• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Қўними йўқ вазирлар (Маданият вазирлиги муаммолари) — 5

Фев 24, 2017
“Дунё ўзбеклари”дан: 
Биз бу мақолани эълон қилганимизга анча бўлди.
Бугун ниҳоят Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мақолада таъкидланганидек, Маданият ва Спорт вазирлигини иккига бўлиб, биз тилга олган долзарб муаммолари билан астойдил шуғуллана бошлаганига гувоҳ бўлдик.
Яширмаймиз, ёзаётган ҳар бир мақоласи давлат ва ҳукумат назарига тушаётган журналист сифатида биз бундан жуда қувондик.
Шу муносабат билан мазкур мақолани яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик…
«Дунё ўзбеклари» таҳририяти,
17 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
ҚЎНИМИ ЙЎҚ ВАЗИРЛАР ЁХУД МАДАНИЯТ ВАЗИРЛАРИ НЕГА БУНЧА АЛМАШАДИ? 

Маданият арбоблари 
 маданият вазирлиги остонасидан нега бадарға қилинганлар.
Маданият вазирлигидаги маданиятсизликлар
Маданият вазирлигидаги “қип- қизил аҳмоқчилик” нималардан иборат?
Моҳира Асадова ва Муссар Раззоқовалар учун телевидения ва театр эшиклари нега ёпиб қўйилган?
Маданият ва санъат  арбобларининг энг талантли намоёндаларига нега бугун Ўзбекистонда кун йўқ?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи

 

21. 
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтишни истардик.
Моҳира жуда чиройли, гўзал қиз. Бунинг устига истеъдодли хонанда. Санъат даргоҳида эса чиройли ва истеъдодли қизларнинг дўсти билан бир қаторда, ғаними ҳам кўп бўлади. Табиийки, улар ҳақида турли туман миш мишлар ҳам доим бўлган.
Одатда, санъат дргоҳидаги нозанин ва санамлар ҳақида аксар ҳолларда салбий гаплар кўп айтилади. Уларни “ҳамма билан юради” деб башорат қилишади.
Мен бугун олис Канададан туриб, санъаткорлар ҳақидаги ана шу  бемаъни гап-сўзларга зарба беришни истардим.
Ўзим шахсан таниган ва билган, дўст ва ҳамсуҳбат бўлган санъат оламидаги Замира Суюнова, Моҳира Асадова, Зулайҳо Бойхонова, Мавлуда Асалхўжаева, Юлдуз Усмонова, Малика Аҳмедоваларнинг ҳар бири ҳақида – уларнинг ҳалол ва покизалиги, нафақат қалбан, балки  маънан ҳам гўзал ва иффатли экани ҳақида тўлиб тошиб ҳикоя қилишим мумкин.
Уларнинг ҳар бири – ўзбек санъати боғидаги гул ғунчадир. Уларнинг ҳаё ва ибоси – юрагида тугунчадир. Бу тугунни улай булай одам, минг уринса ҳам, минг каромат кўрсатса ҳам –  ечолмаслиги мумкин…
Шу ўринда яна бир гап.
Санъаткорнинг ҳаётини афсуски, ҳамма ҳам тушунавермайди. Улар истайсизми – йўқми,   халқ кўзи олдида оммавий саҳналарда ўз санъатини намойиш қилишга мажбур.
Санъат эса аксар ҳолларда қурбонсиз бўлмайди. У баъзан санъаткорни ўзидан воз кечишга ҳам мажбур қилади. Санъат ва саҳна ҳаққи ҳурмати – санъаткор кулиши, йиғлаши ва баъзан жилва-ю, мақом ҳам қилиши мумкин. Булар санъат учун ман қилинмаган.
Санъаткор жилва қилса, кимдир уни нотўғри тушуниши ва бемаъни хаёлларга ҳам бориши табиий.
Ҳолбуки, санъаткор қиз саҳнада туриб, минглаб мана ман деган эркакларнинг ўтли ва оловли нигоҳига, интим туйғуларига сазовор бўлиши мумкин. Лекин айни пайтда, у бундай олиймақом томошаларга киролмайдиган оддий ва камбағал йигитнинг биргина нигоҳига зор бўлиб яшаб юрган бўлиши ҳам мумкин.
Уларнинг дунёси шунақа сирли тилсимлардан иборат.  Ҳамма ҳам тушуниб, англаб етавермайди…
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Мабодо, Моҳира бировга кўнгил қўйди ҳам дейлик. Бу унинг шахсий иши эмас-ми?
У  тарки дунё қилиб, монастрга кириб олган, монашка эмас-ку.
Санъаткорларнинг ўзи тугул, уларнинг интим туйғуларини ҳам назорат қилишга нега бунча ўч бўлмаса бизнинг жамият…
22. 
Умрзоқовнинг ўрнига Давлат маслаҳатчиси бўлиб келган нопок кимсалар унинг номини   қора қилиш учун Мавлон аканинг тўшагини титиб, миш миш ва ўйдирмадан иборат   тўҳматномани унга ёпиштирмоқчи бўлишди.
Моҳира Олий суднинг ҳамма саволларига ёруғ юз билан, кўзларига тик қараб,  мардонавор туриб жавоб берди. У ўзига  қўйилган барча бемаъни ва тутуруқсиз айбловларни инкор этди.
Лекин маҳкама барибир ўз фикрида қолди. Ўзбекистонда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бизда суд – ҳамиша ҳақ, судланувчи ва ё гумондор эса – доим айбдор бўлади.
Бугун орадан йигирма йил ўтиб кетса ҳам, Анҳор бўйидаги Олий суд маҳкамаси жойлашган бино полларини каблукаси билан чертиб: “тақ туқ”, “ тақ туқ” этиб,  маҳкама рўпарасида ҳозир бўлган Моҳиранинг минг бир ҳайрат ва ҳасрат билан бизга – панжара ичида мўлтираб ўтирган собиқ мулозимларга боққан маъюс ва зирқираган нигоҳлари кўз ўнгимда муҳрланиб қолган.
Ўшандан бўён Моҳира санъат саҳнасидан мосуво қилинди. Гулдай тоза ва покиза бир қиз ноҳақ тўҳмат ва бўҳтонлар қурбонига айланди.
Йигирма йилдирки, Ўзбекистон Олий раҳбариятидан бирор киши бу хатони тўғрилаш устида бош қотирмайди. Ҳолбуки, уларнинг кўпчилиги Моҳира ноҳақ тўҳматга қолганини яхши билади.
Лекин ҳеч ким бу адолатсизликка барҳам бериш ва йигирма йилдан кейин бўлса ҳам – адолатни тиклаш ҳақида ўйлаб кўрмайди…
 23.
Ёки худо берган овоз соҳибаси, арея саҳнаси булбули  Муяссар Раззоқовага нисбатан сўнгги йилларда олиб борилаётган тазйиқ ва тўсиқларни қандай баҳолаш мумкин?
Муяссарнинг овозини бугун бутун дунё билади. У ҳақли равишда ўзбек опера санъатининг маликаси деб тан олинган. У  Италия, Германия, Австрия, Латвия, Венгрия, Туркия, Шимолий Корея ва Қоҳира каби халқаро опера санъати анжуманларида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон санъати довруғини оламга ёйган эди.
Муяссар кейинги йигирма беш йил – Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида фаолият олиб борди. Бугун эса унинг учун таеатр эшиклари ёпиб қўйилди. Нега бундай бўлди?
Умуман, театр директорининг вазифаси ўзи нима?
Театрларда талантлар ўзъаро келишмаса, уларни муросада ушлаб турадиган одам – бу директор. У санъаткорларнинг бошини қовуштириб, таеатр фаолиятини йўлга қўядиган администратор одам ҳисобланади.
Унинг асосий вазифаси мана шундан иборат.
Театр директорлари келаверади ва кетаверади. Лекин Муяссарлар ягона, ёлғиз.
Навоий театрини кўтариб турган Муяссар каби таниқли санъаткорлар илгари ҳеч қачон бадарға қилинмаган.
Қолаверса, бу каби истеъдодлар ҳар ёмғирда ўсиб чиқадиган қўзиқорин эмас. Улар юз йилда бир марта туғилади. Бунинг қадрига етиш керак.
Яқинларгача Марказий Осиёдаги ягона опера санъати маркази бўлган Навоий театрини кейинги пайтда кўплаб таниқли қўшиқчилар тарк этаётгани Маданият вазирлиги мутасаддилари ва мамлакат Олий раҳбариятида мазкур соҳага алоқадор арбобларни нега ташвишлантирмай қўйди?
Ахир Ўзбекистон саънат саҳнаси – қайсидир давлат арбобининг катта холасидан қолган шахсий чорбоғи эмас-ку, бу боғда истаган номаъқулчилигини қилаверса. Бунга чек қўйиш пайти келмадимикан?
24. 
“Театр раҳбарлари келаверади ва кетаверади” деган гапимиз баробарида яна бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри раҳбарининг нуфузи асалида – Маданият вазири нуфузидан баланд бўлса борки, лекин кам эмас.
Илгариги даврда Навоий театри директори бўлиб ишлаган Мухтор Ашрафий ва Бернора Қориеваларни  Шароф Рашидов шахсан тайинлаган.  Галия Измайлова каби истеъдодлар – республика фахри ҳисобланган. Театр фаолиятини ҳам Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари шахсан назорат қилган. Ана шундай олий мақомга эга бўлган бу театр.
Шу билан бирга Навоий Академик театрининг халқаро аҳамияти борлигини ҳам айтиб ўтишни истардим. У , агар таъбир жоиз бўлса, бизнинг маданиятимиз даражасини дунё миқёсида кўрсатиб турадиган олтин мезондир.
Москвадаги Большой театр бошқарув ҳаёъати ва раҳбарини Россия Президенти шахсан тайинлагани каби, Навоий номли Академик катта театр раҳбариятини ҳам Ўзбекистон президенти ўзи тайинлаб, ўзи назоратга олиши керак…
25. 
Ижодий уюшмалар ичида сиёсатга фидойилик билан  энг кўп хизмат қилиб, охир оқибат унинг оёғи остида хор бўладиган яна бир шўрпешона уюшма бор. Бу – журналистлар уюшмасидир.
Кейинги йилларда иш ва ижоддан дарак бўлмаса-да, лекин турли байрам ва тантаналар арафасида отнинг калласидек мукофотлар улашиш бу уюшманинг энг асосий ва Бош вазифсига айланиб қолган.
Мукофотларнинг номи ҳам ваҳимали ва ҳайратли. Улардан бири – “Олтин қалам” деб аталади.  Мустақиллик давридан бўён “Олтин қалам” ушлаганлар ҳам уч юз (300) га бориб қолди. Лекин бирорта “Олтин қалам”дан каромат кўрмади халқ, улардан бирортасини танимайди ҳам. Ўтган қатор йилларда гуруҳ гуруҳ “Олтин қалам” соҳиблари мукофот олишди.
Умрида оддий бир қаламни ҳам ушлаб кўрмаган Шерзод Ғуломов уюшма атрофидаги қарсакбозлардан иборат бўлган ўзининг садоқатли мухлисларига “Олтин қалам” улашиб чиқди.
Бизда ўз фаолиятини туппа тузук олиб бораётган ҳар қандай ижодий  уюшма ҳам, худо кўрсатмасин, сиёсатга аралашган заҳоти – тегирмон тошининг остига тушган ундай майдаланиб кетади.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳам ана шу тоталитар сиёсатнинг қурбони бўлди.
Совет замонида озми кўпми қадр қиммат топган журналистлар йўқ эмас эди. Лекин мустақиллик даврида бирорта ҳам журналистга – елкасига тўн ёпилиб, эсон омон пенсияга чиқиб, кексалик гаштини суриш насиб этмади
Ваҳоланки, совет даврида шаклланиб, мустақиллик йилларида ўзбек матбуоти байроғини собиқ иттифоқ миқёсида баланд кўтара олган Аҳмаджон Мухторовдек бетакрор журналист –  ўзбек журналистикаси тарихида йўқ эди. У тутириқсиз ўзбек сиёсатининг қурбони бўлди.
У Ўзбекистон журналистлар союзига кўп йиллар раҳбарлик қилган, ўз салоҳиятига кўра  СССР Олий Совети депутатлигига сайланган, истеъдодли арбоб эди.
Ўзбекистонда илк бор мустақил ўзбек матбуоти бешикларидан бири – “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарини очган ва уларнинг биринчи Бош муҳаррири бўлган Аҳмаджон Мухторов  ўзининг бетакрор таланти ва қобилиятига яраша иззат ҳурмат кўрмай, хорликда вафот этди.
Бу ҳам етмагандек, марҳум журналист бугун ҳукумат томонидан тамомила унутилди…

 

26. 
Бизда айрим журналист ва хонандаларнинг  жуда нархи паст. Ижодий уюшмалар сиёсатнинг қулига айланиб қолганини афсус ва надоматлар билан эслаймиз. Ленин ҳақидаги ролларни қанчадан қача актёрлар маҳорат билан ўйнади.  Лекин на Ленин ва на актёрлардан бугунга келиб ҳеч нарса қолмади.
Олим Хўжаев билан Шукур Бурҳоновлар ҳам Ленини ўйнашди. Бу ролни ўйнаш шу қадар мароқли ва фахрли эди. Лекин уларнинг ҳеч биридан на Ленин чиқди, на уларнинг истеъдоди ва меҳнати рўёбга чиқди.
Зикир Муҳаммаджонов “Малая земля”да Брежнев ролини ўйнади. Ўзбек саҳнаси ўз тарихида не не кўргиликларни бошидан ўтказмади дейсиз. Томошабинни театрга молдай ҳайдаб келишарди. Рашидов бир гал ҳатто Брежневнинг ўзини ҳам театрга олиб келган.  Зикир Муҳаммаджонов ўшанда айнан Брежнев келганда қўпол хато қилиб, Рашидовни хижолатга қўйган эди.
Лекин бағри кенг Брежнев ҳам, Рашидов ҳам дакки беришмади, аксинча, санъаткорнинг елкасига қоқиб, унга янги омадлар тилаб хайрлашишди. Бу ҳақда кейинчалик Зикир Муҳаммаджонов Рашидовни хотирлаб ёзган китобларида мароқ билан ҳикоя қилган…
Мустақиллик даврида “Куйла Санобар” фильмида кашф этилгани каби бирорта ҳам санъаткор кашф этилмади.
Совет даврида Зулфия мукофотини олганлар юздан ошди, лекин улардан бирорта ҳам на Зулфия, на Мукаррама Турғунбоева ва на Ҳалима Носировалар чиқмади…
27.
Бизда умуман санъат ва маданият  арбоблари фақат ўз соҳалари билан ўралашиб  қолган. Ваҳоланки, ўтмишга назар солсак, Навоий ҳаммага бирдек таъриф бериб, барча қатлам вакилларини хон ва сарой атрофида бирлаштиришдек улуғ ва муборак ишга қўл урганини кўрамиз. Навоий, таъбир жоиз бўлса – шоҳ ёнида туриб, ҳамжиҳатлик ва иттифоқлик ғоясига хизмат қилган.
Навоий қанотида, масалан, Камолддин Беҳзод ўсиб чиқди.
Навоийдан кейин бу вазифани қисман Усмон Юсупов ва асосан Шароф Рашидовлар амалга ошириб, юксак поғонага кўтаришди.
Маълум бир давр – адабиёт, санъат ва маданият арбобларига Ислом ака ҳам яқин эди. Лекин кейинги даврда ўртада қандайдир қора ботирлар пайдо бўлди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон Олий раҳбариятида адабиёт ва санъат намоёндаларини Президентдан узоқлаштириш тенденцияси тобора авж олиб бормоқда. Бунга мисоллар тўлиб тошиб ётибди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг талантли ва бетакрор истеъдод соҳиблари, маданият арбоблари ҳатто қувғин ва таъқиб даражасида эканлигини қандай баҳолаш мумкин?
Ўз даврида Озод Шарофуддиновга олий мукофот берилгани давлат ва ҳукуматнинг адабиёт аҳлига – зиёлиларга бўлган эътибори ва ғамхўрлигидан дарак эди. Лекин адабиёт битта Озод акадан иборат эмас-ку. Қолганлар умуман эсланмади ва баҳоланмади ҳам.
Ҳатто Озод акага устозлик даражасида бўлган Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Матёқуб Қўшчонов, Фозила Сулаймонова, Тўра Мирзолар мустақиллик йилларида умуман эсланмади. Эътибордан четда қолди. Ҳолбуки улар – Ўзбекистон маданият ва санъатининг эл тан олган ҳақиқий арбоблари  даражасига чиқадиган сиймолар эди.
Маданий ҳаётимиздаги ана шу адолатсизликлар ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр Матёқуб Қўшчоновнинг “Ҳаёт бошқа, хаёл бошқа” деб номланган машҳур бир асари ёдимга тушади.
Узоқни кўра билиб, нақадар донишмандлик билан айтилган сўзлар…
28. 
Совет даври халқ тан олган маданият арбобларидан фойдаланишни ҳам, уларнинг номини улуғлашни ҳам яхши биларди. Мухтор Ашрафий ва Юнус Ражабий кўчаси, Шукур Бурҳонов ва Олим Хўжаев маҳалласи бор эди.
Лекин бугун қайси маданият ва санъат арбобининг номи абадийлаштириш даражасигача етади деб ўйлаш мумкин. Уларнинг аксарияти – тириги – кўчада, хор ва зорлик гирдобида қолиб кетишди.
Ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон бўлган Жуманиёз Жабборовлар бир умр ишлаб, умрининг охирги йилларида кўчага улоқтирилди. Ҳолбуки у – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби”, таниқли шоир эди.
Шукрилло умрининг энг гуллаган даврини совет турмаларида ўтказди. Қайтиб келиб, энди қаерга боришини ҳам билмайди. Телевидения эшиклари ёпиқ.  Юқорида айтдик, яна айтамиз:  унинг обрўсидан мустақиллик йилларининг бошларида роса фойдаландик. Президент советига аъзо ҳам қилдик. Энди уй турмасида ўтирибди…
Одил Ёқубов умрининг сўнгги йилларини таҳқир ва таъқибда ўтказди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлиши лозим ва шарт бўлган улуғ ёзувчининг қадрига етмадик.
Тоғай Мурод, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаевлар хор-зор бўлиб ўлиб кетишди…
29. 
Мени бугун олис Канадада ҳам бир савол мудом қийнаб келади:
Маданият ва санъат  арбобларининг энг талантли намоёндаларига нега бугун Ўзбекистонда кун йўқ?
Сиёсий арбобларга бизда кун йўқлигини яхши билардик. Бунга қайсидир маънода кўникиб ҳам қолгандик. Чунончи, чорак аср бирорта ҳам сиёсий арбоб етишиб чиқишига йўл қўймадик.  Бунга мисоллар жуда кўп.
Биргина Шукрилла Мирсаидовнинг аламли ва фожеали тақдири – фикримизнинг исботи учун етарли бўлса керак. Бошқаларни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин биз давлатнинг бу бемаъни ва тутуриқсиз, зарарли ва ҳалокатли сиёсатига аллақачон кўникдик.
Ҳолбуки, ёлғиз бир дарахтдан – ўрмон пайдо бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз…
30. 
Нима, маданият ва санъат арбобларига ҳам худди шундай қонун ва қоида тадбиқ этилганми?
Ўзбекистоннинг бирорта Маданият вазирини – унинг думини ва патини юлмасдан пенсияга эсон омон чиқара оламизми?
Нима, бизда маданият арбоби бўладиган муносиб кишилар йўқми?
Кейинги уч-тўрт йилда беш олти вазир алмашганини қандай изоҳлаш мумкин?
Файласуф олим Наим Ғойибов ўз даврида Маданият вазири бўлган.  У киши бу соҳага жуда муносиб, яхши одам эди.  Кўчага улоқтирилди. Милиция академиясига бориб дарс бериб юрди.
Ундан кейин Эркин Ҳайитбоев вазир бўлди. У бу соҳага Ўзбекистон телевидения раҳбарлигидан келган эди.  Маданият вазирлигидан у ҳам кўчага улоқтирилди.
Ундан кейин Қурбонов бўлди. У бир пайтлар Тошкент горкомида “орг отдел” мудири эди. Қурбоновдан  кейин Турсунали Қўзиев тайинланди. Уларнинг ҳам вазирлиги кўпга бормади.
Кейинги Маданият вазирлари  Алишер Азизхўжаев, Анвар Жабборовларнинг қисмати эса аламли ва фожеали якун топди…
(Боши 1-2-3-4 қисмларда. Давоми эртага эълон қилинади)
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
5 декабрь, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада…
5 шарҳ
  1. Ismatjon. O`zbekiston madaniyati sohasidai muammolar ko`lamidan yaxshi habardor ekansiz. Juda kuchli va mukammal tahlil qilibsiz. Sizdek iste`dodli jurnalist O`zbekiston ijtimoiy siyosiy hayotida ko`p foydali ishlar qilishi mumkin edi. Lekin ming afsuski bugun O`zbekistonda bunday sharoit yo`q…
    Ajoyib maqola uchun ming rahmat. Bu maqolangiz O`zbekiston madaniy hayotida katta voqea ekanini soha mutahassislari yahshi bilishadi. Qo`lingiz dard ko`rmasin, Ismatjon.

  2. Хакикат

    Исмат ака барака топинг, хакикий жонкуяр инсонлигингиз ушбу макола оркали янада купрок сезилди. Рахмат Сизга, келгусида хам шундай долзарб мавзуларни кутиб коламиз.

  3. Muhlis

    Базибир шунака одамлар булади амал тегса оёги ердан узилиб колади. Турабек Тураев деган журналист буларди даврдан чикиб турарди, бир икки мартта мажлисларида катнашиб уни кимлиги асл башараси, мансабни кутара олмаслигини билдим. Адлия вазирлигини матбуот котиби экан халиям, шижоати вазирникидан баланд талабаларни жеркиб ташлайди эсимда 2011-йил Самаркандда одамларни роса пастга урганди, патхалим одамми гашини келтириб рахбарларни мактаб ялогланади иккита гапида хурматли Р Мухиддинов дейди хар мажлис охирида бир шери бор мажлисларида катнашганлар бу шерни яхши билади. Мухиддинов кетди Тураевхам бирдан учди хозирам шунака катта гапирармикан кизик.

     

  4. 2 шарҳ

    1. Мўмин Мирзо

      Бўлди Тамбалга ватан Фарғона,
      Қилди Фарғонани тамбалхона…(Бобурномадан)

      Бўлди Каримовга ватан Ўзбекистон,
      Ҳамманинг рангини айлади сомон (Мирзономадан)

      Яъни, бу мақолада айтилган фикрлар фақат Маданият Вазирлигига оид эмаску. Бугун Ўзбекистонда ҳамма соҳа вайрон бўлган. Иқтисод ҳам, таълим ҳам, соғлиқ соҳаси ҳам, матбуот ҳам…Демак, масала бирор соҳани бошқараётганларда эмас, бутун Ўзбекистонни бошқараётган шахсда. Балиқ бошидан сасиган…Бошқа гапга эҳтиёж борми?

    2. Исмат ака жуда туғри фикр билдирибсиз Чингиз Айтматов хақида хақиқатдан бу буюк ёзувчини номи купгина халқларда намаён. Сиз айтгандек Урта Осиёни фахри хисобланарди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *