• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Академик Сахаров билан учрашувим тафсилотлари ҳақида…

Май 22, 2017
«Дунё ўзбеклари»дан:
21 май — академик Сахаров таааллуд топган кун эди.
Бу улуғ инсон билан учрашиш бахтига муяссар бўлганман. Шу муносабат билан «Президент эркасининг саргузаштлари» номли сиёсий хотиралар тўпламининг биринчи китобига кирган бобни ўқувчиларга яна бир бор тақдим этишни маъқул кўрдик…
ИСМАТ ХУШЕВ
UzbekDunyo@hotmail.com
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
сахаров мен учун
Суратда: Академик Андрей Сахаров СССР халқ депутатларининг тарихий 1-сеъздида, май, 1989 йил, Москва, Кремлнинг съездлар саройи…
4-боб
АКАДЕМИК САХАРОВ
(ёки унга ўзбек халқи номидан эълон қилинган лаънат тафсилотлари )
 
1.
Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «ИНСОН» қасидасида шундай мисралар бор:
Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатин ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг!
Шеър 1973 йили ёзилган. Етмишинчи йилларнинг бошларида эса Совет матбуотида академик Сахаровни бадном этиш кампанияси бошланган эди. Айнан ўша пайтларда кенг жамоатчилик Сахаров атом бомбаси кашфиётчиларидан бири эканини яхши биларди…
Кўпчиликни, жумладан, Эркин Воҳидовни ҳам ҳайрон қолдирган нарса шу бўладики, Сахаров энди ўзи кашф этган «даҳшат бало»ни бутунлай таъқиқлаш ёки жамоатчилик назорати остида қатъий чеклаш таклифини илгари суради.
Академик Сахаровнинг таклифи шунчаки популизмдан иборат эмас эди. У ўзи яратган «зарра» инсоният бошига қандай кулфатлар келтириши мумкинлигини буюк олим сифатида ҳаммадан кўра яхшироқ биларди.
Бу лаънати «зарра» ер юзидан ҳаётни батамом йўқотиб юбориш қудратига эга эди!
Олим ўз кашфиётига одам сифатида қарши чиқади. Сахаров кашфиётлари учун ўз пайтида олган Ленин ва Давлат мукофотларини, уч карра Қаҳрамонлик нишонларини  – ўз шахсий ҳисобида сақланаётган барча мукофот пулларини давлат хазинасига топширади…
Бир пайтлар академик Сахаров билан дала боғ-ҳовлиси (дача) да қўшни бўлиб яшаган машҳур қўшиқчи Галина Вишневская (янада машҳур созанда Мстслав Ростроповичнинг рафиқаси) ўз хотираларида ёзишича, Сахаров уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ленин ва Давлат мукофотлари учун олган 150 минг сўмга яқин пулни ўз қўли билан давлат хазинасига қайтариб топширган эди!
 
2.
150 минг сўм!
Етмишинчи йилларда бу пулга дунёнинг талайгина мол-мулкини сотиб олиш мумкин эди.
Бироқ, кассадаги ҳисоб рақамида хемири ҳам қолмаган оламшумул олим бозор-ўчарни ҳам уйига ўзи орқалаб келарди, оддий фуқаролар каби метро ва автобусларда осилиб юрарди…
У нафақат хўжакўрсинга «даҳшат бало»дан юз ўгиради, балки ўз истаги ва қалб амри билан ҳалол меҳнати эвазига ишлаб топган «макруҳ» бойликдан, имтиёзларидан ва янада муҳимроғи – шахсий ҳузур-ҳаловатидан воз кечади!
Айнан ҳузур-ҳаловатдан, бола-чақасининг «келажагидан» воз кечолмаган қанча-қанча буюк зотлар «оч қорним – тинч қулоғим» қабилида яшашни мақул кўрадилар. Оқибатда уларнинг ҳаётида ҳалол билан ҳаром аралашиб кетади…
Сахаров эса «шубҳали» луқмани ҳам бир четга суриб қўяди – 150 минг сўмни эгасига қайтаради.
Исломий эътиқодга кўра, шубҳали нарса «макруҳ» дейилади. Яъни, ҳаромлигига ҳам, ҳалоллигига ҳам қатьий ишонмаган нарса «макруҳ» бўлади. Уни тановул қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳар бир муслим ва мусулмоннинг виждонига ҳавола.
«Худо, ўзинг кечиргин!» деб «макруҳ» нарсани ейиш мумкин. Асил тақводор зот бўлса, узр айтиб, бундай таомга қўл урмайди. Ҳа, Сахаров асл маънодаги тақводор зот эди…
Менимча, Эркин Воҳидов академик Сахаровнинг тақводорлигидан ҳайратланади ва унинг қиёфасини умуминсоният тимсолида «типиклаштиради».
Шахсан мен ҳар гал «Инсон» қасидасини ўқиганимда, негадир Андрей Сахаров ёдимга тушади…
 
3.
Дарҳақиқат, Сахаровлар авлодида бир нечта руҳонийлар ўтган эди.
Руҳоний-диндорлар сафини дастлаб академикнинг бобоси Иван Николаевич тарк этади. У адвокат бўлади, адабиёт ва жамоатчилик ишлари билан машғул бўлади – 1906 йилда «Ўлим жазосига қарши» номли тўпламга ҳомийлик қилади.
1906 йилда Россияда ўлим жазосига қарши бош кўтариш учун отнинг калласидек юрак бўлиши керак эди: ҳарбий-дала судлари инқилобчиларни ушлаган жойида дорга осаётган бир пайтда “давлат сиёсати”га қарши чиқиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳамма билса керак.
Бироқ Сахаровлар авлоди доимо отнинг калласидек юрак билан туғиладилар. Улар «чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмайдиган» беданавозлар тоифасига мансуб эмасди.
Бўлажак академикнинг отаси – Дмитрий Иванович физика-математика фанлари ўқитувчиси, илмий-оммабоп китобларнинг ва бир қанча дарсликларнинг муаллифи эди…
 
4.
Дунёнинг олтидан бир қисмини ташкил этган (жўғрофий маънода) «озод ва обод» Советлар мамлакатида қатли ом авж олган 1938 йилда Андрей Сахаров ўрта мактабни «аъло» баҳолар билан тамомлайди ва Москва университетининг физика факультетига ўқишга киради.
Иккинчи жаҳон уруши қизғин паллага кирган 1942 йилда университетни ҳам «аъло» баҳолар билан тамомлайди.
Уни Волга бўйларига кўчирилган ҳарбий заводга ишга юборадилар.
Орадан икки йил ўтгач, Сахаров назарий физика масалаларига бағишланган бир нечта мақола ёзиб Москвага юборади.
Навқирон тадқиқотчининг илмий мақолалари олимлар диққатини жалб этади ва Сахаровни Фанлар Академиясининг Физика институти аспирантурасига ўқишга оладилар…
 
5.
1948 йилда ёш олимни термоядро қуролини тайёрлаётган илмий-тадқиқот гуруҳига аъзо қилиб киритадилар.
Кейинги йигирма йил мобайнида — ўта махфий ҳолатда қора терга ботиб кечаю кундуз меҳнат қилади.
У атом бомбасидан ҳам бир неча баробар қудратли бўлган термоядро қуролининг яратилишига бевосита алоқадор эди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак —  унинг бевосита ижодкори ва кашфиётчиси эди. 
Шунинг  учун ҳам у бир неча маротаба энг олий давлат мукофотларига сазовор бўлади.
Айни чоғда у «даҳшат балони ижод» этиб қўйганини англаб етади ва ҳайратдан ёқасини ушлайди. Ўзининг ҳайратланишини «Тараққиёт, тинч-тотув яшаш ва маънавий эркинлик тўғрисида» номли мақоласида тўла-тўкис ифодалайди.
Мақола ёзилгач, яъни 1968 йилдан эътиборан Сахаров махфий йўсинда олиб борилаётган барча ўта муҳим ишлардан четлаштирилади…
6.
1970 йилнинг март ойида Сахаров «ҳаммамиз учун ҳурматли» бўлган КПСС Марказий Комитетининг Бош секрерати Л.И.Брежневга «Эслатма хат» жўнатади.
Лекин ўз хатига жавоб олмагач, орадан 15 ой ўтгандан сўнг — ўша хат нусхасини норасмий нашриётларга топшириб юборади – “Эслатма” яширин тарзда ва яшин тезлигида омма орасида тарқалиб кетади…
Академик Сахаровни бадном қилиш кампанияси айнан 1972 йилда авжига чиқади. 1973 йилда эса Эркин Воҳидов томонидан «ИНСОН» қасидаси ёзилади…
1975 йилда Сахаровга Тинчликни сақлаш бўйича халқаро Нобель мукофоти берилади.
Лекин мукофотни олиш учун академикни мамлакатдан ташқарига чиқармайдилар – «сиримизни фош этиб қўяди», деб хавотирланадилар…
 
7.
1975 йилнинг 11 декабрь куни академикнинг рафиқаси Елена Боннэр Осло шаҳри (Норвегиянинг пойтахти – Тинчлик соҳаси бўйича Нобель мукофоти тақдим этиш маросими) да академик Сахаров номидан маъруза қилади.
Энг қизиқ жойи шундаки, давлат раҳбарлари Сахаровнинг Нобель мукофоти олишини асло истамайдилар, имкон қадар қаршилик кўрсатадилар, лекин қайсар академик барибир ўша мукофотни олгач, уялмай нетмай  ундан солиқ талаб қиладилар…
Солиқдан ортган пулига эса Сахаров «Москвич» енгил машинаси харид қилади. «Волга» ёки «Жигули» ҳам сотиб олиш мумкин эди, бироқ «рўзғорбоп» улов олишни маъқул кўради. Чунки Сахаров табиатан ҳашаматли ҳаётни ёқтирмасди, камтарона ҳаёт кечиришини афзал кўрарди…
 
8.
1980 йилда академик Сахаров ҳибсга олинади. Кейин рафиқаси билан икковини Горький шаҳарчасига сургун қиладилар.
Бу шаҳар худди ўзимизнинг Термиз шаҳри каби «ёпиқ зона» ҳисобланарди. У ерга хорижликлар умуман киритилмасди, махсус рухсатномаси бўлган СССР фуқароларигина минг чиғириқдан ўтказиб шаҳарга киритиларди.
Хуллас, 1986 йилга қадар Сахаровлар «уй қамоғида» сақланадилар…
 
9.
Фақат 1986 йилнинг декабрь ойидагина Сахаровнинг уйига «қайта қуриш» шабадаси кириб боради: Кутилмаганда бу хонадонга телефон тушириб беришади.
Эртаси куни Сахаровга КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари М.С.Горбачёв сим қоқиб: «Москвага қайтишингиз мумкин, сургун муддатингиз тамом бўлди», дейди.
Ажабки, орадан уч йил ўтгач, ўша Горбачёв СССР халқ депутатларининг тарихий 1-съездида Сахаров гапираётган пайтда микрафонни ўчириб қўяди ва «индамас кўпчилик» томонидан академикнинг «лаънатланиши»га шароит яратиб беради.
Академик Сахаровнинг мухтасар таржимаи ҳоли ана шундай эди. Унга  СССРнинг парчаланиб кетишини кўриш насиб этмади. 1990 йилда тўсатдан оламдан ўтди.
Ўлими олдидан айтган энг охирги сўзлари: «Эртага жанг бўлади!» деган эди…
Дарҳақиқат, эртаси куни СССР халқ депутатларининг съезди ўз ишини давом эттириши лозим эди, унда муҳим масалалар муҳокама этилиши мўлжалланган эди…
 
10.
СССР халқ депутатларининг биринчи съезди давом этаётган кунларда Андрей Сахаровни тез тез «Россия» меҳмонхонасида учратиш мумкин эди.
Чунки бу пайтга келиб демократик руҳдаги депутатлар бирлашиб, «Регионлараро гуруҳлар»га бўлиниб, «Россия» меҳмонхонасини ўзларига штаб қилиб олишган эди.
Мен ўша кунларда «Бирлик» партияси лидери Абдураҳим Пўлатовни ҳам «Россия» меҳмонхонасида тез тез учратиб турардим. У бу ерда яшаш ҳуқуқига эга бўлмаса ҳам, лекин эртадан кечгача шу ерда эди. Ҳатто бир гал менинг хонамда тунаб ҳам қолганди…
СССР тақдири ҳал бўлаётганини сезган бутун иттифоқ республикаларидаги расмий ва норасмий демократлар Москвада – халқ депутатлари яшайдиган «Россия» меҳмонхонасида бўзчининг мокисидек изғиб қолишганини тушуниш мумкин…
Андрей Сахаров ҳар гал меҳмонхонага келаркан,  унинг йўлларига гуллардан поёндоз тўшаларди. Гул арзон бўлгани учун ҳам, йўқ, гул Москвада доим қиммат бўлган (бизда гулнинг қадри йўқ, холос). ХХ асрнинг буюк шахсига эҳтиром рамзи сифатида Сахаровнинг пойига гуллардан поёндоз тўшаларди.
У бундай пайтларда ниҳоятда ноқулай аҳволга тушиб қоларди: худди севгилисидан илк бора гул олган ўн саккиз яшар ҳаёли йигитча мисоли уялиб, қисиниб – қимтинар эди. Унинг туйғулари иболи эди, ўзи табиатан тортинчоқ эди, ниҳоятда камсуқум эди…
 
11.
Съездда бир куни академик Сахаров биринчи бўлиб Афғонистон тўғрисида гапирди:
— Афғонистондан дарҳол Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилиши лозим. Шунча шарманда бўлганимиз, бутун дунёнинг олдида иснодга қолганимиз етади. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлдик…
Мен жафокаш афғон тупроғида, адолатсиз уруш чоғида ҳалок бўлган совет аскарларини қораламоқчи эмасман. Илойим, уларнинг гўрлари нурга тўлсин!
Лекин улар калтабин раҳбарларнинг аҳмоқона буйруғини бажараман деб азиз жонларини қурбон қилдилар. Афсуски, жуда кўпчилик ёшларимиз нима учун урушаётганини ҳам билмасдан бекорга нобуд бўлдилар.
Салкам ўн йил мобайнида Афғонистон хонавайрон бўлди, хароб бўлди. Афғонистонни «чекланган миқдордаги совет қўшинлари» хароб қилди. Бу қилмишимиз учун биз тарих олдида жавоб беришимиз керак…
Ўртоқлар, келинглар, биз мардона туриб ўзимизнинг мудҳиш хатомизни тузатайлик. Ахир, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани ҳам яхши, деган ҳикматли гап бор… дейди Сахаров тутилиб-тутилиб.
Мен ҳозир академикнинг нутқини сўзма-сўз эмас, балки эсимда қолган маъносини қоғозга туширяпман.
Сахаров съезд минбарида туриб гапираётган манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди: «индамас кўпчилик» деб ном олган чаласавод, чалавиждон «халқ ноиблари» бақир-чақир қилишиб унинг сўзларини бир неча марта бўлиб қўйишади, нотиқни адаштириб юборадилар.
Устига устак, съездни бошқариб бораётган М.С.Горбачёв ҳам маданиятсиз кимсаларга ўхшаб ўзбошимчалик билан Сахаровга ноўрин луқма ташлайди, «регламент»га амал қилишини талаб этади.
Ваҳоланки, депутат Сахаров ҳам «индамас кўпчилик» каби ўзига ажратилган вақт мобайнида истаган мавзусида гапириш ҳуқуқига эга эди…
 
12.
Энг ёмони – Сахаров ўз нутқини тугатиб, минбардан тушиб кетганидан кейин рўй беради.
Бирдан ўзбекистонлик депутат Казаковага сўз берилади. Турсуной Жумабоевна исмли комсомол тарбиялаган, партия чиниқтирган ўзбек аёли минбарга кўтарилади:
— Мен сизни лаънатлайман! – дейди у йиғламсираб. – Мен сизга лаънатлар ёғилишини тилайман! – деб ростакамига йиғлаб юборади.
Залда гулдурос қарсаклар янграйди…
Ана холос!
Нима деяётганини, нима қилаётганини англамаётган, тутқаноқ дардига йўлиққан битта хотин академик Сахаровни лаънатласа-ю, «индамас кўпчилик» бундан хурсанд бўлиб, жазаваси тутиб, уларга қўшилиб 108 нафар ўзбекистонлик СССР халқ депутатлари ҳам  қарсак чалиб ўтирса!
Ахир, бу қандай бедодлик?!
Телевизордан бошини елкалари орасига қисиб, ўриндиққа чўкиб ўтирган Сахаровнинг аянчли ҳолатини бир неча марта экранга яқин келтириб кўрсатадилар.
Назаримда, ҳатто Марказий телевидениенинг техник ходимлари-ю, операторлари ҳам шу тобда бутун дунё академик Сахаров томонида эканини билишарди.
Ўзбекистондан СССР халқ депутати бўлиб сайланган «қонун чиқарувчи» хотин бўлса, жумлаи жаҳонга нафақат ўзини, балки бутун республикамизни шарманда қилиб ўтирибди!
Одатда, бундай ҳолат ҳақида «ўтириб қўйди» дейилади. Ҳа, Казакова хоним расмона «ўтириб қўйганди»…
 
13.
Ўша куни негадир «Лужники»га бормагандим. Эҳтимол, Борис Ельцин билан учрашганимдан сўнг митингбозликдан ҳафсалам пир бўлган бўлса ажаб эмас.
Сахаров сўзлаган пайтда мен «Россия» меҳмонхонасининг ўзимга хатлаб берилган шинамгина хонасида телевизорга тикилиб ўтирган эдим.
Бояги хонимнинг дод-фарёдини эшитганимдан сўнг бошимдан алангам чиқиб кетди. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Соатга қарасам, икки бўляпти. Демак, депутатлар ҳадемай тушликка чиқишади.
Қандай қилиб бўлса ҳам Сахаровга учрашмоғим ва ундан узр сўрамоғим керак. Ҳа, темирни иссиғида босиш керак. Кейин кеч бўлади. Кейин… Сахаровнинг кўнглида ўзбек халқига нисбатан қандайдир нохуш таассурот ўрнашиб қолиши мумкин.
Шундай ўй-хаёллар билан пастга югуриб тушдим.
Ажаб, жанговар академикнинг мухлислари аллақачон Кремлдан то «Россия» меҳмонхонасигача «жонли девор» ҳосил қилишиб, қўлларида гул билан ул зоти шарифнинг келишини кутиб турардилар.
Ўша пайтларда Съезд иши тўғридан тўғри телевизор орқали олиб кўрсатилар, Кремлнинг атрофидаги майдон ва кўчаларда, депутатлар яшайдиган “Россия” меҳмонхонасининг фойе ва залларида ҳам катта катта экранлар қўйилган бўлиб, одамлар халқ ноибларининг ҳар бир айтаётган сўзини кўриб, эшитиб туриш имконига эга эдилар.
Ўзбек депутати томонидан ҳақоратланган ва лаънатланган академикни халқ чексиз меҳр ва муҳаббат билан кутиб олишга шай турар эди.
Ўнлаб телекамералар, юзлаб фотоаппаратлар ҳам тайёр қилиб қўйилганди.
Маҳаллий ва хорижлик журналистлар ниҳоятда бетоқат эдилар. Ҳамма Сахаровни интизорлик билан кутмоқда эди.
 
14.
Ниҳоят олисдан Кремлнинг қўш табақали каттакон дарвозалари очилиб, ҳориган депутатлар тушлик қилиш учун “Россия” меҳмонхонасининг сон саноқсиз ресторанлари томон оқиб кела бошлашди.
Ва ниҳоят уларнинг орасидан рафиқаси Елена Боннэр ҳамроҳлигида тушлик учун меҳмонхонага келаётган академик Сахаров кўринди.
Одамлар қўлларидаги гулларини академикнинг оёқлари остига отишарди. Оқ-қорани таниб қолган, виждони уйғонган халқ вакиллари ноҳақ «лаънатланган» буюк зотни инсоний меҳр-муҳаббат билан кутиб олди.
— Андрей Дмитриевич, азизим, асло хафа бўлманг!
— Раҳмат сизга!
— Бахтимизга доимо омон бўлинг!
Сахаров боши билан одамларга миннатдорлик изҳор қилиб, аста-секин «жонли девор» орасидан ўтди-да рафиқаси билан меҳмонхона ресторани томон бурилди. Худди шу пайт, оломон сафини ёриб ўтиб, мен уларнинг йўлини тўсдим:
— Андрей Дмитриевич, мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбириман! Илтимос, Сиз бизни кечиринг! Бизнинг депутатимиз нонкўрлик қилди. У аҳмоқ хотин, оғзига кучи етмайдиган, кимларнингдир ноғорасига ўйнайдиган аҳмоқлар ҳамма жойда ҳам топилади-ку! – дедим-у, бирдан ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим.
— Сизга нима бўлди? Ўзингизни босинг… Э-э, парво қилманг, ахир, мен умр бўйи бунақа гапларни эшитяпман-ку! – деб менга таскин берган бўлди Андрей Дмитриевич.
Кейин мен бошқа гапира олмадим, кўзларимдан дув-дув ёш тўкиларди, холос.
Биз Сахаров билан юзма-юз турганимизда журналистлар атрофимизни қуршаб олишган эди. Бир нечта фотоаппаратлар дарҳол ишга туширилди.
Зийрак мухбирлар бизнинг ўртамизда қандай гап-сўз бўлиб ўтганини ҳам аллақачон ён дафтарларига ёзиб олишганди.
Во ажаб, Москванинг ўша кунги оқшомги газеталарида Сахаров билан менинг юзма-юз турган суратимиз босилиб чиқди!
Барча суратлар остида: «Ўзбек журналисти академик Сахаровдан кечирим сўраяпти», деган изоҳ (тагсўз) бор эди (Сурат берилади)…
 
15.
Ўша куни кечаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Андрей Петрович Анишчевичнинг кўрсатмасига биноан мени «Россия» меҳмонхонасидан ҳайдаб чиқаришди.
Академик Сахаровдан кечирим сўраганимни Ўзбекистон раҳбарияти кечирмади…
Эртаси куни Тўлқин Омонов мени топиб: «Ислом ака, кечалари келиб ётиб юраверсин, лекин раҳбарларнинг кўзига кўринмасин, дедилар», — деб Ислом Абдуғаниевичнинг омонат гапини етказди…
 
16.
Мен Турсуной опани яхши тушунаман.
Ўзбекистон раҳбарияти Москвага – СССР халқ депутати сифатида олиб борган халқ ноиби — уларга ҳамиша «Лаббай!» деб турадиган, айтганини ўйламай нетмай  бажарадиган тўтиқуш бўлиши керак эди.  
Турсуной опа эса ўша танланган тўтиқушларнинг гултожиси эди. Ўзбекистон раҳбарияти чалган ноғорага ўйнаши керак эди.
Аслида бу ноғоранинг ортида Нишоновнинг Горбачевга ёқиш истаги бор эди.
Бугун мени мени савол қийнайди: Орадан шунча йиллар ўтганига қарамай бизнинг ўша “лаббайчи” Турсуной опамиз ўзи содир этган гуноҳнинг оламшумул гуноҳ эканини англаб етдимикан?
Сахаров оламдан ўтиб кетди. Лекин унинг руҳи тирик.
Агар Турсуной опа бугун ҳаёт бўлсалар, умрлари узоқ бўлсин, лекин Сахаров руҳидан узр сўраш ҳали ҳам кеч эмас. У кишининг ўрнидан ўзбек халқи узр сўраши ҳам миллатимиз бўйнидаги қарз бўлиб қолиши мумкин. Миллат бўйнидаги қарз!
Афсуски, бизнинг турли минбарлардан, шу жумладан собиқ иттифоқ минбаридан башарият юзига тупуришимиз — бу ёлғиз ҳодиса эмас. Бундай шармандали мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин…
Сахаров жисман вафот этгани билан, у ҳануз бор, яшаяпти. Орамиздан кетган бўлса ҳам, энди у умумбашарият фарзанди бўлиб қолди.
У ўз халқининг –  виждонига айланди. Нафақат рус халқининг, балки бутун ер юзидаги иймон-эътиқодли  зиёлиларнинг виждонига айланди.
Унинг руҳидан узр сўраш муддати ҳали ҳам кеч эмас.
Агар қайсидир сабаб билан Турсуной опа бу имкониятга эга бўлмаса, бу қарз миллат бўйнидаги қарзга айланмаслиги керак.
Бугун Ўзбекистонда 120 нафар депутат ва юздан зиёд Сенат аъзоси бор.
Чоракдан асрдан бўён — эртадан кечгача алламбало нарсаларни ўзларича оламшумул масалага айлантириб, муҳокама қилиб ўтиргандан кўра  улар бизнинг тарихдаги хатоларимиз ҳақида ҳам ўйлашга жазм этсалар ёмон бўлмасди.
Турсуной опанинг академик Сахаров масаласида калтабин раҳбарларимиз топшириғи асосида  йўл қўйган катта хатоси – ўзбек миллатининг абадий қарзига айланиб қолмаслиги керак.
Мен ушбу битикларимни шу маънодаги биринчи қадам сифатида қоғозга туширдим…
 сахаров билан 2
Суратда: Журналист Исмат Хушев (чапдан иккинчи) СССР халқ депутатлари этиб сайланган бир гуруҳ қашқадарёлик ноиблар билан Кремлдаги СССР Олий Совети Президиуми биносида, май, 1989 йил, Москва.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Один комментарий к “Исмат Хушев: Академик Сахаров билан учрашувим тафсилотлари ҳақида…”
  1. Академик Сахаров ҳақида ёзган бобингиз мукаммал. Ҳатто жуда мукаммал. Баъзи жойларини ўқиганда кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Сиздаги миллий ғурур шунда тўла акс этган. Мана шундай асарларни кўпроқ ёзишингизни истайман. Бундай матнлар бизда жуда кам ёзилган. Табриклайман бу боб билан…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *