• Сб. Ноя 8th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Махсус хизмат салтанатининг фармацевтика синдикати (2)

Фев 21, 2017
 «Дунё ўзбеклари»дан:
МХХ раиси Рустам Иноятов чорак асрдан бўён раҳбарлик қилиб келаётган махсус хизмат салтанати ҳақидаги фош қилувчи чиқишларимиз ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Бу табиий эди, албатта. Чунки, чорак асрдан бўён расмий ўзбек матбуотида ёйинланиши тақиқланган ва «табу» қўйилган хуфия хизмат идораси ҳақида гапириш нари турсин, МХХ раисининг номини тилга олишга ҳам одамлар қўрқиб келишган.
Ўзбекистон янги Президент бошчилигида — янги даврга юз очиб, дунёга тийранроқ ва зийрокроқ назар сола бошлаган шу муборак кунларда бу «нуфузли» идора ҳақида гапириш ва ёзиш нечоғлик муҳим ва шарт эканлигини Мирзиёев бошлаб берган янги замон насимлари талаб қилмоқда.
Бунга қулоқ тутиш ва бу каби  — ўта муҳим ва масъулиятли миссияни амалга ошириш — биз журналистларнинг профессионал бурчимиз ва оддий инсоний вазифамиздир.
«Дунё ўзбеклари»га келаётган таклиф ва истакларни инобатга олиб, бу туркумни яна давом эттиришга қарор қилдик…

«МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар» туркумидан (Иккинчи мақола)
  1. Ўзбекистонда «Дори Дармон»лар таъминотининг қалқонлари — олдин ҳам, ҳозир МХХ га бориб тақалади.
  2. МХХ расмий раисининг рафиқаси Флора Иноятова — Ўзбек медицинаси синдикатининг норасмий ҳомийсими?
  3. Онангни қози «хафа қилса», додингни кимга айтасан?

МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар
Ўзбекистон махсус хизмат салтанатидаги жиноий ҳатти-ҳаракатлар ҳақида 
(Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди)
1.
Ҳеч кимга сир эмаски, бугун Ўзбекистондаги истаган шифохонага борсангиз — юлғичлик ва порахўрлик эшикдан киришингиздан бошланади.
Эшик одида турган оппоқ халатдаги ҳамшира оёққа кийиш учун «бахилла» сотиб олмасангиз ичкарига киргизмайди.  Гуёки бу иши қонуний белгилаб қўйилгандек, катта ҳарфлар билан «бахилла»нинг нархини кириш жойига ҳам ёзиб қўяди.
Бу арзимаган пул туради. Аммо инсон ҳуқуқи поймол бўлиши шундан бошланади. Ичкаридаги “савдо-сотиқни” эшитиб, кўриб — пули йўқ беморнинг Ўзбекистонда яшашга ҳаққи йўқ экан деган машъум қарорга келасиз.
Журналист сифатида мен Ўзбекистонда оддий бир касаллик учун даволанишга маблағ тополмай, тақдирга тан бериб, ўлиб кетган қанчадан-қанча шўрлик ва бечора ватандошлар яқинларининг дарду-изтироби, оҳу-доди,  аччиқ ва аламли армонига гувоҳ бўлганман.
Олдин ҳам, ҳозир ҳам…

 

2.
Қисқаси, касалхонага бир дард билан кириб икки дард билан чиқиб кетасиз.
Туғруқхонадаги “ставкалар”ни фарзандли бўлган барча Ўзбекистон фуқароси яхши билади. Бизда порахўрлик — инсоннинг дунёга келишидан олдин бошланади. Келажагимиз бўлмиш норасида гўдакларимиз — азиз фарзандларимизнинг илк бор кўрган “Адолат тамойили” ҳам мана шу бўлади. Минг афсуски, улар ҳозирга қадар ана шу бемаъни тамойил асосида дунёга келишмоқда.
“Илк бор кўз очиб кўрганим” деб шунга айтсалар керак-да.
Касалхоналардаги “соққали” ўйинлар, шофокорларнинг юлғич ва порахўрлиги, чаласаводлигини баён этаверса, жуда катта асар бўлади. Буларни Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон яхши билади. Шу боис мавзуни қисқа қиламизда, асосий саволни ўртага ташлаймиз:
Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳасида бошқарув ҳокимиятини ўз қўлига олган, ҳар бир нарсадан хабардор бўлгучи МХХ — медицинадаги бу ажаб сирлардан бехабар деб ўйлайсизми?

 

3.
Албатта хабари бор.
Аммо, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тепасида турган раҳбарлар МХХ катталарининг оғзини долларлар билан ёпиб қўйишган.
Шифокорларни «ёғли ва мойли» жойга ишга олиш, даволашдаги “ставка”лар, янги шифохона ва поликлиникалар қурилиши, уларга Бош врачлар тайинлаш, дорихоналарга истаган препаратини истаган нархда сотиш учун лицензия бериш каби кўплаб усуллардан келадиган беҳисоб бойлик ва даромадларни ҳисобласангиз, нима учун МХХ раҳбарлари оғзини доллар билан ёпиш лозимлигини англаб етасиз.
Лекин бу ҳали ҳолва.
Агар фармацевтика фирмаларидан келадиган яширин даромадларни ўзбек сўмида ҳисоблаб чиқсангиз, ўзингизга ҳам, кўзингизга ҳам ишонмай қоласиз. Чунки, Дори-дармон савдоси дунёда жуда кенг ёйилган, катта ва беҳисоб, асосан ноқонуний йўллар билан орттирилган даромад манбаи ҳисобланади.
Энди бир ўйлаб кўринг, шундай “ёғли” ва «мойли»  соҳани Р.Иноятов ўзинг ўринбосарларига ҳам бериб қўймаса керак. Бундай дейишимизга асос шуки, касалхоналардаги “юлғичлик ўйинлари” шу даражада очиқ-ойдин бўлиб кетдики, ҳаттоки, СНБларнинг ўзидан ҳам очиқчасига пул талаб қилган шифокорларни кўрдик, гувоҳи бўлдик.
Ёки СНБларнинг оила аъзолари, қариндошлари умуман касал бўлмаган деб ўйлайсизми? Албатта, бўлишган ва улар ҳам тепадагиларининг “Соғлиқни сақлашга аралашмаларинг!” деган пинҳона топшириғига мажбуран бўйсунишган.
Акс ҳолда…

 

4.
Ўзбекистон телевидениясида дори-дармонлар ҳақидаги рекламалар шу даражада кўпайиб кетганки, уларни кузатсангиз ойнаи жаҳон кўрсатувларига қараганда ҳам — дори дармон ҳақидаги рекламалар кўплигига ўзингиз амин бўласиз.
Ўзбекистон телевидениесини ташқаридан кўрган одам “Ўзбекистонда фақат касаллар яшайдими” деган фикрга келиши аниқ. ЎзТВ нинг пул топиш сиёсати энг аввало рекламага асосланган. Лекин рекламанинг ҳам ҳисоб-китоби ва чегараси бўлиши керак. Бироқ Ўзбекистонда бунга амал қилишмайди. Чунки у беҳисоб ва бетимсол бойлик манбаи.
Бизгача етиб келган маълумотларга қараганда Ўзбекистон фармацевтика фирмаларидан тушадиган даромаддан ойига 1,5 миллион АҚШ доллари — МХХ раҳбарларига узатилиб турилар экан.
Бу — ўн минг километрлик тубсиз уммонлар аро Канадагача етиб келган маълумотлар. Йўл-чўлларда, дарё-кўлларда қолиб кетгани қанча, бу ёғи Яратган Эгамнинг ўзига аён…
5.
Чунки фармацевтика савдоси дунёда — қурол, наркотик ва нефть савдоси қаторидаги энг юқори ўринларда туради.
Не ажабки, Ўзбекистон ҳам бугун бу жиноий иллат ва синдикат савдосидан четда қолмади.
Энг ачинарлиси, ушбу ҳаражатларни ортиғи билан чиқариб олиш учун фармацевтика фирмалари ҳамкорликда ҳар хил грипп вируслари ўйлаб топиб, атайин халққа тарқатишади, қашқадарёча қилиб очиқ ва жайдари тилда айтсак — юқтиришади. Буни — Соғлиқни сақлаш вазирлигини назорат қилувчи МХХ мулозимлари билишмайдими? Яхши билишади!
Ўтган ва ундан олдинги қишларда тарқатилган грипп — олдингиларидан ўзгача ва жуда кучли бўлди. Яъни бемор кутилмаганда дармонсизланиб, ўз-ўзидан қайд қилиб қолаверди. Ҳаттоки, ҳар доимгидай кўриб билиб, беэътибор юрган неча ўнлаб беморлар оддий бир гриппдан ҳам вафот этиб кетган ҳоллари бўлди. Халқ орасида ваҳима кучайди.
ЎзТВ да эса фармацевтикага оид турли туман рекламалар янада авж олди, шундоғам қиммат бўлган дори дармон нархи кўкка сапчиди…

 

6.
Дарвоқе, Ўзбекистон фармацевтикаси ва дори дармон бозоридаги қиммат нарх-наволар ҳақида.
«Дори Дармон» Акционерлик Жамиятидаги фармацевтика маҳсулотлари — дунё нархи тугул, ҳаттоки қўшни давлат дори дармон нархларидан ҳам анча юқори.
Фақат буни жафокаш ўзбек халқи билмайди. Буни фақат МХХ билади, холос.
Ҳар бир гап ва айблов — далил-исбот бўлса, асосли ва ишонарли чиқади. Қолаверса, касбимиздаги холислик, одиллик ва профессионализм  ҳам биздан айнан шуни талаб қилади. Журналистиканинг ана шу олтин қоидасидан келиб чиқиб, энди бевосита факт ва рақамларга мурожаат қилсак.
Масалан, онкология (саратон) касалликларини даволовчи «Онкаспар» препарати Ўзбекистонда 3 млн.сум (қора бозор курси билан $1100) туради. Қозоғистонда эса айни шу препаратни — 600 $ олишингиз мумкин. Айни касалликни даволовчи «Элигард» препарати Ўзбекистонда 500 $ ва ундан юқори бўлса, қўшни Қирғизистонда икки баробар арзон — $ 235-245 сотилади.
Буларни-ку, қўя турайлик, фақат шамоллашгагина қарши бўлган «Фарингосепт» дориси Ўзбекистонда Россияга қараганда бир ярим-икки маротаба қиммат туради. Масалан, оддийгина нерв ҳужайралари (сустав) ларни даволовчи «Мукосат нео» препарати Тожикистондагига қараганда уч баравар қимматга  сотилса, бечора ва шўрлик ўзбек халқи дардини кимга айтсин?
Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни тамомила унутган мазлум халқ энди ўлиб қутилиши керакми бу ноҳақлик ва бедодликлардан?
Ҳар нарсадан хабардор МХХ Ўзбекистон фармацевтикасидаги осмонга сапчиган бу дори дармон нархларини билмайди деб ўйлайсизми? Яхши билади. Фақат, билмаганга олади. Коса тагида нимкоса борлигини яширади.
Лекин ижтимоий тармоқларда, хусусан Абдураҳим Пўлатнинг «Ҳаракат» сайтида бу нимкоса ўша жиноий ишга алоқадор бўлган терговга яқин манбалар томонидан ўз даврида ошкор этилган, фақат ҳомийлар қудратли бўлгани боис, Ўзбекистондаги бу фармацевтика синдикати то ҳануз охиригача янчиб ташланмаган.
Бу нимкоса ҳомийларига эса биз ҳали қайтамиз…
7.
Ўзбекистон халқига шунча азоб уқубат ва ажал келтираётган дори-дармон ишлаб чиқарувчи ва уни бир неча баробар қимматига сотувчи бу ноинсоф ва иймон-эътиқодсиз ташкилот ва корхоналар кимнинг ардоғида?
Уларнинг раҳбарлари ва ҳомийлари кимлар? Қуйида ушбу саволларга ҳам баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонда дори дармон сотиш билан шуғулланувчи барча аптека ва фирмалар фақат биргина — «Дори Дармон» Акционерлик Компанияси тасарруфига киритилган.  Ўзбек халқини сифатли ва арзон дори дармон препаратлари билан таъминлаш учун республикада — ГАК «Дори-Дармон» — «Дори-Дармон» Давлат Акциядорлик Компанияси ташкил этилган. Унинг бир ўзи —  бутун мамлакат дори дармон бизнесини ўз қўлига монополия қилиб олган.
Биз яхши биламизки, қаерда рақобатсиз монополия бўлса, ўша ерда коррупция бўлади, ривожланади ва бемалол гуллаб яшнайди. Бу — ўз ҳақ-ҳуқуқини то ҳануз билмаган ва талаб қилмаган ўзбеклардан бошқа барчага аллақачон кундай, ойдай аён бўлган оддий бир ҳақиқат. Юқорида келтирганимиздек, юртимизда то ҳануз — қўшни давлатлардагига қараганда бир неча маротаба қиммат сотилаётган дори дармонлар нархи — бунинг ёрқин мисолидир.
Нима бўлганда ҳам, мамлакатни фармацевтика воситалари билан таъминовчи мазкур компания муҳим идорадир. Унинг негизида юқоридаги манба эътироф этганидек, 8 та акционерлик жамияти, 10 та шўъба корхонаси мавжуд. Улар 17 та улгуржи дори-дармон омбори, 15 та текширув лабораторияси ва мингдан ортиқ дорихоналарни назорат қилишини ҳисобга олсак, кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади…

 

8.
«Ўзфармсаноат” бирлашмаси матбуот хизматига кўра, Абдуғани Комилов бундан уч-тўрт йил бурун “Дори-дармон” давлат акциядорлик компаниясига Бош директор этиб тайинланган.
У бу лавозимга — қатор жиноятлари эвазига лавозимидан четлатилган Умида Солиҳбоеванинг ўрнига ўтирган.
Умида Солиҳбоеванинг туғишган акаси Анвар Солиҳбоев — МХХ нинг машҳур генерали бўлиб, МХХ раиси Рустам Иноятовнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Айнан синглиси яратган қудратли фармацевтика салтанати ва дори дармон жиноий синдикати ортидан лавозимидан четлатилган махсус хизмат генерали бугун бойвучча синглиси, оила аъзолари,  ўғли ва бошқа яқинлари билан Американинг қуёшли ва бананли штатларида «Янги ўзбек бойлари» қаторида бекаму кўст давру даврон суриб юрибди.
МХХ раиси Рустам Иноятов, унинг машҳур ўринбосари — генерал Анвар Солиҳбоевлар  ҳомийлигида тузилган ва ҳануз жўшқин фаолият олиб бораётган «Дори Дармон» Акционерлик Компанияси баъзи қирраларини юқорида айтиб ўтдик.
Бу компанияда амалга оширилаётган дори дармон маҳсулотлари ва препаратларининг харид нархи ва ишлаб чиқарилиш шаффофлиги ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида анчадан бўён турли саволларни пайдо қилиб келади.
Лекин бу жиноий синдикатга айнан МХХ ва унинг қудратли раиси ҳомийлик қилатгани боис ҳам, бу саволлар ҳануз ўз жавобини ололгани йўқ…

 

9.
«Дори-Дармон» Акциядорлик Жамиятининг қудратли раисаси Умида Солиҳбоева МХХ даги акаси билан бирга шунақанги сирли ва сеҳрли жиноий фаолият механизмини яратиб кетишдики, уларнинг бугунги издошлари ҳам мамлакатга четдан дори дармон маҳсулотлари келтиришда бу «олтин» қоидадан то ҳануз унумли ва баракали фойдаланиб келмоқдалар.
Юқорида келтирилган рақам ва фактлардан маълум бўлдики, Ўзбекистондаги бугунги дори дармон нархи қўшни давлатлардаги нарх наводан бир неча баравар баланд ва қиммат. Муддати ўтган ва қуввати йўқотилган дориларни сотиш, халқни алдаш ва кўзбўямачилик бугун ҳам юртимизда олдингидай давом этмоқда.
Бундай дейишимизга сабаб шуки, одамлар ўлими бутун дунё бўйлаб бир неча баробарга камайиб бораётган бугунги фаровон ва дориламон кунларда — Ўзбекистондаги бу кўрсаткич ҳамон ошиб бораётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Ер остида илон қимирласа биладиган МХХ наҳот шуни билмаса, билади. Билганда ҳам яхши билади. Лекин ўзининг собиқ раҳбарларидан бири, генерал Солиҳбоев яратиб кетган халқ соғлиғи устидан пул ишлаш каби ярамас ва ноинсоний механизм муруввати ва бойлик тўплаш синдикатини синдиришни улар истармиди?
Йўқ, албатта…

 

10.
Энди яна бевосита факт ва исботларга мурожаат қилсак.
Масалан, Ўзбекистонда кейинги йилларда туғилиш камайиб, ўлим сони ошгани, ҳатто расмий ҳужжатларда ҳам очиқ ойдин эътироф этилди. Яқинда бунга оид аниқ ва тиниқ рақам ва далиллар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.
Унга кўра: «2016 йилнинг январь-декабрь даврида 726,8 мингта бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 22,8 промиллени ташкил қилди ва 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 промиллега камайди (2015 йилда 23,5 промилле бўлган). Туғилиш коэффициентининг сезиларли даражада пасайиши Қорақалпоғистон Республикасида (23,3 промилледан 21,8 промиллегача), Сурхондарё (27,0 промилледан 25,8 промиллегача), Бухоро (21,9 промилледан 20,9 промиллегача), Тошкент (21,1 промилледан 20,3 промиллегача), Андижон (24,1 промилледан 23,4 промиллегача), Қашқадарё (26,2 промилледан 25,5 промиллегача) ва Сирдарё (22,8 промилледан 22,1 промиллегача) вилоятларида қайд этилди.
2016 йилнинг январь-декабрь ойларида 154,5 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил этди. Ўлим коэффициентининг ўсиши Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.
Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи — ўсимталардан, 6,7 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,9 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,9 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 11,6 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган».
Манба: http://stat.uz
Бу аянчли кўрсаткичлар, минг афсус ва надоматлар бўлсинки, Миллат хавфсизли учун туну-кун “курашаётган” чекистларимизнинг «фидойи» меҳнатлари самарасидир…
(Давоми эртага эълон қилинади)
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
 21 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

Суратда: МХХ раиси Рустам Иноятов (ўртада) Ўзбекистон Олий раҳбарияти билан Наврўз ресторанидаги маърака ошида. Орқада тик турганлар — Ўзбекистон Президентининг куёвлари…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
5 комментариев к «Исмат Хушев: Махсус хизмат салтанатининг фармацевтика синдикати (2)»
  1. Ушбу фош қилувчи туркум мақолаларни ўқиб туриб чорак асрлик орқага кетиш сирларини ва ҳақиқий айбдорларини англаб бошладик.
    Гап мансабда ҳам эмас,бошқа нарсада ҳам эмас!
    Инсон инсонгарчиликдан мутлоқ чиқиб кетиш учун оёғининг учидан бошлаб,сочининг толасигача ҳаттоки ҳар бир хужайрасигача буткул айниган бўлишлиги нақадар даҳшатлик ва ачинарлик бир ҳолга келтиришини Рустам Иноятов ва гуруҳи мисолида кўриб турибмиз.
    Мен худди шундай холатни 2002 йилнинг сентябрида Қуролов Муродулло Ялғашевич тимосолида кўриб,унинг бир кунда ҳақиқий башарасини номоён қилганлигидан,ўзини тутишидаги харакатлари ва оғзидан чиқаётган гапларидан Лангар корхонаси яқин йилларда мутлоқ йўқ бўлиб кетишини тушуниб ёқа ушлаган эдим.
    Давлатимиз қон томирига мустаҳкам жойлашиб олган ушбу зулуклардан қутулиш чораларини зудлик билан кўриш керак.
    Иноятовнинг ўлимини кутиш ғирт аҳмоқлик,минглаб Иноятовлар яшайверади кейин ҳам.
    Бугунги кундаги тусиқларнинг ва бузғунчиликларнинг асосий айбдорлари Исмат аканинг мақолаларида исми фамилиялари билан фош этилган.
    Дунёнинг бошқа бирон давлатида ана шундай очиқча фош қилишлардан кейин бундай диверсантлар бирон сония мансабларида қолмас эдилар.Ҳайрон бўлмай илож ҳам йўқ!!!

  2. Иноятовнинг ишдан олинишига бугун юз фоиз ишондим. Фақат бу «олиниш» оқибатлари Мирзиёев учун қанчалар оғир ва мураккаб бўлишини ҳам тасаввур қилиб турибман. Исмат Хушев бу мақолаларни бекорга ёзмаётганга ўхшайди. Ўзбекистонда пинҳоний сиёсий кураш авжига чиққан кўринади…

  3. Mxx ustidan rahbari ustidan agar bu yolgon malumot tuhmat bulsa OLLOH kifoya qilsin, agar mxx rahbari bu ishlarni qilgan bulsa unga ham OLLOH bor OLLOH kifoya qilsin, Hafa bulmaysizlar mandan azizlar.

  4. Гап йук, сизга Исмат ака. Койил колмай иложимиз йук. Хатто шуни хам айтишга куркамиз, рости.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *