
Шукрона
Шукр, Тангрим, умр бердинг ҳаёт йўлида,
Кўнгил бердинг вужудимнинг қақроқ чўлида,
Забон бердинг севги деган, муҳаббат деган,
Кўзим билан сўзлашаман севги тилида.
Шукр, Тангрим, бунёд этдинг ишқдан обида,
Ўртамизда солдинг дилдан улкан робита,
Иймон бердинг бўлсин дея бизга восита,
Сўзим билан сўзлашаман севги тилида.
Шукр Тангрим, сабр бердинг – гуноҳга чора,
Тавба бердинг йиғласин деб, менга бечора.
Умрим ўтгай машҳаргача сенга ёлвора,
Рўзим билан сўзлашаман севги тилида.
Шукр, Тангрим, берган ҳар бир кунингга раҳмат,
Ойлар ўтар, ёз фасли ҳам бизга ғанимат,
Келиб қолар хазонрез куз кутмай марҳамат,
Бўзим билан сўзлашаман севги тилида.
Шукр, Тангрим, йўқдир менда на олтин, на зар,
Бироқ бир ўй юрагимни қиймалаб эзар,
Ташламасанг бу гуноҳкор қалбимга назар,
Ўзим билан сўзлашаман севги тилида.
****
Ўлсам унутарман…
(Онам Садбарг Абдураҳмон қизига)
1
Мени ёдга солар кўзингдаги ёш,
Эслайсан, дуолар қиласан мулзам.
Шеърларим дилингда, бўлмагай одош,
Орзуинг – доимо ёнинггда бўлсам.
Унутгани қўймас шафқатсиз йиллар,
Унутгани қўймас, қишлоқ, тор кўча.
Унутгани қўймас мен юрган йўллар,
Унутгани қўймас афсункор кеча.
Мени ёдга солар мавҳум қўшиқлар,
Йўловчи қушларга термуласан жим.
Қалбингда бир йўл бор – олди тўсилган,
Қўлингда сарғайган хат бордир – ғижим.
Доимо эслагинг келар, ҳув қачон,
Қучоғинг тарк этган ўжар болангни.
Қўйиб юбормайсан бир лаҳза, бир он,
Соғинчдан дунёга келган нолангни.
Унутмаслик дарди мени ҳам эзар,
Қалбимга ғам солар, руҳимга ғулу.
Унута олмайман – юрагим сезар,
Унутиш – лаҳзалик, эслаш, бу – мангу.
Унутгани қўймас оғир хотира,
Унутгани қўймас дардлар ва оҳлар.
Унутгани қўймас, йўқолмас сира
Ортимдан эргашиб юрган гуноҳлар.
Унутмай яшарман, яшарман ёдлаб,
Сени, эй, мунису мушфиқ волидам,
Тунлари қалбимда чиқади додлаб,
Мендан қолган кунлар, сендан қолган ғам.
2
Унутмоқлик қийин, ёдламоқ душвор,
Ичикиб ёнасан, қалбинг қийнайсан.
Бош уриб борасан ўтмишга минг бор,
Хотиранг қатидан мени излайсан.
Унутгани қўймас самовий бир ишқ,
Унутгани қўймас оналик меҳри.
Унутгани қўймас мунгли бир қўшиқ,
Унутгани қўймас дунёнинг сеҳри.
Мен эса Тангридан тилаб бир тўзим,
Унутмоқ истайман бу даҳру дунни.
Унутмоқ истайман ўзимни ўзим,
Унутмоқ истайман кунни ва тунни.
Бироқ қурбим етмас – унутиб бўлмас,
Ичимда бир дарё чайқалар, тинмас.
Унутсам – қалбимнинг қуёши кулмас,
Унутсам…
Унутиб яшаб ҳам бўлмас.
3
Ўзимни излайман …
Денгизлар узоқ,
Кўзларинг маёқдир – чорлар бетиним.
Хатолар, гуноҳлар, хотира – тузоқ,
Унутмай яшамоқ қанчалар қийин?
Унутсанг – тош босган майсалар гуллар,
Унутсанг – дилинг ҳам қуш каби енгил.
Унутсанг – кўзингдан ёшлар қуйилар,
Унутсанг – унутар мени ҳам кўнглинг.
4
Унутгин сен мени – унут бўлай ман,
Шул менинг энг сўнгги илтижо сўзим,
Унутсанг, балки мен сокин ўларман,
Ўлсам унутарман ўзимни ўзим.
****
Юрак
Мўътабар Тожибоевага
Юрак, мени чорла яна олдинга,
Унутма, ғам юки писандмас бизга.
Агар сен ёнмасанг тугайди умр,
Агар сен ёнмасанг ожизман сўзга!
Қаршимизда турар тўзғиган туман,
Келарми ғамларни аритгувчи он!?
Сен ёнсанг – тўзонлар тинади бешак,
Сен ёнсанг – булутлар тарқайди ишон!
Кулга айланмагин, эй, семурғ қушим,
Ожиз юракларга бахш этгин оташ.
Ахир сен ёнмасанг – тонг отмас бугун,
Ахир сен ёнмасанг – чиқмагай қуёш!
Сенинг шўъланг юртга бахш этар нажот,
Эй, сен – зимистонда чақнаган ёғду.
Ўчмагин – руҳимни кўтаргин кўкка,
Ўчмагин – қувват бер қалбимга мангу!
Майли, жирканч зотлар булғасин номим,
Майли, дилим тўлсин ғаму фироққа.
Сен ёнсанг – умримнинг ҳар сониясин
Бахш этгум халқимга, жондош элатга!
То ҳаёт эканман менга мадад бўл,
Ҳамиша тиргак бўл, шараф бўл менга.
Юрак, сен ёнмасанг – менга ҳаёт йўқ,
Юрак, мени чорла яна олдинга!
****
Сен эмасми…
Исмат Хушевга
Сен эмасми умидимга берган қўш қанот!?
Сен эмасми кўзларимда порлаган ҳаёт?!
Сен эмасми зор умримга бахш этган нажот!?
Қалбим, сендан ҳали қарзим кўп менинг…
Сен эмасми ошно этган умримга зийнат?
Сен эмасми дилга солган ишқдан фазилат!?
Сен эмасми илҳом берган илоҳий хилқат!?
Қалбим, сендан ҳали қарзим кўп менинг…
Бу дунёда менинг бор йўқ жавоҳиримсан,
Суянганим, аввалимсан ва охиримсан,
Ғаним билмас ботинимсан ҳам зоҳиримсан.
Қалбим, сендан ҳали қарзим кўп менинг…
****
Бахтиёрга
Юрак оғир тошдир-кўтармоқ душвор,
Вужудинг -ёмғирдан ивиган тупроқ,
Тоқат қила олмас – чўкар тобора
Кўкрагингга ботган абадий фироқ.
Туманли, қуёшсиз, мубҳам йўлларда,
Сендан паноҳ истар чўкиб ётган тош.
Сен эса яшайсан ўзингдан айро,
Юрак оҳларига беролмай бардош.
Ғанимларинг кулар, дўстларинг-ожиз,
Қалбингда исён бор – кўтаролмас бош.
Бу мағлуб дунёнинг асрори бўлиб
Чўкиб бораверар кўксингдаги тош…
****
Қудрат Бобожонга
Мана, ботмоқдадир умр шоми ҳам,
Қайтмоқда кўзларга ғам, алам, қайғу.
Осмондай бир кўнгил бердинг, Оллоҳим,
Бироқ бир кичкина сўзга сиғмас у.
Киприкдаги ёшдек омонат бу жон,
Қабоқлар юмилар – келмоқда уйқу.
Осмондай бир кўнгил бердинг, Оллоҳим,
Бироқ бир кичкина кўзга сиғмас у.
****
Мана, шоир бўлолмадик…
Кунлар ҳам ўтди,
Чўкиб қолди қалбимизга не-не дунёлар.
Биз излаган ул маъволар бирма-бир йитди,
Фақат қолди афсус, ўкинч, номсиз рўёлар.
Бироқ ҳарчанд урунмайин унутолмайман
Ул мўътабар шеър сеҳрини – сенинг кўзингни.
Эй, илоҳдан келган мужда, эй ширин хаёл,
Қайга кетдинг, қайга кетдинг, ташлаб ўзингни…
2008-04-26
****
Ўтди Сулаймон Мурод
Ўтди Сулаймон Мурод – орқага қайтармикан?
Халқини озод кўрмоқ розини айтармикан?
Қалбида тўлиб тошган халқ ишқи, ватан дарди,
Покиза бу инсондан хотира – қайдлармикан?
Ёниб ўтди самандар қуш мисол бу очундан,
Ҳаёти ёзилмаган илоҳий байтлармикан?
Жимгина ўтиб кетди борса келмас ёқларга,
Билмадик, ҳаёт чоғи бетакрор пайтлармикан?
****
Дўстим Алишер Соипов хотирасига
Билмам қай манзилни ихтиёр этдинг,
Жуда тез келдингу жуда тез кетдинг.
Шунчалар шошилинч эдими ишинг?!
Шунчалар кўпмиди сени ташвишинг?!
Чақмоқдек ёндингу, чақмоқдек ўчдинг,
Борлиқ қолиб нега йўқликка кўчдинг?!.
Сени соғинганми эди ё тупроқ,
Сени соғинганми эди ё фироқ?!.
Қайдан билган эдинг умр сарватин?
Қайдан билган эдинг яшаш санъатин?
Ҳаёт ҳам бўларми шунча шарафли?
Ўлим ҳам бўларми шунча фарахли?
Сени ўлдирганлар тушунмас буни,
Ўлдириб бўларми сўзни, туйғуни?
Ўлдириб бўларми куйни, баётни?
Ўлдириб бўларми ахир ҳаётни?
****
Бу – сенинг ҳаётинг…
Бу ҳаёт – меники.
Бу – менинг ҳаётим.
Ҳаётим бу – менинг.
Сўзларнинг ўрнини қанча алмаштирма, маъноси битта – ҳаёт!
Ҳаёт – сўзда ҳам, моҳиятда ҳам ҳаёт!
Ҳаёт – ўзгармас моҳиятдир.
Ҳаёт – ўзгармас қонуниятдир.
Ҳеч ким ўзгартиролмайди ҳаёт моҳиятини!
Ҳеч ким бузолмайди ҳаётнинг равиш-рафторини!
Ҳаёт – ҳамма жойда ҳаёт!
Ҳаёт бутун дунёда, собиту сайёрада ҳам ҳаётдир.
Тинмай айланиб турган олам ҳаёт моҳияти нимада эканлигини сенга ўқтириб туради. Кичик зарралардан тортиб улкан сайёраларгача тиниб билмай ҳаракат қилади.
Ҳаётнинг моҳияти – ҳаракатда эмасми?
Улкан дунёдаги кичик бир зарра бўлган инсон ҳам ҳаёт моҳиятини ўз ҳаракатлари билан исботлашга уринади. Изланаётган, уринаётган, туртиниб, суртинаётган шу кичик зарра тўхтамасдан ҳамиша ҳаракат қилади. Демак, у – ҳаёт!
Ҳаёт бу ҳаракатдир, бошқа нарса эмас.
Ҳаракат қилишдан тўхташ – яшашдан тўхташ демакдир.
Инсон ўз жисми, ақлу иродаси билан доимо ҳаракатда. Унинг жисми ҳаракатдан тўхтагани билан ақлу иродаси, онги, маънавияти, руҳий олами ҳаракатдан тўхтамайди.
Инсонни ўлдириш мумкин, лекин ҳаётини ўлдириб бўлмайди.
Инсон ўлиши мумкин, лекин унинг ҳаёти яшайверади.
*****
Жавобсиз саволлар
Сен бу саволларга жавоб беришга мажбур эмассан. Чунки, бу саволларнинг жавоби бир хил эмас. Саволларнинг жавоби турличадир.
Ҳар ким бу саволларга аввало ўз фикри ва дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб беради.
Бу саволларга ҳар хил бўлсада жавоб топилади. Лекин шундай саволлар борки, уларнинг жавоби йўқ. Жавобсиз саволлар барча тирик инсонларни қийнайди. Ҳамма бу саволларга жавоб топгиси келади. Ҳамма бу саволларга жавоб излайди. Бироқ тополмайди.
Жавобсиз саволларнинг жавоби қайда экан? Бу саволлар пайдо бўлмасдан олдин, уларнинг жавоби бўлганми? Ҳамма нарсанинг боши ёки охири бўлганидек жавобсиз саволларнинг ҳам жавоби бўлиши керак-ку!
“Бу фикрингизга қўшилмайман, барча саволларнинг жавоби бор”, дейди кўзлари кўр бир кимса.
У сенга энсани қотирадиган қандайдир диний афсоналар ҳақида сўзлайди. Лекин саволларингга жавоб бера олмайди.
Жавобсиз саволлар кўчаларда изғиб юради.
Сен ўз саволларингга жавоб излайсан.
Балки, бу саволларнинг жавоби бордир? Мен ўзим уларга жавоб топа олмаётгандирман, деган хаёлга борасан.
Атрофга қарасанг, ҳамма ўз саволларига жавоб излаётгани маълум бўлади.
Жавобсиз саволлар сенинг умринг, ҳаётинг моҳиятига айланиб қолаётганини сезмай қоласан.
*****
Инсонни тушуниш
Инсонни шундай тушуниш мумкин…
Инсонни у қандай бўлса шундай тушуниш мумкин…
Инсон қандай бўлса, уни шундай тушуниш ҳам мумкиндир балки.
“Одамлар ўзларини кўрсатганлари каби бўлишлари, ёки бўлганлари каби кўрсатишлари керак” дейди донишманд Фитрат.
Инсонни тушунишга шу жиҳат тўсқинлик қилади.
Одамлар ўзларини бўлганлари каби кўрсата олмасалар уларни қандай тушунмоқ керак?
Одамлар ўзларини ўзларидан ортиқ кўрсатсалар уларни тушуниб етмоқ қийиндир.
Бу ерда икки жиҳат ялтиллаб кўзга ташланиб турибди. Одамлар ўзларини бўлганлари каби кўрсата олмайдилар, шу сабаб уларни тушунмоқ қийиндир.
Одамлар ўзларини бўлганларидан ортиқроқ кўрсатишга иштиёқманд бўладилар, шу сабаб ҳам уларни кимликларини англаб етмоқ бағоят душвордир.
****
Ҳаёт оғир юкдир
Қачондир бу дарду аламларга чек қўярсан. Қачондир елкангни босиб турган оғир юкларни улоқтириб ташларсан? Қачондир…
Бироқ дарду аламларнинг чеки, чегараси йўқ. Бироқ елкангни босиб турган вазмин юклардан халос бўла олмайсан.
Бир вақтлар тўғри деб юрган йўлларинг бугун нотўғри эканлигини билиб юрагинг увишади. Бир вақтлар ишонган одамларинг сенга ғаним бўлганлигини кўриб ҳайратга тушасан. Бўм- бўш кўчалар каби ғариб ва нотавон қалбинг унсиз йиғлайди.
Сен бир вақтлар ишонган одамларинг олдига қайтиб бора олмайсан. Сен бир вақтлар яшаган умрингни бугун яшай олмайсан. Орқадаги кўприклар ёниб кетган. Энди ортга қайтиш йўқ. Энди фақат олдингга йўл бор.
Ортда қолган йўллар бугун чангу тўзон ичида,. Дўст деб билганларинг қалбида кин, нафрат ва адоват… Ҳаётинг эса елкангни босиб турган залворли юк каби оғир…
Бу зайлда кун ўтказиш жуда оғирдир…
Ҳаёт – оғир юкдир…
Сен бу оғир юкни умр бўйи елкангда кўтариб юришга мажбурсан. Ҳеч ким сенга бу юкни кўтаришга ёрдам бермайди. Зориққан, ичиккан кўзларинг мунгли боқади, қалбинг дарду андуҳлардан зада бўлган, ишончинг ўлган, умидларинг сўлган.
Елкангдаги юк эса сени юришга ундайди. Бу юкни қайга кўтариб борасан, борар манзилинг қаён, эй, бахтли одам?
Сенга ҳеч ким елкангдаги юкни қачонгача, қайгача кўтариб боришинг ҳақида айтмайди. Чунки, ҳамманинг елкасида ўз юки бор ва улар ҳам бу юкни қайгадир кўтариб олиб кетишмоқда.
Швеция -2009 йил.
www.yangidunyo.com
