“Дунё ўзбеклари”дан:
Ўзбекистон муваққат Президенти Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхонаси фаолиятига хайрихоҳлигимиз ва қизғин қўллаб қувватловимиз сабаб бўлса керак, бизга ҳам одамларнинг дарду изтироблари баён этилган арзнома-ю, хат, хабарлар оқиб келмоқда.
Чунки, мамлакат раҳбарига мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаронинг арзи тингланиб, адолат мезонида кўриб чиқилаётгани одамлар қалбида яхши ва ёруғ кунларга умид уйғотмоқда.
Аслида, виртуал қабулхона ташкил этилишининг ҳам асл мақсади ҳам шу – мамлакатда узоқ йиллардан бўён ҳал этилмай, тўпланиб қолган муаммолар ечимини топишга, одамлар қалбида давлат ва ҳукуматга, адолат ва диёнатга нисбатан ишонч уйғотишга қаратилган.
Зотан, Бош вазир қабулхонасида халқ билан очиқ мулоқот ўрнатилганининг асл мақсади ҳам шу.
Халқимизда “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” деган ҳикматли бир гап бор. Шу сабабдан бизга келаётган хат хабар ва саволлар ҳам виртуал қабулхона томонидан эътиборсиз қолмайди.
Савол қайси тарафдан келишидан қатьий назар – олис Канадада нашр этилаётган “Дунё ўзбеклари” халқаро нашридан борадими ёки Ўзбекистон ичкарисиданми, бундан қатьий назар, у албатта виртуал қабулхона масъул ходимларининг диққат марказида бўлади.
Нашримизда бериб борилаётган арзнома-ю, дилномаларни вертуал қабулхона масъул ходимлари эътиборга оладилар ва тегишли чора тадбирлар кўрадилар деб умид қиламиз.
Хусусан, кўпминг сонли мухлис ва ўқувчиларимиз талаби билан бугун яна қайтадан эълон қилинаётган ушбу мақолага ҳам янги раҳбарият мулозимлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари эътибор қаратадилар деган ниятдамиз.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
21 ноябрь, 2016 йил.
Исмат ХУШЕВ: БАШОРАТ ОПАНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ…
“Мухолифат ҳақида ҳикоялар” туркумидан
1.
Журналистлар ҳаёти ҳамиша турли туман воқеа ва ҳодисаларга бой бўлади.
Бундан бир неча йиллар муқаддам, янги йил арафасида, ватандаги – ҳукумат ва хориждаги – мухолифат аъзоларига – ёзувчи ва шоирлар, журналист ва санъаткорлар, олим ва зиёлиларга қатор саволлар билан мурожаат қилган эдик.
“Дунё ўзбеклари” савол йўллаган рўйхатдаги барча кишилардан жавоб олди ва уларни сайтимизда эълон қилдик.
Фақат бир киши – Швецарияда истиқомат қилаётган Башорат опа Ешова – бизнинг саволларимизни бежавоб қолдирди.
Биз бундан ўзимизча хулоса чиқариб, у кишига яна бир неча бор мурожаат қилдик.
Лекин натижа бўлмади…
2.
Редация йўллаган савол ва хатларга жавоб бериш ё бермаслик ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи, албатта.
Лекин кейинчалик Башорат опанинг “Дунё ўзбеклари” ва унинг Бош муҳарриридан, нашримиз фаолиятидан негадир норози эканини эшитдик.
Нима ҳам дердик, ҳар бир нашр ва унинг юритаётган сиёсати, йўналиши ва орзу-ўйлари ҳақида ҳар ким ўз шахсий фикрига эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Шу маънода Башорат опа билан бизнинг йўлларимиз бошқа-бошқа экан деган хулосага келиб, ўз ижодий фаолиятимизни давом эттиравердик…
3.
Орадан йиллар ўтиб, яқинда, не ажабки, Башорат опадан хат келди:
FEB 7TH, 4:22AM
Assalom alaykum Ismat jon uka .
Sog salomatmisz’ Men sizga dostlik jonatdim .
Otgan gap otib ketdi. Sizni saytingizga kirib turganimdan song meni fikrim ozgardi siz bilan bir muloqot qilsam degan edim.
Shunga siz nima deysiz .
Sizga xurmat bilan Bashorat opangiz .
FEB 8TH, 9:53PM
Ассалому алайкум!
Яхши ният билан ёзилган қатор хат ва саволларимизни бежавоб қолдирган хонимдан жавоб келгани яхши, албатта.
Лекин энди бизнинг муносабатларимиз самимий бўлишига ишонмайман.
Мени тўғри тушунасиз ва ранжимайсиз деб умид қиламан.
Ҳурмат билан, Исмат Хушев.
FEB 9TH, 2:00AM
Ismatjon.
Qaysi yolni tanlashni ozingiz bilasiz .
Meni xam birovga yomonligim yoq .
Mayli otgan ish bolib otdi . Meni konglimga qil xam sigmaydi m en dom daraksiz ketgan oglim xaqida siz bilan savol javob qilmoqchi edim .
Bolamning dardi meni jinni qilyapti. Musofirchilikda juda xam yomon bilinyapti. Xech kim menga oxshamasin. Dushmanimga xam shunday kunlarni tilamayman.
Siz xam otasiz meni togri tushuning.
Mayli dost bolmasak bolmasmiz lekin dilingizni ogritgan bolsam uzur…
4.
Башорат опанинг мактубини ўқиб, ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим, аёл кишининг дилини оғритганим учун ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим.
Сўнг у кишига қайтадан хат ёздим:
FEB 11TH, 12:06AM
Ассалому алайкум Башорат опа!
Сизга ўғлингиз масаласида таскин ва тасалли бериш учун хат ёзяпман. Воқеадан хабардор кишилардан бу ҳақда сўраб суриштирдим. Менга бўлган воқеани батафсил ҳикоя қилиб беришди.
Ўғлингиз агар тирик бўлганида, хабари албатта чиқарди. Ҳаёт шунақа бешафқат экан, опа, чидашдан ўзга иложимиз йўқ.
Агар истасангиз, бўлган воқеани батафсил ёзинг.
Ўзбек турмаларида содир бўлган бу даҳшатли фожеадан Дунё ўзбекларини хабардор қилайлик.
Зора, бирор жойдан ўғлингизнинг хабари чиқиб қолса…
Ҳурмат билан, Исмат Хушев.
FEB 11TH, 3:19AM
Ассалом алакум Исматжон.
Тинч омонмисиз? Гапнинг очиғи сиз кўнгли очиқ инсон экансиз.
Узр, дилингизни оғритган бўлсам.
Илоҳим айтганингиз келсин, ўғлим тирик бўлсин.
Мен бўлиб ўтган воқеани Сизга батафсил ёзаман…
5.
Кўп ўтмай Башорат опадан ўғлининг фожеали ҳаёти ҳақидаги юракларни ларзага солувчи дил розлари кела бошлади.
Башорат опанинг бошидан ўтган изтироблар, ўғлининг фожеали ҳаёти ҳақидаги дардли ва даҳшатли тафсилотлар – менинг у киши ҳақида, қолаверса, Ўзбекистон турмалари борасида то шу пайтга қадар тасаввуримда шаклланган, шундоғам яхши бўлмаган таассуротларимни тамомила остин устун қилиб юборди.
Қуйида Башорат опанинг бошидан ўтган воқеалар ва ўғли Улуғбекнинг мустақил Ўзбекистон турмаларида то ҳануз дом дараксиз кетгани ҳақидаги мунгли ва маҳзун ҳикояси билан танишинг…
6.
Ўғлим Улуғбек 1975 йилнинг 7 апрелида туғилган.
Ёшлигидан қўрқмас ва ботир бўлиб вояга етди. Уни яхши ва умидли фарзанд бўлиб шаклланиши учун бир она сифатида қўлимдан келганини қилдим.
У, бир оз шухлигини ҳисобга олмаганда, оғир, босиқ, ақлли ва зийрак йигит эди.
Боғчада ҳам, мактабда ҳам ўзи меҳр қўйган дўстларига нисбатан ниҳоятда садоқатли бўлиб ўсди…
7.
1993 йилнинг 9 июнь куни оғир аҳволга тушиб қолган бир дўстига пул топиб бериш зарур бўлиб қолади.
Менинг бу сўзларимни ўқиб, кимдир эҳтимол, бунга ишонмас. Она-да, ўғлини ҳимоя қилаяпти деб ўйлар. Лекин, худо ҳаққи, ўғлим ҳеч қачон жиноятга қўл урадиган йигит эмас эди. Ўзим емасам ҳам, киймасам ҳам лекин болаларимни имкон қадар едириб ичирганман. Кийдирганман. Оқ қолдирмаганман.
Лекин мен она сифатида ўғлим ҳеч қачон безорилик ва юлғичлик қилмаслигини, бунинг устига бировнинг уйига кириб, пул талаб қиладиган бола эмаслигини яхши билганим учун ҳам бу гапларни бугун очиқ ойдин айтишга мажбурман.
Хуллас, нима жин уради-ю, улар ўша куни куппа кундуз соат ўнларда шериги билан бир хонадонга кириб, уй соҳибасидан пул талаб қилишади. Аёл шовқин-сурон қилиб, одамларни ёрдамга чақиради. Қўни қўшнилар ва милиция етиб келиб, уларни қўлга олишади. Ташқарида қолган шериклари қочиб қолишади.
Ўғлим ва унинг шеригини милиция бўлимига олиб келиб, Ўзбекистон жиноят процессуал Кодексининг 127 қисми, 3 моддаси билан (уюшган жиноий гуруҳ, ўлимга таҳдид этиш билан пул талаб қилиш ва талончилик) ҳибсга олишади ва ўн йилга озодликдан маҳрум қилишади…
8.
Ўғлим Тоштурмадан менга хат чиқаради:
“Ойижон, мени кечиринг, ўзим учун эмас, бир дўстим учун шу ишни қилишга мажбур бўлдим. Лекин биз у аёлга қўл ҳам текизмадик, ўлдирамиз деб таҳдид ҳам қилмадик. Бизга ўн йил қамоқ жазоси беришди. Яхшироқ бир адвокат олинг, бизга адолатсиз ва ниҳоятда оғир жазо беришганини айтинг. У бизни ҳимоя қилсин.
Агар адвокат олиш қимматлик қилса, майли, қўяверинг, бир амаллаб чидарман…” дебди.
Она ўғли учун ҳамма нарсани қилишга мажбур экан. Боз устига бировнинг уйига кириб, бир оғиз пул сўраганига ўн йил қамоқ жазосини бериш мени телба қилиб, тамомила гангитиб қўйган эди.
Адвокат олдим. У иш билан танишиб чиқиб, адолатсизлик бўлганини, ўғлимнинг жинояти атайлаб бўрттирилганини, биринчи марта жиноят содир этгани, вояга етмагани, мактаб ва яшаш жойларидан олинган ижобий характеристикалар ҳисобга олинмаганини айтди.
Кўнглимда умид учқунлари пайдо бўлди…
9.
1999 йилнинг 9 май куни Ислом Каримовнинг Олтин амнистияси эълон қилинди.
Бунга қадар эса мен Президентдан узр сўраб, ариза ёзган эдим. Кўп ўтмай Президент Девони бош консультанти Ғаффор Собировдан: “Ўғлингиз Улуғбек Ешовнинг авф этилишини сўраб ёзган аризангиз кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиниши учун Тошкент шаҳар ички ишлар Бош Бошқармасига юборилди” деган мазмунда жавоб хати олдим.
Шу орада ўғлимдан ҳам хат келди:
“Ойижон, мени Андижон қамоқхонасидан Бухоронинг Қоровулбозорига олиб келишди” деган мазмунда.
Мен ўғлимга жавоб ёздим: “Сен яқинда Президент Амнистиясига мувофиқ қамоқдан озод этиласан, мен у кишидан узр сўраб, ёрдам беришини илтимос қилиб хат ёздим” деб…
10.
1999 йилнинг 4 октябрь куни ўғлим Улуғбекни “Қоровулбозор” қамоқхонаси бошлиғи Толиб Ғофуров қайсидир бир юмуш билан ўз ҳузурига чақиради.
Шунда ўғлим унинг столи устида турган – ўзига нисбатан Амнистия акти қўлланилгани ҳақидаги қоғозга кўзи тушиб қолади.
Улуғбек: “Менга рухсат берсангиз, уйимга кетсам” деганида бошлиқ: “Сенга автобус йўқ. Бор ишингни қил!” деб хонасидан чиқариб юборган.
Ўғлим уч марта бошлиққа мурожаат қилади.
Лекин бу илтимослари ҳам самара бермайди.
Қўлида ҳеч қандай ҳужжати бўлмагани учун ҳам, ноилож қамоқхонада қолиб кетган.
Менга ҳам хабар беришмаган…
11.
Ўғлим Улуғбек “Қровулбозор” қамоқхонасининг “Критий” режимида бўлган.
“Особый” режим билан “Критий” режимга ҳам ўша Толиб Ғофуров бошчилик қилган. Унинг оиласи – Рита Ғофурова майор унвонида бўлиб, қамоқхона касалхонасининг “кожный” (дерматология) врачи экан.
Мен кейинчалик Бухоронинг Қоровулбозорига борганимда бу аёл билан танишиб қолдим. Бу ҳақда кейин батафсил айтаман.
Ҳозирча, унинг эри ҳақида гаплашсак.
25 октябр кечаси қамоқхона бошлиғи Толиб Гофуров ака-ука Абдуллаев Шухрат ва Абдуллаев Шукур, ҳамда Асқаров Мух заффарларни “особый” режимга олиб ўтиб турмадаги авторитет – мафия бошлиғи бўлган Левинев Борис Левиневични осиб ўлдиришни буюради. Улар уни осиб ўлдириш ўрнига бира тўла калласини олиб ташлашади.
31 октябрда кечки пайт турманинг навбатчи нозирларидан бири – Абдукарим Шодиев рация орқали: “Зонада бунт бошланди, маҳбуслар милиция ва соқчиларни гаровга олишяпти, ёрдам беринглар!” деб, марказга хабар қилади.
Шундан сўнг ГУВДдан Равшан Сариков раҳбарлигида бир гуруҳ “ОМОН”чилар “Особый режим”га кириб жуда кўп маҳбусларни отиб ташлашади.
Менинг ўғлимга эса: “Сен зонада бунт кўтардинг, милиция ходимларини гаровга олдинг, одам ўлдиришда қатнашдинг!” деб 97- модданинг 3- қисмини қўйиб, қўл қўйдириб олишади.
Шунда ўғлим: “Менинг қамоқдаги жазо муддатим тугаган, мен уйга кетишим керак эди. Мен ҳеч нарсага қатнашганим йўқ!” деса ҳам қулоқ солишмайди…
12.
Мен эса Амнистияга тушган ўғлим ҳализамон келиб қолади деб, ҳеч нарсадан бехабар уйда ўтираверибман.
21 апрелда мен ишдалигимда ака-ука Абдуллаевларнинг отаси деразамга хат ташлаб кетган экан.
Болаларимни укамга топшириб, эрталаб тонг саҳарда Бухорога кетаман деб турганимда, ярим кечаси телефон жиринглаб қолди.
– Башоратмисиз? – деган аёл кишининг товуши эшитилди.
– Ҳа, Башоратман, десам, мен ҳам Башоратман, мен ҳозиргина Бухородан келдим, Сиздан жуда хафаман деди. Ўғлингиз Улуғбек Амнистияга илинган экан. Нега бориб олиб келмадингиз. Агар ўша вақтда борганингизда бола бечора шунча балога гирифтор бўлмасди, – деди…
“Зонада нималар бўлди десам, ҳамма бало турманинг хўжайинида, ўша ака-ука Абдуллаев билан Асқаров Музаффарни “Особый режим”га олиб ўтиб, сизлар бир мафияни ўлдирдинглар деб, қўл қўйдиришга мажбурлаяпти.
Менинг ўғлим Ражабов Анвар ҳам сизнинг ўғингиз Улуғбек Ешов билан бирга худди шу айблов билан айбланяпти. Зонада бунт кўтарганликда жами 16 кишини айблаб, суд қилишяпти. Зонанинг бошлиғи ҳам улар билан бирга ўтирибди. ”, – деб қолди.
Бу энди 2000 йилнинг гапи…
13.
Шундай қилиб, минг бир изтироб ва ўй билан Бухорога жўнадим.
Мен хеч кўрмаган Бухоронинг Қоровулбозорида тунаш учун квартира излаб юриб, Тўқсонбой ота билан танишиб қолдим. Ўғлим билан бўлган воқеаларни айтиб бердим.
Синглим мен бу гаплардан яхши хабардорман. Бугун кампиримнинг вафотига йил оши бераяпман. Ўғлим билан неварам ўша ерда ошпазлик қилишади. Бугун улар ҳам келиши керак. Сиз шу ерда қолинг, уй кўп, менга бир сўмингиз ҳам керак эмас деди.
Ўзи ота онадан етим қолиб, қамалиб чиқиб, тўққиз фарзанд кўрганини айтди. Бундан уч йил бурун икки ўғли автоҳалокат боис бир кунда вафот этганини, катта ўғлининг – тўрт фарзанди, кичик ўғлининг – икки фарзанди тирик етиб бўлиб қолишганини, кампири бу айрилиқ азобларига чидолмай вафот этгани ҳақида кўзда ёш билан сўзлаб берди.
Ўша куни маърака ошига келган турма нозирлари ҳам ўзи қотмагина, қорачадан келган тошкентлик йигирма беш яшар йигит Улуғбекни яхши танишларини, унинг айби исботланмаганини, лекин барибир ўлим жазосига ҳукм қилинганини айтишди…
14.
Эртаси куни эрталаб судга кетмоқчи бўлиб хонадан чиқишим билан уй эгаси ўғли Насимга: “Опангни судгача машинангда элтиб қўй!” деб айтди.
Милицияга паспортимни кўрсатиб, Ешов Улуғбекнинг онаси эканимни тушунтириб, судга кириш учун рухсат сўраган эдим: “Бир оз кутиб туринг, ҳозир судья чиқади” деб айтди навбатчи милиционер.
Бир оздан сўнг судья чикиб, мен билан салом алик килганидан сўнг мен Шавкат Чориевич Файзиевга: “Сизлар нега мени боламни суд киляпсизлар у жазо муддатини ўтаб бўлган эди, нима учун олиб қолдинглар? Боламга адолат қилинг. Мен барибир ҳақиқатнинг тубига етаман!” деб айтдим.
Сўнг суд залига кирдим.
Ўғлим мени кўриши билан кўзлари қувончга тўлди. Лекин бизни учраштиришмади, гаплашишга ҳам қўйишмади.
Ўғлим жуда ҳам озиб, кўзлари ичига тушиб кетган эди. Оёғида оқ ип билан тикилган эски тапочка, пайпоқсиз ҳолда, темир панжаранинг ичида мунғайиб турарди.
Иккала қўли ҳам кишанланган. Темир панжаралар орасидан бирор егулик нарса ҳам узатишнинг ҳеч иложи йўқ эди. Бунга рухсат беришмасди. Кўз ёшларим шашқатор бўлиб, ўғлим билан сўрашдим.
У эса мени: “Йиғламанг, ойижон!” – деб юпата бошлади…
15.
“Улуғбек, нима иш қилиб қўйдинг? Нега сени бу ерга олиб келишди? Фақат менга ростини айт, ўғлим!” – деб йиғлаб, ялиниб ёлвордим.
Узоқ йиллардан бўён кўролмаган ўғлимни қучоқлаб, бағримга босай десам, ўртада темир панжаралар бор. Соқчилар яқинлашгани ҳам қўйишмади.
Улуғбек эса панжара ортидан: “Ойижон, мен Сизга ёлғон сўзламайман, менга ишонинг. Мен уйга кетишга тайёрланиб юрган эдим. Ҳеч нарса қилганим йўқ. Судда қатнашсангиз, ҳаммасини билиб оласиз. Бу ерга келтирилган гувоҳлар: “Улуғбекнинг қўлида пичоқ, тош ва арматура бор эди!” деса. Ишонманг. Улар менга тўҳмат қилишяпти!” деб йиғларди.
“Улуғбек, сени уришдими?” деган саволимга эса бошини қимирлатиб: “Улар мени ҳамма нарса қилишди…” деб жавоб берди…
16.
Судда иштирок этган айбланувчи Абдуллаев Шукурнинг кўргазмаси: “Россиялик “Вор закон” – Борис Левинни мен, акам ва Асқаров Музаффар – биргалашиб ўлдирдик. Бизларни Толиб Ғофуров “Особый зона”га олиб ўтиб, шунга мажбур қилди. Улуғбек бу ишга умуман аралашган эмас. У уйига кетиши керак эди. Бу ерда айбланаётган бошқалар ҳам айбдор эмас. Яна бир бор такрорлайман: Уни фақат биз ўлдирдик. Улуғбек ва бошқаларнинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқ!”
Сўнг сўзга чиққан зона прокурори Аҳмад Тоғаев: “Улуғбекнинг қўлида штир пичоқ бор эди, мен чап елкамдан енгил яраландим” деб кўргазма берди.
Танаффусда мен Улуғбекдан прокурорнинг сўзлари ростми деб сўради. У: “Ёлғон! Тўҳмат!” деб жавоб берди.
Сўнг ўғлимга сўз берилганида, у ўз сўзида шуларни айтди: “Менинг бу ишга мутлақо алоқам йўқлигини Левинни ўлдирганларнинг оғзидан ўзларинг эшитиб билдиларинг. Мени онам югуриб елиб амнистига илинтирган эди. Мен шу амнистиядан бир кунини хам фойдаланмадим. Ёлғиз онам мени не ҳасратларда катта килган эди. Мени уриб, қийнаб қўл қўйдириб олдинглар. Майли, азоблардан қутулай деб, қўл қўйиб ҳам қутулмадим. Мен ҳар куни кечаси роса уришарди. Охири бу хўрликларга чидолмай, азоблардан қутулай деб, иккала қўлимнинг томирларини кесдим – қўлимни тикишди. Лекин уришни тўхтатишмади. Ўзимни осдим – кўриб қолишди. Шундан сўнггина уришни тўхтатишиб, мени бошқа изоляторга ўтқазишди…”
Ўғлимнинг суд залидаги бу даҳшатли сўзларини эшитиб, мен ўзимни тамомила йўқотиб, ёмон бўлиб қолдим…
17.
Турманинг ҳибсга олинган бошлиғи Толиб Ғофуровга сўз беришганларида: “Зона”да ҳеч қанақанги бунт бўлган эмас, нега ёлғиз мен жавоб беришим керак экан. Менга Борис Левинни ўлдиртиришни Тошкентдан – Управлениядан Равшан Сериков буюрган эди. Мен унинг айтган топшириғини бажардим, холос.
Мен бу ишни амалга ошириш учун ака-ука Абдуллаевлар билан Асқаров Музаффарни 25 октябрь кечаси “Особый зона”га олиб ўтганимда, ҳамма ёқ жим-жит эди. 31октябр куни кеч соат 10 ларда Изолятор бошлиги Абдукарим Шодиев, Норов, Пўлатов, прокурор Тоғаев, Бухоро ГУВД бошлиғи Ҳамидулла Мирзараҳимовлар зонада туришган эди.
Шодиев рация орқали “Зонада бунт бошланди. Милициянер ва соқчиларни “Зек”лар гаровга олишяпти!” деб тошкентга хабар қилди. Шунда мен: “Зонада бунт бўлмаган, жим-житлик-ку, нима керак бу гапларни, ундай қилманглар, десам қулоқ солишмади.
Шунда Равшан Сериков бошчилигида Тошкентдан “ОМОН”чилар вертолетда учиб келиб, Шухрат, Иззат ва Эркинни калтаклаб ўлдиришди. Абдуллаев Шуҳратни қозиқни бўйнидан тешиб, осиб қўйишган эди, – деди ҳибсга олинган зона бошлиғи Толиб Ғофуров.
18.
Ниҳоят қўрқинчли туш каби ўтган суд маҳкамаси якунланиб, ҳукм ўқилди.
Суд – қораловчи прокурор Тоғаевнинг таклифини маъқуллаб, Толиб Ғофуров, Абдуллаев Шукр, Асқаров Музаффар ва Улуғбек Ешовларга ўлим жазоси белгилади…
(Абдуллаев Шуҳратни зонага вертолет билан учиб келган “ОМОН”чилар уриб ўлдиришган эди).
Бошқасини эслолмайман. Ҳушимдан кетганимни биламан. Сўнг юзларимга сув сепиб, ўзимга келтиришгандан кейин коридорда: “Ўғлимга қўшиб, мени ҳам отинглар!” деб роса дод солдим.
Ўғлимнинг умидсиз нигоҳларидаги тушкунлик ва оҳ – мени адойи тамом қилиб улгурган эди.
Шунда мени икки нафар милиция ходими қўлларимдан судраб, ташқарига олиб чиқиб ташлашди.
Одамзот бу дунёда ҳамма нарсага чидаркан.
Ўшанда қандай қилиб тирик қолганимга ҳайронман…
19.
Бир неча кун ўз ёғимда ўзим қоврулиб юрдим.
Ҳукмни олиш учун борганимда болаларимга ўлим жазоси берилишини сўраган прокурор Тоғаев белида белбоғ ва дўппи кийган ҳолда бошларини эгиб, ёнимдан ўтиб кетди.
Шунда Нодира, Мавлуда деган адвокатлар: “Башорат опа, Сиз ўша куни буларни роса қарғаганингизни ҳаммамиз эшитдик. Тоғаевнинг битта-ю, битта, ёлғиз ўғли йигирма икки ёшида ўзини осиб қўйибди. Каттақўрғонда данғиллама қаср қурган экан. Мана энди ҳаммаси эгасиз қолиб кетди”, – дейишди менга.
Бировларнинг бегуноҳ фарзандларига ўлимни раво кўрган одамнинг ўзини Яратган Эгам мана шундай қилиб қаттиқ жазолади.
Менга қолса, ўша ўғли ҳам яшасин эди.
Отасининг касофати урибди-да, на чора…
20.
Одамзотнинг иродаси метиндан десалар ишонмасдим.
Мен ҳам секин аста бошимга тушган бу азоб уқубатларга куника бордим.
2001 йили 1август куни ҳарбий кийим кийган бир йигит менга Улугбекдан хат олиб келди. Мен Тоштурмага келдим ойижон деб ёзибди.
Ўғлимга ўлимни раво кўрган ҳукм – 2000 йилнинг 21июнида ўқилган эди.
Мен 2001йили 4 август куни Тоштурмага бориб, ўғлим Улуғбек билан учрашдим. Укаси ва синглиси – Отабек билан Шахлони кўриб сал кўнгли ёришди.
“Отабек, катта бўлиб қолипсан-ку, сен энди уйнинг каттасисан, ука. Ойижонимни, Шаҳлони хафа қилма, уларга яхши қара”, деди.
Сўнг менга: “Ойижон, Сиз Сайёра Рашидовага бориб учрашинг, мен ҳеч кимни ўлдирмаганман. Олдинги жиноятим учун эса – жазоимни олиб бўлган эдим. Улардан илтимос қилиб кўринг, менга ёрдам беришсин!” деб ялинди.
Ўғлимнинг ёлворишларини кўриб, юрак бағрим ситилиб кетди.
Қани энди қўлимдан келса-ю, ўғлимни ноҳақ жазолаган адолат посбонларини бир бир топиб, адолатсизлик қилишганини тан олдирсам, уларнинг ҳаммасини – Президентдан тортиб то қораловчи прокурорига қадар қонуний маҳкамага тортсам.
Ўғлимнинг пок номини оқласам, уни ноҳақ ҳукм қилинган – ўлим жазосидан олиб қолсам…
Шундай одил жамият борми бугун Ўзбекистонда?!
21.
Мен Тоштурма бошлиғининг қабулига кириб: “Ўғлимнинг ҳеч қандай айби йўқ, ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилишди. Менга ёрдам беринг” деб ялиниб ёлвордим.
У менга Ички Ишлар вазири ўринбосари, республика қамоқхоналарини назорат қилувчи бошлиқ – Ражаб Қодиров қабулига ариза билан боришимни маслаҳат берди.
“Опа, сиз йиғламанг, ҳар ойда ўғлингиз билан учрашишга ҳаққингиз бор. Ҳукм икки йилгача ижро этилмай туради. Ўшангача югуриб қолинг. Яна такрорлайман: Ўғлингизни икки йилгача отмайди. Ўғлингиз касал бўлса, даволашади. Уни ҳатто уйлантириб қўйишга ҳам ҳаққингиз бор.
Уларнинг ўзи ҳам шикоят ёзиши мумкин.
Отилганларнинг иши бир неча маротаба қайта ва қайта кўриб чиқилади, ҳукм тўғри чиқарилгани п ипидан игнасигача синчиклаб ўрганилади…”
22.
Сентябр ойида Тоштурмага борганимда ўғлим билан куришишга рухсат беришмади, бошлиқ ўзгарган экан.
Мен ўғлимни бошқа кўрмадим.
2003 йил 9 июнь куни мен билан – ўлимга ҳукм этилган Абдуллаев Шукрнинг отаси – Сотиволди ака Ички Ишлар вазирлиги (МВД) биноси олдида пикет ўтказдик.
Вазир Зокир Алматов бизларни қабул қилсин деб талаб қўйдик.
Бизларни Зокир Алматовнинг ёрдамчиси Аҳмад Усмонов, Алишер Шарофудинов ва яна бир киши қабул қилди.
Сотволди ака гап бошлади. Катта ўғли Шуҳратни “ОМОН”чилар уриб ўлдиришганини, кичик ўғли Шукр ноҳақ ўлимга ҳукм қилинганини гапириб берди. Сўнг: “Майли, менинг болаларим озми кўпми жиноят қилибди, лекин мана бу бечора аёлнинг ўғлида нима айб, у нима жиноят қилган?” деди.
Мен энди гап бошлаб турган эдим, вазирликдаги Абдукарим Шодиев дегани эшикни очиб, кириб келди-да, менга қараб: “Буларнинг ўғли жиноятчи, зонада бунт кўтарган, милиционерларни гаровга олиб, одам ўлдирган!” деб айтди.
Шунда мен: “Сиз ўзи кимсиз? Ўғлимни жиноят қилган деяпсиз, бир гувоҳ – қўлида арматура бор эди деди. Яна бирови – кулида тош бор эди деди. Яна бир гувоҳ – зона прокурори – қўлида пичоқ бор эди, мен чап елкамдан енгил яраландим деб айтди. Уларнинг қайси бири ҳақ?!
Судя эса – азиз биродарлар, мени кечиринглар, менда айб йук, мен бу ҳукмни ўқимайман, суд жараёнида ота-оналар фарзандларининг бегуноҳлигини билди, улар даъво килишади, десам ҳам: “сен шу ҳукмни ўқийсан!” деб мени мажбур қилишяпти деди, – деб айтдим.
Қамоқхона бошлиғи эса – Ешов Улуғбекнинг жазо мудати тугаган, ўзи амнистияга илинган эди, мендан рухсат сўраганида автобус бўлмагани учун рухсат беролмадим”, – деб судда кўрсатма берганини эслатдим.
Шу билан бирга у қамоқхонада ҳеч қандай бунт бўлмаганини айтиб: “Нега мен бир ўзим жавоб беришим керак экан? Менинг ёнимга Абдукарим Шодиев, Норов, Тоғаев, Пўлатов ва Мирзараҳимовларни ҳам олиб келиб, панжарага киритиб қўйишларинг керак!” деганини ҳам айтиб бердим.
Менинг бу айтганларим суд протоколида ҳам қайд этилган деб сўзимни якунладим.
Бу гапларни эшитиб, Шодиевнинг дами ичига тушиб кетди.
Сотволди ака – суд ҳукмини ўқишётганда оғзи-бурнидан қон оқиб, инфаркт бўлиб, касалхонага тушиб қолганини ҳам уларга айтиб бердим.
Шунда вазир ёрдамчиси Аҳмад Усмонов Шодиевдан: “Буларнинг ўғилларидан хат ва қора яшикда кийимлари келмаганми?” деб сўради.
Шунда Шодиев: “Йўқ, уларнинг болалари Тоштурмада”, – деб жавоб берди.
Мен қачон ўғлим билан учрашувга рухсат берасиз дедим.
– Ҳукм ўзгарган куни! – деб жавоб беришди…
23.
Ички Ишлар вазирлиги биноси олдидаги пикетимиз ва вазирлик масъуллари билан билан бўлган ўша учрашувимиздан роппа роса бир ой ўтиб, 2003 йили 9 июль куни менга ўғлимни ўлимлиги хакида Бухородан Рахимов имзоси билан хат келди.
Хатда ўғлингиз 2001 йилда ўлган дейилган, лекин сабаби ёзилмаган. Мен ундан кейин ҳам ўғлим билан бир неча бор кўришганман-ку. Боз устига ўғлимнинг паспортида тожик деб ёзилган эди. Ўлим топганлиги ҳақидаги гувоҳномада эса миллати ўзбек деб ёзилган.
Қолаверса, ўғлимни Тоштурмаган олиб келишган эди. Мен уни ҳатто бориб кўрганман болаларим билан. Унинг ўлими ҳақидаги гувоҳномани менга Тоштурмадан юбормай, нега энди Бухородан юборишган.
Буларнинг қайси бирига ва кимга ишонишни ҳам билмай қолдим.
Мен ўғлимнинг ўлганига ишонмайман.
Юрагимда нимадир унинг ҳануз тириклигини, ўлмаганини айтиб турибди…
24.
Башорат опанинг изтиробларидан хабар топган кундан бўён – улар менинг ҳам аччиқ ва аламли кўнгил изтиробларимга айланиб қолди.
Мана энди улар – бутун дунё ўзбекларининг изтиробига айланди.
Нега шундай? Нега Башорат опага ўхшаш неча ўнлаб ва юзлаб аёлларимиз то ҳануз адолат ва диёнат истаб, адолатсизлик ва диёнатсизлик қурбони бўлиб юришибди?
Ўзбекистонда биз шундай – ноҳақликка асосланган жамият қурилишини орзу қилганмидик?
Фарзандларимиз емаган сомсага пул тўлаб, арзимаган кичик бир безорилик учун отилиб кетиши керакми?
Ички Ишлар вазирлиги тизимидаги бу ноҳақлик ва бедодликлар қачон барҳам топади?
Бутун Ўзбекистон ёшларини ҳар гал ўз фарзандим деб, бағрига босиб, оғиз кўпиртириб гапиришни хуш кўрадиган Президент жазо ўташ колонияларидаги бу даҳшатли воқеалардан хабардорми?
Нега Башорат опа ҳануз ўз ўғлининг тирик ва ё ўликлигидан бехабар?
Биз Ўзбекистондаги тегишли идора ва вазирликлардан, агар уларнинг қалбида заррача инсоф ва диёнат ҳали ҳам бор бўлса, бу воқеага ойдинлик киритиб, муносабат билдиришларини, эгилган ва қадди дол адолатнинг қарор топишида жонбозлик кўрсатишларини сўраб қоламиз.
Сўнгсўз ўрнида:
Ўзбекистондаги судлов тизимидаги адолатсизликлардан қочиб, Швецарияда қўним топган Башорат опа куни кеча ўзларининг таваллуд кунларини нишонлаган эдилар.
7 апрелда эса Улуғбекнинг туғилган куни.
Ўз таваллуд кунини бир амаллаб ўтказадиган Башорат опа учун 7 апрелни кутиб олиш қанчалар оғир ва азобли эканини яхши биламан.
Ўз жигаргўшаси бўлмиш жондан азиз фарзандининг тирик ва ё ўликлигини билмай яшашдек оғир ва қийин бир азоб бор Башорат опанинг оналик гарданида.
Тириклик ва ўликлик оралиғида муаллиқ осилиб қолган Улуғбек 41 ёшга тўлди.
Бу ёш – йигитликнинг энг гуллаган навқирон фасли.
Бугун юрагимда фақат бир орзу бор: Муборак кунларнинг бирида дунёнинг энг сўлим ва хушманзара гўшаси бўлмиш – Швецариядан – Башорат опадан хушхабар келишини кутиб яшайман:
– Ўғлим тирик экан, – деган хушхабарни…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
7 апрель, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
17 шарҳ
-
Assalomu alaykum Dunyo Ozbeklarining muxlislari. Bosh muxxarriri Ismat Xushev sizni men uchun qimmatli vaqtingizni mendan ayamay kechani kecha kunduzni kunduz demay ichimdagi dard alamlarimni oq qogozga tushurib menga yaqindan xamdard bolganingiz uchun sizdan minnatdorman. Meni ogir kunlarimda menga xamdard boldingiz. Ilohim quvonchli kunlarimda xam xursandchiligimga sherik boling, Oltin boshingiz omon bolsin sog boling niyatlaringizga eting ukajon. Sizga xurmat bilan Bashorat opangiz.
-
Башорат опанинг тилаклари ижобат бўлсин. Ишлари ўнгидан келсин. Ўғли топилсин.
-
Исмат ака инсонларга малҳам берадиган, уларни тақдири билан қизиқадиган савоб ишни бошлабсиз. Сизни шунча охири кўринмайдиган юмишларингиз бўлсада. Муҳолифат ҳақидаги қизиқишларингиз биз муҳолифатдагиларни хурсанд қилди. Сизни нашрингизни кўпчилик ўқийди таъсири ҳам оммага бошқача. Ҳаракатларингизга омад чин юракдан тилайман. Агар Президент Ўзбекистонни обод қилишни истаганида эди, сизни хеч қачон чет элга чиқариб юбормаган буларди. Шунинг учун куп куйинманг. Шоҳнинг истагани эмас, Оллоҳнинг буюргани булади. У нимани буюришини яқинда кўрасиз…
-
Башорат опа Эшованинг ўғлига туҳмат қилган прокурор, Тоғаевнинг ўғли Аброр Тоғаев ҳам ҳозирги кунда прокурор булиб ишлаяпти (прокурорнинг ўғли прокурор чупоннинг ўғли чупон буладида Узбекистонда). Аброр Тоғаев отасидан ҳам утган одамларга туҳмат қилишга, одамларнинг нарсалрини дуғ-пупуса билан тортиб олишга. Жуда купчиликка озоб бериб келаяпти. Аброрнинг отаси Башорат опанинг ўғлига ифлослик билан туҳмат қилган одамнинг боласи ҳозирги кунда Узбекистонда прокурор билиб ишлаб юргани нимадан далолат беради, бу бола отасидан ҳам ўтаяпти ҳозирги кунларда.
-
Жуда яхши ва юракдан ёзилган мақола. Худди бир драматик асар ўқигандай таъсирландим…
-
Assalomu alaykum qadrli dostlar, qadrli jurnalist ukam Ismat Xushev oz vaqtini sarflab meni boshimdan kechirgan azob uqubatimga sherik b`olib vaqtini ketkizib onalar qalbini iztiroblarini oq qogozga yozgan Ismatjonga oz minnatdorchiligimni bildirmoqchiman. Sira kam bolmanglar men k`organ kechirgan kunlarni sizlar kormanglar azizlarim. Sizlardan minnatdorman.
-
Нақадар даҳшатлик ваҳшийликлар! Тўлиқ ўқиб чиқишга бардошим етмади. Буларнинг ваҳшийликларини эшитган жаллодларнинг болтаси қўлидан тушиб кетади, дўзаҳнинг азроиллари булар боргунича қочиб қолишмаса бошларига итнинг кунини солишади.
Минг афсуслар бўлғайким, буларнинг касофати кўпинча фарзандларига уради!
Башорат опага сабр бардош тилайман, ўғлининг эсон омон кулиб уйларига қайтишини худодан сўрайман! Қўҳна тарих КЎП исботлаган, ЖИНОЯТЛАР ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАГАН, ОНАЛАРНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ ТОШЛАРНИ ЁРАДИ!! -
-
Ҳурматли Башорат опа!
Дунё Ўзбеклари туфайли сизнинг мушкулларингиз осон бўлишини миллионлаб инсонлар чин юракларидан дуо қилиб туришибди.
Ахмад Хожи домла тўғри айтибдилар.Жамиятда жадал суъратлар билан яхши томонга ўзгаришлар бошланган.
Куч ишлатар тизимларининг,бир хафта олдин ҳам ўзини тутолмаётган,оғзидан чиқаётган гапига илон пўст ташлайдиган ходимлари мулойимлашиб қолишди.
Ха нима овозинг пасайиб қолибди,маъзанг йўқми десам.Ака замон ўзгараяпди,қонунга қараб иш қиламиз дейди.
Муомала маданияти қийинчилик билан бўлса хам амалга ошаяпди.
Кечаги одамхўрлар ҳам бугунга келиб нон ейиб бошлашса ажабланманг.
Худо насиб этиб барча мушкулларингиз осон бўлади.
Биз эса доим дуода бўламиз!!! -
Башоратхонга сабр тоқат тилаймиз.
Мен ҳар доим Башоратнинг ўғлининг омон-эсон қутилиб чиқиши учун дуо қиламан.
Қонхўр Каримов кетиб, Мирзиёев келди иқтидорга. Ноумид шайтон, Башоратхоннинг ўғли ҳам чиқиб қолар насиб бўлса.
Агар шундай кунлар тезроқ келса, мен Башоратни уйи(европа)га бориб табриклайман.
-
Синглим Башоратхон, сабрли бўлинг.
Бу борада ўзим ижод қилган қуйидаги тўртликни келтирай:
Ризо керак – тағдирига,
Шукур керак – бул кунига,
Сабр керак – қийинчиликка,
Умид керак – яхши кунга.
Қуръони карим ва Тасаввуф илми асосида ижод қилинган ва ўзим учун ҳам дастури амалга айланган бу ўгитга ўзим ҳам амал қилиб кам бўлмадим.
Ахир мамлакатимиздаги шу кучишлатар тармоқлар вакиллари ёки терговчи қамоқхоналардаги амалдорлар ҳаммаси бошқа дунёдан келиб қолмаган ку! Ўзбек жамиятини бир булагидир. Демак ҳа деб уларга айбни тункаш ҳам тўғри эмас. Турмадаги шундай ҳолатни яралишига сабабчи бўлган, аслида мавжуд давлат бошқарув режимидир. Исмат Хушев уз хотираларида хам айнан шу нарсани такидлаб келади. Бугунги маколада хам шу нарсалар тилга олинган. Башорат опанинг изтиробларига шерикмиз.
Ўзбекистонда аҳвол мана шундай озгина айбинг бўлса ҳибисхонага тушсанг бас! Сени одам ўлдиргандек даражага солади. Атайлаб шантаж қилади, қурқитади. Мақсад сени борингни шлиб олиш. Бу терговчи қамоқхона нозирлари аслида жиноятчилардан ҳам баттар юлғуч, порахур, одамларни бахтсизлиги орқасидан кун кўрувчи болаларига харом луқма едирувчи касофатилардир. Башорат опани бошига тўшган нарса ҳар қандай юртдошимизни бошига тушиши мумкин. Шу нарсаларни ажрим қилиб, опанинг дил изтробларини қаламга олган талантли журналист И.Хушевга минг рахмат.
Shurlik onaizor sabr bersin , bu qanday jamiyat buldiya fuqarolarni haq huquqlari bir tiyinlik qiymatga xam ega bulmay qoldi afsus .