
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири
Анжон сари
Ўйланаман, йўлим тушса Анжон сари,
Моҳларойим кўзларига кўзим тушса.
Майдалашиб кетмайдими мевалари,
Танийманми қўлга олма, узум тушса?
Моҳларойим тақдиридан куйлаб достон
Қалдирғочлар айвонида юрадими?
Келинлари саҳар, азон айтилмасдан
Обдастада сув иситиб турадими?
Рўмолининг учига гул битадими,
Қизалоқлар-оналарин тиргаклари?
Орқа билан юриб чиқиб кетадими
Ерга қараб оҳудайин ҳуркаклари?
Кўз олдимдан ўтаверар чопа-чопа,
Нодиранинг қул кунлари, шоҳ кунлари.
Қулоғимга келиб турар:
Моҳларойим кетаётган хон ароба,
Умархон тўй аробасин шовқинлари…
Ўйланаман, йўлим тушса Анжон сари…