• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 5-якуний қисм

Май 13, 2017
Волосевич
Алексей ВОЛОСЕЕВИЧ: ОТИБ ТАШЛАНГАН АНДИЖОН –
Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси
(13 май фожеаларини бошидан кечирган шаҳарнинг машъум хотиралари…)
Бу дахшатли воқеалар ўққа тутилган Андижонда 16 майдан эътиборан икки ҳафта давомида ёзилди.
Ҳали маҳаллий аҳоли бу қонли воқеалардан ўзига келолмаган, уларнинг баъзилари ҳатто ўз яқинларини дафн ҳам этишолмаган – аксар мурдаларни топишнинг иложи йўқ, улар қаёққадир ғойиб бўлишган…
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги мухбири, 13 май фожеалари гувоҳи Алексей Волосеевич Андижонда уйма-уй юриб, ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, қўни-қўшнилари билан учрашиб суҳбатлашди.
Бу суҳбатлар асносида 24 нафар қайғули ҳикоя ҳосил бўлди.
Бу ёзувлар шарҳ талаб қилмайди. Фақат бир ҳолат бундан истисно: қуйида келтирилажак исмлар ҳикоя қилувчиларнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан ўзгартирилган, холос.
Журналистларга кўнглини очувчи кишилар тақдири бу ерда фожеали якун топаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас…

Бу “Андижоннома”нинг қисқартирилган қисми 8 июнда (2005 йил) Москванинг Время новостей” газетасида эълон қилинган.
Мазкур фожеаноманинг тўла матни эса Сизга хавола этилмоқда…

Таҳририят

ххх
Ҳалок бўлганларни топиш жуда осон. Истаган маҳаллага кириб, “Жаноза қаерда бор?” деб сўрасангиз кифоя, Сизни дарров олиб боришади. 13 майда ҳалок бўлганларнинг уйлари ҳам бир-биридан узоқ эмас. Бутун шаҳар бўйлаб сочилиб ётибди “жанозали” уйлар…
Баъзан бир бирига туташ қўшни ҳовлилар ҳам учраб туради. Ҳаммасида дарвоза бўйлаб қўйилган узун ўриндиқларга кўрпачалар тўшалган, марҳумлар хотирасига дуо қилиш учун ҳозирланган муваққат жой бу.
Келиб, ўтганлар руҳига дуои-салом ўқиб, бир лахза сукут сақлаб, кетаверасиз. Юракни сиқувчи совуқ сукунатдан сесканиб турасиз.
Гўё бутун Андижон улкан ва рутубатли қабристонга айлангандек…
Биринчи ҳикоя
Бахтиёр, 1986 йилда туғилган.
Биз унинг онаси ва қариндошлари билан мўжазгина ҳовлида суҳбатлашаяпмиз. Ғариб ва ночор бир манзара. Ўғли ҳақида ҳикоя қиларкан, онаизор ўксиб йиғларди: “15 май куни ўғлимнинг туғилган куни эди. Икки кун яшаганида ўн саккизга тўларди шўрлик…”
Унинг исми – Нигора, 1956 йилда туғилган, уй бекаси. Жами олти нафар фарзанди бўлиб, Бахтиёр билан яна бир ўғли бор эди. Энди ўғиллардан битта қолди. Бахтиёр оилада бешинчи фарзанд эди. Иккинчи ўғли ундан атиги бир ёш катта, холос.
Бахтиёр ҳам акаси билан одамларнинг хизматини қилиб пул топарди. Бозорда арава ташир, уй ремонти билан шуғулланар – ҳар қалай нима тўғри келса қилар, чунки катта оила ташвиши акаси билан унинг елкасида эди. Отаси уларни ташлаб кетган, онаси ундан айрилиб, каттакон рўзғор ташвиши шу икки ўғил гарданида эди…
Бахтиёрнинг топгани гоҳида икки-уч долларга етар, баъзан шунга хам етмас, лекин хар қалай шу пул ҳам оилани бир амаллаб тебратишга етиб турарди. Онаси ҳали пенсия олмас, кўп болали оилаларга бериладиган пул эса ҳукумат томонидан бекор қилинган эди…
Бу ҳовлида улардан бошқа яна холалари ҳам икки қизалоғи билан яшар эди. Жами уч хона ва бир айвондан иборат эди уларнинг уйлари. Ҳовлидаги ягона крандан 14 оила навбат билан сув ичишади. Яккаю ягона тахтадан қилинган хожатхона ҳам ҳамма учун умумий… Андижоннинг деярли ярми бугун ана шундай аҳволда …
“12 майдан 13 майга ўтар кечаси соат тўққиз-ўнлар атрофида отишма бошланди. – хотирлайди Бахтиёрнинг онаси. – Одамлар ҳовлига тўпланиб осмонга қарашар, ниманинг шарафига салут отишяпди деб ҳайрон бўлишарди. Лекин 12 май оқшоми ниманинг шарафига салут берилиши мумкин эди? – ўз-ўзига савол беради она. – Одамлар салут деб билган бу нарса хақиқий отишма эканлиги маълум бўлди – автоматлар, пулемётлар, БТР лар отишмаси эди…
Эрта тонгда Бахтиёр ўртоғи билан қаёққадир кетиб, пешинда қайтиб келишди. Тушлик қилиб, яна қаёққадир чиқиб кетишди. Шу кетганича қайтиб келмади. 14 май куни унинг дўстлари келиб, акасига Бахтиёр вилоят биноси олдидаги ҳайкал пойида ётганини маълум қилишди. Мурда устидаги латтани олиб қараган акаси “Бу Бахтиёр эмас” деган.
Мурда мажақланиб, бир кўлмак қонга айланиб қолган эди. “Бу Бахтиёр эмас” деган-у, лекин оёғидаги крассовкадан таниб қолган. Кундуз соат иккиларда уни уйга олиб келишди. Мен ҳушимни йўқотиб қўйган эдим. Уни олиб келишди-ю, ювиб “Писта-Мозор” қабристонида дафн қилишди. У ерда аллақачон бошқа бир янги қабр ҳам бор эди…
“Ўғлим ҳатто мачитга ҳам бормаган, номоз ҳам ўқимасди, – фарёд қилади онаизор. – Эртадан кечгача ишларди. Иккала шўрлик ўғлим бизларни боқишни ўйларди, холос… Марҳумнинг акаси: “Солдатлар тинч ахолини ўққа тутишди. Бахтиёрга иккита ўқ текканди – бири юрагига, иккинчиси – юрагининг остига…”
Марҳумнинг онаси: “Тинч аҳолига тегишмайди дейишганди, уларнинг айби нима? Қанча ўспирин ўлиб кетди…” Она ўз фарзандини отган, Андижонни ўққа тутган ҳукумат жазоланишини талаб қилди. Унинг сўзларига қараганда, Бахтиёрнинг дўстлари ҳам ҳақиқий қотилларни топиш ва жазолашга қасам ичишган…
Иккинчи ҳикоя
Толиб, 1972 йилда туғилган.
У биринчи май кўчасида яшар эди. Унинг уч фарзанди етим қолди. Энг жажжиси эндигина олти ойга тўлган эди, исми Раҳматилло…
Марҳумнинг уста-дурадгор қўшниси шундай ҳикоя қилади: “Бу маҳаллада деярли ҳамма устачилик билан тирикчилик қилади. Биз одамларнинг уйига бориб эшик, ром, мебел ясаймиз.
Майдонда отишма бошланган маҳал граждан кийимидаги милиция ходимлари ҳаммани уй-уйига ҳайдай бошлади. Биз хам эндигина кўчага чиққан эдик, уйга қайтиб кирдик.
Оқшом соат тўққизларда отишма бошланди. Кўчада қимирлаган неки бўлса ҳаммани ота бошлашди ҳарбийлар.
Аллақачон оқшом тушган эди, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. қўшним отишмани эшитиб кўчага чиққан эди, оёғидан яраланиб уйига қайтди.
Толиб эса ёлғиз яшайдиган амакисидан хабар олгани қўшни уйга ўтди. Сўнг орқасига қайтаётганда – шундоққина муюлишда уни отиб ўлдиришди…
Учинчи ҳикоя
Аҳмад
Ахмад 1961 йилда туғилган. Қайнотаси ҳикоя қилади: “Турмага хужум уюштирилган 12-дан 13-майга ўтар кечаси Аҳмадни яқин синфдош дўсти Зикрилло уйғотиб, қувончли воқеани хабар қилади: у набиралик бўлган эди.
Тунги соат икки бўлишига қарамай икки синфдош, икки дўст боболик завқи билан келинларини кўргани – янги ва интиқиб кутилган набирани кўргани туғруқхонага ошиқадилар.
Аҳмад арендага машина олиб, таксистлик қиларди. Туғруқхонага бораверишда Ашуров (собиқ Красноармейская) кўчасини кесиб ўтиш керак эди. Худди шу манзилда ҳарбий қисм ҳам жойлашган эди. Нақ ҳарбий қисм рўпарасида уларни тўхтатишади.
Оёқ, қўл билан эмас, автоматдан ўқ отиб тўхтатишди, мангуга тўхтатишди…
Машина тўхтаса ҳам отаверишди, отаверишди…
Шу ерда икки дўст, икки синфдош, икки қўшни, эндигина туғилган набиралари рухсорига етолмай ҳалок бўлишди…
“Мен уларни кун бўйи изладим. Кимдир Аҳмаднинг машинасини Ашуров кўчасида кўрганини айтди. Бориб уларни топдим. “Бу менинг куёвим” – дедим ҳарбийларга. “Йўқ, улар турмадан қочган тутқунлар!” – деб жавоб қилишди ҳарбийлар.
Уларнинг иккаласи ҳам уй кийимида эди. Ҳамма ёғлари илма-тешик бўлиб кетган. Кейинчалик санашганда уларга юздан зиёд ўқ узилган экан…
Ҳарбийлар: “Улар қочмоқчи эди, шунинг учун отишга мажбур бўлдик” – деб айтишди. Лекин бу жойдан қочишнинг иложи йўқлиги шундоққина кўриниб турибди – йўл фақат ҳарбий қисм олдидан ўтади холос…
“ТИКО” русумли, 17Г72-62 рақамли арендага олинган машина қандай ўққа тутилган бўлса шу алфозда илма-тешик бўлиб ётарди. Ўша куни менга уларнинг мурдасини беришмади – прокурордан қоғоз олиб келинг, деб айтишди.
Қоғозни олишга икки кун вақт кетди. Икки кун уларнинг ўлиги катта кўчада – ҳарбий қисм ёнида , ўша ўққа тутилган жойда қолиб кетди. Ўққа тутилган машина ва мурдаларни қўриқлаб турган ҳарбийлар прокурор ва судмедекспертларни кутишди.
Ниҳоят улар келиб воқеа жойини ва мурдаларни суъратга олишди. Машина отилган жойдан олтмишга яқин ўқдан бўшаган автомат гилзалари топишди…
Машинага эса ундан ҳам кўп ўқ теккан эди… Мурдаларни моргга олиб кетишди. Уларни машинага мен ўзим юкладим. Моргдан эса бизга қайтариб беришди. Уларни “Ойша-хоним” қабристонида ёнма-ён дафн этдик…
Ўша куни мазкур қабристонда яна олти киши дафн этилди. Болалар ва аёлларнинг мурдалари негадир кўринмасди. Уларни қаергадир ғойиб қилишди…
Ҳалок бўлган болалар ва аёллар жуда кўп эди. Лекин ҳеч ким уларнинг ўлигини кўрмади…
Зикриллонинг фарзанд кўрган келини ҳалиям роддомда. Аҳмаднинг уч фарзанди – икки ўғил ва бир қизи етим қолишди. Аҳмад илгари автобус ҳайдарди. Бизда завод ва фабрикалар ёпилгач, автобуслар ҳам йўқолиб, таксистлик қила бошлаган эди.
Машинанинг кунлик аренда ҳақидан ташқари унга рўзғор тебратиш учун бир ярим-икки минг сўм қоларди (бир ярим-икки доллар).
“Уларнинг кимлигини сўраб-суриштирмай тўхтатишди-ю, отиб ташлашди. Агар текшириб кўришганида тирик қолишармиди? Уларни қандай отишган бўлса шундай ҳалок бўлишди…
Марҳумларнинг мўжазгина ҳовлисида ҳамма ўзбекларники каби анвойи гуллар барқ уриб очилган. Қабрлар узра ҳам қизил гуллар қўйилган. Умуман шу кунларда бутун Андижон ана шу қизил гуллар қўйнида мангу уйқуга кетган шаҳидлар шаҳрига айланган…
Шаҳарнинг қайси бурчига борманг, албатта таъзия ё маъракага дуч келасиз. Ҳар ерда кўрпачалар тўшалган ўриндиқлар, уларда бош эгиб ўтирган чопон ва дўппилик азадор кишилар…
Ҳамма келиб, дуо ўқиб, чуқур хурсиниб марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этиб чиқиб кетади…
“Унинг хотини ишламасди, уйда болаларга қарарди. Энди бу оила ҳам менинг қарамоғимда қолди…” – деди Аҳмаднинг қайнотаси…
Тўртинчи хикоя
Акмалжон Мамаризаев, 32 ёшда.
Унинг отаси ҳикоя қилади:
— Унинг томоғи оғриган эди. Ютинолмай қолганидан сўнг кечқурун дори излаб кўчага чиқди-ю, ҳалок бўлди…
Дайди ўқ унинг умрига зомин бўлди. Менга бу хақда қўшнилари хабар қилишди. Кечирасиз, ўғлим ўлганидан буён ўзимга келолмайман. Нақадар даҳшат!
— У “Чўлпон” кинотеатри ёнида ҳалок бўлдими?
— Ҳа…
Бешинчи хикоя
Санжар Турсунбоев, 1938 йилда туғилган
(Президент билан тенгдош экан…)
Андижоннинг эски шаҳрига хос бўлган манзара. Бир хил кўринишдаги мўъжаз ва кўримсиз уйлар…
Ўн йиллаб бирга истиқомат қилаётган қўни-қўшнилар… Кўзларида тубсиз мунг муҳрланиб қолган маъюс кексаларнинг бошлари хам, аҳён-аҳёнда чуқур хўрсинишади…
Латта билан бўлиб қўйилган бир тўп аёллар эса “Бу не кулфат” бўлди дея бошларини сарак-сарак қилиб Худога нола қилишади…
Ҳалок бўлган кексалардан бирининг ўғли – Ғофур ҳикоя қилади:
— Вилоят ҳокимияти рўпарасида Навоий номли боғ бор. Отам бир дўсти билан тротуар ёнида гаплашиб турганида тўсатдан пайдо бўлган ҳарбий машинадан уларга қараб ўқ отилган ва отам ҳалок бўлган. Орқасидан отишган, аблаҳлар…
Ўртоғи уни Андижон мединститутига зудлик билан олиб борган. Йўлда ҳали тирик бўлган отам касалхонага етар-етмай жон таслим қилган…
…Отамнинг тўртта фарзанди бор эди – икки ўғил, икки қиз. Мен укам билан тирикчилик боис Россияда ишлаётган эдик. Мен келдим, лекин у йўлкира ҳақи қимматлиги боис келолмади. Биз у билан Новосибирскда – қурилишда ишлаяпмиз…
Марҳум билан ўша куни тротуарда сайр қилиб юрган Йўлдош ака ҳикоя қилади (1939 йилда туғилган):
— Биз суҳбатлашиб турган эдик – тротуарда, қаёқдандир ҳарбий машиналарда аскарлар пайдо бўлишдию, ҳаммага қарата ола-тасир ўт оча бошлашди. Ҳамма ёқни қий-чув тутиб кетди.
Биз ҳам қочдик. Бир пайт унинг чопаётиб йиқилганини кўрдим – орқасидан отишди. Атрофга – оломонга ўт очганча машина ўтиб кетди. Бунақасини киноларда ҳам кўрмаган эдик. қиёмат қойим бўлди…
У орқасидан ўқ еб йиқилганида ҳали тирик эди – фақат оёқлари ишламай қолди…
Олтинчи ҳикоя
Темур, 19 ёшда.
У автомобилларни ремонт қиладиган уста эди. Ёш бўлса ҳам қўли гул эди – отаси билан бирга ишларди. Бундан ташқари уларнинг кичкина дўконлари ҳам бор эди – машинага керакли бўлган қисмлар сотишарди.
Онаси ҳикоя қилади (45 ёшда):
— У жуда… жуда ҳам яхши йигит эди… – кўз ёшларини яширолмайди шўрлик онаизор…
Отаси:
— У турмада эди – ўғирлик айби билан тергов бераётган эди. Телевизор ва компютер ўғирлашда айбланганди. Холбуки уни алдашганди – телевизор Ўшдан келган, шуни дўконингда сотиб бер деб алдашган экан. У содда бола “Хўп” деб молларни олиб қолиб бемалол сотмоқчи бўлган…
Уларни турмадан озод қилишганда акромчилар; “Энди ўғирлик қилманглар, Оллоҳ буни кечирмайди” деб огоҳлантириб қўйиб юборишган. Лекин энг охирида чиқаётган 150 нафар кишини олиб қолишган.
Ўғлим ҳам шулар ичида бўлган. Уларнинг ҳаммасини турмага туташ Сой бўйидаги пояфзал фабрикасига олиб бориб ушлаб туришган. Солдатлар яқинлашганда ҳаммасини қўйиб юборишган.
Лекин ҳарбийлар уларни битта қўймай қириб ташлашган. Биз уларни қутқазиш учун чопиб борганимизда ҳаммаси аллақачон ҳалок бўлган эди. Жумладан ўғлим ҳам…
Уни қутқазолмадик…
— Уни фабрика ёнида ўлдиришди, деб ким айтди?
— Моргда – патанатом айтди. Бу ўликлар ҳаммаси фабрика ёнидан олиб келинди деб…
Қўшни:
— Уларнинг ҳаммаси “Контролний” ўқдан ҳалок бўлган – юраги ва бошидан отилган…
Отаси:
— Уларни ҳали қутқазиш мумкин эди, кўплари яраланганди, холос. Лекин бунинг ўрнига уларни “контролний” ўқ билан отиб ўлдиришган, аблаҳлар…
Қўшни:
— Нега улар ҳаммани отиб ўлдиришдийкин? Гувоҳларни ҳам ўлдиришган. Ҳеч кимни қолдиришмаган. Ҳамма бошидан ва юрагидан ўқ еган. “Контролний” ўқ…
Пояфзал фабрикаси “Чўлпон” проспектида жойлашган. “Чўлпон” кинотетри ёнида.
Оммавий қирғин ўша ерда бўлган…
Еттинчи ҳикоя
Раҳимов Азизбек, 1980 йилда туғилган.
“Чўлпон” проспектида ҳалок бўлган.
Қариндошлари ҳикоя қилишади:
“У бизнинг жиянимиз эди. Ҳеч қаерда ишламайдиган рафиқаси Одина – бева, икки яшар қизалоғи Робия эса – етим бўлиб қолишди. Морг худди уруш даврини эслатарди – мурдаларнинг оёқларига рақам “бирка”лари ёзиб қўйилган эди…
Жиянимнинг оёғига “313″ рақамини илиб қўйишган эди, аблаҳлар…
(Улар бизга ўша машъум “бирка”ни кўрсатишди – эски картон қоғозига шарикли ручка билан “313″ рақами эгри-бугри қилиб ёзиб қўйилган…)
Саккизинчи ҳикоя
Ҳамдам, 17 ёш.
Онаси: “Менинг болагинам…” – ўксиб, ўксиб йиғлайди онаизор…
Отаси: “Милиционерлар “Ким уруш бўлди” деса қамаймиз деб ошкор зуғум қилишмоқда. Менинг ўғлим футболга ишқибоз еди. Дўстлари жуда кўп еди, магнитофон ва мебелларни тузата оларди. Булардан ташқари у кичкинагина дўкон очволиб майда-чуйда нарсалар билан савдо қиларди…”
Қўшниси: “У жуда осойишта, оғир-босиқ йигит эди. Биз ҳар жума мачитга бориб номоз ўқурдик -жума номозини. Мен уни охирги марта ўша жойда кўрган эдим…
Онаси: “Цигарета чекмасди, ичмасди…” – яна йиғлайди она…
Қўшни: “Жума номозидан сўнг биз уни кўрмадик. У Сой бўйидаги қариндошларидан хабар олгани ўша ёққа борган экан. Ўша ерда – 15 мактаб олдида ҳалок бўлган…
(Моргда унинг оёғига боғлаб қўйилган “бирка”нинг рақами – 277, қонга беланган картон ҳам, ҳарфлар ҳам…)
Отаси: “Моргда ўз кўзим билан кўрдим – тўққиз-ўн ойлик гўдак қўлсиз эди…”
Ота-онасининг айтишларича халок бўлган фарзандларининг ўнг биқини ўпирилиб кетган эди – катта калибрли пулеметларгина шунақа из қолдиришади…
Қўшнилари: “Улар майдондан кета бошлашганда солдатлар ўраб олиб отиб ташлашган. Отишмаганларида халқ уйига кетаётган эди. Нега отишдийкин халқни…”
Ўзингиз ўз кўзингиз билан бориб кўришингиз мумкин – қабристоннинг ёнидаги данғиллама уйни – шаҳар прокурориники. Халқ эса оч-яланғоч….
Тўққизинчи ҳикоя
Улуғбек, 15 ёшда…
“Чўлпон” кинотеатди ёнида жойлашган “Янги турмуш” маҳалласи.
Марҳумнинг отаси ҳикоя қилади:
“Менинг икки ўғлим бор эди. У – каттаси эди – жуда қувноқ, спорт билан шуғулланарди. Биз уй қураётгандик – у менга ёрдам бераётганди. Тўсатдан олатапур – отишма бошланиб қолди. Хабар олайчи, нима гап экан деб бешларга яқин уйдан чиқиб кетди. У шу кетганича қайтиб келмади…
Биз уни кўп изладик. Атроф қоп-қоронғу, зим-зиё эди – ҳамма жойда отишма, цветлар узиб қўйилган эди…
Эрталаб ёруғда уни излашни яна давом эттирдик. “Чўлпон” кинотеатри ёнидаги майдонда бир тўп ўликлар борлигини айтишди. Мен ўғлимни шу ердан топдим. Унинг орқасидан отишган эди – иккита ўқ текканди.
Простинага ўраб уйга олиб келдик. Эндигина ўн бешга кирган – кўпам оғир эмас эди, кўтариб келдик…
Шукрки, қабристонда справка сўраб гаранг қилишмади – ҳамма жойда уруш бораётгани учунми, тезроқ дафн қилишга рухсат беришди…
Афсуски фотосурати бизда йўқ. У ҳали паспорт ҳам ололмаган эди – эндигина ўн бешга тўлганди…
У ҳали мактабда ўқиётганди, 25 майда унинг сўнгги қўнғироғи эди…
Ўликлар орасидан уни топганимда оёқяланг эди – назаримда қочаётиб, ўқ еб йиқилган… Уни қабристонга олиб бораётганимизда бир мухбир келиб: “қизми, ўғилми” – деб сўради. “Ўғил” деб айтдик. Суратга тушир дегандик, фотоаппарати йўқ екан. Ундан сурат ҳам ҳатто қолмади…
Уни “”Бусоуддин” қабристонида – бобосининг ёнига қўйдик…
Ўнинчи ҳикоя
Ёрқиной, 33 ёшда.
Унинг ўзини ошкор қилишни истамаган қариндоши ҳикоя қилади:
“У ақлан ожиз бўлиб, руҳшунослик шифохонасида ҳисобда турарди. Жума эрталаб уйдан чиқиб қайтиб келмади. Сешанба куни унинг ўлигини моргдан топдик.
Қаерда, қандай ҳалок бўлганини билмаймиз. Унинг акаси бор эди, ўша роса излаб, охири моргдан топди синглисини. Унинг касалманд онаси бўлиб, руҳи хаста қизига қарарди.
Унинг моргдаги рақами – 18 эди. Назаримда у биринчилардан ўқ тегиб ҳалок бўлган…
Ўн биринчи ҳикоя
Рустам, 24 ёшда.
Унинг хақиқий исмини қариндошлари айтишни исташмади.
Улар журналистлар билан учрашган одамлар фожеасидан сўнг ўзларини ошкор қилишдан жуда ҳам қўрқиб қолишган эди. Бу йигит ўз оиласи билан шаҳарнинг “Шимолий” мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшар эди. Биз уларнинг уйидамиз.
Стуллар йўқ – ҳамма кўрпачаларда ўтирибди.
Ўртадаги камтарона дастурхонда нон ва уч-тўрт дона конфетдан бўлак ҳеч нарса йўқ,. қуруқ чой ичиб суҳбатлашамиз. Хонада аёллар кўп. Уларнинг аксарияти рўмол ёпиниб олган. Оқ дўппилик йигит рус тилида яхши гапираолмаса-са, шуларни айтиб берди: “У ишламасди. Умуман бу ерларда иш йўқ. Шунинг учун ҳам одамлар ишлагани Россия тарафларга кетишяпди. У иккинчи гурух ногирони эди. Ёзиш ва чизишни билмасди.
Онаси бозорда савдо қилар, у эса оғир сумкаларни ташиб ойисига ёрдамлашарди. Бир ой муқаддам уйланган эди, шўрлик. Унинг 24 ёшли рафиқаси ҳам шу ерда жимгина йиғлаб ўтирарди…
Тўполон бошланганда уйдан чиқиб кетди-ю, қайтиб келмади. Уни “Чўплон” кинотеатри ёнидаги асфалт ерда ўлиб ётганида топишди. Биқинидан ўқ теккан эди…
Унинг манзили ва исмини айтишдан қариндошлари чўчишди. Уларни тушуниш мумкин. Суратини ҳам беришни исташмади. “Биз сиз билан суҳбатлашгандан сўнг бизни ўлдиришларини истамаймиз” дейишди улар…
Суҳбат якунида уларнинг нигоҳларида қўрқув муҳрланганини сезамиз.
— Моргдаги рақами неча эди, – сўрайман улардан.
— Йўқ, йўқ, айтолмаймиз – узр сўрашади улар. – Мана, қўшни маҳаллага ўтсангиз, бир хонадондан беш киши ўлдирилган…
Ҳорғин хаёллар билан уйдан чиқарканмиз, ёнимизга келган аёл кўзларини жовдиратиб: “Уни солдатлар отиб ўлдиришди. Лекин буни айтиб кимни ишонтириш мумкин. Ҳамма қўрқиб қолган…
Ким журналистлар билан гаплашса, йўқолиб қолаяпди…
Кеча маҳалламиздаги бир аёл журналистлар билан гаплашган эди, бугун машинада келиб олиб кетишди. Қаёққа, ким олиб кетди – ҳеч ким билмайди.
— Унинг исмини айта оласизми?
— Йўқ, мени ҳам олиб кетишларини истамайман…
Ўн иккинчи ҳикоя
Дониёр, 1983 йилда туғилган.
50 ёшли отаси ҳикоя қилади:
“12 май оқшоми эди. Ваҳҳобийларми, Акромийларми, менга барибир, ўшалар бошлашди ҳаммасини. Ўғлим қизиққанидан намойишга борган. Иккита ўқ еб, халок бўлган – бири оғзидан, иккинчиси – кўкрагидан…
Калласининг ярмини ўқ олиб кетган. Бу воқеа “Чўлпон” кинотеатрининг ёнида содир бўлган. Ўша куни у уйга келмади, биз хали унинг ўлганидан бехабар эдик.
Шанба куни шаҳар моргидан ўлигини топдик. Ўртоқлари у ҳамма қатори намойишчилар сафида бўлганини айтишди. Моргдаги рақам номери – 305…
Моргдан ўлими сабаблари хақида берилган ҳужжатни кеча маҳалла идорасидагилар йиғиб кетишди…
Учта фарзандим бор эди – энди иккитаси қолди…
У ўртанчиси эди…
Марҳумнинг паспортини отасининг қўлидан моргда тортиб олишган. Шундай қилиб тирик бир одамдан ном-нишон ҳам қолмаган…
Ўн учинчи ҳикоя
Сарвар, 30 ёш ва Алишер, 28 ёш.
Бу оилада бир пайтнинг ўзида икки нафар ёш йигитлар қурбон бўлишди…
“Менинг тўртта болам бор эди”, – дейди кўз ёшларини тўхтатолмай онаизор, – икки ўғил ва икки қизим бор эди. Ўғилларимни ўлдиришди, мен энди нима қиламан, – деб аюҳаннос солади шўрлик она. – Воқеалар бошланганда Сарвар майдонда – митингда эди. Алишер уни излаб борган.
Шанба куни улардан дарак бўлмагач, қизим уларни излаб Сой бўйи (“Чўлпон” проспекти атрофидаги район)га чиққан. Алишерим аптеканинг ёнида ўлиб ётарди. Унга иккита ўқ теккан экан – бири қўлига ва яна бири юрагига…
Биз уни тонгда топдик. Сарварни эса моргдан чиқариб беришди. Унинг вафот рақами – 244 эди…
Бу рақамни биздан аллақачон тортиб олишди. Ўлим қайд этилган ҳужжатни эса маҳалла қўмитасига топширдик. Аниқроғи – улар йиғиб кетишди. Чунки бу ҳужжатларда ҳам вафот рақамлари қайд этилган эди…
Алишерни моргга олиб боришимизни буюришди. Сарварим пояфзал фабрикасида ишларди. Алишер ҳали ишламасди – бизда умуман иш топиш қийин. Бозорда савдо-сотиқ қиларди. Сарвардан уч бола етим қолди. Алишердан эса иккита – ўғил ва қиз…”
Сарварнинг хотини: “Энди нима қилишни ҳам билмайман. Сарварсиз қандоқ яшаймиз энди, болаларимга нима дейман… (У ҳеч қаерда ишламайди, уй бекаси эди…)
Сарварнинг хотини: “Худо хайрингизни берсин, суратга туширманг, биз яшашимиз керак…”
Ҳалок бўлган бу икки азамат ўзбек йигитларининг шўрлик онаси бизга ўз исмини айтишга ҳам қўрқиб, “шунчаки она…” деб ёзинг дейди…
Бу оилада энди биттагина эркак қолди. Бу оиланинг бошлиғи – ҳалок бўлганларнинг отаси…
У 59 ёшда. Таксистлик қилади. Ўша куни ҳам эрта тонгдан пул ишлаш учун уйдан чиқиб кетган эди. Оилада жами тўққиз жон бор. Энди уларни боқиш ёлғиз ота зиммасида…
Улар ўзларини суратга олишга рухсат беришмайди, қўрқишади – “Ҳали яшашимиз керак”…
Моргда негадир ўлганларнинг паспортларини олиб қолишган…
Ўн тўртинчи ҳикоя
Раҳматилло, 1974 йилда туғилган.
Мункиллаб қолган оппоқ соқолли шўрлик ота гапиради: “Ўғлимдан беш фарзанд етим бўлиб қолди – икки қиз ва уч ўғил… Хотини ҳам ишламайди. Оиламизда илгари тўққиз жон эдик, энди саккизта қолдик. Энди фақат менинг пенсиямни кутамиз, холос. У ҳам етмайди. Илгари ўғлим ишлаб топган пулга пенсиямни ҳам қўшиб бир амаллаб яшаётгандик… Энди қандай кун кечирамиз, худо билади…
Унинг характери юмшоқ, очиқ кўнгил, оғир йигит эди. Яқинда бир ўғил кўрганди…
Воқеалар бошланганда у уйда эди. Қачон ва қандай уйдан чиқиб кетганини билмай қолдик.( Уларнинг эшиги алоҳида) Унинг ҳеч қандай қуроли йўқ эди. Уруш бошланганини эшитиб ташқарига чиқдим. Уни излаб тополмадим. Тирикларни клиник касалхонага олиб боришганларини эшитиб ўша ёққа бордим, тополмадим. Реанимацияда экан. Тўрт кун ўтиб, оламдан ўтди…
Уни бир маротабагина кириб кўрдим, холос, сўнг қўйишмади…. Ўқ мана бу ерига теккан экан (қошини кўрсатади) уни олишолмадилар… Оёқларига ҳам ўқ теккан экан…
Қўшни оғир хўрсиниб қўшимча қилади: “Қанчадан қанча йигитлар ҳалок бўлиб қанча келинлар тул бўлиб қолди…
Унинг моргдаги рақами – 378 экан. Аниқроғи – ўлими ҳақидаги ҳужжатда. Рақамни эса моргда унинг оёғига оддий қалам билан ёзиб қўйишибди, номардлар…
Унинг онаси – Нилуфархон, 1947 йилда туғилган. Унинг айтишича ҳалок бўлган ўғлидан ташқари унинг яна икки нафар қизи ҳам йўқолган. Ҳозиргача уларнинг қаердалиги номаълум…Бирининг учта, бошқасининг бешта боласи бор. Уларнинг эрлари ҳам йўқ. қаердалигини ҳеч ким билмайди…
Ғойиб бўлган қизлари ўз оилалари билан улардан алоҳида – Боғишамол атрофида яшашарди. Бир ҳовлида туришарди – чунки эгиз ака-укаларга турмушга чиқишган эдилар. 13 май куни улар бозорга бориб қайтиб келишмаган. Улар ғойиб бўлишди ва бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бугун уларнинг етим қолган бир тўда болалари – жами ўн уч нафар, кексалар қарамоғимда… Уларни қандай боқишни улар хаёлларига ҳам келтиришолмайди…
Ўн бешинчи ҳикоя
Акрамжон, 1977 йилда туғилган.
Менинг қўлимда 2005 йилнинг 14 май куни Б.Акрамжон номига ёзилган, 284 рақамли “ўлимни қайд этиш хақидаги” шаҳодатнома. Хужжат рус тилида ёзилган бўлиб, унинг 9 бандида шундай савол битилган: “Ўлим қачон юз берди?” “Жавоблар: 1. касалхонада. 2. уйда. 3. бошқа жойда”. Худди шу ерда ручка билан “Кўчадан олиб келинди”, деб ёзиб қўйилган…
Кейинги бандида “Ўлимга олиб келган сабаблар” кўрсатилиши лозим. Бу ерда эса яна ручка билан “Кўкрак ва қорнига ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлган” деб ёзиб қўйилган… Ва ҳужжат сўнггида: “Мен, врач Зухриддинова С.Н.” деб имзо чекилган…
Акрамжон оилада учинчи фарзанд эди. У уйда пояфзал тикиш билан тирикчилик қилар, ўзининг дўконида тиккан бежирим оёқ кийимларини сотиш билан рўзғор тебратарди… Унинг уч нафар фарзанди етим бўлиб қолди. Марҳумнинг уйида бўлганимизда хоналарнинг бирида тартиб билан тахлаб қўйилган сифатли ва бежирим пояфзалларга кўзимиз тушди.
Уларни Акрамжон қандай тахлаб қўйган бўлса ҳозир ҳам ўшандай тартиб билан тахланганча турибди… Бугун Андижонда бундай оёқ кийимлари жуда харидоргир. Унинг оиласи Маҳфура математика ўқитувчиси, 28 ёшда. Унинг учта боласи, эри ўлгач, етим бўлиб қолди – каттаси олти ёшда, кенжаси олти ойлик…
Акрамжоннинг касалманд онаси йиғлаб ҳикоя қилади: “Отаси ўттиз беш йил депода меҳнат қилди – темирйўлчи эди. Икки ўғлимизни бир йил муқаддам “Акромийлик”да айблаб ҳибсга олишган эди. (Ўша 23 “Акромийлар” қаторида). Бугун уларнинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Кеча бир гуруҳ ҳарбийлар келиб отасидан “ўғлинг қаерда?” деб сўрашди. Биз билмасак, уларнинг қаердалигини. Энди отасини ҳам олиб кетишди, қаерга – номаълум…”
Мархум Акрамжоннинг онаизори: “Бир оиладан, мана, уч киши энди йўқ. Бу ноҳақликка қандай чидай? Уларни террорчи дейишяпди. Менинг пашшага ҳам озор бермайдиган ўғилларимни “террорчи” деб аташмоқда. Қани ҳақиқат, эй, мусулмонлар! Ҳалол ва ўқимишли, иймон-эътиқодли болаларимни “душман” деб эълон қилишди. Шуми – демократия, шуми мустақиллик?
Қўшни: “Улар бутун оиласи билан тижорат қилишарди, фақат тижорат. Андижоннинг тенг ярмини арзон ва сифатли пояфзал билан шулар таъминлашарди. Уларнинг айби шу эди, холос…
“Акромийлик”да айбланганлардан бирининг оиласи, 30 ёшда: “Бизни бутун суд давомида судга қўйишмади. Ҳатто болаларимни ҳам, улар бир йил давомида оталарини бир маротаба ҳам кўришолмади…
Онаизор: “Шўрлик болаларимга бутун суд давомида бир оғиз ҳам гапиришга рухсат беришмади. Улар фақат жим ўтиришди, холос…
Қўшни: “”Чўлпон” да ўлдирилган аёллар ва болаларни қаергадир олиб кетиб кўмиб ташлашди. Ҳамма буни билади. Лекин қаердалигини ҳеч ким айтмаяпди…
Онаизор: “Катта ўғлим турмада йил давомида касал бўлди. Унга ёрдам кўрсатиш нарёғда турсин, умуман врачни ҳам олдига қўйишмади…
Қўшни: “Улар бева-бечораларга, муҳтожларга ёрдам беришарди. Ҳато бир ўрис кўчада ўлиб қолганида, ўз ҳисобларидан дафн этишган эди…
Мен улардан : “Нима деб ўйлайсизлар, нима учун уларни ҳибсга олишди” деб сўрайман.
Қариндошлар: “Терговда уларга фақат “Сизларга ким пул юборяпди” деб сўрашаркан…
Улар катта ўғиллари ҳибсда бир йил, кичкинаси 9 ой бўлганини эслатиб ўтишди…
Қариндошлар: “Улар “Биз айбдор эмасмиз, биз тижоратчи бизнесменлармиз, холос” деб жавоб беришди… 10 майда улардан уч нафарини озод қиламиз дейишган эди, лекин ҳеч кимни қўйиб юборишмади…
Йигирма биринчи ҳикоя
Алишер, 36 ёш.
Унинг ўгай акаси Абдулло ҳикоя қилади (уларнинг оталари бошқа, оналари ягона):
“Менинг мазам йўқ эди, уйда эдим. Яқинда мени горотделда икки сутка қамаб қўйишган эди. Нима қилдинг, қаерда эдинг деб бармоқларимдан излар кўчиришди.
Алишер уйда мебел йиғар эди. Унинг ҳеч қаерда ишламайдиган оиласи энди бева бўлиб қолди. Уч нафар фарзанди эса – етим…
Уларнинг каттакони ўн иккида, кичиги – тўртда…
Биз ҳозир уларга имкон қадар ёрдамлашяпмиз. Унинг қаерда ва қачон халок бўлганини биз билмаймиз. Танишимиз унинг моргда эканини айтди. Ўқ кўкраги ва жигарига теккан экан.
Унинг ўлими хақида берилган шаҳодатноманинг номери – 303. Мен маҳалла қўмитаси раисига тушунтириш хати ёзиб чарчадим. Ички ишлар бўлимига ҳам . Қўлларим ва бармоқларим изини олишди.
Нима учун билмайман…
Алишер халок бўлди. Унинг кичик укаси Ҳамид эса оёқ ва қўлидан ўқ еди. У ҳозир вилоят касалхонасида. Яқинда унинг оёғини кесишибди деб эшитдик. Лекин уни олдига қўйишмаяпди. Умуман қариндошларидан ҳеч кимни киритишмади. Кеча эса унинг номи беморлар рўйхатидан олиб қўйилди. Нега олинди, қаерга олиб кетишди, хеч ким билмайди…
Олдин унга носки олиб борганимизда, касалхонада эди. Энди УВДга борсак, билмаймиз дейишади. Билсак, хабар қиламиз дейишди. Менинг хотиним ҳам 13 майда йўқолган. Ҳозиргача қаердалигини билмаймиз. Мен барча морг, касалхона ва клиникаларни текшириб, айланиб чиқдим, хеч қаерда йўқ…
На ўлиги, на тириги… 13 май куни тўполон бошланганда мен шўрлик хотинимни урушиб, бор ўғлимни топ деб ҳайдаб юборган эдим. Мана энди бир ўғлим ҳалок бўлди, кичиги яраланган, хотиним йўқ…
Абдуллонинг ёнида Мамадали исмли қариндоши ўтирибди. 17 ёшда. Унинг ҳам 13 май куни онаси ғойиб бўлган… Мамадали ҳикоя қилади: “Отам касалхонадаги яраланганлар рўйхатида эди.
Кеча қаёққадир олиб кетишган, нега ва қаёққалигини бизга айтишмаяпди. 40 яшар акам ҳам 13 май куни уйдан чиқиб кетганича йўқ, ғойиб бўлган…
Мени излаб кўчага чиққан, мен келдим, лекин у ҳали ҳам келгани йўқ…
Алишернинг онасининг тўққиз фарзанди бўлган. Уч боласи бошқа турмушидан. Ўша уч боласи билан ҳам бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бири ҳалок бўлган , бири ғойиб бўлган. Яна бири 1999 йилги портлашларда айбланиб ҳибсга олинган ва қамоқхонада ўлдирилган…
Шундай қилиб бир аёлнинг учта ўғли билан фожеа рўй берди…
Абдулло олдинига гапиришни истамай, сўнг батафсил ҳикоя қилади: “1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб бир ўгай акам қамалди. Судда уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилишди. 5 ой ўтиб, кутилмаганда зонада ҳалок бўлганини эшитдик.
Ўлими ҳақидаги маълумотномада юрак хасталигидан вафот этди деб ёзилган. Холбуки уни Қорақалпоғистон моргидан ўзим олиб келганман. Нукусдан уйга телефон қилишиб, олиб кетларинг, ўликни деб айтишганда ўзим боргандим олиб келишга.
Ўшанда унинг бадани зарбалардан мўмталоқ бўлиб кетган эди…
— Унинг баданида қийноқ ва азоб излари бормиди ? – деб сўраймиз Абдуллодан.
— Ҳа, албатта, уриб ўлдиришганини шундоққина кўриш мумкин эди, – дейди у кўзда ёш билан…
Йигирма иккинчи ҳикоя
Ҳаким, 23 ёш…
У ошпаз эди. Рўпарамизда унинг онаси билан бувиси ўтиришибди.
Ҳаким уйланган бўлиб, икки боласи етим қолган – ўғил ва қиз… Улар “Чўлпон” кинотеатри ёнидаги маҳаллада истиқомат қилишарди…
Марҳумнинг онаси ҳикоя қилади: “Ўша куни у бозорга озиқ-овқат олгани кетган эди. Отаси йўқлиги боис оиланинг барча ташвишлари унинг елкасида эди.
Ўша – 13 май куни кимдир қўшниларга телефон қилиб (бизда ҳали телефон ўрнатилмаган) “Хаким биз билан, уйидагиларга айтиб қўйинг, безовта бўлишмасин, отишма тугагач бирга борамиз” деб огоҳлантирган.
Лекин кўчага чиқишлари билан ўғлимга ўқ тегиб ҳалок бўлади.
Уни “Юбилейний” (“Чўлпон” кинотеатрининг олдинги номи) ёнида отиб ўлдиришган…
Бозорга борган ўғлим қизиқиш билан оломонга қўшилиб митингда иштирок этган экан…
Суҳбатга унинг амакиси Анвар қўшилади:
“Бутун тун бўйи ухламай уни кутиб чиқдик. Ҳали кун чиқмай, аниқроғи тонг ғира-ширасидада бориб унинг ўлигини топдим. Ўқ ўнг жигарига теккан экан. У ҳали армияга ҳам бормаган – ҳали отишни ҳам билмас эди. У оиладаги ёлғиз йигит бўлгани боис ҳали армияга олишмаган эди.
Отаси вафот этганида оилада беш фарзанд бўлиб, уларнинг орасида фақат Ҳакимжонгина ўғил, қолганлари – қиз бола эди…
Ундан кейинги синглиси ҳозир 18 ёшда. Биз Ҳакимжонни ҳам 18 да уйлантирган эдик – икки фарзанди етим қолди…
Онаси (кўзи хасталиги боис иккинчи гуруҳ ногирони) ва бувиси энди фақат пенсияларини кутиб яшашади…
Унинг мурдасини уйга олиб келганимизда қишлоқ совети поликлиникаси бош врачи билан икки нафар прокуратура ходими келиб марҳумни кўздан кечиришди.
Уни ўз вақтида қутқазиб қолиш мумкин экан – яраланиб, тун бўйи кўчада қолиб кўп қон йўқотгандан ҳалок бўлибди…
Ўша ерда яшовчилар ҳали ерда ётган бир-неча автоматни йиғиб олишди. Отиб-отиб ташлаб кетишган. Ўликлар жуда кўп эди. Кўпларининг юзини ўзимиз турли материаллар билан ёпиб қўйдик…
Улар қанча эди? Ким ҳам санабди дейсиз. Мен, масалан ўзимга тегишли мурдани топдиму, олиб жўнадим. Ўликларни санаш хаёлга келибдими?…
Яхши одамлар ёрдам бериб, машиналарида уйгача олиб келишди. Уни машинага олганимизда балки тирик бўлгандир. Ким билади дейсиз. Кўп қон йўқотгандан ўлган дейишяпти…”
Биз марҳумнинг яқинлари билан сухбатлашиб турган вақт давомида бошимиз узра икки қалдирғоч тинмай бўзлар эди. Уларнинг уяси шундоққина Ҳакимжоннинг уйига кираверишдаги болохонада жойлашган экан…
Ҳакимжоннинг бева қолган рафиқаси эндигина 23 га тўлди…
Йигирма учинчи ҳикоя
Аҳмадов Одилжон, июн ойида у 43 ёшга тўлган бўларди.
У шаҳарнинг Ялабек қисмида яшар эди. Марҳумнинг катта акаси Орифжон ҳикоя қилади:
“Укам врач бўлиб ишлайдиган “Тез ёрдам” машинасида уч киши ҳалок бўлган. Укам “Тез ёрдам”нинг “Боғи Шамол” филиалида ишларди. Биз оилада тўрт йигит бўлиб, у мендан кейингиси эди…
У 13 май куни ишга чиқиб, 14 майда қайтиши керак эди. Улар бир сутка ишлашади, навбатчилик қилишади. Узоқ муддат ундан дарак бўлмагач, уни излаб “Тез ёрдам”нинг марказий бўлимига бордик. У ерда бизга “Кеча уларга ҳужум қилингани оқибатида ҳалок бўлишганини” айтишди…
“Тез ёрдам”да тўрт киши бўлиб, учтаси ўлдирилган, жумладан менинг укам ҳам. Мурдалар ҳали воқеа содир бўлган ерда экан. Лекин у ёққа бизни қўйишмади. Ҳали бу районда отишма тугамаган эди. Сўнг ўзлари уларнинг мурдаларини марказий вилоят касалхонасига олиб келиб, ёриб кўришгач бизга беришди.
Улар берган ўлим сабаблари ҳақидаги гувоҳнома ва паспортни “Загс”дагилар олиб қолишди. Унинг ўлими ҳақида берилган шаҳодатнома рақами 22 эди. Улар бизга унинг аниқ қачон ҳалок бўлганини айтишмади. Лекин мурдани отишма бўлган райондан эртаси куни соат 2 да олиб чиқишди…
У ҳалок бўлган кўча олдин “Наманганская” эди – ҳозир “Университетская” бўлган. Унинг беваси ва уч етим боласи қолди.Катта қизи – Тошкентда ўқийди. Икки ўғли – мактабда…
“Машинасида ўқ тешиклари нечталигини санаганим йўқ – бу хаёлга ҳам келмаган…”
“Тез ёрдам”га ўқ отиш – ўтакетган пасткашлик, кечирилмас жиноят. Бундай шармандали воқеани илгари ҳеч эшитмаганмиз. Оқсоқоллар ҳам бундай ҳолни эслашолмайди. Мен бу ҳолдан даҳшатга тушдим. Ахир “Тез ёрдам”га ҳам ўқ отиш мумкинми? Буни ақлга ҳам сиғдириб бўлмайди…»
Йигирма тўртинчи ҳикоя
Саидхон, 1972 йилда туғилган.
Унинг ҳам рафиқаси – бева, фарзандлари етим бўлиб қолишди. Хотини ишламас – уй юмушлари билан овора бўлиб, марҳум Саидхон эса мебелчи-дурадгор эди. Бу маҳаллада асосан уста-ҳунармандлар яшашади. Маҳалла “Чўлпон” кинотеатри атрофида жойлашган.
Саидхон 13 майда халок бўлди. У уйда мебел йиғаётган эди. Яқинларининг айтишича у кечга яқин сигарет олиш учунми, ёки шунчаки ўртоғлари билан чақ-чақлашиш учунми зерикиб кўчага чиққан.
Уйга қайтаятганида отишма бошланган. Уни эрталаб тонгги тўрт яримларда кўчадан топишган – қўшнилар унинг йўлда ўлиб ётганини кўриб кўплашиб уйига олиб киришган.
У ўз уйидан 20 метрлар нарида – масъум ва беғубор болалиги ўтган қадрдон ва серфайз маҳалласининг шундоққина бўсағасида ҳалок бўлди. Ўқ унинг ҳам жигарига теккан эди…
“Мен бу фожеаларга ортиқ чидолмайман” дея унсиз нола қилади унинг шўрлик онаизори…
Муаллифнинг сўнгги мулоҳазалари
ххх
…Бугун Андижон узра даҳшатли даражадаги қўрқув руҳи ҳукмрон.
Даб-дурустдан отиб ўлдириш, ҳибсга олиш, таъқиб ва тазйиқ куланкаси бутун шаҳарни қамраб, кишиларни сирли бир талвасага солиб қўйган.
Бундай ҳолатга тушмаганлар учун уни тасаввур қилиш қийин.
Буни бир суз билан шундай таърифлаш мумкин – Бир минг туккиз юз ўттиз еттинчи йилга хуш келибсиз!..
ххх
Шаҳарда бўлиб ўтган бу фожеани УРУШ деб аташмокда – Бу воқеа урушга қадар бўлган эди… Урушдан сўнг ҳамма нарса қимматлашиб кетди…
ххх
Чўлпон кинотеатри ёнидаги маҳаллалардан бирига бориб мотам либосидаги (қора чопон, дуппи кийиб белини бойлаб олган ) бир тўп эркакларни саволга тутаман.
Кутилмаганда улардан бирининг лаби қалтираб, қўрқувдан мазаси қоча бошлади – маълум бўлишича куни кеча мухбирлар билан суҳбатлашган бир йигитни қушни маҳаллада отиб кетишибди…
ххх
Манзил сўроқлаймиз. Ёшгина ўспирин аввал аланг-жаланг атрофга қараб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, қўрқа-писа нигоҳлари билан бизга йўлни кўрсатади. У журналист билан гаплашганини биров кўриб қолишидан қўрқади…
ххх
Бугун бизга таксист шундай гапларни айтди: “Асл ҳақиқатни ҳеч ким билмайди – ҳукумат буни яширишга уринмоқда. Асл ҳақиқат шуки – солдатлар халқни отишди. Отганда ҳам “контролний” қилиб отишди. Ҳалок бўлганлар мингдан кам змас, лекин уларни юк машиналарида олиб кетиб, гум килишди. Вақти келиб бу фожеалар ошкор бўлади, лекин ҳозир эмас…»
ххх
Рустам, 20 ёшда: “Митингга йигилганлар асосан тинч аҳоли эди. Кун иссиқ эди – акромийлар аҳолига бозордан олиб келиб сув ва озиқ-овқат тарқатишди. Асирга тушган хукумат солдатлари ва милиция ходимларига ҳам тиббий ёрдам кўрсатишди. Митингчилар орасида бир врач аёл бор экан, ўша ярадорларга қарашиб турди…»
ххх
Бобиршоҳ проспекти бўйлаб қатор жойлашган икки кўча юзидаги аҳоли уйлари юз-икки юз метрлар чамаси обдон ўққа тутилиб отиб ташланган.
Дарвоза ва деворларни илма-тешик қилиб, бўлиб ўтган даҳшатли фожеалардан хабар берувчи бу қонли излар, бу қотил ўқлар – ҳукумат қўшинларининг ўзбек халқига бўлган зўр эҳтиромининг рамзи сифатида андижонликлар қалбида ҳали узоқ йиллар акс-садо бериб туради.
Биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу даҳшатли жинояти изларини суратга оларканмиз, велосипед минган бир муйсафид чол ёнимизга келиб секин, лекин қатъият билан: “КАРИМОВНИ СУД КИЛИШ КЕРАК!” деди…
ххх
Аксар одамларнинг фикрича, отиб ўлдирилганларнинг жасадлари Андижондан унча узоқ бўлмаган Боғи-Шамолда кўмилган экан.
Биз аввал буни миш-миш деб ўйладик. Чунки, одамлар олдин оммавий қабрларни Бўстонда дейишди, кейинроқ эса Тешик-Тошда деган гап чиқди.
Биз у ерларда бўлганимизда бу гап-сўзлар ўз исботини топмаган эди. Энди эса Боғи-Шамол дейишмоқда.
Бу ҳакда бирданига уч киши хабар қилди. Уларнинг айтишича мурдалари таниб бўлмас даражада мажақланган аёллар ва болаларни ҳукумат аъёнлари айнан Боғи-Шамолда яширинча дафн қилишган…
Бу борадаги энг катта ютуғимиз шу эдики, биз айнан шу ерда оммавий қабрлар қазилганига гувоҳ бўлган кишини топиб суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Унинг касби фаррош экан.
Номини бировга айтмаслик шарти билан у бизга қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди: Чўлпон кўчасидаги оммавий қотилликдан сўнг уларни – шаҳардаги барча фаррошларни бир жойга тўплаб сўнг Боғи-Шамолга қабр қазиш учун сафарбар этишган. Биз 50 киши эдик, – дейди суҳбатдошимиз.
У ерга борганимизда йигирмадан зиёд қабр аллақачон қазиб бўлинган, бизга уни давом эттиришни буюришди, – дейди у. Қабрлар бўйига 2 метр ва энига 1,20 см бўлиб, ҳар бирига беш-ўн кишини кўмишга мўлжалланган эди…
Лекин бу қабрларга қанчадан одам кўмилгани ва қачон кўмилганини у кўрмаган. Ишни бажариб бўлгач, уларга жавоб бериб юборишган. Бу воқеадан у даҳшатга тушиб, ўғлининг айтишича, икки кеча-кундуз уйидан чиқмай ароқ ичган… Лекин барибир ўзига келолмаган.
Фаррошнинг ўғли Сайдулло ҳикоя қилади: “Одамларни солдатлар отишди. Каримов шундай деб буйруқ берибди!”
Фаррош: “Акромийлар деган гапни биз олдин эшитмаган эдик. Бу нима дегани?..”
Ўғли: “Акром Юлдошев деган одам бор экан. Лекин у ким ва нима учун курашган, биз буни билмасак. Агар Сиз билан гаплашганимизни билишса, шу бугуноқ бизни “СНБ” га олиб кетишади…
“Фақат телевизордагина Каримовни мақташларини эшитиш мумкин. Халқ орасидамас…”
“Оломон ҳокимият олдидаги майдондан Чўлпон проспекти бўйлаб чекиниётганида, акромийлар жон томондан, асир олинган ҳукумат одамлари – вилоят прокурори, божхона ва налог ходимлари сафнинг бошида боришар эди.
Аскарлар уларни ҳам халқ баробарида отиб ташлашди…”
“Бу Афғонистондан ҳам ёмон – у ерда ҳар қалай уруш бўлган эди. Бу ерда эса ҳукумат тинч намойишни ўққа тутди.
Бутун АНДИЖОННИ ОТИБ ТАШЛАДИ…”
ххх
Хуллас, Боғи-Шамолга борадиган бўлдик.
У ерга энди яқинлашиб қолганимизда Блок-постга дуч келиб саросимага тушиб қолдик.
Тамом, энди ушлаб фотоаппарат, камера ва фотопленкаларимизни мусодара қилиб Андижондан чиқариб юборишади деб ўйладик.
Йўқ, Оллоҳга шукр, ўтиб кетдик! “Бу Блок-постни тўрт кун муқаддам қўйишди” – дейди таксист йигит. Боғи-Шамол посёлкасидан ўтиб адир ортидаги қабристонга кириб борамиз.
Қабристонга элтувчи адир ортидаги ёлғизоёқ йўл бетон плиталари билан тамомила тўсиб ташланган. Бу ишлар ҳам тўрт кун бурун қилинган экан…
Қабристон унчалик катта эмас, мўъжазгина эди. Биз борганда у ерда тўққизта янги қабр пайдо бўлган эди. Демак бирданига тўққизта одам дафн этилган.
Ундан юз-юз эллик метрлар нарида эса траншеяга ўхшаб қазилган узун чуқурга кўзимиз тушди. Бу биз эшитган ўша оммавий қабр бўлиб, у ўт-ўланлар билан чўлғанган бепаён адирларга туташиб кетган эди…
Одамлардан яширинча дафн этилган бу оммавий мозорда қабрлар кенг бўлиб, уларнинг ҳар бири икки кишига мўлжалланган. Баъзи қабрлардан ҳисоб рақамлари ёзилган мармар устунчалар чиқиб қолган, баъзилари эса бўшаб қолган – мурдалар эгалари томонидан қазиб олинган.
Баъзи қабрларга ҳали ҳеч ким кўмилмаган, улар бўш эди…
Биз ўзимиз шахсан 45 та кўмилган одамни санадик. Атрофда – қабрлар узра – ҳар ер, ҳар ерда сон-саноқсиз юпқа, резин қўлқоплар сочилиб ётарди. Одатда бундай қўлқопларни морг ходимлари мурдалар билан ишлаганда кийишади…
Шундай қилиб Боғи-Шамол қабристонида камида 54 нафар Андижон фожеалари қурбони дафн этилганига гувоҳ бўлдик…
ххх
Бундан икки ҳафта муқаддам – 14 май тонгида мен ҳокимият ишғоли нима билан тугаганини ўз кўзим билан кўриш учун у ерга борганимда вилосипед етаклаган бир киши менга яқинлашиб ғазаб ва алам билан шуларни айтди:
“Ҳукумат аскарлари юзлаб одамларни отиб ўлдириб сўнг учта юк машинасида уларни қаёққадир гумдон қилишди. Юр, кўрсатаман, қирғинбарот бўлган жойни ўз кўзинг билан кўрасан…”
“Чўлпон” проспектидаги асфалт йўлак узра кўрган мана бу манзарани ҳали-вери унутолмасам керак:
ХАЛҚОБ-ХАЛҚОБ БЎЛИБ ҚОЛГАН ҚОН, ОДАМЛАРНИНГ ЁН-АТРОФГА СОЧИЛИБ КЕТГАН БОШ МИЯ ҚИСМЛАРИ, МАЖАҚЛАНИБ ТАНАСИДАН УЗИЛИБ ҚОЛГАН ҚУЛ ВА ОЁҚЛАР, АЁЛЛАРНИНГ СОЧИЛИБ ЁТГАН ЗОНТИК ВА ПОШНАЛИ ТУФЛИЛАРИ, БОЛАЛАРНИНГ ОЁҚ КИЙИМЛАРИ. ЛЕКИН МУРДАЛАР ЙЎҚ, УЛАР АЛЛАҚАЧОН ТАШИБ КЕТИЛГАН…
Бизга бу фожеадан хабар берган велосипедли одам маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лутфулла Шамсиддинов экан. Кўп ўтмай бу ерга 45-50 ёшлар атрофидаги яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам етиб келди.
“Нималар бўляпти ўзи…” – алам билан пичирлади у. Ён-атрофимизда эса шўрлик андижонликлар ақлдан озган асаб шифохонасидаги хасталардек у ёқдан бу ёққа зир-зир югуришарди…
Иккинчи ва сўнгги маротаба мен Лутфулла ва Саиджаҳонларни тахминан икки ҳафталардан сўнг яна учратдим. Уларга телефон қилишнинг иложи йўқ, телефонлари узиб қўйилган эди.
Шу боис ҳам биз автомашинада тўппа-тўғри Саиджаҳоннинг уйига бордик. У менинг ҳамроҳимни бир киши билан учраштириш учун жўнаб кетаркан, биз Лутфулло билан уларни кутиб туришга қарор қилдик. Лекин кўп ўтмай биз ҳам кетишга мажбур бўлдик.
Ичкаридан чиқиб келган Саиджаҳоннинг онаси: “Саиджаҳон менинг ёлғиз ўғлим, унинг бошини айлантириб нима балоларга гирифтор қилмоқчисизлар.” – деб бизга таъна қила бошлади. Начора, онаизорни ҳам тушуниш мумкин…
Кўчага чиқарканмиз, Лутфулло тинмай қўл соатига қарар, нега улар кечикишяпти деб бетоқат бўларди.
Маълум бўлишича милиция тизимида ишлайдиган бир танишлари ҳукумат уларни фожеанинг асл сабабчиларини халққа ошкор этаётгани учун йўқ қилишга қарор қилганини айтиб аллақачон огоҳлантирган экан.
Шу боис улар мана икки кундан буён ўзларини олиб кетиш учун келиши лозим бўлган америка элчихонасининг ходимини кутишар, лекин ундан эса ҳануз дарак йўқ эди…
Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси.
http://uzbek.fergananews.com/
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *