«Дунё ўзбеклари»дан:
Ниҳоят Мамадали ака бугун мен билан «Имо»да гаплашаётиб, «Ўлимларни доғда қолдиргандан кейин» — биринчи маротаба табассум қилдилар.
Руҳим кўтарилиб, зудлик билан бу қувончни «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига етказишга ошиқдим.
Бугун 15 май — душанба куни тушдан кейин, Тошкентда кечаси бўлганда улуғ ёзувчимиз Мамадали акага қўнғироқ қилдим.
Мамадали ака бугун биринчи маротаба менга табассум қилди. «Дунё ўзбеклари»да эълон қилинаётган шеър ва мақолаларнинг ҳар бирини Гулзамон унга ўқиб бераётганини айтиб, унга ҳам, бизга ҳам миннатдорчилик билдирди.
Бизда эълон қилинаётган ҳар бир таҳлилий ва танқидий мақола унга жуда катта руҳий ва ижодий қувват бераётганини таъкидлаб, бу хайрли ва савобли ишимизда бизга бахт ва омад тилади…
Телефон гўшагини биринчи бўлиб кўтарган Ватан оталарида сал ўзгариш борлигини, секин аста бўлса-да, лекин энди энди қувватга кира бошлаганини айтиб, кўнглимизни хотиржам қилди.
Бугун Тўра Мирзо, Ҳамроқул Асқар ва Рустам Сафоевлар кўргани келишганини, эртага Карим Баҳриев келмоқчи бўлганини айтиб, бизни хурсанд қилди. «Дунё ўзбеклари»нинг фаол ва жонкуяр ҳамкори Мамаёқуб Ҳамроев 250 АҚШ доллари қўшиб, Мамадали акани «Турон» санаториясига ётқизишда астойдил ёрдам берганини қувониб сўзлади.
Шундай қилиб, «Дунё ўзбеклари» орқали қилган оддийгина мурожаатимизга «Лаббай!» деб жавоб берган ва ҳозирга қадар беатакрор ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовга ер юзининг турли бурчакларидан ёрдам пули юборганлар рўйхати қуйидаги ажойиб ва ғаройиб бир манзарани касб этди:
Чет элдаги исмини очиқламаган мухлис номидан — 1000 АҚШ доллари
Америкадан профессор Собир ака Тўлаганов ва дўстлари — 600 АҚШ доллари
Россия ўрмонларидан Мамаёқуб Ҳамроев — 300 АҚШ доллари
Канаданинг Монреал шаҳридан қўқонлик фаол Абдужалил Рустамов — 200 АҚШ доллари
Канаданинг Торонто шаҳридан исмини очиқламаган қадрдон дўстимиз — 200 АҚШ доллари
Қозоқистондан ҳожи бобо Муродим Турдиев — 200 АҚШ доллари
Россиядан Мирза Анвар Ҳамидов — 100 АҚШ доллари
Буюк Британиядан профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий — 167.49 АҚШ доллари
Дунёнинг энг гўзал Швейцариясидан Башорат Эшова — 50 АҚШ доллари
Америкадан ҳуқуқшунос Рустам ака — 50 АҚШ доллари
Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев — 50 АҚШ доллари
Тошкентдан:
Мирёқуб Қобилов 100 000 сўм
Бахтиёр Ўрдабекли — 350 000 сўм
Бахтиёр Холхўжаев 100 000 сўм,
Мактаб ўқитувчиси Зулфия 50 000 сўм
17 йиллик умри турма ва зиндонларда хароб бўлган, лекин иродаси ва руҳи синмаган улуғ ёзувчимиз уни ҳаётга қайтарган шифокорлар қаторида, унга баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзган дўстларимизга ҳам қайта ва қайта таъзим қилажагини, улардан ўла ўлгунча миннатдор эканини бизга маълум қилди.
Ўз ўрнида биз ҳам гапимизни ерда қолдирмай, оғир иқтисодий аҳволда қолган улуғ ёзувчимизга ёрдам берган «Дунё ўзбеклари»нинг барча мухлис ва ўқувчиларига чин юракдан миннатдорчилик билдирамиз…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
15 май, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Исмат ака, ҳимматингизга балли! Аллоҳ эзгулик йўлид
а ҳамиша мададкорингиз бўлсин!
2 шарҳ
Калби олтин инсонларга Офарин! !
Асс.ал Исмат ака.. Россиядан саховатпеша акамиз Мирза Анвар Хамидов хам бахоли кудрат 100 долл жунатдилар якин кунларда бу пулларни хам етказамиз…