• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Vodiymedia сайтида ўзига хос янгилик: Араб имлосида ўзбекча хабарлар!

Мар 5, 2017
Vodiymedia сайтидаги ўзига хос янгилик: Араб имлосида ўзбекча хабарлар! 
Бугун дунёда ижтимоий тармоқлар, хусусан интернет фаолияти жадал ривожланиб бораётган шу долғали кунларда ахборот ва маълумотнинг куч-қудрати ниҳоятда ошиб бормоқда. Бундай ҳолда эса, табиийки, хабарнинг тез ва қисқа вақт ичида тарқатилиши катта аҳамиятга эга. Айни пайтда бугунги кунда бутун дунё интернет макони бир ҳовуч қудратли медиа кучларининг ахборот тарқатиш монополиясига айланиб қолгани ҳам — тан олишимиз лозим бўлган аччиқ бир ҳақиқатдир.
Ўзбекистонда бўлаётган турли ўзгаришлар, янгилик ва ислоҳотлар ҳақида хорижда туриб тезкор маълумот олиш жуда қийин. Ўзбек ёки рус тилини яхши биладиган ва тушунадиганлар, ўзбек сайтларига кириб янгиликлардан бохабар бўлиши мумкин, албатта. Лекин минг афсуски, жаҳон тилларида материал бериб борадиган ўзбек тилидаги сайтлар, бармоқ билан санарли.
Хориждаги оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаётга оид ижобий материалларни таржима қилишини кутиш —  ёзда қор ёғишини кутишдек бир гап. Шунинг учун хориждаги ҳар бир ўқувчи учун ахборот маконида курашиш ва унинг диққат — эътиборини қозониш лозим  бўлади.
Наманганда ҳақиқий жонкуяр ва  ватанпарвар бўлган журналист  укаларимиз Дилмурод Жумабоев ва Анвар Икромовлар томонидан ташкил этилган Vodiymedia.uz ахборот портали биринчи кунданоқ бу борада катта ва ибратли ишлар олиб бораётгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Уларнинг ахборот маконига дадил, ўзига хос услуб билан кириб келганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Улар бугун нафақат Наманганда, балки бутун Ўзбекистонда ҳам ўзбек журналистикаси меъзонларини баланд чўққиларга кўтариб, ғайрат шижоат билан ижод қилмоқдалар.
Янги Президент ўзбек жамиятига олиб кираётган янги ва яхши ҳаёт қувончлари, ўзгариш ва янгиланиш насимлари, демократия ва ҳур фикрлик муждалари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигининг илк кунлариданоқ Vodiymedia саҳифаларида ўз ифодасини топа бошлади. Шунинг учун ҳам биз “Дунё ўзбеклари” саҳифасида бу нашр эълон қилган қатор материалларни мунтазам чоп этиб боришни ўзимиз учун шараф ва фахр деб билган бўлсак, не бахт!
Ўзбекистонда кўплаб муҳаррирлар ўзига “самоцензура” қўйиб олиб, ҳали ҳануз штамп материаллар босишдан нарига ўта олмаётган бир пайтда -Vodiymedia томонидан ўта жиддий ва таҳлилий материаллар эълон қилинаётгани эътибор ва эътирофга молик бўлган хайрли ва савобли ишдир.
Ҳа, биз бугун Олис Америка қитъасида туриб, яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтишни истаймиз:  Vodiymedia — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларни ёритиш ва ҳаётга тадбиқ этишда — республиканинг бошқа нашрдаги ҳамкасбларига ўрнак бўларди ишларни амалга оширмоқда. “Озодлик” радиосининг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим нохолис ва бир томонлама ёритилган мавзуларига, АҚШнинг янги сайланган Президенти Дональд Трамнинг баъзи баҳсталаб Қарор ва Фармонларига ўз принципиал қараш ва фаразлари, танқидий фикрларини журналистик этика доирасида — одоб ва маданият билан очиқ ойдин билдираётгани ҳам нашрнинг диққатга сазовор ва жасоратли ишларидан биридир.
 Vodiymedia жумладан, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий масалалар борасида ўзига хос ислоҳот таклифлари бераётгани, журналистиканинг жамиятдаги ўрни ва ролини юксалтираётгани, ўзбек матбуотига янги ҳаво олиб кириш билан бирга, кўплаб бошқа оммавий ахборот воситалари учун ижод майдони «сарҳад»и ва “планка”сини анчагина кўтариб ҳам берди…
Ўзбек тилидан ташқари русча ва инглизча материаллар ҳам бериш билан чекланиб қолмасдан, Vodiymedia ижодкорлари энди янги лойиҳага қўл урдилар: Ўзбекистон хабарларини дунёнинг араб имлосида ўқувчи мамлакатлари, хусусан Афғонистон, Эрон, Покистон, араб давлатларида яшовчи, лотин ва кирил ёзувини ўқишда қийинчилик кўрадиган ўзбеклар учун эски ўзбек имлоси, яъни араб графикасида ўзбекча материалларни бериб боришни йўлга қўйишди!
Бу билан жуда катта ахборот аудиториясига кириб борилди, сабаби — ўн миллионлаб хориждаги ўзбеклар Ўзбекистонга оид ахборотнинг фақатгина ўзлари яшайдиган мамлакат матбуотига етиб келган қисми билангина танишиш имкониятига эга эдилар, холос. Шунда ҳам таржимада! Vodiymedia  бошлаган янги ва хайрли лойиҳа бу борада жуда катта истиқбол уфқларини очиши шубҳасиз.
“Дунё ўзбеклари” — Vodiymedia.uz ахборот порталининг бу янги ва яхши ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг келгусидаги ижодий ишларига омад ва зафарлар тилаб қолади…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
5 март, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

Суратда: Vodiymedia.uz асосчилари, истеъдодли журналистлар Дилмурод Жумабоев (чапда) ва Анварбек Икромов (ўнгда) лар…

فره‌نسيه رواجلنتیریش اگېنتلیگی وکیللری نمه‌نگنده!

فره‌نسيه رواجلنتیریش اگېنتلیگی نینگ (افد) اېکسپېرتلری بېنوه فېور-دیوپېگر و گه‌ېل بلینا اگېنتلیک نینگ تاشکېنتده‌گی بوروسی رهبری رفه‌ېل جازه‌ن باشچیلیگیده نمه‌نگن ولایتیگه تشریف بویوریشدی.


واديمېدیه.اوز سایتی باش محرری انور اکراماو اۉزبېکستانده اگرر ساحه‌ده اصلاحاتلر اۉتکزیش، قیشلاق خۉجه‌لیگی دیوېرسیفیکه‌تسيه‌سی استراتیژيسینی ایشلب چیقیش، رقابت‌برداشلیکنی رواجلنتیریش بۉییچه‌ لایحه‌لرنی عملگه آشیریشگه کۉمکلشیش اوچون جایلرده اۉرگنیش آلیب باره‌یاتگن بو فرانسوز مالیوي انستیتوتی وکیللری بیلن اوچره‌شدی.
— مېن اوچون نمه‌نگن بېگانه‌ اېمس، — دېب گپ باشله‌دی رفه‌ېل جازه‌ن، — اۉن بېش ییل اوّل طلبه‌لیک دوریمده بو اېرده عملیات اۉته‌گنمن. بوگونگی قیشلاق خۉجه‌لیگینی اۉشه‌ دور بیلن سالیشتیره‌دیگن بۉلسه‌ک، اۉزگریشلر کتّه‌، سېزیلرلی دیوېرسیفیکه‌تسيه آلیب باریلماقده. ساحه‌گه زمانه‌وي تکنالوژي‌لرنی جاري اېتیلماقده. مملکتینگیزده آلیب باریله‌یاتگن قیشلاق خۉجه‌لیگی ترقیاتیگه فره‌نسيه رواجلنتیریش اگېنتلیگی حصه‌ هم قۉشه آلسه، بوندن ممنون بۉله‌میز. اگېنتلیگیمیز تاشکېنت بوروسیگه حاضر فره‌نسيه‌دن کوچلی اېکسپېرتلر کېلیب قۉشیلگن. اولر یاردمیده ولایتلرده بۉلیب، قۉللب-قوّتلنیشی مقصدلی بۉلگن لایحه‌لر بیلن تنیشماقده‌میز. مقصدیمیز ولایتلرده لاگیستیکنی رواجلنتیریش، قیشلاق خۉجه‌لیک محصولاتلرینی، قاله‌وېرسه، محصولاتنی یېتیشتیریش جریانینی سېرتیفیکه‌تلشنی خلق‌ارا اندازه‌لرده تشکیل اېتیش بۉییچه‌ همکارلیک قیلیش.
— اوّلامبار، یوکسک مهمان‌دۉستلیک اوچون اۉز تشبث‌کاریمیزنی اظهار اېتیشیمیز لازم، — دېیدی فره‌نسيه رواجلنتیریش اگېنتلیگی نینگ قیشلاق خۉجه‌لیگی، قیشلاق ترقیاتی، بیاخیلمه-خیللیکنی برقرار رواجلنتیریش دیپارتمنتی وکیلی بېنوه فېور-دیوپېگر. – اۉتگن هفته‌ تشریف بویوردیک مملکتینگیزگه. اۉرگنیشلریمیزنی تاشکېنت ولایتیده باشله‌دیک. کۉرگنلریمیز مملکتینگیز نینگ قیشلاق خۉجه‌لیگی باره‌سیده‌گی سیاستینی توشونیب یېتیشگه اساس بۉلدی. اۉزبېکستان قیشلاق خۉجه‌لیگینی قَی یۉنه‌لیشده رواجلنتیرماقچی، بو باره‌ده قنده‌ی ایشلر عملگه آشیریلماقده، بو حقده بیزده تصور پیدا بۉلدی. قیشلاق خۉجه‌لیگی متخصصلری بۉلگنیمیز اوچون بو ساحه‌ده‌گی یوتوقلرینگیزنی کۉریشنی ایسته‌گندیک. اعتراف اېتیش کېره‌ک، یورتینگیز نینگ قیشلاق خۉجه‌لیک ساحه‌سیده صلاحیتی، فایده‌لنیلمه‌گن امکانیتلری جوده‌ یوقاری. دیوېرسیفیکه‌تسيه‌نی ینه‌ده کوچه‌یتیریش آرقه‌لی کتّه‌ اۉسیشگه اېریشسه بۉله‌دی. بو باره‌ده بیز هم کۉمک بېریش نیتیده‌میز.
— اۉزبېکستان قیشلاق خۉجه‌لیگیده قَیسی جبهه‌لرده اینوېستیتسيه طلب اېتیله‌دی، قیشلاق خۉجه‌لیگینی جهان درجه‌سیگه آلیب چیقیش اوچون نیمه‌لر کېره‌کلیگی باره‌سیده فره‌نسيه اۉزی نینگ کتّه‌ تجربه‌سی بیلن اۉرتاقلشیشگه تیار. – دېب، اۉز فکرینی بیان قیلدی فرانسوز اگېنتلیگی اقتصادچیسی، تدقیقاتچی  گه‌ېل بلینا.
مهمانلر نمه‌نگن ولایتده‌گی قطار ایلغار اگراسناه‌ت کومپلېکسلریده بۉلیب، ولایت قیشلاق خۉجه‌لیگی نینگ بوگونگی حالتی بۉییچه‌ اۉرگنیش ایشلری آلیب باره‌دیلر، همکارلیک استقباللرنی محاکمه‌ قیله‌دیلر.
©واديمېدیه

«Дунё ўзбеклари» учун махсус
3 комментария к «Vodiymedia сайтида ўзига хос янгилик: Араб имлосида ўзбекча хабарлар!»
  1. Very bad news
    Uzbekistan not afgani County please remove Arabic alphabet and Persian text and terminologies from uzbek language so, add the Russian or English terminology in uzbek words and phrases

  2. ALLOH sizlardan rozi bolsin . Juda katta hayirli ishga kol uribsizlar . Kelajakda inshaAlloh bizlarning tarihimizni okiy oladigan avlodlar etishadi . Hakikiy tarihimiz Arab harfidagi imloda yozilganini butun olam va barcha farosat ahllari juda yahshi biladilar . Shunday ekan bizlar benasib kolgan u gozal tarihimizdan kelagak avlodlarimiz bahramand bola olsinlar . Albatta bu oris va lotinni ozgartira oladigan pokiza bir gasur naslni Rabbimiz chikarishiga muakkak ishonamiz . Ozining hakiky tarihini va kimning avlodi ekanligini bilib etishgan avlodni hech kim nahak yolidagi talimotiga bura olmaydi . Uzok yillardur oz tarimizdan va tilimiz , dinimiz , harflarimizdan ajralishning okibatlarini korib achinib yashayotganimizni barchalarimiz sezib indayolmaydigan holatlarga keltirildik . Bunday izohlardan kayfiyati buziladiganlarni ham hammalarimiz anik bilamiz . Nima ham kilaylik ? — ahir togrilik bor erda egrilik ham bolmay iloji yokdur …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *