“Дунё ўзбеклари”дан:
Биз бу мақолани эълон қилганимизга анча бўлди.
Бугун ниҳоят Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мақолада таъкидланганидек, Маданият ва Спорт вазирлигини иккига бўлиб, биз тилга олган долзарб муаммолари билан астойдил шуғуллана бошлаганига гувоҳ бўлдик.
Яширмаймиз, ёзаётган ҳар бир мақоласи давлат ва ҳукумат назарига тушаётган журналист сифатида биз бундан жуда қувондик.
Шу муносабат билан мазкур мақолани яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик…
«Дунё ўзбеклари» таҳририяти,
17 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
ҚЎНИМИ ЙЎҚ ВАЗИРЛАР ЁХУД МАДАНИЯТ ВАЗИРЛАРИ НЕГА БУНЧА АЛМАШАДИ?
Маданият арбоблари маданият вазирлиги остонасидан нега бадарға қилинганлар.
Маданият вазирлигидаги маданиятсизликлар
Маданият вазирлигидаги “қип- қизил аҳмоқчилик” нималардан иборат?
Моҳира Асадова ва Муссар Раззоқовалар учун телевидения ва театр эшиклари нега ёпиб қўйилган?
Маданият ва санъат арбобларининг энг талантли намоёндаларига нега бугун Ўзбекистонда кун йўқ?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда маданият вазири бўлиб ишлаш – жамиятнинг энг хавфли ва фожеали мансабларидан бири бўлиб қолди.
Бундай дейишимизга эса асослар бор – мисоллар бисёр.
Кечагина Ўзбекистон Президенти бу юксак лавозимга ўзининг энг ишонган кадрларидан бири Алишер Азизхўжаевни тайинлаган эди. Лекин у кўп ўтмай вафот этди.
Гарчанд унинг кутилмаган сирли ўлими ҳақида ҳар хил башоратлар бўлса-да, ундан кейинги вазирларнинг ҳам фожеали ва аянчли қисмати – Азизхўжаев вафоти ҳақидаги турли туман тахминларни яна кун тартибига чиқара бошлади…
2.
Алишер Азизхўжаевдан кейин бу палакат лавозимга Анвар Жабборов тайинланган эди. Бетакрор ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг қудаси бўлмиш таниқли ижодкор Жуманиёз Жабборовнинг ўғли бўлган Анвар – умидли ва истиқболли олим эди.
Лекин, минг афсуски, унинг вазирлик курсидаги умри кутилмаганда фожеа билан якун топди.
Анвар Жабборов – вазирлик тизимидаги ноқонуний даромад ва коррупциянинг фожеали қурбони бўлгани ҳақидаги шов шувлар ҳануз тинмаган.
Ҳолбуки у ҳалол ва виждонли, ориятли ва ўта камтар йигит эди…
3.
Анвар Жабборовдан кейин бу соҳага– академик Турсунали Қўзиев вазир этиб тайинланди.
У жуда истеъдодли ижодкор бўлиш билан бирга ўз соҳасининг тан олинган профессионали, Академия раҳбари эди.
Маданият вазири бўлиб, ҳаммасидан жудо бўлди – обрўсизлантирилиб, кўчага улоқтирилди…
4.
Ниҳоят, ундан кейин бу қўнимсиз жойга тайинланган Минҳожиддин Мирзо ҳам Маданият вазири бўлиб кўп ишлайолмади.
Бир йилнинг нари берисида – унинг ҳам ишдан олинганини эшитдик.
Агар олдинги сафдошларининг фожеали қисматини назарда тутсак, унинг тинч омон бошқа ишга ўтиб кетиши ҳам ҳали даргумонга ўхшайди…
5.
Хўш, нега бундай бўляпти? Бу ерда қандай сир бор?
Авваломбор, бир нарсани аниқлаб олсак – Маданият вазирлигининг асосий мақсад ва вазифаси нимадан иборат?
Бу саволга жавобни эса унинг номидан бошлашимиз: «Маданият ва спорт вазирлиги» деган жумлани таҳлил қилишимиз керак бўлади.
Шунда ўз ўзидан савол ҳам туғилади – нега маданият ва спорт – бир вазирлик байроғи остида бирлаштирилган?
Назаримда, маданият билан спортни бир бирига қўшиб – Ўзбекистон Олий раҳбарияти катта хато қилган.
Спорт – ҳамиша ташвиш ва тўполон, уруш ва ғалаёнларнинг ўчоғи бўлиб келган. Бу соҳани маданият ва санъатдек нафис ва гўзал соҳа билан бирлаштириб, нотўғри қилишган…
Биз бу билан спортни ерга уриб, уни камситмоқчи эмасмиз, асло. Унинг ҳар бир давлат ижтимоий сиёсий ҳаётида ўз муносиб ўрни бор. Ер юзидаги у ёки бу давлат асосан спортдаги ютуқ ва муваффақиятлари билан дунёга танилаётгани ҳам сир эмас.
Қолаверса, бугун санъат ва спорт элчилари бутун дунёда халқнинг рейтингини белгилайди. Биргина Чингиз Айтматов нафақат қирғизларни, балки бутун Ўрта Осиёни дунёга танитди. Руфат Риқсиев, Руслан Чагаев ва Абдуқодир Абдуллаевлар Бокс бўйича, Рустам Қосимжонов шахмат бўйича, Сайфиддин Ҳодиев кураш бўйича турли миқёсдаги чемпионликларни қўлга киритиб, Ўзбекистон нуфузини оламга ёйганларини яхши биламиз.
Барча давлат ва мамлакат бошлиқлари ўз юртида спортнинг норасмий раҳбарлари деб аталиши ҳам эҳтимол шундандир.
Россиянинг 2018 йилги Футбол олимпиадаси ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритгани унинг Президенти Владимир Путин обрў эътиборини дунё бўйлаб нақадар юклалтиргани ҳам фикримиз далилидир.
Шундан келиб чииқб демоқчимизки, «Спорт ва жисмоний тарбия вазирлиги» Ўзбекистонда алоҳида вазирлик сифатида таъсис этилиши керак. Уни маданиятдан ажратиб, энг баланд ва юқори мақом берилса, нур устига аъло нур бўлурди.
Шу баҳонада шаҳар ва қишлоқларда худди хориждагидек, чиниқиш иншоотлари, бадан тарбия билан шуғулланадиган улкан мажмуалар – спорт заллари ва «Фитнес клуб»лари қурилишини йўлга қўйиш керак…
6.
Майли, ширин орзу-умидлар билан хаёлларни паришон қилмай, мавзуга қайтайлик.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда Маданият вазири бўлганларнинг узоқ ишлай олмай, бирор бир фалокат ва ё ҳалокат гирдобига ғарқ бўлаётганининг боиси нимада?
Маданият вазирлигидаги бу обрўсизлик ва қўнимсизлик учун ким жавоб беради?
Вазирлик бу улуғ даргоҳ. Ўзбекистондай маърифатли ва санъатсевар мамлакатда жуда катта қудратга эга бу вазирлик. Ва табиийки, жуда катта обрў-эътиборга ҳам эга бўлиши керак эди аслида.
Лекин минг афсуски ундай эмас. Нега?
Нега бугун шу қадар обрўсиз бу вазирлик? Ҳатто сартарошлар бошқармасидан ҳам обрўсиз. Нега?
Авваламбор, маданият вазирлигида коррупция жуда авж олган. Ҳар бир машҳур ва номашҳур артистларнинг тепасига бир неча раҳбар оёғини осилтириб миниб олган. Уларни санъатдан мутлақо узоқ бўлган одамлар бошқармоқчи бўлишади. Охир оқибатда бугун Ўзбекистонда маданият арбоблари ва санъаткорлар даражасида дарбадар ва тумтароқ бўлган бошқа бир ташкилотни кўрмайсиз.
Маданият Вазирлиги атрофида талантсиз ва қобилиятсиз “санъаткорлар” санъати авж олгандан авж олиб бораяпти. Бунда ЎзТВ нинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор. Санъатдан узоқ бўлган ва нари борса бир икки бор рубоб чертиб, чилдирма қоқишни ўрганган созандаю хонанда ва айниқса бели ингичкароқ раққосаларнинг омади кулган давр келди.
Телевидения экранлари улардан бўшамайди. Маданият вазирлиги уларни олқишлашдан чарчамайди. Унвонлар ҳам уларнинг кўксини тинимсиз безаб турибди…
7.
Бироқ, “унча бунчасини” қўя туринг, эл севган ва ардоқлаган буюк санъаткорлар Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Дадахон Хасан, Юлдуз Усмонова, Севара Назархон, Моҳира Асадоваларнинг маданият вазирлиги остонасидан қувилиб, расмий санъат саҳнасидан бадарға этилганига ҳам бир неча йиллар бўлди. Айримларининг “бадарғалик” стажи – мустақиллик ёши билан баравар дейиш мумкин.
Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида бўлгани каби – санъаткорларнинг кекса авлодига кўрсатилган ҳурматсизлик эса, тарихда бўлмаган.
Масалан, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова каби марҳум санъаткорларнинг ўзлари тугул, овозлари ёзилган лента ва касеталари ҳам қўйилмайди.
Олмахон ора эса бир неча йил ТВ юзини кўрмай, армонда кетди. Марҳумлар-ку эсланмайди. Тирик буюклар учун ҳам маданият вазирлигининг эшиклари аллақачон ёпиб қўйилган.
Хоразмлик Бобормурод Ҳамдамов, самарқандлик Насиба Абдуллаева, Нуриддин Ҳамроқулов, Аҳмаджон Шукуровлар бугун барҳаёт, уларнинг ҳаммаси халқ артислари. Лекин ўз халқидан жудо қилинган. Улар анчадан бўён телевидения ва радиода кўринмайди. Халқ уларни, нари борса, ўз уйида эшитиши мумкин, холос.
Ҳолбуки, уларнинг қўшиқлари ёзилган тасмалар халқ орасида қўлма қўл. Чунончи Юлдуз Усмоновнинг 50 ёшлик юбилей тасмаси мамлакатда нодир санъат асарига айланиб кетди. Уни барча савдо расталарида прилавка остидан палон пулга сотадилар.
Шерали Жўраев, Дадахон Хасан ва Севара Назархон тасмалари ҳам шунақа.
Раҳматли Муҳриддин Холиқовнинг миллион миллион мухлислари унинг юбилей тасмаларини тўтиёдек кўзларига суртишади.
Лекин ҳақиқий санъатнинг ўлмаслиги маданият вазирлиги ва ҳатто ундан юқорироқда турган маҳкамалар учун номаълумга ўхшайди.
Уларни бадарға қилиш мумкин, лекин халқ меҳридан жудо қилиш мумкин эмаслигини наҳот маданият вазирлигидаги маданиятсиз мулозимлар тушунмаса?
8.
Бизда яна бир бемаъни одам бор.
Ўзбекистонда гўё Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков ва Гулсанам Мамазоҳитовадан бошқа санъаткор йўқдек. ЎзТВ улардан бўшамайди. Кун чиқса ҳам, ой чиқса ҳам шуларга бўлиб қолди.
Каттакон бир мамлакатнинг санъат боғи – бир нечтагина гулсафсар ва булбулдан иборат бўлмайди ахир?
Биз уларнинг истеъдоди ва иқтидорини инкор этмаймиз, албатта. Лекин улар билан бирга давлатнинг яшил чироқ ёнган “рўйхатлари”га киритилмаган бошқа санъаткорларга ҳам эътибор берилиши, уларнинг ҳам эътироф этилиши тарафдоримиз.
Хуллас, Маданият вазирлиги эшиклари ортида сир асрорлар билан бир қаторда муаммолар ҳам бисёрлиги аниқ.
Буни ҳар йили ҳайит ва байрамлар арафасидаги тантанали концертлар ортидан маданият вазирининг қурбон қилишиниши биз билган ва билмаган яна кўп нарсалардан аломат ва дарак беради…
9.
Ўзбекистон маданият вазирлиги аслида беқиёс куч ва таъсир қудратига эга.
Мамлакатнинг маърифат ва маданият салоҳиятини ўзида мужассамлаштирган, маънавий куч қудрати жиҳатидан балки юртимиздаги барча куч ишлатар тизимларининг мужассам қудратидан баландроқ турадиган, керак бўлса, миллатнинг миллатлигини ва бутун бир тарихини ўзида акс эттира оладиган муҳим ва ғоятда юқори даражали вазирлик, афсуски, мана неча йилларки, бир гуруҳ корчалонлар оёғи остида балчиққа чапланиб ётибди.
Бу вазирликка баъзан ҳеч бир санъаткор яхшироқ танимайдиган, ҳатто у ёки бу соҳадан қувилган тасодифий шахслар ҳам вазир бўлди.
Бундай вазирлар одатда ўзидан ҳам рейтингги паст, санъатни фақат олиб сотишдан иборат деб билган гуруҳни атрофига тўплай бошлайди.
Ва оқибатда мамлакатдаги мавжуд ўнлаб, юзлаб театрлар, саҳна майдонлари, радио эфирлари ва телевидения экранлари уларнинг дала чарбоғига айланади.
Бир сўз билан айтганда – Ўзбекистонда маданият вазирлигининг бугунги манзараси мана шундай.
Бу манзарани ўзгартириш вақти келмадимикан?
Токайгача вазирлар устига вазирлар қурбонликка келтирилаверади?
10.
Дарвоқе, Маданият вазирларининг муносиблик даражаси, нуфузи ва обрў эътибори хусусида.
Бир пайтлар Ўзбекистонда Маданият вазири бўлиб ишлаган Сарвар Азимов, Зуҳра Раҳимбобоева, Ўлмас Умарбековлар юртимиздаги маданият арбобларини ҳақиқий ва том маънодаги миллат арбобларига айлантирган эдилар.
Юнус Ражабий, Мухтор Ашрафий, Карим Зокиров, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраев, Шукур Бурҳонов, Раззоқ Ҳамроев, Комил Ёрматов, Малик Қаюмов ва бошқа эл суйган бетакрор санъаткорлар шулар жумласидандир.
Юқорида номи тилга олинган вазирларнинг нафақат ўзлари, ҳатто ўринбосарлари ҳам ўз соҳасининг обрў эътиборли одамлари эди. Зотан, маданият вазири агар узоқни кўзлай олса, бу масъулиятли ва муборак жойга санъатни тушунадиган одамни олиб келиши керак.
Масалан, етмишинчи йилларда Ўзбекистон маданият вазирининг Камолиддинов деган ўринбосари бўларди. Ажойиб журналист ва шоира Эътибор Охунованинг турмуш ўртоғи бўлган бу фидойи инсон санъатимиз ривожи ва равнақи учун жуда кўп иш қилди. У санъаткорлар орасида жуда обрўли бўлиб, барча маданият вакиллари уни ҳурмат қилар, янаям аниқроқ айтсак, масъулият сезиб, ундан чўчиб ҳам турарди.
Саксонинчи йилларда Фаррух Зокиров маданият вазирининг ўринбосари бўлиб ишлади. У вазирликдаги ўз йўналишида амалга оширган хайрли ва савобли ишларни санъаткорлар ҳанузгача ажиб бир армон билан эслаб юришади.
Тўқсонинчи йилларда “Йўлчи” роли билан ёдимизда қолган Теша Мўминов вазир ўринбосари эди. Ниҳоятда содда ва самимий, лекин сўзсиз истеъдодли актёр бўлган Теша ака вазирликда ишлаган йилларда биз яхши ва яқин муносабатда эдик.
Мамлакатимизга ташриф буюрган чет эл раҳбарлари шарафига Президент томонидан уюштириладиган расмий зиёфатларда у киши билан бирга иштирок этардик.
Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулноранинг турмушга чиқиши муносабати билан “Дўрмон” резиденциясида ўтказилган тор доирадаги зиёфатда ҳам Теша ака даврани олиб борган эдилар…
11.
Мустақиллик йилларида Фаррух Зокиров ва Теша Мўминовдан кейин Маданият вазирлигида бирорта ўз соҳасида кўзга кўринган одам ўринбосар этиб тайинланмади.
Вазирларни-ку, айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Совет даврида вазирлар Ўзбекистон ҳукумати ичида маданият вазирлиги байроғини баланд кўтаришган. Вазирлик обрў эътибори ниҳоятда баланд бўлиб, вазирнинг нуфузи эса ҳукумат раҳбари даражасидан кам эмас эди.
Қайси милиционер ёки қайси молия вазирлиги корчалони минг минг одамни ўзига қарата олади? Ҳеч қайсиси!
Бугунги – демократик принциплар қарор топаётган, озод ва ҳур фикр ривожланаётган, эркин сайловлар яқинлашаётган муборак бир жараёнда маданият вазирлиги роли янада ошиши керак эмасми?
Халқ хоҳиш иродасини намоён қилувчи сайловлар, турли туман баҳс ва мунозаралар, одамлар билан тўғридан тўғри мулоқот шароитида маданият ва санъат арбобларининг ролини ҳеч нарса билан ўлчаб ва баҳолаб бўлмайди.
Лекин шу билан бирга санъаткорларни – у ёки бу йиғинларда уларнинг бўйнига миниб олинган ҳўтикка айтантиришни истайдган арбоблар ҳануз бор.
Ваҳоланки, санъаткорларга бундай феодалларча муносабат замонлари аллқачон ўтиб кетди. Энди санъаткорлар билан анчайин эҳтиёт бўлиб, ҳурмат ва муҳаббат мезонлари орқали алоқа ўрнатиш даври келмадимикан?
Токи шундай муносабат ўрнатилмас экан, жаноб вазирлар, атрофингизда санъатдан йироқ ва хушомадгўй, истеъдодсиз ва лўттибозлар тўпланаверади. Ҳақиқий санъат дарғалари эса Сиздан тобора узоқлашаверади.
Бунга мисол излаб ўтириш бугун шарт бўлмаса керак…
12.
Архитекторлардан Тўлқиной Қодирова, Собир Одилов, Фарҳод Турсунов, композиторлардан Шермат Ёрматов, Дилором Омонуллаева, Руслан Шарипов, рассомлардан Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Баҳодир Жалолов, Рўзи Чориев, Жавлон Умарбеков, Турсунали Қўзиев, театр ва кино намоёндалари Ёқуб Аҳмедов, Рихси Иброҳимова, Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, хонанда-ю, ҳофизлар Юлдуз Усмонова, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Ўлмас Саиджонов каби обрў эътиборли, бетакрор истеъдод соҳибларини ҳақиқий маданият арбоблари даражасига кўтариш пайти келмадими?
Бунинг учун уларда халқ меҳри бор, лекин ҳукумат этибори йўқ. Уларни ҳар қадамда камситиб, оёғидан чалиб туриш бор, холос…
Бу гапимиз ёзувчи ва шоирларимизга ҳам бирдек ва бевосита тааллуқли.
Устоз Шукрулло обрў эътиборидан мустақилликнинг дастлабки йилларида яхшигина фойдаландик. Уни ўша пайтларда Президент Кенгашига аъзо ҳам қилдик. Йиллар ўтиб, ўзбек халқи ва миллатига фидойи бўлган бу улуғ ва донишманд инсон давлат ва ҳукумат эътиборидан мутлақо четда қолди.
Сал кам юз ёшга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳали тетик ва бақувват бу ажойиб ва бетакрор ёзувчини тириклигида қадрлаш ва ҳурматини жойига қўйиш ҳақида, афсуски, олий раҳбариятдагилар ўйлаб ҳам кўришмайди.
Ўзбекистон тарихида ҳали ҳеч қачон маданият ва санъат арбобларига нисбатан бу қадар чексиз ҳурматсизлик ва шаккоклик бўлган эмас эди. Бизни нима бало урди, билмадим.
Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров ўзбек адабиётида Ғофур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Абдулла Қаҳҳорлардан кейинги улкан сиймолар эди. Биз уларни тириклигида ҳам қадрлай билмадик. Бугун эса уларнинг номи ва хотирасини ҳам деярли унутиш даражасига олиб келдик.
Мустақиллик қаддини ростлаб олганидан кейин уларни ҳам, ҳатто ўз вақтида Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева ҳамда Омон Матжон каби фидойиларни ҳам тезда унутдик…
13.
Бу ўринда ижодий уюшма раҳбарлари ва Маданият вазирлиги зиммасида катта масъулият борлигини унутмаслик керак. Уларнинг халқ билан бевосита учрашувларини, ижодий кечаларини ўтказиш одат тусига айланиши лозим.
Мен ўтган йили Тошкентга борганимда дўстим Карим Баҳриев билан Шукрилло домланинг уйига бориб, у кишини зиёрат қилиб, дуосини олиш бахтига муяссар бўлдим.
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев Шукрилло домланинг уйида. Карим Баҳриев олган сурат, 2013 йил, Тошкент.
Домланинг маънили ва мантиқли сўзларини тинглаб, шундай улуғ ва донишманд одам учун Ўзбекистон телевиденияси эшиклари нега ёпиб қўйилгани ҳақида кўп ўйладим.
Ахир бундай бетакрор ва донишманд одамнинг шу ёшда ҳам тириклиги, сафимизда борлиги ўзбек халқининг бахти эмасми?
Шу маънода Россия бизга яхши ўрнак бўлиши лозим.
Россияда Никита Михалков алоҳида эшиттириш олиб боради. Бизда эса халқ Ёқуб Аҳмедовнинг чеҳрасини кўрамаганига ҳам анча бўлди. Уни “Ҳамза” театрига раҳбар қилиб, директор Ёқуб Аҳмедовни топдигу, лекин ижодкор Ёқуб Аҳмедовни йўқотдик. У бизга Алишер Навоий образини худди ўзидай қилиб яратиб берган бетакрор санъаткор эди…
Худди шунингдек Ўлмас Саиджоновни ҳам “Ўзбекнаво”га директор этиб тайинлаб, анча вақт унинг бошида қора булутлар айланиб юришини томошо қилиб турдик. Ижод ва истеъдоди лат еди.
Бизда бир ёмон одат бор. Истеъдодли деб, катта ишга қўямизу, лекин истеъдодсиз санъаткорлар ҳамласи ва иғвосидан уларни ҳимоя қилиб, асрай билмаймиз ёки атай асрашни истамаймиз…
14.
Ҳолбуки, Маданият вазирлиги аслида талантли кадрларни ҳимоя қилиш билан бирга, янги янги истеъдодларни кашф этиши, уларни катта санъат ва маданият саҳналарига олиб чиқиши керак.
Етмишинчи йилларнинг охирларида пахтакорларнинг қурултойида иштирок этиш ва уларни қутлаш учун Шароф Рашидов Андижонга келади.
Андижоннинг ўша даврдаги биринчи раҳбари Иномжон Усмонхўжаев республика раҳбари олдида қувонч билан маърўза қилган Қурултойдан сўнг вилоят филармонияси залида катта байрам концерти бўлади.
Ўшанда концертда маҳорат билан қўшиқ айтган мактаб ўқувчиси Санобар Раҳмонованинг жарангдор овозидан ҳайратланган Шароф Рашидов ўша ердан туриб Маданият вазирлиги билан телевидения раҳбариятига Санобар ҳақида яхши бир фильм яратишга кўрсатма беради.
Ўшанда оддий бир чўпоннинг қизи бўлган Санобар олтинчи синфда ўқиркан.
Шароф ака водийни бир айланиб келгунича кино тайёр бўлади ва у Ўзбекистон телевиденияси орқали намойиш этилади.
Кейинчалик жуда машҳур бўлиб, эл оғзига тушган “Куйла, Санобар” номли ҳужжатли фильм ана шу тариқа дунёга келган эди…
15.
Ислом Каримов Қашқадарёда раҳбар бўлганида – Ўлмас Саиджонов кашф этилган.
Қаршига хизмат сафари билан келган республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков Ўлмаснинг овозини эшитиб:
— Шу кичик ва нозик жуссангга шундай катта ва қудратли овоз қандай сиғди экан, – деб ўз ҳайратини яширмаган.
Ўшанда Ўлмас Саиджонов – республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қарши филиалида оддий техник ходим бўлиб ишларди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб Тошкентга келганидан сўнг кўп ўтмай Ўлмас Саиджоновни “Ўзбекнаво” концерт Бирлашмасига Бош директор этиб тайинлайди.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат бор.
Ўлмас Саиджонов бу санъат даргоҳида кўп ишламади. Артистлар оламининг ўзига хос бўлган мураккаб ва зиддиятли қирралари кўп экан.
Ажаб, орқасида Ислом акадек қудратли одами бўлган Ўлмас Саиджонов ҳам артистлар дунёсини бошқара олмади.
Ҳозир у буюк қўшиқчи – машҳур ҳофиз.
У ўзбек халқининг қалбида абадий кўмилган Маъмуржон Узоқовнинг тирик намунаси.
Ўлмас аканинг дажаси шу қадар…
16.
Таниқли ҳофиз – Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳам ижод майдонига кириб келиши ўзига хос тарихга эга.
Олтмишинчи йилларнинг бошида Урганчдаги қурилиш майдонларининг бирида – 16 метрлик баландликдаги қурилиш крани (строительная башня) остида оломоннинг “кўчма” концерти одат тусига киради.
Отаси ўрнига қурилиш башнясида ишлашни ҳавас қилган ёшгина ўспирин йигитча – осмону фалакда кран бошқариш ҳавосини олган ҳолда беихтиёр Комилжон Отаниёзов қўшиқларини куйлар, башня остида эса одам тўплангандан тўпланарди.
Унинг ширали овозига маҳлиё бўлганлар ашулани мароқ билан эшитиб, ҳар пауза орасида “Яша, Бобомурод” деган ҳайқириқлар янграб, қарсак садолари билан қутлар эдилар.
Худди ана шундай кўчма концерт бўлиб турган қурилиш майдонига Хоразм обкомининг ўша пайтдаги биринчи секретари Мадиёр Худойберганов келиб қолади.
Мана шу аснода Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳақиқий ижод парвози бошланади…
17.
Мустақиллик йилларида Маданият вазирлиги кашф этган қай бир бир истеъдод соҳибини биламиз?
Аксинча, бор истеъдодларни ҳам у ёки бу баҳонаи сабаб билан санъат даргоҳидан узоқлаштириб, асоссиз иғво ва бўҳтонлар билан радио ва телевидения эшикларини улар учун ёпиб қўйдик.
Мен бугун ана шундай ноёб истеъдодлардан бири, таниқли эстрада хонандаси Моҳира Асадова ҳақида тўхталиб ўтишни истардим. У Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Темур Алимов кўрсатмаси билан ноҳақ тўҳмат қурбони бўлган.
Моҳира учун бугун телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилганига роппа роса 20 йил бўлди.
Мен Темур Алимов нега Моҳирани Ўзбекистоннинг расмий саҳнасидан олиб ташлаганини яхши биламан.
Истеъдодли ва очиқ кўнгил, ҳалол ва покиза бир қиз – ҳасадгўй ва бахил, кўнгли кир ва тасодифий бир мулозимнинг пастлиги ва калтабинлиги оқибатида йигирма йилдан бўён телевиденияда кўринмай, маломатли ва шикаста қалб билан яшаб юрибди.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, бўлган воқеани бир бошдан ҳикоя қилсак, ким ҳақ ва ким ноҳақ эканини зукко ўқувчиларимиз ўзлари ажрим қилиб олишар…
18.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида ўз бетакрор овози билан санъат оламида анчагина танилиб қолган Моҳирани Президентнинг қудаси Абдурауф Мақсудий ва Олий раҳбариятнинг баъзи мулозимлари ўз давралари ва ўтиришларига – тор доирадаги зиёфатларига таклиф қилиб туришарди.
Раҳбарлар ҳам одам, улар учун ҳам оддий инсоний қувончлар бегона эмас, ахир.
Моҳира бундай ўтиришларда ўз санъатини намойиш этиб, кўпчиликнинг олқишини оларди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир гал Абдурауф Мақсудийнинг “Дўрмон” резиденциясига туташ коттежида ўтириш бўлди. Биз – Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, Ўзбекистон халқ депутати Нурали Қобул ва мен зиёфатда бирга эдик.
Ўша ерда Моҳира ашула айтди. Жуда ширин давра бўлди. Маданият ва санъат ҳақида, адабиёт ҳақида суҳбатлашдик.
Сиёсатни эсламадик…
19.
Кейинги гал Моҳира Мавлон Умрзоқов даврасида ҳам бир икки марта ашула айтди.
Раҳбарлар уни ҳурмат қилишар, обрў эътиборини жойига қўйишарди. Чунки Моҳиранинг ўзи асли камтар ва камсуқум қиз. У ҳеч қачон беҳаёлик ва беодоблик қилмаган, аксинча, ҳамиша ўзини ва ҳурматини биларди.
Бу давраларда Моҳирадан ташқари Насиба Сатторова ва Аҳмаджон Дадаев каби санъаткорларни ҳам тез-тез учратиш мумкин эди.
1994 йилнинг 26 июль куни мени, кейин Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов дохил яна беш олти Олий раҳбарият мулозимларини ҳибсга олишди. Олти ой ўтиб, Ўзбекистон Олий маҳкамаси бизни суд қилди.
Судга қадар эса терговчилар мендан ҳатто Моҳирани Умрзоқовнинг ўйнаши деб ёзиб беришимни бир неча бор талаб қилишган лекин мен Моҳирадай ҳалол ва покиза қизга тўҳмат қилолмаслигимни уларга қайта ва қайта айтишга мажбур бўлган эдим.
Қолаверса, Мавлон ака ҳам Моҳирани ўз синглисидай кўрарди. Уларнинг орасида ҳеч гап бўлмаганини мен яхши билардим.
Мазкур маҳкама жараёнида Моҳира Асадова ҳам иштирок этиб, Олий Суднинг ўзи учун ноқулай бўлган жуда кўп асоссиз ва бемаъни саволларига жавоб берган эди.
Мавлон Умрзоқов ҳибсга олинганидан кейин унинг ўрнига Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Темур Алимов терговчиларга – Моҳирадан Умрзоқов ўйнаши образини яратишни талаб қилганини биз яхши билардик.
Мавлон Умрзоқовни кўп нарсада айблаш мумкин. Лекин Моҳира Асадова масаласидаги гап сўзлар бўҳтондан бошқа нарса эмас…

Ismatjon. O`zbekiston madaniyati sohasidai muammolar ko`lamidan yaxshi habardor ekansiz. Juda kuchli va mukammal tahlil qilibsiz. Sizdek iste`dodli jurnalist O`zbekiston ijtimoiy siyosiy hayotida ko`p foydali ishlar qilishi mumkin edi. Lekin ming afsuski bugun O`zbekistonda bunday sharoit yo`q…
Ajoyib maqola uchun ming rahmat. Bu maqolangiz O`zbekiston madaniy hayotida katta voqea ekanini soha mutahassislari yahshi bilishadi. Qo`lingiz dard ko`rmasin, Ismatjon.
Исмат ака барака топинг, хакикий жонкуяр инсонлигингиз ушбу макола оркали янада купрок сезилди. Рахмат Сизга, келгусида хам шундай долзарб мавзуларни кутиб коламиз.
Базибир шунака одамлар булади амал тегса оёги ердан узилиб колади. Турабек Тураев деган журналист буларди даврдан чикиб турарди, бир икки мартта мажлисларида катнашиб уни кимлиги асл башараси, мансабни кутара олмаслигини билдим. Адлия вазирлигини матбуот котиби экан халиям, шижоати вазирникидан баланд талабаларни жеркиб ташлайди эсимда 2011-йил Самаркандда одамларни роса пастга урганди, патхалим одамми гашини келтириб рахбарларни мактаб ялогланади иккита гапида хурматли Р Мухиддинов дейди хар мажлис охирида бир шери бор мажлисларида катнашганлар бу шерни яхши билади. Мухиддинов кетди Тураевхам бирдан учди хозирам шунака катта гапирармикан кизик.
2 шарҳ
Бўлди Тамбалга ватан Фарғона,
Қилди Фарғонани тамбалхона…(Бобурномадан)
Бўлди Каримовга ватан Ўзбекистон,
Ҳамманинг рангини айлади сомон (Мирзономадан)
Яъни, бу мақолада айтилган фикрлар фақат Маданият Вазирлигига оид эмаску. Бугун Ўзбекистонда ҳамма соҳа вайрон бўлган. Иқтисод ҳам, таълим ҳам, соғлиқ соҳаси ҳам, матбуот ҳам…Демак, масала бирор соҳани бошқараётганларда эмас, бутун Ўзбекистонни бошқараётган шахсда. Балиқ бошидан сасиган…Бошқа гапга эҳтиёж борми?
Исмат ака жуда туғри фикр билдирибсиз Чингиз Айтматов хақида хақиқатдан бу буюк ёзувчини номи купгина халқларда намаён. Сиз айтгандек Урта Осиёни фахри хисобланарди.