• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбек мухолифатини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида Президентга мактуб

Май 12, 2017
Исмат Хушев: «Ўзбекистон Президентига мактублар» туркумидан (2-мақола)

Шавкат Миромонович! Биз Сизга ва марҳаматингизга ишонамиз…
1.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инқилобий ўзгаришларни кўриб, чин юракдан қувониб, номингизга ушбу мактабни ёзишга қарор қилдим.
Сизнинг Ўзбекистон раҳбарлигига келишингиз хорижга ноҳақ қувғин қилинган ўзбек мухолифатини ҳам иккига бўлиб юборди.
Биринчи гуруҳдагилар бу дунёдан абадий мухолифатчи бўлиб ўтишни орзу қилган шекилли, олдин Каримовга қарши бўлсалар, энди Мирзиёевга ҳам қаршимиз деб аюҳаннос солиб юришибди.
Майли, бу уларнинг шахсий иши ва бу йўл хато эканин улар охир оқибат англаб етишади.
Чунки халқимизда: «Бўлинганни бўри ер!» деган доно ҳикмат бор…
2.
Лекин иккинчи бир гуруҳ ҳам борки, улар Сизга ва Сиз юртимизда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларга ишонмоқдалар.
Биринчи гуруҳдагилар жуда оз бўлса, иккинчи даврадагилар жуда кўп, ишонинг. Улар Сизга умид ва ишонч кўзи билан қарашмоқда.
Ана шуларни ҳисобга олиб, хориждаги ўзбек мухолифатини Ватанга қайтариш масаласи адолат билан ўрганиб чиқилса яхши бўларди.
Ҳукумат ва мухолифат фаолларидан иборат давлат комиссияси тузилиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан биргаликда бунга холис баҳо берилса, нур устига аъло нур бўлурди.
Турли баҳонаи сабаб билан хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган ватандошларнинг Ўзбекистонга қайтишига имкон яратилса, бу бағри кенглик ва мурувват —  Сиз мамлакатда бошлаган ҳақиқий ва том маънодаги инқилобий ўзгаришларнинг энг аҳамиятлиси бўлиб тарихда қоларди…
3.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Гарчанд, Сизга ёқимсиз бўлса ҳам, бугун баъзи мулоҳазаларимни очиқ ойдин айтишга мажбурман.
Хориждаги ўзбек мухолифати фожеасини таҳлил ва тадқиқ қилиш асносида  – 1937 йилги Сталин қатағони билан Мустақиллик давридаги Ислом Каримов зулми орасида ажиб бир ўхшашлик кўраман.
Ўттиз еттинчи йилда шаҳид кетганларнинг болалари эллигинчи йилга келиб – давлат арбоблари бўлиб етишди. Улар ўтмиш салтанатининг бу таъқиб ва тазйиқ пардасини кўтариб, ўртадан батамом ва тамомила олиб ташлашди.
Бизда эса чорак асрдан бўён давом этиб келаётган бу зулм машинаси билан  тўқнашган ва таъқибга учраган – бир бора сиёсий саҳнадан тушган одамларнинг ўзи тугул, етти пушти ҳам ҳануз  таъқиб ва тазйиққа учраб келяпти.
Масалан, эллигинчи йиллардан кейин Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобев, Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпонларнинг болаларидан – оталари учун уларнинг бошига тушган барча таъқиб ва тазйиқлар олиб ташланган эди.
Лекин Мустақиллик даврига келиб, Ислом Каримов зулмининг биз каби бахти қаро ва шўрлик қурбонларидан ҳали ҳеч нарса олиб ташланмади.  Олиб ташланиши учун эса, бу давр тугаб, унинг ўрнига янги ва одил раҳбарият – яхши ва ёруғ кунлар келиши керак эди.
Не бахтки, биз бугун шу улуғ ва муборак кунларга етдик.
Ўзбекистон тарихида ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон бугунгидек ер юзига тариқдек сочилиб кетмаган, муҳожир номини олмаган эди. Аёлларимиз, опа сингил ва қизларимиз ўзларини ҳеч қачон бугунгидек дунё бозорларига такрор ва такрор намойишга солмаган эди.
Ўз юрти ва миллатини севган, Ватанини ор номус ва виждони деб билганлар –   Ватансизликка гирифтор қилиниб, Ватан туйғусидан тамомила бегона каслар –  Ватан қучоғи ва ардоғида қолмаган эди.
Мустақиллик даврига келиб  –  хориждаги менга ўхшаган сиёсий муҳожирлар тугул, Ватандаги собиқ давлат мулозимлари ҳам аслида Ватансизлик ва шаънсизликка дучор қилиндилар.
Шу маънода улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг мен яқинда Тошкентга борганда айтган: «Четга кетган – сен эмигрант эмас, ука, ўз юртимда ҳақ ҳуқуқсиз қолган мен аслида ҳақиқий эмигрантман!» деган сўзлари ажиб бир ҳикмат ва башоратдай аччиқ ва аламли таассурот қолдиради…
Бугунги авлод, хусусан ёшлар Ислом Каримов замонининг ва зулмининг биз кўрган қонли ва фиғонли башарасини кўрган эмас.
Мустақилликнинг муборак номи остига яширилган бу зулм ва қиронни – ўз халқи ва миллатига қарши қаратилган бу қатл ва қатағонни биз кўрдик, улар кўрмасин…
4.
Бугун мустақиллик деб аталган мажозий кунда ўз ватанидан жудо бўлган сон саноқсиз Ватандошларимнинг оғир қисматини ўйлаганда, юрак бағрим қонга тўлади.
Мен каби айбсиз айбдорлар бугун ташқарида оз эмас.
Қизил империя пайтида юз бермаган фожелар мустақиллик пайтида авж олганидан мен азоб тортаман.
