Исмат Хушев
Торонто шаҳри, Канада
ШАМСИ ОДИЛНИНГ КУЁВИ
Абдусаид Кўчимов ҳақида
“Мулозимлар ҳақида мулоҳазалар” туркумидан 1 қисм (1-33)
1.
Бугун 15 май – атоқли ўзбек адиби, таниқли давлат ва жамоат арбоби Абдусаид Кўчимов туғилган кун.
Одатда машҳур ва довруғли кишилар ҳақида таваллуд кунлари баҳонасида бирор жўяли гап айтиш кўп ҳолларда қийин кечади.
Бунинг ўзига хос обьектив ва субьектив сабаблари бўлиши мумкин.
Лекин Абдусаид акадек дилга яқин ва диёнатли инсонлар ҳақида биз унинг укалари ва шогирдлари ҳамиша ўз сўзимизни дадил ва ошкор айта оламиз.
Бунинг энг асосий сабаби шуки, у киши табиий ва самимий инсон!
Аксар ҳолларда — табиий ва самимий инсонлар катта давлат лавозимларига чиқишса, улар ҳақида бу сифатни айтиб бўлмай қолади.
Абдусаид ака эса ўз мулозимлик қисмати билан бу эски ақидага ҳам зарба берди…
2.
Мен бу билан унинг мулозимлик даври – тамомила оппоқ ва шаффоф, хато ва гуноҳларсиз эди демоқчи эмасман.
У ҳам – Ўзбекистон Олий раҳбариятига алоқадор бўлган барча бахтли ва омадли мулозимлар каби то Президент назаридан қолгунига қадар беармон давру даврон сурди, мамлакатда «айтгани айтган – дегани деган» бўлди.
Одатда бундай тоифадаги юқори мартабали арбоблар, давлат мулозимлари ҳақида гапирганда ҳушёр бўлиб гапириш керак.
Чунки бундай доирадаги раҳбарлар қандай имкон ва имтиёзларга эга бўлишини, улар ўз мансаб пиллапоясида қандай фаолият олиб борганини одамлар, хусусан унинг қўл остида ишлаганлар яхши билишади.
Шунинг учун ҳам биз Абдусаид Кўчимов ҳақида, унинг раҳбарлик йиллари хусусида, яхшими – ёмонми, фақат бор гапларни айтишга қарор қилдик.
Мақсадимиз – мамлакат олий раҳбариятида ишлаётган ҳар бир мулозим шуни ёдда тутиши керак: унинг бу улуғ ва муборак даргоҳдаги ҳар бир фаолияти, амалга оширган яхши ва ёмон ишлари қандай бўлса шундайлигича эрта бир кун албатта элга ошкор бўлади…
3.
Сарлавҳани ўқиб баъзилар ҳайрон бўлиши мумкин, нега Исмат Хушев Абдусаид Кўчимов ҳақидаги мақоласига «Шамси Одилнинг куёви» деган сарлавҳа қўйди, ким ўзи бу Шамси Одил? – деб…
Шамси Одил – ўз вақтида таниқли болалар шоири бўлган, ниҳоятда камтар ва камсуқум, дилкаш ва меҳрибон бир инсон эдилар.
Асли каттақўрғонлик бу ажойиб ва бағри дарё инсон ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири эди.
У пайтларда Абдусаид Кўчимов «Ленин учқуни»да ишлар, ҳали унинг шонли ва суронли келажагидан мутлақо дарак йўқ, пионер газетасининг келажаги мутлақо ноаён бўлган оддий бир ходими эди, холос.
Бағри кенг ва беғубор болалар шоири Шамси Одилнинг эса пионер нашрларидаги обрў-эътибори анчайин баланд, таъсир доираси кенг эди.
У «Ёш гвардия» нашриётининг етакчи муҳаррирларидан бири бўлган.
Болалар ёзувчиси бўламан деб чиранган ҳар бир шоир ва ёзувчининг пешонаси шу нашриётга келиб урилиши турган гап.
Чунки шеър ва мақола газеталарда чиқаверади. Лекин болалар ҳақидаги китоб фақат мана шу нашриётда чоп этилади.
Демак болалар адабиёти оламида Шамси Одилнинг муҳим ўрни бор эди.
Бундан албатта Абдусаид Кўчимов бебаҳра қолгани йўқ.
«Пионер газетасининг мухбири» деган номидан кўра, «Шамси Одилнинг куёви» деган унвон Абдусаид Кўчимов учун шубҳасиз мартабалироқ эди.
Бир сўз билан айтганда – одамлар уни «Пионер газетасининг мухбири» сифатида эмас, балки Шамси Одилдек таниқли шоирнинг куёви сифатида яхшироқ билишарди…
4.
Шу ерда яна бир муҳим гапни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас.
Мақолани нима учун айнан «Шамси Одилнинг куёви» деб номлашимизга асос бўлган воқеа бу.
Ҳуқуқшунос шоир Исматулло Йўлдош бир фурсат дўсти Фарҳод Бобожон билан Ўзбекистон радиосида сухандонлик қилган.
У асли ургутлик бўлиб, Абдусаид Кўчимовга қўшни қишлоқдан. А.Кўчимов Ургутнинг Қул қишлоғида туғилган.
Исматулло Йўлдош ТошДУнинг юрфагида ўқиб кейинчалик Собир Рахимов туман прокуратурасининг девонхона мудири бўлиб ишлаган пайтларида Абдусаид Кўчимов ҳаётини кейинги мулозимлик пиллапояларига ойдин йўл очган бир воқеа рўй беради.
Абдусаид Кўчимов ўша пайтда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг кечки факультетида ўқиб, Бешоғоч даҳасида ижарада яшаб, айни пайтда босмахонада ишлаб юрган дамлар эди.
Ана шундай ажойиб ва ғаройиб кунларнинг бирида Собир Раҳимов район прокуратурасига А.Кўчимов армиядан қочиб юрганлиги тўғрисида ҳарбий комиссариат (венкомат)дан маълумот келади.
Шундан сўнг Исматулло Йўлдош ҳамқишлоғига ёрдам беришни сўраб туман прокурорига илтимос қилгач, прокурор ишни бир йилга кечиктирамиз, агар ҳамқишлоғинг шу бир йил ичида уйланса армиядан қутулиши мумкин дейди.
Прокурорнинг бу маслаҳатини эшитган А.Кўчимов тезда камторона тўй қилиб курсдоши – каттақўрғонлик шоир Шамси Одилнинг қизига уйланади…
5.
Хуллас, Абдусаид Кўчимов «мансаб поғонаси»да биринчи қадамни анчайин муваффақиятли ташлашга муяссар бўлганди.
Агар рус тилидаги «карьера» сўзини ўзбек тилига – «амал ёки мансаб пиллапояси» деб ўгириш мумкин бўлса, Абдусаид Кўчимов бу зина (шоти) нинг биринчи поғонасига Шамси Одилнинг елкасидан чиқиб борди.
Яхши ниятли ҳамқишлоғи ва соф кўнгилли прокурорнинг маслаҳатига амал қилмаганида шафқатсиз ҳаёт ўзани уни қай бир ёт ва ёқимсиз манзиллар сари бошлаб кетмасди деб ким кафолат бера оларди…
Унинг ўзи ҳам буни рад этолмаса керак.
Лекин бир кун келиб Кўчимов бу шотининг энг учига – чўққисига ўрмалаб кетишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди…
6.
Мен Абдусаид акани “Ленин учқуни” (Ҳозирги “Тонг Юлдузи”) газетасида ишлаб юрган муҳаррирлик пайтидан бўён яхши билардим.
Назаримда у киши жамиятнинг бу эътиборсиз пионерлар газетида узоқ ишлаб қолгандек эди.
Шунинг учунми, билмадим, ўша пайтларда у кишининг эрта бир кун юқори давлат лавозимларига кўтарилиб кетишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган бўлиши мумкин.
Кутилмаганда Абдусаид аканинг Ёзувчилар уюшмасига ишга ўтганларини эшитдим.
Сўнг кўп ўтмай у киши Вазирлар Маҳкамасига кўтарилиб кетди ва у ерда маданият масалалари билан шуғуллана бошлади.
Агар адашмасам кейинчалик Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири бўлиб, фожеали ўлим топган Анвар Жабборов (Ёзувчи Жуманиёз Жабборовнинг ўғли) ҳам у киши билан бирга ишлар эди.
У кишининг Вазирлар Маҳкамасида ишлашини эслаб қолганимга сабаб, тўқсонинчи йилларнинг бошида Ислом Каримов тўй қилганида (тўнғич қизи Гулнорани турмушга узатганида) “Дархон” кафесида бўладиган эрталабки ош таклифномаларини Президент девонидагиларга – Шароф Убайдуллаев, Вазирлар Маҳкамасидагиларга – Абдусаид Кўчимовлар тарқатишган эди.
Бу ҳақда “Подшо эркатойи саргузаштлари”нинг Ислом Каримов тўйи ҳақидаги қисмида батафсил ҳикоя қилинган.
Вазирлар Маҳкамасидан Абдусаид Кўчимовнинг Ўзбекистон радиосига раҳбар бўлиб кетганини биламан.
Сўнг Президент девонига ишга олинди.
Мен у пайтларда Ислом Каримов доирасига алоқадор бўлиб, ўзимни осмону фалакда сезганим учунми, билмадим, аллақандай Абдусаид акадек биров бор ё йўқлигини билмайдиган одамларни назар писанд қиладиган ҳолатда эмас эдим.
Биз улардан жуда баландда, шон шуҳрат чўққисининг энг юқори қаватларида эдик…
7.
Маълумки, амал шотининг тепасидаги одам ёки қишлоқча оддий сўз билан айтсак – мамлакат олий раҳбариятидаги мулозим кўзга яққол ташланиб туради.
Албатта бу мансаб шотисига тирмашганлар, унга чиқишни орзу қилганлар кўп бўлади.
Амал шотисига чиқиб, юқорига кўтарилаверсангиз – имкон ва имтиёзлар кенгайиши билан бирга Сизнинг ҳар бир қадамингиз чор атрофдагилар назари ва диққат эътиборида бўлишини ҳам унутмаслик керак.
Мулозим мансаб шотисидан кўтарилавергани сайин – атрофдагиларга ҳам тобора яққолроқ кўриниб туради.
Буни у баъзан билади, баъзан бизга ўхшаб билмай қолиши ҳам мумкин…
8.
Шароф Рашидов Ўзбекистон Олий Раҳбариятига ишга олинаётган мулозимлар билан суҳбатлашганида:
– Олтинчи қаватга ҳавас қилганлар жуда кўп. Лекин олтинчи қаватдан бутун республика кўриниб тургани каби, Сизни ҳам бутун республика кузатиб туради. Ҳар бир қадамингиз одамларнинг нигоҳи остида бўлади. Шунга қараб иш тутинг, – деган гапни такрор такрор айтишни яхши кўрарди…
Абдусаид Кўчимов ҳам энг юқори мансаб пиллапоясида турганида – буни баъзан билди, баъзан назардан қочирди.
Биз унинг шонли «карьера»сидаги бу ажиб ҳолларга ҳам ҳали қайтамиз…
9.
Оддийгина пионерлар газетасининг биров билиб, биров билмаган оддийгина муҳарририни юқори давлат мансабларига ким кўтарган эди?
Абдусаид Кўчимов ўзининг мулозимлик бахти ва карьераси учун энг аввало истеъдодли ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева ва унинг турмуш ўртоғи – Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовдан миннатдор ва бурчдор бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Бу миннатдорлик ва бурчдорлик қандай ниҳоя ва якун топгани ҳам алоҳида мавзу бўлади…
10.
Умуман, Ҳалима Худойбердиева ва Мавлон Умрзоқовлар тўқсонинчи йилларнинг бошида жамиятдаги мансаб мавқелари боис бир гуруҳ таниқли ва истеъдодли ижодкорларнинг юқори давлат мартабаларига чиқишида муҳим рол ўйнаган эдилар.
Эркин Самандар, Бахтиёр Назаров, Шароф Убайдуллаев, Омон Матжон, Усмон Азимов, Муҳаммад Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Маматкул Ҳазратқулов, Саъдулла Ҳаким, Сафар Остонов, Эркин Аъзамов, Аҳмад Тошхўжаев, Мирзо Кенжабоев, Ғаффор Ҳотамов, Хайриддин Султонов ва Абдусаид Кўчимовлар шулар жумласидандир.
Ижод аҳли ва зиёли одамни давлат тепасига келиши ҳамиша жамият учун ҳам, давлат учун ҳам фойдали бўлган.
Лекин юқорида тилга олган қаҳрамонларимизнинг раҳбарлик қисмати – Ўзбекистон ва унинг халқи учун нимани англатишини биз Абдусаид Кўчимов раҳбарлиги мисолида батафсил ўрганиб, таҳлил ва тадқиқ қилиш ниятидамиз…
11.
Абдусаид Кўчимовнинг мамлакат сиёсий ҳаётига шитоб билан кириб келиши – 1990 йилда Ургутдан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланиши билан боғлиқ.
Биз унинг депутатлик учрашувлари, ундаги тенгсиз кураш ва қарама қаршиликлар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз.
Ургут — азалдан истеъдодли ижодкорлар, таниқли адабиёт сиймолари етишиб чиққан муборак даргоҳ.
Барот Бойқобилов, Маматқулов Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов, Карим Баҳриев каби таниқли адабиёт, санъат ва журналистика намояндалари шулар жумласидандир.
Тўқсонинчи йиллардаги ошкоралик эпкинлари боис бир гуруҳ халқ суйган зиёлилар мамлакат Олий Кенгашига халқ ноиби этиб сайланган эдилар.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда пойтахтдаги таниқли журналист ва ёзувчилар, шоир ва санъаткорлар ўз туғилиб ўсган юртидан депутат этиб сайланиши одат тусига кириб қолган эди.
Абдусаид Кўчимовга ҳам ана шундай олий бир саодат насиб этиб, у ҳеч ким кутмаган бир пайтда ўзи туғилиб ўсган Ургутдан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланади.
Кейинчалик ургутликлар ёдида Кўчимовнинг ўзи, сўзи ва ё юзи эмас, балки унинг ишончли вакили этиб тайинланган журналист Шуҳрат Жабборовнинг сайловолди учрашувларида сўзлаган оташин нутқлари сақланиб қолади…
12.
Абдусаид Кўчимовнинг кутилмаганда Олий Кенгаш депутати этиб сайланиши Ургутнинг ўша пайтдаги машҳур ва довруғли раҳбари Ўлмас Маҳматмуродовга ёқмай қолади.
Кўчимовнинг Ургутга бориб, ўз сайловчилари билан учрашувлари қийинлашади, бир сўз билан айтганда Ургут унинг учун ёпиб қўйилади.
Ўлмас ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан жуда яхши ва ишончли алоқада эди.
Мавлон аканинг ўринбосари бўлган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев бир куни Президент девонидаги ҳокимлар мажлисидан сўнг Ўлмас акани «Гап бор» деб, кабинетига таклиф қилади.
Бу ерда Абдусаид Кўчимов уларни кутиб турарди.
— Кўчимов бизнинг одам. У билан алоқани яхшилаб, биргалашиб ишланглар, Ўлмас ака, – деб гапнинг пўсткалласини рўй рост айтади Шароф Убайдуллаев.
Ўта ҳушёр одам бўлган Ўлмас ака Олий раҳбарият вакилининг бу гапидан тезда хулоса чиқариб, узун қулочлари билан Кўчимовни қучоғлаб, бугундан бошлаб дўстмиз деб бағрига босади.
Бу ярашув ўша куни оқшом чоғи «Панорама» атрофидаги «Ёшлик» меҳмонхонасининг «Шодлик» ресторанида янада ишончлироқ бўлиши учун яхшилаб « ювилиб», мустаҳкамланади…
13.
Ўзбекистон халқ депутати Абдусаид Кўчимовнинг депутатлик фаолияти ҳақида бирор нарса айтиш фикридан йироқмиз.
У ҳам барча халқ ноиблари каби сайловчиларга нималарнидир ваъда қилган ва бу ваъдаларининг қайси биринидир албатта бажарган бўлиши табиий.
Фақат шуни айтмоқчимизки, Кўчимовнинг Ургутдан Олий Кенгаш депутати этиб сайланиши – унинг кейинги ҳамма қатори бўлган «оддий» ва «ҳаминқадар» ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди…
14.
Абдусаи Кўчимов биринчи планга чиқмай, ўзини ошкор ва ё намоён этмай, «парда ортидан иш юритиш» фазилатига эга эканини Ислом Каримов у Президент девонининг «Ахбарот маркази»га ишга олинганида сезган бўлса, эҳтимол.
Умуман, Ислом Каримовга худди ана шундай – камтар ва камсуқим, айни пайтда биринчи планга чиқмай иш қиладиган, ўзи «парда ортида» туриб асосий «режиссерлик»ни қойилмақом қилиб бажара оладиган ҳушёр ва айёр мулозимлар ёқишини мен кейинроқ англаб етдим.
Бир сўз билан айтганда артист ва ўйинчи бўлиши керак экан раҳбар энг аввало.
Абдусаид Кўчимов мулозимлик шотисининг энг чўққисига чиқиб «айтгани айтган, дегани деган» шаҳаншоҳ пайтларида ҳам эски ҳамкасбларини кўрганида ҳамиша икки қўлини кўксига қўйиб: «Ўша, ўша, жамон жўқ, – деб туришини одамлар бугун ҳам ажиб бир ҳайрат билан эслаб юришади…
15.
Абдусаид Кўчимов ўзининг «ичимдагини топ» қабилидаги сирли ва сеҳрли характери, дилида бир фикр бўла туриб, лекин тилидаги бошқа фикрни ростдек бемалол юзингизга ўта сиполик билан айтиш ва ижро этиш қобилияти, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак – артистлиги билан ўта ҳушёр сиёсатчи Ислом Каримов ишончини қозонган бўлса ажаб эмас.
Лекин Ислом аканинг ўзи билан ҳеч қачон бундай иккиламчи ва алдамчи муносабатда бўлиш – артистлик қилиш мумкин эмас. Мутлақо. У киши буни кечирмайди, ҳазм қилолмайди. Лекин бошқаларга нисбатан артистлик қилсангиз, у киши буни ниҳоятда қадрлайди…
Ислом Каримов суҳбатдошининг кўзларига тикилиб туриб, унинг кўнглидан нималар кечаётганини жуда яхши англаб олиш фазилатига эга бўлган зукко ва ҳушёр раҳбар.
Шундай бир пайтда Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон телевиденияси раҳбарлигига – Президент суҳбатидан қандай ўта олган, унинг синчков нигоҳларига қандай дош беролган экан деб ўйланиб кетаман баъзан…
16.
Мен Ислом Каримовни яхши ва яқиндан билган одам сифатида шунга кафолат беришим мумкинки, у киши ҳеч қачон ичидагини бирдан тўкиб соладиган, очиқ кўнгил ва далли ғулли одамни раҳбарлик лавозимига кўтармайди.
Агар жуда ёқтириб қолиб, кўтарса ҳам – мендек – иккинчи даражали бирор ишга қўйиши мумкин, кўнгли чўкмасин деб…
17.
Кечагина «Пионерлар газетасининг оддий мухбири» бўлган А.Кўчимов – ўзбек жамиятида «Муҳтарам ва ҳурматли Абдусаид Кўчимович» бўлиб асосан Ўзбекистон телерадиокомпаниясига раҳбар бўлган йилларда танилди.
Кўчимовнинг Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида, унинг олий раҳбариятида муҳим ва ҳал қилувчи нуфузга эга бўлишида телевидениянинг роли ниҳоятда катта бўлди.
У «Ўзтелерадиокомпания»га 1997 йилда раҳбар этиб тайинланиб, 2005 йилгача қотириб ишлади.
Саккиз йил кечаги «Пионерлар газетасининг оддий мухбири» мамлакат олий раҳбариятининг энг ишончли вакили сифатида Ислом Каримовнинг сафида ва назарида турди.
Бундай дейишимга сабаб шуки – Ислом ака ўзининг Президентлик салтанатини, унинг бор бўй басти ва шон шуҳратини, имконият ва қудратини – телевидения призмаси орқали кўрадиган раҳбар.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон телевиденияси – Ислом Каримов учун президентлик ҳаётининг мазмун ва моҳияти, орзу умидлари, қувонч ва ютуқларини ифода этувчи олтин мезонга айланиб қолган.
Буни биз нималарда кўршимиз мумкин?
18.
Авваламбор шуни айтишим керак: Ўзбекистон телевиденияси – Ислом Каримов салтанатини ушлаб ва мустаҳкамлаб турган асосий давлат пойдеворларидан биридир.
Агар таъбир жойиз бўлса – Ислом Каримовни Ислом Каримов қилиб турган жамиятдаги ўта муҳим ижтимоий сиёсий устқурма бу.
Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Ўзбекистон телевидениясига раҳбар тайинлашда Ислом Каримовнинг кечаю кундуз узоқ мулоҳаза юритиб, номзод танлашининг сабаби ҳам балки шундадир.
Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистонда ишонган ва суянган биринчи даражали одами иккита деб биламан: Бири МХХ раиси бўлса, иккинчиси – сўзсиз ЎзТВ бошлиғидир…
19.
Ўзбекистон телевидениясини бошқариш ва назоратда ушлаб туриш – Президент учун Миллий Хавфсизлик Хизматига раҳбарлик қилишдан ҳам зарурроқдек назаримда.
Бошқача айтганда – Ўзбекистон телевиденияси фаолияти Ислом ака учун баъзан МХХ фаолиятидан ҳам муҳимроққа ўхшайди.
Президент учун МХХни назоратда ушлаб туриш унчалик қийин эмас.
Негаки, ҳарбийлашган бу идора Ислом ака истаган пайтда кнопкасини босиши билан унинг измида бўлади.
Президентнинг айтган куйига мос рақсга тушаверади.
Бироқ Ўзбекистон телевиденияси – қачон портлаши номаълум бўлган ўз бомбасини қўлтиғи остида яшириб юрадиган минглаб журналист ва артистлардан иборат.
Ислом Каримовнинг МХХ дан кўра кўпроқ Ўз ТВ га бўлган диққат ва эътибори сабабига биз ҳали қайтамиз…
Суратда: Абдусаид Кўчимов
20.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон телевидениясига бу қадар қаттиқ боғланиб қолганидан ҳайратланиб баъзан ўйлаб кетаман:
Ажойиб кунларнинг бирида – Ислом Каримов Президент девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров ва ёрдамчиси Георгий Крайновлар билан Исмат Хушевнинг Канададан туриб ёзган ушбу мақоласини муҳокама қилиб турган хушнуд ва муборак дамларнинг бирида беихтиёр мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон телевидениясидан чиқиб «Биз Ватанга қайтдик ва телевиденияни ишғол этдик!» деб эълон қилиб қолса, улар қай аҳволга тушиши мумкин?
Ислом ака, худо кўрсатмасин, сўзсиз инсульт ва ё инфаркт бўлиши таббий.
Бу – у киши учун осмонда гумбурлаб портлаган чақмоқнинг кучидан кам бўлмаган бомбадай таъсир қилиши турган гап.
Лекин муҳими бу эмас.
Чорак асрдан бўён Ислом аканинг қудратли ўнг ва чап қўли бўлиб садоқатлилар садоқатлиси сифатида мамлакат олий раҳбариятида ишлаб келаётган икки арбобнинг қай аҳволга тушиши мени кўпроқ ўйлантиради.
Ажабо, улар энди қайси музикага ўйнаб, қайси армияга хизмат қилишни билмай бир зум бошлари қотса ажаб эмас.
Шароф Рашидов томонидан собиқ Марказқўмга ишга олинган ва қарийб 40 йилдан бўён республика бош штабида неча неча оқимларни ҳаммадан олдин пайқаб, қайси армияга ўтишни бехато белгилаган бу ажиб ва ноёб талантли шахслар агар Ўзбекистон телевидениясидан Президентнинг машҳур ва ашаддий душмани Тошкентга оқ отда кириб келишини кўрсалар нима бўларкин?
Менинг ҳам ўз тахминим бор: Улар ўша заҳоти Президентни қай аҳволда бўлса ўша зайлда ёлғиз қолдириб, мамлакат туғини Муҳаммад Солиҳга топшириш учун Ўзтелестудия даргоҳига қараб чопсалар ажаб эмас.
Чунки ғолиблар минган оқ отнинг ортидан қолмаслик керак-да. Уларнинг 40 йиллик санъати – бор ҳунари ҳам ана шундан иборат…
21.
Таниқли рус революцеонери, машҳур фитначи ва инқилобчи Владимир Ильич Ленин ҳам давлатни бошқариш учун энг аввало почта ва телеграфни қўлга киритиш кифоя деб бежиз айтмаган.
Кечаги — «Почта ва телеграф» нинг функцияси бугун — телевиденияда мужассамлашган.
Ўзбекистонда мамлакат ва халқ эртадан кечгача бутун вужуди билан табиийки телевиденияни кузатади ва уни ҳукуматнинг энг асосий кўрсатмаси деб билади.
Ислом ака, худо кўрсатмасин, минбарда бир гапни айтса-ю, лекин телевизор бошқа гапни айтиб турса, халқ тирик Президент қолиб, «ўлик» ТВ орқасидан кетаверади.
Биз кейинги йигирма беш йилда халқнинг бир неча авлодини мана шу руҳда манқуртларча тарбиялаб – ясаб бўлдик…
Энди телевиденияга дунёнинг энг қудратли кучи сифатида сажда қилиш ва уни назорат остида ушлаб туришдан бошқа иложимиз йўқ…
22.
Шунинг учун ҳам мен баъзан Ўзбекистон телевидениясини – Атом бомбасига қиёслагим келади.
Чунки бутун давлатни битта ҳукмдор ўз қўлида ушлаб турган тоталитар мамлакатда телевидения – Атомдан ҳам кучли қудратга эга эканини Ўзбекистон мисолида яққол кўриб турибмиз.
Эҳтимол шунинг учун ҳам бугун телевиденияни – атом бомбасидан кўра кўпроқ назорат қилиб туришга тўғри келаятгандир.
Хуллас, Ўзбекистон халқи бугун ТВ нима деса, шунга ишониб, унинг орқасидан кетаверади.
Ўзбекистондаги ҳаёт бугун Президент назарида фақат телевизордаги ҳаётдан иборат бўлиб шаклланган экан, унинг бу соҳага катта эътибор ва аҳамият беришини ҳам тўғри тушуниш керак.
Мен баъзан Ислом Каримов Ўзбекистонни фақат телевизор орқали кўриб, бошқариб турса керак деган фикрга ҳам бораман…
23.
Унинг ишхонасида ҳам бир эмас тўртта телевизор туриши тасодифий ҳол эмас.
Кабинетидаги иш столининг ёнида битта кичикроқ, катта ва узун столининг олдида эса каттароқ телевизор қўйилганини биламан.
Кичигидан – ўзи, каттасидан эса – ҳузурига у ёки бу масалада чақиртирилганлар билан кўплашиб эшиттириш кўриши мумкин.
Президентнинг дам олиш хонаси ва ошхонасида ҳам телевизор доим ишлаб туради.
Хуллас, Ислом ака идорасининг ўзидаёқ бир эмас, тўртта телевизордан бутун Ўзбекистонни ҳушёрлик билан кузатиб туради…
24.
Президент қаёққа қарамасин, унинг кўзи албатта телевизорга тушади. Бу телевизорларнинг ҳар бирида ҳар хил каналлар ишлаб туради.
У бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон телевидениясининг барча асосий каналлари билан бир қаторда Москва ТВ сини ҳам назардан қочирмайди.
Агар Москва ТВ сида Ўзбекистон ҳақида «келишилмаган» бирор бир хабар ўтиб кетса ҳам албатта «Ўзтелерадиокомпания» раҳбари балога қолади.
Ислом аканинг назарида у шунинг ҳам уддасидан чиқиши керак.
Шу билан бирга Президент матбуот котибининг ҳам бошида албатта ёнғоқ чақилади.
Уларга Ислом ака томонидан бериладиган саволларни ўзбек тили луғатидан ҳарчанд уринманг, тополмайсиз, агар ўзбек жаргонидан изласангиз ҳам, барибир тополмай овора бўласиз…
25.
Бир гал Ислом аканинг ҳузурига кирганимда у киши телевизордан Жаҳонгир Маматовнинг чиқишини кузатиб ўтирган эканлар.
Жаҳонгир телевизордан қандайдир балиқ мафияси ҳақида гапираётган эди.
У махсус рейд уюштириб, Айдаркўлдаги балиқ мафияси ҳақида эшиттириш тайёрлаган экан.
Ўша кунларда Жаҳонгир эндигини Ўзбекистон телерадиокомпания раиси Эркин Ҳайитбоевга ўринбосар этиб тайинланган кезлар эди.
Ислом ака кутилмаганда телефон гўшагини кўтариб, ғазаб билан Эркин Ҳайитбоевни сўка бошладилар:
– Бунинг нима деятганини эшитяпсанми? Телевизорни кўраяпсанми ўзинг?
Репродуктор очиб қўйилган, ундан Эркин аканинг титроқли ва ҳаяжонли товуши эшитилиб турарди:
– Жаҳонгирингиз «мен фақат Президентга бўйсунаман, унинг топшириғини бажараяпман», – дейди. – У менга қулоқ солмайди, Ислом ака…
Шу ва шунга ўхшаш бошқа дадил чиқишлари боис Жаҳонгир Маматовнинг телевидениядаги раҳбарлик фаолияти бир ойга ҳам етмади: роппа роса 22 кунда якун топди…
26.
Эркин Ҳайитбоев қақшаганча бор эди.
Жаҳонгир Олий Кенгаш сессиясида Ислом Каримовга ташланиб қолиши билан ном қозонишдан ташқари, у телевиденияга Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси деган вазифадан келганлиги учун ҳам – унга унча бунча одамнинг танбеҳ беришга ҳадди сиғмасди.
Шу ерда мустақил журналистларнинг тақдири ҳақида яна бир сўз.
Биринчи мустақил газета деб расмий жар солинган ва нашрнинг энг тепасига ўқловдай қилиб «Мустақил газета» деб ёзиб қўйилган «Ҳуррият»га шахсан Президент томонидан Бош муҳаррир этиб тайинланган истеъдодли журналист Карим Баҳриевнинг «Мустақиллик одими» бир ҳафтадан нарига ўтмади.
У газетанинг беш сонини чиқариш билан мустақил газетадаги Бош муҳаррирлик фаорлиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Ўшанда «Озодлик» радиоси кутилмаганда ишдан олинган Каримжон билан суҳбатлашган эди.
«Озодлик» нинг «Нима Сизга халақит берди?» деган саволига Карим Баҳриев: «Биз газетани ошкоралик асосида қурмоқчи эдик. Газета орқали халқимизни ошкораликка ўргатмоқчи эдик» деб жавоб беради.
Радионинг «Нима, халқ ошкораликка тайёр эмас эканми?» – деган кинояли саволига эса:
Карим: «Халқ аллақачон тайёр. Лекин раҳбарлар тайёр эмас экан…» – деб жавоб бергани ҳали ҳануз ёдимда.
Яна шу нарса ёдимдаки, «Ҳуррият» айнан Абдусаид Кўчимов бош бўлган Ўзбекистон телевидениясини танқид қилишга жазм этгани учун ҳам ёпилган эди…
27.
Ўзбекистон телевиденияси жуда нотинч ва ғалвали даргоҳ.
Бу ер – бутун Ўзбекистон жамияти – сиёсат, мафия ва жиноят олами вакилларининг ўзъаро манфаати кесишган ва кўп ҳолларда тўқнашган жой.
Бу ерда узоқ раҳбарлик қилиш жуда қийин.
Лекин Абдусаид Кўчимов бу «нотинч « даргоҳда бошқа раисларга қараганда нисбатан узоқ ишлади.
Жаҳонгир Маматовнинг Ўзбекистон телевидениясидаги 22 кунлик, Карим Баҳриевнинг “Ҳуррият” газетасидаги бир ҳафталик фаолиятини Абдусаид Кўчимов унутмаган шекилли, у бу «ғалвали» ва «мафиялашган» даргоҳда оз эмас, кўп эмас – 9 йил фаолият олиб борди.
Тўққиз йил у шон шуҳрат чўққисида, республика олий раҳбариятининг елкасида – бошида турди.
Тўққиз йил унинг айтгани айтган, дегани деган бўлди.
Бу дунёга келиб нима топган бўлса – шу ерда топди.
Нима йўқотган бўлса ҳам – шу ерда йўқотди…
28.
Тўққиз йил ургутлик оддий бир инсон Кўчим бобонинг ҳеч ким танимаган ва билмаган ношуд ули – Ўзбекистонни эрталаб соат олтидан уйғотиб, кун бўйи ўтирғизиб турғизиб, тонгги уч-тўртларда секин аста аллалаб ухлатадиган бўлди.
Бу даврда Абдусаид Кўчимовдан миннатдор бўлганлар қаторида ундан хафа бўлиб, кўнгли қолганлар ҳам кўпайиб борди.
Лекин у ҳеч қачон баъзи оқ от минган амалдорлар каби босар тусарини билмай қолгани йўқ.
У ўзининг асл келиб чиққан жойи – оддий одамлар орасида эканини, эрта бир кун бу шон шуҳратлар тугаганидан кейин яна ўша – одамлар орасига қайтиб боришини ҳамиша ёдида тутди.
Лекин одамларнинг ўзи уни бошларига кўтариб, қаршисида таъзим ва тавозе қилавериб ёмон ўргатишди…
29.
Мен Абдусаид Кўчимовнинг шон шуҳратга бурканган ўша суронли йилларини яхши эслайман.
Буни бошқалар ҳам ҳали унутгани йўқ.
Унинг биринчи сайловолди учрашувларида ишончли вакили бўлган ҳамкасб дўсти Шуҳрат Жабборов тўй қилганида бўлган бир воқеани менга ўша тўйда бўлганлар айтиб беришган эди.
Тўй бўлаётган ҳовлига Ўзбекистон телевидениясининг қудратли раҳбари кириб келганида бутун тўйхона ўрнидан туриб кетганини биламан.
Ҳатто ўша тўйда иштирок этган Шароф Рашидовнинг укаси – бир пайтлар Абдусаид Кўчимовни Низомий пединститутида ўқитган адабиётшунос олим Асил Рашидов кўплар қатори беихтиёр жойидан туриб чапак чаларкан, ҳайратланиб, ёнидагилардан: «Нима бўлди ўзи, ким келди, ёпирай, Ислом Каримов кеб қолдими?» – деб таажжубланиб сўраган экан.
Унга Абдусаид Кўчимов келганлигини айтишганида: «Ия, шунга шунчами?» – деб ажабланган экан анча маҳал ўрнидан туриб беҳуда қарсак чалганига афсусланиб…
30.
Шу ўринда адолат ҳаққи ҳурмати яна бир гапни ҳам айтиб ўтиш керак бўлади.
Абдусаид Кўчимов мансаб поғонасида турганида ўзи ишонган ва меҳр қўйган, бир сўз билан айтганда ўзига ёққан дўстлари, ҳамкасблари, шогирдларини унутмади.
Шуҳрат Жабборовнинг тўйига бориб, унга ўз эҳтиромини билдириши, Собир Ўнар, Муҳаммад Исмоил ва Ҳусан Эрматов каби истеъдодли ижодкорларни имкон қадар қўллаб қувватлагани – бу унинг яқинларига бўлган садоқати ва ҳурматидан, қолаверса оддий инсоний мурувватидан далолат.
Уларнинг кўпини ёнига олиб, уйли жойли, бой бадавлат бўлишида, китоб ва асарлари тўпламининг нашр этилишида бош-қош бўлди, муҳим ва асосий рол ўйнади.
Ўзбек адабиёти ва санъати намоёндалари, зиёлилар орасида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин…