• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Йиғи… (ҳикоя)

Сен 11, 2012
Йиғи… (ҳикоя)
Йиғи… (ҳикоя)

Дилбар САИДОВА

Йиғи… (ҳикоя)

Кампир одатича эрта турди. Эшикни очди. Хонага гуриллаб совуқ ҳаво кирди. Тани яйраб кетгандек бўлди. Ҳали ташқари бутунлай ёришиб улгурмаган, ҳаво аллақандай туманли ва нам эди. Кора жун рўмолини ўраркан: «Қор ёғадими нима бало, ҳиди келиб турибди», — дея ўзича ғудранди, кейинги пайтларда ўзига-ўзи гапирадиган бўлиб қолган. Радио қулоғини буради. Тонгда бериладиган контсерт унга хуш ёқарди.

Ковушини кийиб ҳовлига чиқди. Пастдаги уйга назар ташлади. Уй ҳали қоронғи эди. «Қари чол, талтайиб ухлаб ётибди ҳалигача. Уялмайдиям. Уйнинг баракасини учириб юбораётганини билмайди. Худо ўлимингни берсин, илойим!» Охирги сўзини айтдию, атрофга аланглаб қараб қўйди. Ҳеч ким йўқлигини билиб кўнгли жойига тушди.

Таҳорат қилди, юз-қўлини ювди. Ҳовли паст ва юқорига бўлинган. Пастга тушди. Ҳар кун кўча дарвозасини биринчи бўлиб очиб қўярди.

Ошхонага ўтди. Газга олов ёқиб чойнакни қўйди. Пиёлаларни ювди. Стол устини йиғиштирди. Азимжон билан келини ётадиган уй ёнидан ўтаётиб невараси — кичкинтой Носиржоннинг йиғи товушини эшитди. Деразани тақиллатди.

— Ҳой, туринглар энди. Кун ёйилиб кетди.

Азимжон эринибгина кўзини очди, ҳар тонг ширин уйқудан маҳрум қилувчи ойисидан жаҳли чиқди, койинди: «Каллайи саҳарда бало борми туриб, шу қариялардан ҳам безор бўлдим».

Келин уйқусираб эрининг пинжига тиқилди. Эр-хотин иссиқ ўринни тарк этишни истамаган ҳолда анчагача тўшакда пичирлашиб ётишди. Кичкинтой уларнинг ўртасига келиб чўзилиб ётди. Олам энди бутунлай ёришганди. Аввал келин турди, унинг кетидан кичкинтой ўрмалади. Келин кичкинтойни кузатиб бир ўпиб олдию, эрининг қўйнига солиб қўйди.
— Эркатойингизни олинг. Мен борай, чой-пойни тўғрилай. Тағин ойим жавраб юрмасинлар…

Кампир намоз ўқиркан, дераза орқали пастки уйга қараб олди. Чол томонда ҳамон тинчлик. Чол турса деразани қия очиб қўярди. Намоздан сўнг ҳаммалари овқатланадиган уйга ўтиб, кўрпачаларни солди, токчадан дастурхон олиб ёзди. Ўғли совуқ сувда ювиниб, пишқириб кириб келди. Кичкинтой бувисининг бўйнига осилди. Бувиси кўнгилчан одам эканлигини, юзини юзига қўйса, эркаланса конфет беришини яхши биларди. Бир-икки марта нимчаси чўнтагига қўл узатди, бувиси унинг қўлини ушлаб қолди.
— Аввал айиқчалар ҳақидаги қўшиғингни айт, кейин…

Кичкинтой айиқчалар ҳақидаги қўшиғини ноилож куйлашга тутинди. Дастурхон ёнига ўғли ҳам келиб ўтирди. Она-бола ҳузур қилиб қўшиқ тинглашаркан, ногоҳ тараклаб эшик очилди. Ўгирилиб қаради, келинининг оқарган чеҳрасини кўриб нимадир юз берганини фаҳмлади.
— Отам, ҳалиги отам… — ўкириб йиғлаб юборди. Азимжон ҳовлиқиб ўрнидан турди.
— Ўлибдими? — кампир совуқ тиржайди. Ундаги ўзгаришни сезишмади. Кампир йиғлаш кераклигини яхши биларди. Лекин кўзидан ёш чиқариш учун ҳам, дод солиш учун ҳам куч-мадори йўқлигани ҳис этди, бундан даҳшатга тушди ва лабини қаттиқ тишлаб олди. Ўғли кўйлакчан югургилаб пастки уйга кетди.
— Отам, отагинам, во отам…

Ҳовлисига чиқиб келин ҳам эрига қўшилиб овоз чиқарди. Хиёл ўтмай ҳовли қўни-қўшнига тўлиб кетди. Бирин-кетин катта қизи — Каромат, ўртанчаси — Саломат, кейин ўғли Аълам, уларнинг бола-чақалари кириб келишди. Чор-атрофни дод-фарёд эгаллади.

Фақат кампирдан садо чиқмасди. Юзида ҳеч қандай маъно қолмаган, неварасини бағрига босганча дераза ёнида ўтириб ховлидагиларни кузатарди. У балки ҳеч нарсани кўрмасди. Худди қотиб қолгандек эди. Унинг бу аҳволини ҳамма тушунарди. Улар марҳум билан ўн беш йилдан бери сўзлашмасди…

Ногоҳ эшик ғирчиллади, сесканиб ўгирилди. Каромат, Саломат, Аълам ва Аъзамжон бошларини қуйи эгиб туришарди. Улар нимадир дейишмоқчи эди. Лекин ботинишолмасди.
— Нима гап?

Аълам бир йўталиб олди, хирқираб сўз бошлади:
— Уйни остин-устун қилиб ҳеч нарса тополмадик.
— Пулми?
— Ўлимлигини йиғмаган экан-да…
— Йиғган бўлса ҳам, ҳозир қаердалигини топиш қийин.

Кампир яна совуқ тиржайди. Ҳамманинг боши эгик эди. Ҳеч ким сезмади.
— Токчани қаранглар.

Аълам оёғи учида қўл узатиб ранги униқиб кетган тугунчани одди. Очишди.
— Сананглар, ярмини сарфланглар. Қолганини жойига қўйинглар. Қаердалигини билдиларинг. Бирон кори ҳол юз берса, у ёғи меники.

Озғин, қорайиб кетган Каромат ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Саломат ҳам унга қўшилди. Эркаклар кўзларини ишқалашди.
— Кўпам йиғламанглар, ўлим ҳамманинг бошида бор нарса, — деди хотиржам қиёфада кампир.

Фарзандлар чиқиб кетишди. Кичкинтой ҳам кампирнинг қўлидан сирпаниб чиқди. Хонада ёлғиз кампир қолди. Ҳамма ҳовлида ғимирлаб у ёқдан-бу ёққа юрар, ўлик билан овора. Унинг бор-йўқлигига ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Кампирнинг хотирасида жонланган воқеалар ёлғиз ўзига аён эди…

У шу ҳовлида вояга етган. Оппоқ соқолли, басавлат, сержаҳл отасини маҳаллада «эшон» дейишарди. Онаси муштдаккина, паст овозли эди. Дугоналари кўп бўлса-да, қўшни — Жўрақул деган бола билан гаплари келишарди. Жўрақул унинг қўғирчоқларига қумдан уй ясаб берарди. Улар қўғирчоқларини қум уйчаларга жойлаштиришардида, иссиқ тупроқ устига чўзилиб сирли-сирли суҳбат қуришарди. «Катта бўлсам, қурувчи уста бўламан, сенга уй қуриб бераман», — дерди Жўрақул. «Мен эса чевар бўламан, сенга дўппи тикиб бераман», — дерди Махфират. Икки ҳовли ўртасида дарча бўларди. Бир куни дарча олиб ташланди, ўрнига ғишт терилди. Кўча эшиги ҳам занжирланадиган бўлди.
— Энди катта қизсан, — деди онаси, — ҳар кимга кўринаверма, уят бўлади… Жўрақулни шундан сўнг кўрмади. Девор остига келиб фақат овозини эшитиши мумкин эди. Ойисининг «Уят бўлади» деган сўзи унинг қулоғига бир умр қўрғошин бўлиб қуйилди.
— Эрга бераман сени, сал оғир бўл, қизим…
— Йўқ, йўқ, тегмайман эрга… — эрнинг маъносига ҳали етмасди, лекин негадир кўзлари ёшланди.
— Йиғлама қизим, уят бўлади…

Тўй бўлди. Ўттизни қоралаб қолган, биринчи хотини сариқ касалидан ўлган Садриддинхўжа ичкуёв бўлиб келди. Ўзининг сирлилиги учун ҳам жозибали бўлиб кўринадиган биринчи кеча ёши ҳали ўн тўртга ҳам тўлмаган Махфират ҳаётида муҳр бўлиб босилди. Бурчакда титраб-қақшаб ўтирган пайтида кайфи таранг куёв кириб келди. Билагига қўл узатди. У ўзини олиб қочди. Куёв бир ҳамла билан бурчакка қисди, бошидаги рўмолини олиб отди, кийимларини ечиб ташлади, даст кўтариб тўшакка йиқитди. Уят, уят ловиллатиб юборди бечора қизнинг бутун вужудини…

Кейин куёв пишиллаб ухлаб қолди. Қоронғида тимирскиланиб кийимларини топиб кийди. Қочиб кетиш фикри туғилди унда. Ташқарига чиқди. Пастга тушди. Эшик зулфига қўл узатган ҳам эдики, онасининг овозини эшитди.

Ўзини муштдаккина ойиси бағрига отиб йиғлади, бақириб йиғламоқчи, кўнглини бўшатмоқчи эди.
— Овозингни чиқарма, қизим, уят бўлади…

Кунлар, ойлар, йиллар худди арава ғилдирагидек юмалаб ўтаверди.

Каромат туғилди. «Қиз туғдингми, итдан тарқаган!» — бошига мушт ёғилди. Гўдагини бағрига босганича миқ этмади. Кейин Саломат… «Яна қизми, ҳароми!» Муштдан, таъналардан қаддини кўтаролмай қолди. Аъламни бешикка йўргаклаб, эмизиб ўтирганда, эшикни оёғи билан тепиб маст Садриддинхўжа кириб келди. Ёнида бегона аёл ҳам бор эди. «Дод» деб қичқиргиси, одамларни чақириб ёрдам сўрагиси келди. Тилини тишлади. Марҳума онаси эшик олдида тик турарди. «Уят бўлади, қизим!» Юрагини зирқиратаётган аламини ичига ютиб икковига уйнинг тўридан жой солиб берди…

Азимжон туғилган йили уруш бошланди. Садриддинхўжа урушга кетди. Уруш бошланганидан ҳамма кайғуга тушган бўлса, Махфират қувонди. Уруш унинг эрини узоқ-узоқларга олиб кетганди. У энди қаддини ростлаб юрадиган, кўчага чиқадиган бўлганди. Бир куни кечқурун магазиндан нон олиб кайтаркан, кимдир қичқиргандай бўлди. Қўрқиб қадамини тезлатди. Лекин чақирган одам бари бир унга етиб олди. Бу — Жўрақул эди. Улар бир-бирларига тикилиб қотиб қолишди.
— Махфират, Махфират! Сизни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку! Шунча йилдан буён фақат овозингизни эшитардим. Хайрият, Худо бор экан. Эртага, эрта тонгда урушга кетаяпман.

Махфират нимадир дейиш кераклигини билар, лекин ҳеч нарса деёлмасди. Улар кўчада, одамлар кўз ўнгида туришарди. Ногоҳда ойисининг овози уни ўзига келтирди: «Уят бўлади, қизим, бегона эркак…» У югургилаб кетди, ортидан Жўрақул ҳам эргашди.
— Урушдан омон қайтсам, ҳали балки кўришармиз…

У бари бир ҳеч нарса деёлмади. Дарвозани занжирлаб қўйди. Туни билан ухлаёлмади. Юмшоқ тўшак баданига мих бўлиб қадалди, ўрнидан туриб ҳовлини кезди, девор остига борди. Нариги ёқда кимдир «Махфират!» деб чақиргандаи бўлди. У эса овоз чиқаролмади. Ойиси изма-из таъқиб этарди. «Уят бўлади, қизим», — дерди беозоргина боқиб.

Ўша учрашув унинг учун энг нурли хотира бўлиб қолди. Ўша кеч уни чақирмади. Умр бир кўз очиб юмганчалик ўтиб кетибди — бечора алам-ситамлар билан бирга. Лекин Жўрақулнинг ўктам чеҳраси, овози, қадди-басти ўша ҳолича турибди. Нега уни чақирмади? Бу савол унинг юрагани доим ўртаб келади…

Уруш тугади. Махфиратнинг қувончи ҳам тамом бўлди. Садриддинхўжа қайтиб келди. Жўракул эса изсиз йўқолди. Қўшни ҳовлидагилар уни бир йил кутишди, икки йил кутишди, охири овоз чиқариб аза тутишди. Бу ҳовлидан ҳам овоз чиқди… Аламли, дардли, армонли овоз… Садриддинхўжа тумтайиб олди, кейин жаҳли қўзғаб қичқирди.
— Энди бўлди қил, лаънати! Ё мен бўлмаганда оғиз-бурун ўпишганмидинг ўша итвачча билан?

«Уят бўлади, қизим! Эрли хотинсан…» — шу кундан эътиборан марҳума ойисини ҳам ёмон кўриб қолди. Доимо золим эрнинг томонини олади. Онасини ёддан чиқаришга уринди, эслаш тўғри келса, ижирғанадиган бўлди…

Урушдан эри асаб касалини орттириб келганди. Сал нарсага тутоқиб кетади, қўлига нима тушса отиб юборади. Энди у болаларни деб яшарди бу эркак билан. Кейин кўнглида яна бир армон пайдо бўлди. Лекин бу армонни ҳатто кўнглидан кечириш ҳам қўрқинчли эди.

Болалар катта бўлиб қолишди. «Қизларингга эҳтиёт бўл, бирон гап эшитсам, ҳеч қайсингни соғ қўймайман», — деди эри. Кароматни сўраб уйга совчилар қатнай бошлади. Каромат рад килаверди. Лекин бир галга совчиларга индамади. Қизининг шуларга кўнгли борлигини у дарров сезди.
— Мен рози. Фақат отасига маслаҳат солинглар, — деди у. Ота эса кўнмади. Совчи томоннинг авлоди паст эмиш. Совчилар бари бир қатнайверди.
— Энди келманглар, бўлди, агар қизим рози бўлса, унақа қизни мен оқ қиламан, хотинимдан шунақа гап чиқса, унга уч талоқ, — деди ота супада унинг розилигини кутиб ўтирган совчиларга.

Ичкариги хонада ўтирган Каромат бу гапни эшитиб фарёд солиб йиғлади. Ўзини ўзи ўлдирмоқчи бўлиб керосинга ёпишди. Қий-чув кўтарилди. Махфират югуриб ташқарига чиқтси.
— Умримни хазон қилдинг, энди болаларимнинг ҳам бахтини тўсмоқчимисан, номард, — дея чинқирганини ўзи ҳам билмай қолди. Садриддинхўжанинг кўзлари қинидан чиқаёзди:
— Уч талоқсан, — деди вишиллаб…

Шундан буён эр-хотиннинг ўртасида гап-сўз йўқ эди. Чол пастки уйда яшарди… Болаларнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлишди…

Ҳоалида расм-русм жойига келтирилаяпти. Отадан яхши гапни кам эшитган бўлишса-да, фарзандлар унинг ҳурматини бинойидек ўринлатишаяпти. Кампирнинг кўнглини ғашлик эгаллади. Одамлар, одатда, қадрли кишилар оламдан ўтса, ўртаниб йиғлашади, яхши ҳислатларини эслашади. Кампир нима деб йиғлайди?

Эшик очилди. Каромат кириб келди.
— Ойи, ойижон, — у йиғлаб онасини қучоқлаб олди. — Мен сабаб отам билан уришиб қолувдингаз. Энди рози-ризолик қилинг. Отагинам гўрида тинч ётсин…

Кампирнинг юраги эзилиб кетди. Канақа фарзандлар ўстирибди-я, шунчаям шафқатли бўлишмаса…
— Майли, болам, майли, — деди қизининг бошини силаркан. Саломат, Аълам, Азимжонлар ҳам тик туриб уни кутишарди. У судралиб ҳовлига чиқди. Одамлар тобутни кўтаришди… бир зум қотиб туришди. Улар ҳамон кампирга мунтазир эдилар.

Тобутда ётган киши унинг навқирон ёшлигини ўзи билан бирга олиб кетаётганди. Энди у қандай яшайди, қуриган қоқ суякка айланган кампирнинг кимга кераги бор. У ахир бари бир ниятига етди-ку. Ўлимини бир бор кўрсам, армоним йўқ, деб яшаб келаётганди ҳозиргача. Йўқ, ҳеч қачон бировларга ўлим тиламаганди, ёлғиз шу армони бор эди. Унинг бошқа ҳамма яхши тилак ва орзуларини йўқлик сари кетаётган тобутдаги ўлик бераҳмларча топтаган, ўлдириб юборганди. Қалби тубида асраб келаётган ёлғиз армони амалга ошди. Энди яшашнинг ҳожати ҳам йўқ эди.

У бақириб йиғлаб юборди. Ҳар бирининг бошига келиши муқаррар бўлган охиратни ўйлаб чексиз қайғуга чўмган фарзандлар, неваралар, қариндош ва қўни-қўшнилар ҳайрат билан кампирга тикилишди. У бошидаги рўмолини отиб юборди, оппоқ сочлари ёйилиб кетди, тобут кўтарган одамларнинг йўлини тўсди. Тобутга осилиб олди:
— Мени ҳам олиб кет. Нега ташлаб кетаяпсан, олиб кет мени ҳам…

Қизлари ва келинлари қўлтиғидан суяб четга чиқаришди. Унинг энди тик туришига мажоли ҳам қолмади, ичкарига олиб киришди, каравотга ётқизишди. У алаҳсирарди, анчадан сўнг ҳушидан кетди. Чолни кўмиб келишганда кун ботганди, лекин борлиқ аллақандай сокинлик ва тиниқликка ғарқ эди.

Конфет сўраб кирган кичкинтой неварасига бувиси кулиб боқмади, шўх вижирлашларига ҳам эътибор бермади. Кичкинтой одатича секингина унинг чўнтагига қўл узатдию, сесканиб тушди. Бувининг кўзлари очиқ, юзи эса совуқ тиржайиб турарди. Чинқириб ташқарига отилди. Йўқ, у ҳали бола эди, дунёда ўлим деган нарса борлигини идрок этолмасди. Лекин ўлимнинг нафаси, муҳри совуқ ва даҳшатли эканлигини шу дамда ҳис этганди. Борлиқни яна йиғи-сиғи эгаллади.

Кампир оламдан ўтганди…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *