Ўзбекистон телевидениясида намойиш қилинган Ҳалима Ҳудойбердиева ижодий кечасига бағишланган кўрсатувни кўриб, муҳожиротдаги ўзбек журналисти юрагидан кечган туйғулар…
1.
Ўзбекистондан ўн минглаб километр олисдаги Канаданинг совуқ ва рутубатли қиш оқшомларининг бирида она Ватанимда намойиш этилган Ҳалима Худойбердиева ижодига бағишланган гўзал ва бетакрор кўрсатувни томошо қилиб, беихтиёр, кўзимга ёш келди.
Ўзбекистон телевиденияси «Дунё ўзбеклари»да эълон қилинган қатор танқид ва фелъетонлардан кейин, ниҳоят, илк маротаба савобли ва хайрли ишга қўл урибди.
Ҳақиқат бор экан-ку бу дунёда, бўларкан-ку, деб Ўзбекистоннинг янги раҳбарига минг бор шукроналар айтдим, миннатдорчилик билдирдим…
2.
Ўзбекистон телевиденияси чорак асрдан бўён ижоди расмий матбуотда тақиқланган Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳақида ажойиб бир кўрсатув тайёрлади.
Салкам бир соат давом этган бу кўрсатувни Ўзбекистон халқи ҳам худди биздек дилда қувонч ва кўзда ёш билан томошо қилганига, янги замонга шукроналар айтганига бизда бугун заррача ҳам шубҳа қолмади.
Халқимизнинг суюкли ҳофизи Шерали Жўраев куни кеча узоқ айрилиқдан сўнг катта саҳнага қайтганида ҳам қалбларимиз ана шундай қувонган ва тўлғонган эди.
Бугун ўзбек халқининг Увайсий, Нодира ва Зулфиядан кейинги шоираси — Ҳалима Худойбердиева чорак асрлик адолатсиз таъқиб ва тазйиқдан кейин яна ўз халқига, мухлис ва ўқувчилар бағрига қайтди…
3.
ЎзТВ нинг «Маданият ва Маърифат» редакцияси томонидан эфирга узатилган Ҳалима Худойбердиеванинг салкам бир соатлик ижодий кечасини Торонтонинг сўлим ва салқин оқшомида томошо қилиб, унга ўз муносабатимни билдирмасам, адолатдан бўлмасди.
Кўрсатувда таниқли адабиётшунос олимлар Иброҳим Ғофуров, Қозоқбой Йўлдошев, Абдураҳмон Йўлдош, Ўзбекистон халқ шоири, «Саодат» журнали Бош муҳаррири Ойдин Ҳожиева, журналист Санъат Маҳмудова, шоир ва ёзувчилар Гулжамол Асқарова, Собир Ўнар, Муҳаммад Исмоиллар ҳам иштирок этишда ва Ҳалима Худойберидева ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.
Менга айниқса Ҳалима Худойбердиеванинг қудалари Азиза опа ҳаяжон билан чин юракдан айтган самимий сўзлар жуда таъсир қилди. Сураткаш Абдвоҳид ака ва таниқли рассом Гулнора Раҳмонлар шоира ҳақида эслаган бетакрор ва ширин хотиралар учрашувга алоҳида завқ бағишлади.
Таниқли хонанда Султонпошша Удаева куйлаган қўшиқ ҳам эшиттириш лейтмотивини белгилагани билан алоҳида эътирофга эга…
4.
Энди икки оғиз сўз эшиттиришни олиб борган Гулноза Қаюмова билан Расулхон Қодирхоновлар ҳақида.
Бу икки ёш ижодкор аввало бир бирига жуда муносиб ва мослиги билан (бошловчилар сифатида, албатта) эътиборимизни тортишди.
Адабиётни, хусусан, Ҳалима Худойбердиева ижодини яхши ва чуқур билишларини ҳам алоҳида қайд этиб ўтишни истардим.
Уларнинг соф адабий ўзбек тилида гапиришларини эшитиб, азиз ва мунис чеҳраларини кўриб, ЎзТВ да ҳақиқий ва миллий, ҳар томонлама етук ва баркамол ижодкорлар борлигидан қалбимда ажиб бир фахр ҳам туйдим.
Салкам бир соатлик кўрсатув учун раҳмат. Бошловчиларнинг эркин ва қоғозсиз гапиришини ҳам табриклаш керак…
5.
Ҳалима Худойбердиевага ўхшаш мамлакат суйган, лекин салтанат суймаган ёрқин истеъдод соҳиблари учун адолат тантана қиладиган ёруғ ва муборак кунлар келганидан нишона бўлди бу кўрсатув.
Ушбу сатрларни ўқиб, кимдир, нима бўпти, шунга шунчами деб ўйлаши ҳам мумкин, эҳтимол.
Ижодкор инсон учун, чин маънодаги ёрқин ва бетакрор истеъдод соҳиби учун, ёпиқ эшик ва саҳналарнинг очилиши — бу уларни ҳаётга қайтариш ва яна қайта умр бахш этиш демакдир.
Буни ижод аҳли яхши тушунади…
6.
Энди биз ўзбек адабиёти ва санъатининг ҳақиқий дўсти, меҳрибон ва жонкуяр фидойиси бўлиб саҳнага чиққан давлатимиз раҳбари Мирзиёевдан бу улуғ ва муборак ишни давом эттиришини илтимос қиламиз.
Чорак асрдан бўён расмий матбуот ва ойнаи жаҳон эшиклари ёпиб қўйилган ўзбек адабиёти, маданияти ва журналистикасининг ҳақиқий фидойилари, ноёб истеъдод соҳиблари Шукрилло, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Муҳаммад Солиҳ, Мамадали Маҳмудов, Дадахон Хасан, Шароф Убайдуллаев, Нурали Қобул, Жаҳонгир маматов, Юсуф Жума, Ҳамроқул Асқар ва Карим Баҳриевларга ҳам ёпилган саҳна ва эшиклар яна қайтиб очилишини орзу қиламиз.
Кимнингдир тор ва худбин феълу атвори, моғор босган ва чиркин табиати, кечиролмайдиган ва кўролмайдиган, аламзада ва ғаламислиги боис эл суйган инсонлар ўз миллати ва мамлакатидан узоқлаштирилмаслиги, ёпиқ саҳналар ортида қолдирилмаслиги лозим.
Айнан шунинг учун ҳам мен бугун Ватанимдан олис Канадада туриб Ўзбекистоннинг янги ва одил йўлбошчисига чин юракдан раҳмат айтаман ва таъзим қиламан!
Шу пайтгача Ўзбекистондаги эгик бошли, кўзи ёшли адолатнинг қаддини кўтариб, кўз ёшларини аритаётгани учун…
7.
Қачонлардир Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган ва тўғри сўзни айтиб урилган турмуш ўртоғи учун чорак аср умри саробга айлантирилган, ижоди таъқиқлаб қўйилган Ҳалима Худойбердиевани эса бугунги яхши ва ёруғ, улуғ ва мунаввар кунлар билан олис Канададан туриб, чин юракдан табриклайман!
Ҳалима опанинг ўз сўзи билан яна шуни ҳам қўшимча қилиб ўтмоқчиман:
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор…
Сен барибир муқаддассан, муқаддас, аёл!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
29 январь, 2017 йил. Торонто шаҳри, Канада…
https://youtu.be/uG31_ayIwk0
“Кимнингдир тор ва худбин феълу атвори, моғор босган ва чиркин табиати, кечиролмайдиган ва кўролмайдиган, аламзада ва ғаламислиги боис эл суйган инсонлар ўз миллати ва мамлакатидан узоқлаштирилмаслиги, ёпиқ саҳналар ортида қолдирилмаслиги лозим”. Афсус бу И Каримовни ички кўринишини бир бўлаги. Биринчи президент муракаб шахс у сиёсий сиймо бўлгани учун уни таҳлил қилиш борича кўрсатиш керак токи кейинги келаётган раҳбарларга сабоқ бўлсин.
Биз ҳам сиз каби кўзимизга ёш олиб шоира опамизни ТВ даги кўрсатилганини томоша қилдик. Ватанимизда эркинлик шамолларини эсаётгани рост бўлсин!!!
4 шарҳ
Каримов даврини хозирча холис баҳолаш анча қийин, бир неча ўн йил ўтади ўшанда у олиб борган бир ёқлама тарғибот унутилади яъни тарбиясини олган бутун бошлиқ авлод ҳам ўзгаради. Ана шунда биз Ҳалима Ҳудойбердиевага ўхшаган ижодкорларни қадрига етамиз. Ахир ит балиқ ўзи яшаётган кулмакни жаннат диган ўта тор туйғудан қутиламиз бу учун вақт керак. Ўзбекистон ичида қанчалаб одам Каримовни умумий сўзлари, қуруқ олиб қочар гапларига ишониб ҳалигача ундан доҳий ясаб юрибди. Уни ибратли ишлари ҳам бор. Лекин қилган асосиз тақиб тазийқ ва зарарини ҳам инобатга олсак сўзсиз салбий томони босиб кетади.
Ҳалима Ҳудойбердиева Чорак аср кутиб кунларни санаб яшади, бир аламзада,ичи қора, юраги тор айтгани-айтган ўзи хон куланкаси майдо, бутун мамлакатни ўзини мулкига айлантириб олган одамни инжиқликлари деб. Бундай опамизга ўхшаган талантли минглаб шахларни умри бекордан-бекорга ўтиб кетди.
Миллатни манқурт ва қўрқоқ қилиб ўзига бўйсиндириб олиш учун босқинчилар ҳалқнинг тўғри фикрлайдиган ойдинларидан жудо қилишар эканлар.
Айнан шу йўлдан нафси қурбонига айланган махаллий раҳбарият ва казолар ҳам унумли фойдаланишади.Мана шундай беъмани сиёсатнинг гувохи бўлдик.
Чорак асрлик унутилиш бу ижод аҳли умрининг жуда катта қисмини ташкил қилади ва жуда кўп ҳолларда ижодкорни мутлоқ синдириб ташлайди.
Шу оғир даврни мардона кечиб ўта олган буюк шоирамиз Ҳалима Худойбердиева опамизна ва у кишининг миллионлаб мухлисларини ушбу ёруғ кунлар билан чин қалбимиздан табриклаймиз.
Исмат акамиз ният қилганларидек адолатни кутиб турган яна минглаб ойдинларимизга ҳам том маънода ижодий ва ҳаётий эркинлик берилишига тилакдошмиз.
Биз ўтказган даҳшатлик мустақиллик ўрнига бугунги мустақиллик бўлганида бевақт вафот этган буюк шоирларимизнинг ҳалиям тирик юришлари муқаррар эди деб ўйламасдан имкон йўқ.
Ҳақиқий мустақиллик муборак ҳалқим,душманлар ҳам аста секин мансабларидан кетаяпди қолганлари ҳам кетади албатта.
Nega biz bunchalar e’zozga muhtojmiz Ismat aka?
Shoir shoirligini qilsin dehqon dehqonligini qilsin. Lekin nega e’zoz talab qilish kerak. E’zozni halq qiladi. To’yiga borib xizmat qilsangiz ham e’zoz qiladi ham pul beradi.