• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси… (Биринчи қисм)

Май 6, 2017


Исмат Хушев
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
ёки
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
Мен Шоғуломовнинг некрологини Аъло Маҳсумовичдан ошириб ёзолмаслигим мумкин.
Рустам Шоғуломов ўлими менга бутун совет даври матбуотини яна бир бор кўз ўнгимда гавдалантирди.
Гарчанд ўзим ҳам ўша давр руҳиятининг маҳсули бўлсам-да, Шоғуломов каби гигант шахсларнинг ҳаётдан кетиши қоронғу осмон бағрини тилиб ўтган чақмоққа ўхшайди.
У бир зум бўлса-да, бу тубсиз ва зулмат қоплаган осмонни қоқ иккига бўлиб ёритиб ўтади.
Бугунги ўлим – Шоғуломовлар династиясининг машҳурлигига муайян нуқта қўйиши табиий…
Яна бир неча соатлардан сўнг “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Ўзбекистон давлат матбуот қўмитасининг ўн беш йиллик раиси Рустам Шомуродович ўлими муносабати билан ёзилган таҳлилий мақоласини ўқийсиз.

Исмат Хушев: Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз – Ёднома

 
Исмат Хушев
 
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
 
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
 
Республиканинг “бош цензур”и ўзи яратган қонун қоидалар қопқонига ўзи ҳам тушди…
1.
2014 йилнинг 21 январь тонгида Тошкентда – Ўзбекистон матбуотининг кўзга кўринган ва йирик арбобларидан бири Рустам Шоғуломов  81 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Мустақилликка қадар салкам йигирма йил “Ёш ленинчи” газетасини бошқарган, ундан кейин эса роппа роса ўн олти йил мустақил Ўзбекистон матбуотига воизлик қилган, Республика Матбуот Қўмитасини бошқарган таниқли давлат мулозими вафотига расмий Тошкент муносабат билдирмагани мени ажаблантирди.
Шу билан бирга унинг ўлими – бутун совет ва мустақиллик даври матбуотини кўз ўнгимда бир-бир гавдалантирди.
Гарчанд ўзим ҳам ўша давр руҳиятининг маҳсули бўлсам-да, Шоғуломов каби гигант шахсларнинг ҳаётдан кетиши, бу ёруғ дунёни тарк этиши – биз истаймизми, йўқми – қоронғу осмон бағрини тилиб ўтган чақмоққа ўхшайди.
У бир зум бўлса-да, бу тубсиз ва зулмат қоплаган осмонни қоқ иккига бўлиб, ёритиб ўтади…
2.
Мен Шоғуломов некрологини талантли журналист Аъло Маҳсумович Хўжаевдан ошириб ёзолмаслигим мумкин.
Унинг ўлимини эшитганимда эрта бир кун некролог мақола ёзаман деб ўйламаган ҳам эдим. Чунки  эслайдиганлар, унинг оиласи ва яқинларига таъзия билдирадиганлар менсиз ҳам кўп бўлса керак деб ўйлагандим.
Рустам Шоғуломовнинг вафоти муносабати билан – унга некролог ёзишдан кўра кўпроқ унинг Тошкентдаги юзлаб журналист шогирдлари, даврадош дўстлари, улфатларининг бугунги етим ҳолатини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилдим. Улар энди Шоғуломовсиз қандай яшаркин, Ўзбекистон матбуоти энди ўзининг қудратли халоскорисиз қандай кун кўраркин деб ўйлаган эдим.
Лекин мен бугун Ўзбекистонда эмас, балки олис Канадада яшаётганим учунми, ватандаги ҳақиқий вазиятни билмаган, хато қилган, адашган эканман…
Некрология борасида Ўзбекистон тарихида алоҳида тартиб яратиб, кимга таъзия билдириш ва билдирмаслик, ким ўлганда сукут сақлашлик “қонун қоидаси”ни яратган “ижодкор”нинг ўзи ҳам  –  республикада унинг раҳнамолигида чиқиб турган бир минг беш юз (1500) дан зиёд  газета ва журналларнинг биронтасида ҳам икки сатр таъзияномага муносиб кўрилмади.
Ҳолбуки у киши Президент ўтказган йиғилишларда, ҳукумат  анжуманларида, тантанали мажлисларда соҳа ҳақида гап кетганида: “Менинг қўл остимда бир ярим мингдан зиёд матбуот нашри бор. Мен ана шунча  матбуот лицензиясига рухсат бериб, имзо чекканман. Бугун бу даргоҳда юз мингдан ортиқ шогирдларим ишлайди! Истаган ишимни истаган пайтда қилишим, любой матбуотни ёпиб, ходимларини кўчага ҳайдаб юборишим мумкин” – деб фахр ва ифтихор билан, момоталоқ бўлгунича кўкрагига уриб мақтанарди.
Шоғуломов тақдир унга ато этган бу рутба ва вазифа билан астойдил фахрланар, ғурурланар, бу фахр ва ғурур унга ажиб бир завқ-шавқ берарди.
Ажабки, шундай арбобнинг ўзи бугун шунча минглаб газета ва журналларнинг бирортасида ҳам  икки оғиз некрологга лойиқ топилмади. Шунча минглаб шогирдларидан бирортаси уни эслаб, ё яхши, ё ёмон деб бир оғиз таъзия ёзмади…
Яна такрорлайман, мустақиллик даври матбуотига 16 йил, яхшими ёмонми, раҳбарлик қилган бу инсон вафот этганида лом мим демаслик адолатдан бўлармикан? Бу – унинг ўша мақтаниб гапириб юрган юзлаб муҳаррир шогирдлари, минглаб журналист ноширлари учун ҳам, унинг хизмати ва садоқатидан беқиёс фойдаланган, завқланиб баҳра олган Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам – уят эмасми?!
Бизнинг Ватандан жудо бўлишимизга  қайсидир маънода сабабчи бўлган бу инсоннинг хотираси ҳаққи ҳурмати, у кишининг вафоти боис энди ўзимиз олис Канададан бўлса ҳам, бир оғиз муносабат билдирмасак, адолатдан бўлмас…
3.
Мен Шоғуломов билан ҳаётимда биринчи маротаба 1975  йилнинг ёз ойларида кўришган эдим.
Умр оқар дарё деганлари рост экан. Шунга ҳам аллақачон сал кам қирқ йил бўлибди.
Ўрта мактабни битириб, ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кириш учун отамнинг этагидан тутиб Тошкентга келганимда, факультетдаги масъуллар имтиҳондан олдин ижодий конкурс бўлишини, бунинг учун эса мақолаларим нашр этилган бирор бир газета ва журнал редакциясидан тавсиянома кераклигини айтишди.
Мактабда ўқиган  давримда “Ленин учқуни”, “Гулхан” ва  “Ёш ленинчи” да “И.Хушев” номи балан мақола-ю, шеърларим босилиб турарди.
– Иложи бўлса “Ёш ленинчи”дан олиш керак,  бош муҳаррир Шоғуломовнинг ўзи ҳам  “Ижодий конкурс” ҳайъатига аъзо, – деб қолди бизга йўл йўриқ кўрсатган самарқандлик домла Сайди Умиров…
4.
Туш пайтида отам билан “Инқилоб хиёбони” атрофидаги ўн олти қаватли – пешонасида соати бор муҳташам бинони топиб бордик.
Ичкарига кирайлик десак, навбатчилар қўйишмади: “Ҳамма тушликда” , дейишди. Ноилож ташқарига қайтиб чиқдик.
Отам бурчакда сигарет чекиб турган нотаниш бир йигит билан уч-тўрт оғиз гаплашди, сўнг ёнимга келиб: “Елкаcига костюмини елвагай ташлаб юрадиган одам Рустам Шоғуломов экан – “Ёш ленинчи”нинг бош муҳаррири, – деди.
Отам мени бир жойга турғазиб қўйиб, ўзи катта кўчанинг ёқасига кетди.
Бир пайт қapaсaм, oтам айнан костюмини елкасига елвагай ташлаб олган пасон бир киши билан гаплашиб келяпти.
– Ўғлингиз шу йигитми? – деб cўради Рустам ака менга синчиковлик билан разм солиб.
– Ҳа, шу йигит, – деди oтам. “Қани, юр-чи”, – деб йўл бошлади Рустам ака ўзига хос виқор билан.
У бизни бошлаб лифтга чиқди. Қайсидир қaвaтгa кўтарилдик.
Узун йўлак бўйлаб хонасига олиб кирди. Калта стил кўйлак кийиб, сочларини ёйиб юборган оҳудек ҳуркак котибасига чой дамлатди. Отам билан уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирди.
Бир-икки пиёла чой ичилгач, камон қошли дилбар котиба бир варақ қоғозни кўтариб хонага кирди.
Рустам ака уни ўқиб остига имзо чекди-да, отамга узатди.
Сўнг: “Омадини берсин” деб бизни йўлаккача кузатиб қўйди…
5.
Шу тариқа журналист бўлишимдан олдин биринчи маротаба Рустам аканинг суҳбатидан ўтганман. Йўлланмасини олганман.
Шоғуломов ўша пайтда кўзимга бу дунёдаги энг катта ва қудратли журналист, буюк инсон бўлиб кўринган эди.
Кейин йиллар ўтиб, ўзим ҳам Бош муҳаррир бўлгач, Рустам ака билан ҳаётда жуда кўп маротаба тўқнаш келдик. У киши баъзан: «Сени журналистикага киришингга ўзим йўлланма берганман, лекин ҳали бир пиёла чойингни ичганим йўқ» деб ҳазиллашиб қўярди.
Рустам Шоғуломов олифта ва мағрур, лекин  қўли очиқ ва мард одам эди. Унинг дўстлари кўп, шогирдлари беҳисоб, лекин душманлари ҳам бисёр эди. Газета ва журнал Бош муҳаррирлари ундан чўчишар, уни ёмон кўришарди.
Лекин учрашиб ё кўришиб қолишганда энг азиз ва қадрдон одамларини кўриб қолгандай ажиб бир мутеълик, ғаройиб бир меҳр – муҳаббат билан таъзим бажо айлаб сўрашишарди…

 

6.
Ўзи умр бўйи бирор сатр мақола ҳам ёзмаган бўлса-да, совет даврида қарийб йигирма йил ёшлар газетасига бош муҳаррир,  мустақиллик йилларида эса ўн олти йил давомида бутун ўзбек матбуотига  етакчилик қилди.
Айни пайтда республиканинг бош цензорлик вазифасини ҳам тарихда мисли кўрилмаган даражада бешафқатлик билан бажарди.
У журналистлар учун  матбуот ҳақидаги бир неча  «темир қонун»ларни яратиш ва чоп этиш ташаббускори бўлиб, айни пайтда ижодкорлар учун  беомон қопқонлар яратилишига ҳам каттагина замин ҳозирлади.
У  ана шундай чекловчи ва ижодкорнинг қўл оёғини кишанловчи қонунларнинг ашаддий тарафдорлари бўлиб, бу «ижоди» ва фаолиятидан ўзи ҳам завқланиб, ҳузур  қиларди…
Хуллас, у ўзбек матбуотига «қойил мақом» даражада раҳабарлик қилди.
Раҳбарлик қилганда ҳам айтгани – айтган, дегани – деган бўлди…

 

7.
Лекин ҳаёт барибир ҳаёт экан.
Болаликда сенга фаришта ва буюк бўлиб кўринган кишилар, йиллар силсиласида ўзлигини тўлиқ намоён этиб, охир оқибат ҳамма қатори оддий бир одамга айланиб қоларкан.
Орадан ўтган 30-40 йил давр орасида — болалигимда кўзимга энг катта ва қудратли журналист, буюк ва бетимсол инсон бўлиб кўринган Рустам Шоғуломов ҳам секин аста  майдалашиб, майдалашиб, охир оқибат – уфқдаги элас элас кўзга ташланадиган кичик бир нуқтачага айланиб қолди.
Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз…
8.
Нега бундай бўлди? Нега бундай дедим?
Бир пайтлар менга “Оқ йўл” тилаб, журналист бўлишимга сабабчи бўлган устозга нисбатан шаккоклик ва нонкўрлик эмасми бу?
Аслида шундай!
Лекин бу дунёда бизга нохуш ва ёқимсиз бўлган бошқа ажиб ҳақиқатлар ҳам бор экан.
Бу аччиқ ҳақиқатлардан бири шуки, журналистика ва ижод соҳасида умуман қалам тебратмаган одам, қайси вазифада бўлишидан қатьий назар, у ёлғиз қолиб журналистиканинг денгизида яйраб сузувчи ғаввосдай – завқланиш бахтидан маҳрум бўлади.
Журналистика ва ёзиш машаққатини бевосита ҳис қилмаган, журналистик мактабни, ижод дардини шахсан ўз бошидан кечирмаган шахс – у гарчанд қайси вазифани эгаллаб, қайси чўққига кўтарилган бўлмасин, илҳом денгизининг тубига шўнғиган ғаввослик бахтидан, ижод лаззатидан мосуво  ва бебаҳрадир.
Ижод дарди ва илҳоми унга бегона!
Ижодкорнинг тунни тонгга улаб, не-не машаққатлар эвазига, пешонадаги реза-реза, совуқ  тер ила, ёлғиз ўзи билан ўзи қолиб, илҳом деб аталмиш дард алами ва азобида тўлғонишини – бу “муҳтарам арбоб” ҳеч қачон ҳис қилолмайди.
У нари борса ижод маҳсулотини у ёки бу даражада моддий баҳолаш, тақдирлаш ва ёки журналистик тил билан айтганда – “Гонорар”ини белгилаш салоҳиятига эга бўлиш мумкин, холос.
Ўшанда ҳам у жамийки ижод маҳсулотини ўз қаричи билан ўлчайди.
Ва… сиёсат тарозисидан кўзини узмайди, узолмайди…
9.
Рустам Шоғуломовнинг ўлими муносабати билан беихтиёр ўзбек матуботининг яна бир гиганти – Зиёд Есенбоев ёдимга тушди.
Буни эслаганим бежиз эмас. Назаримда, уларнинг орасида қандайдир ўхшашлик бордек.
Негаки, ҳар иккаласи ҳам Рашидов замонининг маҳсули. Ҳар иккиси ҳам матбуотга бутун умрини бағишлаган арбоб.
Бутун Ўзбекистон журналист ва публицистлари – уларнинг ҳар иккаласини ҳам ўзбек матбуотининг маршаллари дейишади.
Лекин таъбир жоиз бўлса, иккаласи ҳам – бутун умр қичқириб, оламни бузган ва лекин бир дона ҳам тухум туғишга қодир бўлмаган олтин хўрозлар эди.
Матбуотнинг машаққатини чекмаган, аксинча, беармон маишатини сурган хўрозлар…
Афсуски, бирор марта уйқудан қолиб, илҳом париси ҳажрида пешонасини тириштирмаган, пешонасидан бир неча дона реза совуқ тер чиқиб, ахборот ва репортаж ёзмаган, лавҳа битмаган, бирор бир жанрга кўнгил қўймаган, қалам ҳам тутмаган маршаллар…
Ана шулар — минглаб, юз минглаб  журналист ижодкорларга  қандай ёзиш ва ёзмасликни ўргатиб келишди.
Устозлик қилишди.
Алҳамдуллилоҳни билмай туриб, бир умр жанозанинг тўрида маърўза ўқишган…
На чора, совет замонининг ўзига хос ажойиб ва ғаройиб хислатларидан бири эди бу…
10.
Ўз даврининг маҳсули бўлган жаноб “устозлар” бу борада машҳур бўлсалар-да, ёлғиз эмас эдилар.
25 йил Ўзбекистоннинг биринчи рақамли, миллион тиражли газетаси – “Қизил Ўзбекистон”нинг Бош муҳаррири бўлиб, бир жойда узоқ йил – муқим муҳаррирлик фаолияти билан “Геннес” китобига киришга даъвогар бўлган  Мақсуд Қориев журналистикада улардан кам “устоз” эмас эди.
Бутун Ўзбекистон матбуотининг яловбардори бўлган Мақсуд Қориев ёш йигитлик чоғида бир тасодиф ила ўттиз ёшли “Қизил Ўзбекистон” газетаси Бош муҳаррири Шароф Рашидов назарига тушади.
Қуралай кўзли ёш аспирант Мақсуд Қориев журналистиканинг кўчасидан анчалар узоқ бўлса- да, шахсан Рашидовнинг ўзи уни газетанинг сиёсат бўлимига ишга таклиф қилади ва бу ҳамкорлик қарийб ярим аср давом этади.
Бу орада Мақсуд Қориев “Қизил Ўзбекистон”нинг аввал бўлим мудири, сўнг бош муҳаррир ўринбосари, кейинчалик пойтахт вилоятининг бош газетаси – “Тошкент ҳақиқати”нинг Бош муҳаррирлигига тайинланади.
Вилоят газетасида “икки йиллик машқ”дан кейин, шахсан Шароф Рашидовнинг тавсияси билан – Ўзбекистоннинг қарийб бир миллион тиражлик бош партиявий газетаси – шуҳратли “Қизил Ўзбекистон”нинг қудратли Бош муҳаррири этиб тайинланади.
Бу вазифада Шароф Рашидов — «раҳматли» бўлгунга қадар ишлади. Қарийб чорак аср – 25 йил бу улуғ ва мўътабар креслода ўтириш унга насиб этган…
Мақсуд Қориев ўз даврининг деярли барча муҳаррирлари каби журналистика оламига қўмондонлик қилишни бағоят маҳорат билан ўзлаштирган бўлса-да, у ёки бу саёҳат  (Венгрия ва Югославия сафари) лавҳаларини ҳисобга олмаганда, бирор бир журналистик ижод маҳсулига эга бўлолмади.
Лекин шунга қарамай, ўз даврининг сиёсатига кўра  – Ўзбекистон журналистик армиясининг энг  таъсирчан қўмондонларидан бири бўлиб туришига –  бевосита “тухум туғмаслиги” — ижод қилмаслиги заррача ҳам халал бермади…
 (Давоми бор)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
21 – 31 январь, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада давлати,
Шимолий Америка қитьаси…
шоғуломов ўнгдан учинчи
Манба: Сурат биринчи маротаба “Озодлик” радиоси томонидан матбуотда эълон қилинган…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *