Уч кун олдин ижодкор укамиз Сирожиддин Иброҳим менга Термиздан хат ёзиб, шу жумлаларни битган эди: «Rahmat, Ismat aka! Alloh panohida bo’ling. Ustozlar sizni yaxshi gaplar bilan eslashadi. Mahmud Abulfayz yaxshi xotiralar aytgan. Vatanda salomatlikda ko’rishish nasib qilsin!»
Унга жавоб ёздим: «Ассалому алайкум. Раҳмат, дўстим. Уларга мендан салом денг. Маҳмуд Абулфайзга ҳам. Биз у киши билан бирга ўқиганмиз журфакда…»
Бугун эса ундан қуйидаги хатни олиб, мазам қочди: «Assalomu alaykum, Ismat aka! Salomingizni yetkazib ulgurmasimdan ustoz Mahmud aka vafot etdi. Xurshid Davron saytida ijod namunalari berilgan. Xotirlab, e’lon qilsangiz yaxshi bo’lardi…
2.
Маҳмуд Абулфайз билан ТошДУ, журналистика факультетининг — кечки бўлимида бирга ўқиганмиз.
Мен кундузи Наим Ғойибов раҳбар бўлган «Ўзбекистон» нашриётида курьер (югурдак) бўлиб ишлардим. Маҳмуд ака, адашмасам, Тошкентдаги қайсидир қурилишда ишларди. Кечкурун ўқишга борганда, дарслар тугаса ҳам. кетгимиз келмай, ярим тунга қадар суҳбатлашиб ўтирардик.
Эргаш Исматиллаев, Озода Ҳакимова, Маҳмуд Абулфайз, Нажмиддин Шайхов, Комилжон Мавлонов, Жамила Тўрахонова, Муҳаммаджон Ҳайдаров, Ғулом Фатҳиддин ва бошқалар билан бирга ўқиганмиз. Курсимизда ёши катталардан икки киши бор эди: Муҳаммаджон Ҳайдаров — 1950 йил, Маҳмуджон Абулфайзиев — 1953 йил. Биз уларни — ака, улар бизни — ука дейишарди…
Бугун уларнинг ҳаммаси юртимизнинг турли бурчакларида соғ саломат, эсон омон ишлаб юришибди. Умрлари зиёда бўлсин. Фақат мен тақдир тақозоси билан бошимга тушган ноҳақлик ва адолатсизликларга чидамай, ўз юртимни ташлаб, ўзга юртлар бағрига кетдим. Шу йўл билан юрагимда парчаланган ва синдирилган ҳақиқат ва диёнат туйғуларига малҳам босмоқ, таскин ва тасалли топмоқ истадим.
Маҳмуджон ака эса энди бу ёруғ дунёда йўқ…
3.
Маҳмуджон ака Сурхондарёдан эди.
У кишининг сурхонликларга хос мард ва тантилиги, қўли ва кўнгли очиқлиги, садоқатли дўст учун жонини ҳам қурбон қилиш одати барча курсдошларимизга маълум эди. Шунинг учун ҳам у кишини ҳамма яхши кўрарди ва ҳурмат қиларди.
Абулфайз ака — оддий ва камбағал оилада ўсгани учунми, ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон эдилар. Бир куни нима бўлди-ю, профессор Очил Тоғаев дарсга жуда кайфияти ёмон ҳолда келди. Домлани адолатли ва диёнатли инсонлиги учун жуда яхши кўрардик. Ҳаммамиз ҳушёр тортиб қолдик. Маълум бўлишича у кишини факультетдаги маҳаллийчи рақиблари партиядан ўчиришибди. Ўша куни домла учун ҳаммамиз қайғурдик.
Лекин орамизда энг кўп қайқурган ва изтироб чеккан — Маҳмуд ака бўлди…
4.
Кейин мен журналистика факультетининг кундузи бўлимига ўтиб кетдим.
Лекин кечки бўлимдаги курсдошлар, хусусан, Маҳмуджон ака билан тез-тез кўришиб турдик. У киши менга ҳавас қилишини, у ҳам ҳамиша кундузги бўлимда ўқишни орзу қилганини айтарди. Ҳатто деканимиз Анвар Шомақсудов қабулига кириб, бир неча бор кундузги бўлимга ўтказишини сўраб, илтимос қилганидан ҳам хабарим бор.
Лекин ҳарчанд ҳаракат қилмасин, журналистика факультетининг кундузги бўлимида ўқиш у кишига насиб этмади…
5.
ТошДУ журналистика факультетининг кундузги бўлимида ҳам икки йил ўқир ўқимас, Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг журналистика факультетига ўтиб кетдим.
Ўша ерда ўқиётиб, Маҳмуджон акадан хат олдим:
«Исматжон, Москвага кетганингизни эшитиб, жуда қувондик. Курсдош дўстлар билан бўладиган гап-гаштак ва давраларда сизни тез тез эслаб турамиз. Ўрнингиз доим билиниб туради. Қаҳ-қаҳ отиб шодон кулишларингиз, ҳайқириб шеър ўқишларингизни соғинамиз. Лекин, на чора: «Зоримиз бор, зўримиз йўқ» деган бир гап бор. Сиз «зўр»ларни топиб, ишингизни битирибсиз, қойил қолмай иложимиз йўқ. Қани энди ўзбекнинг ҳар бир ўғлони ҳам Сиздек топарман ва тутарман, ушлаган жойини кесарман бўлса, халқимиз бу қадар меҳр ва мададга хору-зор бўлиб юрмасди…»
Ўшанда Ўзбекистон Москвага бўйсунарди. Биз советлар юрти — СССР фарзандлари бўлиб — Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи сафларида эдик…
6.
Кейин орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистон мустақил давлат бўлди.
Мен Москвани битириб келиб, дастлаб Абдулла Орипов ёрдами билан Шаҳрисабз шаҳар ижроқўмида, сўнг Қарши Давлат Педагогика институтида комсомол комитети котиби бўлиб ишладим. У ердан урилиб, Тошкентга келдим. Датлаб «Саодат» журналида оддий мухбир, сўнг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида махсус мухбир бўлиб ишлай бошладим.
Кўп ўтмай Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлганидан сўнг, у кишининг меҳри ва мурувватидан баҳраманд бўлиб, мен ҳам кўтарилиб кетдим.
«Ҳаёт ва Иқтисод» журналининг Бош муҳаррири бўлиб юрган шонли ва суронли кунларимнинг бирида қабулхонада мени йўқлаб икки киши кутиб турганини айтишди. Олий Кенгаш сессиясида қатнашаётган эдим.
«Муовинлардан бирортаси қабул қилсин, бошқа муҳим гапинг йўқми?» деб котибани уришиб бердим.
Кейин ишга чиқққанда, ўша куни қабулга келганлар рўйхатида Маҳмуджон аканинг номини кўриб, хижолат чекдим.
Кейин қанча изласам ҳам у кишини топа олмадим…
7.
Раҳбарлик даври ҳам гулдурос солиб, ўтди кетди.
Кейин урилдим. Кейин қамалдим. Энди ўзим бировларнинг қабулида сарғайиб юрмай деб, хорижга — муҳожирликка юз тутдим. Орадан йиллар ўтди.
Ёзувчи дўстларим «Дунё ўзбеклари»ни Ватанда ҳамма таниш билишлар ўқиб бораётганини айтишарди. Маҳмуд ака ҳам ўқиб бораркан. Яқинда биров орқали салом айтиб, мен ҳақимда, курсдошлик давримиздаги ажойиб хотиралар ҳақида уларга мароқ билан сўзлаб берганини ёзишди.
Ўқиб хурсанд бўлдим. Маҳмуджон аканинг ўша қабулимга келган даврдаги ноқулайликни эслаб, хижолат чекдим. Йўқотган бир курсдошимни энди топдим деганимда бугун у кишининг бевақт вафот этганини эшитиб, юрагимда оғриқ сездим, санчиқ турди…
8.
Бу ҳаёт шунақа бешафқат ва бевафо экан.
Ҳар гал яқин одам вафоти муносабати билан юрак санчса, оғриқ турса, секин аста юрагингиз ҳам ишдан чиқа бошлайди.
Ана шундай санчиқлар ва оғриқлар эрта бир кун кутилмаганда бу юракнинг ўзини ҳам ўзи билан бирга олиб кетиб қолиши мумкин.
Унга қадар эса ҳаётда билиб билмай ранжитган ва хафа қилган одамларнинг кўнглини ўз вақтида олиб қўйиш керак экан.
Йўқса, мендек кеч қолишингиз мумкин…
Маҳмуджон Абулфайзнинг бугунги кутилмаган вафоти мени мана шундай армонли ва ғамли, афсус ва аламли хотираларга ошно этди…
Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
Курсдош дўстингиз Махмуд Абдулфайзни мен илгари ёқимаган эканман ва минг бора афсусдаман.
Бир неча йиллардан буён биз учун асосий манбаа Дунё Ўзбеклари бўлиб қолди. Бошқа манбалардан бири фейсбук, у ерда ҳам учратмаган эдим.
Бугун Карим Бахриев тақдим қилган иккита шеър Махмуд ака ижодидан эканлигини билиб ва шундай ажойиб инсон бугун орамизда йўқ эканлигидан кўзларимга шашқатор ёш келди.
Сизнинг қабулингизга бир бора келиб, қайта келмаганликлари, сизни изламаганликлари ва хокозоларни инобатга олсак, бу инсон ниҳоятда ориятли ва ҳақиқатчи бўлганлигини идрок қиламиз.
Мана яқин кунлар орасида сизга бировлар орқали салом етказиб, бирга ўқиган даврларингизни даврадагиларга мароқ билаан сўзлаб беришининг ўзиёқ сизни чин маънода тан олганлиги, ўша иккиланиш ва сиздан қўл силташларини мутлоқ кечириб, сизнинг чинакам инсон эканлигингизни, ҳалқ ва ватан фарзанди, жонкуяри эканлигингизни кўриб, билиб, ишонч хосил қилиб дўстларига сўзлаб бериб, кўнгли тинчиб бу ёлғончи дунёни хотиржам тарк этгандек.
Мен бугун таниб минг бир ўкинч билан бутун туркий олам буюк бир фарзандидан айрилганини хис қилиб йиғлаб ўтирибман.
Таъзиямни қабул қилинг Исмат ака, оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман.
Ўйлайманки, Махмуд ака кўплаб шогирдларни тарбиялаб кетганлар.
Номлари ўчмайди.
Курсдошлик яхши хиссиёт, курсдошларни эслаб турсангиз кунглингиз ором топади, узингизни бахтли хис киласиз.
Йукотганда албатта юраклар санчиб кетади.
Абулфайз аканинг жойлари жаннатдан булсин!
Аллох курсдошларимга узок умир берсинлар!
Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
Курсдош дўстингиз Махмуд Абдулфайзни мен илгари ёқимаган эканман ва минг бора афсусдаман.
Бир неча йиллардан буён биз учун асосий манбаа Дунё Ўзбеклари бўлиб қолди. Бошқа манбалардан бири фейсбук, у ерда ҳам учратмаган эдим.
Бугун Карим Бахриев тақдим қилган иккита шеър Махмуд ака ижодидан эканлигини билиб ва шундай ажойиб инсон бугун орамизда йўқ эканлигидан кўзларимга шашқатор ёш келди.
Сизнинг қабулингизга бир бора келиб, қайта келмаганликлари, сизни изламаганликлари ва хокозоларни инобатга олсак, бу инсон ниҳоятда ориятли ва ҳақиқатчи бўлганлигини идрок қиламиз.
Мана яқин кунлар орасида сизга бировлар орқали салом етказиб, бирга ўқиган даврларингизни даврадагиларга мароқ билаан сўзлаб беришининг ўзиёқ сизни чин маънода тан олганлиги, ўша иккиланиш ва сиздан қўл силташларини мутлоқ кечириб, сизнинг чинакам инсон эканлигингизни, ҳалқ ва ватан фарзанди, жонкуяри эканлигингизни кўриб, билиб, ишонч хосил қилиб дўстларига сўзлаб бериб, кўнгли тинчиб бу ёлғончи дунёни хотиржам тарк этгандек.
Мен бугун таниб минг бир ўкинч билан бутун туркий олам буюк бир фарзандидан айрилганини хис қилиб йиғлаб ўтирибман.
Таъзиямни қабул қилинг Исмат ака, оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман.
Ўйлайманки, Махмуд ака кўплаб шогирдларни тарбиялаб кетганлар.
Номлари ўчмайди.