Ҳар қанча бўлса ҳам қизил империя даврида эмигрантлик ҳодисаси йўқ эди. Ватанни ташлаб кетган одамларни  эшитмасдик.
Бугун бу оммавий ҳодисага, таъбир жоиз бўлса –  оммавий фожеага айланди…
5.
Бугун – уларнинг энг камида уч тоифасини тилга олиш мумкин.
Биринчиси – катта бир қисми худди мен каби сиёсий  эмигрантлардир.
Иккинчиси – яна миллионлаб қисми ўз ватанидан ташқарида –  «мусор» халтасини елкасига ортиб дунё бўйлаб юрган ўзбеклар иш излаб «ихтиёрий» эмигрантлик қисматига дучор бўлдилар.
Ўз мамлакатида иш бермаслик фожеаси – бу кичкина фожеа эмас. Бир замонлар қизил империя даврида ишламаслик  учун жиноий модда бор эди.
Мустақилликда бугун ватанида иш тополмай, қозонини сувга солиб, бола чақасини рўза туттириб, тирикчилигини барбод қилиб, қизил империя остонасига бош уриб, иш излаб юрганлар миллион миллонларни ташкил этади…
Ва яна учинчи гуруҳ «эмигрантлар» борки, буни кўпчилик билмайди десам, ишонинг, Шавкат Миромонович!
Бу – мамлакат ичида – ўз Ватани, ўз юртида юрган эмигрантлар.
Ватан томонидан қадри топталган, жамиятдаги ўз муносиб ўрнидан асоссиз мосуво этилганлар, ноҳақ қамалган, ноҳақ таҳқирланган, хўрланган ва ҳақоратланган шахслардир…
Бу адолатсизликлар шундай қолиши мумкин эмас.  Улар бир кун ўз баҳосини олади.
Бу жудоликни келтириб чиқарган шахслар бугун давлатни қуртдай кемираётган баднафслар, олғирлар, муттаҳамлар – бу оғир қисмат учун тарих олдида албатта жавоб берадилар!
Ватан ичидаги эмигрантларнинг ҳам  бугунги қисмати, менинг қисматимдан оғир бўлса оғирдирки, лекин сира кам эмас…
6.
Аслини олганда, биз каби озод ва обод юртларда юрганларни эмигрант дейиш нотўғри.  Дардини айтиб, йиғлай олган одам эмигрант эмас.
Юқорида эслаганим — Абдулла Орипов айтгани каби: Дардини айтолмай, йиғлаган одамгина эмигрантдир. Ватанда бундайлар сон саноқсиз.  Уларнинг рўйхати бир неча китоб бўлади, Шавкат Миромонович!
Мен уларнинг рўйхатини бирма бир биламан десам, ишонинг, бирма бир айтиб беришим мумкин Сизга. Лекин бу билан масала ҳал бўлмайди-да.
Уларнинг ичида давлат арбоблари бор, мустақилликка пойдевор яратганлар бор.
Улар, Сиз ҳокимиятга келгунга қадар, жамиятга ўз фикрини айтолмадилар. Ижтимоий ҳаётга аралашаолмадилар…
Ҳолбуки, уларнинг ичида туну кун мустақилликни ва мустақиллик дарғасини шарафловчи мақолалар  ёзган журналистлар бор, қўшиқ қилиб куйлаган  санъаткорлар бор,  Мустақиллик байроғини мендек ҳаммадан кўпроқ ва баландроқ кўтариб чопганлар бор, ҳатто Ўзбекистон гимнини яратганлар бор…
7.
Сиз Президент бўлгунга қадар Ўзбекистон мустақиллигини олқишлаган халқ депутатлари, ёзувчи ва журналистларнинг энг олдинги қисми қамоқда эди.
Энг оғир йўлни босиб ўтганлар чорак асрдан бўён қамоқда қолишди.
Жасоратли ва иродали инсон, ҳақиқий Қаҳрамон Самандар Қўқоновни 24 йиллик ҳибсдан озод этиб, Каримов замонидаги бу адолатсизликларга чек қўя бошлаганингиз учун Сизга минг раҳмат.
Энди унга, унинг Муборакдаги сафдоши ва қисматдоши Мурод Жўраевга ҳалол ва муборак номини, олдинги нуфуз ва мавқеини қайтариб бериб, адолатни тўла тантана қилишини таъминлаш керак.
Йигирма йилдан бўён ҳануз ҳибсда қолаётган хусусий банк асосчиси Рустам Усмонов, ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Аъзам Турғунов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, журналистлар Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов, Ғайрат Михлибоев, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва бошқа сиёсий тутқинларни ҳам  энди озодликка чиқариш лозим.
Сиз бу оғир ва масъулиятли вазифани ҳам шараф билан адо этишингизга ишонгим келади…
8.
Шавкат Миромонович!
Сиз биринчи раҳбар бўлгандан бўён ўзбек халқининг дарди  Сизни ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ эзишини, қайғуга солишини билдик, ҳис қилдик.
Халқнинг юрагига санчилган пичоқ, шахсан Сизнинг юрагингизга санчилган пичоқ эканини бутун дунё кўриб билиб турибди.
Шу маънода халқимнинг: «пичоғни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур!» деганига тан бермайман.
Чунки халқнинг танасига санчилган пичоқ бугун унга эмас, балки Сизга кўпроқ азоб бераётганини яққол сезиб турибмиз.
Сиз Ўзбекистоннинг янги Президенти бўлган заҳотиёқ бу адолатсизликларга барҳам бера бошладингиз. Мен юқорида тилган олган ва ноҳақ жабр топган инсонларга яна ўз муборак номи ва нуфузини, шони ва шарафини, ор ва номусини қайтариб беряпсиз, ҳақни тиклаяпсиз, халқ руҳини юксаларга кўтараяпсиз.
Ҳали бу хайрли ва савобли ишлар давом этади деган ёруғ бир умид бор қалбимда…
9.
Ўзбекистондан СССР халқ депутати этиб сайланган Золотарев СССР Мудофаа вазири билан бўлган суҳбатда вазирга савол беради:
– Афғон урушида қанча совет аскарлари ҳалок бўлди?
– 15 000 атрофида…
– Бу озми ё кўп сизнингча?
– Каттакон советлар иттифоқи учун «ничего»…
– Агар шуларнинг орасида Сизнинг  фарзандингиз бўлганида ҳам «ничего» бўлармиди?
-…
Шундан келиб чиқиб, мен бугун Сизга мурожаат қилмоқчиман, Шавкат Миромонович.
Миллионлаб йигит ва қизлар Ватан меҳрига зор бўлиб, бир бурда нону насиба  топиш илинжида дунё кезиб  юрибди.
Бу эҳтимол, олдинги раҳбар учун «Ничего» бўлгандир, лекин Сиз учун «ничего» эмаслигини мен бугун яхши биламан.
Шавкат Миромонович!
Ўзбекистонда Сизга қадар бемаъни бир шиор бор эди:
«Биз ҳеч кимдан кам эмас!» деб қўшиққа солиб айтадилар.
Ҳар қандай юрмайдиган соат ҳам бир суткада икки марта тўғри бўлгани каби, бу калтабин сиёсат ҳам шу маънода тўғриким, Ўзбекистон эмигрантлар сони бўйича – жаҳонда  ҳеч кимдан кам эмас, балки  биринчи ўринларга чиққан бўлса ажаб эмас…
“Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” деган бемаъни ва тутуриқсиз шиорни тўхтатиш керак.
Хориждаги ўзбек муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш керак!
10.
Ўз даврида хорижга қувғин қилинган Боймирза Ҳайит, Рўзи Назар, Сулаймон Мурод, Хайрулла Исматулла, Абдуманноп Пўлат, Исмоил Дадажон каби ўнлаб мухолифат фаоллари она Ватан ҳажрида куйиб ёниб, бу ёруғ дунёни тарк этишди.
Уларнинг муборак хоки-поклари  ёт ва хориж элларда қолиб кетди.
Бу дунёда инсонга ҳаёт бир марта берилишини, уни яхшими ёмонми ҳар ким ўз она Ватанида яшаб ўтиши лозимлигини Сиздан олдинги ҳукмдор тушунмади ва ё тушунишни истамади.
Ҳеч қайси ҳукмдорга ўз фуқароларини она юртидан умрбод бадарға қилиш ҳуқуқи берилмаганини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак.
Биз Сиздан, ҳурматли Шавкат Миромонович, Ўзбекистон тарихида абадий лаънатларга бурканиб қоладиган ана шу адолатсизликка барҳам беришингизни сўраймиз.
Чорак асрлик мустақиллик даврида ер юзига тариқдек сочилиб кетган барча ватандошларни, биринчи ўринда мухолифат аъзоларини Ўзбекистонга қайтиршингизни илтимос қиламиз…
11.
Сизга қадар Ўзбекистонга масъул бўлганлар тўғри ва ҳақ сўзни айтган ҳур фикрли кишиларни турли йўллар билан ёмонотлиқ қилиб, Ватан хоини, исломчи ва террорчи тамғаларини босиб, ўз юртидан қувғин қилдилар.
Сингапурни Сингапур қилган, уни дунёнинг энг гўзал ва фаровон гўшасига айлантирган Бош вазир Ли Кун Я нинг бир гапи бор: Мамлакатда диктатура ўрнатилса, барча ақлли кишилар ундан бош олиб кета бошлайди» деган.
Бугун Ўзбекистоннинг жуда кўп истеъдодли фарзандлари турли таъқиб ва тазйиқлар боис чет элларда умргўзаронлик қилиб юришибди.
Собиқ Олий суд раиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бобир Маликов, СССРнинг шарқ давлатлари элчихоналарида ишлаган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев, дунё таниган бой ва тадбиркорлар Алишер Усмонов ва  Ғофур Раҳимов, Қирғизистондаги ўзбеклар лидери Қодиржон Ботиров, таниқли ишбилармон Санжар Умаров, Киевдаги машҳур ўзбек ресторанлари эгаси Дўстназар Худойназаров, Лангарини тиклаш иштиёқида ёниб яшаётган мармар тош устаси, қурувчи инженер Мамаёқуб Ҳамроев, таниқли олимлар — қишлоқ хўжалик фанлари доктори Аҳмад ҳожи Хоразмий, адабиётшунос Абдулла Абдураззоқов, философ Абдуфаттоҳ Маннопов, Волгоград Давлат Аграр Университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ойбек Кимсанбоев, Новосибирск Давлат университети профессори, фан доктори Неъматжон Раҳимов, техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлат, косманавтика соҳаси билимдони, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, уч марта СССР Давлат мукофоти соҳиби, машҳур ўзбек академиги Миродим Файзиевич Турдиев, Мурунтов тилла кони ва «Ўзбекзолото» ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари бўлиб ишлаган, СССР Давлат мукофоти соҳиби, геология фанлари доктори, профессор Аброл Кахоров, аввал Ангрендаги “Узбекшахтастрой” трести Бошқарувчиси, сўнг Жиззахдаги “Жиззахстрой” бирлашмаси Бош директори бўлган, Ленин ордени, икки марта Меҳнат Қизил байроқ орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, СССР давлат мукофоти соҳиби Леонид Яковлевич Терман, дунё таниган ижодкорлар Ёдгор Обид, Ҳамид Исмоил, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума, ёзувчилар Шаҳодат Улуғ ва Холдор Вулқон, Ташқи Ишлар вазирлиги ходими Алишер Таксанов, сиёсий шарҳловчи ва истеъдодли таҳлилчилар Алишер Илҳомов, Камолиддин Раббимов, Фарҳод Иноғомбоев, Камолиддин Йўлдош, Икром Ёқубов, Намоз Нормўмин, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдурашид Қодиров, Ўзбекистон Мустақиллигини эълон қилган биринчи парламент депутатлари Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Дадахон Ёқубов, Абдувоҳид Паттаев, Насрулло Саидов, СССР халқ депутати Пўлатжон Охунов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим, классик қўшиқлар устаси, хушовоз хонанда Баҳром Эгамбердиев, журналистлар Анвар Усмонов, Лола Ҳотамова, Фахриддин Худойқулов, Гулнора Равшан, Ғофур Йўлдошев, Матлуба Азаматова, Фурқат Яквалхўжаев, Ҳусниддин Қутбиддинов, Абдувоҳид Ҳайит, Бахтиёр Шоҳназаров, Тўлқин Қораев, Юсуф Расул, Улуғбек Бакиров, Бахтиёр Хасан, Отабек Тошев ва бошқалар шулар жумласидандир.
Улар Ўзбекистон Президентининг «Хориждаги ўзбек мухолифатини Ватанга қайтариш ҳақида«ги муборак Фармони ёки Амнистия акти эълон қилинган заҳотиёқ она юрт сарҳадлари томон қуш бўлиб учсалар ажаб эмас.
«ББС», «Озодлик» ва «Америка овози»ни ҳам Ўзбекистонга таклиф қилиб, Тошкентнинг энг гўзал ва хушманзара гўшаларидан уларга офис учун жой ажратиб бериш керак. Чунки улар бугун Сизнинг ҳақиқий ёрдамчиларингиз бўлиб, Ўзбекистонда амалга ошираётган беқиёс ва оламшумул ўзгаришларни бутун дунёга тараннум этмоқдалар.
Уларга Ўзбекистон дарвозларини очиб, она Ватанини қайтариб беришдек улуғ ва муқаддас иш, шонли ва шарафли вазифа, не тонгки, Сизнинг заммангизга тушди…
12.
Менга ўхшаб баъзан хатога йўл қўйган ёки шаккоклик қилиб эрк, бирлик ва демократия деб асабларингизга теккан ва охир-оқибат хориж эллар сари юз тутган ватандошларни, мухолифат аъзоларини Ватанга қайтариш керак.
Бунинг учун шахсан Президентнинг кафолати бўлиши шарт!
Ота баъзан гапига кирмай ўзбошимчалик қилган, ўзига гап қайтарган қайсар ўғли ва ё қизини уйдан ҳайдаб юборганидан кейин бир кун келиб яна қайтариб бағрига олгани каби, Сиз ҳам бизга Ватан дарвозаларини очиб, мухолифатга нисбатан умумий яраш ва амнистия актини эълон қилсангиз яхши бўларди.
Сиз энди Ўзбекистон отаси — Президентисиз. Биз эса Сизнинг фарзандларингизмиз.
Фарзандлар орасида гуноҳкори бўлиши мумкин, лекин бегонаси бўлмайди.
Ҳолбуки, бутун дунёга тариқдай сочилиб кетган бу ўгай болаларнинг қоринлари оч, усти-бошлари йиртиқ эмас.
Меҳнаткаш ўзбекнинг боласи  ҳар жойда ҳам ўзининг ҳалол меҳнати билан ризқ -рўзини топиб юради.
Лекин уларга етмайдиган нарса фақат битта: Ватан меҳри, халқ дийдори ва қолаверса Сизнинг Президентлик мурувватингиз ва шафқатингиз, Шавкат ака!
Ўтган йиллар давомида бизга ҳамроҳ бўлган бу аччиқ қисматга ўзбек халқининг ҳеч қандай гуноҳи ва алоқаси йўқ.
Бу аввало тақдир, қолаверса, турли даврларда Олий раҳбариятда турган, саройни митадай қуршаган ва салтанатни ичдан емириб бораётган манқурт “Раҳбар ва раҳбарчалар” олиб борган бемаъни ва тутуриқсиз сиёсатнинг ҳукми бу.
Биз-ку, худога минг қатла шукур, ўзимиз истамаган ҳолда Ватандан жудо бўлсак-да, бошимизни бир зум ҳам хам этганимиз, эгганимиз йўқ!
Ўзбекистон деган буюк ғурурни бир зум ҳам тарк этганимиз йўқ!
Лекин начора, Ватан шундай буюк неъмат ва қадрият эканки, Париждаги Эйфель минораси-ю, дунёга машҳур Мон Мартер черкови қуббалари ҳам, Нью Йоркнинг Манҳеттенидан тортиб, Дубай, Торонто, Италиянинг булутларга ёндош, осмонўпар бинолари, ҳатто Ҳиндистоннинг Бобурийлар қурган “Тож маҳал”и ҳам унинг қоп-қора ва бир сиқим тупроғи ўрнини босолмаскан…
 Хориждаги ўзбек муҳожирлари Ватанига қайтарилмай, ёт элларда хор-зор бўлиб ўлиб кетса, уларнинг безовта ва чинқирган руҳлари хоки-поклари билан бегона юрт қабристонларида қолиб кетса, халқ буни кечирмайди!
Сизнинг самимий ва ёруғ юз билан жилмайиб турган мунис портретингизни эрта бир кун биз ҳам фарзандларимизга кўрсатиб: “Бу улуғ зот  бизга Ватанимизни қайтариб берган буюк зот бўлади!»деб васият қилишни истаймиз…
Ватанга қайтишдан асл муддао ҳам шу!
Сизнинг бу бағри кенглигингиз бошқа авторитар давлатларга ҳам ўрнак бўлар ва Ўзбекистон Президентининг бу ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан муносиб тақдирланиб, ижобий баҳоланар деган умиддаман.
Буни Ўзбекистон ичкарисидаги дўстлар ҳам, ташқарисидаги ғанимлар ҳам тўғри тушунишига ишончим комил…
13.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Эмигрантлар бугун хорижда кун кўраётгани йўқ.  Эмигрантлар кун санаяпти, холос.
Кун санаб, келажакни кутиб, умид билан яшаб юришибди…
Бугун уларни ўз Ватанига қайтаришдек ёруғ ва муборак кунлар келганига ишонаман.
Бизга энди Сизнинг музаффар байроғингиз остида Ватанга қайтиш имконини беринг!
Эмигрантлик энди хотирамизда фақат дардли ёдгорлик бўлиб қолсин…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
31 январь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

Суратда: «Ҳаёт ва Иқтисод» — «Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгдан биринчи) билан…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

30 шарҳ

  1. AH

    “олдин Каримовга қарши бўлсалар, энди Мирзиёевга ҳам қаршимиз деб аюҳаннос солиб юришибди.”

    Баъзилар эса олдин Каримовнинг орқасини ялаган бўлсалар, энди Мирзиёевнинг орқасини ялашяпти

    “Дунё ўзбеклари”дан:
    Кейинги сатрларда кимни назарда тутганингизни тушундик. Гапингизда қайсидир маънода ҳақиқат бўлиши ҳам мумкин. Агар мард бўлсангиз, гапни айлантириб ўтирмай, Исмат Хушевнинг аниқ номини қўйиб, шу фикрни кенгайтириб, бойитиб, танқидий мақола ёзинг. Биз уни эълон қилайлик. Фақат ўз номингизни қўйишни унутманг…

  2. Buyuk Turkiston

    Ismat aka gap yoq, man siyosiy qochqin emasman ammo gaplariz juda togri yozilipdi, halq uchun jonini beradiganlar tashqarida juda kop, bir maqolada Gofur Rahimovni maqtaganizda komment yozganimda meni ham MXX hodimi deb oyladingiz 🙂 ammo bilinki men ham huddi Siz kabi Vatan rivoji uchun bir tiyin oylik berishmasa ham ishlashga va rivojlantirishga tayorman, menga oxshagan vatan deydiganlar Aqshda juda kop va hudoga shukurki shu erda ham ozimizga etarlik biznesimiz bor, bizga faqat vatan omon bolsa har bir honadon Aqsh aholisi kabi tokin sochinlikda yashasa…! Ha mayli takliflar va engimizni shimarib vatan uchun nafaqat jonim balkim topgan mlnlarimiz ham fido bolsin, halqimiz boy, millatimiz etuk, farzandlarimiz bahtli bolsa bas, baribir bir kun yogoch otgan minib tangrini huzuriga borurmiz…!

  3. MUXOLIFATNI FAQAT NIYTI TOZALARNI MAMLAKAT ICHIGA KRITISH KERAK.

  4. Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
    Сизнинг Ватанпарвар ва ҳалқпаварлигингизга тан бермасдан имкон йўқдир.
    Ушбу ҳайқириғингизни бугун эрталаб ўқиб кўриб жуда кўплаб ажойиб инсонлар қаторида ўз исми фамилиямни ўқиб кўзларимдан хурсандчилик кўз ёшлари оққан бўлса, шархлардаги ижобий фикрлар хурсандчиликга хурсандчилик қўшди.
    Бугунги кунда юртимизда кўплаб ватанпарвар инсонлар янги хокимиятга келиб бошлади, фикрлар ва дунёқарашлар ўзгараяпди.
    Энг асосийси “Дунё Ўзбеклари” сайтини бутун дунёдаги мухлислар билан бир қаторда тегишли хокимият ва идораларнинг холис ходимлари ҳам узлуксиз кузатиб бораётганилиги ва сизнинг ёзган оташин мақолангизга ўз муносабатларини билдирадилар деган умиддамиз.
    Жуда катта қийинчиликлар билан бўлса ҳам ўзгаришлар бўлаяпди, хокимият ва куч ишлатар идораларининг ходимлари хам ҳалқ томонга қайишиб қолар.
    Ўзларининг эски одатларидан қутила олмаганларидан янги хукумат воз кечади деган умиддамиз.
    Қадим замонларда ахборот технологиялари бўлмаган шароитларда Ватан хоинлари ва ҳалқ душманларини аниқлаш анча қийин бўлган.
    Шунинг учун “ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ҚИРҚ ЙИЛДАН КЕЙИН ҲАМ ЧИҚАДИ” дейишган.
    Бугунги кунда 40 кун, 40 соат, 40 минутда ҳам аниқ бўлиб қолаяпди.
    АММО ЕГАН ОҒИЗ УЯЛАДИ ДЕЙИШГАНИДЕК, ТЕППАДА ВА КЕРАКЛИ ИДОРАЛАРДА УЯТЧАН КИМСАЛАР УЯЛГАНЛАРИЧА РИВОЖЛАНИШГА ҚАРШИЛИК ҚИЛИШАЯПДИ.
    Шунинг учун ҳам четдаги ҳақиқатчиларни яқинлаштирмаслик, концлагерлардагисига мухлат қўшиш билан овворалар.
    Сизнинг жасоратингизга офарин, бугунги куннинг энг долзарб масаласини кўтариб барча жабхани қамраб айтгансиз.
    “Дунё Ўзбеклари” сайти юртимизда ўз фаолиятини бошласа агар бутун мамлакат бўйлаб бир кунда минглаб хат ва аризалар келиб тушар эди ва албатта уларнинг ечими ҳам анча тезлашар эди.
    Бугунги кунда аризалар каптар каби ўз инига қайтиб келаяпди ва уни учирган одам тилсиз бўлиб қолмоқда.
    Ватан хоинлари ва ҳалқимиз душманлари ўзларининг чорак асрлик қилмишларига жавоб берадиган даврлар келаяпди.

  5. Men shuncha talantli Vatandoshlarimiz chet mamlakatlarda ekaniga xayron qolaypman. Bu erdagi amaldorlar poraxo’rlikka botib ketgan ulardan umud yo’q. Endi shu chekkaga chiqib ketganlar ahvolni uzgartirmasa boshqalardan umud yo’q.

  6. Биз билмай юрган эканмиз Ўзбекистонни олтин бошлари ҳаммаси ташқарида экан ку! Наҳотки Навоий, Бобур, Фурқат, Беруний ва Абу Али Ибн Синолар тақдири бизга ўрнак бўла олмаса. Ахир улар қабирлари ўзга юртларда қолиб кетган эди.

  7. Исмат Хушев нафақат мухолифатни балки бутун мухожиротда юрган турли хил фикрлайдиган юртдошларимизни бошини қовуштирди. Биз чет элда бошқа брон бир бундай ташкилотчилик қобилятига эга шахсни кўрмайапмиз. У кишини шарофати билан “дунёўзбеклари” энг кўп ўқиладиган хориж сайитига айланди, бутун дунёдаги Ўзбеклар минбари бўлиб қолди. Халқимиз ичида “Ўзбек бирлашмайди” диган гап юради. Мана бирлаштирса бўлар экан ку! Халқимизда бекорга айтмаган “қалайини топсанг қор ҳам ёғади” деб.
    Мен аминман халқимизни ҳурматига сазовор бўлиб бораётган президентимиз Шавкат Миризёев турли хил сабабларга кўра мўхожир бўлиб кетганларга Ватан дарвозасини албатта очади.

  8. гостъ

    Исмат ака, ажойиб одамсиз, биз узбеклар жуда ишонувчан содда одамлармиз.Белда чориг, бошда дуппи, оёкда кирзовой этик билан турган одамга ухшабсиз.
    Умидлар албатта улмаслиги керак!
    Узбекистонда ахмок одам йук, хаммангизни чакириб олиб.Аввол иш жойлари яратиш керак,хаммангиз кучага чикиб кетасизлар.
    Сиз ва бизлар Узбекистонда яшаётган одамларга ухшамаймиз, факат узбек деган номларимиз колган холос,савиянгиз бошка. дунё карашингиз бошка.
    Агар Узбекистонда яшаганингизда бу мокалани ёзмасдингиз ва бунака фикрларни айтмасдингиз хам. Сиз дунёни курдингиз.
    ХОЗИР 21 АСР. Сиз шундай уйлайсиз,офарин.Яна озрок дунёни айлансангиз умуман бошкача карайсиз Узбекистонга.Офарин Сизга омад!!!!

  9. Vali

    Узбекистонга эркин кириб чикиш бу факатгина халкга эмас, балким давлатимизга хам жуда катта фойда олиб келади. Келинглар Президентимиз Давлат учун-халк учун керакли узгариш килишлари учун оз-моз вакт берайлик.

  10. SATTORBEK.

    İsmat aka kuzimda yosh bilan uqidim ……..!!!!

  11. Baraka TOPING aka!

  12. Hakikatdan ham juda dolzarb masalani kotaribsiz -Ismat Hushev . Bu tashabbusingizni kollab kuvvatlaymiz … Eski mufolifatchilarning hammalari karidi . Kopchiliklari chet – eldagi hayotning tasiri ostida va boshka kop sabablar bilan faoliyat ham korsata olmay koldilar . Lekin u 80 yillar ohiri va 90 yillar boshlarida ortaga chikkan kurashchi avlodlarni tarihini gozal bir shaklda holislik bilan yoritilsa kop afzal ish bolardi . Yana takror sizga bu makolangiz uchun tashakkurlar aytamiz … Amerikadan invalid Fazliddin Yokub .

  13. Barak TOPING aka!

  14. Бу рўйхат адолатли тузилган. Шундай бўлсада Шавкат Миризёевни кўп нарсаларга қодир, иқтидорли, фидоий оддий одамлар дардини ҳис қиладиган президент бўлишини олдиндан кўра билган, имкон қадар таҳлил қилиб, холис ёрита олган, қисқа қилиб айтганда ишониб қуллаган хориждаги ватандошларни алоҳида айтиб ўтсак яхши бўлар эди. Буларга Исмат Хушев, Отабек Тошев, Тошпўлат Йўлдошев,Жаҳонгир Маматов,Мамаёқуб Ҳамроев,Камолиддин Раббимов ва Бахтиёр Хасан кабиларни ишонч билан қўшишимиз мумкин.

  15. Юракларни эзиб юборибсиз Исмат ака! Қалбида озгина ватанпарварлик ҳиси бор инсон, бу сатирларни ўқиб таъсирланмаслиги мумкин эмас. Мен ишонч билан айтаман Давлат Бошлиғи Шавкат Миризёев бу очиқ хатни зўр қизиқиш билан ўқиб албатта ижобий хулоса чиқаради. Биз ўзимиз у кишини ҳаракатларидан кўриб тўрибмиз, юраклари кенг, чинакам Ватанпарвар катта шахс эканлигини. Бундай одам юқоридаги мактубга бефарқ қолишига мен мутлоқа ишонмайман.

  16. Ўзбек

    исмат-ака, ёш болага ўхшайсиз. Кимга ишонябсиз ва кимдан умид қилябсиз? Кўзингизни каттароқ очинг, балки тушиниб оларсиз.

  17. Temurbek

    Ismat aka,
    Juda soddasiz! Prezidentga endi bunaqa problema kerak emas. Mirziyoevga Karimovning Umidchilari kerak emas. Muxolifatni boshiga uradimiÉ

     

  18. 6 шарҳ

    1. Zakir Ali

      Ҳурматли Дўстлар!!!..
      Исмат ака Ҳушев долзарб мавзуда ҳолисона мақолани қаламга олибдилар.Бу мақола эълон қилингандан кейин vodiymedia.uz ўз сайтида бу даъватга жавоб тариқасида янги мақола ҳам эълон қилинди. Демакки, ватандагилар ҳам бу масалага бефарқ эмас эканлар.
      Мавзуга келинса,мавзу ўта мураккаб-ечими ҳам мураккаб.. Муҳолифатни ва ҳорижда яшаётган ватандошларимизни она юртга қайтариш -аввало бу ҳукутматнинг кун тартибида бўлиши керак.
      Ҳеч бўлмаганда муҳокамага очилиши керак.Муҳокамалардан “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” чиқиши керак.
      Ҳорижда яшаётган ватандошларимиз ва Исмат ака Ҳушев айтганларидек Ўзбекистон муҳолифати сафида дипломатлар,журналистлар,олимлар,ёзувчилар, ҳалқ депутатлари ва ёш мутаҳасислар кўп.
      Мақолани қаламга олишни ўзи бир жасорат. Бу масалани эчиш эса -қаҳрамонлик. Бу Қаҳрамон Ҳурматли Президент Ш.Мирзиёв бўлишини истаётганлар,орзу қилаётганлар ва интилётганларнинг сони ҳам анчагина.Исмат ака Ҳушевга ,шахсан ўзларининг бу масалани ҳал этилишига қанчалик ишончи борлигини ва бугунги ҳукумат бу масалага қанчалик жиддий ёндошиши мумкинлигини сўрамоқчиман.Чунки, сиз,нафақат журналист ,балки кўп йиллик давлат тажрибасига эга инсонсиз.

    2. гостъ

      Исмат ака качондир сизга шархлаб бир хат ёзаман, эхтимол танкидий булар, юкоридаги ёзганларимни сал кенгайтириб, хозир вактим йук.

    3. гостъ

      Исмат ака Сиз учун Узбекистоннинг хамма эшиклари очик. Агар хохласангиз ва ишонсангиз келиб ишлайверинг!
      “Сиз энди Узбекистоннинг отаси -Президентисиз. Биз эса сизнинг фарзандларингизмиз” – деб ёзибсиз, бунака сузларни укиб жуда хафа булдим. Сиз ва сизга ухшаган зиёлиларимиз мана шунака сузларни ёзсалар уят эмасми?

      Бунака нарсаларни ёзманг! Ш.М.Мирзиёев – УЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ.

      СИЗ ва БИЗлар УЗБЕКИСТОН ФУКОРАЛАРМИЗ.
      СУЗГА ЧАПОН КУЙДИРАМАН деб, ёки бу суз уйини деб, -оддий одамларнинг бошини чалгитманг! Бу сузда катта маъно бор.

      Олдин отамиз бошка эди, энди отамиз бошка булиб колдими?

      Исмат ака сизни хурмат киламан, сиз ЗИЁЛИЙсиз, сизга ярашмайди, УЯТ булади.
      Бунака сузларни ишлатманг. Сог булинг!

    4. Равшан Умаров

      Ассалому алайкум Исмат Ака мен якинда Сизни озодлик радиосига Берган интервю ингизни эшитиб (Мирзиейев сиесати ) хакидаги бу зиелилар куз караши Эди .наилож вечное оппозиционер касбини олганлар хам шоли бохонасида курмак сув ичгани каби Узбекистон деган диерга келишлари Карши эмасмиз .
      Келли очилур чогинг ,
      Узлигинг намоен кил ,
      Парчалаб кишандларни ,
      Хар томон паришон кил.

    5. Хаким Номозов

      Исмат Хушев – Тирик архив. Яқин ўтмиш, яъни мутақиллик атрофидаги йилларни жонлатиришда ундан фодаланиш керак

    6. Бир шоирнинг ашула қилиб айтилаётган:”Кечирмайман дейман-у, иложсиз қоламан”деганига ўхшаб И.Хушевни махтамайман дейман-у, иложсиз қоламан.

      Ахир кўкрагига уриб юрган қанчадан-қанча казо-казолар бор муҳожирликда, нимага уларнинг биронтаси шундай мардлик қилаолмайди?! Муҳожирлар учун эгилгиси келмайдими?

      Ўрни келганида муҳтарам Президент Ш.Мирзиёевга қуйидаги мурожатимни айтай:

      Мени, менга ўхшаган 10 тасини, борингки, 100 тасини киритманг Ўзбекистонга. Лекин И.Хушевни чақиринг ёнингизга. Шунда маддоҳларнинг ўрнини мардлар билан тўлдирган бўласиз. Бундан нафақат Сиз, Ўзбекистон ҳам ютади.

       

    7. 1 шарҳ

      1. Shoira

        Тугри гаплар, менимча илтимос билан талаб хам килиниш керак. Одил давлат комиссия тузилсин , керак булса хар бир шахсни мукаммал текширсин, Узбекистан хеч кимни отасидан колмаган, УЗБЕКИСТАН хамма узбекларни Ватани , Ватандан узбекларни жидо килиш бу тарих кичирмайдиган энг катта жиноят.Хар бир инсон бу ёлгончи дунёда мехмон, бировди амалдан фойдаланиб ватандан кувиш бу заифлик, тошбагирлик, инсон деган номга нолойиклик. Бу дунёдан канчадан канча султонлар утган ва утаверади.
        Факат инсон деган азиз зотлар тарихда коладилар.

         

      2. 1 шарҳ

        1. И.Хушевни муҳожиротдаги ўзбекистонликларнинг меҳрибон отаси, десада хато бўлмас. Ҳалқ учун қайғуриш ҳам шунчалик бўлар.

          Менинг таклифим шуки, манашу материални сайтдан ҳеч туширмаслик керак.

          Ҳадисда “Кўпнинг дуоси ижобат бўлғисидир”, дейилган. И.Хушевни кўпчиликнинг дуоси турли хил (айниқса СНБдан келадиган) бало қазолардан асраётган бўлса не ажаб…

           

        2. 1 шарҳ

          1. чет эллик

            Муҳожирликни фожеа ( трагедия) тарзида қабул қилиш керак эмас, чамамда. Ӯша, бугун дунёни “сӯраб” турган АҚШ, Канада… давлатлари аҳолиси асосан муҳожирларнинг аждодлари холос.
            Агар хато қилмасам, Чин давлатида муҳожирликни рағбатлантирар эканлар. (Бошқа иложлари ҳам йӯқ шекилли). Аҳолининг ӯсиш сурати “космик” тезликда бораётган Марказий Осиё давлатлари учун муҳожирлик бир ( мажбурий) ечим. Ватан тараққиёти, ободлиги, озодлиги учун ҳар ерда, ҳар вақт ҳисса қӯшиш мумкин.
            (Арман, жуҳуд … миллатлари буни исбот этиб турибдилар).

          2. 3 шарҳ

            1. Олламурад Исакулов

              Кенг камровли булиши Узбекистондан хар хил сабабларга чикиб кетганларни ким кандай хатто жиноят содир килган булса Узбекистон фарзанди эконлигини ижобий маьнода тан олиб албатда кайтариш шарт. Хакикатдан хам жиноят килган
              булса унга конун бор. Уларни яхши кутиб олиб ош беришни хам ташкил килиб кутиб олиш керак. Бундай эьтибор миллатимиз равнакига хизмат килади. Улар бизни согинишган биз уларни согинганмиз. Колаверса бир тамондан давлатни кечириши булса иккинчи тамондан миллатнинг ажралган бир булаги билан куриштириш маросими булиб уртада барча гина кудратлар кутарилиб миллат яхлитлиги таьминланган булар эди. Хаммамизни шу кунларга Оллох тезрок еткизсин. Омийн

            2. Мирякуб Кобилов Исмат Хушевга

              Раҳмат Сизга бу мавзуни кўтарганингиз ва моҳирлик билан ёритганингиз учун.

            3. Мирякуб Кобилов

              Ватанимиз манфаати учун жуда мўҳим бўлган бу мурожаатнинг мазмунини Президентимизнинг эътиборларига етказмасликлари мумкин. Шунинг учун хатнинг ихчам – қисқа шаклини қоғозга тушириб почта орқали Президент номига қайта-қайта юбориш керак.

              “Дунё ўзбеклари”дан: Хавотир олманг, Президент аллақачон хабардор бу мактубдан…

               

            4. 1 шарҳ

              1. чет эллик

                “Калласи ишлайдиган” лар (светлые голова) учун ватанида етарли (маънавий, иқтисодий, ижтимоий) шароит яратиб бермаган ҳукмдорларнинг калтабинлиги туфайли Ватан қанчалик зарар кӯриши тӯғрисида ӯйлаб кӯрганмисиз?! Дунёнинг тараққий қилган давлатлари “олтин бошлар ови” билан шуғулланишлари ҳеч ким учун сир эмас. Қизиғи шундаки, давлат сиёсати даражасига кӯтарилган бу амалда “сайд” нинг миллати, ирқи, эътиқоди, жинси, дини, маҳзаби эътиборга олинмайди.

2 комментария к «Ўзбек мухолифатини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида Президентга мактуб»
  1. Исмат ака, кўтараётган мавзуингиз жуда долзарб. Лекин тактика тўғри эмас. Сиз мақтаб китоблар ёзган ўша ифлос И. Каримов мухолифатни бир кун Ватанга қайтишидан қўрқиб, бир жирканч фармон чиқариб, четдагиларни ҳаммасини фуқаролигини бекор қилиб кетган. Аввал мана шу 2014 йил 16 июндаги ПФ- 4624 сонли жирканч фармонни қайта кўриб чиқилишига эришиш керак. Шу тўғрисида илтимос кўпроқ гапирайлик.

    «Дунё ўзбеклари»дан:

    Ҳозир Ўзбекистон Олий раҳбариятида бу масалаларни ижобий ҳал этишга интилиш бор. Яқин орада Ўзбекистон Президентининг чет элдаги Ватандошлар ҳақида махсус Фармон ёки Амнистия Акти қабул қилиши ҳақидаги гап сўзлардан хабардорман…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *