• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тасаввуф ва тариқат ҳақида

Авг 26, 2012
Тасаввуф ва тариқат ҳақида
Тасаввуф ва тариқат ҳақида

Ахмад ҳожи Хоразмий

Хилватда-меҳнат,
меҳнатдан-шухрат,
шухратга-ҳасад,
ҳасаддан-офат.

(Нақшбандия сўфилари ўгитидан)

Ислом дини, тасаввуф илми, тариқат пирлари, умуман каромат сохибларига бўлган қизиқишим ва эътиқодим ҳали 4-5 ёшларимдаёқ раҳматлик устозим Абдулла қори тасирида шакллана бошлади.

Чунки у қачон Қуръони карим оятларидан тиловат қилмасин унинг савоби самарасидан азиз авлиёлар рухи покларига хам бахшида қилар эдилар.

Менга ҳар доим азиз авлиёлар ҳаққига дуо қилишни, имкон бўлгудай бўлса уларни (қабрларини ёки қадамжоларини) зиёрат қилишни тайинлар эдилар.

1997 йили хожилик шарафига муяссар бўлишим, 1999 йилда Нақшбандия тариқати муриди сифатида унинг ибодатларини бажаришга киришишим, айниқса тасаввуф сохасидаги йирик олим профессор Ориф Усмон билан ижодий ҳамкорлигим Беруний, А.Жомий, А.Навоий, В.Жуковский, Бертелс, Трименгем, Рустамов, Н.Комилов, С.Бухорий, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, В.Бартолд, Г.Фугаченкова, М.Жўшанд, А.Ахмедов, А.Атагарриев каби олимларнинг тасаввуф борасидаги ишларини янада чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди.

Буларнинг натижаси улароқ Шайх Юсуф Ҳамадоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ авлиёлар тўғрисидаги тадқиқотларим натижаларининг мамлакат илмий журналларида эълон қилиниши, тасаввуф ва тариқат соҳаси олимлари билан суҳбат, баҳс ва мунозараларимизнинг Ўзбекистон телевидениясида (1999 йил, 15-апрел «Жавоҳирлар ҳазинасидан» кўрсатуви ва бошқалар) ҳам намойиш этилиб турилиши илмнинг бу сохасига янада чуқурроқ киришимга сабаб бўлди.

Тасаввуф. Тасаввуф ёки сўфийлик ваҳдат ва тавҳид илми бўлиб бир Аллоҳни севиш (ваҳдат) ва унга етишиш учун покланиш (тавҳид) ҳақидаги таълимот бўлиб, моҳиятан илму-ижод аҳлига яқиндир.

Сўфий сўзи араб тилидаги «сўф» сўзидан ясалган ва унинг луғавий маъноси жун ва жундан тўқилган мато бўлиб уни кийиб юрадиган камтар ва каромат соҳиби бўлган одамларни сўфийлар дейилган. Ўз навбатида сўфий сўзидан тасаввуф сўзи ясалган.

Биринчи сўфий Шис алейҳиссалом ҳисобланади. Муҳаммад алейҳиссалом, тўрт чориёр, Солмони Форсий, Жаъфари Содиқларда ҳам сўфийлик ҳислати кучли бўлган. Сўфийлар аҳлу Аллоҳ, авлиё, аҳли ботин, вали, арбоби тариқат, фақр, дарвеш деб номлаганлар. Улар ақлу фаросатли, шариат ва ибодатда бардавом бўлган каромат эгаларидир.

Сўфийларнинг комиллик даражаси улар кароматларининг кучи билан ўлчанади. Айрим сўфийлар ўзларининг кароматлилигини ўзлари сезмайдилар. Сўфийлар ориф, зоҳид, ринд, фақир, файласуф сўфийларига бўлинадилар. Улар фоний дунё муаммоларидан устун турадиган комил инсонлар бўлиб сўфий учун икки (фоний ва боқий) дунё лаззатларидан тамаъ бўлмай иши Аллоҳга ошиқлик ва мақсади унга етишишдир.
Сўфийларга қўйиладиган асосий талаб нафс лаззатидан ва дунё молидан кечиш (фақирликд)дир. Бадавлат (Ҳожа Аҳрор Валидек) ва ҳукмдор (Мавароуннаҳр подшоси Ҳалил отадай) сўфийлар ҳам бўлган. Лекин улар фақирона (барчаси Аллоҳни деб) яшаганлар ва шу билан тариқат талабига жавоб берганлар.

Тасаввуф таълимоти бўйича Аллоҳ (ҳақиқат) га –яъни руҳий камолат (комиллик) га етишиш босқичма-босқич (4 босқичда) амалга ошади.
Дастлабки босқич шариат бўлиб, бунда тасаввуф аҳли шариатнинг барча талабларига бўйсиниши ва унга амал қилиши керак. Шундан кейингина тариқат босқичига ўтиши мумкин.

Шариат билан тариқат бир-бирига боғлиқ бўлсада улар ўз таълимоти ва мақсади жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладилар. Шариат мусулмонликни камолатга етказади, унинг мақсади икки дунё роҳати.Тариқат эса руҳни камолатга етказади мақсади Аллоҳга етиш, унинг дийдори.

Шариат пешволари тариқат йўлларининг айримлари (риёзат чекиш, чиллада ўтириш, зикр тушиш, каромат кўрсатиш) Пайғамбаримиз суннатига ғилоф деб битъад ҳисоблаганлар. Уларга фано, тавҳид, ишқ каби ғоялар ва улар натижасидаги сўфийлар томонидан «Анал хақ» «Шарафланганман» «Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак» каби сўзлар куфр бўлиб туюлган. Натижада Мансур Ҳаллож, Яхъё Сухарвардий, Насимий, Машрабга ўхшаш сўфийлар қатл қилинган. А.Ансорий, Ф.Аттор, Ибн Арабий, Ж.Румий каби сўфийлар шоҳ ва ҳокимлар тазйиқи остида яшаганлар. Шунинг учун ҳам имом Мухаммад Ғаззолий илми калом (Қурон илми) билан илми ваҳдат (тасаввуф илми)ни, шариат билан тариқатни қўшиш фикрини кўтарган, лекин унинг бу ғояси амалга ошмаган.

Тасаввуф аҳлининг аксари дин ва шариатнинг улуғ намаёндалари бўлишган; Фалсафа ва илми Каломнинг уламоси имом Абдуҳомид Ғаззолий, ҳадис илмининг уламолари-Боязид Бистомий, Юсуф Ҳамадоний, Нажмиддин Кубро, Бахоуддин Нақшбандлар ул зоҳирий илмларидан қониқмай ботиний илм-тасаввуфга юзланганлар.

Тасаввуф фалсафасига кўра инсон қарама-қарши икки асос-модда (тана) ва рухдан иборат. Инсондаги моддийликнинг ривожланиши ҳайвонийликни, руҳнинг ривожланиши эса иолҳийликни ривожлантиради. Руҳ ривожланиб тараққий этган сари у мода (тана)га сиғмай кароматлар кўрсата бошлайди.

Тариқат. Тариқат- рухий камолот орқали Ҳақга етиш йўли бўлиб бу йўл шариатдан бошланади ва «шариат- тариқат- марифат- ҳақиқат» схемада амалга ошади. Тариқатда мақом ва ҳол бор. Мақом- камолот босқичлар бўлиб қуйидаги 9 манзилдан иборат:

1.Тавба — Аллоҳга етишиш йўлига ғов бўладиган жамики ёмон нарсалардан қочиб яхшиликларга юзланиш. 2.Варъа — сақланиш (пархез) бўлиб унинг асосан 3 хил (тил, кўз, қалб) кўриниши бор. Ёмон сўзларни гапирмаслик, нолойиқ нарсаларга қарамаслик ёмон нарсаларни ўйламаслик. Агар бехосдан ёмон сўзларни гапириб, нолойиқ нарсага қараб ёки ёмон нарсани ўйлаб қолса «Астағфируллоҳ» деб тавба қилиш.

3.Зухуд — пархезнинг давоми бўлиб харомдан хазар қилишдир.

4.Фақирлик — Аллоҳ олдида талабгорлик ва ожизлик бўлиб барча давлат ва мулки Аллоҳники деб билиш. 5.Сабр — тоқат, чидам бўлиб унинг ёрдамида мурид (сўфий)нинг душмани билган нафс жиловланади.

6.Хавф — қалбнинг ишончдан чиқишидан нафс макридан қўрқиб хавфсираши.

7.Ражо — умидворлик. Яъни хавфдан қутулиб Аллоҳ васлига етишишга ишонч билан умид қилиш.

8.Таваккал — барча ишларни Аллоҳдан деб билиб унга суяниш.

9.Ризо — муриднинг ўз ризоси (нафси)дан чиқиб ҳақ ризосига кириши. Юқоридаги мақомлардан бирма- бир ўтиш давомида Руҳ ўзгариб ҳол мартабасига етади.

Ҳол-илоҳий раҳмат ва барокатнинг нузули бўлиб ўзига хос қисқа муддатли кайфийат ва чароғонлик лаззати шаклида намаён бўлади ва бир лаҳзада пайдо бўлиб яна ғойиб бўлиши мумкин.
Жазба –Илоҳсеварлик майли бўлиб у қанча кучли бўлса қалб кўзи шунчалик тез очилади ва ҳолга киради. Ҳолнинг қуйидаги 7 босқичи мавжуд:

1. Қурб — яқинлик, Аллоҳга яқинлашганини ҳис қилиш.

2. Муҳаббат — ҳақни севиш жараёнида қалбда кучли туғённинг кўтарилиб Аллоҳга талпинишидир.

3. Шавқ — муҳаббатнинг зўрайиши.

4. Унс – Аллоҳнинг меҳрига кўникиш.

5. Мужоҳида — нафсни енгишга қатъий интилиб маънавият учун жиҳод қилиш .шундай руҳий изтиробдан кейин солиқ Ҳақ жамолини.

6. Мушоҳада — кўриш босқичида идок қила бошлайди.

7. Мукошифа — тариқатнинг ҳосиласи ва бевосита давоми бўлиб, ботиний илм дейилади.

Илоҳий маърифат қуйидаги 4 нарсани идрок қилиш билан эгалланади.

1. Ҳар нарсани курганда Аллоҳнинг асари деб билиш

2. Ҳар бир асарнинг курганда Аллоҳнинг қайси сифатилигини англаш

3. Ҳақ мақсадини сифат тажаллисида таниш

4. Илоҳий илм суратини тавҳид ва фанода деб билиш. Илоҳий илмнинг қуйидаги 3 та босқичи мавжуд.

1. Илмул яқин — билим (сўз) орқали ишониш (олов иссиқ деди, унга ишондим)

2. Айнул яқин — тажриба қилиб кўриб (оловда бирон нарсани куйдириб кўриб) ишониш.

3. Хаққул яқин — ҳақиқий ишонч. Оловнинг иссиқлигини ўзинг ёниб билиш. Бу илми фоний бўлиб. Илоҳий оламга қўшилиб кетиш, яъни ҳақиқат босқичига киришдир.

Кейинги қилинадиган эътиқод ва саъйи- ҳаракатлар Аллоҳга янада яқинлаша бориб Унга бирлашиш (тавҳид) ва Унга сингиб йуқолиб (фано) кетиш учун бўлади.

Аллоҳсевар банданинг қалби доимо ўз Роббисига етишишига интилади. Анашу талаб тасаввуф (тариқат) орқали қондирилади. Тариқат йўлига кириш кишида ўзига хос бир ҳимматнинг пайдо бўлиши билан бошланади ва у ўзига устоз (шайх ёки дастур) ахтара бошлайди.

Тариқатда ҳеч кимга шогирд тушмай (қўл бермай) ўз илми билан, китоблар ўқиш орқали катта шайх даражасига етган (имом Ғаззоли) лар хам бўлган. Оми сўфийлар оз илм ва кўп ибодат билан эришган нарса (Ҳақиқат) га, олим сўфийлар кўп илм ва оз ибодат билан эришадилар (Шайх Рифъоий).

Тариқатнинг мақсади комил инсон тарбиялашга қаратилган. Исломда комил инсоннинг ердаги тимсоли Муҳаммад алейҳиссалом бўлиб унда жисмонийлик билан руҳийлик, набийлик билан сўфийлик мужассамланган. Исломдаги қолган барча авлиёларнинг камолоти унга нисбатандир.

Комилликнинг комил, акмал, фозил афзал каби даражалари мавжуд. Ҳар бир пок аҳлоқли Аллоҳсевар шахс комилликка интилиши ва бу йўлда ўз эътиқоди ва саъйи – ҳаракатига яраша насиба олиши мумкин.

Ислом тасаввуфи тарақиёти даври (V11-XX1 асрлар) да ўнлаб тариқат пирлари пайдо бўлиб ўз тариқатларини тарғиб этганлар. Бу тариқатларининг барчаси мақсади (Аллоҳга етишиш) ва вазифаси (комил инсон тарбияси) жиҳатидан бир хил бўлсада, услуб ва одоблари бўйича бир-биридан фарқ қилганлар.

Нақшбандия тариқати нафақат марказий Осиёда ва шунингдек бутун Ислом оламида машхур тариқатларидан бири хисобланади ва ўз тарихи давомида бир неча номлар билан аталган:

Бу тариқат Боязид Бистомига қадар Сиддиқия номи билан аталган. Бистомийдан Ғиждувонийгача Тайфурия номи билан аталган. Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача Хожагонияноми билан аталган. Баҳоуддин Нақшбанддан Убайдуллох Аҳроргача Нақшбандия номи билан аталган. Убайдуллоҳ Аҳрордан имом Раббоний (Аҳмад Фаррух Сархандий) гачаНақшбандия-Аҳрория номи билан аталган. Имом Раббонийдан Шамсиддин Масхаргача Нақишбандия-Мужаддадия номи билан аталган. Шамсиддин Масхардан Мавлоно ҲолидгачаНақшбандия -Масхария номи билан аталган. Мавлоно Ҳолид даврида Нақишбандия-Ҳолидия номи билан аталган. Кейин эса Нақшбандия номининг ўзи собит бўлиб қолган.

Нақшбандия тариқатининг асосий шиори «Дил ба ёру, даст ба кор» (Дилинг ёр (Аллоҳда)да, қўлинг ишда бўлсин)бўлиб бу шиор ҳазрати Абдулҳолиқ Ғиждувоний тамонидан айтилган.

Бу тариқатнинг 11 та қоидаси (одоби) бўлиб биринчи тўрттаси ҳазрати Юсуф Ҳамадоний тамонидан, иккинчи тўрттаси ҳазрати Абдуҳолиқ Ғиждувоний тамонидан ва оҳирги учтаси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари тамонидан жорий қилинган.

Тариқат ибодати. Нақишбандия тариқатида бомдод намозидан кейин иҳлос билан қиблага юзланган ҳолда: «Тариқатим ибодатини бажо келтиришга ният қилдим, Аллоҳу акбар» деб ният қилинади ва каъдада ўтириб кўзлар юмилган ҳолда «Аллоҳим, гуноҳкор ва ожиз бандангман, тавбаларимни қабул қилгин» деб 25 марта истиғфор (Астоғфируллоҳил азиийм) айтилади. Бир марта «Фотиҳа», 3 марта «Ихлос» сураси ўқилиб савоби самараси Муҳаммад алайҳиссалом ва барча Пайғамбарлар, азиз авлиёлар тариқатимиз пирлари руҳи покларига бахшида қилиниб, улар руҳи покларининг дуоларимизга шафоатчи бўлишлигини Аллоҳдан сўралади.
Кейин шайх Аҳмад Яссавий ҳазратлари жорий қилган Калимаи шариат (тойиба), Калимаи тариқат, Калимаи маърифат ва Калимаи Ҳақиқатлар ўқилади. Ундан кейин Нақшбандия тариқатининг 11 та одоби маъносига етган ҳолда айтилади:

1. Ҳуш дар дам — Камида 3 марта нафас олаётганда «Аллоҳ» деб, нафас чиқараётганда «акбар» дейилади.

2. Назар бар қадам — Назар оёқ учига қаратилиб нолойиқ жойларга тушишдан ва кеккайишдан сақланиш.

3. Сафар дар Ватан — Башарий (салбий) сифатлардан малакий (ижобий) сифатларга ўтиш.

4.Ҳилват дар анжуман — Зоҳиран анжуман, ботинан (ҳилватда) ҳақ билан бўлиш.

5. Ёдкард — Нафас олмай ўнгдан чапга томон юрагинг устига қараб «Лоиллоҳо иллаллаҳу» деб, чапдан ўнга қараб «Муҳаммадин Расулулоҳ» дейилади.Бу жараён камида 3 марта такрорланади.

6. Бозгашт — шундан кейин бозгашт калимаси (Илоҳи анта мақсуди ва ризоки матлуби) дилидан ўтказилаётиб, чуқур нафас олаётганда 3 марта «Аллоҳ» ва чиқараётганда «Акбар» дейилади.

7. Нигоҳдошт — Ибодат жараёнида хотирани жам қилиш.

8. Ёддошт — Аллоҳни ёдда тутиш.

9. Вуқуфи замони — Ҳаёт дақиқаларининг нимага (яҳшиликками, бекорчиликками, ёмонликками) сарфланаётганининг ҳисобини қилиб, тўғрилаб бориш.

10. Вуқуфи қалбий — ҳар доим ҳуфия зикр ҳолатда бўлиш.

11. Вуқуфи ададий — зикр жараёнида ададга риоя қилиш.

Юрак зикрига жўр бўлиш. Аллоҳ зикрини юрак (ритми) билан тенг тезликда қилиш. Бунинг учун ўнг қўлининг бош бармоғи билан чап қўл бош бармоқ тагидаги томир (вена) ни ушлаб юрагингнинг ҳар бир уришига «Аллоҳ» деб жўр бўлиш. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир тирик мавжудотнинг юраги «Аллоҳ» деб уради (ишлайди). Юрак «Аллоҳ» дейишдан (урушдан) тўхтар экан, ҳаёт тўхтайди.

Шундан кейин «Тариқатим одоби борасидаги ожизона ибодатларимни даргоҳингда қабул қилгин» деб дуо қилинади.

Булардан кейин зикр машғулоти бошланади: 100 мартадан тавба (Астағфируллоҳил азийм), Ло иллоҳо иллаллаҳу, Аллоҳ, Саловати шариф (Аллоҳумма соли аъло сайидина Муҳаммадин ва аъло Оли сайидина Муҳаммад), Ихлос сураси ўқилиб қилинган зикрнинг савоби самараси тариқатимиз пири муршидлари, пиру-устоз, ота-она ва барча авлод -аждодлар руҳи покларига бахшида қилинади.

Шундан кейин робитаи муршид машғулоти қуйидагича бажарилади: кўз юмилган ҳолда пастдан Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пиру муршидларнинг ҳар бирининг шакли-шамойилини кўз олдингизга келтириб номлари тилга олинади. Бу жараёнда улардан қалбингизга ажиб бир файз ўтаётганини сеза бошлайсиз ва руҳингиз чароғонлаша бошлайди.

Шундан кейин Аллоҳнинг 99 номини, ҳар биттасини маъносига етган ҳолда зикр қилинади (буни қанча кўп такрорласа шунча яхши) ва бу жараёнда ҳамма ер Аллоҳ руҳига тўлиб кетаётганини, Аллоҳнинг сенга, сенинг эса унга яқинлашаётганингни ҳис қила бошлайсан. Шунда «мен гуноҳкор ва ожиз қулингни махфират айлаб, суйган солиҳларинг қаторига қабул этгил» деб дуо қиласиз.

Шундан кейинги Робитаи мавт машғулотида умрингнинг сўнги нафасларини кўз олдингга келтириб Азроил алейҳиссаломни мушоҳада қилгач калимаи шаходатни ўқийсиз ва «Аллоҳ» зикрини айтаётиб омонатни топширасиз ва тубсиз қоронғуликни ҳис қиласиз.

Қабрда Мункар ва Накрнинг саволларига жавоб бергач қабр жаннат тимсолини олади ва ўзингизга маъқул бўлган кишилар билан қиёматгача бирга бўлаётганингизни тасаввур қиласиз ва шундай ҳолат насиб этишини сўраб дуо қиласиз.

Шундан кейин Фатх сурасининг 10- ояти тиловат қилиниб унинг савоби самараси Муҳаммад алайҳиссалом ва барча пайғамбарлар, барча азиз- авлиёлар ва тариқатимизнинг барча пиру муршидлари рухи покларига бахшида қилинади ва «Аллоҳим тариқати бўйича қилаётган ожизона ибодатларимни даргоҳингда қабул этгайсан. Шул тариқада марифат ва ҳақиқат даражаларига тезроқ етишни муяссар этгин. Сенга қилаётган илтижоларга тариқатим пирлари руҳи покларининг шафоатчи бўлишини муяссар айлагин. Омин Аллоҳу Акбар» деб дуо қилиб якунланади.
Ҳатми Ҳожагон ҳақида. Нақшбандия тариқати солиҳларнинг тўпланиб адо этадиган зикрларининг номи «Ҳатми Ҳожагон» дейилади ва унда фақат нақшбандийларгина иштирок қиладилар.

Ундаги иштирокчилар сони 10 дан ортиқ бўлса- Ҳатми кабир, 10 дан кам бўлса- Ҳатми сағир дейилади ва улар зикрида озроқ фарқ бор. Нақшбандия тариқатига мансуб солик (мурид)лар қулай ва бўш жойга ҳалқа шаклида тиз чўкиб ўтирадилар. Тариқатда тажрибали ва обрўли солик ҳатмни бошқаради.

100 та кичик, 10 та каттароқ тошларни келтириб 10 та каттароғини ҳалқа бошини олдига қўйиб, кичик тошларни иштирокчиларга бўлиб беради. Аввал ҳалқабоши (бошқарувчи) «астағфуруллоҳ, астағфуруллоҳа азийм ал Карим, роббим аршил азийм ва ажибу илоҳи» дейди. Кейин «Фотиҳа» сураси ўқилади. Ҳалқабоши ва унинг ўнг томонида ўтирган 6 киши 7 марта «Фотиҳа» сурасини ўқийдилар.

Жамоадаги кишилар қўлларидаги тошлар ададича «Саловат» айтадилар. Шундан кейин 79 марта «Алам шароҳ лака» сураси ўқилади. Кейин ҳалқабоши 10 марта «Ихлос» сурасини ўқийди, қолганлар бу сурани 1001 марта етказадилар. Яна 100 марта саловати Шариф айтилади. Шундан кейин бошқарувчи Нақшбандия тариқати шайхлари (пирлари) силсиласидаги шайхлар номларини пастдан юқорига бирин-кетин айтиб чиқади.

Бошқалар ҳар бир шайх номи айтилганда унга дуо қиладилар. Жамоат 10 кишидан оз бўлса ҳатми сағир қилинади. Унда «Истиғфор», «Фотиҳа» ва «Саловати шариф»дан кейин ҳалқабоши 5 марта «Ё боқий! Антал Боқий!»ни айтади. Жамоат аъзолари уни 500 марта такрорлайдилар, қолгани юқори (ҳатми кабир) дагидай давом қилади.

Ҳатми Ҳожагонни ҳар куни Аср намозидан кейин қилиш одобдандир. Ҳеч бўлмаганда хафтада бир-икки марта қилиш лозим. Шу билан бирга Нақшбандия тариқатининг қўйидаги асосий ибодатларини ҳам бажариш лозим:

Нафл (тариқат) намозлари; Қуёш чиққандан кейин ярим соатлар ўтгандан кейин икки ракат Ишрок намози, соат 10-12 лар орасида 4-8 ракат Зухо (Чошгох) намози, шом намозидан кейин 6 ракат Абвобин намози, Хуфтон намозидан кейин 4 ракат нафл намози ўқилади. Ярим кечадан кейин 8-12 ракат Таҳажжух намози (охирида 10 марта «Фотиха» сураси билан) ўқилади.

Шу билан бирга бомдод намозида (охирида) «Ёсийин» пешинда «Мулк» асрда «Наъба» сураларини ўқиш солиқ камолати учун фойдали ҳисобланади. Бундан ташқари аввалги ўқилмай қолган (қазо) намозларини ҳам ўқиб бориш керак.

Нафл (тариқат) рўзалари; Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутилади. Шунингдек бошқа нафл рўзаларини ҳам тутиш тавсия қилинади. Булардан ташқари тавба қилганда банда ҳақлари кечирилмайди, шунинг учун уни (ҳаққини) эгасига бериб розилашмоқ керак.

Тариқат муриди гуноҳ ва ғийбат ишларга аралашмаслиги керак. Тасодифан бирон енгилроқ гуноҳни қилиб қўйсангиз дарҳол «Астағфируллоҳ» деб тавба қиласиз. Агар оғирроқ гуно қилиб қўйсангиз Аллоҳдан гуноҳингизди кечиришини сўраб икки ракат «Истиғфор» намозини ўқийсиз.

Биз юқорида тасниф қилган тариқат усули одоби ва ибодатлари Нақшбандия тариқати Ҳолидия тармоғига тегишли. Шуни эсда тутиш керакки мазкур авродлар (одоблар ва уларнинг бажарилиши) бир шайхдан бошқасида бироз фарқ қилиши бор.

Бир қараганда бу ибодатлар машаққатли ва узоқ давом этадигандай кўринади. Лекин уларни бажариш (Ҳатми Ҳожагондан ташқари) 2-2,5 соатдан ошмайди. Ибодатларни бажариш жараёнида кундан-кунга руҳингизнинг камолотга қараб ўзгариб боришини ўзингиз яққол сезасиз. Шуни унутмаслик керакки бул тариқат ибодатларидан келадиган самара эътиқодга, ибодатларни ўз вақтида, иложи борича бекаму-кўст ва сидқидилдан бажарилишига боғлиқ бўлади.

Тариқат муриди бўлишликка байъат қилганингиздан кейин аҳдингизга содиқ бўлинг. Ваҳоланки Қуръони каримнинг Фатх сураси 10-оятида Аллоҳ «Дарҳақиқат сенга байъат қилганлар ҳақиқатдан Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг «Қўли» (қуввати ва ёрдами) уларнинг қўли устидадир. Энди кимки (бу қасамёдини) бузса, бас у фақат ўз зиёнига бузур. Ва кимки Аллоҳ билан тузган аҳдига вафо қилса у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр, мукофат ато этур» деб марҳамат қилган.

Аллоҳга етишиш борасидаги сайъи-ҳаратларимизга тариқатимиз пири муршидларнинг руҳи поклари тилакдош (шафоатчи) бўлиб Парвардигорнинг ўзи оқ йўл берсин. Омин, Алоҳу Акбар!.

www.yangidunyo.com

3 комментария к «Тасаввуф ва тариқат ҳақида»
  1. Ахмад ака хафа булмангу расмингиз у даражада чикмабди. Салла икки кават були кетибди, китобни сал кичикроги топилмадими ака.

  2. Ислом билан Пантеизмни қориштирманг

    Ушбу мақола Ислом дини ҳақида нотўғри тасаввур тарқатишнинг энг ёрқин мисолларидан биридир. Чунки унда пантеизм (бу мажудотни, шу жумладан инсонни ҳам илоҳлаштиришдир. Биз мусулмонлар бундай йўлдан Аллоҳга сиғинамиз) билан Ислом дини қоидалари бир бирига аралаштириб (қориштириб) юборилган. Пантеизм эски юнон ва ҳинд файласуфларининг тушунчаларида ҳам ўрин олган. Бу тушунча кейинчалик мусулмонлар орасида “Ваҳдати вужуд” шаклида ўртага чиққан. Бунга кўра ягона мавжудот Аллоҳдир, қолган мавжудотлар, шу жумладан инсон ҳам Аллоҳнинг сояси (астағфуруллоҳ), яъни аслида йўқ нарсалардир. Шундай экан, инсоннинг энг олий ғояси ўзининг асли бўлган Аллоҳга етишиш, унга қўшилиб кетиш (бақо), унда йўқ бўлишдир (фано). Муаллиф ушбу ғояларни ушбу мақоласида қуйидаги сўзлар билан ифодалайди. Иқтибос:

    “Тасаввуф таълимоти бўйича Аллоҳ (ҳақиқат) га –яъни руҳий камолат (комиллик) га етишиш босқичма-босқич (4 босқичда) амалга ошади.
    Дастлабки босқич шариат бўлиб, бунда тасаввуф аҳли шариатнинг барча талабларига бўйсиниши ва унга амал қилиши керак. Шундан кейингина тариқат босқичига ўтиши мумкин.
    Шариат билан тариқат бир-бирига боғлиқ бўлсада улар ўз таълимоти ва мақсади жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладилар. Шариат мусулмонликни камолатга етказади, унинг мақсади икки дунё роҳати.Тариқат эса руҳни камолатга етказади мақсади Аллоҳга етиш, унинг дийдори.”

    Бу ерда “дастлабки босқич шариат” бўлиб дейиш билан сўздагина Исломни қадрлаш таъкидланади. Аслида эса муаллиф айтгандек “Шариат билан тариқат бир-бирига боғлиқ бўлсада улар ўз таълимоти ва мақсади жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладилар”.

    Маълумки Исломнинг ақидаси “Ла илоҳа иллаллоҳ”, яъни Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, тасаввуфники эса “Ла вужуда иллоллоҳ” (Ваҳдати вужуд) яъни, Аллоҳдан бошқа мавжудот йўқ, бошқача айтганда Аллоҳ ҳар нарса ва ҳар нарса ҳам Аллоҳдир ақидасидир. (Биз бундай ботил ақидадан Аллоҳга сиғинамиз). Маълумки Бобурнинг невараларидан Акбаршоҳ бундай ақидадан “илҳомланиб” янги дин ижод қилган ва бу динни Илоҳий, дин дея номлаган эди. Акбаршоҳ ўз динини Ислом, христианлик ва ҳинд динларини бир бирига аралаштириб, қориштириб ижод қилган эди. Ҳолбуки Қуръони Каримнинг Анъом сураси 82 оятида Аллоҳ таоло мўминларга иймонларингизга ширк аралаштирманг, дея амр қилгандир. Чунки шайтон инсонни залолатга бошлар экан, ботилни (хато йўлни) соф ҳолда кўрсатмайди, аксинча унга Ҳақдан баъзи нарсаларни қўшиб кўрсатади. Муҳаммад (сав) пайғамбар бўлиб келганларида ҳам Маккалик инсонларнинг дини (ақидаси) мана шундай ҳақ қа ботилнинг қоришмасидан (аралашмасидан, яъни ширкдан) иборат эди. Яъни, мушриклар биз ҳам Аллоҳга ишонамиз, фақат унинг ягона Илоҳлигига ишонмаймиз, дея ўжарлик қилишарди…

    Пантеизмнинг (шу жумладан Ваҳдати вужуднинг) Исломга зидлигини Ислом олимлари аввалда ҳам, ҳозирда ҳам айтганлар. Масалан, шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқнинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида сўфи Мансур Ҳалложнинг ўзининг илоҳлигини эълон қилгани, буни тўққиз йил такрорлагани, шу муддат ичида қамоқда сақлангани ва охирида шариат аҳлининг фатвоси билан диндан чиққанликда айбланиб, қатл қилингани айтилади. Туркияда нашр қилинган “Шомил Ислом Энциклопедияси”да ҳам тасаввуфдаги “фано”, “бақо” мақомларининг асоси бўлмаган гаплар эканлиги таъкидланади…

    Ушбу далиллар асосида биз муаллифни ва у билан айни фикрда бўлган бошқа инсонларни Ислом билан ботил ғояларни бир бирига аралаштирмасликка чақирамиз. Чунки бундай “ғоялар” дунёда чиройли бўлиб кўринсада, охиратда бу ишнинг натижаси войдир…

  3. Салафийлар кимлар?
    Ёки Намоз Нормўмин фикрларига муносабат…

    Ҳаммамиз учун ҳурматли Домла Намоз Нормўминнинг Аҳмад ҳожи Хоразмийнинг «Тасаввуф ва тариқат» ҳақидаги мақоласига ёзган қуйидаги фикрлари эътиборимни тортди:

    «Ушбу далиллар асосида биз муаллифни ва у билан айни фикрда бўлган бошқа инсонларни Ислом билан ботил ғояларни бир бирига аралаштирмасликка чақирамиз»,

    Намоз ака тасаввуф ғояларини ботил (хато йўл) демоқда ва тасаввуф ихлосмандларини бу йўлдан қайтишга ундамоқда. Бу қараш ваҳобийлар ва уларнинг издошлари бўлган салафийлар қарашидир.

    Ваҳобийлар тиш- тирноқлари билан сўфийлар, тариқат пирлари, шайхлар ва мутасаввуф шоирларга қарши курашиб келмоқдалар. Улар тасаввуф намояндаларининг инсоният маънавияти ва маданияти ривожига катта ҳис қўшганликларини тан олишни истамайдилар. Уларга қолса, биз Аҳмад Яссавий,Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Бобур Мирзо каби тасаввуф намояндаларидан воз кечишимиз керак.

    Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бошқарув кенгаши аъзоларидан уч киши ўз дунёқарашлари ва тутган йўллари билан «салафийлар» эканлиги бугун кўпчиликка сир эмас. Улардан бири, Намоз Нормўмин бўлса, иккинчиси Муҳаммадсолиҳ Абутов, учинчиси Абдулатиф деган Швецияда яшовчи имомдир.

    Абутов ўзининг ҳаётдаги мақсади ҳақида шундай жумлаларни битганди:

    «Салафларга тобеъ, Салафийман мен,
    Халафларга тобеъ, Халафийман мен.
    Китобу Суннатдир йўлим, Мазҳабим..,
    Шофий, Молик, Ҳанбал, Ҳанафийман мен!

    Бу уч киши ўз ҳаракатлари, фикр мулоҳазалари билан мухолифат ичида ваҳобийликни тарғиб қилиш билан шуғулланар экан, ҳамиша ўзбек халқининг буюк шоирлари, ва тасаввуф олимларига тош отишгани отишган.

    Маълумки, ўзбек тилининг асосчиси деб тан олинган Алишер Навоий суфизмнинг Нақшбандия сулуки, яъни йўлига хайрихоҳ бўлган. Навоий ижоди бошдан оёқ Нақшбандия тариқати ғояларини тарғиб қилишга бағишланган. Агар биз ваҳобийларнинг фикрларига қулоқ соладиган ва Намоз ака айтгандек бу йўлдан қайтадиган бўлсак, Навоийдай улуғ шоиримиз асарларини ўқимаслигимиз керакми? Ёки Намоз акалар буни бизга таъқиқлаб қўядиларми?

    Бугунги кунда «Салафий» диний сиёсий оқими тарафдорлари яқин шарқда,, Бирлашган араб амирликларида, Тунис, Миср, Сирия, Фаластин ва бошқа мамлакатларда ўз тарафдорларини кўпайтираётгани кўпчиликка сир эмас. Мисрда уларнинг ўз сиёсий партиялари бор. Тунисда деярли барча масжид ва мадрасалар уларга тегишлидир.

    Куни кеча, аниқроғи 26 август куни салафийлар Сирия пойтахти Триполидаги «Шааб» номли сўфийлар масжидини булдозерлар билан бузиб ташлаганлари, сўфийлар кутубхоналарига ўт қўйганликлари бутун дунё мусулмонларини даҳшатга солди. Ўзлари мусулмон бўла туриб, мусулмонлар ибодат қиладиган масжидларини бузиб ташлаш тарихда жуда кам учрайдиган ҳодисадир. 1979 йилги Ҳаж мавсумида салафий «Жухейман аль-Утайби» бошлиқ 500 нафар жангарилар гуруҳи Маккада Ҳаж ибодатини адо этаётган мусулмонларга қарши автоматлардан ўқ узишган, кўплаб ҳожиларни ўлдиришган эди.

    Бугунги кунда ҳам Салафийлар қўлларига қурол олиб, мусулмон сўфийларга тегишли бошқа масжидларга ҳам ҳужум уюштиришмоқда, минглаб китоблар тўпланган кутубхоналарга ўт қўйишмоқда.

    Салафийлар асл исломни шу тарзда тикламоқчимилар?
    Бу жоҳил оломонни қайтарадиган куч йўқми?
    Улар нега ҳадларидан ошишмоқда?

    Ўзбеклар ичида ҳам кўпайиб бораётган «ваҳобий», «салафий», «Ҳиб ут таҳрир» оқимлари келажакда қаттиққул Каримов режими бироз юмшаса халқимиз бошига қандай кунларни солишлари мумкин?

    Бу ҳақда бугун чуқур ўйлаб кўрсак фойдадан холи бўлмасди! Чунки, бу оқимлар демократия шароитида гуллаб яшнашини тарих кўрсатмоқда. Уларга сал эркинлик берсангиз, демократияни куфр деб эълон қилишади. Ҳеч тап тортмасдан маънавиятимиз обидаларини йўқотишни бошлаб юборишади.

    Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида ҳам ғимирлаб қолган «салафий» ва «ҳизб»чиларга қарши ҳукуматлар аёвсиз кураш олиб боришмоқда. Тожикистоннинг ўзида шу кунлардаги ҳисобларга қараганда 50 мингдан ошиқ салафий борлиги аниқланган. Қозоғистонда салафийлар шу қадар кучайиб, ҳатто ҳукумат ва парламентдан ҳам жой олишга улгуришибди. «Демократия ороли» ҳисобланган Қирғизистонда эса салафийлар сони ҳаддан ошиқ кўплиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ўзбекистонда эса Каримов зулми сабаб салафийлар жуда яширин иш олиб боришаётгани кўпчиликка сир эмас.

    «Асл ислом» тарафдорларини бу қадар қутқуга келиши ва уларга қарши давлат ва жамият миқёсида кечаётган аёвсиз курашлар қандай натижа билан тугашини ҳозирдан башорат қилиш қийин. Уларга қарши қанча курашсангиз, қўллари баланд келса, ҳеч нарсани аяб ўтиришмайди, мағлуб бўлсалар биринчи имконият келгунча сукут сақлайдилар, сўнг яна қирғинни бошлайдилар. Айрим ғарб давлатлари ўз қурол яроғларини сотиш мақсадида салафийларни қўллаб келишаётгани ҳам кўпчиликка аён.

    Салафийларга қарши нафақат ҳукуматлар, балки кенг жамоатчилик турли ахборот воситалари орқали кураш ориб боришлари керак, деган фикрдаман. Бир салафий тўртта ном билан интернетда изоҳ қолдираётган ва ўз ғояларини тарғиб қилаётган бўлса, мўътадил қарашдаги мусулмонлар ёки зиёлиларнинг ўнтаси бир дона фикр ёзмай томошабин бўлиб турганликлари мени ажабланарлидир. Аҳвол шундай давом этаверса, салафий ва ваҳобийлар билан тинчлик йўлида музокара олиб борадиган, уларни талаб ва истакларини сўзсиз бажариш мажбуриятида қоладиган замонлар келиши мумкин.

    Дарвоқе, Намоз ака бир пайтлар демократлар ва мусулмонлар ўртасида шундай ўзаро шартнома тузиш ҳақидаги ўз дастурларини эълон қилган эдилар. Фақат, бу шартнома мусулмонлар ва демократлар ўртасида эмас, салафийлар ва мўътадил мусулмонлар ўртасида тузилиши керак. Чунки, демократлар ҳам мусулмондирлар. Фақат улар инсон ҳақ- ҳуқуқлари, улуғ азиз- авлиёлар ва сўфий бобокалонларимиз қолдириб кетган маънавий меросга катта ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўладилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *