Политковская, Наталья Эстемирова, Александр Литвиненко, Борис Немцовлар ўлими сиёсий эмас, балки уларнинг ўзларининг ишқий ва жиноий ҳатти ҳаракатлари маҳсули деб – уларнинг ўзини айблаш керак.
Ва шу баҳонада хориждаги ўзбек мухолифатини ҳам ёппасига Ватан хоинлари ва террорчилар деб ёмон отлиқ қилиш даркор. Россияда содир бўлган юқоридаги қотилликлардан ўзбек мухолифати хулоса чиқариши керак деб очиқ ойдин қўрқитиш ва шантаж қилиш лозим…
32.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай яна ўз мавзумизга қайтсак.
Биз Мавлон Умрзоқовнинг ишдан урилиб, Сирдарё вилояти ҳкоими ўринбосари этиб тайинланишига келиб тўхтаган эдик.
Хуллас, Мавлон ака Гулистонга ишга бормай, Боёвутда аразлаб ётган кунларида мен унинг қишлоқдаги уйига бориб, ҳолидан хабар олиб турдим.
Ўйлаганманки, уни вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб тайинлашган бўлса, демак, Президент ундан ҳали умидини узмаган бўлса керак. Бир оз ишлаб ўзини кўрсатса, яна юқори мартабаларга кўтарилиши мумкин деб ўзимча фараз қилганман.
Мавлон акани кўргани Боёвутга доим хизмат машинамда борардим. Унинг ўша – Қибрайдаги “дачам”да зиёфат уюштирган 9-майдан бўён кечаю-кундуз кузатувда эканини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Бу кузатув унинг ишдан олинганидан сўнг икки баробар кучайтирилганини эса, етти ухлаб тушимда ҳам кўрмаган эдим.
Кузатувчилар эса: “Фалон рақамли хизмат машинасида Умрзоқовнинг уйига Исмат Хушев келди!” – деб тегишли жойларга хабар қилиб туришар экан.
Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев Умрзоқовни Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб, ишга тайинлаб келган бўлса ҳам, лекин Мавлон ака Боёвутдаги уйида кўкрагини захга бериб, уф-ф тортиб ётаверади.
У ётган жойидан менга қўнғироқ қиларди. Мен галварс бўлсам, “13-58 ТНВ” рақамли яп-янги “ГАЗ-31” хизмат машинамда эрталаб Сирдарёга жўнаб кетиб, кечқурун Тошкент қайтиб келардим.
Қаранг, ишга боришнинг ўрнига Мавлон акадан хабар олгани Сирдарёга кетардим. Эрта бир кун ўзимни ҳам ишдан олишлари мумкинлигини эса хаёлимга ҳам келтирмасдим.
Президентга ишончим шу қадар кучли эди.
Шу мустаҳкам ишонч боис ҳеч нарсадан ҳайиқмай, чўчимай, нетмай – ўз хизмат машинамда “Акамнинг кўнглини олаяпман” деб, бемалол Тошкент билан Сирдарё орасида бўзчининг мокисидай қатнайвердим…
33.
Ўша пайтда Мавлон ака ишдан олингач, юқорида айтганимдек, Президент девонида, Вазирлар Маҳкамасида, қатор министрликларда, Қўмита ва Корпорацияларда, ҳуқуқ-тартибот идораларида, маҳаллий ҳокимиятлар тизимида Умрзоқов тавсияси билан ишга жойлашган  жуда кўп кадрлар қувғинга учрайди.
Уларнинг аксарияти республикамизнинг турли вилоятларидан келган малакали ходимлар эди.
Ўзим гувоҳ бўлган аянчли воқеани энди очиқ-ойдин айтишим керакки, шаҳарликлар, хусусан тошкентликлар Мавлон Умрзоқов баҳонасида чекка вилоятлар келган, бир сўз билан айтганда – қишлоқдан чиққан раҳбар кадрлардан аёвсиз ўч оладилар. Бирорта ҳам тошкентлик раҳбар ишдан олинмайди, фақат четдан келганларга қирон солинади…
Бир ой давомида – вилоятлардан келиб, катта лавозимларни эгаллаган  етмишдан ортиқ – юзга яқин малакали раҳбар ишдан бўшатилади.
Уларнинг орасида – ўз хизмат машинасида Тошкент билан Сирдарё орасида бемалол  қатнаб юрган Бош муҳаррир Исмат Хушевгина ҳали-ҳануз ишдан олинмаган эди.
Қалтис вазият вужудга келганида, одамгарчилик нуқтаи назаридан  Мавлон аканинг Боёвутдаги уйига серқатнов бўлиб жуда катта хато қилганимни кейинчалик – ҳибсхонада англаб етдим.
Терговчилар менинг ҳар галги ташрифларим видеога туширилган лавҳаларни ўзимга қўйиб бериб, қўлимдаги дипломатда нималар, қандай ҳужжатлар ва қанча пул борлигини сўраб суриштирганларида, калтаклаб ва ҳақоратлаб сўроқ қилишганида – Умрзоқовнинг олдига тинимсиз қатнаганимга қайта- қайта пушаймон қилдим…
34.
Мавзуни шу ерда якунлашдан олдин яна бир гапни ҳам айтиб ўтишим керак.
Буни айтиш аслида шарт эмас эди. Инсонийлик ва ўзбекчилик, қолаверса – ахлоқ одоб катеригорияларига тўғри келмайди.
Лекин ҳалол ва пок бир инсоннинг муборак номи ҳақида гап кетаркан, ноқулай бўлса ҳам айтиш керак деб ўйладим. Журналистик бурчи мендан шуни талаб қилди.
 Одатда, Мавлон акадан хабар олгани уйига борсам, у йиғлаб-сиқтарди: “Мени нотўғри ишдан олишди!” деб нолирди.
Бир куни Мавлон ака:
– Исматжон, бугун эшитдим, Мавлон палончи санъаткор билан ҳам юриб қўйган деб Президентга айтишибди. Бу қип-қизил тўҳмат-ку!  – деб қолди.
Сиёсий рақиблар бир-бирини гумдон қилиш учун турли -туман интрига ва бўҳтонлардан фойдаланишларини билардим. Лекин Ислом аканинг атрофидагилари бу қадар тубанликка боришади деб ўйламаган эдим.
Боз устига Мавлон Умрзоқовга ишонардим. У менга ҳеч қачон ёлғон гапирмаган эди. Аёллар – хотин-қизлар масаласида ҳам у ниҳоятда ҳушёр,  ҳалол ва тоза, имон-эътиқодли одам эди.
Ўша машҳур ва кўзга яқин санъаткорни яхши танирдим, яқинларидан сўраб суриштириб, у ҳақда фақат яхши гап эшитдим. Ҳали турмушга чиқмаган, оқила ва фозила қиз деб айтишди.
Ҳали ҳам Бош муҳаррир эдим ва ҳали ҳам шаштим баланд эди. Таваккал деб телефонини топиб, тўппа тўғри ўзи билан боғландим. Шунақа, шунақа деб бор гапни айтиб бердим. Шу ростми деб саволни кўндаланг қўйдим.
– Исмат ака, ўзингизни босиб олинг. Бу ифлос гапларни мен ҳам эшитдим., – деди гўзал синглимиз йиғламсираб, Агар ишонмасангиз, мени текширтириб кўринг. Лекин ҳақорат қилманг” – деб энди ростакамига йиғлаб юборди…
Бориб Мавлон акага бўлган воқеани айтиб бердим.
Агар Ислом ака бу тўҳматдан воқиф бўлса, Мавлон ака яна ўз лавозимига тикланаман деб ўйлади, шекилли:
– Уни экспертизадан ўтказиб, қиз бола эканлигини тасдиқлайдиган қоғоз ололсак, мен оқлансам, ажаб эмас…
 Президент ва давлат олдида, қолаверса – виждони олдида топ-тоза бўлган одамгина шундай содда ва жайдари ўйлаши мумкин. Бу биринчидан.
Иккинчидан – энди Мавлон ака ҳақиқатдан ҳам мияси суйилиб қолган вос-восга ўхшарди.  Аслида, ўзим ҳам ундан баттар аҳмоқ эканман!
Аҳмоқ бўлмасам, қўшиқчи қизни уйидан олиб, суд-мед экспертизага эргаштириб бориб, текширтириб кўрармидим?! Сўнг қизлигини тасдиқлайдиган справка олиб, керакли жойларга олиб бориб берганман.
Менинг телба тескари ҳатти ҳаракатларимдан хабар топган тегишли идора мулозимлари бунақа справкадан энди ўнта бўлса ҳам, ҳеч нарса ўзгармаслигини, Умрзоқовга ёпиштирилган “Президентнинг душмани” деган тавқи лаънат шундайлигича қолишини, давлатнинг муруввати буралган “қоралов ва жазо” машинаси энди тўхтамаслигини айтиб, ўзимни ўтга-чўққа урмай, ҳушёрроқ бўлиб юришимни маслаҳат беришди…
Яхши-суъратим Сўнгсўз ўрнида:
Айтиб ўтишим керак, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бошлиқ – Бош муҳаррир Исмат Хушев дохил бир гуруҳ  юқори мартабали мулозимларнинг ҳибсга олиниши – Ўзбекистон сиёсий ҳаётида жуда катта шов-шувга сабаб бўлади.
Бу – биринчидан. Иккинчидан – “Умрзоқов раҳбарлигидаги бу уюшган жиноий гуруҳ фаолиятининг барҳам топиши”га шахсан МХХ раиси Алиев катта ва синчков эътибор билан қарайди.
Бу алоҳида эътиборни – ҳибсга олиш чоғидаги ваҳима ва даб-дабадан, қамалганларга нисбатан тергов жараёнида кўрсатилган кучли руҳий ва жисмоний босимлардан, улар ҳақида ташқарида махсус хизмат томонидан атайлаб тарқатилган шов-шув ва қоралов компаниясидан ҳам билса бўлади.
“Умрзоқов  – қайсидир даврада ўзи ҳақида “Бўлажак Президент учун!” деб қадаҳ кўтаришганида индамай эшитибди, эътироз билдирмай, қабул қилибди!”, “Бошқа бир даврада Умрзоқовнинг ўзи Ислом ака ҳақида мана бундай дебди!” ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бу иддаоларнинг бирортасида ҳам асос йўқ эди. Умрзоқов даврасида бундай қадаҳ кўтаришга ҳеч ким журъат этолмасди. Қолаверса, Мавлон ака бунга икки дунёда ҳам йўл қўймасди.
МХХ атайлаб халқ орасида тарқатган бу ваҳима ва миш-мишларнинг бир учи  Умрзоқовнинг махфий хизмат раиси Ғулом Алиевга айтган ўша қўпол ҳақорати билан МХХ идорасига нисбатан олиб борган махсус фаолиятига бориб тақалади.
Биз булар ҳақида олдинги бобларда батафсил ёзганмиз.
Ўқувчиларда тўлиқ тушунча ҳосил бўлиши учун ўша хотираларни яна бир бор такрорлашга қарор қилдик.
Демак, Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига баҳо берилган бобдан кўчирма:

 

16. 
Хуллас, Мавлон аканинг мен юқорида ҳикоя қилган “Дўрмон”даги дачаларида тез-тез бўлиб турадиган ўтиришларнинг бирида жуда нохуш бир воқеа содир бўлган эди.  
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўша пайтдаги раиси Ғулом Алиев кайф биланми, билмадим, ҳеч кутилмаганда: “Биз истасак Мавлонжон, Сизни ҳам кузатишимиз мумкин!” деб айтиб қолди.   
Шунда Мавлон ака ароқнинг таъсиридан бўлса керак, жаҳл билан: “Мени кузатадиган одамнинг кўтанини суғуриб оламан!” деб жавоб қилдилар.  
Бор гап шу!  
Мавлон Умрзоқовнинг тоши енгил бўлса-да, бироқ Ғулом Алиев узоқни кўзлайдиган, оғир босиқ ва мулоҳазали одам эди. Президентнинг ёнида турган мулозимни “кузатиш” осон эмаслигини, у ўзи учун яхшилик келтирмаслигини Алиев яхши биларди.   
Қолаверса КГБ раиси катта тажрибага эга бўлган, узоқни кўзлаган одам эди.  
Шу боисдан резиденциядаги бу икки икки қўчқорнинг тўқнашувидан дабдурустдан олов чиқиб кетди дейиш ҳам унчалик ўринли бўлмаса керак…

 

  
17. 
Бироқ шу жойда Умрзоқов яна бир қалтис қадам қўйди.
КГБ раиси Ғулом Алиев билан бўлган дачадаги тўқнашувдан сўнг Мавлон ака Президент аппаратидаги ўз тизимида – МХХ идораси кадрларини элакдан ўтказадиган – бир сўз билан айтганда – назорат қиладиган сектор тузилишига Президентни кўндирди.   
Бу вазифа аслида махсус хизмат ва куч ишлатар соҳалари бўйича масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов тизимига тааллуқли эди. Лекин шунга қарамай Умрзоқов ўзи бош бўлган кадрлар тизимида ҳам шундай сектор тузилишига эришди.   
Лекин бу ҳали фожеанинг ҳаммаси эмас эди.   
Президент Девонида тузилган – МХХ фаолиятини назорат қиладиган янги секторга раҳбар тайинлашда Мавлон Умрзоқов КГБ раҳбарларини четлаб ўтаркан, уларнинг ҳар қандай эътирозига кескин қарши туриб, бу кадр Сизлар билан эмас, балки биз билан ишлайди деб ўз фикрида қатьий туриб олди.  
Бугун адолат билан айтганда шу вазифага танланган ва тайинланган полковник Отамурод Маҳатмуродов Мавлон Умрзоқовга яқин шахс бўлишига қарамай, хизмат юзасидан ўта заиф ва бундан ҳам даҳшатлироғи – жуда майда гап одам эди.  
Бунга аппаратдаги яна бир майда гап – Нурмат Ахмонов (биз уни ўзъаро Аҳмоқов деб атардик) қўшилиб, бу икки “майда гап”дан Девонда катта катта иғво ва ғавғолар уяси пайдо бўлди.   
Бу икки бўлажак генерал – генералликни тезлаштириш орзусида ҳар куни кечқурун оламдаги барча майда чуйда гап-сўзларни Умрзоқовнинг қулоғига қуйишни ўзларининг асосий касбларига айлантириб олишди…
http://dunyouzbeklari.com/archives/120668
Бу ерда ҳам ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.
Ана шундан кейин Ғулом Алиев ва унинг идораси Умрзоқовнинг ўзини ҳам Ўзбекистон Олий раҳбариятидан гумдон қилиш топшириғини қўлга киритди ва буни шараф билан адо этди.
Майли, Ғулом Алиев умрининг сўнгги кунлари Андижондаги “уй қамоғи”да – хору-зорликда ўтганини ҳисобга олиб, унга жазони Яратган Эгамнинг ўзи берди деб ўзимизга таскин ва тасалли берайлик-да, хуфия хизматининг бугунги раисига эътибор қаратсак.
Бугун – 21 йилдан бўён МХХ га раҳбарлик қилиб келаётган Рустам Иноятовга кимдир Умрзоқов – Ғулом Алиевга айтган ўша гапни айта олармикан?
Рустам акага – ўша гапга сал яқинроқ гап айтган Президентнинг қизи Гулноранинг зор ва забун аҳволини бугун ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.
Ёки бўлмаса, бугунги МХХ фаолиятини Президент маслаҳатчиларидан бири ўз назоратига олишини тасаввур қилиш мумкинми?
Тасаввур тугул, хаёлга ҳам келтириш мумкин эмас.
Агар эсингизда бўлса, Ўзбекистон парламентининг 7-сессиясида Олий Кенгаш депутати Шуҳрат Нусратов Президент махсус хизмат функцияларини халқ ноиблари рухсатисиз ўз қўлига олаётгани ва давлат бошлиғининг бу ўзбошимчалик ва яккаҳокимлиги эрта бир кун даҳшатли оқибатларга олиб келишини башорат қилиб гапирган эди:
“Ҳурматли депутатлар, Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қуйидаги қўшимча масалаларни киритишни сўрайман.
Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотиниқайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.
Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш.
Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман.
Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди.
Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари, қурол-яроғлари ва жиҳозлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда.
Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса.
Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас.
Айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан!”
Исмат ХУШЕВ: ХУФИЯ ИДОРАДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР
(Ёки Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳлар)

http://dunyouzbeklari.com/archives/89054

Ана шуларни ҳисобга олганда Мавлон Умрзоқовнинг ўз даврида МХХ ва унинг ҳаддидан ошган раҳбарига нисбатан олиб борган қаттиққўл ва қатағон сиёсатини шахсан мен қўллаб қувватлаган бўлардим.
МХХни бугун Ўзбекистонда ҳеч ким, ҳатто Президент ҳам назорат қилолмай қолди.
Бунинг оқибатлари эса Шуҳрат Нусратов айтганидек, ўзбек халқи ва Ўзбекистон учун жуда оғир ва аянчли оқибатларни келтириб чиқарди. Буни бугун ҳамма кўриб билиб турибди. Ҳатто шу гапларни бундан 25 йил муқаддам дадил айтган жасоратли ва диёнатли инсоннинг ўзи ҳам бугун “Жаслиқ” турмасида ўша башорати учун жазо муддатини ўтамоқда.
Нусратовдан кейин МХХ раиси Ғулом Алиевга даврадаги ўрнини кўрсатмоқчи бўлган Умрзоқовнинг ўзи ҳам қамалиб кетганини яхши биламиз.
Ундан кейин МХХ раиси Рустам Иноятов кирдикорларини очиқ ойдин танқид қилиб чиққан Президент қизининг бугунги уй қамоғидаги аччиқ ва аянчли тақдирини юқорида айтиб ўтдик.
Ва ниҳоят журналист Исмат Хушев бир пайтлар ўзи яхши билган ва ҳурмат қилган МХХ раиси Рустам Иноятов фаолиятини танқид қилиб, унинг яқинда ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида “Дунё ўзбеклари”да дастлабки мақоласини эълон қилиши биланоқ, махсус хизмат идораси уни жиддий огоҳлантирди.
Буни тўғри қабул қилган журналист танқидий мақолани ўша заҳотиёқ сайтдан олиб қўйди. Лекин ўзини танқиддан тамомила холи деб билган Иноятов ва унинг аламзада шотирлари шу билан тинчишмади.
Ўша кунлари бевақт вафот этган укаси таъзияси учун Тошкентга борган Исмат Хушевнинг оиласига Ўзбекистондан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Ҳолбуки, у шу пайтга қадар ҳар олти ой – бир йилда бемалол Ватанига бориб келиб юрган эди.
Агар биз бугун Рустам Иноятов ва унинг танқиддан холи зонага айланган қудратли идорасини жамоатчилик ва парламент назорати остига олинишига эришмасак, унда яқин келажакда мустақил Ўзбекистонни тамомила бой бериб қўйишимиз мумкин.
Журналистик бурч, ўзбек жамияти ва одамлар олдидаги масъулият мендан бугун шу гапларни элу-юртга очиқ ойдин айтишимни талаб қилмоқда…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
27 февраль, 2016 йил,

 

Торонто шаҳри, Канада.
42- боб тугади

 

Мавлон ака Мирзажон Исломов билан
Суратда:  Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов Фарғона вилояти ҳокими Мирзажон Исломов билан…

 

Умрзоқов Хушев Бахриев
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича энг қудратли Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов таниқли ўзбек журналистлари Исмат Хушев ва Карим Баҳриев билан… 
 
Хушев Жўрабеков билан
Суратда: Чапдан ўнгга: Бош вазир ўринбосари Иномжон Искандаров, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов, Президент Кенгаши аъзоси, шоир ва ёзувчи Шукрулло, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Ўзбекистон телерадиокомпания раҳбари Наим Ғойибов, “Ўзсовпроф” раиси Бўри Алламуродовлар.
Тошкент шаҳри, 1992 йил, Ҳукумат уйида.

 

Биз учовлон

Суратда: Ўзбекистон Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўртада) журналистлар Исмат Хушев (ўнгда) ва Карим Баҳриев (чапда) лар билан Девондаги  ўз кабинетида.  

 

Раҳматли Умиджон билан
Суратда: Ўнгдан биринчи – Маҳмуджон Мелиқўзиев, Исмат Хушев, Ҳалима Худойбердиева, Ҳакимжон Эгамов оиласи ва фарзандлари билан, Мавлон Умрзоқов ва ўғиллари Умиджон… Ялта, “Ўзбекистон” санаторияси, 1991 йил…

 

Мавлон Умрзоқов сессияда
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўнгдан биринчи) Бош вазир Абдуҳошим Мўталов (чапда) ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков (ўртада) лар билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида. 1994 йил, Тошкент шаҳри.

 

Хушев Мирзиёев билан

Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари – Шавкат Мирзиёев, Ўктам Исмоилов, Эркин Халилов ва Нурали Қобуллар билан сессия залида, 1994 йил…
R.S. Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

28 шарҳ

  1. Хоразмликлардан хоин чиққанини эшитсам уялиб кетаман. Чунки хоинлик хоразмликлар менталитетига ёт нарса бўлиши керак эди. А.Темурнинг шахсий қорвауллари (тансоқчилари)нинг кўписи Хоразм туркманларидан бўлишган. А.Темур Хоразмга бостириб кирганида ҳам улар ўз садоқатидан тоймаган.
    Ҳар доим ҳам ўринбосар ўз раҳбари ўрнига кўз тикиши бор гап. Каримовнинг ўрнига кўз тиккан Мирсаидов бунга мисол.
    Мен А.Отожоновни ҳам, Б.Зариповни ҳам танийман. Буларнинг қайси бири биринчи муовин бўлган?

    Nour

    1. Юрт ва халк ободлиги учун курашишганда Эди бу лавозим эгалари, улиб келадиган дунега бунча епишиб олишмаса бу Сарой аенлари, нахотки улар уз вазифасини уддалаш урнига Адолат, ва хакконият урнига бир бирини тагига сув куйиш Билан банд. ХОКИМИЯТ БОШКАРУВИНИ ЯККОЛ ЮЗИНИ ОЧИБ ТАШЛАГАНСИЗ ИСМАТ АКА ХУШЕВ (нима учун биз жарга кулаш томонга бораетганимизни енди тушиндим)

    2. Исмат ака шунча билим, талант, ихтидор амалий катта тажриба билан давлат бошлиқлигига жуда муносибсиз! Нафақат мен ўнлаб дўстларим ҳам шундай фикирда. Ўзбекистонда сизга ўхшаган томон, қирраларга эга инсонни топиш амри махол. Биз сизга ишонамиз! Ишларингизга омад, омон бўлинг!

    3. “Дунё ўзбеклари” Ўзбек жамиятида бир бурилиш ясади. Буни озгина фикирлайдиган одам қалби билан сезиб тўрибди. Бутун бошлиқ сиёсий партиялар қила олмаган ишни И.Хушев бошчилигидаги ижодий жамоа бажара олди. Буни “Дунё ўзбеклари”ни ўқиган ҳар бир ўқувчи кўриб билиб турибди. Ашар И.Хушев ва унинг сайти бўлмаганида бугунги ўзбек жамияти кемтик бўлиб қоларди…

    4. Ажойиб тарихий воқеий асар бўлибди! Бирон нарса яшириб қолинмаган ва бугунги кунларда оёғининг остини кўрмай қолган казоларга дарс бўладиган қўлланма десак бўлади. Аммо бугунги кунларда казоларимизнинг нопок гурухи жамики сохаларни эгаллашиб, ўзларига қарашли жиноятчиларни хеч қачон жазолатиб қўйишмайди. Ўша пайтлари озроқ виждони бор эди куч ишлатар тизимларнинг айрим рахбарларининг. Энди эса ким халқига яхшилик тиласа ёки хизматини қилса ўшаларни йўқ қилишга ўтишган. Мавлон ака ўз хатоларини кейин тушунган ва қаттиқ афсус қилган албатта. Беш-ўн йил ўтгач у кишига бирон лавозим беришлари керак эди, ҳалқимизга ва давлатимизга фойдалари аввалгидан кўра кўпроқ тегар эди.
      Темур Алимов эса ҳаётда “ШУМ БОЛА” ролини ўйнаб ўтиб кетди ва минглаб инсонларнинг уйини куйдирди. Шогирдлари эса бугунги кунларгача унинг ишини давом эттиришаяпди. Сарой ўйинлари эса мамлакат миқёсига чиқиб бўлди. Президентимиз эса энг кўп алданган подишоҳ сифатида тарихда қолади. Балким ўзларига хам рост гаплар ёқмай қолгандир!

    5. Uzbek

      Ismat aka rahmat sizga, umringizdan BARAKA toping, juda ham yahshi insonsiz. Fakatgina shunakangi asarlarni kuprok ukuvchilarga takdim eting.

    6. A.Otajonov avval Xorazm viloyati hokimligi umumiy bo’limiga mudir etib tayinlanadi. Lekin u erda bir kun ham ishlamagan. Birnecha kundan keyin esa Yangi ariq rayon hokimi muovini vazifasiga junatildi. U erda ham bir kun ham ishlamadi va birnecha kundan keyin rayoun hokimi muovini sifatida qamaldi.
      Prezident Mahkamasi nomini bulgamaslik uchun viloyatga, keyin esa viloyat nomini bulgamaslik uchun rayonga yuborishdi.

      • Turon

        Ahmad Hoji Xorazmiyga! Sotqinlar va xoinlar nafaqat Xorazm (bunga misol Mahmud Yallovoch) da hozirgi kunda O’zbekistonning barcha viloyatlarida “keng” tormoq otgan. Tuman hokimi ham, milisiya boshligi ham, kopgina tuman miqiysidagi rahbarlar hammasi o’zbek emaslar. Ana shularga xizmat qiladigan (sotadigan) lar hammasi o’zimizning o’zbeklardir. Siz vatandoshlaringizdan chiqqan xoinni eshitib uyalar ekansiz, men ularni ko’rib yig’layman. Bittasiga qilgan “ishlari” uchun dakki bersam, o’ntasi menga qarab otiladi.

    7. Umringizdan baraka toping, Ismatjon. Bugun zamonamizning haqiqiy qahramoni sizsiz. O`zbekiston oydinlari va hurfikrli yozarlari bugun eng avvalo sizning saytingizga kirib dunyoda va yurtda nima yangiliklar ekanini bilib olishadi. Bir paytlar Odil Yoqubov asos solgan adabiyot gazetasi rolini hozir kanadadan turib siz bajarayapsiz. Erkin Vihidov, Abdulla Oripov, Mamadali Mahmudov, Muhammad Solih, Yusuf Jumalar uchun ming rahmat sizga. Hali o`lmagan dabiyotimiz nomidan rahmat. Omon bo`ling!

      11 шарҳ

      1. Оддий халқ майли ўз ташвиши билан оввора буни тушунса бўлади. Жамиятни олди кишилари раҳбарларни аҳволига қаранглар, бир бошидан қамайабди, синдириб, хохлаган кўйига солади бир зўровон. Ҳеч ким, ҳеч нарса қилаолмайди, балиқдан фарқи қолмаган. Ҳақиқатдан ҳам бўларни ўзига муносиб хозирги давлат бошлиғи. Исмат ака бизнинг кўзимизни очди тўғрисини айтганда.

