• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар (26 — бобнинг 1-қисми)

Май 2, 2017
«Дунё ўзбеклари»дан:
Яқинда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини салкам чорак асрдан бўён бошқариб келаётган генерал полковник Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига бағишланган — ҳали ҳеч қаерда нашр этилмаган янги бобни эълон қила бошлаймиз.
 Шу муносабат билан — Иноятовдан аввал КГБ раҳбари бўлиб ишлаган Ғулом Алиев сиёсий портретига бағишланган бобни яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик…
2 май 2017 йил
Торонто шаҳри, Канада
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 26-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

Ғулом Алиев

Суратда: Ўзбекистон МХХ (КГБ)  раиси, генерал полковник Ғулом Алиев (ўртада) Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгда) ва Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов (чапда) лар билан сессия залида
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу ноёб сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)

 

ИККИНЧИ КИТОБ
26-боб
ХУФИЯ ИДОРАДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР
(Ёки Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳлар)
 
1. 
Ғулом Алиев – Мустақил Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг биринчи миллий раҳбари ҳисобланади.
Мустақилликка қадар Ўзбекистон хуфия идораси раҳбарлари рус ва ё бошқа миллатга мансуб бўлиб, улар бу лавозимга Москва томонидан тайинланар эди.
Ўшанда – Ўзбекистонда эрта бир кун маҳаллий миллат вакилининг хавфсизлик хизматига раҳбар этиб тайинланишини  ўзбеклар етти ухлаб тушида ҳам кўришмаган бўлса керак…
СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – 1954 йилда ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини 1991 йилга қадар давом эттириб келди.
СССР давридаги КГБ нинг асосий вазифаси – Давлат ва ҳукумат хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлган.
Айни пайтда разведка ва контразведка билан шуғулланиш, жиноят қидирув ишларини олиб бориш, Давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш баробарида – КПСС Марказий Комитети ва ҳукумат раҳбарларини қўриқлаш, уларни ташқи хавф хатар ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш ҳам хуфия хизматининг асосий вазифаси ҳисобланган.
Шу билан бирга махсус хизматлар – миллатчилик, ирқчилик, “ўзга фикр” соҳиблари (инакомыслие) ва совет тузуми душманларига (антисоветчики) қарши курашни ҳам ўзларининг биринчи галдаги ва энг муқаддас вазифаси деб билган…
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам махсус хизматлар совет даври тажрибасидан унумли фойдаланиб, давлат хавфсизлиги билан бир қаторда мустақил Ўзбекистон фуқароларининг ҳукуматга мухолиф бўлган “илғор ва ҳур фикрли”  қисми билан шуғулланишни ўзларининг асосий ва энг биринчи галдаги вазифаси қилиб белгилаб олишди…

 

 2.
Ғулом Алиевга қадар Ўзбекистон хавфсизлик идораси (КГБ) га у ташкил этилганидан бўён саккиз киши раҳбарлик қилган.
Ўзбекистон КГБ сининг энг биринчи раҳбари – Бызов Алексей Петрович бўлиб, у 1954 йилдан 1960 йилга қадар ўзбек хуфия идорасини бошқарган.
Ундан кейин Наймушин Георгий Федорович (1960-1063), Киселев Сергей Иванович (1963-1969), Бесчастнов Алексей Дмитриевич (1969-1974), Нордман Эдуард Болеславович (1974-1978), Мелкумов Левон Николаевич (1978-1983), Головин Владимир Александрович (1983-1989) ва ниҳоят Моргасов Анатолий Сергеевич (1989-1991) лар турли йилларда Ўзбекистон КГБ сини бошқариб келишган…
Кўриб турганингиздек, уларнинг орасида бирорта ҳам маҳаллий миллат вакилининг муборак исми шарифини учратмайсиз.
Ниҳоят, Ўзбекистон мустақил бўлиб, ўз тақдирини ўзи ҳал қиладиган муборак кунларга етганидан сўнг – 1991 йилдан эътиборан СССР давридаги Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – Миллий Хавфсизлик Хизматига айлантирилиб, Ғулом Алиев унинг биринчи миллий раҳбари этиб тайинланади…

 

3. 
Ғулом Алиев қандай қилиб Ислом Каримов назарига тушиб, Ўзбекистон махсус хизматлари тарихида бу қудратли хуфия идорасининг биринчи миллий раҳбари этиб тайинланиши ҳақида ҳикоя қилишдан олдин Ўзбекистон Президентининг  қуйидаги Фармон ва Низомларини ўрганиб чиқиш керак бўлади:
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябридаги 278-сон қарорига
1-ИЛОВА
 
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати тўғрисида
                                                НИЗОМ 
1.
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги Фармонлари асосида ташкил этилган.
2.
МХХ ва унинг жойлардаги органлари хорижий давлатлар ва хорижий ташкилотлар махсус хизматларининг Ўзбекистонга қарши разведка-қўпорувчилик фаолияти билан кураш олиб борадилар, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини, конституциявий тузумини, ҳудудий бутунлигини, иқтисодий, илмий-техникавий ва мудофаа қудратини ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишни амалга оширади.
3.
Ўзбекистон Республикаси МХХ республика қўмитасининг ҳуқуқлари билан таъминланади ва Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади.
Ўзбекистон Республикаси МХХ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун Қорақалпоғистон Республикасида, унинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан келишган ҳолда, вилоятларда, алоҳида шаҳарлар ва ноҳияларда ўзининг органларини тузади.
4.
МХХ Ўзбекистон Республикаси ҳокимият ва бошқарув органларининг ишлашини нодўстлик кайфиятидаги давлатлар ва Конституцияга қарши ички тузилмалар махсус хизматларининг разведка-қўпорувчилик ва бошқа хил жиноий тажовузларидан самарали ҳимоя қилиш учун жавобгардир ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Кенгаши олдида мунтазам равишда ҳисоб бериб туради.
5.
Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг жойлардаги органлари ўзларининг амалий фаолиятларида меҳнаткашлар билан яқиндан алоқада бўлишга, доимо уларнинг ёрдамига суянишга мажбурдирлар.
6.
МХХга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланадиган ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланадиган Раис бошчилик қилади.
МХХ Раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон МХХ Раисининг тақдимномасига кўра  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори  билан тайинланадилар.
Миллий хавфсизлик хизматининг Раиси Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан республика вазирларига берилган ҳуқуқлардан фойдаланади.
(6-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги 135-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ., 2005 й., 21-сон, 154-модда 
7.
Ўзбекистон Республикаси МХХ амалдаги буйруқлар ва кўрсатмаларга мувофиқ агар улар Ўзбекистон Конституцияси ва Қонунларига зид бўлмаса, оператив-қидирув ва бошқа хил хизмат фаолиятларини амалга оширади.
МХХ Раиси ва унинг ўринбосарлари ўз ҳуқуқлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Олий Кенгашнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ҳамда уларни бажариш мақсадида буйруқлар, кўрсатмалар ва йўриқномалар чиқарадилар.
Хавфсизлик органлари ишини ташкил этиш масалаларини ҳал этиш учун таркибида Хизмат Раиси – Кенгаш раиси, унинг ўринбосарлари ва Хизматнинг бошқа раҳбар ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Кенгаши тузилади.
Кенгаш аъзоларининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Хизмат Раиси томонидан тасдиқланади.
МХХ Раиси Хизматни ва унинг органларини сақлаш учун ажратиладиган кредитларнинг бош бошқарувчиси ҳисобланади.
Миллий хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида разведка ва контрразведка фаолияти билан шуғулланиш ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳисобланади. 
4.
Ғулом Алиев 1991 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан МХХ раиси этиб тайинланган бўлса, бунга қадар у мазкур идора раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Бу лавозимга қадар эса у – Қашқадарё вилоят Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) га раҳбарлик қилган.
Бу пайтда эса Ислом Каримов – Қашқадарё обкомининг биринчи секретари эди…
Демак, ўз ўзидан равшанки, у кўплар башорат қилганидек Москванинг ёки Коржаков (Ўша пайтда Россия Президентининг Хавфсизлик Хизмати раҳбари) нинг  кадри эмас, балки Ўзбекистон Президентининг ўзи танлаб Қаршидан олиб келган ўз  номзоди эди.
Ғулом Алиев Ўзбекистон МХХ раиси бўлиб бор йўғи тўрт йил ишлади, холос. Кейин кутилмаганда вазифасидан олиниб, уй қамоғига ўтказилди. Расмий ҳужжатларда эса уни «Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси» деб расмийлаштиришди.
Генерал Ғулом Алиев президент Ислом Каримов учун нега кутилмаганда «исталмаган шахс» га айланиб қолди? Нега у ҳақдаги барча маълумотлар йўқотилди?
Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ ёзиш учун интернетни титкилаб, унинг бирторта ҳам суратини учратмадим, бир оғиз бўлса ҳам у ҳақдаги бирор бир маълумотга кўзим тушмади.
Унинг 1991 йил сентябридан эътиборан Ўзбекистон МХХ раиси этиб тайинлангани, унвони генерал майор бўлгани ва 1995 йилнинг июнидан эътиборан ишдан олингани ҳақидаги ахборотдан бошқа ҳеч нарса тополмадим.
Шу билан тамом. Гўё бу дунёда генерал Алиев бўлмаган, Ўзбекистондай қудратли хуфия идорасига раҳбарлик қилмаган ва ҳатто бу дунёда яшамаган ҳам…
Ўзбек ҳукумати нега у ҳақдаги барча маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлар сатҳидан йўқотишга ихтиёр ва эҳтиёж сезди. Нега бундай бўлди?
Ғулом Алиев билан Ислом Каримов орасида ўшанда нима гап ўтган эди? Ғулом Алиевнинг ўринбосари бўлиб турган Рустам Иноятов Президентнинг  бу «рокировка»сида қандай рол ўйнаган?
Нега Ислом ака ўзи ишониб Қаршидан олиб келган одамини тўрт йилнинг нари берисида ишдан олиб, уй қамоғига ўтказади-ю, ундан кейин тайинлаган Рустам Иноятов билан мана салкам йигирма йилдирки, бирга ишлаб келаяпти?
Бу ерда қандай сир бор?
Биз бу саволлар жавобига ҳали бафуржа қайтамиз…

 

5. 
Бу воқеаларни яхши ва ичдан билишимнинг боиси шуки, Ғулом Алиев Қашқадарё хавфсизлик Қўмитаси раиси бўлиб ишлаганида мен Қашқадарё область комсомол комитетида, сўнг Қарши давлат педагогика институтида  комсомол комитетининг райком ҳуқуқидаги  секретари бўлиб ишлаганман.
«Райком ҳуқуқидаги» деганимнинг боиси шуки – биз институт комсомол Бюросида талабаларни комсомолга қабул қилиб, агар лозим топсак, ўзимиз  комсомолдан ўчириш ҳуқуқига ҳам эга эдик…
Ўшанда Ғулом Алиевнинг ўғли Пединститутнинг рус тили филологияси факультети студенти эди.
«Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг биринчи китобида – менинг Қаршидаги комсомол соҳасидаги фаолиятимга бағишланган бобларида Ғулом Алиев ва унинг ўғли билан боғлиқ маш-машалар ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Шунинг учун ҳам мен бу воқеаларни такрорлаб ўтиришни ортиқча деб биламан.
Фақат шуни айтишим лозимки, Ғулом Алиев билан бизнинг биринчи ва илк тўқнашувимиз Қаршида – унинг такасалтанг ва олифта ўғлини – пахтага чиқмагани учун комсомол қўмитаси Бюросида муҳокама қилганим ва жазолаганим боис юз берган эди.
Кечагина Горбачевнинг «қайта қуриш ва ҳур фикрлилик» шабадаларидан руҳланиб,  Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб келган ёш ва ғайратли, оташин ва адолатпарвар комсомол секретари учун   қандайдир КГБ раисининг ўғлини жазолаш нима деган гап?  Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди…
Тошкентда рўй берган кейинги воқеалар шуни кўрсатдики, ўша Қаршидаги ҳақиқий «комсомоллигим»ни Ғулом Алиев Ўзбекистон МХХ га раис бўлганидан кейин ҳам унутмаган экан…

 

6.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кўп ўтмай  Ғулом Алиевни Тошкентга олиб келиб аввал КГБ раисига ўринбосар, сўнг юқорида айтганимиздек МХХ раиси этиб  этиб тайинлайди.
Худди шу пайтларда мен ҳам Ислом Каримов тавсияси билан Шукрилла Мирсаидов бош бўлган Давлат план қўмитаси (“Госплан”) нашри бўлмиш “Экономика и жизнь” журналига Бош муҳаррир бўлдим.
Президентга яқин бўлганим боис республика миқёсида турли анжуман ва тантаналарда иштирок этардим. Олий доирадаги барча раҳбарлар билан, жумладан МХХ раиси Ғулом Алиев билан ҳам жуда қадрдон бўлиб кетдик.
Ўзбекистон Олий раҳбариятидагилар Президентга ким яқин бўлса, Президент кимни ўзига яқин олса – шунга қараб муомила қилишарди. Тўқсонинчи йилларнинг бошида рўй берган бир воқеа то ҳануз хотирамда сақланиб қолган.
Ислом ака у пайтларда ўзбек тилини ҳали яхши билмас, аксар йиғилишларда асосан рус тилида гапирар эди. Бир гал Вазирлар Маҳкамасида йил якунларига бағишланган бир йиғилиш бўлди.  Бош вазир Шукрилла Мирсаидовдан сўз олиб, йиғилишни якунлаётган Ислом ака Қашқадарёдаги фаолияти ҳақида гапираркан, кутилмаганда   менга кўзи тушиб қолиб, шундай деган эдилар:
“Вот здесь сидит Исмат, он не дасть мне соврать” (“Мана бу ерда Исмат ўтирибди, у мени тасдиқлаши мумкин, биз Қашқадарёда ундай қилардик, бундай қилардик, халқ доим бизни қўллаб қувватларди”, – деб мавзуни менга буриб юборадилар).
Ҳолбуки, Ислом ака Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб келганида мен аллақачон Қаршидан Тошкентга кетиб қолган эдим. Биз у киши билан асосан Москвада – СССР халқ депутатларининг 1-съездида танишиб, “Россия” меҳмонхонасида  туриб, ресторанда – бир дастурхон атрофида 13 кун бирга меҳмончилик қилиб, қадрдошлашиб қолган эдик. Булар ҳақида ёзилган, яна ёзилади.
Лекин бундан қатьий назар Ислом ака ҳукумат йиғилишида мени ўзига яқин олиб, Қашқадарёдаги фаолиятини тасдиқлашда мендан фойдалангани ҳам менга катта обрў келтирди.
Кечагина норасмийлар йиғилиши ва митингларида жўжахўроз бўлиб, тўполон қилиб юрган, ҳеч ким билмаган ва танимаган Китоблик олифта бир йигит кутилмаганда ҳукумат нашрига раҳбар бўлиб қолгани бежиз эмаслигини билсалар ҳам, лекин Ислом аканинг ўша кунги сўзларидан сўнг раҳбарларнинг менга бўлган муносабати кескин ўзгариб кетди.
Энди Бош прокурор Бўритош Мустафоев ҳам, Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳам менга олдингидай “Исматвой” деб эмас, балки ажиб бир такаллум ва илтифот билан “Исмат ака!” деб муомила қиладиган бўлдилар. Бошқаларни энди айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ғулом Алиев эса бусиз ҳам мени ким бу мартабага кўтарганини яхши биларди ва аввалдан шунга қараб муомила қиларди.
Ғулом Алиев асли андижонлик бўлиб, қорачадан келган, истараси иссиқ, хушмуомила одам эди. У киши МХХ раиси бўлганида ҳам ўзини жуда оддий тутар, ҳеч қачон каттамсирмас эди. Кейин билсам, бу соҳа одамлари аксар ҳолларда шунақа бўлиб, уларнинг аслида кимлигини фақат уларнинг қўлига тушганларгина яхши билиши мумкин экан…
Ғулом Алиев билан Қаршида ўғли боис орамиздан қора мушук ўтган бўлса, Тошкентда Қашқадарё вилояти ҳокимлари боис  орамизда тушунмовчилик келиб чиққан эди.
Лекин ҳар икки воқеада ҳам, ростини айтишим керак, ўзимнинг қуюшқонга сиғмас енгилтак ва тутуриқсиз ҳатти харакатим сабаб бўлган.
Одатда қўрқмас ва жасур одамлар ҳақида  “Отнинг калласидек юраги бор” дейишади. Бугун ўйлаб қарасам, менда ҳам худди шундай юрак бўлган экан. Демак мен ҳам ўз вақтида ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрмас бўлган эканман. Ўша кунларимни ажиб бир ҳавас билан, армон билан эслаб юраман.
Афсуски, одамнинг ёши ўтавергани сайин қўрмаслик ва жасорат ҳам секин аста чекиниб борар экан…
Бугун энди хорижнинг тинч ва сукунатли, озод ва фаровон  гўшаларида яшаб, бу гапларни айтиш осон.
Майли, афсус ва пушаймонга берилмай, мавзуга қайтсак…

 

7.
…Қашқадарё вилоят ҳокимининг Холмурод Раҳмонов деган ўринбосари бўларди. У киши вилоят ҳокими Темур Хидировнинг энг яқин ўртоғи ҳисобланарди. Лекин одам раҳбар бўлса, баъзан энг яқин дўстларига нисбатан ҳам сиёсий лўттибозлик қилишдан ўзини тия олмайди, шекилли.
Холмурод ака ҳам республика Олий Кенгашининг депутати эди, сессияларга вилоят ҳокими билан биргаликда келиб иштирок этарди. Боя айтганимдек, маълум муддат улар жуда қалин бўлишади, кейинчалик ораларидан қора мушук ўтиб қолади. Қуйида улар қалин бўлган ва бир-бирига ёвлашиб юрган даврларга алоқадор икки воқеа тўғрисида гапириб бермоқчиман.
Маълумки, Герман Лопатин кўчасининг адоғида – театр ва рассомчилик санъати институтининг шундоққина ёнгинасида Президентнинг ёзги қароргоҳи бор. Бу ерда вилоят ҳокимлари учун махсус меҳмонхоналар ажратилган. Вилоят раҳбарлари Тошкентга келишса, шу меҳмонхонага жойлашадилар.
Бошқа пайтларда меҳмонхонадан хорижлик юқори мартабали расмий меҳмонлар қўним топишади. Менинг назаримда йил давомида меҳмонхонага вилоят бюджетидан пул тўлаб турилади. Шу боис вилоят ҳокимларининг Тошкентдаги қўнимгоҳи ҳисобланади. Улар қачон пойтахтга келишса, дарҳол бўшатиб берилади.
Меҳмонхона ниҳоятда даҳшатли ва маҳоватли эди: ҳар бир номери беш олтита хонадан иборат:  бир хонаси –  ётоқхона, бир хонаси – меҳмонхона, яна бир хонаси мажлисларга мўлжалланган – гурунгхона, бир хонаси – емакхона, бошқа хонада телевизорлар бор. Ўша қароргоҳда ресторан ҳам бор, столлар орасида капалакдек учиб юрувчи официанткалар овқатларни номерларга элтиб беришади. Хуллас, шароитлари аъло даражада – бу ерда раҳбарларнинг дам олиши, яшаши ва ишлаши учун барча шароитлар муҳайё.
Кунларнинг бирида Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияси бошланди. Янглишмасам, Андижон вилоятининг янги ҳокими этиб тайинланган Қобилжон Обидов илк бора янги лавозим соҳиби сифатида сессияда қатнашади ( у илгари Андижон шаҳар ҳокими эди).
Сессиянинг биринчи иш куни якунлангач, оқшом пайтида биз Қобилжон Обидовни табриклаш учун Президентнинг ёзги қароргоҳига бордик.
Мен, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, ўша пайтларда “Ўзбектуризм”нинг бошлиғи бўлиб ишлаётган Баҳодир Пўлатович (фамилияси адашмасам Қаюмов эди) деган бир йигит – у киши медицияна фанлари доктори, профессор (илгари Президент девонида ишларди, сўнг Мавлон аканинг хайрихоҳлиги билан “Ўзбектуризм”га бошлиқ бўлиб кетади).
Баҳодир ака Андижон вилояти ҳокими этиб тайинланган Қобилжон Обидовнинг қайноғаси экан.
Қисқаси, биз Қобилжон Обидовнинг янги лавозимини “ювиш” учун  Президентнинг ёзги қароргоҳига  бордик.
Қобилжон аканинг меҳмонхонасида Абдурауф Мақсудий (ўша пайтларда Президентнинг қудаси) билан Нурали Қобул ҳам бор экан.
Дастурхон тўкин. Стол устида анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса муҳайё эди. Қошлари камондек соҳибжамол официанткалар хона ичра сассиз учиб юришарди.
Қобилжон аканинг кайфияти кўтаринки. Биз ҳам танишдик, табрикладик.
Менда Қобилжон ака “неординарный” таассурот қолдирди. Бу одамни биринчи бор кўрган киши уни ҳуқуқ-тартибот тизимида узоқ йиллар ишлаб, дийдаси тамом қотиб кетган сержаҳл раҳбарга ўхшатади.
Ташқи қиёфаси ўта жиддий, қаттиққўл одамга ўхшаб кетади. Фақат кулиб, табассум қилсагина унга яқинлашиш мумкин экан деган хаёл ўтади дастлаб уни кўрган кишида…

 

8.
Хуллас, зиёфат зўр бўлди, кетма-кет қадаҳ сўзлари айтилди. Мен Президентнинг командасига алоқадор бўлган кишилар, унинг қудаси ва Давлат маслаҳатчилари даврасида қадаҳ кўтариб ўтирганимдан ниҳоятда масрур эдим.
Шу пайт эшит тақиллаб, хизмат қилиб юрган йигитлардан бири:
— Холмурод Раҳмонов Исмат Хушевни бир минутга мумкинми деб сўраяпти, – деди.
Улар менинг бу хонада ўтирганимни билишарди. Кираверишда кўришиб, сўрашиб ўтгандик. Қўшни меҳмонхонада Қашқадарё вилояти ҳокими Темур Хидиров жойлашган эди. Даврадагилардан узр сўраб ташқарига чиқдим. Мени Холмурод Раҳмонов кутиб турган экан:
— Узр, Исматжон, бемаврид безовта қилганим учун, – деди Холмурод ака.- Анави дарахтнинг остида Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбари Ғулом Алиев билан Темур Хидиров анчадан бўён суришиб-тортишиб туришибди, – деб Холмурод ака мени ҳовлига бошлаб тушди. – Ғулом Алиевнинг сал кайфи ошиб қолди. Қашқадарёда бирга ишлаган пайтимиздаги алланимабалоларни сўрайвериб, ҳоли жонимизга қўймаяпти. Бизлар бир жойга шошиб турган эдик, у бўлса бизни боядан бери ушлаб турибди. Агар Сиз бориб Темур Хидировни ўша кишининг қўлидан чиқариб олмасангиз, у кетмаяпти, бизни гаранг қилаяпти, – деди…
Мана, орадан шунча йиллар ўтиб, бугун яхшилаб ўйлаб кўрсам, ўта аҳмоқ ва довдир йигит бўлган эканман ўша пайтлар. “Ака, кечирасиз, мен Ўзбекистон республикасининг Миллий Хавфсизлик Хизмати раисига ичгани учун танбеҳ берадиган ваколатга эга эмасман, мени тинч қўйинг”, – деб меҳмонхонага қайтиб кириб кетганимда олам гулистон эди.
Бунинг учун менга ҳеч ким дашном бермасди. Боз устига, кейинчалик ҳаётимда қора из қолдирган қалтис воқеалар ҳам рўй бермасди.
Йўқ, ўша тобда мен бу воқеаларни тўғри мушоҳада қилиш фаросатидан маҳрум эдим. Мен Қашқадарё вилояти раҳбарларига ўзимни кўрсатиб қўйишим керак эди. Нақадар бачкана ва нақадар арзон обрўга ўч, фаросатсиз бўлган эканман ўша пайтлар.
Бечора Ислом ака, қандай қилиб мендай ўпкаси йўқ валломатни шунча йиллар ўз ёнида олиб юрган экан  деб ўйлаб кетаман баъзан.
Мен бугун бу гапларни чин кўнгилдан, биринчи маротаба ошкора айтаяпман…

 

9. 
Хуллас,  тенгсиз курашга шай жўжахўроздек ташқарига чиқдим.
Дарҳақиқат, Ғулом Алиев билан Темур Хидиров бир четда тортишиб туришган эди. Мен ҳовлиқма, Холмурод ака илтимос қилаётган бўлса, демак зўр ва қудратли йигит эканман деб ўйлаган бўлсам керак.
Тўппа-тўғри уларнинг олдига бориб, қайтадан сўрашдим. Боя биз Мавлон ака билан меҳмонхонага кираётган пайтимизда ҳам улар билан енгилгина сўрашиб ўтган эдик. Ҳол-аҳволларини сўрадим:
— Нима гап, Темур ака? – дедим худди Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон ака эмас, мендек. Ўпкаси йўқ бўлмасам, ҳеч жаҳонда вилоят ҳокимига шунақа дейдими киши!
Сўнг менга ажабланиб қараб турган Ғулом акага: – Ғулом ака, кеч бўлди, энди дам олиш керак, шекилли, – дедим фавқулодда бир одоб билан.
Каттакон бир давлатнинг Миллий Хавфсизлик Хизмати раисига бундай дейиш учун авваламбор кишида отнинг калласидай юрак бўлиши керак, ё   умуман калласиз бўлиш керак…
Қолаверса, қудратли бир идора бошлиғига бу гапни айтиш фаросатсизлик  ва ўта одобсизлик эканини, афсуски, бошим тақ этиб деворга урилганидан кейин англадим…
— Дарвоқе, кеч бўлибди, дам олиш керак, – дейди менинг бу шаккоклигимдан бир оз шошиб қолган Ғулом ака ҳам…
Товба, мана орадан шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, ўша ҳолатни эсласам, ҳали – ҳали даҳшатга тушаман. Демак, ўзимнинг энг юқори таъсир қудратига эга бўлган пайтларим экан. Бўлмасам, ақли бор одам ёки ўзини Президентга яқин деб ўйламаган галварс бунчалик ҳаддидан ошмайди-да!
Гўё Президентнингг ёзлик қароргоҳида ҳам одамларни назорат этиб турадиган раҳбардек ҳис этдимми ёки бошқаларга ўзимни кўрсатиб қўймоқчи бўлдимми, билмайман.
— Бўпти. Бўлмасам, менинг машинам шу яқин ўртада бўлса керак. Машинамни чақиринг, – деди Ғулом ака.
Ўша пайтларда республика Миллий Хавфсизлик Хизматининг раиси “20 – 20” рақамли “ГАЗ -31” Волгасида юрарди. Мен ҳув нарида турган машинанинг ёнига бориб:
— Ака, Ғулом акани олиб кетинг, у кишининг кайфи ошиб қолибди, – дедим шофёрга.
Шофёр ёши каттароқ одам эди. У менга бир қараб қўйди-да:
— Э-э, Исмат ака, бекор қилибсиз!  Ким сўраса ҳам , менга халақит бермагин, мени йўқ дегин. Каттанинг топшириғи билан мен ҳокимдан бир нарсани шу бугун аниқлаштириб олишим керак, деб айтгандилар. Ғулом ака ҳеч қачон кайф бўлмайди, – деди. – Сиз уларнинг ишига аралашиб хато қиляпсиз. Ғулом аканинг вазифаси шунақа. Ука, Сиз ёшлик қиляпсиз, – деб таъкидлади шофёр.
Мен унинг гапларига эътибор бермадим. Лекин, кейин билсам, эътибор беришим, ўзимни ўша заҳотиёқ  йиғиштириб олишим керак экан. Лекин бунинг ўрнига:
— Давай, машинани ҳайданг! Гапни кўпайтирманг  – деб буюрдим.
“Волга” дарахтларга яқинроқ жойга келиб тўхтади. Шунда машинанинг орқа эшигини очиб, Ғулом акани ўтирғизиб қўйдим. Ғулом ака ўтираётиб, машина эшигини ёпмасдан бир оз ушлаб турди-да:
— Кайфим ошиб қолибди-да, Исматжон, узр, – дедилар сирли оҳангда…
Ғулом аканинг бу гапига ҳам ўша пайтда унчалик эътибор бермадим. Унинг нима демоқчи бўлганини кейинчалик тушундим. Ғулом ака жўнаб кетди. Мен бўлсам, ғоз юриш қилиб Темур Хидиров билан Холмурод Раҳмоновлар ёнига яқинлашдим:
— Исматжон, бопладингиз, – дейишди улар.
Лекин менга раҳмат айтишмади. Ҳаммасини табиий ҳолдек қабул қилишди улар.
Мен яна даврага кириб кетдим. Шу воқеа, мана неча йилларки, шууримда сақланиб қолган…

 

10. 
Орадан йиллар ўтиб, Миллий Хавфсизлик Хизматининг ертўласида ҳибсда сақланаётган кезларимда ўшанда қанчалик енгилтаклиқ қилганимни англаб етдим. Аслида, мен МХХ  шуғулланадиган оғир жиноят қилганим йўқ эди. Гап бошқа ёқда эди…
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умурзоқов ҳам кейинчалик  бу қудратли идора ертўласида «меҳмон» бўлади. Ўшанда Мавлон акадан ҳам, мендан ҳам Ғулом Алиев номига ялиниб-ёлвориб, кечирим сўралган хат ёздириб олишади.
Демак, Ғулом ака Президентнинг ёзги қароргоҳидаги нохуш воқеани унутмаган экан. Мавлон аканинг эса ўшандай мазмундаги хат ёзиб беришини ҳам тушуниш мумкин.
Чунки Мавлон аканинг “Дўрмон” даги “дача”сида бўлган зиёфатларнинг бирида (Президентнинг Давлат маслаҳатчиларига “Дўрмон”даги қароргоҳ атрофидан дачалар бериларди) Ғулом ака: “Биз ҳаммани кузата оламиз”, дейди. Шунда Мавлон ака кўп ичилган ароқ таъсириданми, билмадим: “Мени кузатадиган одамнинг кўтанини суғуриб оламан!” деганди…
Ўша зиёфатда республика раҳбарларидан уч-тўрт киши бор эди. Ҳозир уларнинг кимлигини айтиб ўтирмайман. Баъзилари ҳалиям Президентнинг ёнида юрибди…
Даврада Ғулом Алиев ҳам бор эди. Албатта, бу гап Ғулом акага оғир ботади.
Ғулом Алиев Мавлон ака билан тортишиб қолгандан сўнг кейинчалик ростдан ҳам зимдан кузатув бошланади, албатта бу Ислом аканинг розилиги билан амалга оширилади, лекин бу алоҳида мавзу бўлади.
Қисқаси, Мавлон ака билан мен СНБ (МХХ) нинг подвалида ётган пайтимизда Ғулом аканинг номига ялиниб-ёлвориб хат ёзганмиз. Мавриди келса, кейинги бобларда ўша хат матнини тўлиқ келтириб ўтаман.
Ғулом Алиев билан боғлиқ нохуш бир воқеанинг қисқача тафсилоти ана шулардан иборат…
Аслида, Ғулом ака Қашқадарёда Ислом ака обком котиби бўлган пайтларда вилоят (КГБ) давлат миллий хавфсизлик хизматини бошқарган.
Биласиз, мен Қарши давлат педагогика институти комсомол ташкилоти котиби бўлган кезлар ҳам Ғулом Алиев билан унинг талаба ўғли боис йўлларимиз кесишганини биринчи китобда батафсиз ҳикоя қилгандим.
Кейинчалик, Ислом ака Ўзбекистон раҳбарлигига кўтарилиб кетганларидан кейин у кишининг қўллаб-қувватлашлари боис Ғулом Алиев ҳам Тошкентга ишга ўтади.
Темур Хидиров ҳам, Холмурод Раҳмонов ҳам Ислом Каримов томонидан бу юксак лавозимларга муносиб кўрилган ва у кишига садоқатли кишилар эди.
Ўша куни Президентнинг ёзги қароргоҳида бу уч оғайни нимани талашиб-тортишган, бу менга қоронғу…

 

11.
Аслида, Холмурод Раҳмонов билан бизнинг танишувимиз ҳам жуда қизиқ бўлган.
Маълумки, ўша йилларда қайси вилоят пахта тайёрлаш йиллик планини бажарса, Ўзбекистон телевидениясидан ўша вилоятга бағишланган махсус кўрсатув бериларди. Кўрсатувдан олдин миришкор пахтакорлар ва айрим маҳаллий раҳбарларнинг сўзлари, санъаткорларнинг чиқишлари телевиденияда ёзиб олинарди.
“Запис”дан кейин телевиденияда катта зиёфат уюштириларди. Зиёфатда мезбонлардан ташқари телевидениенинг ходимлари (улар асосан ўша вилоятдан бўлса) ҳам қатнашади. Зиёфатдан сўнг ҳамма уй-уйига жўнаб кетади ва кўрсатувни бола-чақаси билан томоша қилади.
Қашқадарёлик пахтакорлар ҳам пахта планини бажаргач, телевидениеда “запис” бўлади, кейин зиёфат уюштирилади. Ўша зиёфатга мени ҳам таклиф этишади.
Биз шу зиёфатда Холмурод Раҳмонов билан танишиб қолдик.
Даврада қадаҳ сўзлари айтилди, ўйин-кулги бўлди. Сўнг, биласизми-йўқми, ҳозир кўпроқ Қорақалпоқ элида сақланиб қолган битта одат бор. Яъни, азиз меҳмонлар шарафига дастурхон ёзилса, албатта қўй сўйилади. Меҳмондорчилик пайтида ўша қўйнинг калласи ҳам бутунича пиширилиб дастурхонга қўйилади. Бу каллани энг обрўли меҳмон хоҳлаган жойини кесиб олиб, хоҳлаган кишига инъом этиши ёки ўзи ейиши мумкин.
Телевидение ошхонасидаги зиёфатда ҳам негадир ўшандай одатга риоя қилиниб, битта чиройли совлиқнинг калласи ўртага қўйилади. Ҳамма ўйлайдики, бу каллани вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Холмурод Раҳмонов биринчи бўлиб бузиб беради, кейин бошқалар ҳам тановул қилади, деб.
“Сценарий” бўйича ҳам шундай бўлиши керак экан. Лекин мен ўша одатга амал қилмадим: ўртада турган каллага биринчи бўлиб ўзим қўл урдим. Ҳамма ҳайрон бўлди, ҳатто Қаршидан келган бир масьул ходим: “Исмат ака, бу каллани Холмурод ака бузиб бериши керак эди”, деб қулоғимга шивирлади. “Қўйсангиз-чи, Холмурод ака шу каллага қараб қолибдими, жўра! Қолаверса, югурганники эмас, буюрганники, деган гап бор!” дея жавоб бердим…
Шу баҳонаи сабаб туфайли Холмурод Раҳмонов мени эслаб қолади. Очиғини айтсам, у киши дастлаб мени унчалик ёқтирмайди. Сўнгра бир даврада: “Исмат Хушев ажойиб йигит экан! Унга қойил қолдим, йигит киши шунақа дадил бўлиши керак!” дейди.
Холмурод аканинг ўша гапини кимдир менга етказади. Шу гапдан сўнг у кишига муносабатим кескин ўзгаради: Холмурод аканинг “Қашқадарё ҳақиқати” вилоят газетасида босилган мақоласини “Ҳаёт ва иқтисод” журналида сурати билан эълон қилиб юбордим.
Шундан кейин биз қадрдон бўлиб кетганмиз. Борганда-келганда бир-биримизни йўқлайдиган бўлдик, у киши Тошкентга совға-саломлар билан келарди. Хуллас, биз жуда яқин бўлиб кетдик…

 

12.
Холмурод ака вилоят ҳокими Темур Хидиров билан оғайни бўлса ҳам, лекин доим у кишидан нолиб юрарди: менга бошқача қарайди, деб. Холмурод Раҳмонов ҳуқуқ-тартибот тизимларини назорат қилиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳисобланарди. Ишлари ёмон эмасди.
Ўзи бойвачча одам, бизга ўхшаб маошга кун кўрувчиларни келганда-кетганда меҳмон қиларди, совға-салом ташлаб кетарди. Эҳтимол, бировнинг совға-саломларини очиқ-ойдин эътироф этиш тўғри эмасдир, лекин биз тўғри муносабатда эдик. Қолаверса, ҳамюртлигимиз бор.
Гапнинг қисқаси, орадан кўп ўтмасдан ҳуқуқ-тартибот тизимини назорат қилиш ваколатини бу кишидан олиб, Темур Хидиров бошқа одамга – ўринбосарига бериб юборади. Холмурод Раҳмонов ҳам вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб юради-ю, лекин “портфелсиз вазир”га ўхшаб қолади.
Орада қандай келишмовчиликлар бўлгани менга қоронғу. Бу ҳақда Мавлон акага айтдим:
— Сиз бу ишларга аралашманг, – деб жавоб беради Мавлон ака.
— Хўп, – дедим.
Холмурод ака бир-икки марта менга Темир Хидировнинг устидан шикоят қилди. Ҳоким билан у киши ўртасидаги зиддиятлар кучайиб бораверди. Охири Холмурод Раҳмонов ишдан бўшатилди. Маълумки, вилоят ҳокимининг ўринбосарини ишдан бўшатиш тўғрисидаги Фармон, одатда, Президент томонидан имзоланади.
Ишдан олингандан сўнг Холмурод ака Тошкентга келиб менга учрашди:
— Исматжон, мени нима учун ишдан олишганларининг сабабини аниқладим. Гўё ҳуқуқ-тартибот тизимини назорат қиладиган одамнинг ўзи айнан шу соҳада тартиб-интизом йўқлигидан шикоят қилиб Президент номига шикоят қилган эмишман! – деди. – Менга тўҳмат қилишди!
Холмурод Раҳмонов менга шунақа деди. Боз устига у кўчада қолади. Бир иш берамиз дейишган экан, аммо ҳеч қандай иш бермайдилар. “Бу гаплардан Президент бехабар” дейди Холмурод Раҳмонов. Мавлон акага айтсам: “Президентнинг хабари бор”, – дейди.
Хуллас, бу киши ишсиз қолди. Сўнг менга қаттиқ ёпишиб олади.
Биласиз, мен кўнгилчан одамман, боз устига Холмурод акага адолатсизлик қилинди деган ўй менга тинчлик бермасди. Негадир, мен у кишига ишондим. Президент бу гаплардан хабарсиз деган фикр менга тинчлик бермай қўйганди.
Бу энди Абдураҳмон Ашуров воқеасидан кейинги иккинчи ҳолат бўляпти. Назаримда, Ашуровни Китобга ҳоким қилиб қўйганимни Холмурод ака ҳам ишончли манбалар орқали аниқлаган, шекилли…

 

13.
Президент девонида ишлайдиган қашқадарёлик икки-учта йигитлар Холмурод Раҳмоновнинг шогирдлари эди. Мавлон ака таъсир ўтказдими, билмадим, ҳатто ўша шогирдлари ҳам Раҳмонов билан гаплашмай қўйишади, ўзларини олиб қочиб юришади.
Бир куни Холмурод ака бизникига йиғламсираб келди:
— Исматжон, мана шунақа гаплар. Энг содиқ шогирдларим деб юрсам, улар ҳатто телефонда гаплашишни ҳам исташмаяпти, – деди у.
Шогирдларининг номларини айтди. Булар мен яхши билган Бахтиёр Рўзиқулов, Исмоил Тўхтамишев ва Неъмат Рўзиевлар эди. Бахтиёр ака Зелемхон Ҳайдаровнинг қўлида – Президент девонининг Ишлар бошқармасида, Неъмат ака билан Исмоил акалар эса Мавлон Умрзоқовнинг қўлида – кадрлар билан ишлаш сиёсати бошқармасида ишлашар эди.
Лекин менинг қўлимдан нима ҳам келарди. Мавлон акага бир-икки марта айтдим:
— Сиз у одамга яқинлашманг! Ишдан кетган кишидан доимо узоқроқ юринг, – деб маслаҳат берди Мавлон ака. – “Бита” қилинган карта бизда қайта ўйналмайди. Сиз аралашманг!
Биласиз, мен қайтмайдиган йигитман. Қолаверса, Темур Хидировни ҳам унчалик ёқтирмасдим.
Тошкентда бўлиб ўтган бир йиғилишда Президент аввал Бухорони, сўнг Қашқадарёни нима учундир қаттиқ танқид қилади. Бухоронинг оғир-босиқ ҳокими Дамир Солиҳович Ёдгоров билан муносабатларимиз яхши эди. Лекин Президент Қашқадарёни танқид қилганида, нима учундир шумлигим тутиб :”Бу вилоятда анчадан бўён тартиб йўқ, Ислом ака” деб луқма ташлаб қўйгандим.
Нима учун шундай деганимга ҳозиргача ҳайронман. Бир томондан Темур акадан ўч олмоқчи бўлган бўлсам, иккинчи томондан Президентни қўллаб қувватламоқчи бўлдим, шекилли. Лекин Ислом ака менга “ялт” этиб қараганларидан, бу луқмам ўринсиз бўлганини сезган эдим.
Кейин, танаффус пайтида Темур Хидиров ёнимга келиб: “Ука, ҳадеб жўжахўрозга ўхшаб чиранавермагин. Президент сени муҳаррир қилиб қўйган бўлса, мени каттакон бир вилоятга ҳоким қилди. Мен ҳам унга яқин одамман, нима қиласан мен билан ўчакишиб. Белинг чиқиб кетмасин тағин…” деб изза қилган эди.
Шу-шу Темур Хидировни ёмон кўриб қолган эдим. Ҳолбуки, айб ўзимдан ўтганди. Президент бировни танқид қилаётган пайтида жим ўтирсам бўларди, лекин мен ҳам бир йўла ўч олмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг енгилтаклигим туфайли душман орттириб олгандим.
Нима учундир Темур Хидировни ёмон кўрганимни ҳозиргача ўзим ҳам билмайман. (Кейинчалик иккаламиз ҳам вазифадан олингандан кейин биз у киши билан иноқ бўлиб, қадрдонлашиб кетдик. Бу ҳақда ҳали алоҳида ҳикоя қилинади).
Хуллас, Темур ака гўёки ноҳақ ишдан бўшаттирган Холмурод Раҳмоновга ёрдам бермоқчи бўлдим:
— Ҳақиқатдан ҳам Сизнинг қандай ишдан кетганингизни Ислом ака билмайди, – дедим. – Президентга Темур ака нотўғри ахборот берган. Шуни кўнглим сезиб турибди…
Дарҳақиқат, кейинчалик маълум бўлдики, ростдан ҳам ҳамма гапни Президентга бошқача етказишган экан.
Ўйлаб-ўйлаб Холмурод Раҳмоновнинг номидан Президентга ярим саҳифача, икки абзац келадиган бир хат ёздим.
Узундан-узун хат ва шикоятларни Президент ёқтирмаслигини ва табиийки, ўқимаслигини яхши билардим:
“Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Шу пайтгача мен қандай лавозимларда ишлаган бўлсам, ҳаммаси Сиз туфайли бўлди. Ўзингиз мени катта вилоят раҳбарига биринчи ўринбосар этиб тайинладингиз, менга жуда катта ишонч билдирдингиз. Мен бир умр Сизга садоқатлиман ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан.
Лекин қайси айбим туфайли ишдан бўшатилиб, кўчада қолганимни ҳанузгача тушунолмай юрибман. Ислом ака, шу бугун мени бир минутга қабул қилишингизни ўтиниб сўрайман. Кейин отиб юборсангиз ҳам майли.
Нима қарор қилишингиздан қатъий назар, Сиз билан бирга ишлаган, Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлган нурли ва шукуҳли кунларимни ўлгунимча эсимдан чиқармай юраман!
Сизга бир умрлик садоқат ва эҳтиром билан,
Холмурод Раҳмонов”.
— Манави хатни ўз қўлингиз билан оқ қоғозга кўчиринг, – дедим Холмурод акага.
Холмурод Раҳмонов хатни ўқиб тўлқинланиб кетди.
— Ичимдагини қаердан билдингиз? – деди кўзлари ёшланиб. – Худо ҳаққи, кўнглимдаги гапларни ёзибсиз. Раҳмат, ука!
Биз бошқа имкониятларини ҳам кўрдик, лекин амин бўлдимки, Мавлон ака Холмурод ака масаласида (худди Ашуровнинг Китобга ҳокимлигини ҳал қилганимдек) энди мени Президентга яқинлаштирмайди, ўзи ҳам ҳаракат қилмайди.
Нажотнинг бирдан-бир йўли – сессия пайтида Президентга бу одамни учраштириб қўйишга қарор қилдим.
Хат ярим бетгина эди. Худди ўзим ноҳақликка учрагандек, юракдан ёзган эдим.
Машинкада ёзилган хатни Холмурод ака ўз қўли билан оқ қоғозга кўчирди. Яширмайман, ярим бетлик хатни кўчираётганда ҳам у киши беш-олтита имло хатоларига йўл қўйди.
Уларини тўғрилаб бердим, қайта кўчирди. Адолат ҳаққи ҳурмати шу ерда бир гапни айтиб ўтишим керак. Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги аксар мулозимларнинг саводи ўзига яраша эди. Ислом аканинг ёнидаги мана ман деган давлат ва ҳукумат арбобларининг кўпчилиги ўзбек тилида ўта нўноқ ва саводсиз эдилар. Рус тилини ку гапирмаса ҳам бўлади. Бу ҳақда ҳали бафуржа ҳикоя қилиш ниятим бор.
Хуллас, Холмурод ака қайта қайта кўчириб, хатоларни тўғрилаб,  хат ниҳоят Президент ўқийдиган ҳолга келганидан сўнг икковимиз яхшилаб келишиб олдик.
Мен унга нима қилиш кераклигини тушунтирдим…
(Давоми эртага эълон қилинади)
Исмат Хушев
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
4 декабрь, 2014 йил
Торонто шаҳри, Канада.
ras13
Суратда: Мени Бош муҳаррирликдан озод қилган Бош вазир Ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгдан биринчи), мени ҳибсга олишга Президентни шахсан кўндирган МХХ раиси, генерал-лейтенант Ғулом Алиев (ўртада), МВД ертўласида мени уриб, дўппослашларига шароит яратиб берган Ички Ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов – Ўзбекистон Олий Кенгаши йиғилишида…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу ноёб суратлар матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда…)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

5 шарҳ

  1. Temur.

    ISMAT. SEN KURIB-BILA TURIB YANA SHU ILIMSIZ XOLMUROD RAXMONOVNI BIR KOTTA TUMAN HOKIMI BULISHIGA KUMAK BERDINGMI. U IMLOLI XATO QILGAN BULSA, UQISH, HISOB-KITOBDA, ISH YURITISH QUL OSTIDAGILARGA MUOMLADA QANDAE BULISHINI UYLAB KURDINGMI? TUMAN XALQI ULIB KETSA HAM SENDAQALARGA BARIBIR.

  2. Хар қандай хокимятни куч қудрати яширин сир асрорларда яъни хуфёна хизматнинг фаолиятида. Муҳими хафсизлик хизмати мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилиши, қонун доирасидан чиқмаслиги керак.

  3. Shavkatbek

    Raxmat Ismat aka.Ushbu xotiralaringizni uqib kup xaqiqatlardan voqif boldik va xamshaxarimiz Gulom Alievga bolgan xurmatimiz yanada yuksaldi. . Xaqiqatda yaxshi inson,yaxshi raxbar edilar..Afsuslar bolsinki Uzbek davlat mulozimlari orasida bunday kishilarni topish xozir juda qiyin…

  4. 2 шарҳ

    1. Shuxrat Normurod

      СНБ қонунийлигини давно йўқатган фақат бир зўровон, дектаторга хизмат қилувчи ташкилотга айланган. Мамлакат халқини қурқитиш, давлат терpори билан машғулдир. Исмат ака мана шу хаккатни очиб бериши керак.

    2. Ozbekxan

      СНБ ни бутунлай ислох қилиш керак. Эски КГБ услубида ишлашни охир оқибати фалокат билан тугаши аниқдир, худди собиқ Совет Иттифоқи каби. Хозирги Снб даги кадирлар янгича ишлашга қодир эмас. Чунки каррупцияга ботган махсус хизмат ўз қонунийлигини алақачон юyқатиб бўлгандир. Исмат Хушев уларни яхши билади, бош мухарир буганида ҳамкорлик қилиб, мукаммал урганган. Шунинг учун ҳам у кишининг ёзганлари қизиқ ва жонли чиқади. Сабирсизлик билан Иноятов ҳақидаги бобни кутиб коламиз. Лекин бу боб бомба булиши керак кейинги вокеаларни хисобга олсак…

Один комментарий к “Исмат Хушев: Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар (26 — бобнинг 1-қисми)”
  1. Ўзбек матбуотида ҳали ҳеч ким махсус ва хуфия идоралар ҳақида бу қадар батафсил ёзмаган. МХХ нинг биринчи миллий раҳбари ҳақида биз ёзувчи ва шоирлар ҳам умуман маълумотга эга эмас эдик. Бугун ўқиб билсак, бу одам ҳам анча яхши ва самимий инсон экан. МХХ нинг ҳозирги раиси ҳақида ҳам айтарли ҳеч нарса билмаймиз. Ҳеч нарса ёзилмаган. Ёки аниқроқ айтсак, ёзиш тақиқланган. «Дунё ўзбеклари» нинг муҳарририга раҳмат албатта, лекин Исмат Хушевдан бошқа биров, Ўзбекистондагилар —
    ўзимиз шу ердан туриб наҳот бу масалаларга ойдинлик киритолмасак. Токайгача Канадага кўз тикиб яшаймиз, қачон Исмат Хушев бирор нарса ёзаркин деб…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *