Бу мақола эълон қилинганига ҳам салкам тўрт-беш йил бўлиб қолди. Унда ҳали Ислом Каримов барҳаёт эди.
Мақолани, унда кўтарилган муаммони республика ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимлари, хусусан, қора бозорнинг асосий ҳомийси бўлмиш — МХХ ва унинг қудратли раиси Р.Иноятов синчиклаб ўқиган, билади. Лекин негадир чора кўришга шошилмайди. Чунки у ҳам, Марказий Банк Бошқарувчиси Файзулла Муллажонов ҳам чорак асрдан бўён ана шу «қора бозор»дан кун кўриб келишади. Лекин ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» демайди.
Тошкент бозорларидаги қора бозорнинг нархи эса шиддат билан кўтарилиб бормоқда…
Исмат Хушев: “Қора бозор”нинг қироли ким?
Ёки Марказий Банк Бошқарувчиси Файзулла Муллажонов фаолиятига бир назар
“Дунё ўзбеклари” дан:
Файзулла Муллажонов Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган.
1993 йилдан: – Ўзбекистон Марказий Банк бошқаруви раиси;
– Республика пул кредит сиёсати комиссияси раиси;
– 2002 йилдан Дунё валюта фонди (МВФ) нинг Ўзбекистон бўйича бошқарувчиси, вакили.
Укаси – Сирдарё вилоятида фуқаролик суди раиси.
Ўғли Абдумажид – 2008 йилнинг мартига қадар Тошкент шаҳар Миробод район ички ишлар бошқармаси бошлиғи. 2008 йилнинг мартидан – Тошкент вилоят ишки ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари. Милиция полковниги.
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Яқинда Тошкентга борганимда “Қора бозор”да бир неча маротаба доллар алмаштиришимга тўғри келди.
100 АҚШ долларига 280 000 – 300 000 сўмгача ўзбек пулини алмаштириб олиш мумкин экан.
Ўзбекистонда пул биринчи маротаба алмаштирилган 1994 йилда 1 АҚШ доллари бошида 4 сўм, бир ойдан сўнг эса 6 сўм ўзбек пулига тенг эди.
Бу бозорларнинг ҳаммасида яқинга қадар валюта алмаштириш пунктлари бор эди. Лекин улар фаолият юритишмасди. Номигагина бор эди, холос.
“Қора бозор” эса сутканинг йигирма тўрт соатида ҳам “очиқ”.
Бу ерда Сиз куннинг истаган пайтида келиб, ҳеч нарсадан қўрқмай ўз долларингизни бемалол алмаштириб олишингиз мумкин. Негаки, “Қора бозор”ни милиция ходимлари тўрт томондан ўраб, ҳимоя қилиб туришади…
Аслида, Ўзбекистон республикасининг жиноят Кодекси бўйича валюта савдоси учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин.
Масалан, Ўзбекистонда кимлардир ҳар куни 50 000 долларни ҳам бемалол алмаштириб, олди берди қилади. Лекин умрида бир маротаба 50 АҚШ долларни алмаштиргани учун ҳибсга олиниб, судланган фуқаролар бор…
Бир АҚШ доллари Файзулла Муллажонов раҳбар бўлган Марказий Банкнинг амалдаги расмий курси бўйича 2000 сўмдан сал ошик бўлса, “қора бозор”да қарийб 3000 сўмни ташкил қиларди. Фарқи мана шу ерда…
Ўзбекистондаги валюта алмаштирувчи дўконларга бизнинг бугунги қаҳрамонимиз бошчилигидаги Марказий Банк томонидан бир кунда 5 миллион доллар пул сотувга қўйилар экан…
Ана энди бу ерда қоладиган даромадни ўзингиз ҳисоблаб олаверинг…
3.
Бугун Ўзбекистонда “Нексия”, “Матиз”, “Малибу”, “Дамас” каби харидоргир машиналар фақат долларга сотилади.
Ҳолбуки, бизда доллар билан олди берди қилиш, савдо сотиқ юритиш қонун бўйича қатьиян тақиқланган.
Лекин шунга қарамай давлат идоралари автомобилларни бемалол долларга сотишдан ҳайиқмайди.
Олий ўқув юртларига қабулдаги вагон вагон долларларни айтиб ўтирмасак ҳам бўлади…
4.
Яқинда хориж матбуотида Ўзбекистон Марказий Банк Бошқарувчиси Файзулла Муллажоновнинг кутилмаганда бетоб бўлиб қолгани ва ўз хизмат вазифасини бажаришдан озод қилингани ҳақидаги миш мишларга кўзим тушиб, кўнглим хижил бўлиб қолган эди.
Бугун эса “Озодлик” радиоси вебсаҳифасида унинг яна ўз ишига қайтганини ўқиб, “хайрият” деб секингина хўрсиниб қўйдим.
Бу дунёда: “Охири бахайр бўлсин” деган бир гап ҳам бор…
Менинг бу сўзларимни ўқиб, баъзилар “муаллиф нимага шама қиляпти” деб ҳайрон қолиши мумкин…
5.
Файзулла Муллажонов Ўзбекистонда йигирма йилдан бўён Марказий Банк Бошқарувчиси бўлиб ишлайди.
Бу давр мобайнида молия вазири (Минфин) – 13 марта, Бош вазир – етти марта алмашди.
Вилоятларнинг баъзи бирларида 20 йил ичида 20 маротаба ҳоким ўзгарди. Фарғона ва Самарқанд областлари мисолида уч ойгина омонат ҳоким бўлганлар ҳам бор.
Исмат Хушев ҳам шу ўтган йиллар баробарида уч маротаба ҳибс этилиб, яна уч маротаба Бош муҳаррир бўлди.
Уч нашр (“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журнали, “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана” ва “Миллий таълим” газеталари) га Бош муҳаррир бўлиб, уч мартаба ишдан ҳайдалди.
Охир оқибат мана ўн йилдирки, Ўзбекистондан ўн минглаб километр узоқликдаги Канада давлатида сиёсий муҳожир бўлиб, умргузаронлик қилаяпти.
Лекин Файзулла Муллажонов ҳамон ўз ўрнида…
Президент девони бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров
Суратда: Ўзбекистон Марказий Банки Бошқарувчиси Файзулла Муллажонов (ўнгда) Халқ банки раиси Эркин Боқибоев билан
24 йилдан бўён Президент билан бирга.
Бугун Ўзбекистонда давлат раҳбари билан шунча вақтдан бўён бирга ишлаб келаётган фақат шу икки арбоб қолди, холос.
Миллий Хавфсизлик Хизмати Раиси Рустам Иноятов ҳам ҳозирги лавозимига сал кейинроқ – 1995 йилда тайинланган эди.
1990 йилларда Ички Ишлар вазири этиб тайинланган Зокиржон Алматов ҳам бугунги кунларга етиб келолмай, истеъфога чиқиб кетди.
Ҳа, Бўритош Мустафоев ҳам бор экан. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Бош прокурор бўлган бу мулозим ҳозир Олий Суд раиси.
Президент билан шунча йилдан бўён бирга ишлаб келаётган мен билган бошқа мулозим йўқ экан…
6.
Асли намангонлик бўлган Файзулла Муллажонов етмишинчи йилларда Тошкент халқ хўжалиги (Нархоз) институтини битириб, ўз меҳнат фаолиятини дастлаб Гулистон госбанкида бошлаган.
Сўнг кўп ўтмай у Сирдарё вилоят банки бошлиғи, ажойиб инсон Ҳамидулла Насруллаев назарига тушди. Асли тошкентлик бўлган Ҳамидулла ака Ўзбекистондаги йирик молия ва банк эшелонларига мансуб таниқли ва кайвони инсон эди.
Ҳамидулла аканинг молия ва банк оламидаги бу нуфузи, тажриба ва таъсири ёш ва истиқболли Фазулла Муллажоновнинг катта майдонга чиқишига кичик замин яратди. Лекин Муллажонов шу кичик имкониятдан ҳам яхши фойдалана билди.
Ҳамидулла Насруллаев елкасида “том”га чиқиб олган Файзулла Муллажонов кўп ўтмай устози Тошкентга кўтарилиб кетганидан кейин, унинг ўрнига вилоят банкига раҳбар бўлиб қолади.
7.
Худди шу йилларда мамлакатда ҳам худди ёш ва омадли Файзулла Муллажонов ҳаётидаги каби ажойиб ва ғаройиб ўзгаришлар содир бўлади.
Бу орада КПСС Марказий Комитетида яхши тажриба орттириб қайтган ва шахсан Горбачёвнинг назарига тушган Шавкат Муҳиддинович Юлдошев Сирдарёга обкомнинг иккинчи секретари бўлиб келади.
Бу – айтиш мумкинки, Ўзбекистон сиёсатидаги илк фавқулоддаги ҳодиса бўлди. Маҳаллий миллат вакилининг иккинчи секретарь бўлиши катта ишонч эди…
Файзулла Муллажонов ана шу даврда Шавкат Юлдошевнинг назарига тушади.
Тез орада Шавкат ака Фарғонага биринчи котиб бўлиб кетади.
Орадан яна кўп ўтмай, унинг даврида Фарғона фожеалари юз беришига қарамай Шавкат Муҳиддинович Тошкентга – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги назорат (контроль) комиссиясига раис бўлади.
Ажаб, Фарғонада рўй берган фожеа боис ҳамма яксон бўлди. Лекин вилоятнинг биринчи раҳбари Шавкат Муҳиддинович партиянинг энг нуфузли назорат идорасига раҳбар бўлиб ўтди…
1990 йилларда Марказий Контроль комиссияси раисига кенг ваколатлар берилган бўлиб, у ҳатто республика Марказий Қўмита фаолиятини ҳам текшириш ва назорат қилиш ҳуқуқига эга эди.
Янги ва қудратли лавозимга тайинланган Шавкат Муҳиддинович кўп ўтмай ўзининг Сирдарёда қолган “банкир” ҳамюрти (земляги) Файзулла Муллажоновни Ислом Каримовга тавсия қилиб, Тошкентга чақириб олади…
8.
Хуллас, Муллажонов Ҳамидулла Насруллаев елкасида “том”га чиқиб – вилоят банкига бошлиқ бўлган бўлса, энди юлдузга чиқиб – республика миқёсидаги раҳбарга айланиши Шавкат Юлдошев номи билан боғлиқ…
Агар Президентни – ойга, Олий Раҳбариятдагиларни – юлдузларга қиёс қилгудай бўлсак, Муллажонов бу юлдузлар орасида 20 йилдан бўён чарақлаб, порлаб келаяпти. Ўтган бу давр мобайнида кўкка чиққан не не юлдузлар порлай олмай, куни битиб, ўчиб кетди.
Одатда ойга яқин юрсанг – куйиб кетасан, узоқлашсанг – тафтини соғинасан дейишади. Файзулла ака, ажаб, шунча йилдан бўён куймай, чўкмай, ёнмай бир маромда нур таратиб келаяпти.
Лекин унинг таратаётган бу нури одамлардан кўра кўпроқ ўзи яратган “сирли ва сеҳрли доллар салтанати” аъзоларигагина тушаяпти, холос…
Айтиш мумкинки, Файзулла Муллажонов Сирдарёдаги банк тизимида яхши ва ҳалол ишлади. Одамлар ва ҳамкасблари орасида яхши ном қолдирди. У ростдан ҳам Сирдарёда катта обрў қозонган эди.
Лекин каттакон бир республикада бу стерженни ушлаб туриш осон эмас экан.
Бугун Ўзбекистонда Банк бошлиғининг ҳалол ва тўғри ишлаши мумкин бўлмай қолди. Энг аввало катталарнинг ўзи ҳар томонга тортади.
Ё ҳаёт, ё мамот жанги бораётган бу талотўп майдонда Муллажонов ўзини сақлаш ва асраш учун бошини ўтга ва чўққа ургани табиий…
Ўзбекистон Олий раҳбариятига мансублик, уларнинг бутун мол мулки ва бойлигига дахлдорлик – бу энг аввало катта ишонч, катта масъулият ва шу билан бирга катта машаққат ва заҳмат ҳам…
9.
Дарвоқе, бизнинг Муллажонов билан танишувимиз ҳам жуда қизиқ бўлган.
1993 йилда Ўзбекистон Преззиденти девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров Тошкентда 400 кишилик данғиллама тўй қилган эди.
Тўйни Зелемхон Ҳайдаровни катта ҳаётга олиб чиққан устози Иброҳим Ўролович Қўчқоров очиб бергани худди кечагидай ёдимда.
Тўй “Қизил майдон”даги Баҳор концерт залининг орқасидаги “Биринчи” кафеда нишонланади.
Мен ўша пайтларда Ислом Каримовга жуда яқин бўлганим сабаб тўйда хизмат қилишга таклиф қилинган асосий фигуралардан бири эдим.
Агар билсангиз, “Биринчи” кафеда ҳукуматдагилар учун алоҳида кичик зал ҳам мавжуд бўлиб, бу ерга асосан тўйга таклиф қилинган энг азиз ва мўтабар меҳмонлар – олий раҳбариятга яқин мулозимлар таклиф қилинарди.
Менга меҳмонларнинг обрўйи ва лавозимига қараб ана шу махсус залга киритиш масъулияти юкланган эди.
Ҳукумат аъзолари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, министр ва вилоят ҳокимлари – фақат биринчиларгина киритиларди бу залга. Улар билан тўйга келган ўринбосар ва иккинчи даражали шахслар тўппа тўғри умумий залга ўтказиларди.
Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев бир гуруҳ мулозимлари билан тўйхонага кириб келишганида мен Бўритош акани кичик залга бошлаб, қолган ҳамроҳларини чаққонлик билан умумий залга ўтказиб юбордим.
Бош прокурор ўринбосарларидан бири Бўритош ака билан “махсус зал”га ўтмоқчи эди. Лекин синчков нигоҳим бунга йўл қўймади.
Менинг ҳатти ҳаракатимни зимдан кузатиб турган Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат Масалаҳатчиси Мавлон Умрзоқов “Тўғри қилдингиз” деган маънода мамнун бош ирғаб қўйди.
Худди шу маҳал тўйхонага Сирдарёнинг биринчи раҳбари Ботир Маҳмудов бошчилигидаги катта бир гуруҳ кириб келди. Булар область прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, вилоят МХХ раҳбари ва бошқа расмий кишилар эди.
Мен улар билан кўришарканман, Ботир акани кичик залга бошлаб, қолганларини умумий залга ўтказиб юбордим.
Президент атрофидаги мулозимлар, хусусан Мавлон Умрзоқов билан Сирдарёга борганимизда бизни ҳукумат дачаларида кутиб олиб, меҳмон қиладиган одамлар эди улар. Шунинг учун ҳам мен уларни яхши танирдим.
Лекин буларнинг орасида кўриниши ҳам Ботир Маҳмудовнинг ўзига монанд, мен яхши танимаган бир одам ҳам бор эди.
Боши тепакал, кўринишидан колхозда омбор мудири ёки нари борса чорва фермаси бошлиғига ўхшаш жонқовул қиёфали бу киши ҳам негадир Ботир ака билан бирга шахдам қадамлар ташлаб кичик залга талпиниб турганда, уни зўрға тўхтатиб қолгандим.
Унинг қўлидан ушлаб қолиб: “Сиз, марҳамат, бу томонга!” деган сирли бир ишора билан уни умумий залнинг катта эшигига бошқариб юборган эдим.
Кейин билсам бу одам Файзулла Муллажонов бўлиб, бунинг устига у куни кеча Марказий Банк Бошқарувчиси этиб тайинланган экан.
Афсус, мен бундан бехабар, (поезд аллақачон кетиб бўлган эди) шунинг учун ҳам унинг олий табақали меҳмонлар ўтирадиган залга ўтишига рухсат бермадим.
Асосий тўполон шундан кейин бошланди. Хизмат қилиб юрганлар қанча бориб илтимос қилишмасин, Муллажонов махсус залга қайтиб кирмади.
Ҳамма югур югур қилиб қолди. Ҳатто ичкарига кириб кетган Мавлон ака ҳам олдимга келиб, Марказий Банкнинг янги раҳбарини нега ичкарига киритмадингиз деб дағдаға қилиб қолди. Мен уни танимаслигимни айтдим.
Қолаверса, Президент атрофидаги казо казолар олдида қандайдир банк бошқарувчиси мен учун бир тийинга қиммат, аҳамиятсиз одам эди.
Хуллас, Зелемхон аканинг ўзлари бориб илтимос қилганларидан кейингина мендан қаттиқ ранжиган Файзулла Муллажонов ажиб бир норизолик билан истар истамас кичик залга кириб борди…
Зелемхон Ҳайдаров уни зўрлаб махсус залга олиб ўтаётганда шокосадек кўзларини ола була қилиб, менинг ёнимдан ўтиб кетгандаги ажиб ҳолати ҳозиргача ёдимда сақланиб қолган…
Бугун орадан 20 йил ўтиб, Ўзбекистонда Муллажонов асос солган “Қора бозор” қироллигининг бутун салобати, маҳовати ва қабоҳатини кўз олдимга келтирарканман, ўшанда уни ҳукумат аъзолари ўтирадиган залга киритмаганим жуда тўғри бўлган экан деб ўйлаб кетаман.
Ажаб, содда ва кўнгли тоза Исмат Хушев ҳукумат аъзолари ўтирадиган кичкинагина зиёфат залига киритмаган одамга Ислом Каримов кейинчалик Ўзбекистон Олий Раҳбарияти мол мулки ва бойлиги сақланадиган бутун бир хазинанинг олтин калитини бериб қўйди…
Афсуски, кейин ҳам Муллажоновнинг йўлини тўсиш масаласида тўйдаги ҳаракатимдан нарига ўтолмадим…
10.
Бу воқеаларга ҳам салкам чорак аср бўлибди.
Бугун Ўзбекистон –дунёда доллар алмаштириш қонун йўли билан тақиқланган бир неча мустабид давлатлар қаторига киради.
Лекин Ўзбекистонда бўлиб, қора бозорда одамлар 24 соат бемалол доллар алмаштирганини кўриб, бу мамлакатда доллар олди бердиси қонун йўли билан тақиқланган деб ўйламайсиз.
Бу ерда ҳамма нарса долларга сотилади. Машиналар, уйлар, ҳовлилар, мансаб ва олий даргоҳдаги ўринлар, ҳатто муҳаббат ҳам…
Расмий Тошкент мулозимлари ҳукумат йиғинларида инфляция олдинлари атиги3-4, кейинги пайтларда эса 6-7 фоизга кўтарилганини айтаётган бир пайтда аслида унинг бир неча баробар кўп эканини мутахассислар яхши билишади.
Буларнинг ҳаммаси Файзулла Муллажоновга, унинг 20 йиллик қироллигига бориб тақалади.
Инсоф билан айтганда, Файзулла ака содда ва самимий одам. Баъзан унинг болафеъллиги ҳам бор.
Хўш, унда Ўзбекистондаги “қора бозор”нинг қироли ким?
Кеча мен билган ва биринчи маротаба кўрганимда банкирдан ҳам кўра кўпроқ омборчи ёки чорва мудирига ўхшатган Муллажонов ростдан ҳам бугун Ўзбекистон “қора бозори”нинг қиролимикан?
Қирол бўлган тақдирда ҳам бу мамлакатда, бу сиёсатда у бир ўйинчи, холос.
Лекин бу кўланканинг ортида турган кучлар ким? Бу бир қараганда катта давлат сирига ўхшайди. Лекин аслида унинг сирли жойи борми?
Халқ ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Бу қора бозорнинг орқасидан қурилган пирамида ва кошоналар, яратилган бизнес чўққилари Франциянинг “Лазурний Берег”идан тортиб, Туркиянинг “Анталия”си-ю, АҚШнинг машҳур “Маями”гача, Дубайнинг олтин қасрларидан тортиб, ҳатто Канада ва Торонтонинг осмонўпар биноларигача етиб келган.
Бу жаннатмакон жойлардаги энг баланд ва қимматбаҳо чўққиларнинг аксариятиўзбек олигархларига тегишли.
11.
Биламан, Ўзбекистонда Банк Бошқарувчисининг тўғри ва ҳалол яшаши имконсиз. Рус тилида айтганда “абсурд” бир нарса.
Қора бозор ва банклар орқали амалга ошириладиган валюта конвертацияси Муллажонов ва унинг ҳамтовоқлари тассаруфида.
Қолаверса, энг катта даромад манбаи ҳам – бу валюта конвертацияси!
Бир йилда миллиард долларгача валютани ўзлаштириш мумкин. Фақат конвертация орқали.
Ўзбекистонда валюта савдоси билан шуғулланадиган, ҳисобсиз мўмай ноқонуний даромадлар маскани бўлган, барча қора бозорлар фақат Муллажоновга тегишли ва унинг ҳукмронлиги остида ишлайди, бу унинг фаолият майдони десак адолатдан эмас.
Назорат органларининг, хусусан банкни назорат қилиши мумкин бўлган деректив органлар (Прокуратура, Олий суд, Ички ишлар) нинг ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда, бир оғизликда бошқарадиган бозори бу.
Ўзбекистонда мана йигирма йилки, бу қора бозор энг юқори эшелоннинг – республика Олий раҳбариятининг катта қозони бўлиб қайнаб келди.
Бу қозон қайнаганда ҳам вақирлаб, тўлиб тошиб қайнамоқда…
Аслида Муллажонов ҳам бу ерда оддий бир ўйинчи, у шу ўйинга қўшилмаса даврадан чиқиб кетиши ёки янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, чиқарилиб юборилиши турган гап.
Қолаверса, унинг ҳам бола чақаси, қуда андаси бор. У ҳам одам, унинг ҳам рўзғори бор.
Дарвоқе, қуда анда ҳақида.
12.
Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги жуда кўп мулозимлар ўзъаро қуда андачилик ришталари билан чамбарчас боғланган.
Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги мулозимларидан бири, Коррупция ва рекет Бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва россиянинг энг бой кишиси Алишер Усмонов билан қуда анда бўлишган эди.
МХХ раиси Рустам Иноятов олдин Давлат Божхона қўмитаси раҳбари бўлган, эндиликда Солиқ Қўмитаси бошлиғи, ҳалол ва покиза инсон генерал Ботир Парпиев билан қуда.
Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров ўзи билан бирга ишловчи ажойиб инсон Обидхон Жўраевга икки қизини бериб, у кишининг ўғилларини куёв қилган эди.
Бугунги Олий суд раиси Бўритош Мустафоев Бош прокурор бўлган пайтида аввал юстиция вазири, кейинчалик Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Алишер Мардиев билан қуда бўлишган.
Мавзудан узоқлашмай, бевосита бугунги қаҳрамонимиз Файзулла Муллажоновга қайтсак, у киши Ички Ишлар вазири, генерал полковник Зокиржон Алматов ва Олий Хўжалик суди раиси Мирзоулуғ Абдусаломовлар билан қуда анда тутинишган.
Қуда қилганлар мени яхши тушунишади: ота ўз фарзанди учун, унинг ўша хонадонда тинч тотув яшаб кетиши учун нима нарсаларни қилмайди дейсиз.
Бир пайтлар Файзулла Муллажоновга алоқадор “қудратли” қудалардан бирининг эрка фарзанди боис Марказий Банк хазинасидан 10 миллион доллар ўзлаштиргани интернетда анча шов шувларни келтириб чиқарган эди.
Биз бу билан мулозимлар мансабдорлар билан қуда анда тутинмаслиги керак демоқчи эмасмиз.
Биз фақат қуда анда тутинган юқори мансабдаги мулозимлар учун ҳаётнинг турли туман зигзаглари борлигини айтиб ўтмоқчимиз, холос.
Сиз оддий одам бўлсангиз, бошқа гап. Лекин амалдор бўлсангиз, ҳамманинг кўзи Сизда, Сизнинг қуда андангизда бўлади…
Бир сўз билан айтганда, қуда андачилик – ҳаёт қонунларидан бири.
Лекин Ўзбекистонда қариндошчиликнинг бу ажиб ришталари бугун тамомила бошқача мазмун ва моҳият касб этди. У бугун юксак аҳамиятга эга:
Сен қуданг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман деган даражага етиб қолган…
13.
Қора бозорни кузатиб юрувчи назоратчилар, кланлар, олигархлар қўлни қўлга бериб қўлга киритган бизнес империялар, уларни ҳимоя қилувчи мафиялар Ўзбекистонда каттакон бир қиролликка асос солишди.
Бу қироллик яратган қаср ва салтанатлар, кошона ва сирли хилқатлар ҳозирча – миллионлаб гектар пахта далаларида бели букчайган, эртадан кечгача қора нон ташвишида юрган, бир килоси 20 000 сўмлик гўштни сотиб олишга мажбур қилинган ( баъзи оилалар эса ярим йилда ҳам татимайдиган) бечора ва шўрлик халқнинг кўзидан узоқда.
Лекин қачонгача шундай бўлиб келади?
Фазулла Муллажонов асос солган қора бозор қироллигининг “шуҳрати”бугун Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб, Америка Қўшма Штатлари ва Канадагача етиб келди.
Бугун бой ва бадавлат одамлар борадиган жойлардаги энг баланд байроқлар ҳам ўзбек мафиясига тегишли. Бу масалада баҳс ва мунозара бўлиши мумкин эмас.
Улар чорак асрдан бўён шўрлик ўзбек халқини алдаш ва талаш эвазига давру даврон сурмоқдалар.
Қачонгача?
Қора бозорда ҳар қанча қудратли бўлмасин Марказий Банкнинг бошлиғи ҳам аслида бир улкан қўланка.
Ҳаёт қонуни шундай: Милт этган нурнинг қадами етган чоғи ҳар қандай улкан кўланка ўз ўзидан йўқолади, яксон бўлади…
Исмат ака! Кундан кунга кескин ва яхши маьнода ашаддийлашиб кетаяпсиз! Ҳозир Ўзбекистонда эмасман, у ерда бўлганимда,яьни чет элга чиқмаганимда бўндай гапларнинг фарқига бормаган ҳам бўлардим. Соғлигим, ишим ёмонлашиб ,топганим ҳам ҳавога ўчиб кетгач ,соғлигимга оид ҳолатларим менга жўда таьсир қилди. Ўз вақтида мен ҳам бола-чақа ва рўзғор деб кўп ҳаром олди сотти билан ҳам шўғулланиб кўрдим. Ўша жараёнда кўрдимки, менман деган ташқи тарафдан силлиқ, моддий яшаши рангли кўриниб ётганларнинг падвал тагида қанча қанча яширин ишлари борлигига ҳам кўп гўвоҳ бўлганман. Мен яна ўзимни тиклаб олишим учун фоиз бермай туриб ҳам қарз бериб турадиган, менга ишонадиган танишларим бор эди .Ёрдаминиям ,пулиниям олмадим .Қаттиқ тавба қилганим учун ,бозорга бориб танишларимнинг яхши яшашларини кўриб ,хавасланиб юрмай деб танишларим бор ерларга умуман ,бормай қўйдим . Оғир ишларни кўп қилган бўлсам ҳам хеч ошхонада офессант бўлмаган эканман .Ўзимни мажбўрлаб ишлаб кўрдим .Мени танийдиганлар кўриб қолиб хайрон .У ер хам аёлларга ёмон кўз билан қарайдиган жой экан .24 соат ишлатиб .15000 сум беради .чидайин деб ,сабр берсин деб ,беш вақт номоз ўқиб кетдим .Жахлим тез бўлгани учун .шилқим кўзлар билан келишолмай ,ўндан баттар оғир мехнати бор ишга кирдим . Ойлиги 200000 сўмгаям етмайди . 100000 сумдан кўпроқ уй учун ижара тулайман .Менку чидайман ,хаммасига, болаларимни хам қийнаб қўйсам хам тавбамдан бўзмадим. Аям болаларингни қишлоққа жўнат десаям ,бир ярим йил шу холатда яшадим .Мен сўраган нажот Аллохдан етиб келди .Ўзим хам Туркия тўғрисида ёмон фикрда эдим .Ўндай булиб чиқмади . Хозирги ишим Хам кимларнинг тўшинчасича ёмон кўринсада Аллохнинг олдида пок покиза иш ,халолидан қўймасин . Сизнинг ёзганларингизни ксеракопия қилиб ,хамма катта бозорларга ёпиштириб чиқиш керак . У ерда бўлсам мен шу ишни қилардим . Яна бир бор рахмат ака !Соғ бўлинг !
Мамлакатимизда эркин конвертациянинг йуклиги, кора бозорни келтириб чикарди .Эркин конвертацияни булмаганлиги мамлакатимизга чет эл инвестициясини ун млиардлаб долларлари криб келишдан тухтади. Холбуки чет эл капитали криб келганда нафакат иктисод кутарилар, янги технология хам криб келар, ишсиз одамларни катта кисми иш билан таминланган булар эди. Кора бозорда чет эл валютасини алмаштриш иктисодимизга зарар, милий сум урнини ички бозоримизда эгалаб, текинхурларни бойитгани колади.
Ismat aka,
Juda haqqoniy yozilgan maqola. Siz ancha adolalatli maqolalar yoza boshladiz. Avvallari ancha hushomadgo’ylik kuchli edi amaldorlar haqida yozga maqolalaringizda.
Ayniqsa O’bekistonga borib kelganizdan so’ng juda o’zgardingiz va tanqidiy maqolalaringiz ko’paydi. Halqqa xizmat qilgan kam bo’lmaydi.
Rosa boplagansiz bu makolani . Sizning mahoratingizni juda yahshi bilamiz . Bilmadik , balki bu juda orinlidir . Ammo shu istedodingizni biror bir ijobiy diniy makolalarda ham sinab korsangiz yomon bolmasa kerak . Halkimiz musulmon , hayotlari baribir dinimizga boglik . Shunday ekan , bu hayirli ishga kol urish ham , hammaning nasibasi bolavermaydi . Onda – sonda bolsa ham diniy ijobiy yonalishlarga halkimizda ehtiyoj katta . Osh esangiz goshtli bolsa , kanday ham yahshi , togri emasmi ? …
Ўзбек халқини қуртдек талаб, силласини қуритган тили бошқа, дили бошқа, қони бошқа бу махлуқлар ўлиб, қутилиб кетавермасликлар керак.
Болаларини ҳам пишқириб яшашларига йўл қўймаслик керак. Ўзбекнинг тузини еб, тузлиғига тупирган араб Бўритошу, форс Муллажоновлардан милиард -милиард Америка пулини қайтаоиб олиш қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ишлатиш лозим. Яна қашшоқ оилалар турмуш тарзларини яхшилашга ишлатиш лозим.
Каъбада Каримов ўз қондоши Мўллажоновдан кўнглингиздан нима ўтди, деб сўраганда, Мўллажонов шу мазмунда жавоб беради:
— Умримни охиригача сиз билан ишлашни сўрадим…
Ўзбек халқини қатлиом қилишда қилич вазифасини ўтаган Мустафоевнинг уй -жойи, қасрлари (уруғлариники ҳам) ҳеч қандай аёвсиз тинтув этилиши керак. Авлодларини қутириб яшашларига йўл қўймасликлари керак. Худди шундай Муллажоновникини ҳам.
Каримов ўз ёнига чақириб олмоқчи бўлаётган бошқа толончиларни ҳам айни шундай кўйга солиш лозим.
Шундай кўйга соладиганларнинг бош бошлиғи Исмат Хушев, ўринбосарлари Шароф Убайдуллаев, Жаҳонгир Муҳаммад, Ҳамроқул Асқар, Мамаёқуб Ҳамроевлар бўлсалар мақсад хатосиз амалга ошириларди.
Ўзбек халқини талаган қонхўр талончиларнинг рўйхати менда бор. Мен уни махфий йўллар билан Исмат Хушевга етказаман.
Менимча, бу одам қиёфасида юрган бу шайтонлар рўйхати президент Шавкат Мирзиёевда ҳам бор.
Исмат ака! Кундан кунга кескин ва яхши маьнода ашаддийлашиб кетаяпсиз! Ҳозир Ўзбекистонда эмасман, у ерда бўлганимда,яьни чет элга чиқмаганимда бўндай гапларнинг фарқига бормаган ҳам бўлардим. Соғлигим, ишим ёмонлашиб ,топганим ҳам ҳавога ўчиб кетгач ,соғлигимга оид ҳолатларим менга жўда таьсир қилди. Ўз вақтида мен ҳам бола-чақа ва рўзғор деб кўп ҳаром олди сотти билан ҳам шўғулланиб кўрдим. Ўша жараёнда кўрдимки, менман деган ташқи тарафдан силлиқ, моддий яшаши рангли кўриниб ётганларнинг падвал тагида қанча қанча яширин ишлари борлигига ҳам кўп гўвоҳ бўлганман. Мен яна ўзимни тиклаб олишим учун фоиз бермай туриб ҳам қарз бериб турадиган, менга ишонадиган танишларим бор эди .Ёрдаминиям ,пулиниям олмадим .Қаттиқ тавба қилганим учун ,бозорга бориб танишларимнинг яхши яшашларини кўриб ,хавасланиб юрмай деб танишларим бор ерларга умуман ,бормай қўйдим . Оғир ишларни кўп қилган бўлсам ҳам хеч ошхонада офессант бўлмаган эканман .Ўзимни мажбўрлаб ишлаб кўрдим .Мени танийдиганлар кўриб қолиб хайрон .У ер хам аёлларга ёмон кўз билан қарайдиган жой экан .24 соат ишлатиб .15000 сум беради .чидайин деб ,сабр берсин деб ,беш вақт номоз ўқиб кетдим .Жахлим тез бўлгани учун .шилқим кўзлар билан келишолмай ,ўндан баттар оғир мехнати бор ишга кирдим . Ойлиги 200000 сўмгаям етмайди . 100000 сумдан кўпроқ уй учун ижара тулайман .Менку чидайман ,хаммасига, болаларимни хам қийнаб қўйсам хам тавбамдан бўзмадим. Аям болаларингни қишлоққа жўнат десаям ,бир ярим йил шу холатда яшадим .Мен сўраган нажот Аллохдан етиб келди .Ўзим хам Туркия тўғрисида ёмон фикрда эдим .Ўндай булиб чиқмади . Хозирги ишим Хам кимларнинг тўшинчасича ёмон кўринсада Аллохнинг олдида пок покиза иш ,халолидан қўймасин . Сизнинг ёзганларингизни ксеракопия қилиб ,хамма катта бозорларга ёпиштириб чиқиш керак . У ерда бўлсам мен шу ишни қилардим . Яна бир бор рахмат ака !Соғ бўлинг !
6 шарҳ
Мамлакатимизда эркин конвертациянинг йуклиги, кора бозорни келтириб чикарди .Эркин конвертацияни булмаганлиги мамлакатимизга чет эл инвестициясини ун млиардлаб долларлари криб келишдан тухтади. Холбуки чет эл капитали криб келганда нафакат иктисод кутарилар, янги технология хам криб келар, ишсиз одамларни катта кисми иш билан таминланган булар эди. Кора бозорда чет эл валютасини алмаштриш иктисодимизга зарар, милий сум урнини ички бозоримизда эгалаб, текинхурларни бойитгани колади.
Kodiriy otilishi oldidan ikki rakaat nomoz okishga ruhsat soragan ekanlar …
Фазлиддин ака! Кодирий билан буларнинг уртасида юз маротаба еру осмонча фарк бор. Булар, яхши кунлар келгач халкнинг хотирасидан гурухи билан учиб кетади, чунки халк эслашга хам куркади, кайтиб келади деб. 19 йил ичида сумни 600 баробар кадрсизлантириш учун чинакамига халк душмани булиш керак. “Казнокрад” сузи абадий ёпишиб турибди буларга, ювса хам кетмайди, кувса хам кетмайди энди! Пасткаш осмонупар иморат курса хам, барибир пасткаш булиб колаверади,б уюрмайди. Халкнинг куз ёшлари тутади барибир. Якин колди!
Жуда хам уз вактида, боплаб ёзилган макола булди, катта рахмат Исмат ака! Муллажоновнинг бехосдан маъзалари кочиб колиши, УЧЛИК хакидаги шов шувларга бевосита боглик, у киши КИРОЛ эмасу, лекин кироллик хазинабони, хозир жуда катта кураш кетаяпди, хакикат килишга бел боглаган МХХ, ёлгизланиб колмаса булгани. Осончиликча таслим булмайди булар, пихини ёрган. Чукаётган кемадан биринчи булиб каламушлар кочади. Уйлар тайёр, УЧЛИК командаси пайт пойлаб турибди, МИЛТ этган нур булса, бу кора кучлар йуколади. Халк умидда.
Ismat aka,
Juda haqqoniy yozilgan maqola. Siz ancha adolalatli maqolalar yoza boshladiz. Avvallari ancha hushomadgo’ylik kuchli edi amaldorlar haqida yozga maqolalaringizda.
Ayniqsa O’bekistonga borib kelganizdan so’ng juda o’zgardingiz va tanqidiy maqolalaringiz ko’paydi. Halqqa xizmat qilgan kam bo’lmaydi.
Rosa boplagansiz bu makolani . Sizning mahoratingizni juda yahshi bilamiz . Bilmadik , balki bu juda orinlidir . Ammo shu istedodingizni biror bir ijobiy diniy makolalarda ham sinab korsangiz yomon bolmasa kerak . Halkimiz musulmon , hayotlari baribir dinimizga boglik . Shunday ekan , bu hayirli ishga kol urish ham , hammaning nasibasi bolavermaydi . Onda – sonda bolsa ham diniy ijobiy yonalishlarga halkimizda ehtiyoj katta . Osh esangiz goshtli bolsa , kanday ham yahshi , togri emasmi ? …