Тошкентдаги «Жайҳун» — (олдинги «Полёт») кафесида таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоевнинг маъракаси бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар бош имом хатиби, ўзбек адибларининг садоқатли дўсти ва адабиёт билимдони Анвар қори Турсунов амру маъриф қилдилар.
Тадбирда ёзувчилардан Худойберди Тўхтабоев, Дадахон Нурий, Мурод Муҳаммад Дўст, Бобохон Шарипов, Жаббор Раззоқов, Аҳмад Отабоев, Ҳамроқул Асқар, Рустам Сафоев каби таниқли шоир ва ёзувчилар иштирок этишди…
2.
Лекин, ажабки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ва унинг олифта ўринбосарлари маъракада негадир кўринмадилар.
Ҳолбуки улар бу тадбирда эшик олдида қўл қовуштириб туришлари, бошқача айтганда «ҳассакашлик» қилишлари лозим эди. Ажабки, Уюшманинг олдинги раиси, раҳматли ёзувчимиз Шуҳрат домланинг ўғиллари Бобир Алимов маъракада бошдан оёқ иштирок этди.
Чунки Турсунбой Адашбоев ниҳоятда меҳрибон ва хокисор одам эдилар. Мен у кишининг бировни ранжитгани у ёқда турсин, ҳатто овозини баландлаб гапирганини ҳам эслолмайман. У киши дўстларига содиқ, шогирдларига ғамхўр, юртимиз ва халқимизга садоқатли, фидойи инсон эдилар.
Қалбларида дарду армонлари бўлса ҳам, лекин юзларидан доим кулгу ва табассум аримасди. Уюшма раиси ва ўринбосарлари ўз маиший ва маънавий муаммолари билан бўлиб, ўзбек халқининг оқсоқол адибини сўнгги йўлга кузатишга ҳам ярамадилар. Ҳолбуки, Турсунбой ака айнан Ёзувчилар уюшмасига бориш учун йўлга чиқиб, кутилмаганда жон таслим қилдилар…
3.
Ҳаммамиз ҳам бу дунёда бир-ров меҳмонмиз.
Кўз ёш каби киприкларда қалқиб турган «иссиқ жон»миз. Кечагина соппа соғ юрган Турсунбой ака бугун энди орамизда йўқ. У киши умрида касал нималигини билмаган, ҳазил мутойибага ошно, дилкаш ва хшчақчақ инсон эдилар.
Ўша куни Ёзувчилар уюшмасига бориб келай деб, кўчада такси тўхтатадилар. Кутилмаганда юраклари оғриб қолади. Ҳайдовчидан энди уюшмага эмас, ТошМИ клиникасига элтиб қўйишини илтимос қиладилар.
Лекин такси ТошМИга етиб келганида Турсунбой ака аллақачон бу ёруғ дунё билан видолашиб бўлган эдилар…
4.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Номардлик ва бевафоликнинг ҳам турлари кўп.
Турсунбой Адашбоев Ёзувчилар уюшмасига бориш учун жон таслим қилдилар. Уюшма раҳбарлари эса, союзнинг 40 йиллик аъзоси бўлган бу азиз ва мўътабар инсонни сўнгги йўлга кузатишни ҳам истамадилар. Улуғ бир инсоннинг порлоқ руҳи ва тобути олдида сўнг бор келиб бош эгишдек ўз инсоний бурчларини бажаришни эп кўрмадилар, номардлик ва бевафолик қилдилар.
Ҳолбуки, Турсунбой Адашбоев ўзбек қирғиз адабиёти ўртасидаги тенги йўқ кўприк эди. Ўзбек ва Қозоқ адабиёти ўртасидаги Носир Фозиловдек беназир инсон эди.
Агар адабиётдаги байроқдор шоирнинг таъзиясида уюшма раҳбарлари қатнашмаса, улар ўзи нима билан банд деган савол туғилади. Бу фақат Турсунбой акага эмас, бутун ўзбек адабиёти вакиллари ва унинг юзлаб аъзолари учун ҳам энг оғир ҳурматсизлик эмасми?
Шаҳар бош имом ҳатиби келиб маърўза қилиб турсалару, уй эгаси даражасида бўлган мезбонлар думини тутқазмаса, қорасини кўрсатмаса? Тўқсонга етиб бораётган Худойберди Тўхтабоев каби адабиётимизнинг энг кекса ва мўътабар вакиллари келиб қўл қовуштириб турса, нега улар келмайди?
5.
Ўзбек адабиётининг буюк намоёндалари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларни ўз қабиҳ усуллари билан бўғизлаб, уларнинг мотамида кўкрак кериб туришга ўрганган уюшманинг бугунги раҳбарлари учун Трусунбой Адашбоев ким бўлибди?
Умуман тарихни яхши билган шоҳидларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси атрофида бугунгидай бебошлик ва бедодлик ҳеч қачон бўлган эмас. Инсонни, қолаверса, таниқли ёзувчини сўнгги йўлга кузатишда бу даражада ноинсонийликни ҳали ҳануз ҳеч бир ижодкор кўрган эмас.
Шоир Турсунбой Адашбоевнинг мотам кунларида ёзувчилар бу ҳасратларини бир бирларига пичирлаб эмас, балки очиқ ошкор айтишди…
6.
Айниқса, бугунги кунда ўзбек қирғиз алоқаларини мустаҳкамлаш устида Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев олий даражадаги саъй ҳаракатларни амалга ошираётган бир пайтда Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари аравани бошқа томонга тортаётгани яққол кўринади.
Муҳаммад Али раҳнамолигидаги бу бедодликнинг акс садоси эртага қирғиз адабиёти намоёндалари ва қирғиз халқига етиб бормайди деб ким кафолат бера олади?
Ишончли манбаларнинг таъкидлашича, давлат раҳбаримиз Хитой сафарида бўлган кунлари Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси етакчилари шаҳарда йўқ эдилар. Улар қўл телефонларини тақа тақ ўчириб, «Чорвоқ» томонларда ўз «шахсий ижод»лари (маишатлари) билан банд бўлган кўринадилар.
Асли қирғиз миллатига мансуб бўлган таниқли болалар шоири, ўзбек халқининг севимли фарзанди Турсунбой Адашбоев 78 ёшда эдилар. Яратган Эгам — Тангрим у кишига жаннат гўшаларини насиб этган бўлсин, илоҳим…
Bismillahir rohmanir rohiym.
Parvardigoro, albatta Sen odamlarni hech shak-shubhasiz keladigan bir KUNga to’plaguvchisan. Albatta Alloh va’dasiga xilof qilmagay! (Oli-Imron surasi, 9-oyat)
Hammamiz Allohnikimiz va Unga muqarrar qaytamiz.
Alloh domlani ohiratlarini obod etsin…Hakikatdan juda kamtar hokisor inson edilar…Yaqinlariga sabr jamiyl bersin
Умрингиздан барака топинг, дунё тургунча туринг. Ўзбекистонда ҳам журналист кўп, лекин уларнинг бирортаси ҳам бундай мақола ёзиш нари турсин, ҳатто оддий бир таъзия беришга ҳам арзимади. Падарига минг лаънат бугунги ўзбек журналистлари ва журналистикасининг. Турсунбой ака, ростдан ҳам бировнинг дилига озор беришни билмаган камтар ва камсуқум, ниҳоятда ҳокисор инсон эдилар. Шу жаҳатларини Исмат Хушев жуда тўғри таъкидлагани учун ҳам биз бу улуғ журналист олдида бошимиз ерга теккунча таъзим қиламиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бугунги раҳбарларига хос бўлган маънавий қиёфаси жуда тўғри ва мукаммал чизиб берилган.
Bismillahir rohmanir rohiym.
Parvardigoro, albatta Sen odamlarni hech shak-shubhasiz keladigan bir KUNga to’plaguvchisan. Albatta Alloh va’dasiga xilof qilmagay! (Oli-Imron surasi, 9-oyat)
Hammamiz Allohnikimiz va Unga muqarrar qaytamiz.
Alloh domlani ohiratlarini obod etsin…Hakikatdan juda kamtar hokisor inson edilar…Yaqinlariga sabr jamiyl bersin
Умрингиздан барака топинг, дунё тургунча туринг. Ўзбекистонда ҳам журналист кўп, лекин уларнинг бирортаси ҳам бундай мақола ёзиш нари турсин, ҳатто оддий бир таъзия беришга ҳам арзимади. Падарига минг лаънат бугунги ўзбек журналистлари ва журналистикасининг. Турсунбой ака, ростдан ҳам бировнинг дилига озор беришни билмаган камтар ва камсуқум, ниҳоятда ҳокисор инсон эдилар. Шу жаҳатларини Исмат Хушев жуда тўғри таъкидлагани учун ҳам биз бу улуғ журналист олдида бошимиз ерга теккунча таъзим қиламиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бугунги раҳбарларига хос бўлган маънавий қиёфаси жуда тўғри ва мукаммал чизиб берилган.