• Пт. Фев 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ЮЛДУЗНИНГ ҚАДРИ СЕЗИЛЯПТИ…МИ?

Авг 22, 2012
ЮЛДУЗНИНГ ҚАДРИ СЕЗИЛЯПТИ…МИ?
ЮЛДУЗНИНГ ҚАДРИ СЕЗИЛЯПТИ…МИ?

Юлдуз Усмонова ҳақида қаерда бўлманг, албатта гап қайнайди. Ҳар кимнинг фикри ҳар хил. Ким ижодини, ким шахсий ҳаётини, ким гастролларини, яна ким характерини муҳокама қилади.

Айримларнинг гап-сўзлари эса умуман ақлга сиғмайди: Юлдузни туғибди дейишди, Туркия фуқаролигини олганмиш ҳам дейишди, Ватан чегарасига кириб келиш таъқиқланган деганлар ҳам бўлди…

Яна алламбалолар. Қўйиб берсангиз, одамлар эркак эшшакни ҳам туғдиради! Энг муҳими, Усмонова тилидан озгина тинчиб қолган. Ортиқча интервьюлар йўқ, қулоқ ҳам тинч.

Мана шу кунларда Москвадаман. Бир-икки юртдошларимиз фақат унинг концертлари файзли ўтишини, мухлислари орасида турли миллат вакиллари топилиши, хусусан, озорбайжону кавказ, хохолдан ўзбеккача учрашини айтади.

Ҳа, Юлдуз ўзи куйлагани каби “Тарих”. Уни ўзгартириб ҳам, алдаб ҳам бўлмайди. Яшайверамиз, ҳаёт саҳифаларига битилаверади. Усмонова куйлаган қўшиқларнинг биронтаси ёмон сифатини олмаган. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмаса керак.

Ўзбек ОАВларида бир неча йиллардан бери ижоди ёритилмаётган (интернетдан ташқари) хонанда руҳан тетик. Эшикни ёпса, тешикдан, тешикни ёпса бешикдан чиқиб келяпти.

Туркия ТВ ва радиосида ҳар соатда жаранг сочаётган Юлдуз ҳануз ёниб ишлаётганини эслатиб турибди. Янги қўшиқлари ва янги альбомлари эса мусиқа ихлосмандлари диққат марказида. У рейтингини қандай ушлаб туриш бобида ҳам профессионал.

Хорижнинг йирик шаҳарларидаги концерт залларида, юртимизнинг бир неча ресторанларида яккахон концертларини тақдим этаётган куйчига талаб катта.

Неваралар қуршовида қолганига қарамай, ўз ёшига нисбатан анча дуруст. Дид жойида. Соғиниш бобида эса унинг мухлислари бу туйғуни ҳар доим бир хилда туйиб келмоқда. “Истиқлол”да концерти эълон қилунгудек бўлса, турнақатордек навбат метро бекатигача чўзилиши шубҳа туғдирмайди.

Усмонованинг фан-клуби аъзолари эса қадамни илгарироқ ташлашга ҳаракатни бошлаганини маълум қилди. Уларга кўра, Тошкентда фан-клуб 2 йиллиги муносабати билан барча ашаддий мухлислар йиғилишиб, Юлдуз билан учрашув ташкил этишмоқчи. Демак, қандайдир қизиқ ҳодиса содир бўлади.

Мақола остида билдирилаётган мулоҳазаларга келсак, ҳамма ўз шахсий қарашларини билдиришга ҳақли. Кимга оқ кўринган нарса, ким учун қора ё аксинча…Муҳими, фикр борлиги. Баҳс эса одилроқ хулосага ундайди.
Юлдузнинг ижодига гувоҳ бўлаверар эканмиз, яна нималар билан ҳайратга солади деган савол туғилишда давом этажак. А, лаббай?!

Жасур ҲАМРОЕВ

«Ўзбегим»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *