Юсуф Расул
(Ҳикоя)
Сенинг кўкка қараб узанган узун бўйинг, бақувват бужур тананг худди улкан минора янглиғ ерга қулаб тушар экан, зарбнинг кучидан ер бағри силкиниб кетгандек бўлди.
Тинч ва сокин ўрмон қушларнинг ёқимсиз шовқини, қий-чувидан ларзага келганди.
Сен ям-яшил қонингга беланган ҳолда ерга қуладинг!
Бу манзарани шунчаки томошабин бўлиб кузатиб туриш менга осон эмас эди.
Бу ростакамига қотиллик эди. Қотил одамлар орасида мен ҳам бор эдим.
Одамлар сени узун тананг бўйлаб у ёқ – бу ёққа югуришар, кимдир тарвақайлаб ўсиб кетган улкан шохларингни кесар, бошқа биров кичик қадамларини ташлаганча узала тушиб ётган танангни ўлчар ва ҳар беш метр узунликда кесиш учун белги қўяр эди.
Бу қотилликка жимгина қараб тура олмасдим. Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Кўнглим ўксиб – ўксиб йиғларди. Ахир биз сени ўлдирдик, дарахт!. Биз сени – ўз яқин кишимизнинг қотили бўлдик.
Дафъатан қандайдир ингроқ, қандайдир мунг овозларини эшита бошладим. Одамлар сени танангни бўлакларга бўлишар экан, сен оғриққа чидай олмай инграр, фарёд қилар эдинг. Лекин улар бу оҳу фарёдларни эшитишмас эди. Одамлар кар ва гунг эди. Улар сени қийнаб ҳузур қилишар эди.
Бу манзарани кўриб сенга раҳмим келди. Ваҳший одамларга нисбатан қалбимда нафрат, адоват туйғулари уйғониб бўлган эди.
Беихтиёр бармоқларим муштга айланди. Қотилларга қараб: “Тўхтанглар! Нима қилаяпсизлар! Ахир дарахт, бу – бизни онамиз. Нега ўз онамизни ўлдирдинглар?!” дея бақиргим келди. Бироқ овозим чиқмасди.
Мен сени тирик бир вужуд эканлигингни, дарахтлар ҳам биз одамлар билан бир дунёда, бир сафда ёнма-ён яшаши, уларнинг танасида ям-яшил қон оқиб туриши, улар ҳам ҳаёт эканлигини илк бора ҳис қилиб турган эдим.
Биз қотил одамлар ўз нафсимиз, шахсий истак – майлларимизга кўра сени ўлдирган эдик. Яқингинада кўкка бўй чўзиб турган улкан дарахт бўлакларга бўлиниб оёқларимиз остида ётарди. Биз тирик бир мавжудотни – ўз дўстимизни, бизга ҳаёт бахш этиб турган тирик жонни ўлдирган эдик.
Бизни кечир дарахт! Биз қотил одамларни кечир! Ахир сени ўлдириб қўйдик!
Шу пайтгача бу қадар хўрлигим келмаган эди. Шу пайтгача дарахлар ҳам тирик мавжудот эканлигини, уларни кесган, қулатган, ўлдирган одам қотил ҳисобланишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Бугун, айни дақиқаларда ўзимни катта гуноҳ иш қилган одамдек ҳис қила бошладим. Гарчанд, улкан дарахт танасига арра тортмаган бўлсамда, гарчанд дарахт танасини бўлакларга бўлиб майдаламаган бўлсамда, ўзимни бу қотилликка шерик деб ҳисоблардим.
Қалбимнинг чуқур бир еридан: “Сен қотилсан! Сен қотилликка шерик бўлиб, гуноҳ ишга қўл урдинг! Бу қилган жиноятинг учун албатта жазога тортиласан!” деган овоз келгандек бўлди. Бу овозни эшитиб беихтиёр сесканиб кетдим. “Ҳақиқатдан мен қотилманми? Нега шу пайтгача бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эканман? Ахир инсонни ўлдириш катта гуноҳ бўлганидек, тирик мавжудот – дарахтни кесиш ҳам жиноят эмасми?”
Оғир хаёлларга толиб ўтирар эканман, кимдир елкамга қаттиқ турганидан сўнг ўзимга келдим. “Нега безрайиб турибсан, дарахт шохларини бир жойга тўпламайсанми?” дерди ишбошимиз, узун бўйли швед.
Мен ёшланиб- қизарган, хира тортган кўзларимни унинг маъносиз нигоҳларига қадаб ўрнимдан турдим. Бу қотил одам ўзи нима иш қилиб қўйганини билмасди. Дарахтларни кесиш, ўлдириш унинг учун кундалик машғулотга айланиб қолган.
“Сен дарахтларни кесиш гуноҳ иш эканлигини биласанми? Дарахтлар ҳам инграши, йиғлаши, азоб чекиши мумкинлигини ҳис қиласанми?” дедим унга тикилиб.
Ишбоши кутилмаган саволлардан сесканиб кетиб, ўзини бироз орқага ташлади. Кўзлари жовдираб, менга шубҳа билан тикилиб қолди.
“Нима бўлди, мазанг йўқми? Нега бунақа савол бераяпсан? Тез ёрдамга қўнғироқ қилайми?” деди у овозини пасайтириб.
“Мен касал эмасман. Ҳозир дабдурустдан дарахтлар ҳам тирик мавжудот эканлигини, уларни кесиш, ўлдириш, ҳаётига зомин бўлиш катта гуноҳ эканлигини ҳис қилдим. Биз қотилмиз. Бунинг учун албатта жазоланишимиз керак”.
Ишбоши бу сўзларни эшитиб, “қаҳ-қаҳ” уриб кулиб юборди. У шу пайтгача бу ҳақда ўйлаб кўрмаган, ёки ҳар куни дарахт кесиб, қотиллик қилавериб, кўзлари пишиб кетган эди.
“Мен сени шоир эканлигингни эшитган эдим. Ҳақиқатдан шоирлар шунақа ғалати бўлишар экан. Хўш, ишлайсанми ёки шундай мунғайиб ўтираверасанми?”
Оҳ, сен бунчалик ҳам бағритош бўлмасанг одам! Наҳот, ахир ҳар куни тирик мавжудотларни ўлдириб, гуноҳ иш қилаётганингни сезмайсан? Дарахтни кесиш, ахир бу – қотиллик-ку! Йўқ, мен бу каби қотилликларда иштирок эта олмайман. Майли сенинг назарингда мен шоир бўлай. Майли мен шунақа ғалати, одамови бўлай, лекин қотиллик қила олмайман.
“Мен дарахтларни кесиш гуноҳ иш эканлигини сезиб қолдим. Мана шу кесилган, ерга қулаб, чилпарчин бўлиб ётган дарахт оғриқларини ҳис қилиб турибман. Ортиқ чидай олмайман. Мен ишдан кетаман”, дедим ишбошига ва орқага бурилганча кийим алмаштирадиган вагонча томонга юра бошладим.
Бу кутилмаган воқеадан ишбоши карахт аҳволга тушиб қолганди. У менга ҳақиқатдан нимадир бўлган, деб ўйлади. Қўлларини нописанд силкитганча нари кетди.
Узун йўлакнинг икки томони қалин дарахтзор. Япроқларида тонгги шудринглар, ёмғир томчилари ялтиллаб турган улкан оғочлар ўз қўллари – узун шохларини менга чўзганча худди таъзим қилаётганга ўхшарди. Бу мен учун катта бахт, кутилмаган воқеа эди. Мен дарахтлар тилини тушуна бошлаган эдим. Дарахтлар ҳам ҳаёт эканлигини, уларнинг ҳам ўз тили – забони борлигини ҳис қила бошладим.
“Дарахтлар – менинг дўстларим. Мен сизларни жуда яхши кўраман. Сизларга энди умуман озор бермайман. Мени қилган гуноҳларимни – қотилликларимни кечиринглар!” дердим ўз -ўзимча пичирлаб. Худди қалбимдаги дардларимни, оҳу зорларимни тушуниб тургандек дарахтлар шохларини пастга эгиб, таъзим қилишар, ўз тилларида нималардир деб шивирлашарди.
Бу одамлар ҳар куни дарахт кесиб, тирик мавжудотларни ўлдиришади. Нега улар ўзларининг қотиллик қилишаётганини тушуниб етишмайди. Нега улар ҳар куни тиним билмай ишлаб, карбонот ангидриддек заҳарли газни ютганча, бизнинг нафас олишимиз учун зарур бўлган кислород чиқариб берадиган дарахтларнинг умрига зомин бўлишади?! Шу дарахтлар бўлмаса биз яшай олмаймиз-ку! Дарахтлар – бизнинг ҳаётимиз, ҳаётдаги энг содиқ дўстларимиз. Ер юзи, бутун табиат, ҳайвоноту наботот олами дарахтлар билан тирик-ку! Дарахтлар биз учун ҳаёт манбаъи эмасми? Яна уларга қирон келтирамиз. Бизга ҳаёт бахш этадиган бу беозор ўсимликларни ўлдирамиз. Нега шундай?
“Мен энди ортиқ ўрмонда ишлай олмайман. Ахир дарахт кесиш, уларни ҳаётига зомин бўлиш қотиллик-ку! Қандай қилиб билиб туриб қотилликка қўл уриш мумкин?”.
Ишни ташлаб келар эканман кўча четида, ҳовлилар боғчаларида қатор қилиб экилган турли дарахтларни кўриб қувончим ичимга сиғмасди. Ҳамма жойда турли навдаги дарахтлар барқ уриб ўсиб ётарди. Улар одам болаларига ўзларини ҳақиқий дўст эканликларини намоён қилиб туришарди.
Дарахтлар – бизнинг дўстларимиз. Улар ҳеч қачон бизга хиёнат қилишмайди. Ҳамиша улар биз билан бирга!
Уйга келгач негадир ўзимни баҳаловат ҳис қила бошладим. Куни кеча Фёдор Достаевскийнинг “Жиноят ва жазо” романини ўқиб чиққан эдим. Асар қаҳрамони Раскольниковнинг қотилликдек оғир жиноят содир этгач, қандай мудҳиш руҳий азобларни бошдан кечиргани хаёлимдан нари кетмасди. Жиноятчи албатта жазосини олиши керак. Ҳеч ким қилган жинояти учун жазосиз қолмайди. Жиноят учун албатта жазо бор. Жазо эса инсонни барча азоблардан халос қила оладиган ҳаётбахш кучдир. Асар бошдан оёқ мана шу мантиқ асосида қурилган эди.
Ўриндиққа чалқанча ётганча дераза ортидаги бир парча осмонга тикиламан. Негадир ўзимни катта гуноҳ иш қилган одамдек ҳис қила бошлайман.
Қилган хато ишим учун мени қандай жазога маҳкум этасан, дарахт!
Кўзларим беихтиёр деразам оша мен томонга силкинаётган қандайдир дарахт шохларига тушиб даҳшатдан қотиб қолдим. Биз яшаб турган уй яқинидаги боғда қаторлашиб турган дарахтлар басма – бас силкинар, худди “Сени кечирдик. Ахир биз дўстмиз” дегандек менга қўл узатишарди.
Кўзларим беихтиёр ёшга тўлади. Худди узоқ вақт излаб юрган азиз нарсасини топган одамдек оёқ кийимимни ҳам киймасдан кўчага отиламан. Дарахтлар эса кузнинг саррин ҳавосида секин чайқалар, майин шамоллар уларнинг баргларини оҳиста силкитиб ўйнар эди.
Қалбимни тўлдирган унсиз оғриқлар, соғинч, ичикиш билан дарахтлар шохларини силайман. Уларни худди ўзимга энг яқин кишилардек қучоқлашга чоғланаман. Улкан дарахтларнинг бужур танаси кўксимга ботади. Паришон япроқлар дарахт навдаларидан узилиб, чайқалиб – чайқалиб ерга туша бошлайди. Уларнинг аксарияти сариқ тус олган. Демак, куз фасли ўз ишини қилмоқда. Назаримда сариқ япроқлар улкан дарахтларнинг кўз ёшлари, ҳис туйғуларидек эди.
Улар бизга умрнинг нақадар омонат эканлигини ҳамиша ўқтириб келишларини юрак-юракдан ҳис қила бошладим. Биз эса баҳорда қийғоз гул очадиган, ёзда сархил меваларини биз инсонларга беминнат тортиқ этадиган, кузда сариқ баргларини тукиб, яланғоч ҳолда совуқ қиш бағрига – қайта туғилиш учун кириб кетадиган дарахтлардан ибрат олмаймиз.
Мен энди дарахтларни тушунаман. Ўзимни табиатга қўшилиб кетгандек, табиат билан бир бутун жисмдек ҳис қила бошлайман. Дарахтлар бизнинг энг яқин дўстларимиз. Улар ҳамма нарсани сезиб, ҳис қилиб яшашса ҳам, биз каби сайр қилиб юра олишмайди – дарахтлар бир жойда муқим яшашга маҳкум этилган. Улар биз инсонлар учун ҳам она бўлган ердан озуқа олиб ўсишади. Вақти келиб она заминга яна озуқа бўлиб қайтишади. Замин уларни ўстириб катта қилади, қариб, чириб ўз ҳаётларини яшаб бўлишгач яна ўз бағрига олади. Биз ҳам дарахтлар сингаримиз. Заминдан яралганмиз ва бир кун келиб яна шу заминга қайтамиз. Дарахтлар бизнинг ака -укамиз, яқин қариндошларимиз.
Дарахтлар ёмонликни, бахилликни, ҳасадни билишмайди. Улар ҳамиша кўксиларини тик тутиб, мағрур туришади. Тик туриб яшашади ва вақти келгач тик туриб ўлишади.
Ер юзида ҳаётни тутиб турган аслида мана шу дарахтлардир. Дарахтлар ер юзига тириклик, ҳаёт нафасини олиб келишган. Улар курраи заминимизни тутиб турган устунлардир.
Биз инсонлар эса ўзимизни ер юзининг эгаларидек ҳис қиламиз. Тангри бизни ер юзига халифа қилиб юборган деб мақтаниб юрамиз. Аслида дарахтлар олдида, дарахтларнинг ер юзидаги хизматлари олдида бизнинг қилган урунишларимиз ҳеч нарсадир.
Шулар ҳақида ўйлаб, уйга қайтиб кирганимда, атрофни қоронғулик ўраб олган эди. Ниҳоят, илк бора ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Ҳаётга, табиатга ўзгача назар билан қараш кераклигини тушуниб етган эдим. Ташқари қанчалик қоронғу бўлмасин, мен энди ўзимни ёлғиз сезмасдим. Чунки, дарахтлар ҳамиша бизни қўриқлаб туришларини, улар биз – инсонларнинг энг яқин дўстларимиз эканлигини англай бошлаган эдим.
Афсус, қанча умрим сувдек оқиб кетди. Болалик чоғларимни, ўсмирлик ва ёшлик пайтларимни эслайман. Умримнинг ўтган бу палласида дарахтларга қанчалик зулм қилганимни, уларни уриб, шохларини синдириб азоблаганларимни, пичоқ билан таналарини тилиб кимларнидир номини ёзганимни эсласам, ич – ичимдан пушаймонлик туяман. Ўшанда дарахтлар жони қийналса ҳам, менинг бу каби ваҳшийликларимга жимгина қараб туришган, мен эса уларнинг оҳу фарёдларига эътибор бермаган эканман. Дарахтларнинг ҳам тирик бир жисм эканликларини, улар ҳам ўз тилларида шивирлаб гаплашишлари, дард -қайғу чекишлари, қувониб ўйнашларини билмаган эканман. Кўп марта жазирама қуёш нурларидан қочиб мажнунтоллар соясида дам олганларимни эслайман. Қанчалик ҳузурбахш, фараҳбахш онлар экан. Лекин у пайтларда меҳрибон толларнинг майин барглари овозларини эшитмасдим. Кўзларим кўр, қулоқларим кар эди.
У пайтларда, мурғак чақалоқлик онимиздан, дарахтлар бешик бўлиб, бизни ўз бағирларига олишларини, эркалаб ухлатишларини, ҳар хил бало- қазолардан асраб, ҳимоя қилишларини тушуниб етмаган эдим. Қариб, ҳаётимиз ниҳоясига етгач, барча қариндош – уруғларимиз, дўсту биродарларимиз ўзларини олиб қочишади, лекин дарахтлар яна тобут бўлиб бизни сўнгги манзилгача кузатиб қўйишади. Улар бизнинг энг яқин дўстларимиз эмасми?
Мен тўғрисўз, меҳрибон, мард ва мағрур дарахтларни жуда – жуда яхши кўраман. Энди уларни ҳамиша асраб -авайлайман. Дарахтларни ёвуз одамлардан қўриқлаш учун кураш олиб бораман, деб ўзимга аҳд қилдим.
Эрталаб уйқудан уйғонар эканман, ўзимни чарчаган, руҳан толиққан одамдек ҳис қила бошладим. Менга нимадир етишмасди. Беихтиёр хаёлимга дарахтлар келди. Атрофда одамлар кўп, бироқ уларни кўргим келмас, негадир дарахтлар билан ёлғиз қолишни қумсар эдим. Улар билан унсиз, сассиз – садосиз суҳбатлашиб ўтиришни кўнглим ихтиёр этаётган эди.
Айни шу дақиқалардан бошлаб дарахтлар менинг ҳаётимга, ҳаётим мазмунига айланиб бораётганини ҳис қила бошлагандим.
2009 йил, 8 ноябрь.
www.yangidunyo.com