      2. Исмат ака бу ёзганларингиз хозирги ва келажакдаги амалдорларга яхши бир қулланма бўлибди. Ҳали ҳеч ким юзлаб мансабларда ишлаб кетганлардан бронтаси сиздик ўз эсталикларини ёзгани йўқ. Билмадим нега бўлар бунчалик қурқоқ, Каримов шунчалик юракларини олиб қўйган эканда. Мен аминман бу тарихий таҳлилий асарингизни млнлаб ватандошларимиз ўқийди. Рахмат сизга, қулингиз дард курмасин. ака.

      3. Нурали Қобул Ёзувчилар Саюзида ҳам гўёки қаддини кериб мағрур юрарди. Гоҳида муҳолифат мажлисларида ҳам пайдо бўлар, чиндан ҳам эркин фикирлашдан хайиқмайдиган ёзувчи эди. Исмат Хушевни бировларга баҳо бергандаги мана шу адолатпарварлиги, одиллиги ва холислиги учун ҳам яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз.

      4. Tangrim dini -Turkiylar dini

        Yaxshi yozilgan. Yaxshi dars boladi yoshlarga. O’zbeklarni islom dini shunaqa bir birini kovlatadigan qilib qo’ygan…

      5. Ҳеч ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Ўзбекистонда қанча юқори мансабга чиқсанг шунча фисқу фасод иғвога дуч келасан. Каримов бундай системани атайлаб яратган, чунки унга фойдали қолганлар эса зертва бўлиб синиб кетовради. Исмат ака сизга катта ташаккур! Амалдорлар ўртасидаги шавқатсиз курашни нозик томонларини кўрсатганингиз учун.

      6. Усмон Аъзим вилоятларда юрган пайтида: “Мен “Ватан тараққиёти” партияси лидериман. Президент сайловида биз ҳам ўзимизнинг номзодимизни кўрсатамиз!” деб тўғри айтган. Ҳақиқий сиёсатчи шундай бўлади. Бу партияни тузган ва уни ҳақиқий ледири Шовқиддин Жураев бўлган. У.Аъзим яхши бир ишонувчан шоир бўлиб номигагина партия раиси эди. Мавлон Умрзоқов уни ўзига рақиб деб билган бўлиши мумкин. У Аъзим шунчалик содда, ғалати одам эди. Мен уни ўзини тутишини кўриб. Наҳотки бу инсон Президент маслаҳатчиси бўлса деб ўйлардим. Исмат ака илтимос комментимни ўчириб юборманг. Кўп гапларимни олиб ташлаяпсиз, ака.

      7. Президент девони қип қизил жаҳаннамни ўйаси эканку! Буни бош сабаби ИАК яратган якка ҳокимликни мавжудлигидир. Бугунги кунда Мавлон Умрзоқов ҳам ҳамма балони илдизи қаерда эканлигини тушиниб етган бўлса керак. Афсуски олдинроқ ўйлаш керак эди. Лекин бундан кати назар Исмат Хушевнинг бу асари узбек сиёсати ва журналистикасида янги бир даврни бошлаб берди.

      8. Ҳурматли Исмат ака! Сизнинг ёзганларингизнинг барчаси келажак авлод учун энг ҳаққоний тарихимиз бўлиб қолади. Сизнинг битта ўзингизнинг ёзганларингиз, юртимизда чорак асрдан буён тонналаб нашр қилинган тарихий адабиётларни, минглаб авторлари билан қўшиб, тарихнинг лойҳандақига ўлоқтирди! ОФАРИН!!!
        Чорак асрлик умр шамолга учди, дўстлик сўзи фақат оғизда қолди. Хамма бир-биридан хадиксирайди. БИР ДАРАХТГА ЎТ КЕТСА ЎЗИ ЁНИБ-ЎЗИ ЎЧАДИ! ВАТАН ВА ҲАЛҚ ХОИНЛАРИ ЎЗЛАРИНИНГ ДИВЕРСАНТЛИК ИШЛАРИНИ ТЎХТАТИШГАНИ ЭМАС!

      9. SHokir

        Бари бир ҳам қишлоқи, содда экансиз-да Исмат Хушев ака! Кимларга ишониб юрибсиз?! Энди ақлим кирди деманг. Сиз ўзгармайсиз. Ўзгармай қолаверасиз.

      10. SHokir

        Аҳмад Отажонов тақдири барча сотқинлар учун ўрнак бўларли даражада экан. Ана шу жиҳатни пайқаган ва асарида ўринли келтирган ёзувчи акамиз Исмат Хушевга минг раҳмат! Адмад Отажонов ҳақиқий Яго каби асар қаҳрамони экан.

      11. Yoqub

        Дахшат! Гап йўқ!!! Нурали Қобул айнан ўзингиз айтгандай, эҳтиёткорлик қилган.

         

      12. 5 шарҳ

        1. Ҳурматли Исмат ака! Дўст учун жонини фидо қилиш сизнинг қонингизда бор. Ўшанда хам сезгансиз эртага балким ўзингизга ҳам ёмон бўлишини. Мавлон Умрзоқовга ёпиштирилган “ПРЕЗИДЕНТНИНГ ДУШМАНИ” деган тавқи лаънат эса тарих шамолларида учиб бориб, бу тухматларни тўқиганларнинг ўзига абадул-абад тақилди.
          Сарой ўйинларининг нақадар жирканч эканлигини очиқ-ойдин исботлаб бердингиз.
          Қани энди ушбу ёзганларингизни Президентнинг ўзи бир ўқиб ҳулоса қилсалар эди. Балким дўсту-душманни ажратиб хам олар эдилар!!

        2. Каримов ва уни командасидагилар Исмат Хушев, Карим Баҳриев, Нурали Қобулдек ихтидорли, ҳақиқий ватанпарварлардан ҳайиқишади. Нимагаки мафжуд режимга билимли миллатпарварлар эмас, режимга ҳизмат қиладиган хушомадгўй хизматкорлар керак холос.

        3. Нурали Қобул жуда эҳтиёткор шу билан бирга март инсон ҳам экан.

        4. Исмат ака жуда тўғри ҳақиқатни топиб айтибсиз:
          “Дастурхони тўкин, ризқи бутун, қорни тўқ оломон – энди ўзининг сиёсий ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб кўчаларга чиқиш мумкин.
          Шунинг учун ҳам уларни газсиз, светсиз, интернетсиз қолдириб, рўзғор ташвишлари – бола чақани боқиш муаммолари билан андармон қилиб қўйиш керак.
          Токи улар шу кунига ҳам шукур қилиб яшасинлар”. Бундай сиёсат атайлаб энг олий ҳукимдорни томонидан режали амалга оширилиб келаяпти. Нафақат оддий халқни ҳатто уни бир қисми ҳалол бойишига йўл қўйилмайди. Дунёда ўзбекдек меҳнаткаш халқни ўзи йўқ унга эркинлик берилса қандай яшашни ўзи билади.

        5. SurKashlardan Karimov hozirgachada bekorga qurqmaydi. Ular haliyam jasur bulishi bilan sodiq dust ham bulishadi. I.Xushevning uz dustiga ogir paytlarda ham sodiq qolishi bunga misol.

          Bir joyda I.Xushev bilan hayotimiz bir xil bulgan ekan:

          Meni ham 2002 yilda aynan Erkin Azam turli tomonlarga qungiroq qilib ToshDAU ga joylashtirgan.
          Shu bois men doimo Nabijon Boqiy va Erkin Azamlar haqqiga duo qilishdan charchamayman…

           

        6. 3 шарҳ

          1. Гуландом

            Исмат ака, юракларим эзилиб кетди. Бизларга раҳмингиз келсин, илтимос…

          2. Бу бобни худди дедектив асар ўқигандай, бир лаҳзада ўқиб тугатдим. Сарой ўйинлари ва Президент атрофидаги олий табақали мулозимларнинг психологияси ва ҳис туйғуларини жуда яхши тасвирлагансиз. Мавлон Умрзоқов (ижобий) ва Темур Алимов (салбий) ларнинг образи яхши ва ишонарли чиққан. Табиий. Агар шу ёзганларингизни кино қилса, ижтимоий-сиёсий аҳамиятини ҳисобга олиб, албатта, кўп яхши иш бўларди. Бу даврда бўлмаса, янги даврда албатта бу хотираларингиз ўзбек сиёсий адабиёти дурдоналари сифатида ўз муносиб баҳосини олишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ижодингизга омад тилаб қоламан.

            • Ёзувчилар уюшмасидан

              Истеъдодли ва худо берган талант соҳиби Исмат Хушевнинг бу дардли ва ҳаётий хотиралари 20 асрнинг охири ва 21 асрнинг бошида ўзбек жамиятида рўй берган сиёсий воқеа ва ҳодисаларнинг ҳақиқий ва тарихий хронолияси бўлиб, Ўзбекистон журналистикаси саҳифасида абадул абад яшаб қолажак. Ҳали шундай кунлар келадики, ёрқин истеъдод соҳиби Исмат Хушевнинг хориждаги ижоди ўзбек журналистикаси мактабларида даструламал бўлиб ўқитилажак.

42 боб тугади

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *