• Чт. Дек 12th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ («Истанбулга саёҳат»)

Ноя 21, 2016
%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3-%d1%85%d0%be%d0%bd%d0%b0%d0%b4%d0%be%d0%bd%d0%b8%d0%b4%d0%b0
Исмат Хушев:  Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ 
Бунинг ортида ким турган бўлиши мумкин?
Мен билган ва билмаган тафсилотлар
«Истанбулга саёҳат» туркумидан
%d1%82%d1%83%d1%80%d0%ba%d0%b8%d1%8f%d0%b4%d0%b0%d0%bc%d0%b0%d0%bd
Суратда: Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Туркияда: Исмат Хушев (ўнгдан иккинчи) ва Карим Баҳриев (энг охирги қаторда ўнгдан биринчи)…
Исмат Хушев Туркияда олдин ҳам кўп бўлган.  Олдин у ҳамиша расмий Анқаранинг таклифи билан ўзбек ҳукумати вакили сифатида борган бўлса, бу сафар Истанбулдаги ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ таклифига биноан сиёсий муҳожир сифатида борди…
1.
“Мўҳташам юз йил”…
“Дунё ўзбеклари”да менинг “Истанбулга саёҳат” номли сафар таассуротларимни ўқиётган Араб Амирлигидаги мухлисаларимиздан бири Эдирнага бориб келганимизни ўқигач,   “Мўҳташам юз йил” кинофильмини кўрганмисиз деб сўраб қолди.
“Йўқ” деган жавобимдан кейин эса, кўриб, кейин Туркия хотираларини ёзса, мақсадга мувофиқ бўларди деди…
Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин оилам билан ўша кинони излаб топиб, кўра бошладик.
Бугун “Мўҳташам юз йил”ни кўра бошлаганимизга ҳам бир ойдан ошди. Ҳали унинг ярмига ҳам келганимиз йўқ. Ҳаммаси эса 140 сериядан ҳам зиёд дейишяпти…
Бу кино – мен ҳаётимда кўрган киноларнинг энг мукаммал ва бетакрори эди.
Дунёнинг тенг ярмини ўзига бўйсундирган Султон Сулаймон Ҳазратларининг ўта шонли ва суронли ҳаёти, ҳукмронликнинг мураккаб ва фожеали қирралари, усмонлилар империясининг таназзулга юз тутиш саҳналари, оилавий можаролар, сарой интригалари – буларнинг бари сизни беихтиёр ўзига асир қилиб қўяди…
Туркиядан қайтганимизга эса икки ой бўлди. “Мўҳташам юз йил” ҳануз давом этмоқда. Шул боис   “Истанбулга саёҳат” ҳам ҳануз ниҳоясига етмади…
Нега?
Биринчидан, Эдирна сафари таассуротларини ўқиган мухлисамиз рост айтган экан.
Агар мен “Мўҳташам юз йил” ни аввал кўриб, кейин у ерга борганимизни ёзганимда, бу сафар таассуротлари олдингидай бутунлай бошқача ёзиларди…
Лекин энди кеч бўлганди. “Истанбулга сафар”  хотиралари аллақачон эълон қилинган, энди уни фақат  якунлаш қолганди, холос…
Туркия сафари хотираларининг якунланмаганига иккинчи сабаб, мен у ерда Қирғизистондаги ўзбеклар лидери Қодиржон Ботиров билан ҳам учрашган эдим.
Ана шу учрашув матни ёзилган аудио тасмалар Туркияда қолиб кетган эди. Уни Қодиржон ака тартибга солиб, сўнг менга юборишни ваъда қилган эдилар.
Ўша учрашув ва суҳбат  ёзилган аудио тасма билан расмларнинг Канадага етиб келиши анча қийин бўлди…
“Истанбулга саёҳат”нинг якун топмаганига учинчи ва асосий сабаб, Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ тафсилотларини тергов қилаётган гуруҳнинг дастлабки хулосаларини билиш ва уни матбуотда эълон қилиш билан боғлиқ эди.
Лекин, минг афсуски, бу хулосалар ҳануз ниҳоясига етмади.  Энди биз ўз журналистик хулосамиз билан чегараланамиз, холос…
  
%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3-%d0%be%d1%84%d0%b8%d1%81%d0%b8%d0%b4%d0%b0
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев  ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги офисининг учинчи қаватида (Дам олиш ва ижод қилиш зонаси), сентябрь, 2013 йил, Туркия. 
2.
Муҳаммад Солиҳнинг мақоми…
Саккиз кунлик Истанбулдаги сафаримиз чоғида биз ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга узилган ўқ тафсилотларини ўрганиш билан бирга унинг ўзини, оила аъзолари, сафдош ва даврадошларини ҳам қайсидир маънода ўрганишга ҳаракат қилдик.
Энг аввало Муҳаммад Солиҳ бугун Туркияда қайси мақомга эга эканлиги билан қизиқдик. Чунки, унинг яшаш шароити, тан қўриқчилари, офис ва дачалари – биздан шу нарсани талаб қиларди.
Буни Муҳаммад Солиҳга хайрихоҳ бўлган ва бўлмаган мухолифат ҳам, уни ўзига душман деб билувчи ҳукумат ҳам, Ватан ичкари ва ташқарисидаги барча кишилар ҳам билишни исташарди.
Мен Муҳаммад Солиҳнинг уйида бўлганимда унинг шахсий ва оилавий фото албьбомида кўрган суратлар менга кўп нарсаларни ойдинлаштирди.
Мен бугун  у ерда кўрган суратларим ва уларга алоқадор гап сўзларни ошкор қилиш ниятида эмасман.
Фақат айтмоқчиманки, нафақат ўзбек ҳукумати, балки бир тийинга қиммат мухолифати ҳам ҳали Муҳаммад Солиҳнинг кимлигини яхши билмас экан.
Унинг қудрати ва шуҳратининг ҳали бизга маълум бўлмаган қатор қирралари ҳақида ҳикоя қиларди мен унинг уйида кўрган суратлар…
Унинг рақиблари хаёлига ҳам келтирмаган дуёнинг сиёсий лидерлари билан дўстона ва ишончли алоқалар ҳақида ҳикоя қиларди мен унинг уйида кўрган расмлар.
Суратларни томошо қилиб, мен Муҳаммад Солиҳнинг бугунги мақомини ҳам, унинг кимлар сабаб бундай эҳтиромга муносиб кўрилганини ҳам англагандай бўлдим…
 
03 2013
Муҳаммад Солиҳ рафиқаси Ойдин Солиҳ билан Қора денгиз соҳилида, 2013 йил…
3.
Оиладаги тотувлик ва самимият 
Яширмайман, Муҳаммад Солиҳнинг уйидаги тартиб қоида ва ўзъаро тотувлик мени ўзига мафтун этди.
Оиласи аслида бир олам, унинг ўзи бир олам.
Лекин ўзаро ҳурмат ва иноқлик  хонадонга ташриф буюрганданоқ эътиборингизни тортади.
Ҳолбуки, янга бугун Муҳаммад Солиҳдан ҳам кам бўлмаган эътироф ва эътиборга  эга экан.
Унинг хусусан, ҳакимлиги (докторлиги) Туркияда анча машҳур.
Лекин шунга қарамай оилада  янга – уй бекаси. Мухолифат лидерининг суянган тоғи ва эркаси…
Шу ўринда бир лирик чекиниш қилиб, Муҳаммад Солиҳнинг ўз рафиқаси Ойдинхонимга узоқ йиллар аввал бағишлаган бир шеърини келтираман:
 
ОЙДИНГА
 
Ориққинам менинг, гўзал ниначим,
Урушқоним менинг, аҳилим менинг,
Товушқоним менинг, тезкор гиначим,
Камалак сингари, ҳар хилим менинг.
 
Сен менинг ойимсан, менинг мўъжизам,
 Ой каби ҳеч қачон тутилмаганим,
Сен ёлғиз кучлимсан, менинг ожизам,
Дафъатаним менинг, кутилмаганим.
 
Тилимга ҳеч қачон чиқмайди чипқон,
Сен ҳақда гапирсам, менинг мўъжизам,
Сен учун яшасам узоқ яшайман,
Менинг кераккинам, менинг бежизам.
 
Масрур мажнунтолим, мунгли тўронғил,
Ойдингинам менинг, ярим қоронғим.
(1979)
Муҳаммад Солиҳнинг ўз оиласига қачонлардир ёзган бу шеърини мен олдин ҳам ўқигандим.
Лекин уларнинг Истанбулдаги хонадонига борганимда негадир уни яна эсладим.
Ва хаёлан Муҳаммад Солиҳ билан янганинг ўзъаро муносабатларини шу шеър асносида яна қайта кашф қилгандай бўлдим.
Бу ҳақда унинг ўзига айтганимда, шу мавзуда бу йил ёзган янги шеърини ўқиб берди:
ҚОРАҚАМИШ ХОТИРАСИ
 
 Ойдинга
 
 Шоҳона уйимиз бор эди, эсла;
20 метр эди нари-бериси!
Бетон девор аро бизга ҳавас-ла
 Қараб турар эди Илҳом Париси!
 
Бир ажиб йўқсилдик, бир гўзал йўқсил –
Ҳар куни рўзадор эдик биз гўё!
Суйканарди бизга мўлтираб, ўксиб,
Бизлар бир чақага олмаган дунё!
 
Учиб кирган эдик иков ҳаётга –
Шундоқ сўл ёнимда порларди сиймонг!
Асли, ўзларига қалб излаётган
Икки иймон эдик, иккита иймон!
 
Cентябр, 2013 йил
  
Бу иймон соҳиблари ватанидан бадарға қилиниб, узун йиллар сарсон-саргардонликдан кейин, ниҳоят Истанбулда лангар ташлаб, озгина тин олиш имконига эга бўлдилар.
Ўтган йигирма йиллик муҳожирлик уларнинг тинкасини тамом қуритган бўлса керак деб ўйлагандим.
Йўқ, хато қилган эканман. Бу оила аъзоларидаги юқорида эслатганимдай ҳамжиҳатлик ва ўзаро севги атмосфераси бугун ҳам яққол сезилиб турарди.
Оиладаги бу хуш насим ва тоза ҳаво  келган меҳмонларга ҳам юқар эди…
Бугунга қадар аксар одамлар наздида Муҳаммад Солиҳ жиҳод ишларига муккасидан кетган ўта радикал диндор сифатида таассурот қолдирган.
Бу аслида нотўғри таассурот.
Туркияда мен бу инсонларга қараб, ислом динининг бир мусулмон оила ҳаётида қандай ижобий акс этишини ўз кўзим билан кўрдим.
Шу мўъжаз умримда исломдаги аксар кишиларнинг ўз диндорлигини кўз-кўз этганларига кўп марта гувоҳ бўлганман.
Номозга  турса ҳам, дуо қилса ҳам – бу ҳаракатларида ғалати бир намойишкорликни, одамлар эътиборини ўзига тортишдек манманлик ва такаббурликни сезганман.
Уларнинг бу хусусияти менда бу одамларнинг эътиқодларини ҳурмат қилиш туйғусидан кўра кўпроқ —  ажиб бир саркашлик ва ғашлик уйготганини сезганман.
Бу сунъийликни кечаги кунга қадар Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) жабҳасидаги узунсоқол сафдошлар, радикал муллалар ҳаракатида ҳам кўрганман.
Олис Канададан оилам билан Муҳаммад Солиҳнинг уйига ташриф буюриб,  мезбонлар билан танишарканман,  яна ўша ғашлик туғдирадиган манзараларни кўраман, деб ўйлаганимни тан олишим керак.
Аммо ундай бўлмади.
Бу оила аъзолари номозни азон айтилган заҳоти адо этганликларига гувоҳ бўлдим.
Лекин мен буни махсус кузатмаганимда эди, уларнинг пастки қаватга тушиб, номоз қилиб чиққанларини сезмай қолган бўлардим.
Бу хонадонда фақат номоз эмас,  диннинг барча қоидалари ўзбек урф-одати ва атрофдаги шароитга шундай уйғун шаклда адо этилардики, бу ҳеч кимнинг эътиборини тортмас ва кўзига ботмасди.
Шу сабаблими, билмадим, ташқаридан қараганга, бу оила аъзоларининг ҳаёти ҳузур ичида кечаётгани дарров сезилади…
Уларнинг ҳам ҳамма қатори азиз фарзандлари ва бири биридан ширин талай набиралари бор.
Қизлари Умида Истанбулда уйли-жойли. Нигор ва катта угиллари оилалари билан Норвегияда яшашади.
Ўғиллари Темур – Муҳаммад Солиҳнинг ўнг қўли. Унинг тан соқчиларига кўрсатмалар бериш, отасининг сиёсий фаолиятини вақти вақти билан молиялаштириб туриш, Халқ Ҳаракатининг Қурултойларини мувофиқлаштириш – буларнинг бари Темурнинг зиммасида…
%d0%b8%d1%81%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d1%85%d1%83%d1%88%d0%b5%d0%b2-%d0%be%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d1%81%d0%b8-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d0%b8%d1%81%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%b1%d1%83%d0%bb%d0%b4%d0%b0
Исмат Хушев оиласи билан Муҳаммад Солиҳ хонадонида
 4.
Ўқ узилиш тафсилотлари ва журналист фаразлари…
Темурнинг ҳикоя қилишича, ўқ узганлар икки киши бўлган. Кун қоронғусида уларнинг суратлари ҳам кузатув камераларига яхши тушмай қолган.
–  Биз уларни отиб ташлашимиз мумкин эди, лекин бундай қилмадик, – дейди ўша кунни хотирлаб Темур.
Менга эса ҳануз унинг ана шу сўзлари тинчлик бермай келади: Нега отиш мумкин бўлса, отишмади? Қўриқчи ва тан соқчиларининг асосий вазифаси аслида нима?
– Нега отиш мумкин бўлса, отмадингизлар?, – деб сурадим мен?
–  Чунки ўқ узганлар уй ҳудудида эмас эди. Туркия қонунлари буйича уй ҳудудида (уй ичида) сизга отишса сиз ўзингизни ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатишингиз мумкин, – деди Темур.
Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Истанбулга борган дастлабки кундаёқ, бу ерда ўзбек махсус хизматларининг қўли йўқ деб ошкор айтди. Бизнинг фикримиз ҳам шундай.
Хўш, унда бу ишни ким қилган бўлиши мумкин? Кимга керак эди Муҳаммад Солиҳнинг ногоҳ ўлими?
Агар уни ростдан ҳам ўлдиришмоқчи бўлишганларида унинг ўзини пойлаб отишмасмиди? Унинг уйига ўқ отиб, қўрқитиш кимга керак эди?
Менинг назаримда бу ерда бир нечта эҳтимолий сабаблар бўлиши мумкин.
Биринчидан, бу – унинг номи атрофида шов шувни кўпайтириш учун атай уюштирилган бўлиши мумкин. Лекин мен бундай деб ўйламайман. У бундай ғирромликка борадиган одам эмас.
Иккинчидан, буни  расмий Тошкент қилди деб,  Ўзбекистон билан Туркияни уриштириб қўйиш учун атай уюштирилган бўлиши ҳам мумкин…
Учинчидан, Муҳаммад Солиҳни қўрқитиш ва уни Туркиядан чиқариб юбориш учун расмий Истанбул томонидан атай уюштирилган бўлиши ҳам мумкин.
Буни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак…
%d0%b8%d1%81%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d1%85%d1%83%d1%88%d0%b5%d0%b2-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d0%bf%d1%80%d0%b0%d0%b3%d0%b0%d0%b4%d0%b0
Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳ билан Прагада, июнь 2012 йил.
5.
Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг якуни
Исмат Хушев: – Мана, сизнинг уйингизга  ўқ узилди. Бу хуруж Ўзбекистондаги махсус хизматлар томонидан уюштирилган деб  ўйлайсизми?
Муҳаммад Солиҳ: Бундай дейишга менда далил йўқ. Ўқ узилгани факт, аммо уни ким узгани хақда мен ҳеч нарса билмайман. Албатта, Ўзбекистонда менинг йўқ  бўлишимни истаётган тизимлар бугун ҳам мавжуд.
Биласиз, каминани бартараф қилиш учун бўлган энг жиддий уриниш  2001 йил май ойида бўлди. Хабарингиз бор, бу воқеа хақда дунё матбуотида кўп ёзиб-чизилди. Ҳатто Россиянинг ТВ Центр студияси Маркеловнинг “Наша версия: Совершенно секретно” программасида бу воқеа тафсилотли шаклда  намойиш қилинди.
Бу суиқасдга ташаббус акциясининг асос актёрлари ўша пайтдаги Ички Ишлар вазири З.Алматов, вазирликнинг антитеррор бўлими бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг ўша пайтдаги Ўзбекистон бўйича директори Маҳмуд  Ҳайитовлар эди.
Маҳмуд  Ҳайитов ва каминани ўлдириши керак бўлган “киллер”лар орасидаги воситачи Баҳром Мўминахунов билан бўлган  телефон суҳбатини тўла ёзиб олиниб, эълон қилинди.
Суиқасд ташаббуси дунёга фош бўлган заҳоти Интерпол бўлими бошлиғи  полковник Маҳмуд Ҳайитов ишдан олинди, полковник Ботир Турсунов эса Тошкент вилояти ИИБ тизимига қувилди.
Аммо бу воқеада, ҳозирча, ундай бир далилимиз йўқ.  Далилсиз бировни айблаш  туҳмат бўлади. Бизга ҳатто душманга ҳам туҳмат қилиш ярашмайди.
Исмат Хушев: – Сиз Ўзбекистон Президенти Каримов билан жуда кўп кўришган, Олий Кенгашда бирга ишлаган шахслардан бирисиз. Унинг ўша пайтларда сизга бўлган самимий ҳурматини мен шахсан кўрганман. Мана, 21 йилдир унга қарши мухолифат қилаяпсиз, наҳотки, бу инсонда у билан муроса қилиш учун асос бўла оладиган бирор бир жиҳат кўрмадингиз? Наҳотки, бу сиёсий арбоб хақда бирор бир илиқ сўзга асос бўла оладиган бирорта хотирангиз бўлмаса?
Муҳаммад Солиҳ: – Каримов иқтидорга келган илк кунларида шахсимга кўп хушмуомалалик кўрсатган, мен ҳам шунга яраша жавоб беришга ҳаракат қилганман.
У йиллари Каримовда бир самимият бор эди ёки менга шундай туюлганди. Мен бу хусусда сафдошларимга очиқ гапирганман. Агар бизнинг асос ғоямиз Мустақиллик йўлида бу коммунистлар билан муроса қилиш керак бўлса, муроса қиламиз, деган фикрда тўхтадик.
Чунки миллатимнинг  Мустақиллиги мен учун демократиядан ҳам устун бир қадрият эди.Шу эътикодим туфайли қисқа бир муддат Каримов ҳукуматини қўлладим ҳам.
Халқимизнинг асрлар давомида орзу қилиб келаётган Истиқлоли амалга ошиш арафасида эди чунки. Шахсий обрў талашишлар мавриди эмасди.
Аммо замон қайта қуриш замони бўлгани учун коммунистларнинг тили чиқиб қолди, улар бир думалаб, инқилобчи бўлиб олишди ва каминани – умр бўйи коммунистликдан нафратланган ва уларга қарши шеърлар битган кишини – коммунистлар билан муросада айблай бошладилар.
Бу мунофиқлик қаршисида ҳайратга  тушдим.
Каримов менга ва оилам аъзоларига жуда кўп зулм қилди,бу зулм бугун ҳам давом этаяпти,  аммо булар мени йўлимдан қайтаролмасди. Мен  бу даъво(ғоя) учун тўланадиган бадалнинг енгил бўлмаслигини билган ҳолда йўлга чиққандим.
Нафсиламбирини айтганда, Каримов каминани ўзига яқинлаштириш учун анча ҳаракат қилди.  Шу боис,  эътиқодимдан ҳеч қачон воз кечмаганимни энг яхши билган ҳам менинг “сафдошларим” эмас, рақибим Ислом Каримовдир.
Унинг ўзига яқинлаштириш мақсадида каминага нималар таклиф қилганини аввал Оллоҳ, кейин Каримов ва мен биламиз.
Агар фақат мансаб ва моддий манфаат талабгори бўлганимда эди, Каримов билан муаммомиз бўлмасди.
Аммо мен ёшлигимданоқ бир ғоя мансуби эдим, Каримов олган комммунистик тарбияга диаметрал қарши тарафдаги бир ғоя мансуби.
Исмат Хушев: – Дейлик, сиз ҳокимиятга келдингиз, бугунги давлат мулозимлари қайси мақомда бўлади?  Уларнинг ҳаммасини ишдан ҳайдайсизми?
Муҳаммад Солиҳ: – Йигирма йиллик “мустақиллик даври”да жуда кўп яхши кадрлар юрт ташқарисига кетишга мажбур қилинди. Бир қисми юрт ичкарисида қолди, аммо ўз мутахассислиги бўйича иш тополмай сарсон юришибди.
Мавжуд бошқарув тизимларида ишлаётганлар Ўзбекистон кадрлар потенциалининг балки энг кичик қисми. Режим ўзгариб, улар ҳам ҳайдаладиган бўлса, мамлакат бошқарувсиз қолади.
Янги ҳукумат маълум муддатгача давлатни мавжуд кадрлар контингенти билан идора қилишга мажбур бўлади.
Исмат Хушев:  Юқоридаги саволимни яна бир марта такрорлайман, чунки унга аниқ жавоб ололмадим: мен  сиёсий рақибларнинг ҳамиша музокара столига ўтириб, муаммоларни ечиши тарафдориман, Ўзбек мухолифати бундай қадамга қай даражада тайёр?.
Муҳаммад Солиҳ: – Ўтган асрнинг 98 -йил охирига қадар муросага умид бор эди, у пайтларда ҳукумат ва мухолифат орасидаги  иқлим бугунгидай душманлик иқлимига чиқмаганди.
Тошкентдаги 1999 йил 16 феврал портлашлари бу муроса имконини бартараф қилди. Чунки мингларча гунҳосиз инсон бу уюштирлган фитна баҳонасида қамоққа ташланди,бадарға қилинди, ўлдирилди.
Бу зўровонлик, репрессив сиёсат, наинки мухолифат, давлатдан адолат кутган кенг афкор омма қатламларида ҳукуматга нисбатан душманлик кайфиятини янада кучайтирди.
Бу репрессив сиёсат бугун ҳам давом этмоқда. Бундай бир иқлимда муросадан гапириш ўз-ўзимизни алдашдан бошқа нарса бўлмайди. Муросага бориш учун замин керак, аммо бундай замин бугун йўқ.
Бу дегани, сиёсатдаги муроса икки тарафнинг инсофига ёки виждонига боғлиқ булган бир нарса эмас. Бу жабҳада муросани севганлари учун эмас, муросага мажбур бўлганлари учу муроса қилишади.
Яъни ўзбек мухолифати ўзбек ҳукуматини муросага  мажбур қилиш даражасида кучли бўлсагина  ёки ҳукуматга дунё жамоатчилиги тарафидан катта босим бўлсагина ҳукумат муроса столига ўтириши мумкин.
Бугун бу факторлар кўринмайди.
Биз шу факторлардан бизга боглиқ бўлган қисмини яратиш учун ҳаракат қиляпмиз, хусусан, мамлакат ичкарисида.
%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%83%d0%b9%d0%b8%d0%b4%d0%b0
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ хонадонида, сентябрь, 2013 йил, Истанбул.
6.
Сўнг сўз ўрнида
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга узилган ўқ сабаб Туркияга уюштирилган  саккиз кунлик ташриф ниҳоясига етаркан, бизнинг бу сафаримиз атрофида уюштирилган турли хил иғвою бўҳтонларга ҳам бир оғиз ўз муносабатимизни билдириб ўтишни лозим топдик.
Исмат Хушевни Муҳаммад Солиҳ билан расмий Тошкент топшириғи асосида учрашганлигини  башорат қилган Толиб Ёқубов бошлиқ мухолифат фолбинларига шуни айтмоқчимизки, бизга ўзбек ҳукумати томонидан бундай ваколат берилмаган.
Биз оддий бир журналист сифатида, гарчи Муҳаммад Солиҳ билан сиёсий ҳамфикр ва ҳамкор бўлмасак-да,  унга узилган ўқ шов шувидан анча саросимага тушиб қолдик.
Инсон ким бўлишидан қатьий назар у жамиятда ўз сиёсий қарашларини эмин эркин айта олиши керак. Тем более – Туркияда.
Шунинг учун ҳам биз Истанбулга бориб, ўқ узилиш тафсилотларини жойида ўрганишга қарор қилдик.
Чунки Муҳаммад Солиҳга отилган бу ўқ – биринчиси эмас. Охиргиси ҳам бўлмаслиги мумкин.
Биз журналист сифатида бундай сиуқасдлар  тафсилотини  иложи борича кенгроқ  ва чуқурроқ  билиб, элга ошкор қилишимиз лозим.
Токи сиёсий террор, у кимга аталган бўлишидан қитьий назар,  дунёда эркин қанот бойлаб  учишга ўрганмасин…
Бор гап шу.
Бу ерда бошқа сиёсий мақсад ва интрига йўқ.
Бу биринчидан.
Иккинчидан, Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳни байроқ қилиб яна кўтараяпти, уни идеаллаштиряпти деган мухолифат жарчилари  диққатига.
Биз нафақат Муҳаммад Солиҳни, ҳатто ўзимиз меҳр қўйган ва бу меҳрдан ниҳоятда куйган Ислом Каримовни ҳам байроқ қилиб кўтариш тугул, идеаллаштириш фикридан мутлақо йироқмиз.
Бугун одамларни чиройли ўхшатиш ва ташбеҳлар билан алдаш қийин.
Бугун одамлар сиёсий лидерларнинг қилган ва қилаётган ишига қараб баҳо беришади.
Шу маънода Исмат Хушев Муҳаммад Солиҳга тарафдор, унга хайрихоҳ деган дўстларимиз янглишадилар.
Биз Муҳаммад Солиҳнинг ўзига ва ёки сиёсий қарашларига эмас, балки унинг ўйчан шеърияти билан толмас курашчанлигига, яхши маънодаги хаёлпарастлигига  мафтунмиз, холос.
Яна бир гап.
Муҳаммад Солиҳ давр айланиб, эрта бир кун юртга бош бўлган тақдирда ҳам, у бу лавозимда узоқ ишлашига кўзим етмайди.
Демократик кайфиятдаги лидерларнинг Шарқда, хусусан Ўрта Осиёда  раҳбар бўлиши, бўлгандан кейин ҳам ишлаши – бу жуда қийин масала.
Қолаверса, мамлакатни, давлатни бошқариш – бу жуда мураккаб ва машаққатли санъат.
СССРда Михаил Горбачев, Қирғизистонда Асқар Акаев, Озарбайжонда Абулфайз Элчибей, Грузияда Звиад Гамсахурдия  каби демократларнинг ҳукмдорлиги каби унинг йўлбошчилиги ҳам қисқа фурсатда фожеа ва мағлубият билан тугашини давр ва замон кўрсатиб турибди.
Лекин русларда: “Надежда умирает последней” деган яхши ва умидли бир гап ҳам бор.
Ҳар қалай шу ғала ғовур ва долғали замонда орзу ва умиднинг бўлгани яхши…
%d0%b8%d1%81%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d1%85%d1%83%d1%88%d0%b5%d0%b2-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d1%8d%d0%b4%d0%b8%d1%80%d0%bd%d0%b0%d0%b4%d0%b0
Исмат Хушев
Торонто – Истанбул – Торонто
сентябрь, 2013 йил,
2 комментария к «Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ («Истанбулга саёҳат»)»
  1. Исмат ака М Солих ҳақидаги мақолани яна қайта қўйибсиз. Майли бу ҳам юрагингизи кенглигидан далолатдир. Лекин уларни матреалларини ҳеч бир сайт босмайди.

  2. Муҳаммад Солиҳ атрофида кейинги пайтда бир гуруҳ аламзада кимсалар, снб ноғорасига ўйновчи хориждаги баъзи сиёсий лўттибозлар томонидан уюштирилаётган иғво ва бўҳтонлар фонида Исмат Хушевнинг бу обьектив ва долзарб мақоласи кимнинг аслида ким эканини очиқ ойдин кўрсатиб турибди. Исмат Хушев ҳақида ким нима дейишидан қатьий назар, у ҳамиша ҳақиқатнинг юзига тик қарайдиган, бунинг учун керак бўлса ўзини ҳам аямайдиган мард инсон. Ўзбек мухолифати лидери учун жуда оғир бўлган мана шу кунларда бу мақоланинг эълон қилиниши айни муддао бўлибди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *