Ҳар йили 27 миллион одам мажбурий меҳнат ва фоҳишаликка мажбурланади.
Ўзбекистон халқаро ҳисоботларда одам савдоси манбаъларидан бўлган давлат сифатида тилга олинади.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон одам савдосига қарши курашга доир қатор қонунларни қабул қилган ва пойтахт Тошкент ҳамда йирик шаҳарларда одам савдосидан огоҳ бўлишга чақирувчи кўп сонли лавҳаларга кўзингиз тушади.
Аммо кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги оммавий ишсизлик ўзбекистонликларни бутун хавфу-хатарларга қарамай, Россия ва Козоғистон сингари давлатлардан иш излашга мажбур қилмокда.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи Меҳмонжон аянинг икки набираси Москва яқинида қулликка тушиб, бедарак кетган ва бир йилдан сўнг жароҳатлар билан уйга қайтишган.
Аянинг айтишича, икки набирасини ноинсоний шароитларда ушлаб, куну-тун ишлашга мажбурлаганлар. Норозилик билдирган вақтлари қаттиқ калтаклаганлар.
Меҳмонжон ая 14 ой мобайнида набирларидан бирон хабар бўлмаган вақтда жуда азобда бўлган.
Би-би-си билан суҳбатда Меҳмонжон ая набираларини сотиб юборган одамларнинг жазосиз қолаётганлигини айтди.
Би-би-си ушбу муаммо юзасидан мунозарага таклиф этади: Ўзбекистон фуқароларининг қуликка тушиб қолишларига қандай омиллар сабаб?
Сиз бу каби ҳолатни бошдан кечирганмисиз? Ё гувоҳ бўлганмисиз?
Бу борада фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk электрон почта манзилига ёда қуйидаги махсус форма орқали юборишингиз мумкин.