• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат ХУШЕВ: ХУФИЯ ИДОРА (МХХ) ДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР (26-бобнинг 2-қисми)

Май 3, 2017
«Дунё ўзбеклари»дан:
Яқинда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини салкам чорак асрдан бўён бошқариб келаётган генерал полковник Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига бағишланган — ҳали ҳеч қаерда нашр этилмаган янги бобни эълон қила бошлаймиз.
 Шу муносабат билан — Иноятовдан аввал КГБ раҳбари бўлиб ишлаган Ғулом Алиев сиёсий портретига бағишланган бобни яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик…
2 май 2017 йил
Торонто шаҳри, Канада
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 26-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

Ғулом Алиев

Суратда: Ўзбекистон МХХ (КГБ)  раиси, генерал полковник Ғулом Алиев (ўртада) Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгда) ва Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов (чапда) лар билан сессия залида
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу ноёб сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
ИККИНЧИ КИТОБ
26-боб
ХУФИЯ ИДОРАДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР
(Ёки Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳлар)
(Авваги 1- 13 қисмлар ўтган сонда)

 

14.
— Холмурод ака, шу бугун сессияда мен Сизни биринчи қаторга олиб бориб ўтирғизиб қўяман. Соқчилар билан ўзим гаплашаман. Бугун хатни Президентга топширасиз, – дедим.
— Қандоқ бўлар экан, Исматжон… – деди у чайналиб.
Лекин ўша жума куни Холмурод ака хатни Президентга беришга журъат қилолмади, қўрқди. Биласиз, у ҳам Олий Кенгаш депутати эди, қашқадарёлик депутатлар билан бир жойда ўтирарди.
Шанба куни сессия тугайди. Хатни нима бўлса ҳам шу бугун Президентга бериш керак. Агар бугун ҳаракат қилинмаса, кейинги сессияда унинг депутатлик масаласини ҳам кўриб чиқишлари мумкин. Чунки, одатда ишдан олинган раҳбарлар узоқ муддат депутатликда қолдирилмайди:
— Менга қаранг, Холмурод ака, девонда ишлайдиган шогирдларингиз Сиздан юз ўгириб кетганини ўзингиз айтдингиз! – дедим жаҳлим чиқиб. – Агар шу бугун айтганимни қилмасангиз, бундан кейин менинг уйим Сиз учун ёпиқ! – дедим жаҳл билан.
Билардимки, мен унинг энг сўнгги нажоти эдим.
— Бўпти, нима қилай? – деди тараддудланиб
Холмурод ака жуда оғир-вазмин, андишали одам.
— Сессия бошлангандан кейин мен айтган жойга бориб ўтирасиз ва хатни ўз қўлингиз билан Президентга топширасиз! – дедим.
Cессиялар, биласиз, соат тўққиз-ўнда бошланади. Сўнг ўн иккидан биргача тушлик бўлади. Тушликка яқин орада беш-ўн дақиқалик танаффус бўлади. Ўша танаффус пайтида мен қашқадарёлик депутатлар ўтирадиган жойга бориб:
— Ўрнингиздан туринг! – дедим буйруқ оҳангида Холмурод акага.
Ҳамма бизга қараб ўтирибди. Холмурод ака ноилож ўрнидан турди. Мен уни эргаштириб бориб биринчи қаторга ўтқазиб қўйдим. Одатда, биринчи қаторда сўзга чиқадиган депутатлар ўтиришарди. Соқчи эътироз билдирмоқчи бўлди.
— У шу жойда ўтиради, – дедим соқчининг кўзларига жиддий тикилиб. Соқчи мени яхши танирди. Индай олмади…
Мен Холмурод акани биринчи қаторнинг бешинчи ўриндиғига ўтирғизиб қўйдим. Бу жой Ислом аканинг рўпараси эди. Ислом ака раёсатда ўтирса, бу жойда ўтирган одам Президентга юзма-юз ўтирарди.
— Шу ерда ўтиринг! – дедим. – Ҳозир хатни ўзига берасиз, – деб хатни қўлига тутқаздим. – Тез бўлинг, ана, келишяпти! Бу пайт ҳамма югуриб қолганди. – Ислом ака жойига келиб ўтирган заҳоти хатни қўлига топширасиз! – дедим қатьият билан.
Менинг ҳаракатларимни кўриб турган Темур Хидировнинг капалаги учиб кетди. Мен жойимга етиб бормасимдан Ислом ака залга кириб келди. Унинг ёнида ўтирсам, яна гап ўргатяпти деб ўйламасин деган мақсадда ўзим орқага ўтиб ўтирдим.
Ислом ака Президиумдаги жойига келиб ўтирди. Раис навбатдаги депутатга муҳокама учун сўз берилганини эълон қилди.
Шу пайт Холмурод ака илкис орқасига ўгирилиб менга қаради. Ўтирган ўрнидан орқасига ўгирилди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўтирган ўрнимдан бироз кўтарилиб, икки қўлим билан “ўрнингиздан туриб, олдига боринг!” деб ишора қилдим.
Оғзимни қимирлатиб, лекин товушимни чиқармасимдан: “Турсанг-чи!” деб юбордим. У худди роботга ўхшаб ўрнидан турди-ю, Ислом аканинг олдига хатни қўйиб, жойига келиб ўтирди.
Мен енгил нафас олдим. Гўё елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Жуда катта муаммони ҳал қилганимга асло шубҳа йўқ эди. Чунки мен Ислом аканинг характерини яхши ўрганганман, у кишининг бундай хатларни бефарқ қолдирмаслигини яхши билардим. Ислом ака хатни ўқиса, Холмурод аканинг янги ишга ўтишини яхши билардим.
Кўриб ўтирибман, Ислом ака икки букланган оқ қоғозни очиб хатни қайта-қайта ўқиди, сўнг секингина олдига қўйиб қўйди.
Сезиб ўтирибман, қашқадарёлик депутатлар орасида шивир-шивир бошланди. Темур Хидиров типирчилиб қолди. Сўнгра Ислом ака қўли билан Холмурод Раҳмоновга ишора қилиб: “Менга учрашасан”, — деган маънони англатди…
15.
Кўп ўтмасдан танаффус эълон қилинди.
Ислом ака ўрнидан туриб Холмурод Раҳмоновни олдига чақирди. Мен ҳам дарҳол уларнинг олдига бордим. Сўнг Ислом ака Темур Хидировни ҳам чақириб олди. Шунда Ислом ака Холмурод акага қараб:
— Нима учун ишдан кетганингни ҳалиям билмайсанми? – деди.
— Йўқ, Ислом ака, билмайман, – деб Холмурод Раҳмонов қўлини кўксига қўйди.
Ислом ака Темур Хидировга тикилиб қаради. Шу ерда Темур Хидиров мулзам бўлиб, қип-қизариб кетди. Мен Темур Хидировнинг қизарганини ўшанда биринчи маротаба кўрганман. Ислом аканинг нигоҳлари ниҳоятда ўткир…
Кейин Ислом ака менга қараб:
— Мавлонни топ! – дедилар.
Мен югуриб бориб Умурзоқовни топиб келдим.
Мана шу воқеадан сўнг орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Холмурод Раҳмонов Яккабоғ туманига ҳоким этиб тайинланди…
16.
Кейинчалик билсам, Ислом акага Қашқадарё вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти тўғрисида Раҳмонов шикоят ёзиб юрибди деган нотўғри маълумот берилган экан.
Аслида, ўшандай шикоятларни уюштириб юрган одам бошқа экан.
Темур Хидиров ўзининг оғайнисини мана шундай йўл билан раҳбарлик тизимидан узоқлаштирмоқчи бўлган экан…
Холмурод Раҳмоновнинг ҳокимият тизимига тикланиши Темур Хидировга қаттиқ зарба бўлади. Бу зарбани мен берган эдим.
Масалан, мен бугун аниқ биламан, буни Холмурод Раҳмонов ҳам билади: агар мен ўша хатни ёзиб бермаганимда ва унга “дўқ-пўписа” қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, хатни Президентга беришга “мажбур” этмаганимда у киши ҳеч нарсага эриша олмасди.
Кейин Холмурод ака бизнинг уйга келиб, келинингизни чақирди-да:
— Мен бир умр мана шу хўжайинингизнинг хизматидаман, – деди. – Мен кўчада қолиб кетган эдим. Хайрият, адолат бор экан. Биз энди ака-ука бўлдик! – деб нон-туз ҳурматини ўртага қўйиб қасам ичди.
Ўша воқеадан кейин Темур Хидиров менинг зарбам Тайсонникидан кам эмаслигимни тушуниб қолди. Иккинчи зарбадан омон қолмаслигини англаб етди. кучли рақиб эканлигимни билди.
Чунки ҳамма ишни ким қилиб юрганини ўз кўзи билан кўрган эди ўша куни.
Умуман, мен зимдан иш битиришни ёқтирмасдим, ҳар қандай рақибимга қарши очиқ-ойдин курашардим.
Бу менинг ютуғимми, камчилигимми, ўзим ҳам билмасдим. Ман ҳамма нарсани очиқ ва ошкора ҳал қилардим.
Қисқаси, Холмурод Раҳмонов Яккабоғ туманига ҳоким бўлиб кетди. Бу менинг жуда катта ғалабам эди!
Бу воқеа Ислом аканинг ҳақиқатгўй эканини яна бир бор исботлади. У киши айбсиз кадрларни кўчага чиқариб қўймасди.
Биласиз, бу пайтда Озод Пармонов Китобда ҳоким эди.
Республика прокуратурасида ишлайдиган Хуррам Холиқов деган ошнам бор. Менинг хизмат машинамда ўша йигит билан Китобга борганимизда уйда бир кун бўлиб, Яккабоғда Холмурод Раҳмоновнинг меҳмони бўлганмиз. У бизни тоғда жуда яхши меҳмон қилган. Қўй сўйилган, ароқ ичилган. Ҳокимнинг атрофида туман раҳбарлари, милиция ва прокуратура бошлиқлари хизматда эди…
Кейинчалик, бизни Мавлон ака билан қамаш зарурати туғилганидан кейин, ўша зиёфатлар батафсил ёзилиб, Президентга етказилган.
Лекин бунга ҳали анча бор. Ҳозирча, Холмурод Раҳмонов Яккабоққа ҳоким бўлиб кетди ва биз унинг зиёфатини еб келдик…
17.
…Дарвоқе, биз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ғуломжон Алиев ҳақида гапираётган эдик.
Қашқадарёда Ислом Каримов билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган Ғуломжон ака кейинчалик мустақил Ўзбекистон чекистларининг биринчи миллий раҳбарларидан бўлди.
У кишига қадар ҳали ҳеч бир маҳаллий миллат вакили бу юксак лавозимга муносиб кўрилмаган эди.
Бу биринчидан мустақиллик шарофати боис бўлса, иккинчидан Ислом Каримовнинг қатьиятли ва миллатпарвар раҳбарлигидан ҳам нишонадир.
Шу ўринда яна бир гапни айтмай кетсак бўлмас.
Биласиз, Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети саркотиби бўлиши ҳақида ҳозирга қадар турли хил гап-сўзлар бор. Мен уларнинг қайси бири ҳақиқатга яқинлигини аниқ билмайман.
Лекин у кишининг ўзлари ўқиб, кейин чоп этишга рухсат берган бир китобда ёзилишича, Ислом акани бу лавозимга Рафиқ Нишонов тавсия қилган экан. Гап бу ерда Леонид Левитиннинг Ислом Каримов ҳаёти ва сиёсий фаолиятига бағишлаб ёзилган  машҳур китоби ҳақида кетаяпти.
Лекин шу билан бирга у кишининг Ўзбекистон раҳбарлигига келиб қолишига сабабчи бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам турлича қараш ва фаразлар мавжуд. Уларнинг бири бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Ғулом Алиев номи билан боғлиқ.
Рафиқ Нишонов СССР Миллатлар Совети раислигига ўтишидан анча муқаддам Сиёсий Бюро унинг ўрнига келиши мумкин бўлган эҳтимолий номзодларни ўрганишга киришади. Бунинг учун улар икки-уч бўлажак номзод ҳақида Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Қўмитаси раиси Головиндан маълумот сўрашади.
Шунда Левон Николаевич пойтахтда ишлаётган номзодлар ҳақида жамланган маълумот (характеристика) ларни тасдиқлайди-ю, лекин Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримовга характеристика ёзишни ўша ердаги вакили, Қашқадарё вилоят Давлат Хавфсизлик Бошқармаси Бошлиғи Ғулом Алиев зиммасига ва масъулиятига  юклайди.
Ғуломжон ака Ислом Абдуғаниевич ҳақида рисоладагидай қилиб характеристика тайёрлайди ва у тўлалигича Москвага юборилади.
Бундан ташқари кўп йиллардан бўён Ўзбекистон ирригация ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ва ўшандан бери Михаил Горбачевнинг ишончини қозониб келган Сурхандарё обкомининг биринчи котиби Солижон Мамарасулов ўз номзодининг ўрнига, яхши баҳо бериб республика раҳбарлигига айнан Ислом Каримовни тавсия этади.
Алал-оқибат марказга юборилган ижобий руҳдаги характеристика иш бериб, КПСС Марказий Комитетининг Сиёсий Бюроси Ислом Каримов номзодини тасдиқлайди.
Ўз ўрнида Ислом Каримов ҳам ҳокимият арконларида мавейини мустаҳкамлагач, Ғулом Алиевни Тошкентга ишга олади. Ўзбекистон чекистларига аввал бошқарма бошлиғи, раис ўринбосари, кейинчалик эса хуфия хизматлар раиси этиб тайинлайди.
Шунингдек, аввал Андижон, Сурхондарё ва Тошкент обкомларининг биринчи секретари бўлган Солижон Мамарасулов ҳам Шароф Рашидов даврида  Ўзбекистон сув  ва қишлоқ хўжалиги вазири, ҳукумат раисининг ўринбосари лавозимларида узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган бўлса, Ислом Каримов даврида ҳам кўчада қолмайди…
Бу гап сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин билмадим. Буни вақти соати келса, Ислом Каримов ва бошқа йирик арбоблар ўз эсдаликларида балким очиқлар…
18.
Ғуломжон ака бошчилик қилган йилларда Ўзбекистон хуфия хизмати тамомила мустақил идора сифатида миллий хавфсизлик масалаларига оид амалиётларни ўз масъулиятига олади: Разведка, контразведка, резидентура, ички ва ташқи мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш баробарида халқаро саҳнада ҳам жаҳондаги қатор ҳамкасб хуфия хизматлари билан кенг ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўяди.
Ғулом Алиев юқорида айтганимиздек, Ўзбекистонда хуфия идорасига раҳбар бўлган биринчи миллий кадр. Бу ҳам Ислом Каримовнинг жасоратидан, миллий кадрларни Москвадан мустақил равишда қўрқмай юқори мансабларга тайинлай олиш фазилати ва хислатидан далолат беради.
Ғулом ака билан мен аввал Қаршида, кейин Тошкентда бир неча маротаба учрашганман, суҳбатлашганман. У киши жуда босиқ, мулоҳазали одам эди. Андижонликларга хос бўлган ўзидан кичиг-у, катталарга эҳтиром, ширинсуханлик ва юксак маданиятли одам эди.
У киши Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар орасидаги энг тоза ва ҳалол раҳбар эди…
Ўзбекистон сиёсий саҳнасида рўй берган қатор воқеалар Ғуломжон ака Ўзбекистон Президентига шахсан содиқлигини, ҳар қандай нозик топшириқларни сўзсиз бажаришини амалда исботлади. У ўзига ишониб катта ва масъулиятли вазифа топширган инсонга нисбатан ёмонлик қилишни хаёлига ҳам  келтирмаган.
Мен шу ўринда Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидов орасидаги муносабат дарз кетган Ўзбекистон учун таҳликали дамларда Ғулом ака тутган йўл ва сиёсат ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтишим керак.
Бир сўз билан айтганда Шукрилла Раҳматович тарафдорлари ўша тарихий 7 сессияда Ислом Каримовни ишдан олиб, ўрнига Мирсаидовни қўйишга қарор қилган оғир ва синовли кунларда мамлакат тақдири кўп жиҳатдан Ғулом Алиев тутган позицияга ҳам боғлиқ эди.
Айтиш мумкинки, Ғуломжон ака бу борада Ўзбекистон Президентига ва Конституцияга содиқлигини амалда исботлади. У ўзига ишониб катта ва масъулиятли вазифа топширган инсонга нисбатан хоинлик қилмади.
Фикримизнинг исботи сифатида Ғулом Алиевга бевосита боғлиқ бўлган учун ҳам Шукрилла Мирсаидовга бағишланган 20 бобда эълон қилинган мана бу фикрларни яна бир маротаба китобхонлар эътиборига ҳавола этишни лозим деб билдик…
19.
“Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг Шукрилла Мирсаидовга бағишланган  20 бобидан кўчирма:
Хуллас, ана шундай сиёсий, ижтимоий воқеа ва ҳодисалар асносида Ислом Абдуғаниевич билан Шукрилла Раҳматовичларнинг узоқ йиллик шахсий муносабатлари ҳам инқирозга юз тута бошлайди.
Бу пайтга келиб Тошкентдаги сиёсий кучлар гуруҳларга бўлиниб, ҳокимият учун жиддий кураш бошланган эди.
Яна бир гап.
Ислом Каримов СССР да биринчи бўлиб қардош республикалар ичида ўзини Президент этиб сайлаганидан сўнг, СССР Президенти Михаил Горбачёв, табиийки, бу “сайлов”ни ғазаб билан қарши олади.
Москвадан бизга етиб келган манбалар бўйича шу кундан эътиборан у Ислом Каримовни сиёсий саҳнадан супуриб ташлашга ва унинг ўрнига, иқтисод фанлари доктори бўлган Шукрилла Мирсаидовни иқтидорга келтиришга қарор қилгани маълум бўлди.
Бизнинг бундай дейишимизга сабаб, ГКЧП мағлубиятга учраганидан кейин, Москвада гарчи ҳокимият Горбачёвдан Ельцинга ўта бошлаган бўлса ҳам, Ўзбекистонда ГКЧПни қўллаб қувватлаган Мирсаидовнинг обрў эътибори мустаҳкам, аксинча, уни ўта ҳушёрлик ва синчков нигоҳ билан кутиб олган Каримовнинг нуфузиҳаминақадар бўлиб қолганди.
Ҳатто Тошкентлик обрў эътиборли мулозимлар ҳам Ислом Каримовнинг кетиши кераклиги ҳақида очиқ ойдин гапира бошлаган эдилар. Ана шундай амалдорлардан бири Ўзбекистоннинг ўша пайтлардаги Ташки Ишлар вазири Сарвар Олимжонович Азимов эди.
Пойтахтдаги аксар ҳукумат аъзолари ва давлат мулозимлари ҳам Шукрилла Мирсаидов тарафида эканини Ислом ака яхши биларди.
Буни Ўзбекистондаги куч ишлатар тизими раҳбарлари ҳам билар ва улар ҳам икки ўт орасида қолган эдилар.
Бир сўз билан айтганда, аслида Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йилги еттинчи сессияси Ислом Каримов учунҳаёт мамот сессияси бўлиши керак эди.
Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Президент Хавфсизлик Хизматининг хулосаси ҳам айни шу хабарларни тасдиқлаб турарди.
Хуллас, 1991 йил 30 сентябридаги Олий Кенгашнинг еттинчи сессияси Ўзбекистонда раҳбар ўзгариши мумкин бўлган Ислом Каримов даврининг энг сўнгги сессияси бўлиб тарихга киради.
Ундан кейин Ислом Каримов ўзини ўзгартириши мумкин бўлган барча куч ва воситаларни, ҳукумат ва мухолифат билан бирга таг томири билан қўпориб, тамомила тор мор этиб ташлади…
Мана, йигирма уч йилдирки, ўша еттинчи сессия берган аччиқ сабоқ Ислом Каримовни ўз тож тахтида, ҳукмдорлик салтанатида ҳануз маҳкам ва мустаҳкам ушлаб турибди…
Энди бавосита ўша сессия кун тартибига ва унда кўтарилган масалаларга ўтсак.
Шавкат Юлдошев (лақаби – қовоқари) Олий Кенгашнинг раиси эди.
Сессия одатдан ташқари тартибда бошланади. Кун тартибига қўйилган масалалар бир четда қолиб кетиб, минбарга чиққан депутатлар дафъатан Президентга ташланиб қолишади.
Масалан, пойтахтимиздаги Яккасарой туманининг Кенгаш раиси – райкомнинг биринчи секретари Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб:
— Ислом Абдуғаниевич, жиловланмаган характерингиз, бу феъл-атворингиз билан Сизга республика бошқарувини ишониб топшириб бўлмайди! – дейди.
Келинг, яхшиси Шуҳрат Нусратов ўша сессияда гапирган нутқнинг тўла қисмини келтириб ўтсак:
“НУСРАТОВ: Салом алайкум ўртоқ депутатлар. Манинг битта айбим бор. Замонанинг фарзандиман. Балки қурбониҳамдирман. Рус тилини ўзбек тилидан яхшироқ, пухтароқ биламан. Шунинг учун рухсат берсанглар, жуда ҳам муҳим нарсани қўймоқчиман, ўшани рус тилида гапирсам.
ЙЎЛДОШЕВ: Йўқ, кун тартиби бўйичами?
НУСРАТОВ: Кун тартиби бўйича.
(Нусратов гапининг ўзбекчаси):
Ҳурматли депутатлар, Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қуйидаги қўшимча масалаларни киритишни сўрайман.
1. Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.
Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш. Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман. Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди. Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда. Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса. Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас. Айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан.
2. Мен Рўзимуродов масаласини бошқа жиҳат билан қўймоқчиман. Қашқадарёлик депутат Рўзимуродовнинг дахлсизлик ҳаққи поймол қилингани масаласи кун тартибига киритилсин. Мен унинг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласини очиқ қолдираман. Агар айбдор бўлса жазосини олиши керак. Бу суднинг иши. Ҳозиргача улар бу ишни қойил мақом қилиб қўйганга ўхшайдилар. Олий кенгаш депутатини қамоққа олишни фақат Олий кенгашнинг ўзи ҳал қилади, яъни бизлар. Агар биз бу масалада ўз овозимизни бермасак, эртага бизни ҳам қамашади.
(Қарсаклар)
ИЗOҲ: Раислик қилувчи қўнғироқни чалади ва Нусратов кун тартиби белгиланишида регламент йўқлигини айтиб, сўзида давом этади.
НУСРАТОВ: Уч ойдан зиёд вақтдан бери бизнинг сафдошимиз бўлган депутат биз томондан тасдиқланмаган қарор бўйича қонунсиз равишда турмада сақланмоқда. Бу эса президент истаган пайтда бизлардан ҳар биримизни қамоққа олдириши мумкинлигини кўрсатади. Президент хохлаганини биз биламиз. Президент уни қамади. Мен бу масалани кун тартибига киритиб, Рўзимуродовни дарҳол озод қилишни ва бу ерга олиб келишни таклиф қиламан.
ИЗOҲ: Орага яна раислик қилувчи киради. Аммо партия ишида чиниққан Нусратов унга “Халақит қилманг, мен барибир сўзимни давом эттираман”, деб жавоб қилади.
НУСРАТОВ: Мен конституциявий қўмита раиси, академик Ўразаевга мурожаат қиламан.
Шавкат Закариевич, бизнинг халқимиз сизга маълумот берди, сизни академик даражасига чиқарди, сиз нимага эга бўлсангиз бунинг учун халқимиз олдида бурчлисиз. Сиз асл халқдан бўлмаганингизга қарамасдан депутатлар байналминаллик кўрсатиб, сизга Конституцияни ҳимоя қилишни ишондилар. Бу ишончни оқланг ва менинг назаримда қонунсиз бўлган бу икки ҳужжатга баҳо беринг, энди.
Конституциявий қўмита хулосаси бўлмасдан депутатлар узил-кесил қарор бера олмасликларини биласиз. Агар бу борада Конституция талаблари бузилган бўлса ва Конституциявий қўмита буни тан олса, президент кетиши керак.
Республика КГБ раиси Алиевга мурожаат қиламан. Бош прокурор Бўритош Мустафоевга, Олий кенгаш қонунчилк қўмитаси раиси Эркин Халиловга мурожаат қиламан. Эркин, ҳуқуқшунос сифатида ўз хулосангни айт.
Қолганлар ҳам ҳуқуқшунослар сифатида ўз фикрларингзини айтинглар, дарҳол, ҳозир! Сиз тўрталангиз бугун ўз танловингизни қилишингиз керак, депутатлардан менинг таклифимни қўллашларини сўрайман.
Конституциявий суд танаффусда кўриб чиқиб, Рўзимуродовни қамоққа олиш қонуний бўлганми, йўқми, айтсин.
Юқорида номлари айтилган ҳуқуқшунослар бу ерга чиқиб ўз фикрларини айтсинлар ва халқ билсин, улар ўз касбларига лойиқми, ёки йўқми?
Бугун биз бу ерда ўтирганлар ё демократияни ва ёки диктатурани танлашимиз керак. Ора йўл бўлмайди.
Ўртоқ Йўлдошев менинг таклифимни овозга қўйсангиз.
ЙЎЛДОШЕВ: Мен ҳам рус тилида айтаман. Биз ҳаммамиз очиқ эшикка ўзимизни урмоқдамиз. Биз Рўзимуродов ҳақида келишиб олдик. Сессия охирида олий суд раиси информация беради деб. Бунга бошқаларнинг ҳам номи қўшилмоқда. Хўш уларни эшитган билан нима ўзгарарди?
ИЗOҲ: Шу пайт Нусратов яна ўрнидан туриб масалани овозга қўйишни талаб қилади. Залда шовқин кўтарилади…”
Еттинчи сессия стенограммасининг Шуҳрат Нусратовга оид қисми шу ерда тугайди.
Шуҳрат Туҳфатович ўшанда аксарият нотиқлар каби рус тилида сўзлаган эди. Унинг русчада айтган ғазабнок ва ўткир сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди:
(“С вашим необузданным характером нельзя Вам доверять руль республики!»)
“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади”, деган эди 1991 йилда Ўзбекистон парламенти минбаридан туриб Нусратов.
Ундан кейин сўзга чиққан Конституцион суднинг раиси Шавкат Ўразаев Шуҳрат Нусратов ҳақида:
Мен бу йигитга дарс берган ва унга ишонган эдим. Афсуски, унга яхши сабоқ беролмаган, унга ишониб хатоқилган эканман, – деган эди.
Ҳар ҳолда менинг хотирамда қолгани шулар.
Яна уч-тўртта одам сўзга чиқиб, биттаси Каримовни ёмонласа, бошқаси Ислом аканинг ёнини олади.
Жаҳонгир ҳам ўшанда сўзга чиқиб,  ўзининг  қуйидаги нутқини ирод этган эди:
— Ўзбекистон Сизнинг онангизнинг маҳрига тушган эмас! Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нега мени қувғин қиласиз? – деганди у ўшанда.
Булар ўтган йигирма уч йил давомида менинг хотирамда қолган сўзлар эди.
Биз Шукрилла Мирсаидов тарафдорлари Президентга қарши бош кўтарган еттинчи сессия ҳақида гапираётган эдик.
Залга қараб бир нарсани сездимки, олдинги қаторларда Тошкент шаҳридан сайланган ва Мирсаидовга тарафдор бўлган депутатлар ўтиришган эди.
Улар нотиқларга хайрихоҳ нигоҳларини қадаб, дам-бадам гулдурос қарсаклар чалиб ўтиришарди.
Тошкентлик депутатлар Президентга қарши гапираётган нотиқларга хайрихоҳ эканини бир қарашда сезиш мумкин эди.
Ўша сессияда Ислом ака ниҳоятда ёлғизланиб қолганди. У кишининг шумшайиб ўтиришини кўриб, кишининг раҳми келарди.
Айниқса Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб, Президентга унинг бежилов ҳатти ҳаракати боис республика раҳбарлигини ишониб топшириш мумкин эмас деган ўт-олов сўзларидан кейин Ислом ака бир сиқим бўлиб қолди.
Президиумда боягина каттакон бир мамлакат раҳбарига хос шижоат ва салобат билан қўр тўкиб ўтирган Ислом акадан энди асар ҳам қолмаганди.
Энди мажлис Президиумида бир сониядаёқ кичрайиб қолган ожиз ва нотавон, кучсиз ва кимсасиз, беҳол ва бемадор, ёлғиз ва бечора бир киши мўнғайиб ўтирарди…
Ўшанда депутатлар худди ўз отамни ҳақорат қилишаётгандек бўлган, мен эса, ўз яқин одамимнинг мулзам ва ночор бўлиб ўтиришига тилсиз-забонсиз гувоҳ эдим. Шу нарса ҳеч эсимдан чиқмайди.
Ислом ака ҳануз довдираганча, мажлислар залининг учинчи ё тўртинчи қаторида ўтирган КГБ раиси Ғулом Алиевга “Бу ёғи энди нима бўлади, оғайни?” дегандек умидвор нигоҳларини боққанча, ғариб бир ҳолатда маъюсгина термулиб ўтирар эди…
Мана, сал кам йигирма уч йилдирки, у кишининг ўша маҳзун ва мағлуб ҳолати кўз ўнгимда худди кино лентасидек абадул абад муҳрланиб қолган…
Бу ажиб ҳолат назаримда ўша тарихий еттинчи сессияда иштирок этган 500 нафар Олий Кенгаш депутатларинингҳам ёдида то ҳануз сақланиб қолганлигига мен бунга шубҳа қилмайман…
Айнан яна кимлар нима деганини номма-ном ёки сўзма-сўз эслолмайман, чунки биров қўққисдан юзимга тарсаки тортиб юборгандек гангиб қолгандим. Бировнинг гапи қулоғимга кирса, бировнинг гапи қулоғимга кирмасди.
“Товба!” дейман ҳозир ўша воқеаларни эслаб. Одам шунчалик ҳам меҳр қўйиши мумкинми давлат раҳбарига дейман ўзимга ўзим.
Ислом ака нима билан бизни ўзига бу қадар мафтун этиб олган эди?
Ундаги соддалик ва самимият, меҳр ва оқибат шу қадар кучлимиди?
У одамларни ўзига шу қадар ишонтириб, садоқатли тарафдор қила олган бўлса, деамак у ростдан ҳам кучли сиёсатчи экан-да…
Лекин нега энди шундай кучли ва қудратли сиёсатчи кейинчалик ўзининг аксар мухлис ва тарафдорларини бу ишонч ва садоқатлари учун хориж ва ҳибсга, йўқлик ва қулликка, ишсизлик ва эрксизликка маҳкум этди?
Сиёсатнинг бевафолиги, у аксар ҳолларда фоҳиша хотиндек хиёнаткор ва юзсиз бўлишининг сабаблари нимада?
Кимлар ва қандай характер ҳамда феъл атворли инсонлар бу мураккаб ва қалтис вазиятларда мутлақғолибликни қўлга киритишлари мумкин?
Ҳалол ва диёнатли, оқил ва шижоатли, тўғри сўз ва садоқатли одамлар аксар ҳолларда ғолиб кела олмасликларини ҳам тарих кўп бор исбот этди…
Демак, давлат раҳбарларининг ҳаммасини ҳам ҳақ ва одил деб ўйлаш нотўғри эканда унда…”
20.
Хўш, унда биз Ислом Каримовга, унинг 25-30 йиллик сиёсий фаолиятига баҳо берганда қайси меъзонларни қўйиб, баҳо беришимиз керак бўлади?
Уни оғир ва таҳликали дамларда мутлақо ва шак шубҳасиз қўллаб қувватлаган, унга садоқат билан хизмат қилган Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ғулом Алиевга-чи?
Юқоридаги воқеа ва ҳодисалар Ғулом Алиевнинг Ўзбекистон давлати ташкил топаётган тўқсонинчи йилларда Ислом Каримовнинг ёнида туриб, мамлакат сиёсий ҳаётида ўз мустаҳкам позициясига эга бўлганидан далолат беради.
Ғулом Алиев Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган, ўзбек давлати шаклланаётган энг масъулиятли ва оғир дамларда республиканинг энг нуфузли (хуфия) идорасига раҳбарлик қилди.
Президент, Мустақиллик  ва давлатчилик шаклланиб, оёққа дадил туриб олишида, истаймизми йўқми, у кишининг муносиб ўрни бор.
Одатда, хуфия идораси раҳбарлари пенсияга чиқарилмайди деган гап бор.
Шунинг учунми, билмадим, Ғуломжон Алиев ҳам тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарлигидан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.
Лекин Президент девонида уни ҳеч ким учратмади. Баъзи манбаларнинг гувоҳлик беришича, у уйдан чиқмаслик шарти билан Андижондаги ҳовлисига бадарға қилинган.
Кейин секин-аста у кишининг номи расмий хабарларда кўринмай қолди…
21. 
Энди бир икки оғиз нега шундай бўлгани ҳақидаги ўз мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашсак.
Авваломбор, Ислом акада атрофидагиларга нисбатан — ўта ҳушёрлик ва синчковлик билан бирга — ишончсизлик ҳам жуда кучли.
Кейинчалик, Мирсаидов тарафдорлари бирма бир ишдан олиниб, йўқ қилинаётган пайтда кимдир: «Бу исёндан нариги идора ҳам хабардор эди» деган, шекилли, Ислом ака Ғулом Алиевни алмаштиришни қарор қилади.
Ҳолбуки, Ғулом ака ниҳоятда адолатли, ҳалол ва тоза одам эди. Одатда хуфия идораларига бундай фазилатли кишининг келиши жуда камдан кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.
Андропов каби адолатпарвар раҳбарлар ҳокимиятга ҳар доим ҳам келавермайди…
22.
1995 йилдан эътиборан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини — Ғулом Алиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Рустам Иноятов бошқара бошлади.
Биз Рустам Расуловичнинг кейинги ўн етти йиллик фаолиятига у кишига бағишланган навбатдаги бобларнинг бирида батафсил тўхталамиз.
Ҳозирча Ғулом Алиев ҳақидаги суҳбатимизни якунласак.
Орадан йиллар ўтди…
 23.
Мавлон Умурзоқовнинг умр йўлдоши, истеъдодли шоира Ҳалима Худойбердиева ҳикоя қилади:
— Андижонлик шоира Қурбоной Убайдуллаева билан ижодий сафарда эдик.
Андижонликлар бизни жуда кўтаринки руҳ билан кутиб олишди. Улар шеъриятга жуда чанқоқ, меҳри дарё халқ.
Адабиёт кунларининг якунида бизни Ғуломжон Алиев йўқлаганини айтиб қолишди. Бордик.
Анвойи гуллар билан ўралган ҳовлининг тўридаги мўъжаз бир хонада шипга термулганча ғариб бир ҳолатда ётган одамни олдинига таний олмадим. Ғуломжон аканинг кўздан қолган пайтлари экан:
— Ҳалимахон, Мавлон ҳам, Сиз ҳам мени кечиринглар. Хизмат, вазифа деб кўп ранжитдим Сизларни…. Андижонга келганингизни эшитиб, Сизга шу гапларни айтиб қолай дегандим…
— Қўйсангиз-чи, бу гапларни Ғуломжон ака. Ҳали соғайиб, яхши бўлиб кетасиз. Сиз узр сўраманг. Биз Сизни тўғри тушунамиз. Умрингиз узоқ бўлсин, илоҳим…
 24.
Ҳалима опанинг шу гапларидан сўнг, йўлим тушиб Андижонга борганимда Ғуломжон акадан ўша — Президентнинг ёзги қароргоҳидаги шаккоклигим учун узр сўраш ниятида у кишини сўраб суриштирдим.
— Анча бўлди, вафот этганларига… – деб жавоб беришди.
Ажаб, нега бу ҳақда расмий хабар берилмади. Менга ҳанузгача шу савол тинчлик бермайди…
Ғуломжон ака қорачадан келган, юзларидан нур ёғилиб турган, истараси иссиқ инсон эдилар. Вафот этганларини эшитиб, юрагимда исмсиз бир оғриқ пайдо бўлди.
Президентнинг ёзги резиденциясида  шаккоклик қилиб айтган:  “Кайфингиз ошибди. Кеч бўлиб қолди. Энди дам олиш керак, шекилли” деган беандиша сўзларим учун у кишидан юзма-юз бўлиб, узр сўрай олмадим.
Вафот этганларида Ғуломжон ака саксонларни қоралаб қолган эдилар…
25. 
Биз бугун Мустақил Ўзбекистоннинг кўзга кўринган атоқли арбобларидан бири — Ғулом Алиевнинг ҳаёт йўлига қисқача назар ташлаб ўтдик.
Махсус хизматларга бағишланган сирли ва синоатли ҳаётни тўла тўкис баён қилиш имкони йўқ бизда. Бу табиий, албатта…
Лекин шунга қарамай, мустақилликнинг дастлабки йилларида  собитқадамлик билан ўз ўрнида тура олган Ғулом Алиев мустақил Ўзбекистон учун эсда қоларлик  самарали  ишларни амалга ошира олди.
Бугунги Ўзбекистон хуфия хизматидаги кадрларнинг асосий ядросини у оёққа қўйди. Миллий Хавфсизлик қўмитасининг шаклланиши ҳам бевосита унинг номи билан боғлиқ.
Лекин негадир бугунги хуфия хизмати раҳбарлари буни тан олишни исташмаяпти…
Майли, ВАҚТ ҳамма нарсага энг одил ҳакам деган яхши ва ҳикматли гап бор.
Энг муҳими Ғулом Алиев хуфия хизмати ходимлари учун — ўзининг камтарона ҳаёт тарзи билан катта ва улкан сабоқ мактабини яратиб кетди.
Афсуски, бугун куч ишлатар тизимларида ишлаган ва ишлаётган айрим жилови бўш «арбоб»ларнинг тез тез қуюшқондан чиқиб ўзларини у ёқдан бу ёққа уришларини кўрганда, баъзан Ғулом акадай камтар ва камсуқум, узоқни кўзлаган ва кўра билган арбобларни қўймсайди киши.
Ҳар ҳолда Ғулом Алиев ўз соҳасида камдан кам учрайдиган билимли, тажрибали, ва энг муҳими — инсоф диёнатли раҳбар эди. У ҳамкасблари ва замондошлари  ёдида ана шундай яхши инсоний сиймоси ва ибратли фаолияти билан доим яшаб қолишига ишонгим келади.
Ғулом Алиев хуфия хизматидек  ғоятда муҳим республика идорасига — тарихда биринчи марта бош бўлган миллий кадр сифатида ҳам ёдимизда абадий қолади.
Шу билан бирга бугун Ўзбекистон МХХ таркибида генерал Бахтиёр Ҳисомович Ғуломовдек ҳалол ва инсофли  – Ғулом Алиев мактабининг ҳар томонлама муносиб кадрлари борки, улар ҳамон шу улуғ мактаб байроғини баланд кўтариб келишяпти дейиш мумкин.
МХХ нинг биринчи миллий раҳбари Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ берилган ушбу бобни якунларканмиз, унинг ҳаёт йўлини биздан-да яхшироқ ва мукаммалроқ биладиган ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари келажакда бизнинг фикрларимизни янада тўлдирадилар деган умиддамиз.
Исмат Хушев
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
4 декабрь, 2014 йил
Торонто шаҳри, Канада.
ras13
Суратда: Мени Бош муҳаррирликдан озод қилган Бош вазир Ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгдан биринчи), мени ҳибсга олишга Президентни шахсан кўндирган МХХ раиси, генерал-лейтенант Ғулом Алиев (ўртада), МВД ертўласида мени уриб, дўппослашларига шароит яратиб берган Ички Ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов – Ўзбекистон Олий Кенгаши йиғилишида…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу ноёб суратлар матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда…)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

5 шарҳ

  1. Temur.

    ISMAT. SEN KURIB-BILA TURIB YANA SHU ILIMSIZ XOLMUROD RAXMONOVNI BIR KOTTA TUMAN HOKIMI BULISHIGA KUMAK BERDINGMI. U IMLOLI XATO QILGAN BULSA, UQISH, HISOB-KITOBDA, ISH YURITISH QUL OSTIDAGILARGA MUOMLADA QANDAE BULISHINI UYLAB KURDINGMI? TUMAN XALQI ULIB KETSA HAM SENDAQALARGA BARIBIR.

  2. Хар қандай хокимятни куч қудрати яширин сир асрорларда яъни хуфёна хизматнинг фаолиятида. Муҳими хафсизлик хизмати мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилиши, қонун доирасидан чиқмаслиги керак.

  3. Shavkatbek

    Raxmat Ismat aka.Ushbu xotiralaringizni uqib kup xaqiqatlardan voqif boldik va xamshaxarimiz Gulom Alievga bolgan xurmatimiz yanada yuksaldi. . Xaqiqatda yaxshi inson,yaxshi raxbar edilar..Afsuslar bolsinki Uzbek davlat mulozimlari orasida bunday kishilarni topish xozir juda qiyin…

  4. 2 шарҳ

    1. Shuxrat Normurod

      СНБ қонунийлигини давно йўқатган фақат бир зўровон, дектаторга хизмат қилувчи ташкилотга айланган. Мамлакат халқини қурқитиш, давлат терpори билан машғулдир. Исмат ака мана шу хаккатни очиб бериши керак.

    2. Ozbekxan

      СНБ ни бутунлай ислох қилиш керак. Эски КГБ услубида ишлашни охир оқибати фалокат билан тугаши аниқдир, худди собиқ Совет Иттифоқи каби. Хозирги Снб даги кадирлар янгича ишлашга қодир эмас. Чунки каррупцияга ботган махсус хизмат ўз қонунийлигини алақачон юyқатиб бўлгандир. Исмат Хушев уларни яхши билади, бош мухарир буганида ҳамкорлик қилиб, мукаммал урганган. Шунинг учун ҳам у кишининг ёзганлари қизиқ ва жонли чиқади. Сабирсизлик билан Иноятов ҳақидаги бобни кутиб коламиз. Лекин бу боб бомба булиши керак кейинги вокеаларни хисобга олсак…

Один комментарий к “Исмат ХУШЕВ: ХУФИЯ ИДОРА (МХХ) ДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР (26-бобнинг 2-қисми)”
  1. Ха бу МХХни биринчи райси Гулом Алиев. Кристал уз ишига, халкига вафодор инсон эди. Кашкадарёда ишлаганлар. Жуда оддий яшаб утдилар,бундай инсонлар тугрисида халкда -Хакикий коммунист- деган иборани бемалол куллаш мумкин

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *