Исмат Хушев
Торонто шаҳри, Канада
ШАМСИ ОДИЛНИНГ КУЁВИ
Абдусаид Кўчимов ҳақида
“Мулозимлар ҳақида мулоҳазалар” туркумидан 2 қисм (34-66)
34.
Асли қўқонлик бўлган Шавкат Яҳёев бир пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг лекторлар гуруҳида ишлаган, матбуот бўйича бўлим мудирининг ўринбосари бўлган.
Шу билан бирга у Марказқўмнинг партком котиби ҳам эди.
Марказқўмнинг партия аъзоларига лиммо лим тўла кичик залидаги мажлисларни очганида унинг бир ўзи Президиумда бўлиб, ҳатто Марказқўмнинг биринчи секретари Шароф Рашидов ҳам ҳамма қатори пастда – залда ўтирган, мажлис очилиб, президиумга сайланганидан кейингина юқорига кўтарилган.
Шавкат Яҳёевнинг ўзи қоида бўйича аввал президиумда ўтириб, республика раҳбарини кейин ёнига чақирарди.
Шавкат Яҳёев Марказқўмнинг лекторлар гуруҳида ишлагани боис ҳам – яхшигина нотиқ ва артист эди.
Артистлигига сабаб – у ростдан ҳам Тошкент театр ва рассомчилик институтида нутқ маданиятидан дарс берган.
Хуллас, у яхшигина нотиқ ва …артист эди.
Кейинчалик унинг бу одати – Ўзбекистон “телерадиокомпанияси”га раис этиб тайинланганида ҳам яхши самара берди.
Шавкат Яҳёев – Шароф Рашидовнинг кўзи олдида (партия мажлисларида) артистлик қилган бўлса, Абдусаид Кўчимов – Ислом Каримовдан беш юз ё минг метрлик масофадан туриб артистлик қилди.
(Президент девонидан Ўзбекистон телевиденяси тахминан шунча масофада жойлашган)
Артистлик қилганида ҳам тўққиз йил қойилмақом қилиб артистлик қилди…
35.
Абдусаид Кўчимовнинг яна бир сафдоши Эркин Ҳайитбоев ҳақида юқорида айтдик. Яна айтамиз.
«Ўзтелерадиокомпания» раҳбарлари – уларни Президент чор тарафдан кузатиб туришини назарда тутган ҳолда ишлашини ҳисобга олсак, уларнинг сабр ва матонатига, ақл ва жасоратига ҳам қойил қолишимиз керак бўлади.
Шу маънода телевидениянинг олдинга раҳбари, раҳматли Эркин Ҳайитбоев яхши ва самимий, очиқ кўнгил ва дилкаш одам эдилар.
Асли наманганлик бўлган Эркин ака билан биз қўшни эдик. Анҳор бўйидаги Марказқўм уйларида ёнма ён яшардик.
Ҳар куни эрталаб тўрт беш қўшни – Солижон Мамарасулов, Рашидовнинг қўриқчиси бўлган полковник Аҳмаджон Азизов, ёзувчи Нурали Қобул, Убай Абдураззоқов ва Эркин Ҳайитбоевлар бир бўлиб, Анҳор бўйларини айланиб, суҳбатлашиб ўзимизча бадантарбия қилган бўлардик.
У киши менга баъзан: «Исматжон, телевиденияга раҳбар бўлганимдан бўён доим кўрадиган энг қўрқинчли ва даҳшатли тушларим Ислом ака билан боғлиқ…» деб ҳасрат қилиб қолардилар.
Эркин аканинг ана шу ноласидан ҳам у киши эгаллаб турган вазифа – қанчалар оғир ва муваққат, нотинч ва ғалвали, маломатли эканини англаб етиш мумкин.
Ажойиб инсон, дилкаш ва ҳазилкаш Эркин Ҳайитбоевнинг ҳам телевидениядаги раҳбарлиги кўп давом этмади…
36.
Мен Абдусаид Кўчимов билан кўп маротаба учрашиб, гаплашганман, суҳбатлашганман.
Саксонинчи йилларнинг охирлари — аниқроғи 1986 – 1987 йил эди чамамда.
Ислом Каримов Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлган пайтларда мен Тошкентда – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбири бўлиб ишлардим.
Ана ўша – шов шувли мақола ва суд очерклари чиқариб юрган довруғли кунларимнинг бирида Абдусаид ака ва у кишининг оилалари билан Китобнинг Ҳисор тоғлари этагидаги сўлим ва баҳаволи «Минг чинор» ресторанида бир пиёла чой ичган эдик.
Ўшанда Абдусаид ака адашмасам, ҳануз «Ленин учқуни» газетасида муҳаррир эдилар, шекилли.
Китоб районининг ўша пайтдаги прокурори Хасан Эштемиров бизни меҳмон қилган эди.
Ўшанда на мен, на Хасан ака бугун рўпарамизда икки қўлини кўксига қўйиб, ажиб бир камтарлик ва камсуқумлик билан тавозе қилиб турган пионерлар газетасининг бу муҳаррири — эрта бир кун Ўзбекистон Олий раҳбариятининг энг нуфузли мулозимларидан бири бўлади деб хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик…
37.
Яна бир гап.
Мен Президентнинг ғазабига учраб, унинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга қамалиб чиққанимдан сўнг, Ислом Каримов мурувват кўрсатиб, қилган хато ва гуноҳларимни кечириб, мени яна Бош муҳаррир этиб тайинлаганини “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг иккинчи китобида батафсил ҳикоя қилганман.
Ўшанда нима жин урди-ю, олдинги шон шуҳратни қўмсаб қолдим шекилли, Ўзбекистон ойнаи жаҳонидан чиқишни истаб қолдим.
Ҳолбуки, мендек урилиб, ҳибс этилиб, сўнг яна давлат лавозимга чиққанлар учун бу унчалик исталмаган бир ҳол эди.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистон Олий раҳбарияти, томонидан рағбатлантирилмайдиган, қўллаб қуватланмайдиган истак эди бу…
38.
Лекин мен бир нарсани орзу қилсам, ўшанга етишмагунча уйқуси келмайдиган одамман.
Хуллас, телевизордан чиқиб, “Исмат Хушев энди ҳеч қачон раҳбарликка қўйилмайди!” деганларга, “Халқ сўзи”да мен ҳақимда “Муттаҳамнинг парвози” деб мақола ёзган (Мурод Муҳаммад Дўст)ларга ўзимни бир кўрсатиб қўймоқчи бўлдим.
Бугун ўйлаб қарасам, жуда жўшқин бўлиш билан бирга, анчагина …худбин йигит ҳам эканман.
Телевизордан чиқмасам ҳам менинг қайтадан Бош муҳаррир этиб тайинланганимни аллақачон ҳамма билган ва Президент Ислом Каримовнинг нобакор Исмат Хушевга нисбатан бўлган бу ҳурмат ва мурувватидан ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлган эди-ку.
Йўқ, бизга бу гўёки камдек, энди ойдин рухсоримиз яна ойнаи жаҳондан ажиб бир табассум ва ғолиблик билан жилваланиши лозим эди…
39.
Хуллас, 1994 йил бошланган узоқ ҳибс ва ишсизлик, унутилиш ва урилишдан сўнг яна Бош муҳаррир бўлиб телевизордан чиқиш иштиёқида “Ўзтелерадиокомпания” раисининг ҳузурига бордим.
1998 йилнинг олча гулга кирган эрта баҳор кезлари эди. Табиат келиндек яшариб, олам менга яна кулиб қарай бошлаган дамлар…
Кўчимовнинг бу пайтга келиб обрў эътибори энг юқори чўққига чиққан, нафақат телевиденияда, балки бутун Ўзбекистонда ҳам унинг “айтгани айтган, дегани деган” пайтлар эди.
Қабулхонага кирган заҳоти – Тошкентнинг ҳеч бир гўшасида учратмаган ҳуркаккина оҳу мисол, дилбар ва қаламқош котибани кўриб, аканинг дидига тан берган эдим…
Абдусаид ака ўша ўша ўзгармаган – мени одатдагидек узун ва мўл кабинетининг ярмигача юриб келиб, самимий қарши олди.
Ўз креслосига эмас, балки рўпарамда ўтириб мулозамат қилди.
Яна муҳаррир бўлганим билан табриклади ва энди ҳушёр бўлиб ишлашимни қайта ва қайта таъкилади.
Кўчимовга амал ниҳоятда ярашганини ўшанда яққол сезгандим.
Рўпарамда – хийла тўлишиб, ҳатти ҳаракатларида ажиб бир чаққонлик касб этган, ўзидан ва раҳбарлигидан ўта мамнун бир мулозимни кўриб турардим.
Фақатгина сочлари оппоқ оқарган ва бу улуғворлик унга жуда ярашган. Юзлари янада майинлашган, сиполашган ва …киборлашган эди, холос…
Фурсатдан фойдаланиб, кўнглимни ёрдим – эрталабки “Ассалому алайкум” кўрсатувида чиқсам яхши бўлишини айтдим.
Абдусаид ака ўша заҳотиёқ, стол устидаги “кнопка”ни босиб, “Аҳмад Аъзамни улади.
Агар адашмасам ўшанда Аҳмад Аъзам қайсидир каналда директор бўлиб, “Ассалому алайкум” ҳам у кишига қараркан…
-Яқинда яна бош муҳаррир этиб тайинланган Исмат Хушев олдингизга боради. Эртага “Ассалому алайкум”дан бир кўриниш берсинлар! – деб гапни қисқа қилди Абдусаид ака…
40.
Аҳмад Аъзам билан олдиндан келишмасдик.
У мени негадир ёқтирмас, мен ҳам унга нисбатан қалбимда илиқлик сезмасдим.
Лекин илтифот билан сўрашдик.
Ўша заҳотиёқ мени бўш студияларнинг бирида “ёзиб” олишди – “запись” қилишди.
Эртаси куни тонгги олтида бошланган “Ассалому алайкум” кўрсатувининг энг биринчи кадри – Исмат Хушев бўлиб, у роппа роса соат тонги 6.05 да эфирга узатилди.
Мен эса ҳамма уйқудан туриб, дастурхон атрофида ўтирган пайт – тонги 8.00 ларда телевизордан чиқишимни истаган эдим.
Суриштириб билсам, Абдусаид ака “Исматни барвақтроқ эфирга бериб юборинглар, республика раҳбарияти уйқудан уйғониб, дастурхон атрофида ўтирганида кўринмасин” деб айтган экан…
41.
Дарвоқе, Аҳмад Аъзам ҳақида икки оғиз сўз.
У билан келишмаслигимиз сабаби – олис талабалик йилларига бориб тақалади.
ТошДУнинг журналистика факультетида ўқиганимда, жиззахлик Фароғат Камолова деган курсдошимиз бўларди.
Биз йигитлар курсимиздаги барча қизларни, жумладан Фароғатни ҳам жуда ҳурмат қилиб, уларни бегона ва ёмон кўзлардан ўзимизча “авайлаб ва асраб” юрардик.
Фароғат камтар ва камсуқум қиз бўлиб, яхшигина шеърлар ҳам ёзарди.
Факультет ва “Вуз городок”даги биз яшаган 2-ётоқхонада Ўзбекистонда танилган шоир ва ёзувчилар билан тез тез учрашув ва шеърият кечалари бўлиб турарди.
Абдулла Орипов, Омон Матжон, Маҳкам Маҳмудов, Эркин Эъзамов, Усмон Азим, Муҳаммаджон Раҳмонов, Қадам Саидмуродов, Аҳмад Аъзам, Мирпўлат Мирзо, Азим Суюн, Йўлдош Эшбековлар биз талабалар ҳузурига тез тез келиб туришарди.
Журналистика факультети талабалари бўлган Сирожиддин Саидов, Мирзо Кенжабоев, Фароғат Камоловалар ҳам бундай учрашувларда ўз шеърларнини ўқиб, энди энди ном чиқариб келаётган даврлар эди.
Ана шундай учрашув ва мушоиралардан сўнг ёши биздан анчагина катта бўлган узун бўйли ёзувчи бир йигит Фароғатнинг атрофида айланадиган бўлиб қолди.
Учинчи курсдан эътиборан эса ётоқхонага ҳам уни излаб тез-тез келадиган бўлди…
42.
Сўраб суриштирсак асли жомбойлик бўлган бу озғин ва дароз йигит – Аҳмад Аъзам экан.
Жаҳли тез чиқиши шундоққина сариқлигидан кўриниб турган, ҳамиша нимадандир норозидай, афтини бужмайтириб юрадиган тажанг бир йигит эди.
Табиийки, биз йигитлар – Фароғатнинг курсдошлари уни ўз ўзидан ёмон кўриб қолдик.
Биз Фароғатни курсдош сифатида яхши маънода “ёши катта” ёзувчи йигитдан қизғонардик, холос.
Ҳолбуки, бу пайтга келиб ҳаммамизнинг ҳам ўз яхши кўрган қизларимиз бор эди.
Лекин ажабки, курсимиздаги қизларнинг ҳам биров билан юриши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтиролмайдиган худбин ва нодон йигитлар эдик…
43.
Орадан йиллар ўтиб, улар турмуш қуришди.
Кейин билсак, Аҳмад Аъзам Фароғатдан бор йўғи тўққиз ёш катта экан, холос.
Бир пайтлар улар орасидаги бу фарқни катта деб билган ва айнан шунинг учун ҳам жиззахлик курсдошини Аҳмад Аъзамдан қизғанган Исмат Хушевнинг ўзи ҳам йиллар ўтиб ўзидан роппа роса ўн ёш кичик бўлган қизга уйланди…
Аҳмад Аъзам билан Фароғат Камолова яхши яшашганига шубҳам йўқ: бола чақали бўлишди, ҳар иккаласи ҳам жамиятда ўз ўринларини топишди.
Лекин адабиётда Аҳмад Аъзамдан фарқли ўлароқ Фароғат ўз ўрнини тополмади.
Ҳолбуки у талабалик йилларидаёқ яхшигина шеърлар ёзарди.
Турмуш ташвишлари – бола чақа ва рўзғор, назаримда, унинг яхши шоира бўлиб етишишига халақит берди, шекилли…
44.
Орадан бир бирини қувиб йиллар ўтди.
Мулозимликнинг шонли ва суронли дамлари тугаб, инқироз, мағлубият ва адолатсизликлардан безган, ранжиган зада ва садпора дил хориж эллар сари юз тутди.
“Дунё ўзбеклари”ни эндигина ташкил қилиб, ижодкорлар ҳақида бирин кетин мақола ва асарлар эълон қила бошлаган кунларнинг бирида Ватандаги ёзувчи дўстларимдан бири Аҳмад Аъзам оғир касаллигини айтиб, унинг ижодини “Дунё ўзбеклари”да тез тез бериб туришимни илтимос қилди.
-У “Дунё ўзбеклари”ни тез тез ўқиб турибди. Ҳикояларини бериб турсангиз кўнгли кўтарилади, – деди…
Икки йил давомида имкон борича Аҳмад Аҳъзам асарларини – мақола, суҳбат ва ҳикояларини эълон қилдик.
Ўша илтимос қилган дўстимиз бир куни Аҳмад Аъзам: “Исматга салом айтинг” деганини айтиб қолди.
Демак, асарларини берганимиз учун қайсидир маънода миннатдорчилик рамзи эди бу “Салом”…
Кейин кутилмаганда унинг вафот этганини эшитдим.
Аҳмад Аъзам – яхши ёзувчи эди.
Худо раҳматига олиб, жойи жаннатда бўлсин, илоҳим…
45.
Абдусаид Кўчимов Аҳмад Аъзам каби бир қатор истеъдодли ижодкорлар, шоир ва ёзувчиларни ўз бағрига олди – телевидениянинг энг нуфузли мансабларини уларга бериб қўйди.
Аҳмад Аъзамни телевидения янада машҳур қилди, элга танитди.
Унинг алоҳида ўз эшиттириши бор эди.
Сибирга сургун бўлган, ноҳақ жабр кўрган ва қатағон қилинганлар ҳақида туркум кўрсатувлар қилди.
Қашқадарёлик бахшига бағишланган кўрсатуви ҳам яхши чиққан эди.
Унинг бу эшиттириши, назаримда – ўттиз еттинчи йил қатағонларига келиб тўхтаб қолди, шекилли…
Аҳмад Аъзамнинг Ўзбекистон телевидениясида эмин эркин ижод қилиб, эл ёдида қолган кўрсатувлар тайёрлашида Абдусаид Кўчимов катта рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Бу катта даргоҳда бир пайтлар оз эмас, кўп эмас – олти минг одам хизмат қиларди.
Нима бўлганда ҳам адабиёт ва санъат намоёндаларининг , журналист ва ижод аҳлининг энг сара ва истеъдодлилари Ўзбекистон телевидениясида ишласа, бундан миллат ва жамият фойда кўради, холос.
Абдусаид Кўчимовнинг бу борадаги хизматини тан олмаслик мумкин эмас.
Мен телевиденияда ишлаб обрў ътибор кўриб, жамиятда ўз ўрнини топган жуда кўп ҳамкасбларим ва адабиёт вакиллари номини келтириб ўтишим мумкин.
Лекин ҳозир гап бунда эмас.
Гап Абдусаид Кўчимов ЎзТВ га раҳбар бўлганида ўзбек халқи ва миллати ютдими ё ютқаздими – асосий гап мана шунда…
46.
Ҳар бир раҳбарнинг кадрлар билан ишлаш бўйича ўз сиёсати бўлади. Ҳамма ҳам ўзи бош бўлган жамоага ўз командаси билан боради ёки ўша ерда уни тузади.
Абдусаид Кўчимов ҳам одам танлаш ва амалга қўйишда ўзига хос сиёсатни олиб борди.
Мен бугун у кимларни қайси вазифага қўйганини муҳокама ва ё таҳлил қилиш фикридан йироқман.
Зотан, бу унинг ҳуқуқи эди.
Фақат бир воқеа боис унинг кадрлар танлашда ўз фикри ва қарашлари борлигини ва бу борада у ҳеч кимга, ҳатто Президентнинг ёнидагиларга ҳам қулоқ солмаганини яхши биламан.
Ажойиб ва диёнатли инсон, камтар ва камсуқум раҳбар Саъдулла Ҳаким Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлганида Кўчимовдан журналист Ҳамроқул Асқарни телевиденияга ишга олишини илтимос қилган эди.
Ҳужжатлар тахланиб, тавсияномалар йиғилганидан сўнг “Ўзтелерадиокомпания” раисининг ўринбосари Фарҳод Рўзиев Ҳамроқулни ҳатто “Энди бирга ишлаймиз” деб табриклаган ҳам эди.
Абдусаид ака ҳам Ҳамроқул билан бир неча бор суҳбатлашган. Лекин ишга олмаган.
Ҳолбуки, Ҳамроқул Асқар яхшигина ижодкор, қалами ўткир журналист эди. Бир пайтлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига раислик қилган Одил Ёқубовнинг ёрдамчиси бўлган.
Ҳалол ва виждонли, эҳтиқодли йигит.
Қолаверса, уни тавсия қилган одам ҳам кичкина вазифада эмас эди…
47.
Мен бугун Абдусаид Кўчимов нима учун ўшанда Ҳамроқулни ишга олмаган эди деб аюҳаннос солмоқчи эмасман. Асло.
Мен фақат бу билан Абдусаида ака телевиденияга раҳбарлик қилганида Президентнинг мутлақ ишончида бўлганини яна бир таъкидламоқчиман, холос.
Бўлмаса қандайдир Кўчимов деган бир мулозим — Президент давлат маслаҳатчисининг айтганини қилмай кўрсин-чи, нима бўларкин.
Лекин Абдусаид ака бундан мустасно бўлиб, Президент унга катта ҳақ ва ҳуқуқ – чексиз имконият бериб қўйган эди…
48.
Ҳа, Абдусаид Кўчимовнинг Ислом Каримов атрофидагилардан ҳайиқмаганича бор эди.
Бу Президентнинг у билан тўғридан тўғри – бевосита алоқада экани билан ҳам боғлиқ.
Бирор кўрсатув ёки эшиттириш ҳақида мулоҳаза туғилиб қолса, Ислом ака ўша заҳотиёқ бировларнинг ёрдамисиз Абдусаид Кўчимовнинг шахсан ўзи билан боғланиши табиий ҳолга айланиб қолган эди.
Кўчимов бир кунда баъзан бир неча маротаба давлат раҳбари билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўларди.
Ҳолбуки Ўзбекистондаги не не мулозимлар, министрлар, ҳукумат аъзолари Президентга учраб, бир оғиз сўз айтиш учун ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутишини биламан…
49.
Тўққиз йил шон шуҳратга бурканиш, олий раҳбариятга мансуб бўлиш ва шоҳга яқинлик ҳисси билан яшаш – истайсизми, йўқми, Сизнинг юриш туришингизда, шахсий ва маиший ҳаётингизда ҳам маълум ўзгаришлар ясаши, янгиликлар киритиши табиий бир ҳолдир.
Негаки Сизнинг қўлингизда – қудрати атом бомбасига тенг бўлган қурол – инсонлар онгига бевосита таъсир қилиш воситаси ва имкони бор.
Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон «телерадиокомпания» сига раҳбар бўлганида қўлида олти минг (6000) дан зиёд ходим ишлашини юқорида айтдик.
Бу – у олти минг оиланинг тақдири ва қисматига бевосита алоқадор раҳбар деган гап.
Шунча инсон ва оила тақдирига алоқадорлик ҳисси ва масъулияти – Президентнинг Кўчимовга билдирган жуда катта ва улуғ ишончидан далолат эди…
50.
Давлат раҳбарининг Абдусаид Кўчимовга бўлган ана шу эътиборидан келиб чиқиб, унинг Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги обрў эътибори ва имкон доирасини ҳам тасаввур қилиш мумкин.
Президент ўзининг мамлакат ва давлатга ҳумдорлик ҳаётини – ўз салтанатини – телевидения орқали тасаввур қиларкан, унга раҳбар бўлган одамнинг ҳам ишонч ва эътибор даражаси шунга яраша бўлади.
Мамлакат олий раҳбариятига алоқадор мулозим сифатида фойдаланиши лозим бўлган давлат имтиёзларини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Улар ниҳоятда катта, кенг ва беқиёс эди…
Энди унга вазир ва ҳокимлар тугул, ҳатто ҳукумат аъзолари ҳам ўйлаб рўпара бўлишади.
Ҳатто Президент атрофидагилар ҳам, адлия, прокуратура ва куч ишлатар тизими раҳбарлари, хавфсизлик хизмати мулозимлари ҳам энди у билан ўйлаб муомила қилишади.
Энди унинг бир оғиз гапи, истак ва ё илтимоси – республиканинг катта -кичик мулозимлари учун бажарилиши шарт ва зарур бўлган фармойиш қаторида қабул қилинади.
Ўзбекистоннинг энг нуфузли Олий ўқув юртидаги имтиҳонлар, давлат божхона ва солиқ қўмитаси ихтиёридаги мўмай даромад манбалари, махсус хизматлар диққат эътиборида турган тергов жараёнлари (милиция, прокуратура ва суд тизимидаги маҳкамаларни айтиб ўтирмаймиз), ҳисоб рақамида миллион миллион доллар маблағи бўлган фойдали ва қимматбаҳо бизнес лойиҳалари – буларнинг бари энди бу лавозим соҳиби учун бир оғиз имо-ишора бўлса, муҳайё қилинадиган имкониятлардир.
Лекин Абдусаид Кўчимов ана шу «жаннат боғлари»нинг меваларига маҳлиё бўлмай, ўз нафси ва обрў эътиборини сақлаган ҳолда – Президент унга атай яратиб қўйган бу имкон ва имтиёзларга учмай, ўзлигини йўқотмай – бу олий, муборак ва муқаддас даргоҳда тўққиз йил ишлади…
51.
Абдусаид Кўчимовнинг Ўзбекистон телевидениясига раҳбар бўлганида бошидан ўткарган яхши – ёмон кунлари кўп бўлди.
Шу билан бирга юқорида айтганимиз каби, у жуда кўп журналистлар, ижодкорлар, шоир ва ёзувчиларнинг (улар яхшими, ёмонми, бундан қатьий назар) бошини силади, уларнинг обрў эътиборли, бой бадавлат бўлишида жонбозлик кўрсатди.
Биз бугун икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, шуни рўй рост айтишимиз керакки, Ўзбекистон телевиденияси – ўзбек жамиятида бир бири билан курашаётган икки тўлқин, икки куч – давлат ва мафия манфаатларининг ўзъаро кесишган ва тўқнашган жойи.
Биз буни олдин ҳам айтик, яна айтамиз.
Бу ерда жуда катта пул айланади.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
52.
Узоққа бориб ўтирмай, ЎзТВ да ҳар оқшом тунги соат тўққизда эфирга узатиладиган “Ахборот” кўрсатувини олиб кўрайлик.
Бугун “Ахборот”нинг махсус мухбири бўлиш, унга кўрсатув тайёрлаш ҳуқуқини қўлга киритиш, агар таъбир жойиз бўлса, Ўзбекистон газеталарига Бош муҳаррир этиб тайинланишдан ҳам ортиқроқ нуфузга эга бўлса эгаки, ундан асло кам эмас.
“Ахборот”нинг ҳар бир сонини шахсан Президент ва унинг командаси синчиклаб томоша қилишини, унда кўтарилган мавзу ва масалалар Олий раҳбарият томонидан муҳокама ва таҳлил манбаи бўлишини ҳисобга олсак – башоратимиз янада ойдинлашади.
“Ахборот” ижодий ходимларининг вилоятларга хизмат сафарига бориши, уларга яратилган шарт шароит ва кўрсатилган иззат икромларни айтиб ўтирмаймиз.
У ёки бу мавзудаги танқидий хабар ва маълумотлар – жуда катта пул ва инъом, “илтимос” ва совға салом эвазига эфирдан олиб қолинишини мен яхши биламан.
Чунки, мабодо, худо кўрсатмасин бундай эшиттириш эфирга узатилса ўша соҳага бевосита алоқадор ва шахсан гуноҳкор мулозим ишдан олиниб, урилиб кетиши, ҳибс этилиши бугун Ўзбекистонда ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳам нафақат “Ахборот”да, умуман Ўз ТВ да танқидий кўрсатувлар берилмайди. Берилса ҳам кам берилади.
Ўшанда ҳам юқоридагиларнинг кўрсатмаси ва тавсияси асосида…
53.
Шу ерда, ўрни келди, телевидениядагиларнинг пул ишлашига оид бир воқеани айтиб ўтиш керак бўлади.
Буни мен ўтган йили Тошкентга борганимда ЎзТВ даги дўстларимдан ва ўша вилоятдаги мулозимлардан ўз қулоғим билан эшитган эдим.
Ўзи жимгина юрадиган жим жит журналист бола – қама қама ўчоғи бўлган вилоятлардан бирига боради.
Исмини шартли равишда А. Қ. деб оладиган бу “жим-жит” йигит — прокуратурадаги дўстлари орқали устидан жиноий иш қўзғатилган юздан зиёд вилоят миқёсидаги мулозимларнинг рўйхатини олиб, уларни қўрқитиб, шантаж қилиб жуда катта пул йиғади.
Олдин республика миқёсидаги нуфузли газетанинг ўша вилоят бўйича мухбири бўлган бу журналист энди Абдусаид Кўчимовнинг ёнидаги “олғир” йигитлар ёрдамида Ўз ТВ га ишга жойлашади.
Яна қаерга денг айнан “Ахборот” кўрсатувида бошловчи бўлиб…
Кейинги сафар у вилоятга телевидения мухбири бўлиб бораркан, энди укасининг Тошкентдаги жиноячилар гуруҳи томонидан “гаров”га олинганини баҳона қилиб, пул йиғади. “Катта миқдордаги пул эвазига укамни жиноятчилар қўлидан қутқазишга ёрдам беринглар” деб мулозимлардан очиқ ойдин пул талаб қилади.
Ажабки, Ўзбекистон телевидениясининг қудрати шу қадар катта эканки, бирорта раҳбар унга шубҳа билан қарамайди.
Аксинча, унга ёқиш ва яхши кўриниш учун айтган пулини йиғиб беришади.
Кейин маълум бўлишича, у бу гал ҳам одамларни лақиллатиб кетган экан.
Унинг “шубҳали” ва “учар” материаллари “Ахборот”нинг энг юқори чўққисига кўтарилди. Лекин телевидениядаги ўз нутқида – қишлоқдаги шеваси ва “жўқчи”лигидан барибир қутула олмади…
Унинг кимлигини, бу воқеа қайси вилоятда содир бўлганини бугун Ўзбекистон телевидениясидаги каттаю, кичик – ҳамма яхши билади…
54.
Шу билан бирга яна бир гап.
Бизнинг бу мулоҳазаларимизни ўқиётган ўқувчи – Ўзбекистон телевидениясида ишлаган ҳар бир ходим шунақа пул йиғиш имкониятига эга экан деб ўйламаслиги керак.
Бу даргоҳда ҳам ўз касбига садоқатли, ҳалол ва ситқидилдан меҳнат қилган ижод аҳли талайгина.
Улар баъзи “учар” ҳамкасблари каби фақат ўзини, ўз шахсий манфаатини эмас, балки миллат дардини, маънавият муаммоларини ўйлашди.
Бу борада ҳалоллик ва диёнатни биринчи ўринга қўйиб, ўз имконлари даражасида баҳоли қудрат фаолият фаолият олиб боришди.
Мен Ўзбекистон телевидениясида 17 йил ҳалол меҳнат қилиб, ўзбек маданияти ва маънавияти ривожига катта ҳисса қўшган истеъдодли шоир Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Орзиқул Эргашев, Назар Эшонқул каби таниқли ёзувчилар номини эҳтиром билан тилга олиб ўтишни истардим.
Шу билан бирга Зебо Мирзаева, Элмира Раҳматуллаева, Алишер Нарзилло, Нодир Жонузоқ, Туроб Ниёз, Ориф Тўхташ, Шуҳрат Иброҳимов ва Анвар Холматов каби бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар ҳам борки, улар айнан Абдусаид Кўчимов раҳбарлиги остида Ўзбекистон телевидениясида ўз ўринларини топишди, элимизнинг маданияти, маърифати ва маънавияти ривожига муносиб ҳисса қўшишди.
Ажабки, Абдусаид Кўчимов ўз атрофидаги бир гуруғ “юлғичлар” билан бирга ана шундай истеъдодларни ҳам бирдай қўллаб қувватлаб келди, уларни ёмон кўз ва гап сўзлардан, турли туман “иғво” ва “бўҳтон”лардан ҳимоя қилди…
55.
Абдусаид Кўчимов жуда кўнгилчан ва андишали мулозим бўлиш билан бирга, анча мулоҳазали, узоқни кўра оладиган раҳбар экан.
Бундай дейишимга сабаб шуки, агар у телевидениянинг мана шу чексиз ва беқиёс имкониятларидан фақат ўз манфаати йўлида берамон фойдаланганида эди, жимгина ишдан бўшатилиб, биров бор ё йўқлигини билмайдиган “Хабар” газетасига муҳаррир этиб ўтказилмаган бўларди.
Агар, худо кўрсатмасин, мабодо у ҳибсга олинганида борми, бугун Кўчимовдан юз ўгириб кетган, вақтида унинг ўнг ва чап қаноти бўлиб юрган телевидениядаги не не казо казо “лўттибоз” журналистлар, ижодкорлар, инженер-техник ходимлар қамалиб кетмасди деб ким кафолат бера оларди.
Шундоғам у ишдан олинганидан сўнг бир пайтлар ёнига олиб одам қилган – тўрт беш танга пул топиб босар тусарини билмай қолган не не “садоқатли” шогирд ва шотирлари уни сотмади, номига лой чапламади дейсиз…
56.
Одатда шунақа бўлади.
Бировнинг бошини силасанг, саховат ва мурувват кўрсатсанг – аксар ҳолларда садоқат ва вафо ўрнига хиёнат ва жафо кўрасан.
Мен Абдусаbд Кўчимов каби минг минглаб ходимлари бўлган катта ташкилотни бошқармаган бўлсам ҳам, мўъжаз умрим давомида бундайларни жуда кўп кўрдим.
Абдусаид ака ҳам мансабдаги парвоз ва инқирознинг сабоқларидан ўзига яраша аччиқ ва аламли хулосалар чиқарганига шубҳа қилмайман.
Албатта, Кўчимовнинг даври ўтиб, ЎзТВ даги муборак ўринни бўшатганидан сўнг, унинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрганлар — янги раҳбарият томонидан бир сидра тозаланган бўлса керак.
Бу табиий, албатта.
Шу маънода Абдусаид Кўчимовни билмадиму, лекин Убайдулла Иброҳимов “Ўзтелерадиокомпания”га раҳбарлик қилган даврда бирорта ҳам кадрнинг боши ёрилмаганини айтиб ўтишим керак.
Убайдулла Ёқубович — кенг ҳажмли, гавдали, лекин жуда тарбия кўрган, сўзида маҳкам турадиган, эътиқодли ва принципиал раҳбар эди.
Ўзбекистон телевиденияси мазмун ва моҳият жиҳатидан қайта қурилиб, эшиттириш ва кўрсатувлар даражаси – сиёсий, маданий ва идеологик мавзуларда энг юқори поғонага кўтарилган давр ҳам Убайдулла Иброҳим номи билан боғлиқ.
Унинг раҳбарлик даврида бирорта ҳам ходим ноҳақ ишдан урилиб, кўчада қолмаган.
Бир сўз билан айтганда — “Ўзтелерадиокомпания”га раҳбарлик қилганлар орасида Убайдулла Иброҳимов — телевидения байроғини баланд кўтариб кетди…
57.
Телевидениянинг кучи, таъсир доираси ва қудрати ҳақида гапирганда энг аввало СССР телевиденияси биз журналистлар учун ўз даврида катта маҳорат мактаби бўлганини айтиб ўтиш керак.
СССР телерадиокомпаниясига Сергей Лапин раҳбарлик қилган етмишинчи ва саксонинчи йилларда телевидения қудрати энг юқори поғонага чиққан давр эди.
КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Леонид Брежнев яхши кўриб, қизиқиб томошо қиладиган кўрсатуви “Голубой огонек” эканини биз ўшанда билдик.
Муслим Магамаев билан Алла Пугачеваларнинг илк чиқишларини Брежнев мана шу кўрсатув орқали томоша қилиб, сўнг уларнинг катта катта концерт ва учрашувларига рухсат берган экан.
Шу билан бирга телевиденияда бир қатор чеклов ва тақиқлар ҳам айни шу йилларда таомилга киртилгани билан ёдимизда қолган.
Масалан, телевидения бошловчилари костюм ва галстуксиз, аёллар эса шимда эшиттиришга қўйилмасди. Зангори экрандан соқолли кишиларнинг чиқиши мумкин эмас эди.
Тўғридан тўғри эфирга бериладиган “Қувноқлар ва зукколар” (“Клуб веселых и находчивых”) тўхтатиб қўйилди.
Таниқли киношунос Алексей Каплер олиб борадиган машҳур ва довруғли “Кинопанорама” кўрсатуви тақиқланди ва ҳокозо.
Шу муносабат билан таниқли кинорежиссер Элдар Рязановнинг СССР телевиденияси ва унинг раҳбари фаолиятига берган мана бу баҳоси — ўша давр сиёсий руҳини яққол кўрсатиб беради:
-Мен адабиёт ва санъатни ниҳоятда чуқур тушунган, ўта маданиятли ва ҳар томонлама билимдон киши бўлган бу нозик дидли раҳбарда, мана шу гўзал ва ноёб фазилатлар билан бирга тақиқлов ва чеклашдек бемаъни қусур (запретительские наклонности) ҳам борлигидан ниҳоятда ҳайратдаман…
Лекин бундан қатьий назар СССР телевиденияси айнан Сергей Лапин раҳбар бўлган даврда журналистлар учун катта ижодий мактабга, жамиятнинг қудратли кучига айланган эди…
58.
Ўзбекистон “Телерадиокомпания” раҳбари Убайдулла Иброҳимов СССР телевидениясининг ўша довруғли тажриба мактабининг яхши томонларини қабул қилган бўлса, Абдусаид Кўчимов ундан ҳам илгарилаб кетди.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
Кўчимов раҳбарлиги даврида телевиденияга қалами ўткир журналистларни олиб келиш билан бир қаторда, ушлаган жойини кесиб оладиган учар ва олғир, ўз атрофида доим енг шимариб турган ғайратли шоввозларни ҳам бирин кетин ойнаи жаҳон устунларига айлантира бошлади.
Улар ТВ дек муқаддас даргоҳ журналистикасининг ўзига хос профессионал хислат ва фазилатидан, журналистик иқтидоридан нечоғлик узоқ бўлишларига қармай телевидениянинг шундай қудратли қирраларини кашф этдиларки, тез орада бунга ТВ раисининг ўзи ҳам тан бера бошлади.
Чунки, айнан Абдусаид Кўчимов даврига келиб ТВ жуда катта олди берди майдонига айланди, сиёсий мафия учоғи бўлиб қолди…
59.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
“Уни уриб бериш, буни йўқотиш” каби сиёсий ўйин ва лўттибозликлар айнан Кўчимов раҳбар бўлган даврда авжига чиқди.
Телевидениядаги ана шундай кўзга кўринмас, бироқ ғоят унумли бўлган “дарча”лардан бири – у ёки бу соҳадан урилган -сурилган ёки озми кўпми шубҳали соя остида қолган раҳбар ва раҳбарчалар Ўзбекистон телевидениясидан чиқиш орқали ўз обрўларини гўёки тиклаб олиш йўлига ўта бошладилар.
Вилоятларда ҳам, туман доирасида ҳам у ёки бу шахс, гарчи у жамиятдаги иккинчи ё учинчи даражали ижтимоий ўрнига қарамай телевидениядан чиқиши оқибатида — аввалгидан ҳам баландроқ нуфуздаги қаҳрамонга айланиб юртига қайтарди.
Бундай “сирли ва сеҳрли” чиқишлар қуруққа бўлмасди, албатта…
60.
Республика раҳбари билан телевидения бошлиғининг ижодий мулоқоти — халқнинг бахти бўлиши керак аслида.
Етмишинчи йилларнинг охирларида пахтакорларнинг қурултойида иштирок этиш ва уларни қутлаш учун Шароф Рашидов Андижонга келади.
Андижоннинг биринчи раҳбари Иномжон Усмонхўжаев республика раҳбари олдида қувонч билан маърўза қилган Қурултойдан сўнг вилоят филармонияси залида катта байрам концерти бўлади.
Ўшанда концертда маҳорат билан қўшиқ айтган мактаб ўқувчиси Санобар Раҳмонованинг жарангдор овозидан ҳайратланган Шароф Рашидов ўша ердан туриб телевидения раҳбари Убайдулла Ёқубовичга Санобар ҳақида яхши бир фильм яратишга кўрсатма беради.
Ўшанда оддий бир чўпоннинг қизи бўлган Санобар олтинчи синфда ўқиркан.
Шароф ака водийни бир айланиб келгунича кино тайёр бўлади ва у Ўзбекистон телевиденияси орқали намойиш этилади.
Кейинчалик жуда машҳур бўлиб, эл оғзига тушган “Куйла, Санобар” номли ҳужжатли фильм ана шу тариқа дунёга келган экан…
61.
Ислом Каримов ҳам Қашқадарёда раҳбар бўлганида Ўлмас Саиджонов кашф этилган.
Қаршига хизмат сафари билан келган республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков Ўлмаснинг овозини эшитиб:
-Шу кичик ва нозик жуссангга шундай катта ва қудратли овоз қандай сиғди экан, — деб ўз ҳайратини яширмаган.
Ўшанда Ўлмас Саиджонов – республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қарши филиалида оддий техник ходим бўлиб ишларди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб Тошкентга келганидан сўнг кўп ўтмай Ўлмас Саиджоновни “Ўзбекнаво” концерт Бирлашмасига Бош директор этиб тайинлайди.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат бор.
Ўлмас Саиджонов бу санъат даргоҳида кўп ишламади. Артистлар оламининг ўзига хос бўлган мураккаб ва зиддиятли қирралари кўп экан.
Ажаб, орқасида Ислом акадек қудратли одами бўлган Ўлмас Саиджонов ҳам артистлар дунёсини бошқара олмади.
Ҳозир у буюк қўшиқчи – машҳур ҳофиз.
У ўзбек халқининг қалбида абадий кўмилган Маъмуржон Узоқовнинг тирик намунаси.
Ўлмас аканинг дажаси шу қадар…
Ана шундай бир вазиятда, артист ва санъаткорлар уяси бўлмиш Ўзбекистон телевидениясига тўққиз йил раҳбарлик қилиш ҳам жуда катта гап.
Шу маънода Абдусаид Кўчимов Ўлмас Саиджонов каби таниқли артист бўлмаса ҳам, у ҳам аслида яхши артист, бироқ Сиз ва биз тилга оладиган тоифадаги артист, сиёсий майдондаги артист.
Ислом Каримов бу тоифага ғоятда аниқ ва тиниқ тавсиф бериб айтадиларки, улар сиёсий ўйинчилар, бу ролни ҳам қойиллатиб бажариш ҳаммагаям насиб этавермайди.
Шу боис кўплар сиёсий майдондан тез пастга шўнғиса, Абдусаид Кўчимов кабилар бу майдонда узоқ ва самарали «ижод» қиладилар…
62.
Таниқли ҳофиз – Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳам ижод майдонига кириб келиши ўзига хос тарихга эга.
Олтмишинчи йилларнинг бошида Урганчдаги қурилиш майдонларининг бирида — 16 метрлик баландликдаги қурилиш крани (строительная башня) остида оломоннинг “кўчма” концерти одат тусига киради.
Отаси ўрнига қурилиш башнясида ишлашни ҳавас қилган ёшгина ўспирин йигитча – осмону фалакда кран бошқариш ҳавосини олган ҳолда беихтиёр Комилжон Отаниёзов қўшиқларини куйлар, башня остида эса одам тўплангандан тўпланарди.
Унинг ширали овозига маҳлиё бўлганлар ашулани мароқ билан эшитиб, ҳар пауза орасида “Яша, Бобомурод” деган ҳайқириқлар янграб, қарсак садолари билан қутлар эдилар.
Худди ана шундай кўчма концерт бўлиб турган қурилиш майдонига Хоразм обкомининг ўша пайтдаги биринчи секретари Мадиёр Худойберганов келиб қолади.
Мана шу аснода Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳақиқий ижод парвози бошланади…
Суратда: «Ўзтелерадиокомпания»нинг қудратли раиси Абдусаид Кўчимов (чопонда), Бобомурод Ҳамдамов (чапда) ва Муҳаммад Исмоил..
63.
Одатда, донишмандларнинг зукко бир фалсафаси бор:
Талант ва истеъдодларга ёрдам беринг — булоқнинг кўзини очиб юборинг. Ноталантлар эса ўзлари йўл топиб олишади…
Истеъдодли одамлар, худо берган талант билан бирга баъзан буюк инжиқликка ҳам гирифтор бўлиши мумкин. Ҳамманинг атрофида парвона бўлаверишмайди.
Улар доим ёрдамга, меҳрга зор бўлишади.
Агар мабодо омадлари чопиб, мансабга чиқиб қолишса ҳам, тез кетиб қолишади.
Шу боисдан бугун ижоднинг турли соҳаларидаги буюк талантлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Гулчеҳра Нуруллаева, Эътибор Охунова, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Дадахон Хасанов, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Моҳира Асадова, Баҳодир Жалолов, Жавлон Ўмарбеков, Қизлархон Дўстмухамедова, Элёр Эшмуҳамедов, Али Ҳамроев ва бошқалар нақадар талантли ва истеъдодли бўлмасинлар, улар барибир ёлғиз ва меҳрга зор, давлат ва ҳукумат эътиборидан четда.
Ҳолбуки улар ўзбек халқининг мулки, мулклар ичидаги энг улуғ ва буюк мулкдирлар.
Абдусаид Кўчимов — иккинчи тоифага мансуб.
Бу саҳнада шунинг учун ҳам у узоқ турди…
64.
Баъзан ўйлаб қоламан, буюк Навоий, худо кўрсатмасмин, 20 асрда – Советлар даврида яшаганда эди, албатта партияга киролмасди ва катта майдонга чиқолмасди.
Мабодо чиққудай бўлса ҳам, бирор бир нарсадан баҳона топиб партиядан ўчириларди.
Мустақиллик йилларида эса унинг кўргилиги албатта бундан ҳам оғирроқ бўларди…
65.
Ҳар қалай совет даврида биз буюк Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Ҳамид Олимжонга эга бўлдик.
Уларни олий маҳкамаларга депутат қилдик. Кўкси орден — медалларга тўла бўлди.
Давралардаги обрў эътибори ҳеч бир сиёсий арбобдан кам бўлмади.
Бугун, минг афсуски, давримизнинг буюклари ҳақида шундай дея оламизми?
Қолаверса, буюклик саҳнасида бугун кимлар турибди?
Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзоларми? Яқинда уларга сардор этиб тайинланган Муҳаммад Алими?
Ва ёки ўн беш йилдан бўён бу сафнинг бошида туриб ўзбек маънавияти, адабиёти ва санъатини ўз қаричи доирасида белгилаб келаётган Хайриддин Султонми?
Ахир улар Абдусаид Кўчимовнинг кечаги сафдошлари-ку…