Мирзиёев келаси йилни Одамлар билан мулоқот йили деб эълон қилди.
Нега Президент ғояларини элга тадбиқ этишда матбуот ҳануз орқада қолмоқда
Ёки матбуотни назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси: “Янги Президентнинг бу сиёсати узоққа бормаса керак!” деган хаёлдами?
Ахир, ҳеч бир манба халқ билан – матбуотчалик чамбарчас боғлиқ бўлолмайди-ку!
1.
Халқ билан мулоқот йили кун тартибига чиққанидан бўён бирор бир матбуот халқ билан мулоқот йўлига ўтмади. Нега?
Нега матбуот нашрлари ўқувчилар учун то ҳануз ўз эшикларини очмади?
Ҳолбуки, Бош вазир очган виртуал қабулхона бугун Президент қабулхонасига айлантирилди. Бошқа қатор вазирлик ва ҳокимликлар ҳам халқ учун ўз қабулхоналарини оча бошлади.
Лекин ўзбек матбуоти Мирзиёев бошлаган бу хайрли ишни то ҳануз англаб етолмади, идрок этолмади.
Нега?
2.
Бунинг сабаби, менинг назаримда қуйидагилардан иборат.
Бизда қўрқмас ва жасур журналистлар йўқ деб айтишади. Мен бунга қўшилмайман, бу ёлғон гап!
Бизда талантли ва жасур журналистлар бор. Қўрқмас ва мард муҳаррирлар йўқдир балки.
Бундай ожиз ва ноилож муҳаррирлар ортида турган Матбуот ва Маънавиятни назорат қиладиган – Давлат маслаҳатчисининг ўзи аслида қўрқоқ ва муттаҳам бўлса-чи?
У ўз мансаби ва маишатини ўйлаб, бунга йўл қўймай келаётган бўлса, нима дейсиз?
Ҳеч бир манба халқ билан матбуотчалик чамбарчас боғлиқ бўла олмаслигини ўзини даҳо ёзувчиман деб юрган бу валломат билмайди деб ўйлайсизми?
Булоқ аслида бошидан лойқаланаётган бўлса, аҳвол нима бўларди? Бунинг учун журналист ва муҳаррирларни айблаш тўғримикан?
Каримов замони ҳеч қачон орқага қайтмайди энди. Шуни ҳамма англаб етиши лозим.
Янги Президент ғояларини ўзида акс эттириш масаласида ҳам ўзбек матбуоти тамомила орқада қолаяпти.
Халқ билан мулоқот йили кун тартибига чиққанидан буён бирорта матбуот халқ билан мулоқот йўлига ўтдими?
Йўқ!!!
3.
Қадимда – куни кеча ўтган тарихимизда барча матбуотнинг ўз қабулхонаси бўларди.
“Инқилоб хиёбони” да – Ленинград кўчаси 32 да – етти қаватли “Газетлар корпуси”нинг эшигида кириб чиқишни тартиб солиб, назорат қиладиган навбатчилар турарди, холос.
Бу ерда куни бўйи – эрта тонгдан то тун ярмига қадар матбуотга ўз арзу додини айтиш учун келган одамларнинг қадами узилмасди.
Халқ келиб юрагини очарди газетага. Чунки у матбуотга ишонарди, ундан нажот сўрарди.
Ўзбек матбуоти ўша пайтларда ўзбек халқининг чин дўсти ва ҳамкорига, кенг маънодаги халоскорига айланиб улгурган эди.
Одил Ёқубов раҳбарлик қилган ва Карим Баҳриев билан Исмат Хушевлар махсус мухбир бўлиб ишлаган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 800 000 – бир миллион, Шароф Убайдуллаев бош бўлган “Ўзбекистон овози” ва “Тошкент оқшоми” газеталари салкам бир ярим ва икки миллион нусхада чоп этиларди…
4.
Бугун ҳам “Инқилоб хиёбони”даги ўша “Газетлар корпуси” ҳамон ўз жойида турибди.
Фақат энди бу ерларда олдингидай – одамлари тўлиб тошган жўшқин ҳаётдан асар ҳам йўқ.
Қабулхоналар тақа тақ ёпилган, бу ҳам етмагандек, эшигига қулф ҳам урилган.
Энди ҳар бир газета қошида елкадаги погонини кўз кўз қилиб, қуролланган милиция ходими туради.
Бегоналар нари турсин, ҳатто гувоҳномасини тасодифан уйида унутиб қолдирган журналистлар ҳам ўз ишхонасига киролмайди.
Халқ ўз газетасига бемалол кириб чиқолмаса, унга қандай меҳр қўйсин, дардини айтсин?
Мустақиллик даврига келиб, ўзбек матбуоти тиражи – Совет давридагига нисбатан ўн баробар, ҳатто юз баробар камайиб ва қисқариб кетди…
5.
Ҳа, биз редакция маҳкамаларида милиция турмаган совет даврида ҳам ишлаганмиз.
Биз социалистик замоннинг барча қирраларига ҳам хайрихоҳ эмасмиз.
Лекин икки қўлимизни кўксимизга қўйиб айтишимиз лозимки, социализнинг – ўрганса арзийдиган томонлари ҳам бор эди. Бунинг энг асосийси – социал масалалар эди, унинг бир қирраси – матбуот эди. Чунки матбуот – ҳукмрон синфнинг ҳақиқий ёрдамчиси эди.
Собиқ редактор дўстларим бор. Улар билан вақт бевақт боғланиб, ўтган кунларимизни ёдга оламиз. Ўша йиллардаги газета тахламларини кўрамиз, варақлаймиз, эслаймиз…
Газеталарда кунда ё кунора танқидий материаллар бериларди. Ҳафтада иккита ё учта фелъетон чиқарди. Ҳозир нима бор?
Ориф Юнус, Худойберди Тўхтабоев, Усмон Юсупов, Восий Маҳкамов, Шобарот Кузамбоевларнинг қалами фелъетон жанрида чархланган.
Ўзбек матбуотида мустақиллик йилларига келиб, энг сўнгги фелъетон қачон эълон қилинган?
Ким билади?
6.
Хайриддин Султонов бошчилигидаги бугунги ўзбек матбуоти назоратчилари “Янги Президентнинг бу сиёсати узоққа бормаса керак!” деб ўйлашяпти, шекилли.
Ёки улар бугунги ўзгаришларга тамомила қарши бўлган ёвуз кучлардир.
Масалан, Мирзиёев бугунга қадар халқ ишончини оқлолмаган жуда кўп вилоят ҳокимлари, вазир ва мулозимларни ишдан бўшатди.
Нега ўзбек матбуоти ноёб қилиқлари билан танилган бирорта арзанда мулозимни холис танқид қилиб, унинг аслида нима учун ишдан олинганини шарҳлаб беролмайди?
Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Янги Президент таназзулга ботган жамиятни тозалай деб, унга тоза ҳаво кирсин деб, эскича фикрлайдиган пачка пачка раҳбарларни ишдан олса, халқ уларнинг нима учун кетганини билмаса.
Эртага бу кетаётган ҳокимларнинг кўпи ўзини ноҳақ ишдан урилганман демаслигига ким кафолат бера олади?
Улар ўзларини бир оздан сўнг Қаҳрамон деб ўйлаб, яна сиёсатга қайтишни орзу қилиб қолиши мумкин. Чунки уларнинг чўнтаги тўла.
Улар яна ўзларининг эскича – Каримовча сиёсатларини юритишни қўмсаб қолишлари мумкин…
7.
Шунинг учун ҳам халқ уларнинг бугун нима учун ишдан олинганини аниқ тиниқ билиши шарт.
Уларнинг барча ҳатти ҳаракатларини элга билдириш керак. Бу бошқаларга аччиқ сабоқ бўлиши лозим.
Қачон уларнинг хатоси бошқалар учун ибрат бўлади? Матбуотга чиқсагина. Элга ошкор этилсагина.
Унутмайлик: Бизда жуда кўп ҳоким бўлиши хато бўлган ҳокимлар бор. Уларнинг асл башарасини матбуот очиши лозим!
Ё бунинг учун ҳам Президентнинг рухсати керакми?
Ёки Мирзиёевнинг ўзи редакцияларга бориб, ёзиб бериши керакми фелъетонни ҳам…
8.
Яна бир марта такрорлайман:
Ҳокимларнинг ичида ҳоким бўлганлиги хато бўлган ҳокимлар бор. Уларнинг асл башарасиин очиш бизнинг вазифамиз. Бу бошқаларга сабоқ бўлиши керак.
Бу борада бизга ўрнак бўларли устозлар бор. Шундай фидойи ва ватанпарвар журналистлардан бири Шароф Убайдуллаев.
У киши бундан олти ой-бир йил муқаддам Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ўз ўрнига номуносиб экани ҳақида гапира бошладилар. “Дунё ўзбеклари”, “Озодлик” ва “ББС” орқали бу ҳақда аниқ тиниқ факт ва далиллар билан бутун дунёга жар солдилар, овоза қилдилар.
Лекин минг афсуски Каримов замонида бизнинг ва Шароф аканинг бу виждон ҳайқириқлари керакли идораларга етиб бормади. Дунё матбуоти чиқишларига эътибор берилмади.
Ўзбекистон янги Президент бошқарувига ўтган заҳоти мамлакатда адолат меъзонлари ўрнатила бошланди. Ўз мансабини суистеъмол қилган мулозим ва ҳокимлар билан бирин кетин хайрлашиш бошланди.
Ажабки, Сирдарё вилояти ҳокимини ишдан олиш чоғида Президент Мирзиёев: “Сиз ўз нўноқлигингиз билан бизни нафақат вилоят ва республикада, балки бутун дунёга шарманда қилдингиз!” деб айтганида, “Дунё ўзбеклари”, “Озодлик” ва “ББС” даги танқидий мақола ва суҳбатларни назарда тутганига заррача ҳам шубҳам қолмади.
Демак, янги Президент ҳамма гап-сўздан хабардор, кимнинг қандай ишлаётгани ва ким нима деганини ва ёзганини яхши билади…
9.
Сирдарёдан сўнг кўп ўтмай, Жиззах вилояти ҳокими ҳам ишдан олинди.
Мен бугун бу вилоятларда ҳақиқат қарор топиб, адолат мезонлари ўрнатилишида беназир устозимиз, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаевнинг виждоний хизмати ва касбий заҳмати беқиёс эканини алоҳида эътироф этишни истардим.
Биз узоқда – Канададамиз, истаган мулозимни, ҳатто қудратли МХХ раисини ҳам қўрқмай, бемалол танқид қилишимиз мумкин.
Лекин Ўзбекистонда яшаб, ўзи туғилиб ўсган юртнинг бойвачча ва хотинбоз ҳокимларини танқид қилиш, чексиз заҳматларга кўксини тутиб, адолат ва диёнат талаб қилиш – ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Мен бир гал Шароф акага ҳатто: “Қўйинг шу гап сўзларни, ўзингизни ўйланг, тинчгина юринг!” деб айтганман.
Шунда устоз алам ва ҳасрат билан: “Мен ишонган ва суянган шогирдим бўла туриб Сиз шундай десангиз, бошқадан нима кутиш мумкин. Унда одамларнинг ҳақ ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?” – деб чексиз бир изтироб билан қаттиқ эътироз билдирган эдилар…
10.
Шароф Убайдуллаев “Дунё ўзбеклари”да ёзган танқидий мақолалар, “Озодлик” ва ББС дан фош қилган қатор бедодликларни матбуотнинг назоратчи раҳнамоси Хайриддин Султонов билмаган ва эшитмаган деб ўйлаш учун одам ё тентак ва ё нодон бўлиши керак.
У ҳаммасини эшитган, яхши билган.
Журналист бир пайтлар – давлат арбоби ҳисобланарди. Саксонинчи йилларда Шароф Рашидов Москвадаги “Журналист” журналида эълон қилган мақоласини “Журналист – давлат арбоби!” деб номлагани ҳам бежиз эмас эди.
Ўзбекистон матбуоти – газета ва журналлар, радио ва телевидения бир пайтлар адолат ва диёнат тантана қиладиган, ҳақиқат тикланадиган муборак даргоҳ эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси махсус мухбири Исмат Хушевнинг ўзбек матбуотида эълон қилинган қатор таҳлилий ва танқидий мақолалари қисқа даврда уни элу-юртга танитди, одамларнинг назарига туширди.
Мен орадан чорак аср ўтган бўлса-да, бугун ҳам олис Канадада туриб бу мақола ва матнларни фахр ва ифтихор билан эслашим мумкин.
Негаки, улар ўз даврида мени Ўзбекистонга танитди. Журналист – нафақат журналист, балки, айни пайтда – давлат арбоби ҳам эканини ҳаётда яққол исботлади.
Улар қуйидагилар:
1.. “Паркентдан келган хатлар (“Саодат” журналининг 1987-йил 7-сони)
2. “Тикувчи қизларнинг изтироблари” (“Саодат” журналининг 1987 йил 8-сони)
3. “Номус ўғрилари” (ЎАС, 1987 йил, 27 ноябръ).
4. “Давр – инсон – эътиқод” (Н.А.Муҳиддинов билан суҳбат, ЎАС, 1987-йил, 11-декабръ).
5. “Ижодкорга ҳурмат шуми? Сирдарёлик ёш ёзувчи нега ёлғизлаб қўйилди?” (ЎАС, 1988-йил, 12-февралъ).
6. “Дўстлик байтининг икки сатри” (ЎАС, 1988-йил, 25-март).
7. “Хориж эллар шамоли” (ЎАС, 1988-йил, 5-август).
8. “Маҳкумалар. Хотин-қизлар қамоқхонасида бир кун (ЎАС, 1988-йил, 30-сентябръ).
9. “Чақалоқ ўғилмиди?” (ЎАС, 1988-йил, 28-октябръ).
10. “Қўлингиз пок, кўнглингиз оқми?” (ЎАС, 1988-йил, 2-декабръ).
11. “Арман жароҳатлари” (ЎАС, 1988-йил, 23-декабръ).
12. “Таажжуб” (ЎАС, 1989-йил, 3-март).
13. “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” ЎАС, 1989-йил, 12-май).
14. “Гуноҳсиз гуноҳкорлар” (ЎАС, 1989-йил, 8-сентябръ).
15. “Ўз қадрини билиш – миллатчилик эмас!” (ЎАС, 1989-йил, 30-ноябръ).
Бугун Ўзбекистондаги бирор бир журналист — мустақилликнинг чорак асри давомида расмий ўзбек матбуотида юқоридагидек – танқидий ва таҳлилий мақоласи эълон қилинганлиги билан, худди мендек, фахрлана оладими?
Йўқ!!!
Ислом Каримовнинг “Мустақиллиги”га қадар ўзбек журналистикаси жамиятда – чин маънодаги ҳаёт мактаби ролини ўтарди.
Энди бу мактаблар тамомила унутиб юборилди. Оммавий ахборот воситалари тепасига Хайриддинга ўхшаш халқ дардига беғам ва бепарво такасалтанглар ўтиргани боис, бутун ўзбек матбуотининг юзи қора бўлди.
Журналистлар эса давлат арбоблигидан – жамиятнинг хароб, бетоб ва сароб қатламига айланиб қолди…
11.
Майли, эҳтиросга берилмай, яна Мирзиёев даврига қайтсак.
Янги Президент ишдан олган ҳокимлар халқ назаридан қолган эди.
Нега бу ҳақда биринчи бўлиб гапириш ва ёзиши лозим бўлган матбуот ҳануз жим.
Нега матбуот мамлакатдаги инқилобий ўзгаришларга, кадрлар алмашинувига жим қараб, оддий томошабин бўлиб турибди.
Биргина Тошкент вилоятининг ўзида қанча ишлар қилинди. Бу ерда қисқа давр ичида уч марта вилоят ҳокими алмашди. Нега бундай бўлди?
Бунинг сабабини халққа тушунтириб берадиган матбуот керак эмасми? Агар ичкарида буларни ёзадиган матбуот бўлмаса, ташқарида бор-ку: “Дунё ўзбеклари”, “Озодлик”, “ББС” бор…
Мирзиёев ФБ даги саҳифасида тўрт вилоят ҳокимларини халқ билан мулоқот ўрнатмай, оёғи ердан узилиб қолгани учун ишдан олинганини айтди.
Уларнинг оёғи ердан узилиб қолган бўлса, нега буни биз журналистлар ўз вақтида кўрмадик?
Бонг урмадик?
12.
Шароф Убайдуллаевнинг «Дунё ўзбеклари» учун берган шарҳи:
«Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, Жиззах билан Сирдарё вилояти ҳокимларини бир йилдан бўён тиним билмай гапираман, танқид қиламан.
Бу ҳокимлар аслида менга яқин ва биродар бўлган одамлар. Лекин уларнинг иш тутамига чидаб бўлмайди.
Масалан, Сирдарё ҳокими Ойбек Ашурматов қайнотаси ва қариндошларига қонундан ташқари ҳолда минг гектарлаб шоли экиладиган сувли ерларни бериб қўйибди. Нега бундай қилдинг деб биров сўрагани йўқ.
Ҳисоб китоб қилиб чиқилса, Ашурматов ҳоким бўлган Сирдарё вилоятида унга қишлоқдош ва қариндош бўлган 23 нафар баландчақирлик катта кичик раҳбар бор экан.
Сирдарё вилояти — аллақачон «Баландчақир давлати»га айланиб қолгани наҳотки бирорта журналист ва ё матуботнинг назарига тушмаса?
Шу ҳолатнинг ўзи ҳам баъзи раҳбарларнинг оёғи ростдан ҳам ердан узилиб қолганини кўрсатмайдими?
Агар адолат юзасидан айтганда Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳокимлари кечагина сиёсат майдонига чиққан ёш кадрлар эмас. Улар катта кичик раҳбарлик довонларини босиб ўтишган, яхши салоҳият ва тажрибага эга бўлган, орқасидан бошқаларни ҳам эргаштира олган раҳбарлар сирасига киради.
Сайфиддин Исмоилов ҳатто қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган. Ойбек Ашурматов айнан Мирзиёев ватани бўлган Зомин туманида узоқ йиллар ҳокимлик қилган. Сўнгги ўн бир йилдан бўён Сирдарё вилоятини, яхшими ёмонми, елкасида тутиб келяпти.
Яна бир кичкина детал — бу менинг назаримда оддий детал эмас: Уларнинг ҳар икаласининг ҳам келиб чиқиши — жиззахлик саналади.
Агар шу нуқтаи назардан қаралса, Президент учун бунинг аҳамияти йўқ — Қонун ҳамма учун бир.
Янги Президент, назаримда, адолат ўрнатишни ўзига яқин одамлардан бошлади. Ва мутлақо тўғри қилди!!!
Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Умарович Исмоиловнинг олти нафар расмий ва норасмий «оиласи» бор. Биргина мана шу шармандали ҳолнинг ўзиёқ уни вилоят раҳбари бўлишига мутлақо номуносиб ва нолойиқ эканини кўрсатмайдими?
Ваҳоланки, бу икки ҳоким ҳам аввалги президентнинг эркатойлари эди. Кўп йиллаб парваришлаб, ёмон кўзлардан авайлаб асраб келаётган олтин хўрозлари эди.
Ашурматов 14 йилдан бўён Сирдарёга ҳокимлик қилиб келди. Буниси салкам ўн бир йилдан бери Жиззахда ҳоким.
Ҳар иккаласининг ҳам «Облпахта» трести раҳбарлари бутун бригадаси билан қамалиб ётибди. Ҳар икки вилоятда ҳам камида 30 фоиздан ҳисобда бор, амалда йўқ қўшиб ёзиш аниқланган.
Пахта трести бошлиқлари тўғридан тўғри қўшиб ёзиш борасида шахсан вилоят ҳокимларининг топшириғи борлигини айтсалар ҳам бу масалага терговчи ва прокурорлар эътибор беришмади.
Негаки, улар сенатор экан. Негаки, улар олдинги Президентининг даканг хўрозлари экан…»
13.
Шароф Убайдуллаевнинг куйиниб ёниб айтган бу дил сўзлари мени анча ўйлантириб қўйди.
Қани энди Ўзбекистонда Шароф акадай ўз халқи учун фидойи ва жонкуяр журналистлар кўп бўлса. Минг афсуски, бундай халқпарвар ва ватанпарвар инсонлар жуда кам. Борлари ҳам ўзини ва тинчлигини ўйлаб, Шароф акадай бу қадар катта жанг майдонига чиқишга ботинолмайди, янаям аниқроқ айтсак — журъат этолмайди.
Бир гал Тошкентга сим қоқсам, Ҳамроқул Асқар айтиб қолди: Шароф ака «Дунё ўзбеклари», Озодлик ва ББС да Сирдарё ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ноқонуний қилмишлари, жиноий ҳатти ҳаракатлари ҳақида такрор ва такрор гапира бошлаганидан бўён у кишини излаб Тошкентга келаётган одамларнинг кети узилмай қолди.
Мана, кеча ҳам, бугун ҳам халқ вакилларининг бир нечта группаси билан учрашиб, суҳбатлашдик. Улар Тошкентга Шароф Убайдуллаевга ҳақ ва одил сўзлари учун кўзда ёш билан раҳмат айтгани келишибди.
Бу гапларни эшитиб, бир томондан кўнглим ёришади, қувонаман. Матбуотнинг қудратига тан бериб, тасаннолар айтаман.
Лекин иккинчи томондан нега шу гапларни расмий Тошкент радиоси ва матбуотидан айтиш мумкин эмас деб куйинаман, афсус қиламан…
14.
Майли, афсус, надоматга берилмай, мавзуга қайтайлик.
Мирзиёев мамлакатда амалга ошираётган кадр ўзгаришларини кўриб, баъзи таҳлилчи ва кузатувчилар: «Шунча йил Бош вазир бўлган одам нега шу ишларни олдинроқ қилмади» деб ёзишмоқда.
Ислом Каримовни яхши билмаган, унинг сиёсатини тушунмаган одамлар шундай деб ўйлаши табиий. Район, шаҳар ҳокимлари тугул, республикадаги оддий тармоқ газета ва ё журнали муҳарририни тайинлаш ва ё ишдан олиш учун Президентнинг рухсати ва розилиги олинарди.
Мен буни шахсан ўз бошимдан ўтказган муҳаррир ва мулозим сифатида айтяпман.
Қолаверса, Каримов даврида Бош вазир ташкилий масалада асосий скрипкани бажараолмасди. Бажаргани қўйишмасди. У нари борса, фақат танқид қилиши, камчиликларни очиши мумкин эди, холос.
Лекин ишдан олиш ёки тайинлаш — кадрлар билан ишлаш барибир Президент аппарати зиммасида эди.
Биз буни яхши биламиз.
Мирзиёев бу ҳуқуқни ўз зиммасига олган куниёқ, ҳар икки областда еттитидан ҳокимни алмаштиришга мажбур бўлди. Бу ҳокимлар тиззасигача жиноят ботқоғига ботган эди.
Нега буларнинг олдинги пайтда ҳеч ким мушугини пишт демади? Нега халқ сўзи ва фарёдига қулоқ тутилмади?
Бу масала ҳам аслида журналистларнинг, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги билан боғлиқ…
15.
Ўзбекистонда Каримов замонидан қолган «Олтин қалам» мукофоти бор.
Қани бу «Олтин қалам» соҳиблари? Район ҳокими нари турсин, оддий бир фермер хўжалигини ҳам танқид қилолмайди улар. Чорак аср шундай яшаб келдик. Чорак аср «Ёлғонлар устига қурилган салтанат»ни мадҳ этдик. Ўзимизни ўзимиз алдаб келдик.
Энди бу ёлғонга чек қўйиш керак!!!
Журналистлар — давлат арбоблари дедик. Уларга энди тортиб олинган бу муборак номни яна қайтариб беришимиз лозим. Матбуотни тирилтирмай туриб, бу масалага ойдинлик киритиш мумкин эмас.
Матбуот — аслида бир мўъжизадир. Биз бу мўъжизани бўғиб ўлдирдик, бадном қилдик — алал оқибат уни мўъжизадан — жанозага айлантирдик.
Бу дегани — ошкоралик ва шаффофликдан юз ўгирдик. Ўз она халқимиздан кўп нарсаларни яширадиган бўлдик. Жамиятнинг энг чириган иллатларини биров билди, биров билмади.
Элу-юртни алдаб яшашга ўргандик.
Ўзбек матботини ўқиган одам бу дунёда энг ҳур ва фаровон яшайдиган халқ биз эканмиз, нега энди ношукрчилик қилишимиз керак деб, Каримовга раҳмат айтиб яшайдиган бўлди.
Ташқи дунёга эса Ўзбекистон — энг бахтли ва саодатли халқ деб тақдим этилди. Аҳоли жон бошига келадиган даромад атайлаб дунёнинг энг ривожланган давлатларникига тенглаштирилди.
Бу ерда ҳам қўшиб ёзиш содир бўлди. Ёлғон — ростни асир қилиб олди.
Жамиятнинг энг ҳурматли одамлари бойвачча ва олигархлар бўлиб қолди.
Зиёли ва ойдинлар четга суриб чиқарилди…
16.
Олдин айтдим, яна такрорлайман: Бизда жасур журналистлар йўқ эмас. Жасур муҳаррирлар йўқ. Ҳамма нарсани аслида муҳаррир кўтариши керак эмасми?
Ботир муҳаррирларнинг инига кириб кетганининг сабаби эса — уларнинг ҳам орқасида «ботир» давлат маслаҳатчиси турибди.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Президент девонида — Давлат маслаҳатчилари орасидаги энг тутуриқсиз ва субутсиз, ўз соҳасини барча маҳкамалар оёғи остида хору зор қилган,миллий мафкурани ўлдирган одам раҳбар бўлиб турибди.
Ваҳоланки, матбуот соҳаси ўз вақтида — Хайриддин Султонов сиртмоғига тушгунга қадар обрў-эътиборли, муборак ва муқаддас бир соҳа эди. Шунинг учун ҳам бугун матбуот орқасида — унинг ичидан чиққан энг ноқобил раҳбарлар бош бўлиб турибди.
Масалан, республиканинг отахон нашри бўлмиш «Халқ сўзи» ва «Правда Востока» газеталари Бош муҳаррирлари Ўткир Раҳмат, Аббос Усмоновлар билан Анҳор бўйларидаги ҳукумат уйларида қўшни яшаганмиз, ҳар икаласи ҳам яхши одам, инсон сифатида ҳурмат қиламан.
Лекин журналист сифатида улар яхши журналист эмас, буни ўзлари ҳам яхши билишади. Бош муҳаррирликка тайинлангунга қадар ҳам, ундан кейин ҳам бирор сатр мақола ёзган эмас улар. Икаласи ҳам журналистикадан узоқ одам.
Бундай раҳбарлар қаерда бўлса, ҳамма жойда ўзига ўхшаган лаёқатсиз одамларни топишади. «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!» деганКаримов шиорлари фақат номигагина айтиларди, холос.
Алал-оқибат — эл юрт учун астойдил ёниб яшашни орзу қилганлар куйиб кул бўлдилар
Шунинг учун ҳам бугун ўзбек матбуотида янги Президент бошлаган катта ташаббусга қўшилиш у ёқда турсин, ҳатто дастлабки қадам қўйиш аломатлари ҳам йўқ…
17.
Ўз ўрнига муносиб Бош муҳаррирлар ҳақида ўйларканман, Зиёд Есенбоев, Мақсуд Қориев, Николай Тиммофеев, Одил Ёқубов, Шароф Убайдуллаев, Аъло Хўжаев, Нурали Қобул ва Карим Баҳриев каби таниқли алломалар матбуотга раҳбарлик қилган йилларни ҳавас ва армон билан хотирлайман.
Уларнинг ҳар бири ўз даврининг обрў-эътиборли ва довруғли Бош муҳаррирлари эди.
Одил Ёқубов раҳбарлик қилган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ўз даврида бутун ўзбек халқининг дарду изтиробларини дадил кўтариб чиқадиган очиқ минбар эди. Унда эълон қилинган танқидий мақола ва фелъетонлар ўша заҳотиёқ суд ва прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, қатор жиноий ишлар очилар, айбдор мулозимлар, ким бўлишидан қатъий назар, адолатли жазоланарди.
Шароф Убайдуллаев Бош муҳаррир бўлган «Тошкент оқшоми» ва «Ўзбекистон овози» газеталари миллион миллион адади ва юртимизда ишғол этган сарҳади билан ҳаммани лол қолдирган дамлар ҳануз ёдимда.
Карим Баҳриев раҳбарлик қилган ва ёпилганига қадар бутун Ўзбекистонни титратиб турган «Ҳуррият» газетасининг беш сони таратган шон шуҳрат ва ҳайратлар ҳали ҳануз хотирамиздан ўчгани йўқ.
Ислом Каримов ташаббуси билан очилган ва шахсан унинг тавсияси билан Бош муҳаррир этиб тайинланган Карим Баҳриев бу газетанинг биринчи сонида Исмат Хушевнинг «Менинг етти болам бор, олтитаси бемадор!» номли мақолсини ҳам эълон қилган эди.
Бош муҳаррирликдан урилиб, ўз соҳасидан узоқлаштирилган ижодкорни яна Президент назарига тушириш ва журналистикага қайтариш йўлидаги дўстона ва самимий бир қадами эди бу Каримнинг.
Абдусаид Кўчимов бош бўлган Ўзбекистон телевидениясидаги носоғлом муҳит ва коррупцияни кескин танқид қилган бешинчи сонидан сўнг Каримов Каримни ишдан олиб, «Ҳуррият»ни ёпиб қўйди.
«»Ҳуррият»нинг — Ўзбекистонни титратган беш сони» номли ўт олов ном қолди бугун ўша ўт-оловли мангу ўчмас хотиралардан…
У пайтларда Бош муҳаррирлар жамиятнинг обрў-эътиборли мулозимлари, том маънодаги давлат арбоблари эди. Масалан, «Правда» газетаси Бош муҳаррири Афанасъев нуфузи — КПСС Марказий Комитетининг тармоқ секретари обрўйидан кам эмас, аксинча баландроқ эди.
У ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганида Шароф Рашидов республика бўйлаб шахсан олиб юрганини ёши катта авлод вакиллари яхши билишади.
Есенбоев, Тимофеев, Қориев, Ёқубов ва Убайдуллаев каби Бош муҳаррирларнинг вилоятларга сафари ўша ижодий муҳитнинг ҳақиқий байрамига айланарди. Вилоят мухбирларининг, обуначи ва мухлисларнинг умумий конференциялари — ҳақиқий халқ сайлига айланиб, вилоятда байрам бўлиб кетарди.
Бош муҳаррирларга доимо вилоятнинг биринчи раҳбарлари ҳамроҳлик қилишарди.
Ҳозирги Ўзбекистон Бош муҳаррирлари вилоятга борса ҳокимлар қабул қилиш нари турсин, катта кичик бирор раҳбар уларни танирмикан?
Турли тўй-ю, томошоларга бориб, қорни ва чўнтагини қаппайтириб кетишдан нарига ўтмай қолган бугунги муҳаррирлар…
Салкам 20 йилдан бўён ўзбек матбуотини ўз оталиғига олган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов шарофати бу…
18.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Бир пайтлар Зуҳра Раҳимбоева, Оқил Салимов, Раъно Абдуллаева каби ўз соҳасининг обрў эътиборли ва довруғли вакиллари раҳбарлик қилган улуғ ва муқаддас соҳага бугун Хайриддиндай тасодифий бир шахснинг бош бўлгани мени ҳануз ўйлантириб келади.
Улардек ўз соҳаси ва касбини улуғлаб, шон шарафга буркаган таниқли мулозимлар макон тутган бешинчи қаватдаги ўша муборак кабинетда бугун Хайриддин ўз мўйловчасини силаб ўтирганини ўйлаб, чексиз ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўламан.
Бугун ўзбек матбуоти олдида жуда катта муаммо турибди. Мен буни Ўзбекистондан олис Канаданинг сирли ва сукунатли қиш оқшомларида хаёл суриб, бир неча марта таҳлил ва тадқиқ қилиб чиққанман.
Бу муаммолардан бири шуки, унга узоқ йиллар раҳбарлик қилган Давлат Матбуот Қўмитаси раиси Рустам Шоғуломов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга матбуотнинг оёқ қўлини боғлаб, бериб кетди.
Иккинчи муаммо шуки, Хайриддин матбуотдан жуда узоқ одам бўлгани боис, бу соҳага профессионал бўлмаган тасодифий кишиларни жалб этди.
Масалан, у «Ғафур Ғулом» номли нашриётда Ҳамид Ғулом қўли остида ишлагани боис, унинг ўғли Шерзод Ғуломовни Журналистлар уюшмасига раҳбар этиб тайинлади. «Ўқитувчи» нашриётига Суннат Аҳмедов номли ўзига миллатдош ва элатдош бўлган тасодифий, саводсиз ва нўноқ бир одамни бош қилиб қўйди.
Чорак асрдан бўён ўз касбини жони дили билан севган, умр бўйи адолат ва диёнат деб ёниб келган профессионал журналистлар кўчага сиқиб чиқарилди. Улардан ёзиш ҳуқуқи тортиб олинди. Расмий матбуот эшиклари ёпиб қўйилди.
Мен ўзимдан мисол келтирай.
Айни қисматга дучор қилинган Бош муҳаррир Исмат Хушев ҳам, бу адолатсизликка нисбатан исён ўлароқ — ўз қадрига етмаганларни қўйиб, хориж эллар сари юз тутишга мажбур бўлди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 31 декабрь, 2016 йил.
(Мақола ҳали давом этади)
Ismat aka aytgan sovet jurnalistikasi darajasiga etish endi juda qiyin. Karimov bor matboatni ham yuq qildi. Uning zamonida mozor tinchligi o’rnatildi. Eng ymoni xalqni manaviy saviysi anch tushib ketdi.
HAQIQATDAN HAM XOKIMLARNI NIMA UCHUN ISHDAN OLINAYTGANINI SABABINI ASOSLI MATBOAT KO’RSATISHI SHART! CHUNKI XALQ KO’RSIN BU AMALDORLARNI NIMA ISHLAR QILIB YRGANINI. AGAR JINOYT QILGAN BO’LSA BUNGA HAM JAVOB BERISH KERAK.
O’zbek matboatiga juda to’g’ri tashbex quyibsiz Ismat aka.
Ҳурматли Исмат ака!
Ўзбек матбуоти хали бери мустақил бўла олмайди.Ҳақиқий журналистлар қамоқда,чет элларда ва жуда кўпчилиги ўлиб қутилишди.
Чорак аср бу жуда катта вақт,режим бошланганида туғилган болалар бугун худди роботларга ўхшаб қолган,ҳақиқатни айтадиган бўлсангиз ёқангизга ёпишадиган холга келтирилган.
Энг асосийси куч ишлатар тизимларда хал қилувчи мансабларда эски тузумнинг карчолонлари ўтиришибди.
Улар хозир фақат тилида бугунги замонни мақтаб турибди аммо қилаётган ишлари эскича,энди партизанлик йўлига ўтиб олишди.
Бугунги журналистларнинг юрагини улар палопон пайтидаёқ суғуриб олишган.
Ўзбекистонда Шароф ака очиқ гапира олади,Мамадали Махмудов,Ҳамроқул Асқар қўрқмасдан ёзиб келишаяпди.
Малоҳат Эшонқуловага гап бўлиши мумкин эмас.
Ва ана шу инсонлар билан ҳақиқатни ёзувчилар руйхати ёпилади хисоби.
Энди бугунги кунда Хайриддин Султон бош суянчиғидан айрилгани билан устунлар хали тиргак бўлиб туришибди.
Ўлик матбуот айнан ўшаларга керак,зарур ва шарт.
Бугунги холатимизниниг ҳақиқий аҳволини виртуал қабулхонага келиб тушган юз минглаб аризалар белгилаб берди.
Айнан шу журналистлар ва ОАВ ушбу нуқсонларни ёпиб келди.
Булар ҳар қандай четдан бостириб келадиган душманлардан минг бора хавфлироқ ва дахшатлироқдирлар.
Қуруқ аравани мунтазам тўла ва чиройлик деб келишди.
Бекорга матубот тўртинчи ҳокимият, дейилмайди. Шароф Убайдуллаев Озод назар дастуларининг бирида ЎЗбек матбуоти ўлганига 25 йил бўлди, деган эди. Матбуот ўлди дегани аслида халқ, ватан ва давлат ҳам ўлди дегани. Чунки сўз, фикр ва матбуот эркинлиги миллатнинг тафаккури, онгининг янгиланиши ва бу туфайли жамиятнинг тараққий қилиши, дегани. Ислом Каримов буни билгани учун ҳам сўз ва матбуот эркинлигини ўлдирган эди Ўзбекистонда.Янги Президент ҳам ҳали бирор марта бу соҳанинг янгиланишидан ва матбуотни эркинлаштириш ҳақида гапирмади. Аммо Сенат Раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бу ҳақда гапирди. Матбуот албатта қонун доирасида эркин бўлиши керак. Масалан, бу соҳодаги эркинликлар жамиятда миллий ва диний низоларга сабаб бўлмаслиги керак. Бу масалада ҳукумат ҳам матбуот ходилари ҳам ёзувчи ва шоирлар ҳам масуълиятни яхши ҳис қилиши керак. Хуллас, бир томонда матбуотда ижобий эркинликлар, бошқа томонда эса миллат, унинг эътиқоди ва маданияти, жамият ва давлатнинг тараққиёти учун масъулият бўлиши керак. Ана шундан бу соҳада ишлар аста секинлик билан тўғри йўлга тушади. И. Хушевга (фақат у кишига эмас) ҳар ким ҳал хил муносабатда бўлиши мумкин, бунга асос ҳам бордир. Аммо матбуот ҳақидаги бу мақола ҳақиқатан долзарбир. Бир кун эмас. бир соатга кечиктириб бўлмайди сўз, фикр ва матбуот эркинлигини. Зеро, ҳақиқий ислоҳотлар мана шу соҳадан бошланишида ҳеч кимда шубҳа йўқдир. Худди, бундан 28 йил аввал Ўзбекистонда мустақиллик жараёни Қайта қуриш ва ошкоралик билан бошлангани каби…