• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент диққатига: Фарғонадаги «Меҳнат ва Турмуш» газетаси нега ёпилди?

Май 1, 2017

ҲАР НАРСАНИ ЎЗ НОМИ БИЛАН АТАЙЛИК!
ёҳуд “Меҳнат ва турмуш” газетаси гувоҳномасининг амал қилиши
 суд қарори билан тугатилгани  хусусида
 
Ўзбекистонда мустақил оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилган. Буни Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугун вилоятимизда 80 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг етмиш фоиздан зиёди хусусий секторга тегишли экани, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзи муассислигидаги оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгалиги бу борадаги қонунлар нечоғли демократик тамойилларга мослигини кўрсатади. Газеталарда журналист деган номни улуғлаб келаётган ҳақиқий фидойи ҳамкасбларимиз эл-юрт хизматини шараф билан адо этмоқдалар. Уларнинг меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, унвон ва мукофотлар билан тақдирланмоқда.
Журналистиканинг муқаддас қонунлари бор. Булар холислик, ошкоралик, фақат ҳаёт ҳақиқатига дахлдор ахборот тарқатишдир. Аммо айрим нашр ва шахслар (биз уларни ҳамкасб дейишдан ҳам ўзимизни тийдик) ана шу тамойилларга зид, бирёқлама, тасдиғини топмаган, ҳақиқатдан йироқ, баъзи ўринларда ҳуқуқ ва ваколатини суистеъмол қилиб, журналистик ахлоқ-одоб мезонларидан чиқиб ҳакамлик қилувчи ахборот тарқатиш, шу йўл билан гўё ўқувчилар орасида сохта “обрў” ортириш йўлини танлаганлар. Гап қайси нашр ва шахслар ҳақида эканини англагандирсиз. Куни кеча вилоят хўжалик суди қарори билан “Меҳнат ва турмуш” хусусий газетасига берилган гувоҳноманинг амал қилиши тугатилди. У сўнгги йилларда ваколатли идораларнинг бир неча бор расман огоҳлантиришига қарамай, ОАВфаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси қонунларини узлуксиз равишда бузиб, жиддий хатоларга йўл қўяётганитаъкидланади, суднинг ҳал қилув қарорида.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими “Меҳнат ва турмуш” газетаси фаолиятини ўрганиб, муҳокама қилиб, таҳлил натижаларига кўра 2013 йилдаёқ унинг гувоҳномасини бекор қилиш ҳақида Матбуот ва ахборот агентлигига тавсия берганди. Лекин, у таҳририятга ўз фаолиятини тўғри йўлга солиш, қонунларни хурмат қилиш ва унга итоат этиб фаолият юритишига яна бир имконият берди. Бунинг учун соф эътиқод, хатолардан соғлом хулоса чиқара олиш қобилияти зурур эди. Йўқ, бундай бўлмади. Газета тахламларини варақлар экансиз, унинг саҳифалари бошқа нашр ёки интернетдан олинган мақола, ҳикоя, қиссадан парчалар билан тўлатилади. Аксарият ҳолларда ахборот қайси манбаадан кўчириб босилгани кўрсатилмайди (аслида бу қонуннинг энг оддий талабидир). Бурж ҳақидаги маълумотлар қайта-қайта чоп этилаверади. Вилоятдаги муҳим воқеалар, фидойи инсонлар амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари деярли ёритилмайди. Лекин қайсидир аламзада шахснинг асосланмаган, ўрганиб текшириб кўрилмаган, аксарият ҳолларда ўз исботини топмайдиган мақоласи, гўёки “таҳририятга ариза” шаклида эълон қилинади
“Меҳнат ва турмуш” газетаси таҳририяти ўз фаолияти давомида Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни тўлиқ бажармаганлиги, ОАВ сифатида ахборотларни тайёрлаш, уларни тарқатиш ва фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини суистеъмол қилишга йўл қўйгани бир неча бор қайд этилган. Айниқса, газетада эълон қилинган мақолаларда мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар ҳамда ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар реквизитлари билан боғлиқ бир қатор чалкашликлар, хатоликлар бир неча бор қайд этилди.
Бундан ташқари, газетада эълон қилинган айрим адабий материаллар (ҳикоя, очерклар)нинг бадиий савияси, ижтимоий-тарбиявий аҳамияти ҳам талаб даражасида эмас. Уларда ёшларга оид давлат сиёсатида муҳим саналган ўзаро меҳр-шафқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ваҳшиёна жиноятлардан тийилишга ўргатиш каби тамойиллар тарғиботига зид тарзда шавқатсизлик ва зўравонлик хатти-ҳаракатлари очиқ ифода этилган ҳолатлар кузатилган (газетанинг 2016 йилдаги 34 ва 35-сони).
“Меҳнат ва турмуш” газетасининг 2017 йил 3 февралдаги 5-сонида эълон қилинган “Тилда бошқа, дилда бошқа экан-да?!” мақоласида (муаллиф – Очилбой Бегматов) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсига ҳамда баъзи вилоят ташкилотлари жамоаларига нисбатан уларнинг қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини очиқдан-очиқ тўкишга, фуқароларимиз онгида давлат бошқарувига нисбатан ишончсизлик тушунчасини пайдо қилишга сабаб бўладиган чалғитувчи маълумотлар жойлаштирилган. Таҳририят томонидан ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги текширилмасдан, бир томонлама маълумотларга таянган ҳолда мақолада келтирилган субъектлар обрўсига путур етказилган.
Ариза матнини таҳрирсиз, мутасаддилар иштирокида қўшимча ўрганишларсиз, текшириб кўрмаган ҳолда тўғридан-тўғри эълон қилиниши таҳририят (бош муҳаррир) томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан омма онгида нотўғри фикрни шакллантириш, ахборотни сохталаштириш ва бузиб талқин қилишга уриниш сифатида баҳоланди.
Очилбой Бегматов номидан чоп этилган мақолада шундай дейилади: “Туман аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида колбаса ва тикувчилик цехи очиш учун бино қуриб битказдим… Мана 6 йилдирки, вилоят ҳокими ва туман ҳокимларининг айби билан ўзим қурган биноага эгалик ҳуқуқини оломай сарсонман. Булар мендан нимадир умид қилаётганини ҳам билмай ҳайронман!?”
Далиллар эса Очилбой Бегматов даьвосини рад этади. Аслида у 2014 йил 10 июнь куни туман ҳокими номига мурожаат қилиб, “Тажриба” фермер хўжалиги ҳудудидан ишчилар дам олиш хонаси, омбор, ёрдамчилар хонаси, молхона ва балиқ ховуз қуриши учун рухсат сўраган. Аризага асосан 2014 йил 5 июлда ер майдони танлаш ва ажратиш ҳақида Фурқат тумани ҳокимининг 320-сонли қарори чиқарилган бўлиб, ушбу қарор туман прокуратурасининг 2015 йил 27 февралдаги протестига асосан бекор қилинган. Протестда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгач “Туман ҳокимининг 2014 йил 5 июлдаги 320-сонли қарорини қонунга мувофиқлаштириш ҳақида” 2017 йил 15 февралда қарор қабул қилинган. Аммо О.Бегматов томонидан лозим бўлган ҳужжатлар тақдим этилмасдан, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимлари ўртасида шартнома тузилмаган. Натижада О.Бегматовнинг ҳужжатлари аризачи айби билан тегишли муддатда расмийлаштирилмаган. “Меҳнат ва турмуш” газетаси таҳририяти мақолани чоп этишдан аввал ҳақиқий ҳолатни ўрганиши, эҳтиросли ва одоб доирасидан чиққан муаллиф хулосаларига далилларга таянган ҳолда муносабат билдириши лозим эди.
Мазкур мақола Қўштепа туманидаги “Пахтакор обод сари” фермер хўжалигининг жиддий эътирозига ҳамда раддия берилишини сўраб ариза киритилишига сабаб бўлган. Фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Йўлчиев 20 февраль куни шахсан таҳририятга бориб бош муҳаррир А.Тўхтасиновга қилган мурожаатига нисбатан рад жавобини олган, бу ҳолатда таҳририят раддия  эълон қилишдан очиқдан-очиқ бош тортган. Натижада Б.Йўлчиев раддия хатини Қўштепа туман ҳокимлигининг “Истиқбол йўли” газетасида эълон қилган.
Амалдаги қонунчилик, меъёрий ҳужжатлар, журналистларнинг ахлоқ-одоб Кодекси ОАВда босилган танқидга жавоб бериш имкониятини яратган. Бош муҳаррир А.Тўхтасинов эса бу гал ҳам қонун талабларига бўйсунмаган.
Газетанинг 2017 йил 9 февралдаги 6-сонида эълон қилинган “Сансоларлик, саргардонлик қачонгача?” номли ҳамда 16 февралдаги 7-сонида босилган “Ўзи хон, кўланкаси майдон ёхуд Эркабоевнинг эркаликлари” сарлавҳали мақолаларда ҳам юқоридаги каби текшириб кўрилмаган, далил-исботсиз тутруқсиз таъналар, одобсиз иборалардан иборат даьволар келтирилади. Биз уларни таҳлил қилиб ўтирмоқчи ҳам эмасмиз. Зеро бу мақолалар бундай эътиборга муносиб эмас. Шундай бўлсада, улардан айрим ихтибослар келтирамиз:
“Сизга ҳокимлик хайф, дегим келади!”
“Кўп эркалик қилаверманг, ўртоқ Эркабоев!”
“Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар Фарғона вилоятида шу кун талабига мутлақо жавоб бермайди”;
“Ш.Эркабоев ўзича эркалик қилиб… ўзига ёққан янги қарорлар қабул қиляпти. Бундай ҳуқуқни унга ким берган?!”
“Мақола юзасидан вилоят ҳокими ҳамда Фарғона шаҳар ҳокимидан…зудлик билан газета таҳририятига тўлақонли жавоб беришларини сўраймиз…” ва ҳоказо.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Аслида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбар ёки вакилига нисбатан очиқдан-очиқ дағдаға қилиш, буйруқ ва топшириқ беришга “Меҳнат ва турмуш” газетасининг ваколати бормиди ўзи? Албатта, йўқ!
Ҳаммага маълумки, газета орқали юқоридаги каби нохолис ахборотлар тарқатиш шахс шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказиш саналади. Қолаверса, жамиятнинг бошқарувга ва ёрқин келажакка бўлган ишончига қарши бориш ОАВга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 5-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Қонуннинг 6-моддаси талабига кўра, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 7-моддасига кўра, тарқатилаётган ахборот ҳаққоний бўлиши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 15-моддаси талабларига кўра, давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш орқали таъминланади.
Албатта, мазкур ҳолатда холис хулоса чиқариш газетхоннингҳуқуқи. Лекин, журналистикага бутун умрини бағишлаган инсонлар сифатида бир гапни таъкидламоқчимиз: матбуот майдонига чиқиб сўз айтишга инсоннинг маънавий ҳаққи ҳам бўлиши керак! Биз Фурқат тумани аҳли билан кўп ва хўп суҳбатлашдик. Мана, уларнинг ҳамқишлоқлари ҳақидаги фикрлари:
“Муқаддам судланган Очилбой Бегматов маҳаллалар томонидан ўтказиладиган ҳашарларда, тадбирларда иштирок этмайди. Маҳалла аҳолиси ўртасида умуман ўрни йўқ шахс”;
“Озодлик” радиоси ва интернет орқали мамлакатимиздаги ислоҳотлардан норози бўлиб интерьвю бериб боради”;
“Белгиланган дон сотиш режасини бажармай 25 тонна бошоқли дон маҳсулотини ўз уйига тўкиб олган”…
“Меҳнат ва турмуш” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Тўхтасинов ҳам аслида “фаришта” эмас экан. Фарғона шаҳар Ипак йўли маҳалласида унга шундай тавсиф бердилар:
-“Аҳмаджон ака маҳалла тўй ва совуқ маросимлари, ҳашар ва байрам тадбирларида умуман қатнашмайди. Ҳудуддаги аҳолини назарига илмайди. Ҳаммага “ёзаман” деб пўписа қилади. Маҳалладагилар ҳам уни мутлақо ҳурмат қилмайдилар. “Ёзғучи” деган ном олган…”
Биз ўрганган маълумотлар орасида А.Тўхтасинов вилоят халқ таълими бошқармасининг собиқ раҳбари Зикрилло Тешабоев билан келишиб, гўё “мактаб директорлари ва боғча мудираларини ўқитиш” режасини тузганлар. Уч кунлик ўқиш ўрнига атиги бир неча соатли А.Тўхтасиновнинг “ҳаёт йўли” ҳақидаги суҳбатдан иборат машғулотга вилоят халқ таълими бошқармаси давлат маблағларидан узоқ йиллар давомида ўнлаб миллион сўмларни “Меҳнат ва турмуш” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб келган…
Биз қонун талабларига кўра, ҳозирча тилга ололмайдиган ҳолатлар ҳам борлигидан хабардормиз.
Яқинда масъул лавозим эгаси бўлган, кунда-кун ора телевидение экранидан савлат тўкиб ақл ўргатган, бироқ ишда йўл қўйган хато ва камчилиги учун вазифасидан қонун асосида озод қилинган аламзада “собиқ”лар А.Тўхтасинов ва газетадан фойдаланмоқчи бўлаётгани кўпчиликка маълум.
Журналистнинг ахлоқ-одоб Кодексида шундай дейилади: “Ўзбекистонда профессионал журналист, энг аввало, жамият олдидаги ўз касб бурчини тўлиқ англаб етган ва унинг манфаатлари йўлида хизмат қиладиган, ўзбек халқининг менталитети, тарихи ва анъаналарини ҳурматлайдиган ва ўрганадиган, умуминсоний қадриятларни, демократия ва тараққиётни ривожлантириш, тинчликни мустахкамлаш ишига хиссасини қўшадиган, ўз халқи орзу-умидлари билан яшайдиган инсондир.
 У умумэътироф этилган ахлоқ-одоб меъёрлари, шунингдек, ўзаро муносабатлар меъзонларига риоя этиши, гўзал инсоний фазилатларни намоён қилиши, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурматлаши шарт”.
“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республика Қонунининг 11-моддасида шундай дейилади: “Оммавий ахборот воситалариэълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар”.
Биз демократик тамойиллар қарор топган мамлакатда яшаймиз. Шундай экан, қонун устувор бўлган юртда ҳеч ким ва ҳеч бир оммавий ахборот воситаси амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этмасликка ҳаққи йўқ.
Дониёр Эргашев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист, меҳнат фахрийси.
Энахон Сиддиқова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистон Олий Мажлиси
Сенати аъзоси,
Ўзбекистон халқ шоири.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.
Хадичахон Каримова,
“Ойдин” газетаси бош муҳаррири.
«Фарғона ҳақиқати» газетасидан олинди.

«Дунё ўзбеклари»дан: 
Биз анчадан бўён «Меҳнат ва турмун»  газетасини ўқиб борардик. У ҳали Каримов замонидаёқ холис ва дадиллиги билан бизнинг олис Канададаги эътиборимизни ўзига тортиб улгурган эди.
Ўзбекистонда раҳбар ўзгарганидан кейин эса бу газета республикада биринчилардан бўлиб, давлат раҳбарининг ҳақиқий ёрдамчиси ва авангарди бўлиб майдонга чиқди.
Унда кўтарилган мавзу ва муаммолар Президент Шавкат Мирзиёев бугун давлат мулозимлари олдига қўяётган талаб ва истакларга ҳамоҳанг тарзда ёритилаётган эди.
Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги мазкур газета билан бирга Фарғонага ҳам секин аста кириб бормоқда, танқид ва ўз ўзини танқид тамоилларига амал қилинмоқда деб қувонган эдик.
Янги Президент олиб бораётган янги ва яхши сиёсат берган ошкоралик насимлари бу газета қанотида бутун водий бўйлаб парвоз қила бошлагани вилоят раҳбарларига ёқмаган кўринади.
Нимаймиш:  “Муқаддам судланган Очилбой Бегматов маҳаллалар томонидан ўтказиладиган ҳашарларда, тадбирларда иштирок этмайди. Маҳалла аҳолиси ўртасида умуман ўрни йўқ шахс”;
Нимаймиш: “Озодлик” радиоси ва интернет орқали мамлакатимиздаги ислоҳотлардан норози бўлиб интерьвю бериб боради”;
Нимаймиш: “Белгиланган дон сотиш режасини бажармай 25 тонна бошоқли дон маҳсулотини ўз уйига тўкиб олган”…
Нимаймиш: “Меҳнат ва турмуш” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Тўхтасинов ҳам аслида “фаришта” эмас экан.
-“Аҳмаджон ака маҳалла тўй ва совуқ маросимлари, ҳашар ва байрам тадбирларида умуман қатнашмайди. Ҳудуддаги аҳолини назарига илмайди. Ҳаммага “ёзаман” деб пўписа қилади. Маҳалладагилар ҳам уни мутлақо ҳурмат қилмайдилар. “Ёзғучи” деган ном олган…”
Шунақанги кўча куйдаги деди-деди ва миш-мишлар асосида ёзилган ва бутун бир вилоятнинг кўзга кўринган унвонли кишилари имзо чеккан бу иғво мақолага нега вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўз принципиал баҳосини бермади? Нега журналистларни ҳимоя қилиб чиқмади? Демак у Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугунги талабларига мутлақо жавоб беролмайдиган ҳоким экан-да!
Ҳолбуки, биз «Дунё ўзбеклари»да Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида бир қатор ижобий мақола ва хабарларни ёритган, унинг вилоятда олиб бораётган ибратли ишларидан астойдил қувонган эдик. Наҳот, эрта қувонган бўлсак?
Агар Ўзбекистон Президенти Фарғонада ҳоким бошчилигида ноҳақ таъқиб ва тазйиққа олинган ва охир оқибат ваҳшийларча буғиб, йўқ қилиб ташланган бу газета ва унинг жасоратли муҳаррири дохил барча талантли ва адолатпарвар ходимларини ўз ҳимоясига олмас экан, Ўзбекистонда ҳеч қачон у бошлаган истоҳотлар амалга ошмайди…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
25 март, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

5 шарҳ

  1. Адолат

    Мана шу шахсларни яхшилаб эслаб қолайлик:
    Дониёр Эргашев,
    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
    журналист, меҳнат фахрийси.
    Энахон Сиддиқова,
    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
    вилоят бўлими раиси,
    Ўзбекистон Олий Мажлиси
    Сенати аъзоси,
    Ўзбекистон халқ шоири.
    Муҳаммаджон Обидов,
    Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси,
    Ўзбекистонда хизмат
    кўрсатган журналист.
    Хадичахон Каримова,
    “Ойдин” газетаси бош муҳаррири. – булар журналистлар эмас 9гарчи ҳаммаси амалдорчалар бўлишса ҳам), аслида ҳақиқат ва танқидни пахта қўйиш ва хушомаддан устун қўйган ҳамкасбларини гўштини еяётган, журналист деган номга зиғирча ҳам арзимайдиган ….лар деб биламан.

  2. Мухаммаджон Обидов

    Хурматли Исматжон!
    “Хар нарсани ўз номи билан атайлик” мақоласига билдирган муносабатни ўқидим. Биринчидан мақола Сиз ёзгандек иғво эмас. Қонун йўл берган айтиш мумкин бўлган гаплар ёзилган холос. Аслида айтса, ёзса бўладиган хали анчайин масалалар бор эди. Биз эхтиросга берилмадик. Мен хам Сиз каби матбуот эркин фикрлар майдони бўлишини жуда-жуда хохлайман. Лекин танқид қилиш хуқуқи холисликни, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини тахқирламасликни, далилларнинг хаққоний бўлиши, фикр билдиришда журналистик одобга албатта риоя этишни талаб қилади.
    Сиз бу газетани ўқиб боришингизни ёзибсиз. Аслида газетанинг вебсайти йўқ. Англашимча, уни скайнер қилиб интернет орқали юбориб турганлар. Агар шундай бўлса, Сиз газетанинг мақолада тилга олинган сонларидаги камчиликларни шубхасиз сезган, кузатган бўлишингиз лозим.
    Исматжон! Хулоса чиқаришга шошилмаслигингизни сўраган бўлардим. Вақт хали яна кўп нарсаларга гувох бўлишига ишонаман.
    Хурмат билан
    Мухаммаджон Обидов.

    3 шарҳ

    1. Ҳаким Номозов

      Мақола – ўлиб бўлган журналистиканинг устига чиқиб тепиш бўлибди. Аслида буни мақола деб бўлмайди. Ҳақиқий “ёзғувчи”нинг иши бўлибди. Шахсан мен шу кунгача оддий бир газета хоким ва рахбарчаларга зуғум ўтказганига ишонмайман. Бошқа соха журналистларни нима дейиши бу – уларнинг ҳуқуқи. Аммо журналист журналистни лойга булғаши бу қарға қарғанинг кўзини чўқиш бўлади. Бу мақола – хато қилиб қўйган рахбарчаларнинг ортини ёпиш бўлибди. Журналистлар Сизлардан илтимос ўз ғурурингизни, қадрингизни пул билан баҳоламанг. Бир-бирингизни қўллаб-қувватланг. Агар қўлингиздан келмаса, жимгина четга чиқиб туринг. Журналистларга қарши курашадиганлар шундоқ ҳам ҳар қадамда тиқилиб кетган.

    2. Хусан Хусанов

      якинда янги камокхоналар очилмасайди, худо сакласин

    3. Zohidjon Yegitaliyev

      Жуда хунук иш булибди-да! Нур борки соя бор. Вилоятда ижобий узгаришлар осонликча амалга ошмаслиги аник. Тусиклар хали кучли…

Один комментарий к “Президент диққатига: Фарғонадаги «Меҳнат ва Турмуш» газетаси нега ёпилди?”
  1. Hokim «oppoq kabutar» ayb gazetada «bechora» hokimni bu daraja yomonlash yaxshi ishga olib kelmasligini bilmaganda özbekistonda hokimlar insoniyatni eng oliy irqi buganini. Bilmaganda

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *